Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 22:19

Халқаро янгиликлар

Қирғизистон расмийлари Ҳаж ибодатини бажариб Қирғизистонга автобусда қайтаётган пайтда халокатга учраб нобуд бўлган 22 нафар фуқаро Саудия Арабистонида дафн қилинишини билдирди.

Қирғизистон республикаси “Диний ишлар бўйича давлат комиссияси” раҳбари Жўлбарс Жўрабековнинг “Озодлик” радиосига айтишича, қурбон бўлганларнинг қариндошлари улар Саудия Арабистонига дафн қилинишларига рози бўлганлар. Автохалокат оқибатида жароҳатланган 17 нафар хожидан иккисининг аҳволи оғир экани айтилмоқда. Жўрабеков жароҳатланганлар 15 январ куни махсус самолётда Қирғизистонга олиб келинишини айтди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюцияга зид равишда Эрон Натанздаги заводда уранни бойитиш ишларини давом этирмоқда.

Мазкур заводда ҳар бири 164тадан центрифуга машиналарига эга бўлган иккита каскад бор. Эрон расмийлари заводга яна уч мингта центрифуга ўрнатишни режалаётгани айтилмоқда.

Эрон Ироқдаги АҚШ кучлари томонидан ҳибсда ушлаб турилган беш нафар эронлик қўйиб юборилишини талаб қилди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Муҳаммад Али Ҳусайний 14 январ куни Теҳронда журналистларга қўлга олинган эронликлар “консуллик идорасига алоқадор шахслар экани”ни айтди:
“Америкаликлар беш нафар эронликни дарҳол қўйиб юбориши ва Ирбилдаги идорамизга етказилган моддий зарар учун товон пули тўлаши керак”, – деди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.
Бироқ АҚШ ҳарбийлари тарқатган баёнотда қўлга олинганлар Эроннинг Инқилоб посбонлари ташкилотига алоқадорлиги билдирилган.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс якшанба куни Рамаллоҳ шаҳрида Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан учрашди.

Музокарадан сўнг Райс хоним Вашингтон расмийлари тўхтаб қолган Яқин Шарқ тинчлик жараёнини тезлаштириш йўлларини топишга бел боғлаганини айтди. Бироқ Давлат котибидан кейин сўзлаган Маҳмуд Аббос вақтинча белгиланган чегара ҳудудида муваққат Фаластин давлати тузилишига қарши эканини айтди. Фаластин давлати тузиш АҚШ қўллаб-қувватлаган тинчлик дастурининг йўл харитасида кўзда тутилган асосий масаладир. Фаластин раҳбари агар ҳокимият тепасидаги “Хамас” ҳаракати билан бирлик ҳукумати тузиш борасида келишувга эришилмаса, Фаластинда янги сайловлар ўтказилиши ҳақида огоҳлантирди. АҚШ Давлат котибининг якшанба куни кечқурун Фаластиндан Иорданияга бориши ва қирол Абдуллоҳ билан сўзлашув ўтказиши кутилмоқда.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод президент Даниел Ортега билан музокара ўтказиш учун Никарагуага борди.

Музокара чоғида бир иқтисодий соҳа, жумладан қишлоқ хўжалини ва нефтни қайта ишлашга оид бир неча шартнома имзоланиши кутилмоқда. Аҳмадийнажод Никарагуадан олдин Венесуэлада бўлиб президент Уго Чавез билан музокара ўтказган эди. Сўзлашувдан кейин Венесуэла президенти Уго Чавез нефт соҳасида ҳамкорлик қилишга келишилганини айтди:
“Биз асосий маҳсулотимиз бўлган нефт нархи пасайиб кетмаслиги учун ОПЕК ташкилоти доирасида ҳамда унга аъзо бўлмаган нефт экспорт қилувчи давлатлар ўртасида ҳамкорликни мувофиқлаштиришга келишиб олдик. Шунингдек, бугун биз Эрон ва Венесуэла ўртасида инвестиция жамғармаси тузиш кераклиги масаласини ҳам муҳокама қилдик”, – дея баёнот берди Венесуэла президенти.

Ироқ президенти Жалол Талабаний Сурия президенти Башар ал-Ассад билан музокара ўтказиш учун Дамашққа борди.

Ироқ президентининг матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Талабанийга Ички ишлар, Савдо, Сув ресурслари вазирлари, Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи Муваффақ ал-Рубоий ҳамда парламентнинг бир неча депутати ҳамроҳлик қилмоқда. 26 йиллик танаффусдан сўнг Ироқ ва Сурия ўртасидаги дипломатик алоқалар ўтган йил қайта тиклаган эди.

Эроннинг Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижоний Саудия Арабистонида Қирол Абдуллоҳ билан учрашди.

Эроннинг расмий ИРНА ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, сўзлашув чоғида Ислом дунёси ва минтақадаги вазиятга оид икки томон учун манфаатли масалалар муокама этилиши режаланган.

Франция Ички ишлар вазири Николас Саркози президентлик сайловида ҳокимият тепасидаги Халқ ҳаракати иттифоқининг расмий номзоди қилиб қўрсатилди.

Саркози партия аъзолари орасида номзодликка якка ўзи даъвогар бўлди. Энди Саркози апрел ва май ойларида ўтказиладиган президентлик сайловида Социалистик партия номзоди бўлган Сеголин Роял билан беллашади.

Афғонистон расмийлари шанба куни содир бўлган қуролли тўқнашувларда 30 нафар толиблар жанггариси йўқ қилингани 20 нафари яраланганини билдирди.

Британия расмийлари Хилманд вилоятининг Кажаки туманида ўтказилган рейд давомида бир нафар британиялик аскар ўлганини маълум қилдилар. Аммо улар толиблар кўрган талафот ҳақидаги маълумотни тасдиқлай олмасликларини айтдилар.

Афғонистон жанубида худкуш кимса ҳужум уюштирди.

Афғонистон полицияси маълумотига кўра, чет эллик қурувчилар ва полиция ходимларига қарши уюштирилган ҳужум оқибатида бир ўткинчи яраланган. Воқеа якшанба куни Зобул вилояти маркази Қалат шаҳрида содир бўлган.

2008 йилда АҚШ президентлигига номзод бўлиши кутилаётган АҚШ Сенатори Хиллари Клинтон Кобулда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан учрашди.

Бир кун олдин Ироқда бўлган Клинтон хоним Бағдод расмийлари зўравонликни тўхтатиш ҳақида берган ваъдасини бажара олишига шабха билдирган эди. Покистон президенти Парвез Мушарраф билан музокара ўтказиш учун Хилари Клинтоннинг 14 январ куни кечқурун Кобулдан Исломободга жўнаб кетиши режаланган.

Покистон президенти Парвез Мушарраф Лахор шаҳрида марафон югуриш мусобақасини расман очди.

Тадбир ташкилотчиларига кўра, марафонда 30 мингдан ортиқ эркак ва аёл, жумладан 50дан ортиқ чет эллик спортчилар қатнашмоқда. Бироқ радикал қарашдаги исломий партиялар аёллар ва эркаклар айри ҳолда мусобақада қатнашиши кераклигини айтиб, мазкур тадбирни танқид қилдилар.

Россиянинг Чита шаҳрида номаълум шахслар икки нафар хитойликка граната ҳужуми уюштирди.

14 январ кунги ҳужум оқибатда бир хитойлик нобуд бўлди бошқаси яраланди. Россия ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари ҳужум кимлар томондан ва нима сабабдан уюштирганини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Ўтган ой Владивосток шаҳрида уюштирилган ҳужум натижасида икки нафар Шимолий Корея фуқароси ўлган учинчиси касалхонага ётқизилган эди.

Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой ташкилоти 14 январдан ташкилотнинг янги нишонидан фойдалана бошлади.

Янги нишонда оқ ранг устига қизил кристалл сурати туширилган. Олдинги нишонда насроний ва Ислом дини нишонлари аск этгани учун Исроилнинг "Magen David Adom” (MDA) ёрдам кўрсатувчи гуруҳи ундан фойдаланишни рад этган эди.

АҚШ президенти Жорж Буш демократлар Ироққа қўшимча ҳарбий куч юбориш режамни Конгресс орқали тўхтатишга ҳаракат қилишига қарамай, мен барибир ўз қароримда қоламан, деган фикрни билдирди.

Американинг “CBS” каналига интервью берган Жорж Буш Америка армияси Бош қўмондони бўлгани учун Конгресс қўллаши ёки қўлламаслигидан қатъий назар ўз салоҳиятидан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида баёнот берди.

Демократлар ва Республикачилар партиясининг айрим аъзолари Ироққа қўшимча куч жўнатиш ҳақидаги Бушнинг қарорини танқид қилмоқда.
Айни пайтда, Ироқ Бош вазири Нурийал-Маликий АҚШ раҳбари эълон қилган янги стратегияни маъқуллашини билдирди. Буш Ироққа оид янги стратегиясини эълон қилинганидан уч кун ўтиб Ироқ Бош вазири унга илк муносабат билдирди.

АҚШ Конгресси аъзоси Демократ сенатор Хиллари Клинтон Бағдодга борди.

АҚШ президенти лавозимига номзод бўлиши мумкинлиги айтилаётган Хиллари Клинтон Бағдодда Ироқ расмийлари ва АҚШ кучлари қўмондонлари билан учрашади. Клинтон хонимнинг Бағдодга ташрифи АҚШ президенти Жорж Бушнинг Ироққа қўшимча Америка ҳарбийларини жўнатиш ҳақидаги режаси эълон қилгандан сўнг амалга ошмоқда. Хиллари Клинтон АҚШ президентининг янги стратегиясини “Ироқда уруш оловини янада кучайтириш”, дея таърифлаб, уни танқид қилган эди.
Ироққа сафари чоғида Хиллари Клинтонга Демократ ва Республикачи конгрессменлар ҳамроҳлик қилмоқдалар.

Яқин Шарқ давлатларига сафари доирасида АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс 13 январ куни Исроилга борди.

Ташрифдан мақсад Исроил ва Фаластин ўртасида тўхтаб қолган тинчлик жараёни қайта бошланишга туртки беришдан иборат.
Исроил ва Фаластин раҳбарлари билан учрашганидан сўнг АҚШ Давлат котибининг Миср, Иордания, Кувайт ва Саудия Арабистонига бориши кутилмоқда.
Кондолиза Райс Яқин Шарқ сафарини тугатганидан сўнг Германия ва Британияга ҳам боришни режалаган.

Теҳрон расмийлари Ироқ ҳукуматидан АҚШ ҳарбийлари ҳибсга олган беш нафар эронликни қўйиб юбориш ва мамлакатда “Америкача авантюра”ни тўхтатишга чақирди.

IRNA ахборот агентлиги хабарига кўра, Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий ироқлик ҳамкасби Хушёр Зебарий билан телефон орқали сўзлашиб “Американинг Ироқдаги ноқонуний ва қалтис ҳаракатларига барҳам берилиши шарт”,- дея фикр билдирган.
11 январ куни эрталаб АҚШ ҳарбийлари Ироқнинг Эрбил шаҳридаги Эрон консуллигининг олти нафар ходимини ҳибсга олган. Кейинроқ улардан бири қўйиб юборилган эди. Айни пайтда, Эрон Ташқи ишлар вазири Ироқ ҳукуматидан вазиятга жиддий ёндашиб, ҳибсга олинганларнинг озод этилиши учун барча имкониятларни ишга солишни талаб қилди.

АҚШ расмийларига кўра, ҳибсга олинганлар дипломатик мақомга эга бўлмаган. Расмий Теҳрон эса ҳибсга олинганларнинг барчаси дипломат эканлигини таъкидламоқда.

Хитойнинг Шанхи вилоятида жойлашган кўмир конда газ портлаши оқибатида 13 нафар кончи нобуд бўлди, тўққиз нафари жароҳатланди.

Воқеа рўй берган пайтда конда 30га яқин одам бўлган. Маҳаллий расмийларга кўра, портлаш оқибатида 11 нафар шахтёр ўша жойда нобуд бўлган, кейинроқ эса яна икки кончи олган жароҳатларидан вафот этган. Айни пайтда, фожеа сабаблари ўрганилмоқда.

Индонезияда яна икки киши парранда гриппидан вафот этди.

Бу билан Индонезияда парранда гриппидан ўлганлар сони 61 кишига етди. Индонезия Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларининг таъкидлашича, қурбон бўлганларнинг аксари вирусни касалланган паррандадан юқтирган. 2003 йилдан буён жаҳон бўйлаб парранда гриппидан 150 киши қурбон бўлган.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод Венесуэлага борди.

Эрон раҳбарининг Венесуэла президенти Уго Чавез билан музокара олиб бориши режаланган. Аҳмадийнажот Венесуэлага ўтган йилнинг сентябр ойида ҳам борган эди. Ўшанда Аҳмадийнажод Чавезни “биродарим” деб атаган эди.

Ўз навбатида Венесуэла раҳбари Эроннинг ядровий дастурини қўллаб-қувватлашини билдирган. Венесуэлага сафаридан сўнг, Эрон президентининг Никарагуага ҳам бориши кутилмоқда.

Афғонистонда НАТО етакчилигидаги халқаро коалиция кучларининг бир аскари ҳалок бўлди.

Хабарларга кўра, НАТО ҳарбийси Афғонистон жанубида жанггарилар билан содир бўлган отишма пайтида халок бўлган. Унинг қайси давлат фуқароси экани ҳозирча маълум қилингани йўқ.
2006 йил мобайнида Афғонистондаги тўқнашувлар натижасида тўрт мингга яқин тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлганлиги айтилмоқда.

Япония Бош вазири Синдзо Абе Хитойга жорий этилган қурол эмбаргоси бекор қилиниши Осиё хавфсизлигига таҳдид бўлишидан ЕИ расмийларини огоҳлантирди.

Бу ҳақда Япония расмийси Парижда Франция раҳбарлари билан ўтказган учрашувидан сўнг маълум қилди. 1989 йили Пекинда бўлиб ўтган норозилик намойишларининг Хитой ҳукумати томонидан қонли бостирилиши мазкур давлатга қурол эмбаргосининг жорий этилишига сабаб бўлган эди. Бироқ сўнгги йилларда Франция расмийлари Хитойга нисбатан жорий этилган қурол эмбаргосининг бекор қилиниши учун харакат қилаётгани айтилмоқда.
Айни пайтда, ЕИ президенти Хосе Мануэл Барросо ЕИда ҳозирча қурол эмбаргосини бекор қилиш режаси йўқлиги ҳақида Япония бош вазирига маълум қилди.

Фаластин бош вазири, “Ҳамас” ҳаракати раҳбари бўлган Исмоил Хония мамлакатдаги рақиб гуруҳларни қуролли тўқнашувларга барҳам беришга чақирди.

Айни пайтда, у АҚШ ва Исроил ҳукуматларини фаластинликлар ўртасида зиддият келтириб чиқаришда айблади.
“АҚШ ва Исроил ҳукуматлари Фаластинда фуқаролар уруши келтириб чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг мақсади Исроил-Фаластин можаросини фаластинликлар ўртасидаги урушга айлантиришдир”,- дея баёнот берди И.Хония.
У Фаластинда фуқаролар уруши бошланмаслиги учун бор имкониятни ишга солишга ваъда берди. Хония президент Маҳмуд Аббоснинг “Фатҳ” фракциясини Фаластин миллий бирлик ҳукумати тузишга чақирди.

Ироқнинг Мосул шаҳрида мустақил журналист номаълум шахс томонидан ўлдирилди.

Хабарларга кўра, Бағдоднинг бир неча нашрлари учун ишлаётган Худхир Юнус ўз уйи олдида отиб кетилган. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг маълум қилишича, Ироқда уруш ҳаракатлари бошланган 2003 йилдан буён 130 журналист ўлдирилиб кетилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG