Линклар

Шошилинч хабар
23 август 2019, Тошкент вақти: 21:00

Халқаро янгиликлар

АҚШ президенти Жорж Бушнинг Ироқ бўйича янги режасини бажариши кутилаётган АҚШ армияси генерали мазкур режа Ироқда мазхаблараро урушга барҳам беришини айтди.

Янги режа дарҳол кутилган натижани бермаслиги ҳақида огоҳлантирган генерал-лейтенант Дэвид Петреус агар ироқликлар муроса сиёсатини юритмаса, АҚШнинг ҳар қандай уриниши натижа бермайди, деди. АҚШ Сенати Ироқдаги АҚШ қўшинлари қўмондони генерал Жорж Кейси ўрнига Дэвид Петреусни тайинлаш масаласини муҳокама қиляпти. Агар Петреус номзоди тасдиқланса, у Жорж Бушнинг Ироққа 21 ярим минг аскардан иборат қўшимча куч жойлаштириш режасини амалга оширади.

АҚШ президенти Жорж Буш Конгресснинг ялпи йиғилишида мамлакатдаги вазият хусусида нутқ сўзлади.

Жорж Буш ўз нутқини мамлакат ички сиёсатидан бошлади. У федерал бюджет камоматини келаси беш йил ичида тугатиш ва фуқароларга кенг иқтисодий имкониятлар яратишда ёрдам беришни ваъда қилди. АҚШ раҳбари мамлакат чегараларини ҳимоя қилиш учун иммиграция соҳасида умумий ислоҳот ўтказишга чақирди. Шунингдек, у Конгресс аъзоларини келаси 10 йил ичида АҚШда ёнилғи сарфлашни 20 фоизга камайтириш ҳақидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқишга чақирди. Ироққа қўшимча куч жўнатиш ҳақидаги қарорини оқлаган президент Буш АҚШ Ироқдаги воқеаларни ғалаба томон буриши кераклигини айтди. Жорж Буш Конгресс аъзоларини Ироққа 21 ярим минг аскардан иборат қўшимча куч жўнатиш ҳақидаги режани тасдиқлашга чақирди.

АҚШ Давлат департаменти Ливандаги сўнгги воқеалардан Вашингтон расмийлари “жиддий хавотирда” эканини билдирди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Шон Мак Кормак Ливандаги мухолифат фракциялари ҳукуматига ўз сиёсий иродасини ўтказиш учун зўравонлик, таҳдид ва қўрқитиш усулларидан фойдаланишга ҳаракат қилаётганини айтди.

Ливан Бош вазири Фуад Синиора телевидение орқали қилган чиқишида “қўрқитишларга” қарши туришини айтди.

23 январ куни “Хизбаллоҳ” етакчилигидаги сурияпараст Ливан мухолифати тарафдорлари иш ташлаш эълон қилиб, пойтахт Байрут кўчаларини тўсиб қўйдилар. Полиция ва намойишчилар ўртасида содир бўлган тўқнашувларда уч одам нобуд бўлди, кўплаб фуқаро яраланди. “Хизбаллоҳ” Ливанда миллий бирлик ҳукумати тузилиши ва янги ҳукуматда “Хизбаллоҳ” ва иттифоқчилари кўп ўринларни эгаллаб вето қўйиш ҳуқуқини қўлга киритишни хоҳлайди.

24 январ куни Россия Ташқи ишлар вазирининг Кобулга бориши кутилмоқда.

Сергей Лавров Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ва Ташқи ишлар вазири Рангин Дадфар Спанта билан учрашади. Лавров Кобулдаги қайта таъмирланган Россия элчихонасининг тантанали очилиши маросимида ҳам қатнашишини режалаган. Россия Афғонистон полициясининг наркотикларга қарши кураш бўйича мутахассисларини тайёргарликдан ўтказган ва Афғонистондаги гидроэлектрстанцияни қайта қуришда Кобул ҳукуматига ёрдам бермоқда.

24 январ куни Швецариянинг Давос шаҳрида давлат раҳбарлари, йирик тадбиркорлар, сиёсатчилар, олимлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти вакилларининг навбатдаги йиллик учрашуви бошланади.

Икки мингга яқин одам қатнашиши кутилаётган беш кунлик анжуманда глобал иқлим исиши кун тартибидаги асосий масала бўлади. Бундан ташқари делегатлар Фаластин-Исроил можароси, Ироқ келажаги ҳамда глобал энергетика таъминоти каби масалаларни ҳам муҳокама қиладилар.

23 январ куни Уммонда Иордания қироли Абдуллоҳ билан учрашган Покистон президенти Парвез Мушарраф мусулмонлар ўртасида иттифоқ бўлишига чақирди.

Музокарадан сўнг Мушарраф Ироқ ва Ливанда ҳокимият учун давом этаётган кураш борасида ташвиш билдирди. Покистон раҳбари Фаластин ва Исроил муаммоси минтақа ва унинг ташқарисида тинчлик ва хавфсизликка бевосита таъсир этади, деди. Парвез Мушарраф шу куни кечки пайт Сурияга борди ва президент Башар ал-Асад билан учрашди.

Россия президенти Владимир Путин ўз мамлакати дунёдаги ўрнини ўзи белгилашини айтиб, Ғарб давлатларининг Кремл шаънига айтган танқидларини рад этди.

23 январ куни Сочида Италия Бош вазири Романо Проди билан учрашган Путин Россиянинг ривожланиб бораётган иқтисодиёти, сиёсати ва ҳарбий қудрати дунёга таъсир этиш имкониятини яратишини айтди. Яқинда Ғарб давлатлари Россияни ўзининг нефт ва газ ресурсларидан қўшни давлатларга ва Ғарб компанияларига босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланаётганликда айблаган эди.

БМТ янги Бош котиби Бан Ки Мун ўзининг биринчи расмий сафари доирасида 24 январ куни Европа Иттифоқи бош қароргоҳи жойлашган Брюссел шаҳрига бориши кутилмоқда.

Бир ҳафталик сафари давомида Бан Ки Мун етти давлатга боришни режалаган. БМТ Бош котиби Ливанни қайта тиклашда ёрдам бериш бўйича Парижда ўтадиган анжуманда қатнашади. Шунингдек, у Халқаро Адолат суди ва Югославия урушида содир этилган жиноятлар бўйича Хаага шаҳрида тузилган халқаро трибунални ҳам бориб кўради. Бан Ки Мун сафарининг асосий мақсади Конго, Кения ва Эфиопия раҳбарлари билан учрашишдан иборат.

Украина президенти Виктор Юшченко Австриядаги Украина элчиси Володимир Елченкони лавозимидан бўшатди.

Президент ёрдамчиси Олександр Чалийга кўра, Елченко Туркманистон мухолифатининг сургундаги раҳбари Худойберди Ўразовга виза бергани учун ишдан олинган.
“Президент кескин чора кўрди. Чунки унинг бошқа чораси йўқ эди. У Туркманистон билан муносабатларни барқарорлаштириш учун шундай қарор қабул қилди. Биз Украина ҳукумати ҳам шундай чора кўришини кутяпмиз. Президент ҳам шуни кутяпти”, – деди Украина раҳбари ёрдамчиси.
Ўтган ҳафта Украинадаги ахборот воситалари Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов вафот этганидан кейин Ўразов ва унинг сафдоши Нурмуҳаммад Ханамов Украина Транспорт вазири Микола Рудковскийнинг расмий таклифига кўра Киевга келганини хабар қилган эди. Рудковский бу хабарларни рад этган. Аммо Чалайга кўра, президент Юшченко Рудковский ҳукумат томонидан ишдан бўшатилишини кутмоқда. Украина Туркманистондан газ импорт қилади. Шу боис Киев расмийлари Ашхобод билан яхши муносабатларни сақлаб қолишга ҳаракат қилиб келмоқда.

19 январь куни суиқасд қурбони бўлган туркиялик арман журналисти Ҳрант Динк 23 январ куни Истанбулда дафн қилинди.

Маросимда қатнашган минглаб одам олдида чиқиш унинг рафиқаси Ракел Динк йиғилганларга қарата бундай деди: “Биз бу ерга мотам учун йиғилдик. Сизлар менга, болаларим, оиламга таъзия билдириш учун келдингиз. Бу сукутли севги бизга бироз бўлсада куч-қувват берди”.
Ҳозир ҳибсда сақланаётган 17 яшар Огун Самаст Ҳрантни отиб ўлдирганини тан олган. Айни пайтда, Арманистон Ташқи ишлар вазири Вартан Осканян Ракел Динкка йўллаган мактубида таъзия изҳор қилиб, Ҳрантнинг ўлими Ереван ва Анқара ўртасидаги муносабатларни яхшилаш йўлидаги уринишларга туртки бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Ироқда рўй берган сўнгги зўравонликлар оқибатида 8 ироқлик ва АҚШнинг икки ҳарбийси ҳалок бўлди.

Йил бошидан буён Ироқда ҳалок бўлган АҚШ аскарлари сони 49 нафарга етди. Мосул шаҳрида рўй берган отишмалар чоғида ироқлик беш полициячи нобуд бўлди. Бағдоднинг иккита туманида машинага ўрнатилган бомба портлаши оқибатида уч фуқаро ўлди.

Расмий Душанбе Россиядан жорий йилда тожикистонлик меҳнат мигрантлари учун ажратилган квотани 800 минг қилиб белгилашни сўради.

Ҳозирча Россия тожикистонлик мигрантлар учун 600 минг квота ажратган. Тожикистон меҳнат вазири Шукуржон Зуҳуровнинг маълум қилишича, мамлакат бош вазири Оқил Оқилов россиялик ҳамкасби Михаил Фрадковга шу масалада мактуб йўллаган. 15 январдан бошлаб Россияда миграция ҳақидаги янги қонун кучга кирган эди. Бу қонунга кўра, тирикчилик учун Россияга борган ҳар бир хорижлик рўйхатдан ўтиш ўрнига мамлакатга киргани ҳақида тегишли идораларга хабар бериши шарт. Бундан ташқари, муҳожирларни ишга ёллаётган томон ҳам тегишли идорага бу ҳақдаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим.

АҚШ қўмондонлиги Ироқ хавфсизлик кучлари ёрдамида радикал шиа уламоси Муқтадо ас-Садрга содиқ бўлган 600 жангарини ҳибсга олганини маълум қилди.

Ҳарбийлар тарқатган баёнотда айтилишича, “Маҳдий армияси”нинг ҳозирча ҳибсда сақланаётган 16 етакчи қўмондони Ироқ ҳукуматининг қарорини кутмоқда. Ҳибсга олинганлар орасида сунний исёнчиларнинг 33 етакчиси ҳам бор. АҚШ ҳарбийлари баёноти ироқлик юз кишининг ҳаётига зомин бўлган қўпорувчилик амалиётлари амалга оширилгандан сўнг маълум қилинди.

Афғонистон шарқида НАТО ҳарбий базасига ҳужум уюштирилиши оқибатида 10 киши нобуд бўлди, 14га яқин одам жароҳатланди.

Хабарларга кўра, Хост шаҳридаги НАТО ҳарбийлари жойлашган база ёнида худкуш ўзини портлатиб юборган. Жароҳат олганларнинг барчаси тинч аҳоли вакиллари экани айтилмоқда.

“Ҳизбаллоҳ” раҳбари Ҳасан Насруллоҳнинг ҳукумат тарқатиб юборилиши ва янги сайловлар ўтказилиши борасида ҳукуматга босимни кучайтириш учун иш ташлашга чақириғига кўра минглаб намойишчи Ливан пойтахти Байрут кўчаларига тўпланди.

Хабарларга кўра, намойишчилар бир неча кўчани ёпиб қўйган ва автомобиль шиналарини ёққан. Полиция ходимларининг намойишчиларга қарата ўт очиши натижасида камида 12 киши жароҳатланган. Намойишчилар томонидан Байрут халқаро аэропортига олиб борувчи йўл ҳам тўсиб қўйилган. Айни пайтда бир неча халқаро авиакомпаниялар Байрутга амалга ошираётган парвозларни бекор қилди.

БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг маълум қилишича, 23 январь куни Бағдодда фаластинлик 17 киши полиция кийимидаги шахслар томонидан ўғирлаб кетилган.

Комиссарлик вакили Род Редмонтнинг билдиришича, фаластинликлар ўзлари яшаб турган бинодан ўғирланган. Унинг айтишича, айни пайтда Ироқда 15 мингга яқин фаластинлик яшамоқда ва кейинги пайтда улар жангарилар нишонига айланмоқда.

Россия президенти Владимир Путин ўз мамлакати Ҳиндистон билан ядровий энергия соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириши ва кенгайтириши ҳақида баёнот берди.

25 январь куни Россия раҳбарининг Ҳиндистонга расмий ташрифи бошланади. Айни пайтда Ҳиндистон сафарини давом эттираётган Россия мудофаа вазири Сергей Иванов томонлар Тамилнаду штатидаги атом электр станциясида қўшимча реактор қурилишига келишиб олганини билдирди.

19 январь куни суиқасд қурбони бўлган туркиялик арман журналист Ҳрант Динкни сўнгги манзилга кузатиш учун ўн минглаб одам тўпланди.

Дастлаб одамлар журналист ишлаган газета таҳририяти биноси олдида йиғилди. У ердан эса арманлар черковига йўл олди. Дафн маросимига тўпланганлар “Биз барчамиз Ҳранд Динкмиз”, “Барчамиз арманмиз” каби шиорлар билан чиққан.
“Фикримча, бунчалик кўп одамнинг тўпланиши Туркиянинг юрагига зарба етганидан далолатдир. Бугун барчамиз арманмиз. Бу ўқ нафақат арманларга, балки туркларга ҳам отилди”, - деди дафн маросимида қатнашаётган турк миллатига мансуб шахс.
Ҳ.Динк бундан бир аср аввал турклар арманларни оммавий қатағон қилгани ва бу геноцид бўлганини очиқчасига айтиб келган. Унинг чиқишлари эса турк миллатчилари ғазабини келтирган.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича қўмитаси Осиё давлатларини парранда гриппининг қайтадан авж олишидан огоҳлантирди.

Айни пайтда Таиланд ҳукумати ўз мамлакатида парранда гриппи тарқалганини маълум қилмоқда. БМТ маълумотига кўра, парранда гриппининг қайд этилиши 2004 йилда камайган, бироқ 2007 йилнинг бошиданоқ Хитой, Сянган, Япония, Индонезия ва Вьетнамда парранда гриппи вируси қайд қилинган.

Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа мақсадларида фойдаланилувчи “TOR-M1” ракета комплексларини Эронга шартнома асосида етказиб беришни якунлади.

Бу ҳақда “ITAR-TASS” ахборот агентлиги “Рособоронэкспорт” вакили Сергей Чемезовга таянган ҳолда маълум қилди. Россиянинг Эронга бу қуролни етказиб бериши АҚШ ва Исроил томонидан ғазаб билан кутиб олинган эди.

23 январь куни Москвада грузин миллатига мансуб шахс телефон орқали ўз она тилида гаплашиб турганида номаълум ўспиринлар томонидан пичоқлаб кетилди.

Ахборот агентликлари тарқатган маълумотга кўра, грузиялик қочқин бир неча йиллар давомида Москвада истиқомат қилган. Мазкур ой бошида ҳам пойтахт атрофида бир грузиялик ва осетин миллатига мансуб шахс суиқасд қурбони бўлганди.

23 январь куни Москвада Арманистон ва Озарбойжон ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлиб ўтди.

Хабар қилинишича, Тоғли Қорабоғ муаммоси муҳокамасига бағишланган учрашувда Вардан Осканян ва Элмар Мамедёровдан ташқари Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, АҚШ ва Франция дипломатлари ҳам қатнашган. Айни пайтда учрашув натижалари ошкор этилмади. Аҳолисининг аксари арманлар бўлган Тоғли Қорабоғ учун Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги қуролли кураш олти йил давом этган. 1994 йилда томонлар ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги шартномани имзолангандан кейин ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган эди. Уруш давомида тахминан 30 минг одам нобуд бўлган ҳамда бир миллионга яқин аҳоли ўз уйларини ташлаб, бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлган.


* * * * * * * * * *



“Ал-Қойда” раҳбари ўринбосари Айман аз-Завоҳирий АҚШ президенти Жорж Бушнинг Ироққа қўшимча куч жўнатиш ҳақидаги режасини масҳара қилди.

Интернет сайтига жойлаштирилган видеолавҳада Завоҳирий бутун АҚШ армиясини Ироққа жойлаштиришга чақириб, президент Жорж Бушнинг устидан кулди. Завоҳирий мужоҳидлар 10та армияни ҳам йўқ қилишга қодир эканини айтди.

Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий БМТнинг 38 нафар мутахассисига Эронга кириш учун рухсат берилмагани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

Ундан олдин тарқатилган хабарларда Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик комиссияси раҳбари Аловуддин Бурожердий БМТ қошидаги Халқаро атом энергияси агентлигига шу ҳақда расмий мактуб йўллагани билдирилган. Эроннинг ядровий объектларини вақти-вақти билан текшириб турадиган БМТ ташкилоти бу масала Теҳрон расмийлари билан муҳокама қилинаётгани ва келажакда текшириш ишлари яна давом этишига умид билдирди. Вашингтонда АҚШ Давлат департаменти вакили Шон Мак Кормак бу қарор Теҳрон расмийларининг халқаро ҳамжамият талабини назар-писанд қилмаётганига яна бир далил эканини айтди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG