Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 14:51

Халқаро янгиликлар

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг янги раҳбари Нэнси Пелоси Афғонистонда АҚШ ҳарбийлари билан учрашди.

У Багром базасида Американинг Афғонистондаги қўшинлари қўмондони генерал Бенжамин Фреклей ва бошқа ҳарбийларга миннатдорлик билдирди. Пелоси хоним ва унга ҳамроҳлик қилаётган АҚШ расмийлари якшанба куни кечки пайт Афғонистон президенти Ҳомид Карзай билан учрашди. Бироқ мазкур учрашув ҳақида маълумот тарқатилгани йўқ.

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Игорь Иванов Теҳронда Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий билан учрашди.

Музокарадан сўнг И.Иванов Россия Эроннинг Бушаҳрдаги биринчи атом станцияси қурилишини режада белгиланганидек сентябрь ойида тугатишга бел боғлаганини билдирди. Россия Эроннинг атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишини қўллаб-қувватлашига қарамай, уранни бойитиш дастуридан воз кечмаётган Эронга қарши БМТ декабрь ойида қабул қилган резолюцияни маъқуллаган эди.

Ироқда Саноат вазирлиги раҳбарларидан бири Одил Абдулмаҳсун ал-Ламий кетаётган машина Бағдоднинг Ёрмуқ туманида қуролли номаълум шахслар томонидан ўққа тутилди.

Оқибатда ал-Ламий, унинг қизи ва яна икки киши ҳалок бўлди. Шунингдек, Бағдодда минамёт снаряди тушиб портлагани оқибатида мактаб ўқувчиларидан беш нафари нобуд бўлди.

Атом энергияси халқаро агентлиги мутахассисларининг янги гуруҳи Эронга борди.

Эрондаги “Форс ньюс” ахборот агентлигининг исми ошкор қилинмаган ҳукумат расмийсига асосланиб хабар қилишича, халқаро агентлик мутахассислари Исфахон ва Натанздаги ядровий объектларни текширади. Шунингдек, улар Аракда қурилаётган “оғир сув”да ишлайдиган реакторни ҳам кўздан кечиришни режалаштирган.

Исроилда вазирлик лавозимига биринчи марта мусулмон фуқаро - Ғолиб Мужадала тайинланди.

Аммо у ҳукуматда қайси вазирликни бошқариши ҳозирча маълум эмас. Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт армия радиосига берган интервьюсида бу қарори исроиллик арабларнинг яҳудий давлати фуқаролари эканини чуқурроқ англаб етишига ёрдам беришини айтди. Исроил аҳолисининг 20 фоизини араблар ташкил этади. Аммо улар анча вақтдан бери ўзларига нисбатан иккинчи тоифа фуқаролар сифатида муомала қилинаётганидан шикоят қилиб келмоқда.

АҚШ пойтахти Вашингтонда 27 январь куни ўн минглаб одам иштирокида Ироқ урушига қарши намойиш ўтказилди.

Тадбир қатнашчилари Жорж Буш маъмуриятининг Ироқда юритаётган сиёсатини кескин танқид қилиб, АҚШ қўшинларини мамлакатга тезроқ қайтаришни талаб қилди.
Намойишда чиқиш қилган Ҳолливуд юлдузи Шон Пенн йиғилганларга қарата: “Кўпчилигимиз қўрқинчдан бошқа нарсадан қўрқмайдиган вақтлар бўлганини яхши эслаймиз. Аммо ҳозирги президентимиз: “Қўрқинг, қўрқинг ва яна кўпроқ қўрқинг”, - деяпти. Биз қўрқмаймиз. Биз ҳокимият тепасидагиларга демократияда қарор қабул қиладиганлар биз эканимизни эслатиб қўймоқчимиз. Буни бутун дунёга ҳам кўсатиб қўймоқчимиз”, - деди.
Айрим намойишчиларнинг полиция ходимлари билан айтишгани эътиборга олинмаса, Вашингтондаги норозилик намойиши тинч ўтди.

Сурияда автобус юк машинаси билан тўқнашиб кетгани оқибатида 26 йўловчи нобуд бўлди, олти нафари жароҳатланди.

Ўлганлар орасида олти бола ҳам борлиги айтилмоқда. “Ал-Баас” газетаси тарқатган хабарга кўра, авария Суриянинг шимолий вилоятида рўй берган.

Грузиянинг айирмачи Жанубий Осетия республикасида 28 январь куни милиция постларига қуролли ҳужумлар уюштирилиши оқибатида уч милиционер яраланди.

Осетия ҳукумати расмийси Борис Чочиев мазкур ҳужумларни Грузия ҳукумати томонидан уюштирилган ғаламислик ўлароқ баҳолади. Унинг айтишича, яраланган милиция ходимларидан бирининг аҳволи оғир.

Ўтган йили нефть нархи қимматлашгани боис Ироқда инфляция ўртача 70 фоизни ташкил этди.

Ироқ ҳукумати 2006 йилги инфляция даражасини 20-25 фоиз қилиб белгилаган эди. Аммо ўтган йил Ироқда истеъмол моллари нархи 70 фоиз, нефть маҳсулотлари ва энергия нархи 80 фоиздан кўпга ошган. Мутахассислар фикрича, агар ўзгарувчан энергия нархлари олиб ташланса, Ироқда инфляция 30-35 фоизни ташкил этади.

Шиаларнинг муқаддас “Ашуро” диний маросими арафасида Эрон ҳукумати Ироқ чегарасидаги бир неча текширув пунктини ёпиб қўйди.

Эрон телевидениесининг ҳукумат расмийлари айтганига асосланиб билдиришича, кўп сонли эронликлар Ироқ жанубида жойлашган Карбало шаҳрига зарурий ҳужжатсиз боришга урингани сабабли Теҳрон расмийлари шундай қарор қабул қилган.

“Ҳамас” ва “Фатҳ” тарафдорлари ўртасида қайтадан авж олган тўқнашувларнинг учинчи кунида икки фаластинлик нобуд бўлди.

26 январь “Ҳамас” ҳаракатининг парламент сайловида ғолиб чиққанига бир йил тўлди. Бироқ шу куни фракциялар тарафдорлари ўртасида рўй берган отишмалар оқибатида 13 киши ўлди. Натижада “Ҳамас” “Фатҳ” билан миллий ҳукумат тузиш борасида олиб бораётган музокараларни тўхтатишини маълум қилди. Фаластиннинг етакчи фракциялари ўртасидаги тўқнашувлар оқибатида сўнгги кунларда жами 17 киши ҳалок бўлгани ва 40дан ортиқ фаластинлик жароҳатлангани хабар қилинмоқда.

Бағдодда иккита машинага ўрнатилган бомба портлаши оқибатида 15 киши ҳалок бўлди ва 30га яқин фуқаро жароҳатланди.

Хабарларга кўра, портлашлар Бағдоднинг шиалар истиқомат қилувчи туманида рўй берган. Мазкур қўпорувчиликнинг биттаси худкуш томонидан амалга оширилгани айтилмоқда. Бағдод шарқида эса қуролланган номаълум шахс савдо дўконига бостириб кирди ва у ерда бўлган саккиз ишчини ўғирлаб кетди. АҚШ қўмондонлигининг маълум қилишича, Бағдод шимолидаги Дияла туманида 14га яқин жангари йўқ қилинган.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Сингапурга қилган сафари ниҳоясига етди.

Сафар чоғида Ўзбекистон раҳбари Сингапур президенти Селаппан Рам Натан ва ҳукумат расмийлари билан музокаралар олиб борди. Икки давлат ўртасида бир неча ҳужжатлар, жумладан, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида икки томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги англашув меморандуми, ўзаро ҳаво транспорти қатновини амалга ошириш, терорризм ва гиёҳвандликка қарши биргаликда курашиш каби шартномалар имзоланди. Ўзбекистон раҳбари Сингапур президенти Селаппан Рам Натан ва бош вазир Ли Сян Лунни Тошкентга расмий ташриф буюришга таклиф этди.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун расмий сафар билан Конго Демократик Республикасига борди ва бу ерда Конго Миллий ассамблеяси вакиллари билан учрашди.

Йил бошида БМТ бош котиби этиб сайланган Пан Ги Мун Африка давлатлари муаммоси ташкилот диққат марказида бўлажагини маълум қилган эди. Айни пайтда Конгода БМТ тинчликпарвар кучларининг 18 мингдан зиёд аскари хизмат қилмоқда.

Россия Жаҳон савдо ташкилотига аъзо давлатлар билан икки томонлама олиб борилган музокаралар босқичини якунлади.

Бу ҳақда маълум қилган Россия иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири Герман Грефнинг айтишича, расмий Москва ЖСТга қўшилиш борасидаги барча тараддудни бир йил ичида якунлашга умид қилмоқда. Айни пайтда Грузия Россиянинг ташкилотга қўшилишига қаршилик кўрсатиб, бир қанча талаблари бажарилишини сўрамоқда.

Ливан бош вазири Фуад Синиора Германиянинг “Фокус” журналига берган интервьюсида Эрон Ливан ҳудудидан АҚШга қарши кураш учун фойдаланишига ишонишини билдирди.

Унинг айтишича, Эрон ва Сурия мамлакатдаги “Ҳизбаллоҳ” жангариларига қурол-аслаҳа етказиб бермоқда ва Ливан ҳукуматига қарши ҳаракатларни амалга оширмоқда.
“Эрон АҚШни мағлуб этишга уринмоқда, бироқ Ливан ҳудуди ҳеч қачон жанг майдонига айланмайди”, - деди Фуад Синиора.

Эрон АҚШ раҳбарининг Ироқда эронлик айғоқчиларга қарши кескин чоралар кўриш, жумладан, уларни йўқ қилиш қарорини “қўпорувчилик ҳаракати”, дея баҳолади.

Эрон парламенти вакилларидан бири Жорж Буш қабул қилган қарор инсон ҳуқуқлари қоидаларига ўта зид эканини таъкидлади. АҚШ раҳбари Американинг Ироқдаги ҳарбийларига эронлик айғоқчиларни бартараф этишга рухсат берган эди.

Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат Эрон билан атом энергияси соҳасида ҳамкорлик қилмаётганини билдирди.

Вазирликнинг бу ҳақдаги баёнотида айтилишича, КХДР ва Эроннинг атом энергияси соҳасидаги ҳамкорлиги борасидаги барча гаплар қуруқ туҳмат.
“Бундай гаплар эса Шимолий Кореянинг нуфузига путур етказмоқда”, - дейилади баёнотида.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Яқин Шарқда АҚШнинг ҳарбий ҳозирлиги даражаси ортиб бораётганидан ташвишда экани ва бунинг ортида қандай мақсадлар ётганини билишни исташини маълум қилди.

С.Лавров билдиришича, айнан шу масала кейинги ҳафтага Вашингтонда ўтказилиши режалаштирилган Яқин Шарқ муаммосига бағишланган тўртлик учрашувида Россия томонидан кун тартибига қўйилади. С.Лавров АҚШнинг Эронга нисбатан олиб бораётган сиёсатини ҳам танқид қилди. У АҚШнинг санкциялари Эронни музокаралар курсисига қайтишига тўсиқ бўлаётганини айтди.

Покистонга АҚШ Вакиллар палатаси раиси Нэнси Пелоси ташриф буюрган.

Покистонга ташриф буюрган АҚШ Вакиллар палатаси раиси Нэнси Пелоси бу ерда мазкур мамлакат президенти Парвез Мушарраф ва ҳукумат расмийлари билан учрашади.

Душанба куни йўқолиб қолган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзова ҳибсда сақланаётгани маълум бўлди.

Хабарларга кўра, айни пайтда Тошкент транспорт прокуратурасида ҳибсда ушлаб турилган У.Ниёзовага нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки банди бўйича жиноят иши қўзғатилган ва тергов жараёни бошланган. Бироқ ҳозирча ҳуқуқ ҳимоячиси нимада айбланаётгани маълум эмас.

Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев бош вазир лавозимига қишлоқ хўжалиги вазири Азим Исабеков номзодини тақдим этди.

25 январь куни Қирғизистон парламенти бош вазир лавозимига тақдим этилган Феликс Қулов номзодини иккинчи марта рад этгандан сўнг Қ.Бақиев бу вазифага бошқа номзодни тавсия қилиши маълум бўлган эди. Маълумоти иқтисодчи бўлган Азим Исабеков президентнинг яқин сафдошларидан бири экани айтилмоқда.

Бағдоднинг мол бозорида бомба портлаши оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, 30га яқин одам жароҳатланди.

Жорий ҳафта мобайнида жангарилар нишонига айланган Бағдод бозорларида амалга оширилган қўпорувчиликлар туфайли 90га яқин фуқаро нобуд бўлган, тахминан 150 киши жароҳатланган.


Покистон пойтахтидаги “Мериот” меҳмонхонаси ёнида худкуш ўзини портлатиб юбориши натижасида меҳмонхона қўриқчиси ва худкушнинг ўзи ҳалок бўлди.

Покистон полициясининг билдиришича, ҳужумда 4 киши жароҳатланган.

Ливан пойтахти Байрутда пайшанба кунги зўравонликлардан сўнг жорий этилган коммендантлик соати 26 январь куни бекор қилинди.

Зўравонликлар 25 январь куни Байрутдаги Араб университетида Ливан ҳукумати тарафдори бўлган суннийлар ва мухолифатдаги “Ҳизбаллоҳ” тарафдори бўлган шиа талабалар ўртасида бошланган эди. Кейинроқ зўравонликлар Байрут кўчаларига ҳам ёйилди. Юз берган тартибсизликлар оқибатида тўрт киши нобуд бўлган, 150дан ортиғи жароҳатланган эди. Мамлакат телевидениесида телефон орқали чиқиш қилган “Ҳизбаллоҳ” раҳбари Ҳасан Насрулло мамлакат аҳолисини осойишталикка чақирди.
“Мен барча фуқароларни, барча партия вакилларини тартиб сақлашга чақираман. Кўчаларни тозалаб, Ливан ҳарбийларининг буйруқларига бўйсунган ҳолда ўз уйингизга қайтишингизни сўрайман”, - деди Ҳ.Насрулло.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG