Линклар

Шошилинч хабар
23 август 2019, Тошкент вақти: 10:28

Халқаро янгиликлар

Россия нефтининг яна икки Европа давлати – Словакия ва Чехияга узатилиши тўхтатилди.

Аввалига рус нефтининг Полша ва Германияга берилиши тўхтаган эди. Ҳар икки давлат ҳукумати Белорус орқали Россия нефти транзитида узилиш рўй берганини кескин танқид қилган.
Германия Иқтисодиёт вазири Михаэл Глос бу борада баёнот берди:
“Россиядан Германияга келадиган нефтнинг 20 фоизи мана шу қувурдан ўтади. Биз Россия ва Белорус ҳукумати тез орада нефтни узатишни тўла тиклайди, деб кутяпмиз. Ҳозир Германия учун тўғридан-тўғри хавф йўқ. Чунки бизда 90 кунга етарли заҳира бор ва бошқа давлатлардан ҳам нефт сотиб олишимиз мумкин. Содир бўлаётган ҳолат эса нефт берувчи асосий манбаларни фақат Шарқдангина топмаслик кераклигини яна бир бор тасдиқлади, холос”.

Рим Папаси Бенедикт XVI ядровий қурол бўҳрони хавфидан огоҳлантирди ва Шимолий Корея ҳамда Эрон ҳукуматларини бу борадаги тарангликни халқаро ҳамжамият билан музокаралар воситасида кўтаришга чақирди.

170 дан ортиқ давлат дипломатлари олдидаги анъанавий чиқишида, понтифик жумладан, Яқин Шарқни “жиддий кескинлик манбаи”, деб атади.
“Яқин Шарқ минтақасидаги ҳар бир одам ўз умидлари эътиборга олинганида ва ўзини тобора хавфсиз сезгандагина ўзаро ишонч тиклана бошлайди. Агар давлатлар, жумладан, ядровий дастури бўлган Эрон халқаро ҳамжамиятнинг қонуний хавотирларига тегишли жавоб берса, бу ишонч ўсиши мумкин”, - деди Рип Папаси Бенедикт XVI.

Европа Иттифоқи эса Россия ва Белорус ҳукуматларидан нефт узатишдаги узилишни изоҳлаб беришни сўрамоқда.

Белорус орқали ўтадиган рус нефти транзити душанба куни эрталаб тўхтаб қолган эди. Расмий Минск барча масъулиятни Москва зиммасига юклади. Яъни, Белорус томонига кўра, Россиянинг “Транснефт” компанияси 2007 йил 1 январдан бошлаб Минск жорий қилган бож тўловини тўлашни истамагани учун Полша, Германия ва Украинага нефт борадиган учта қувурни расман беркитиб қўйган. “Транснефт” компанияси раҳбари Семён Вайншток ҳам бунга жавобан баёнот бериб, 6 январдан Белорус ноқонуний равишда рус нефтини олиб қўя бошлади, деди.

Гамбург суди Муний Мутасаддиқ исмли шахсни 11 сентябр воқеаларига алоқадорликда айблаб 15 йиллик қамоққа ҳукм қилди.

2005 йилда бу шахс “Ал-Қойда”нинг “Гамбург жамоаси” деб номланган гуруҳи аъзоси, деб қўлга олинган ва етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Бироқ, Германия федерал аппеляция суди унинг қамоқ муддатини узайтиришга қарор қилди.

БМТ Қочқинлар билан ишлаш бошқармаси ироқлик қочқинларга тезлик билан ёрдам кўрсатишга чақирди.

Бошқарма ҳисоб-китобига кўра, тинимсиз зўравонликлар туфайли юртини тарк қилаётган ироқлик қочқинларга зарурий ёрдам учун 60 миллион доллар миқдорида маблағ керак. БМТ тахминича, бу йил мамлакат ичидаги қочқинлар сони 2 миллион 300 мингга етиши мумкин. Яна икки миллион қочқин эса шу кунга қадар хорижга, асосан, қўшни давлатларга қочиб чиққан.

Норвегияда Украинага тегишли Ан-22 русумли самолёт учувчиси ва экипажнинг олти аъзоси қўлга олинди.

Улар маст ҳолда учишга уринганликда айбланди. Эндиликда учувчилар катта миқдорда жарима тўлаши ёки ҳибс қилиниши мумкин. Бортида 17 йўловчиси бўлган юк ташувчи самолёт Норвегияда ортилган нефтни қазиб олиш ускунасини Озарбойжон пойтахти Бокуга етказиши керак эди.

Полшанинг яна бир юқори мартабали руҳонийси истеъфо берди.

У ҳам ўтмишда коммунистларнинг махсус хизматлари билан ҳамкорликда айбланмоқда. Януш Белански исмли руҳоний Кракове шаҳридаги бош черковга раҳбарлик қилган. Куни кеча худди шундай сабаб билан Варшава архиепископи Станислав Велгус истеъфога кетган эди.

Иккинчи жаҳон урушидан буён Японияда илк марта Мудофаа вазирлиги иш бошлади.

Вазирликни ташкил қилиш тўғрисидаги қонун декабр ойи ўрталарида қабул қилинган эди. Бунга қадар Японияда мудофаа ишлари бўйича бошқарма ишлаган. 1947 йилда қабул қилинган конституцияга биноан Япония – пацифист – тинчликпарвар, урушга қарши давлат, деб эълон қилинган эди.

Америка олимлари инсон организмида тана ҳужайраларининг янги тури кашф қилинганини маълум қилди.

Бу ҳужайралар хомиладор она қорнидаги ҳомила ўсадиган сувда топилган.
Уэйк Форест университети доктори Энтони Атал бу ҳақда шундай маълум қилди:
“Бу ҳужайралар аслида одам эмбрионининг тана ҳужайралари эмас ва булар етилган тана ҳужайралари ҳам эмас. Бироқ, улар ҳар икки ҳужайра хусусиятларига эга. Яъни, бу янги турдаги тана ҳужайраларидир”, - дейди америкалик олим.
Бироқ, кашф этилган ҳужайралардан илм йўлида фойдаланиш мақсади ҳозирданоқ кескин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Ҳозирча, Ватикан бу кашфиётни қувватлади. Ватиканнинг юқори мартабали вакили кардинал Хавер Лозано, бу келажак сари улкан қадам ва маънавий жиҳатдан мақбул мақсад, деб баҳолади.

Ўзбекистон расмийлари таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг калтакланиши ортида ички ишлар ходимлари турибди, деган иддаоларни рад этди.

49 ёшли Е.Урлаева пайшанба куни 4 нотаниш аёл томонидан шафқатсизларча калтаклаган, ҳуқуқ ҳимоясига оид ҳужжатлари ҳамда сумкасидаги пуллари ўғирлаб кетилган эди. Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, Е.Урлаеванинг калтакланиши ортида у ҳуқуқий хизмат кўрсатишни ваъда қилган маҳбусларнинг қариндошлари турибди. Расмий изоҳга кўра, гўё Е.Урлаева маҳбуслар яқинларидан пул олган, аммо ваъда қилинган хизматни бажармаган.

Бугун маҳаллий вақт билан тахминан кечки соат 22 дан 22 минут ўтганда Тошкентда ер силкиниши кузатилди.

Зилзила кучи Рихтер ўлчови бўйича тахминан 4-5 баллдан кам бўлмагани айтилмоқда. Ҳозирча бу ҳақда бирорта расмий хабар тарқатилгани йўқ. Шунингдек, зилзила маркази ва унинг аниқ кучи борасида ҳам маълумот йўқ.

8 январь куни Бағдодда ироқлик 9 киши ўлдирилиб кетилди.

Бу ҳақда шифохона ходимлари ва хавфсизлик кучларидаги манбалар маълум қилди. Бағдоднинг шиалар яшовчи қисмида номаълум шахснинг ишчилар автобусини ўққа тутиши оқибатида яна ўнлаб одам жароҳатланган. “Рейтер” ахборот агентлиги эса шифохона ходими сўзларига таянган ҳолда бу воқеада камида 15 киши ўлганини хабар қилмоқда.

АҚШ қўмондонлигининг билдиришича, Ироқда америкалик икки аскар ҳалок бўлган.

Улардан бири Салоҳиддин вилоятида исёнчилар билан рўй берган отишмада ўлган. Иккинчиси ҳам Бағдод шимолида жангарилар ўқидан нобуд бўлган. Бағдодда Ироқ хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларда 23 жангари ўлдирилгани маълум бўлди. Мосул шаҳрида икки ва Рамади шаҳрида бир жангари ўлдирилгани хабар қилинмоқда.

Қозоғистон бош вазири Дониёл Аҳмедов ҳозирча номаълум сабабларга кўра истеъфога чиқди.

У бу лавозимда 2003 йилдан буён ишлаб келаётганди. Қозоғистон қонунларига кўра, бош вазир истеъфога чиқса, ҳукумат тарқатиб юборилади. Қозоғистон парламенти 10 январь куни ялпи мажлис ўтказиши кутилмоқда. Унда президент Нурсултон Назарбоев депутатларга янги бош вазир номзодини таклиф этади.

Ироқ ҳукуматининг инсониятга қарши жиноятларни амалга оширишда айбланаётган собиқ расмийлари устидан бораётган суд жараёни ўз ишини қайта бошлади.

“Баас” партиясининг олти собиқ расмийси 1980 йилларда юз минглаб курдни ўлдирганликда айбланмоқда. Асосий айбланувчи Саддам Ҳусайн тўққиз кун аввал осиб ўлдирилганди. Қора курсида ўтирганлар орасида Саддамнинг жияни, “Кимёвий Али” лақаби билан танилган Ҳасан ал-Мажид ҳам бор.

Саддам Ҳусайнни қатл этиш жараёни телевидение орқали намойиш қилинганидан тўққиз кун ўтиб дунёнинг турли бурчакларида уч болакай ўзини осиб ўлдирди.

Энг сўнгги воқеа Саудия Арабистонида рўй берди. Бу ерда 12 ёшли бола ўз жонига қасд қилди. Покистонлик 9 яшар, техаслик ўн яшар болакай ҳам ўзини осиб ўлдирди. Техас полицияси фикрича, америкалик бола ҳам телевидение орқали намойиш этилган қатл жараёнига тақлид қилган.

Эроннинг олий диний раҳнамоси Али Ҳуманаий расмий Теҳрон ядровий технологиядан фойдаланиш ҳуқуқидан воз кечмаслигини маълум қилди.

“Эрон ҳалқи бу ҳаққини ҳимоя қилишда давом этади. Мамлакат расмийларининг Эрон миллатини бундай ҳуқуқдан маҳрум қилишга ваколати йўқ”, - деди оятулло.
Кум шаҳрида омма олдида чиқиш қилган Али Ҳуманаий Эроннинг ядровий дастури борасида жаҳон ҳамжамияти кўрсатаётган босимни қоралади. Бироз аввал айрим сайтларда оятулла ўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотларни рад этиб, Али Ҳуманаийнинг соғ-саломат эканини билдирганди. Али Ҳуманаий 1989 йилдан буён Эроннинг олий диний раҳнамосидир.

Сўнгги кунларда Бангладеш ва Покистонда об-ҳавонинг кескин совиб кетиши оқибатида юздан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Бангладешда ўлганларнинг аксари ёш болалардир. Сибирдан эсган кучли бўрон натижасида Покистоннинг шимол қисмида ҳаво ҳарорати минус 14 даражага тушиб кетди. Қор ёғиши энергия тақчиллиги ҳамда алоқа тармоқларидаги узилишларга сабаб бўлди. Бу давлатларда экин майдонлари ҳам хавф остида қолгани айтилмоқда.

“Human Rights Watch” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ироқ ҳукуматини Саддамнинг икки сафдошини қатл этмасликка чақирди.

Икки кун аввал Ироқ бош вазири Нури ал-Маликий собиқ президент Саддам Ҳусайннинг қатл этилиши мамлакатнинг ички иши экани ва ўз ҳукумати буни танқид қилган давлатлар билан муносабатларини қайта кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Бироқ “Human Rights Watch” ташкилоти фикрича, қатл билан боғлиқ жараёнлар Бағдод ҳукуматининг “мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлигини ҳурмат қилмаслиги”ни кўрсатган. Ташкилот душанба куни эълон қилган баёнотида Саддамнинг икки сафдошини қатл этиш мамлакатда юзага келган аҳволни янада аянчли ҳолатга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилган.

Хитой полициясининг Шинжон-Уйғур мухтор туманида ўтказган амалиёти натижасида террорчи гуруҳларга мансубликда гумон қилинаётган 18 киши ўлдирилди ва 17 киши ҳибсга олинди.

Амалиёт чоғида бир полициячи ҳам ҳалок бўлгани айтилмоқда. Полиция вакилининг билдиришича, мазкур амалиёт Шарқий Туркистон исломий ҳаракатига тегишли лагерда амалда оширилган. Шарқий Туркистон исломий ҳаракати Хитой ғарбида мустақил уйғур давлати қуриш учун узоқ йиллардан бери курашиб келмоқда.

Минск расмийлари Россиядан Беларус орқали Польша ва Германияга етказиб берилаётган нефть ҳажми камайтирилганини маълум қилди.

Беларуснинг “Homel Transneft Druzhba” компанияси вакили Александр Бордоускийнинг маълум қилишича, компания мазкур давлатларга ўтадиган транзит нефть ҳажмини “Белнефткимё” компаниясидан келган буйруққа биноан қисқартирган. Бунга эса Россия ҳамда Беларус ўртасида газ нархи устида давом этаётган келишмовчилик сабаб бўлган. Россиянинг давлатга қарашли “Транснефть” ширкати Беларусни 6 январдан бошлаб “Дружба” қувури орқали Европага юборилаётган нефтни ўғирлаётганликда айблади. Европа Иттифоқининг энергетика масалалари бўйича мутасаддиси Андрис Пиебалгс Беларус ва Россия ҳукуматларидан нефть етказиб берилиши камайгани борасида тушунтириш талаб қилди.

Наблус шаҳри ҳокимининг ўтган ҳафтада Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида ўғирлаб кетилган ўринбосари Ихаб Ҳанбалий озод этилди.

“Фатҳ” партиясининг қуролли қаноти бўлмиш “Ал-Ақсо жафокашлари бригадаси” жангарилари “Ҳамас” ҳаракати вакили И.Ҳанбалий ўғирланиши учун жавобгарликни ўз зиммасига олган эди. 7 январь куни Ғазода “Фатҳ” ва “Ҳамас” тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувларда 3 киши нобуд бўлди.

Озарбойжон “Газпром” ширкати билан газ нархи борасидаги тортишувга жавобан Россияга нефть экспорт қилишни тўхтатишини маълум қилди.

Озарбойжонга қарашли “СОКАР” фирмаси вакили Мухтор Бобоевнинг “Франс пресс” ахборот агентлигига билдиришича, фирма 1 январь куни Россияга нефть етказишни бутунлай тўхтатган. Бу нефть мазутга айлантирилади ва шу пайтгача Россия гази ҳисобига ишлаган электр станцияларини ёнилғи билан таъминлашга йўналтирилади. Россия Озарбойжондан ҳар бир минг куб метр газ учун 230 АҚШ доллари тўлашни талаб қилмоқда. Бироқ Озарбайжон бунга кўнмаяпти. 1 январгача Озарбойжон Россия газини 110 доллардан сотиб олар эди.


* * * * * * * * * *



Ироқ ҳукумати Бағдод шаҳрига қўшимча ҳарбий киритишни режаламоқда.

Ироқ Бош вазири маслаҳатчиларидан бирининг айтишича, икки йирик ҳарбий бригада кўмагида шаҳарда кенг кўламли амалиёт ўтказилади.
Сўнгги кеча кундуз давомида Бағдодда Американинг 5 аскари, Ироқ ҳарбийларидан эса 14 аскар отишма ҳамда портлашлар чоғида ўлдирилган. Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари бош қўмондони генерал-лейтенант Раймонд Одиернонинг айтишича, Ироқда исёнчилар хуружини бостириш ва мамлакат хавфсизлик кучларини бунга тайёрлаш учун АҚШ ҳарбийларига яна икки ёки уч йил муддат керак. Намояндалар палатаси спикери, демократ Нэнси Пелоси Вашингтонда баёнот бериб, АҚШ президенти Бушнинг Ироққа яна қўшимча ҳарбий жўнатиш тўғрисида кутилаётган режасини диққат билан кузатиб боришни ваъда қилди.

Грузияннинг 60 га яқин юк ташувчи автомобиллари Транскавказ магитсрал йўлининг Россияга кираверишдаги Нижний Зарамаг божхона постини тўсишда давом этмоқда.

Россия ҳукумати Грузия мандаринлари ортилган юк машиналарининг мамлакатга киришини таъқиқлаб қўйди. Бундан норози ҳайдовчилар уч кундирки йўлни бўшатишдан бош тортмоқда. Россия томони Грузия билан савдо, транспорт ва алоқа соҳасида ҳамкорликни тўхтатиб қўйган. Ўтган йили кузда россиялик тўрт амалдор хуфяликда айбланиб Тблисида қўлга олинганидан сўнг Россия томони шундай қарор қабул қилган эди. Ҳайдовчи ва савдогарларнинг учинчи кун давом этаётган норозилиги борасида эса, Россия ҳукумати, бу ҳаракат тўхталиши керак, деб муносабат билдирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG