Линклар

Шошилинч хабар
23 август 2019, Тошкент вақти: 01:36

Халқаро янгиликлар

Бағдодда Ироқ полициясининг юқори лавозимли раҳбарларидан бири Али ал-Ёсирийга қарши уюштирилган портлаш оқибатида тинч аҳоли вакилларидан бир киши ҳалок бўлди, олти нафари яраланди.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, пойтахт савдо маркази яқинига қўйилган автомобил портлагани оқибатида Али ал-Ёсирий жабрланмаган.

Ироқ бош вазири Нури ал-Маликий собиқ президент Саддам Ҳусайннинг қатл этилиши мамлакатнинг ички иши экани ва ўз ҳукумати буни танқид қилган давлатлар билан муносабатни қайта кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

“Диктаторнинг қатл этилиши фақат Ироқ халқига тегишли ички масала. Биз ҳукуматларнинг қатлни қораловчи барча расмий ва норасмий баёнотларини рад этамиз. Биз муқаддас кунда амалга оширилган қатл ҳақида айрим давлатлар баёнотини эшитиб ҳайрон қолдик. Чунки улар Саддамнинг 35 йил давомида ушбу муқаддас ишларга аралашиб келганини яхши билади”, – деди ал-Маликий.
Шиа мазҳабидаги бош вазир фикрича, Саддам Ҳусайн устидан ўтказилган суд адолатли бўлган. Унинг ўлдирилгани эса Ироқни бирлаштиришга ёрдам беради. Саддамнинг қатл этилганини қоралаган давлатлар орасида ўлим жазоси қўлланилишига қарши бўлган Европа Иттифоқи ва Миср ҳам бор.

АҚШ президенти Жорж Бушнинг Ироққа қўшимча ҳарбий куч жўнатиш режасига демократлар ва республикачилар вакиллари қарши бўлмоқда.

АҚШ раҳбари Ироқ бўйича ўзининг янги стратегиясини келаси ҳафтада эълон қилиши кутилмоқда. Оқ уй матбуот котиби Тони Сноу мудофаа вазири Роберт Гейтс тавсиясига мувофиқ ҳарбий қўмондонлар ўзгартирилаётганини маълум қилди.
“Менимча, президент Буш бу ўринларга муносиб номзодларни топди. Мудофаа вазири Гейтс ва президент ўзлари таклиф қилаётган номзодлардан мамнун”, – деди Оқ Уй матбуот котиби.
АҚШ президенти режасига кўра, АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари қўмондони генерал Жорж Кейси ўрнини генерал-лейтенант Давид Петрэус эгаллайди. АҚШ Марказий қўмондонлигининг Ироқ ва Афғонистондаги амалиётлар учун мутасадди қўмондони генерал Жон Абизаид эса адмирал Уильям Фаллон билан алмаштирилиши кутилмоқда.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ҳокимият тепасидаги “Ҳамас” гуруҳи етакчилигидаги кучларни Фаластин хавфсизлик тузилмалари билан бирлаштиришни талаб қилди.

М.Аббос уларни “ноқонуний кучлар”, деб атаган. Фаластин раҳбарининг билдиришича, яқинда зўравонликлар рўй бериб, оддий фуқаролар хавфсизлиги таъминланмаганидан кейин у хавфсизлик тизими раҳбарларини ўзгартирган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШни Россиянинг ҳарбий соҳага алоқадор бир неча ширкатига қарши ноқонуний равишда санкция жорий этишда айблади.

Вазирлик баёнотига кўра, санкция қўлланаётган ширкатлар орасида қуроллар савдоси билан шуғулланувчи “Рособоронэкспорт” ҳам бор. 5 январь куни АҚШ Россия, Хитой ва Шимолий Кореяга қарашли бир неча ширкатни Ливия, Сурия ва Эрон билан ҳамкорлик қилаётганликда айблаган ва уларга қарши санкциялар жорий этган эди.

Шри-Ланка пойтахти Коломбодан жанубда худкуш аёл автобусда ўзини портлатгани оқибатида тўққиз йўловчи ҳалок бўлди, элликка яқин одам яраланди.

Бир кун олдин, яъни 5 январь куни бошқа худкуш амалга оширган портлашдан олти киши ўлган, ўнлаб одам яраланган эди. Ҳукумат расмийлари фикрича, ҳужумларни мустақиллик учун кураш олиб бораётган тамиллар амалга оширган.

Испаниялик қутқарувчилар бир ҳафта олдин Мадрид аэропортида содир этилган портлаш оқибатида бино деворлари остида қолиб кетган одам жасадини топди.

Аэропортдаги портлашни тўққиз ой олдин бир томонлама ўт очишни тўхтатган ЭТА айирмачи гуруҳи амалга оширди. Испания шимоли ва Франциянинг жануби-ғарбий минтақасида баскларнинг мустақил давлатини барпо этишни мақсад қилган айирмачилар қарийб 40 йилдан бери олиб бораётган қуролли кураш давомида 800дан ортиқ одам ўлган.

Афғонистоннинг шарқий минтақасида НАТО етакчилигидаги коалиция кучларининг тўрт аскари яраланди.

Пактика вилояти расмийларининг билдиришича, НАТО ҳарбийлари худкуш содир этган портлаш оқибатида яраланган. Улар қайси давлат ҳарбийлари экани маълум қилинмади. Бироқ бу минтақага Америка ҳарбийлар жойлаштирилгани маълум. Шунингдек, шанба куни Қандаҳор вилоятида йўл четига ўрнатилган бомба портлагани оқибатида ҳам НАТОнинг яна бир аскари яраланди.

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Султон бин Абдул Азиз АҚШни Ироқдаги қўшинлари мақсадини қайта кўриб чиқишга чақирди.

Ироқдаги шиаларни қўллаб-қувватлаётган Эронни назарда тутган Саудия расмийси “айрим қўшни давлатлар”ни Ироқнинг ички ишларига аралашувни тўхтатишга даъват этди.

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Аляскада нефть қазиб чиқариш учун бурғалаш ишлари олиб боришни тақиқлашни назарда тутган қонун лойиҳасини муҳокама қилишга киришди.

Бурғулаш ишлари олиб борилиши белгиланган 500 минг гектар майдонда жуда кўп ёввойи ҳайвон ва қуш турларини учратиш мумкин. Атроф-муҳит ҳимоячилари демократлар назоратида бўлган Конгресс АҚШ президенти Жорж Буш рад этган бир неча масала хусусида ижобий чоралар кўришига умид қилмоқда.

Канадада 2010 йилги Қишки Олимпиаданинг очилиш ва ёпилиш маросимлари ўтказиладиган стадион томи қулаб тушди.

Ванкувер шаҳридаги улкан гумбазсимон стадион томининг қулашига ёмон об-ҳаво сабаб бўлган.

Тожикистоннинг шарқий қисмида ҳаво ҳарорати минус 50 даражага тушиб кетди.

Давлат метеорология агентлигининг билдиришича, сўнгги 10 йил ичида мамлакатнинг шарқий тоғли минтақаларида қиш бунчалик совуқ келмаган. Айниқса, мамлакатнинг Хитой билан чегарадош ҳудудларида кучли совуқ қайд этилган. Денгиз сатҳидан 4000 метр баландликда жойлашган мазкур минтақада бир неча қишлоқ бор.

Тожикистон Олий суди собиқ Халқ фронти аъзоларидан беш нафарига узоқ муддатли қамоқ жазоси тайинлади.

Айбланувчилар 1992 йил бошида Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида 19 кишини қатл этишда айбдор топилди. Фуқаролар уруши даврида Халқ фронти аъзолари ҳукумат кучлари билан биргаликда Тожикистон мухолифатига қарши кураш олиб борганди. Тожикистондаги фуқаролар уруши давомида юз мингдан зиёд киши ҳалок бўлган.

Европа Иттифоқи Ироқ ҳукуматининг Саддам Ҳусайн сафдошларидан иккитасини қатл этиш ниятини танқид қилди.

Бу билан ЕИ ўзининг ўлим жазосига мутлоқ қарши эканини яна бир бор таъкидлади. ЕИга раислик қилаётган Германия суд ҳукми ижро этилгудек бўлса, Ироқдаги суннийлар ва шиалар ўртасидаги адоват янада чуқурлашишидан огоҳлантирди. Саддам Ҳусайннинг ўгай укаси Барзан Иброҳим ат-Тикритий ва Инқилобий суднинг собиқ раҳбари Авод ал-Бандар инсониятга қарши жиноят қилишда айбдор топилган ва ўлим жазосига ҳукм этилган. Бироқ ҳозирча ҳукмнинг қачон ижро этилиши маълум эмас.

АҚШ Вакиллар палатасида мамлакат тарихида илк бор мусулмон депутат қасамёдга келтирилди.

Конгресснинг 4 январь куни иш бошлаган бошқа аъзоларидан фарқли ўлароқ, мусулмон депутат Кейт Эллисон Қуръонга қўлини қўйган ҳолда қасамёд қилди. Вакиллар палатасига мамлакат тарихида илк бор аёл киши – Демократик партия вакили Нэнси Пелоси раисликка сайланди.

5 январь куни АҚШ президенти Жорж Буш Миллий разведка хизмати раҳбари Жон Негропонтени давлат котибининг ўринбосари этиб тайинлади.

“Жон Негропонтенинг бой тажрибаси, соғлом фикрлаши, Ироқ ва терроризмга қарши кураш борасидаги фикрлари унинг давлат котиби ўринбосари лавозимига муносиб номзод эканини кўрсатди”, - деди Ж.Буш.
АҚШ ҳукуматидаги бу ўзгаришлар президентнинг Ироққа оид янги стратегиясининг бир қисмидир. Ахборот агентликларининг маълум қилишича, АҚШнинг БМТдаги доимий вакили лавозимини бу вазифадан истеъфо берган Жон Болтон ўрнига АҚШнинг Ироқдаги элчиси бўлиб ишлаётган Залмай Халилзод эгаллаши кутилмоқда. Айни пайтда Афғонистон ва Ироқдаги ҳарбий қўмондонлик раҳбариятида ҳам айрим ўзгаришлар бўлиши айтиляпти. Кейинги ҳафтада АҚШ раҳбари Ироқ борасидаги янги стратегиясини жамоатчиликка эълон қилади. Ҳукумат расмийларининг айтишича, бу режада Американинг Ироқдаги ҳарбийлари сонини вақтинча кўпайтириш кўзда тутилади.

“Ал-Қоида” раҳбарларидан бири Айман аз-Завоҳирий Сомалидаги исломий гуруҳ жангариларини ҳукумат кучларига қарши партизанлик уруши бошлашга чақирди.

Айман аз-Завоҳирийнинг овози ёзилган тасма “Ал-Қоида”нинг Интернетдаги сайтига жойлаштирилди. Ўтган ой охирида Сомали ва Эфиопия ҳарбийлари биргаликда пойтахт Могадишони исломий гуруҳ жангарилари қўлидан тортиб олган эди. Кенияга сафар қилаётган Сомали президенти Абдуллоҳ Юсуф Аҳмад ЕИ, БМТ ва Африка давлатлари дипломатларидан Африка Иттифоқи тинчликпарвар кучларини Сомалига киритишда кўмаклашишга чақирди.

Ироқнинг Басра шаҳрида мамлакатда шартнома асосида ишловчи АҚШ фуқароси ўғирлаб кетилди.

АҚШнинг Ироқдаги элчихонаси ҳам мазкур хабарни текшираётганини маълум қилди. Ўтган ойда Басра шаҳрида америкалик беш ва австриялик бир фуқаро номаълум шахслар томонидан ўғирланиб кетилган эди. Ҳозиргача улар одам ўғриларнинг қўлида қолмоқда.

Хитой президенти Ху Цзинтао расмий Теҳронни БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясини “жиддий қабул қилиш”га чақирди.

Хитой телевидениеси хабарига кўра, Эроннинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси Али Ларижоний билан учрашувда Хитой раҳбари БМТ резолюциясини Эроннинг ядровий иддаолари борасида кенг тарқалган хавотир ифодаси, дея баҳолаган. Ху Цзинтао Эроннинг ядровий дастури масаласида юзага келган қарама-қаршиликни камайтириш учун халқаро ҳамжамият дипломатик уринишларни давом эттириши кераклигини таъкидлади. Хитойга икки кунлик сафарини якунлаган Али Ларижоний Эрон бундан кейин ҳам ядровий технологиялардан тинч мақсадларда фойдаланиш қароридан қайтмаслигини яна бир бор такрорлади.

НАТО етакчилигидаги коалиция кучлари афғонистонлик ота-оналарни ўз фарзандларига қурол ўйинчоқ совға қилмасликка чақирди.

Коалиция тарқатган баёнотда айтилишича, мамлакатда ёш болалар орасида ўйинчоқ қуролларининг кўпайгани, айниқса, ҳайитдан кейин ота-оналар ўз фарзандларига шундай ўйинчоқларни совға қилгани кузатилган. Бу ўйинчоқларнинг аксари ҳақиқий қуролга ўхшайди ва коалиция кучлари уларни ўзига таҳдид сифатида қабул қилиши мумкин.

Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида толибаларнинг 15 жангариси йўқ қилинди.

Вилоят полицияси бошлиғи Муҳаммад Набийнинг маълум қилишича, толиблар ҳукумат кучларига ҳужум қилгандан сўнг жангарилар ва ҳарбийлар ўртасида тўқнашув бошланган. Бошқа бир хабарга айтилишича, жангарилар йўл четига бомба ўрнатаётган пайтда портловчи мослама ишлаб кетгани оқибатида уч жангари ҳалок бўлган.

Грузия-Абхазия чегарасида рўй берган отишма натижасида грузиялик полициячи ҳалок бўлди, яна бири яраланди.

Хабарларга кўра, номаълум шахслар Абхазия ҳудудидан туриб Грузия чегарачиларига қарата ўқ узган. Тбилиси расмийларининг таъкидлашича, бу ҳужум Абхазия Ички ишлар вазирлиги махсус бўлинмаси ходимлари томонидан амалга оширилган. Бироқ Абхазия томони бундай иддаоларни рад этди ва грузиялик полициячи жиноий гуруҳлар тўқнашуви оқибатида нобуд бўлганини билдирди.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос ва бош вазир Исмоил Хония Ғазо минтақасида қон тўкилишига барҳам бериш тўғрисида келишиб олди.

“Биринчидан, биз зўравонликларни ўз ички муаммоларимизни ҳал қилиш воситаси сифатида кўришдан воз кечишимиз даркор. Бу усулдан фойдаланганларни қоралашимиз ва музокараларни ягона ечим ўлароқ танлашимиз керак. Иккинчидан, кўчаларни барча қуролланган шахслардан тозалаб, қонун ва тартибни сақлаш учун полиция ходимларини сафарбар қилишимиз керак”, - деди “Ҳамас” ҳаракати етакчиси Исмоил Хония.
Ўт очишни тўхтатиш борасида бир неча бор келишувга эришилганига қарамай, “Ҳамас” ва “Фатҳ” тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар рўй бермоқда. Сўнгги икки кун мобайнида шундай отишмалар оқибатида саккиз фаластинлик нобуд бўлди.

Россиянинг Ленинград вилоятидаги дискотекада рўй берган портлаш оқибатида беш киши жароҳатланди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, жароҳатланганлардан бири шифохонага ётқизилган. Дастлабки маълумотларга кўра, дискотека залига граната улоқтирилган. Айни пайтда тергов ишлари олиб борилмоқда ва ички ишлар ходимларининг воқеага алоқадорликда гумон қилинган икки ҳарбийни ҳибсга олгани айтилмоқда.


* * * * * * * * * *



Ўзбекистонда нодавлат, нотижорат ташкилотлари фаолиятини кафолатлаш тўғрисидаги қонун кучга кирди.

Ҳужжатга биноан жамоат ташкилотларини маблағ билан фақат давлат таъминлайди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фикрича, мазкур қонун нодавлат ташкилотлари фаолиятини чеклаш мақсадида қабул қилинган. Шу пайтгача Ўзбекистонда бир қатор ҳорижий нодавлат ташкилотларининг ваколатхоналари ёпиб қўйилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG