Линклар

Шошилинч хабар
16 сентябр 2019, Тошкент вақти: 19:36

Халқаро янгиликлар

Муқаддас Хаж ибодатини бажариш учун Саудия Арабистонига борган хожилар 2 январ куни Хаж ибодатинининг якуний амали бўлган "Тавофи видо"ни бажо келтирдилар, яъни Каъба билан хайрлашдилар.

Жорий йилги Хаж зиёрати пайтида нохуш воқеалар рўй бермади. Зиёратчилар Саудия ҳукумати кўрган хавфсизлик чораларини юқори баҳоладилар. Ҳукумат расмийларига кўра, бу йилги Хаж маросимига уч миллионга яқин зиёратчи қатнашди.

Ироқ пойтахтида 45 кишининг жасади топилди.

Тахминларга қараганда, ўлдирилганлар ироқлик шиалар ва суннийлар ўртасидаги низолар қурбони бўлган. Ироқ президенти Жалол Талабоний собиқ диктатор Саддам Ҳусайннинг қатл этилиши учун масъулиятни ўзидан соқит қилди. Президент маҳкамаси билдирувида Талабонийнинг қатлга қарши тургани, лекин унинг суд ҳукмига аралашишга иложсиз бўлгани таъкидланади. Саддам Ҳусайнни қатл этиш жараёни қўл телефони билан тасвирга туширилгани юзасидан Ироқ ҳукумати тергов ишлари олиб бормоқда. Тасвирда Ҳусайн дорга осилаётган пайтда соқчилар собиқ диктатор шаънига номаъқул сўзлар айтгани акс этган. Саддам Ҳусайннинг адвокатларидан бирининг фикрича, мижозининг қатли "номақбул" шароитларда амалга оширилган, шунинг учун у БМТни мазкур иш юзасидан махсус текширув ўтказишга чақирди. Саддам Ҳусайннинг тарафдорлари - ироқлик суннийлар мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари уюштирмоқда.

Афғонистонда толиблар қочқинлар фарзандлари ўқийдиган мактабни ёқиб юборди.

Нангарҳор вилояти расмийларининг хабар қилишича, мактаб БМТ Болалар жамғармаси тақдим этган чодирларда жойлаштирилган эди. Ёнғин сешанбага ўтар кечаси юз бергани учун ҳеч ким жабр кўрмади. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, ўтган йили Афғонистон бўйлаб мактаблар, ўқитувчи ва ўқувчиларга ўнлаб ҳужумлар қилинди. Бир қатор мактаблар ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ёпиб қўйилди.

Ўлим жазосини қўллаш масаласини ҳар бир мамлакат ўзи ҳал қилиши лозим, деган фикрни билдирди БМТ янги Бош котиби Пан Ги Мун.

“Ўлим жазосини қўллаш масаласини БМТнинг ҳар бир аъзоси мустақил ҳал қилиши керак. Аслида шахсан мен жиноятни жазосиз қолдирмаслик тарафдориман”, - деди Пан Ги Мун.
Айни пайтда, деб давом этди ўз фикрини Бош котиб, халқаро ҳамжамият аъзолари учун дунё бўйлаб эътироф этилган гуманитар меъёрлар андоза бўлмоғи керак. Хусусан, БМТ Низомида ўлим жазосини тақиқловчи модда мавжуд. Журналистлар Пан Ги Мундан Саддам Ҳусайннинг қатл этилишига муносабатини сўради. Мазкур саволга жавоб берар экан, БМТ янги Бош котиби Ироқнинг собиқ диктатори ўзининг даҳшатли жиноятлари ва золимлиги учун жавоб берди, деган фикр билдирди. Бан Ги Муннинг БМТ янги Бош котиби сифатидаги фаолияти 1 январдан бошланди. Ёши 62 га чиққан жанубийкореялик дипломат Бан Ги Мун БМТнинг саккизинчи бош котибидир. У Бош котиблик лавозимини Кофи Аннандан қабул қилиб олди.

Испания шимолидаги басклар истиқомат қиладиган ҳудудда номаълум кимсалар маҳаллий меҳмонхоналардан бирига ёнилғи тўлдирилган шишалар отиш билан ҳужум қилди.

Ҳеч кимга зарар етмади. Воқеа Баск сепаратчиларининг ЭТА гуруҳи билан тинч музокаралар тўла тўхтатилиши тўғрисида Испания расмийлари эълон қилишидан кўп ўтмай юз берди. ЭТА гуруҳи билан музокараларни тўхтатиш тўғрисидаги қарорни расмийлар Мадрид аэропортида портлаш амалга оширилгани ва унинг учун масъулиятни Баск сепаратчилари ўз зиммасига олганидан сўнг қабул қилди.

Италия ўлим жазосини қўллашга жаҳон бўйлаб мораторий эълон қилиш мақсадида дипломатик кампания бошлади.

Рим муваққат аъзо сифатида БМТ Хавфсизлик кенгаши сафида ўтказадиган икки йиллик муддати давомида ўлим жазосини дунё бўйлаб тақиқлашга эришмоқчи.

“Исроил кучлари ўтган йилнинг ёзида Ливандаги можаро пайтида хатога йўл қўйди ва ўз мақсадларига эриша олмади”, - деди Исроил Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Дан Халуц.

Бироқ у истеъфога чиқиш тўғрисида ўзига нисбатан қилинган чақириқларни рад этиб, амалда қолавериш ва "иложи бўлган нарсаларни ўнглаш" ниятида эканлигини билдирди. Исроил кучлари ва "Хизбуллоҳ" гуруҳи ўртасида 34 кун давом этган тўқнашув пайтида мингдан зиёд киши – асосан оддий ливанликлар қурбон бўлган эди.

БМТ Комиссияси қора увилдириқ экспорти бўйича Каспийбўйи мамлакатларига жорий этилган тақиқни бекор қилди.

Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Россия ва Туркманистон бу йил жаҳон бозорларида муайян миқдорда қора увилдириқ сота олиши мумкин. Қора увилдириқ экспорти ўтган йили, осётр балиғи популяциясини ҳимоялаш мақсадида жорий этилган эди.

Вашингтонда АҚШ собиқ президенти Жеральд Фордни дафн этиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда мамлакатнинг уч собиқ президенти: Билл Клинтон, Жорж Буш (ота) ҳамда Жимми Картерлар ҳозир бўлди. Президент Жорж Буш видолашув маросими пайтида қилган чиқиши чоғида Форднинг хизматларини юқори баҳолаб, уни Америка бирлигининг рамзи, деб атади.
“Президент Форд давлатни тарихимиздаги оғир даврда бошқарди. Америка сиёсий можаро туфайли иккига бўлинган ҳамда инфляция оқибатида хонавайрон бўлаёзган эди. У давлат бошқарувини қўлга олган кундан 9 ой ўтиб Жануби-шарқий Осиёда Сайгон қулади. Ана ўша талотумлар даврида Жеральд Форд барқарорлик тамали бўлди”, - деди Жорж Буш.
Республикачилар партияси вакили бўлган Жеральд Форд АҚШ тарихидаги ягона "сайланмаган президент"дир. У 1974 йили "Уотергейт можароси" туфайли истеъфога чиққан Ричард Никсоннинг ўрнини эгаллаган эди.

Туркманистонда президентлик сайловолди кампанияси бошланди.

11 феврал куни ўтказиладиган президентлик сайловида қатнашиш истагини билдирган олти номзоднинг ҳаммаси расман Халқ Маслаҳати томонидан рўйхатга олинди. Президентликка номзодлар орасида муввақат президент Қурбонгули Бердимуҳамедов ҳам бор. Туркманистон ахборот агентликларига кўра, президентликка даъвогарлар шу ҳафтадан бошлаб сайловчилар билан учрашувлар ўтказадилар. Номзодлар ўз дастурларини эълон қилишлари учун Давлат телевидениеси ва радиосида ҳам уларга эфир вақти ажратилади. Президентликка номзодлар орасида мухолифат вакиллари йўқ.

Бағдодда йўл четига ўрнатилган бомба портлаши оқибатида уч киши нобуд бўлди, етти киши жароҳатланди.

Улардан уч нафари полиция ходимлари экани айтилмоқда. Ироқ расмийларининг “Ассошэйтид Пресс” ахборот агентлигига маълум қилишича, Ироқда 2006 йил давомида содир этилган зўравонликлар оқибатида ўн олти минг одам нобуд бўлган. Уларнинг аксарини тинч аҳоли вакиллари, ҳарбийлар ва Ички ишлар ходимлари ташкил этади.

Саддам Ҳусайн қатл этилиши жараёни мобил телефон орқали видеотасвирга туширилгани ҳолати юзасидан Ироқ ҳукумати тергов ишлари олиб бормоқда.

Тасвирда Саддам дорга осилаётган пайт қўриқчилар собиқ диктатор шаънига номаъқул сўзлар айтгани акс этган. Бу ҳолат юзасидан ҳам тергов ишлари олиб борилмоқда. Суд ҳукмига кўра, Ироқ собиқ президенти Саддам Ҳусайн 30 декабр куни эрта тонгда қатл қилинган эди. Саддам Ҳусайннинг дорга осилиши Қурбон ҳайитига тўғри келди. Ироқлик суннийлар қатл айнан байрам куни ижро этилгани учун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари уюштирмоқда. 1 январь кунги норозилик намойишида юзлаб одам иштирок этди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси талабига зид равишда Эрон ўзининг ядровий дастурини давом эттиришини билдирди.

Ахвоз вилоятида нутқ сўзлаган президент Маҳмуд Аҳмадийнажот БМТ Хавфсизлик кенгашининг Эронга нисбатан қабул қилган резолюциясини “ноқонуний” деб баҳолади.
“Азиз Эрон миллати, муққадас диёрни мудофаа қилиш давридаги каби ҳозир ҳам якдил ва бу миллат ўзининг ядровий қувватдан фойдаланиш ҳуқуқини қаттиқ туриб ҳимоя қилади”, - деди М.Аҳмадийнажот.
Эрон расмийлари БМТ Хавфсизлик кенгашинининг мазкур масаладаги барча резолюцияларини рад этиб келмоқда. Эрон БМТ қошидаги Халқаро атом энергияси ташкилоти билан ҳамкорликни тўхтатиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

АҚШ аскарлари Бағдодда ўтказган ҳарбий амалиёт давомида уч нафар жанггари ўлдирилди.

АҚШ ҳарбийларига кўра, ўлдирилганлардан бири “Ал-Қоида” гуруҳига алоқадор экани гумон қилинмоқда. У қурол савдоси билан шуғулланган. Айни пайтда, Ироқда яна бир америкалик аскар ҳалок бўлгани билдирилди.

Муқаддас Хаж ибодатини бажариш учун Саудия Арабистонига борган мусулмонлар 2 январ куни Хаж ибодатинининг якуний амали бўлган Каъбани тавоф қилдилар.

Жорий йилги Хаж зиёрати пайтида ноҳуш воқеалар рўй бермади. Аксар ибодатчилар Саудия ҳукумати кўрган хавфсизлик чораларини юқори баҳоладилар. Ҳукумат расмийларига кўра, бу йилги Хаж маросимида уч миллионга яқин зиёратчи қатнашган.

Эрон парламенти қонун чиқарувчи орган ва президентлик сайловларида қатнашадиган фуқаролар ҳақида янги қонун қабул қилди.

Унга кўра, бўлажак сайловларда фуқаролар аввалгидек 15 ёш эмас, балки 18 ёшга тўлган фуқаролар қатнашиш ҳуқуқига эга бўладилар. Янги қонун кучга кириши учун уни Васийлар кенгаши тасдиқлаши керак.

“Британия ҳарбийлари Афғонистон ва Ироқдаги миссияни 2007 йилда ҳам давом эттирадилар”, дея баёнот берди Британия Бош вазири Тони Блэр.

Унга кўра, халқаро терроризм Британия ва бошқа давлатларга ҳануз хавф солмоқда. “Шунинг учун Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда Британия ҳарбийларининг иштирок этиши муҳимдир”, - дейилади Бош вазирнинг Янги йил муносабати билан Британия халқига йўллаган мурожаатида. Тони Блэр ўз баёнотида Яқин Шарқ тинчлик музокараларини қайта бошлашга ҳисса қўшишга ваъда берган.

Афғонистон собиқ қироли Муҳаммад Зоҳиршоҳ касаллиги сабабли унинг фуқаролар билан барча учрашувлари бекор қилинди.

Қирол матбуот хизмати ходимининг “Озодлик” радиосига маълум қилишича, 92 яшар Зоҳиршоҳ шифокорлар назоратида даволанмоқда. “Биз у киши соғайиб кетишларига умид қиляпмиз. Одатда кексалар ўзларини бир кун яхши, бошқа куни ёмон ҳис этишлари мумкин. Мен одамлардан хавотир олмасликларини сўрайман”, - деди Қирол матбуот хизмати ходими.
Узоқ йиллар Италияда муҳожиратда яшаган Зоҳиршоҳ 2002 йилда Афғонистонга қайтганидан кейин халқи унга рамзий маънода “Миллат отаси” деган ном берган.

Индонезиянинг Сулавеси ороли яқинида халокатга учраган йўловчи самолёти бортидаги йўловчилар ва экипаж аъзолари тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.

2 январ куни эрталаб айрим ахборот воситалари самолёт халокати оқибатида 90 нафар йўловчи ҳалок бўлгани, 12 нафар йўловчи омон қолгани ҳақида хабарлар тарқатилган эди. Кейинроқ Индонезия расмийлари самолёт қаерга қулагани аниқланмаганини маълум қилдилар. “Adam Air” компаниясига тегишли “Boeing-737” русумли ҳаво лайнери 1 январ куни радар экранидан йўқолган. Самолётнинг ерга қулаши сабаблари ўрганилмоқда. Хабарларга кўра, самолёт ерга қулаган пайт об-ҳаво ёмон бўлган.

Афғонистоннинг Нангаҳор вилоятида жанггарилар қочқин болалар учун қурилган мактабни ёқиб юборди.

Афғонистон расмийларига кўра, кўчма мактаб БМТ қошидаги Болалар фонди - ЮНИСЕФ кўмаклигида ташкил этилган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, сўнгги йилларда Афғонистонда жанггарилар мактабларга, ўқитувчи ва ўқувчиларга ҳужум қилмоқда. Шу боис аксар мактаблар хавфсизлик сабабларига кўра ёпилмоқда.

1 январдан бошлаб Литвада жамоат йиғиладиган жойларда сигарет чекиш таъқиқланди.

Янги қонунда кафе, ресторан, бар, дискотека ва тунги клубларда сигарет чекишни ман қилинган. Мазкур қонунни бузганларга бир минг 800 АҚШ долларигача жарима солиниши мумкин. Жамоат жойларида сигарет чекишни таъқиқловчи қонун дунёда биринчилардан бўлиб 2004 йилда Ирландияда қабул қилинган эди. Кейинроқ ЕИнинг бошқа давлатларида ҳам шундай қонунлар қабул қилинди.


* * * * * * * * * *



Сомалида бўлиб ўтган қақшатқич жанглар давомида исломчи жанггарилар ўзларининг сўнгги истеҳкоми – мамлакат жанубидаги Кисмайя порт шаҳрини қўлдан берди.

Сомали ҳукумати кучлари билан жанггарилар ўртасидаги тўқнашув якунига Сомали расмийларига ёрдам юборган қўшни Эфиопия кучли таъсир қилди. Сомалидаги жанггариларга қуролларни жумагача топшириш тавсия қилинди.
“Мен халқаро террорчилар алдовига илинганларнинг барчасини, пойтахтни ташлаб чиқиб кетганлар ёки террорчилар буйруғига ўйланмай бўйинсунганларни қайтишга чақираман. Ҳукумат қуролни ўз ихтиёри билан топширганлар амнистия қилинишини кафолатлайди”, - деди Сомали бош вазири Муҳаммад ал-Геди.

Ироқ бош вазири Нури Комил ал-Маликийнинг маслаҳатчиси берган баёнотга қараганда, Саддам Ҳусайнни қатл этиш жараёни қўл телефони билан суратга туширилгани юзасидан расмий текширув бошланган.

Ройтер ахборот агентлигининг бош вазир маслаҳатчиси Сами ал-Асқарийга таяниб хабар қилишича, расмийлар соқчиларнинг қатл маросими пайтидаги ҳаракатларини ҳам ўрганаяпти. Ироқлик суннийлар собиқ президент Саддам Ҳусайннинг қатл этилишида шиалар лидерларини ҳамда АҚШни айбламоқда.

Беларус янги иқтисодий воқеликка юз тутди.

Президент Александр Лукашенканинг Россиянинг Газпром ширкати ва Беларус ўртасида имзоланган янги шартномага берган баҳоси шундай бўлди.
“Янги йил киришига бир неча дақиқа қолганда имзоланган ҳужжатга биноан Беларус Россиядан 1000 куб метр газни 100 доллардан сотиб оладиган бўлди. Аввалги нарх 46 доллар эди. Беларус томони Россия қўйган шартлар асосидаги битимни имзолашга кўнмаса, 1 январдан бошлаб газни тўхтатиб қўямиз”, - деб Газпром таҳдид қилган эди.

Италия ўзининг БМТ Хавфсизлик кенгаши сафида ўтказадиган икки йиллик муддати давомида ўлим жазосини дунё бўйлаб тақиқлашга эришишмоқчи.

Бу ҳақда бош вазир Романо Проди баёнот берди. Италия Ироқ собиқ президенти Саддам Ҳусайннинг қатл этилишига қарши эканлигини билдирган Европа мамлакатлари қаторида турди.


Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG