Линклар

Шошилинч хабар
17 август 2019, Тошкент вақти: 16:15

Халқаро янгиликлар

30 январь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 69 ёшга тўлди.

1989 йилда Ўзбекистон компартиясининг биринчи котиби бўлганидан бери мамлакатни бошқариб келаётган И.Каримов режими кўпгина инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид остига олинади. Жумладан, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси И.Каримовни бир неча бор “матбуот душмани” ўлароқ таърифлаган. Жорий йилнинг 22 январь куни И.Каримовнинг Конституцияда белгиланган президентлик ваколати муддати тугади. Ўзбекистон мухолифати вакиллари ўша санадан бошлаб И.Каримов Ўзбекистоннинг нолегетим президенти ҳисобланишини билдирмоқда.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Умида Ниёзова мамлакатда тақиқланган акрамийлик диний оқимига алоқадорликда айбланмоқда.

Бу ҳақда “Озодлик” радиосига У.Ниёзованинг адвокати Аброр Юсупов маълум қилди.
“У.Ниёзовага акрамийларга боғлиқ масалалар бўйича айб қўйилмоқда. Мусодара этилган компакт дискларда акрамийлар оилалари билан қилган интервьюлари ҳам бўлган”, - деди адвокат.
Кўпгина халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари У.Ниёзованинг зудлик билан озод этилишини талаб қилмоқда, “Ҳьюман райтс уотч” эса У.Ниёзовани Ўзбекистондаги сиёсий таъқибларнинг янги қурбони, деб атади.

Афғонистон ғарбида худкушнинг машинаси ҳарбийлар кетаётган автобус билан тўқнашиши натижасида рўй берган портлашда уч ҳарбий ва икки фуқаро яраланди.

Хабарларга кўра, Афғонистон расмийлари мазкур ҳужум учун жавобгарликни исёнчи гуруҳлар зиммасига юклаган.

Жазоир шарқида исломий гуруҳ жангариларнинг полиция назорат пунктига ҳужум қилиши оқибатида тўрт аскар ва бир полициячи ҳалок бўлди.

Жазоир ахборот агентликларининг билдиришича, мамлакат ҳарбийлари жангариларга қарши зудлик билан амалиёт ўтказган ва натижада ўнга яқин жангари йўқ қилинган.

Ироқда Ашуро байрами кунлари шиа мусулмонларига қарши қўпорувчилик амалиётлари амалга оширилди.

Мамлакатнинг Эронга яқин ҳудудида бомба портлаши оқибатида тахминан 13 киши нобуд бўлди ва қирққа яқин одам жароҳатланди. Полициянинг билдиришича, ўлганларнинг кўпи курд шиаларидир. Мандали шаҳарчасида эса худкуш ўзини шиалар масжиди ичкарисида портлатиб юбориши туфайли 23 киши ўлди, 50 киши жароҳатланди.

Қирғизистоннинг янги бош вазири Азим Исабеков янги ҳукуматни тузиш ҳақидаги режани парламентга тақдим этди.

Парламент вакили Эркин Олимбековнинг билдиришича, янги ҳукумат таркиби тўғрисидаги режа қайта ишлаб чиқилиши мумкин.
“Камчиликлар бўлишига қарамай, биз мазкур режани тасдиқлаймиз. Ишлаш жараёнида мавжуд камчиликларни бартараф этишнинг иложи бор”, - деди Эркин Олимбеков.

Покистон бош вазири Шавкат Азиз мамлакатда истиқомат қилувчи уч миллионга яқин афғонистонлик қочқинни ватанига қайтаришда Европа Иттифоқидан кўмак сўради.

ЕИ ва НАТО расмийлари билан Брюсселда ўтказган музокараларида Шавкат Азиз минтақадаги терроризмни жиловлашда қочқинларни ўз ватанига қайтариш ўта муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у ўз ҳукумати Афғонистондаги жангариларнинг Покистонга ўтиши олдини олиш учун ўзаро чегарадаги борди-келдини чеклаш режасида эканини маълум қилди.

“Human Rights Watch” ташкилоти маълумотига кўра, 2006 йил мобайнида Афғонистонда мингга яқин фуқаро нобуд бўлган.

Ўтган йил давомида мамлакатда хавфсизликни таъминлаш борасида Афғонистон ҳукумати ўз вазифасини бажара олмаган. Ташкилотнинг 30 январь куни эълон қилинган баёнотида “расмий Кобул ва унинг халқаро кўмакчилари афғонистонликларни хавфсизлик, озиқ-овқат, сув, энергия ва соғлиқни сақлаш тизимлари билан таъминлашда деярли илгари силжиш қила олмаган”и айтилади. Баёнотда АҚШ, ЕИ ва бошқа донор мамлакатлар Афғонистонга берилаётган молиявий ва ҳарбий ёрдамни кўпайтириш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоялашга чақирилган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Кореянинг ядровий дастури борасидаги олти томонлама учрашувлар 8 февраль куни Пекинда қайтадан бошланишини маълум қилди.

Шимолий Кореяни ядровий дастуридан воз кечтиришга қаратилган бу учрашувлар ўтган йилнинг декабрь ойида самарасиз якунланган эди. Мазкур олтиликка АҚШ, Япония, Россия, Хитой ва иккита Корея давлати киради. 30 январь куни Пекинда АҚШ ва Шимолий Корея вакиллари учрашмоқда. Сўзлашувлар чоғида АҚШнинг Пхеньянга нисбатан қўллаган санкциялари масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда.

Фаластиндаги “Ҳамас” ва “Фатҳ” гуруҳлари ўт очишни тўхтатишга келишиб олди.

Бу борадаги келишувга президент Маҳмуд Аббоснинг ёрдамчиси ва бош вазир Исмоил Хония ўртасидаги музокарадан сўнг эришилди. Фаластин ташқи ишлар вазири Маҳмуд ал-Заҳарнинг айтишича, ўт очишни тўхтатиш келишуви Ғазо секторида сешанба кундан кучга киради.
“Мазкур битим орқали томонлар ўз қуролли жангариларини кўчалардан олиш, текширув пунктларини бекор қилиш, хавфсизлик кучларини ўз жойларига қайтаришга келишиб олди”, - деди Фаластин ташқи ишлар вазири.
Унинг сўзларига кўра, Фаластин ҳукумати бундан кейин ҳам қонун, тартиб ва хавфсизликни таъминлаш масъулиятини давом эттиради. “Ҳамас” ва “Фатҳ” ўртасида беш кун мобайнида давом этган тўқнашувлар оқибатида 30 га яқин фаластинлик нобуд бўлди.

БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича идораси маълумотига кўра, Ироқ –Сурия чегараси яқинида фаластинлик тахминан 700 киши оғир аҳволда кун кечирмоқда.

Ҳозирга қадар улар Ироқда истиқомат қилиб келган. Аммо ҳарбий ҳаракатлар бошлангандан сўнг чегара минтақасига қочиб келишга мажбур бўлган. Ташкилотнинг маълум қилишича, расмий Дамашқ ироқлик қочқинларни қабул қилмаслигини билдирганига қарамай, фаластинликлар Сурия чегара ҳудудларига келмоқда. Хабарларга кўра, 2003 йилдан буён Суриядан бир миллиондан ортиқ ироқлик қочқин бошпана топган.

Россия президенти Владимир Путин кейинги ойда Саудия Арабистони, Қатар ва Иорданияга сафар қилади.

Владимир Путин мазкур давлатларга илк маротаба сафар қилмоқда. Кейинги пайтларда Россия Яқин Шарқ минтақасида ўз ролини оширишга уринмоқда.

Сешанба куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Германияга сафари бошланди.

Берлинда Қозоғистон раҳбари ЕИнинг амалдаги раиси Германия канцлери Ангела Мэркел билан учрашади. Берлин музокаралари чоғида ЕИ ва Қозоғистон ўртасидаги ёнилғи соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама этилиши кутилмоқда.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматидан ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзованинг озод этилишини талаб қилмоқда.

У.Ниёзова ўтган ой Қирғизистондан қайтаётган пайтда Тошкент аэропортида ҳибсга олинган, компьютер ва бир неча диски мусодара қилиниб, паспорти олиб қўйилган эди. Ўтган ҳафтадан буён эса А.Ниёзова Ўзбекистон транспорт прокуратурасида ҳибсда сақланмоқда. Айни пайтда унга нисбатан Жиноят кодексининг икки банди бўйича жиноят иши очилгани маълум бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, У.Ниёзова “Тоштурма”га ўтказилган.

Тожикистон хавфсизлик хизмати ходимлари Исфара шаҳри яқинида Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларига тегишли бўлиши мумкин бўлган 15 метрлик ер ости бункерини топди.

Сўғд вилояти прокурорининг “Озодлик” радиосига маълум қилишича, бункер эгалари “Ҳизб ут-таҳрир” партияси аъзолари ҳам бўлиши мумкин. Хавфсизлик хизмати ходимлари мазкур бункердан портловчи моддалар топгани ҳам хабар қилинмоқда.

Қирғизистон парламенти президент Қурманбек Бақиев томонидан бош вазир лавозимига тақдим этилган Азим Исабеков номзодини тасдиқлади.

Депутатларнинг 54 нафари бу номзодни қўллаб-қувватлади. Парламентда маъруза қилган янги бош вазир ўз фаолиятининг асосий йўналишларидан мамлакат иқтисодини кўтариш бўлишини билдирди.
“Ҳурматли депутатлар, бу жудаям катта ишончдир. Бугун олиб борилган баҳсу музокаралар учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Мамлакатимиз равнақи учун сиз билан яқиндан ҳамкорликка умид қиламан. Ишончингизни оқлаш учун барча имкониятларимни ишга соламан”, - деди А.Исабеков.

Ироқнинг Нажаф шаҳри яқинида Ашуро байрами кунлари шиа мусулмонларига қарши қўпорувчилик амалиётини режалаштиришда гумон қилинаётган 300га яқин жангари ўлдирилди.

Хабарларга кўра, жангарилар билан рўй берган тўқнашувлар чоғида Ироқ хавфсизлик кучларининг икки аскари ўлдирилган. Нажаф яқинида АҚШ ҳарбий вертолётининг қулаши оқибатида эса америкалик икки аскар ҳалок бўлган. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни ҳисобланмиш Ашуро шиа мусулмонлари учун энг муқаддас сана ҳисобланади. Шу куни шиалар Имом Ҳусайн ўлдирилганини хотирлайди. Шу кунларда юз минглаб ироқлик Ашуро маросимида қатнашиш ниятида Карбало шаҳри томон йўл олган. Бағдоднинг шимолида эса машинага ўрнатилган бомба портлаши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. Ироқ Олий таълим вазирлиги ҳам Наҳрайн универститетининг уч ўқитувчиси ва бир талаба номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилганини маълум қилди.

Туркияда “Ал-Қоида” террор тармоғига алоқадорликда гумон қилинаётган қирққа яқин шахс ҳибсга олинди.

Полициянинг маълум қилишича, мазкур шахсларни қўлга олиш жараёни мамлакатнинг бешта вилоятида амалга оширилган. Биргина Куня вилоятида 25 киши ҳибсга олинган.

29 январь куни Европа Иттифоқи Афғонистонга 600 миллион евро миқдорида ёрдам пули ажратишини эълон қилди.

Бу маблағ мамлакат соғлиқни сақлаш тизими, адлия сектори ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига сарфланади. Берлинда ЕИ вакиллари билан музокаралар олиб бораётган Афғонистон ташқи ишлар вазири Додфар Спанта эса террорчи гуруҳлар кучайиб кетишидан аввал мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш зарурияти ҳақида гапирди.

Афғонистон президенти Ҳомид Карзай ўз ҳукумати “Толибон” ҳаракати билан музокара олиб бориши мумкинлигига ишора қилди.

Кобулда чиқиш қилган Ҳ.Карзай “Толибон” номини тилга олмаган бўлса ҳам душманлар билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирди.
“Ўз шон-шарафимиз учун кураш олиб бораётган бўлсак ҳам биз душманларимизга музокара эшигини очишимиз мумкин”, - деди Ҳ.Карзай.
Икки йил аввал Афғонистон раҳбари “Толибон” жангариларига амнистия эълон қилган эди.

Фаластинда тун бўйи “Ҳамас” ва “Фатҳ” тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди.

Хабарларга кўра, улар ўртасида 4 кундан буён тинмаётган отишмалар натижасида ўттизга яқин фаластинлик ҳалок бўлган. Бироз аввал Саудия Арабистони подшоҳи Абдулла томонларни яраштириш мақсадида муқаддас Макка шаҳрида музокаралар олиб боришни таклиф этганди. Бу таклиф “Ҳамас” ва “Фатҳ” раҳбарлари томонидан олқишланди. Бироқ мазкур музокараларнинг қачон бошланиши ҳозирча аниқ эмас.

Исроилнинг Иордания ва Миср билан чегарадош Эйлат шаҳрида худкуш ўзини портлатиши оқибатида уч киши нобуд бўлди.

“Дастлабки ўрганишлар шуни кўрсатдики, бу қўпорувчилик амалиёти. Худкуш нонвойхонага кириб, ўзини портлатиб юборган. Ҳалок бўлганлар бор, айни пайтда биз тергов ишларини давом эттирмоқдамиз”, - деди Исроил полицияси ходими.
Мазкур ҳужум учун масъулиятни Фаластиндаги икки гуруҳ - “Исломий жиҳод” ва “Ал-Ақса жафокашлари бригадаси” ўз зиммасига олди. Шу пайтгача номаълум бўлган “Эътиқодлилар лашкарлари” гуруҳи ҳам амалга оширилган ҳужум учун маъсул эканини маълум қилди.

Покистон шимолида жойлашган полиция назорат пункти ёнида худкуш ўзини портлатиши оқибатида бир полициячи нобуд бўлди.

Бу 26 январдан буён Покистонда амалга оширилган учинчи худкуш ҳужумдир. Даставвал худкуш Исломободдаги меҳмонхона олдида ўзини портлатганди. Бир кун ўтиб эса Пешавор шаҳрида худкуш томонидан амалга оширилган қўпорувчилик оқибатида 15 киши нобуд бўлган эди. Айни пайтда Ашуро байрами муносабати билан Покистон ҳарбийлари жанговар сафарбарлик ҳолатига келтирилгани айтилмоқда.

Ливия ҳукумати болаларга ОИТВ касаллигини атайин юқтиришда айбланган болгариялик беш ҳамширани озод этиш режасини ишлаб чиқди.

Мазкур режага кўра, жабр кўрган оилаларга молиявий ёрдам кўрсатиш эвазига ҳамширалар озодликка чиқарилиши мумкин. Ливия президенти Муаммар Қаззофийнинг ўғли Саиф ал-Исломнинг билдиришича, мазкур масала юзасидан у Болгария ва ЕИ вакиллари билан музокаралар олиб борган. Ливия суди ўтган йил декабрь ойида фаластинлик врач ва болгариялик ҳамшираларни ўлим жазосига ҳукм қилинганди. Улар қон қуйиш орқали 426 болага ОИТВ юқтиришда айбдор топилган эди. ЕИ ва Болгария ҳукумати тиббиёт ходимларининг бегуноҳлигини даъво қилиб келмоқда.

Грузиянинг айирмачи Жанубий Осетия республикасида яна отишма рўй берди.

Бу галги отишма Грузия билан чегарага яқин Эргнети қишлоғида бўлди. Ҳозирча талофатлар ҳақида маълумот тарқатилмади. 28 январь куни Жанубий Осетия пойхахти Цхинвалига яқин бўлган милиция постига қуролли ҳужум уюштирилиши оқибатида уч милиционер яраланган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG