Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 22:16

Халқаро янгиликлар

Душанба куни йўқолиб қолган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзова ҳибсда сақланаётгани маълум бўлди.

Хабарларга кўра, айни пайтда Тошкент транспорт прокуратурасида ҳибсда ушлаб турилган У.Ниёзовага нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки банди бўйича жиноят иши қўзғатилган ва тергов жараёни бошланган. Бироқ ҳозирча ҳуқуқ ҳимоячиси нимада айбланаётгани маълум эмас.

Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев бош вазир лавозимига қишлоқ хўжалиги вазири Азим Исабеков номзодини тақдим этди.

25 январь куни Қирғизистон парламенти бош вазир лавозимига тақдим этилган Феликс Қулов номзодини иккинчи марта рад этгандан сўнг Қ.Бақиев бу вазифага бошқа номзодни тавсия қилиши маълум бўлган эди. Маълумоти иқтисодчи бўлган Азим Исабеков президентнинг яқин сафдошларидан бири экани айтилмоқда.

Бағдоднинг мол бозорида бомба портлаши оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, 30га яқин одам жароҳатланди.

Жорий ҳафта мобайнида жангарилар нишонига айланган Бағдод бозорларида амалга оширилган қўпорувчиликлар туфайли 90га яқин фуқаро нобуд бўлган, тахминан 150 киши жароҳатланган.


Покистон пойтахтидаги “Мериот” меҳмонхонаси ёнида худкуш ўзини портлатиб юбориши натижасида меҳмонхона қўриқчиси ва худкушнинг ўзи ҳалок бўлди.

Покистон полициясининг билдиришича, ҳужумда 4 киши жароҳатланган.

Ливан пойтахти Байрутда пайшанба кунги зўравонликлардан сўнг жорий этилган коммендантлик соати 26 январь куни бекор қилинди.

Зўравонликлар 25 январь куни Байрутдаги Араб университетида Ливан ҳукумати тарафдори бўлган суннийлар ва мухолифатдаги “Ҳизбаллоҳ” тарафдори бўлган шиа талабалар ўртасида бошланган эди. Кейинроқ зўравонликлар Байрут кўчаларига ҳам ёйилди. Юз берган тартибсизликлар оқибатида тўрт киши нобуд бўлган, 150дан ортиғи жароҳатланган эди. Мамлакат телевидениесида телефон орқали чиқиш қилган “Ҳизбаллоҳ” раҳбари Ҳасан Насрулло мамлакат аҳолисини осойишталикка чақирди.
“Мен барча фуқароларни, барча партия вакилларини тартиб сақлашга чақираман. Кўчаларни тозалаб, Ливан ҳарбийларининг буйруқларига бўйсунган ҳолда ўз уйингизга қайтишингизни сўрайман”, - деди Ҳ.Насрулло.

26 январь куни Россия президенти Владимир Путин Ҳиндистонда Республика кунига бағишланган байрам тадбирларида иштирок этди.

Байрам муносабати билан уюштирилган парадда Ҳиндистон армиясининг пиёда қўшинлари ва ҳарбий авиацияси қатнашди. Унда намойиш этилган қуролларнинг аксарияти Россиядан сотиб олинган. Ахборот агентликлари хабарларига кўра, байрам чоғида тартибни сақлаш учун Деҳлига қўшимча хавфсизлик кучлари киритилган.

26 январь куни Брюсселда НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Афғонистон масаласига бағишланган анжумани бўлиб ўтди.

Унда Афғонистонга кўмак бериш ва толибларга қарши кураш масаласи муҳокама этилди. НАТО матбуот хизмати ходими Жеймс Апатурайнинг маълум қилишича, АҚШнинг келаси икки йил мобайнида Афғонистонга 11 миллиард доллар миқдорида кўмак кўрсатиш режаси НАТОга аъзо давлатлар вакиллари томонидан олқишланган.
“Ўз навбатида, НАТО Афғонистонни қайта тиклаш ишларига астойдил бел боғлашини маълум қилди”, - деди Ж.Апатурай ва альянс.
Афғонистондаги қўшинлари сонини ҳам оширишни режалаштираётганини билдирди. Афғонистонга юборилажак қўшинлар сони НАТО мудофаа вазирларининг февраль ойида Испанияда бўладиган учрашувидан сўнг эълон қилинади.

Афғонистон жанубида НАТО ҳарбий авиацияси “Толибон” жангарилари таянч нуқталарига зарба берди.

НАТО баёнотида айтилишича, ҳаво зарбаси оқибатида толибларнинг Ҳилманд вилоятида яшириниб юрган дала қўмондони ва унинг юқори лавозимли сафдошлари ўлдирилган ва жангарилар базаси бутунлай йўқ қилинган. Бироқ мазкур баёнотда толибларнинг неча жангариси ўлдирилгани ва дала қўмондонининг исми ошкор этилмади. “Толибон” эса бу баёнотга ҳозирча ўз муносабатини билдиргани йўқ. Покистонга яқин бўлган Пактика вилоятида рўй берган отишмалар чоғида ҳам ўн жангари йўқ қилингани айтилмоқда.

Афғонистон парламенти депутати Ислом Муҳаммадий суиқасд қурбони бўлди.

Кобул расмийларининг билдиришича, депутат Кобулда жойлашган масжиддан чиқаётган пайтда унга ҳужум қилинган. Ҳужум оқибатида Ислом Муҳаммадийнинг тан соқчиси жароҳатланган.

Афғонистон ташқи ишлар вазири Додфар Спанта “Толибон” ҳаракати уч йил ичида йўқ қилинишига ишонч билдирди.

У бунинг учун Покистон ҳукумати чегарадан ўтаётган жангариларни тўхтатиши кераклигини айтди.
“Агар барча имкониятларни биргаликда ишга солсак ва Покистон тарафи мазкур жараёнда фаол ҳамкорлик қилса, икки- уч йил ичида “Толибон” муаммосига чек қўйишнинг имкони бор, деб ўйлайман. Бунинг учун муштарак стратегия бўлиши даркор”, - деди Д.Спанта.
Вазир мамлакатни қайта тиклаш учун Афғонистонга қўшимча халқаро кўмак жалб этилиши кераклигини ҳам билдирди. Шунингдек, у “Ал-Қоида” раҳбари Усама бин Лодин Афғонистонда яшириниб юргани ҳақидаги иддаоларни рад этди.

Озарбойжон полицияси Бокуда мухолифатнинг норозилик намойишини тарқатиб юборди.

Хабарларга кўра, ҳукумат расмийлари намойиш ўтказишга рухсат бермаганига қарамай, “Озодлик” ҳаракати фаоллари пойтахт кўчаларида тўпланган. Янги йилдан сўнг мамлакатда коммунал тўловлар миқдори ортиб кетиши мазкур намойишларга сабаб бўлган. Полиция 15га яқин намойишчини ҳибсга олган.

Чехияга сафар қилаётган Германия канцлери Ангела Меркел Прага расмийлари билан Европа Иттифоқининг янги конституцияси борасида музокаралар олиб боради.

ЕИнинг янги конституцияси иттифоқнинг 18 давлати томонидан ратификация қилинган, бироқ 2005 йилда Франция ва Нидерландия фуқаролари унга қарши овоз берган эди. Конституция кучга кириши учун у ЕИнинг барча аъзолари томонидан маъқулланиши шарт.

Франциялик машҳур футбол юлдузи Мишел Платини 26 январь куни УЕФА президенти этиб сайланди.

51 ёшли М.Платини швециялик Леннарт Йохансон ўрнини эгаллайди. Л.Йохансон УЕФАга 1990 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган. Ўтмишда йилнинг энг яхши футболчиси мукофотини уч маротаба қўлга киритган М.Платини УЕФА раҳбарлигига сайланган ягона футболчидир.


* * * * * * * * * * *



Ливан пойтахти Байрутда пайшанба куни юз берган тартибсизликлар оқибатида тўрт одам нобуд бўлди, 150дан ортиғи жароҳатланди.

Шу боис Ливан полицияси пойтахтда коммендантлик соати жорий қилди. Зўравонлик Байрутдаги Араб университетида Ливан ҳукумати тарафдори бўлган суннийлар ва мухолифатдаги “Хизбаллоҳ” тарафдори бўлган шиа студентлар ўртасида бошланди. Кейинроқ зўравонликлар Байрут кўчаларига ҳам тарқалди. Тартибсизликни тўхтатиш учун Ливан армияси қисмлари танклар мадади билан огоҳлантирувчи ўт очди. Чоршанба куни Ливан полицияси ва мухолифат тарафдорлари ўртасида содир бўлган тўқнашувда камида уч одам нобуд бўлган ўнлаб одам жароҳатланган эди.

АҚШ Афғонистонга кўрсатилаётган молиявий ёрдам ҳажмини кўпайтиришни режаламоқда.

Давлат котиби Кондолиза Райсга кўра, АҚШ президенти Жорж Буш Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш ва тараққиёт лойиҳаларини молиялаштириш учун 10,6 миллиард доллар маблағ ажратилишини сўраб Конгрессга мурожаат қилади. Райснинг билдиришича, бу маблағнинг 8,6 миллиард доллари Афғонистон хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказиш ва уларни зарурий анжомлар билан таъминлашга, қолган икки миллиард доллар маблағ эса Афғонистонни қайта тиклаш лойиҳаларини амалга ошириш ишларига сарфланади. Айни пайтда, АҚШ Мудофаа вазирлиги тахминан уч минг 200 аскардан иборат 10-Тоғ дивизиясининг 3-бригадаси белгиланган муддатдан тўрт ой кейин Афғонистондан олиб чиқилишини маълум қилди. Бу 25 январ куни НАТО Ташқи ишлар вазирларининг Брюссел учрашуви бошланишидан олдин эълон қилинди.

АҚШ генерали Вашингтон расмийлари Польша ва Чехияга ўрнатишни хоҳлаётган ҳаво ҳужумидан мудофаа системаси Россияга қаратилмаганини айтди.

АҚШ Ҳаво кучлари генерали, Ракета ҳужумидан мудофаа агентлиги раҳбари Генри Оберингга кўра, бу система Эрон ёки “ғараз ниятли” давлатнинг узоқ масофага учувчи ракеталарини уриб туширишга мўлжалланган. АҚШ ҳарбийлари Польша ҳудудига ерга ўрнатиладиган 10та ракета, Чехияга эса ўта замонавий радар станцияси қуришни режалаган. Польша ва Чехия расмийлари бу борада АҚШ билан музокара бошлашга розилик билдирган.

Кобулда Афғонистон, Покистон ва НАТОнинг разведка маълумотлари алмашиш маркази очилди.

Мақсад толибларга қарши курашда ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат. Афғонистондаги НАТО кучлари қўмондони, АҚШ генерали Дэвид Ричардс Марказ очилиши тантанали маросимида бундай деди: “Халқаро тинчликпарвар кучларнинг кўпроқ қисми бу кампанияни амалга оширишга жалб этиляпти. Қисқа муддат ичида шу ҳақда жуда яхши хабарлар эшитасиз. Мен яқинда Халқаро тинчликпарвар қўшинлар сафига янги кучлар қўшилиши кейинроқ яна қўшимча аскарлар етиб келишини кутяпман”.
Янги марказда Афғонистон ва Покистон армиялари разведка хизматларининг олти нафардан вакиллари, шунингдек, Афғонистондаги НАТО етакчилигидаги Халқаро кучларнинг 12 вакили фаолият юритади.

Швецариянинг Давос шаҳрида давлат раҳбарлари ва дунёнинг йирик тадбиркорлари иштирокида анжуман давом этмоқда.

Пайшанба куни, яъни, йиғилишнинг иккинчи кунида сиёсий масалалар муҳокама қилинди. Анжуманида нутқ сўзлаган Фаластин президенти Маҳмуд Аббос фаластинликлар зўравонлик манбаси бўлиб қолиш эмас, балки яхши қўшничилик алоқалари ўрнатиб тинч яшашга тайёрлигини айтди. Анжуманда чиқиш қилган Исроил Ташқи ишлар вазири Цзипи Ливни Фаластин давлатини “босқичма-босқич” қуриш жараёни Фаластин ҳудудларидаги террорчи гуруҳларни қуролсизлантирмай амалга ошмаслигини айтди.

АҚШда янги қурол синовдан ўтказилди.

Пентагон расмийларига кўра, “иссиқлик нури” деб аталаётган янги қурол душман гуруҳлари ёки аламонни куч ишлатмай тарқатиб юборишда қўлланилади. Ҳарбийларга кўра, янги қурол одамга қарата кўзга кўринмас иссиқлик энергиясини отади. У танага текканидан терида чидаб бўлмас куйиш хисси пайдо бўлади. Америка ҳарбийларига кўра, иссиқлик нуридан одам танага жиддий зарар етмайди.

26 январдан бошлаб Россия қамоқхоналарида маҳбусларни электрон ёрлиқлаш тажрибаси амалга оширила бошланади.

Мақсад қамоқхоналардаги аянчли вазиятни яхшилашдан иборат. Айтилишича, маҳбусларни электрон ёрлиқлаш учун мамлакат қонунчилигига тузатиш киритилиши керак бўлади. Россия қамоқхоналаридаги оғир вазиятни яхшилаш учун майда жиноятлар содир этиб қамалган маҳбусларни ишга жалб этиш дастури яқиндан бери амалга ошириб келинмоқда.

Россиядаги суд икки ўсмирнинг бирини тўрт ярим йилга бошқасини етти йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Улар ўтган йил Воронеж вилоятининг Острогожск шаҳрида вьетнамлик студентни ирқий сабабга кўра калтаклаб ўлдирганликда айбдор, деб топилдилар. Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи “Сова” ташкилоти маълумотига кўра, ўтган йил Россияда 48 одам ирқчилик асосида ўлдирилган 400дан ортиқ одам жароҳатланган.

БМТ қошидаги Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Эроннинг ядровий объектларига ҳарбий зарба бериш фожиавий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Давос анжуманида шундай баёнот берган Муҳаммад Эл-Барадей Эроннинг ядровий объектларига ҳужум уюштирилиши Теҳронни атом қуроли яратишга раҳбатлантиради, деди. Эл-Барадей Эронга ҳужум уюштириши мумкин бўлган давлат номини айтмади. Бироқ Исроил ва АҚШ Эроннинг ядровий объектларидаги фаолиятни тўхтатиш учун ҳарбий куч қўллашни эҳтимолдан соқит қилмаган.

Америкалик олимлар миянинг маълум қисмига етган жароҳат кашандаларнинг сигарет чекишни ташлашларига ёрдам беради, деган хулосага келдилар.

Уларга кўра, одам мияси ичидаги инсула деб аталган қисмнинг шикастланиши сигаретга бўлган эҳтиёжни йўқ қилар экан. АҚШ олимлари миясининг инсула қисми жароҳатланган чекувчилар ҳамда миянинг бошқа қисмлари жароҳатланган чекувчиларни кузатиш орқали шундай хулосага келдилар. Мазкур тадқиқот натижалари "Science" журналида чоп этилди.

Туркманистоннинг муваққат президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов келажакда мамлакатда кўп партияли сиёсий тизимга ўтилиши мумкинлигига ишора қилди.

Телевидение орқали чиқиш қилган у мамлакатда сиёсий партияларнинг шаклланишига шароит яратувчи чоралар кўрилиши лозимлигини билдирди. Айни пайтда Туркманистон демократик партияси мамлакатдаги ягона партия ҳисобланади.

Тожикистонда “Ҳизб ут-таҳрир” ҳаракати фаоли Маҳмуджон Шокиров 11,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Судья Исо Таваккаловнинг билдиришича, судланувчи жиноий гуруҳлар тузиш ва экстремистик гуруҳларга алоқадорликда айбдор топилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG