Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 18:17

Халқаро янгиликлар

Руминия президенти Траян Бэсеску қўшни Молдовадан миграция тўлқини кутилаётганини билдирди.

Унинг фикрича, молдоваликларнинг Руминияга интилаётганига сабаб бу мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилаётганидадир. Президент 2007 йилда қарийб 1,5 миллион молдовалик Руминия фуқаролигини сўраб мурожаат қилиши кутилаётганини таъкидлади.

Сўнгги икки ҳафта мобайнида Ироқда Американинг тўрт вертолёти уриб туширилди.

АҚШнинг Ироқдаги қўмондонлиги вакили генерал Уильям Колдуэлл Бағдодда бу ҳақда маълум қилар экан: “Қўшинимиз бу ерга келганидан бери рақиб тактикамизга мослашиб, бизга талафот етказишни ўрганиб олди. Шунинг учун биз тактикамизни ўзгартирамиз, жанг олиб бориш техникаси ва усулларини такомиллаштирамиз, мақсадимиз Ироқ қўшинлари ва коалиция кучларини самарали қўллаб-қувватлашдир”, - деди.

Индонезия пойтахти Жакартада юз берган кучли сув тошқини оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди, 190 минг киши бошпанасиз қолди.

Уч кеча-кундуз давомида ёққан тропик жала туфайли дарёлар тошиши оқибатида минглаб уй, мактаб ва шифохона сув остида қолди, транспорт қатнови, электр ва сув таъминоти издан чиқди. Юқумли касалликлар эпидемияси бошланиш хавфи пайдо бўлди. 9 миллион киши яшайдиган Жакартада фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

НАТОнинг Афғонистондаги кучлари қўмондонлигини АҚШ армияси генерали Дэн МакНейл қабул қилиб олди.

Қўмондонликни топшириш маросими якшанба куни пойтахт Кобулда, мамлакат президенти Ҳомид Карзай иштирокида ўтказилди.
“Афғонистондаги халқаро кучларга аъзо давлатларга демоқчиманки, олдимизга қўйилган вазифани бажариш бурчимиздир ва биз уни бажарамиз”, - деди НАТО кучларининг янги қўмондони Дэн МакНейл.
Дэн МакНейлгача НАТО кучларига британиялик генерал Дэвид Ричардс қўмондонлик қилиб келаётган эди. НАТОнинг Афғонистондаги кучлари сафларида 33 минг аскар бор.

Афғонистонда НАТО кучлари ҳаводан берган зарбадан толибларнинг дала қўмондони ҳалок бўлди.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг гувоҳлик беришича, НАТО кучлари ташлаган бомба пайшанба куни Мусоқалъа шаҳрини назоратига олган толибларга қўмондонлик қилаётган мулла Ғофирнинг машинасига тушган. НАТО кучлари Мусоқалъа шаҳридан ўтган йилнинг октябрида, маҳаллий оқсоқоллар бундан буён шаҳарга қуролли толиблар киритилмаслигига ишонтиргандан сўнг чиқиб кетган эди.

Ингушетиянинг Малгобек шаҳрида шанба куни ўтказилган амалиёт чоғида ўлдирилган жангарилар Ингушетия муфтийсига суиқасд қилишда гумонланаётган эди.

Бу ҳақда Ингушетия Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотга таяниб “Интерфакс” хабар қилди. Муфтий Иса ҳожи Ҳамхоев ва унинг ўғлига 31 январь куни ҳужум қилинган, ота-бола яраланган эди. Шанба куни Малгобек шаҳрида амалга оширилган операция чоғида кўп қаватли уйнинг квартираларидан бирига яшириниб олган 4 жангари ўлдирилди, милициянинг бир ходими енгил жароҳат олди.

Фаластиндаги “Фатҳ” ва “Ҳамас” гуруҳлари ўртасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришилганига қарамай, Ғазо шаҳрида ўқтин-ўқтин ўқ овози эшитилиб турибди.

Фаластин мухторияти раиси, “Фатҳ” лидери Маҳмуд Аббос соқчилик хизматининг аввалроқ ўқ еган икки ходими шифохонада жон берди. Тўқнашувлар давом этган сўнгги 4 кун мобайнида Ғазо минтақасида 28 киши нобуд бўлди.

Ироқ ҳукумати вакили Али ад-Даббаҳ Бағдоддаги зўравонликларнинг ярми Суриядан келаётган жангариларнинг иши, дея баёнот берди.

У телевидение орқали қилган чиқиши чоғида баёнотига асос бўладиган далиллар расмий Дамашққа тақдим этилганини айтди. Якшанба куни Бағдодда 5 киши зўравонлик қурбони бўлди, 7 киши жароҳат олди. Шаҳарнинг суннийлар истиқомат қиладиган мавзеида полиция патрули минага дуч келиб, тўрт полициячи ўлди, яна тўрт нафари яраланди. Ироқ пойтахти марказида снаряд портлаб яна бир одам – аёл киши нобуд бўлди, 3 фуқаро яраланди. Шанба куни эса Бағдодда амалга оширилган портлаш оқибатида камида 130 киши ўлган, 300 одам яраланган эди.

Бангладешда юқори лавозимли давлат амалдори ва сиёсатчилардан ўндан ортиғи ҳибсга олинди.

Ҳукуматга қарши бир неча ҳафта давом этган оммавий норозиликлардан сўнг 11 январь куни мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилган эди. Январнинг охирида ўтказилиши режалаштирилган умумхалқ сайлови номаълум муддатга кўчирилди. Бангладешнинг ўтиш даври ҳукумати сайлов ўтказиш ва юқори лавозимли давлат амалдорлари орасидаги коррупцияга барҳам беришни ваъда қилди.

АҚШ президенти Жорж Буш Конгрессдан Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун 245 миллиард доллар ажратишни сўрамоқчи.

Оқ уй вакилининг билдиришича, президент Конгрессга бу масала юзасидан душанба куни мурожаат қилмоқчи. Жорж Буш Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун жорий йилда тақрибан 100 миллиард, келаси йил учун эса 145 миллиард доллар ажратишни таклиф қилишни мўлжаллаган.

АҚШ президенти Жорж Буш “республикачиларнинг ҳам, демократларнинг ҳам мақсади битта – Американи ҳимоя қилиш” экани ҳақида баёнот берди.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари бўлган демократларнинг Виржиния штатидаги Уильямсбург шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида қилган чиқиши чоғида Ж.Буш, жумладан: “Мен уруш пайтида мунозаралар бўлишини олқишлайман ва умид қиламанки, сиз буни биласиз. Орангиздан кимнингдир фикримга қўшилмаслиги унинг ватанпарварлиги даражаси меникидан пастроқ, дегани эмас. Бундай дейиш хаёлимгаям келмайди, сиз ҳам бундай ўйламанг. Тўғри, ҳозир оғир дамлар, лекин сиз ҳам мен каби мамлакатимизни ҳимоя қилишга ҳаракат қилаётганингизга заррача ҳам шубҳам йўқ”, - деди.
Конгресснинг Демократик партиядан сайланган аъзолари президентнинг Ироққа қўшимча куч юбориш тўғрисидаги қарорига қарши резолюция лойиҳасини муҳокама қилмоқда.

Худкуш кимса Бағдоднинг Ал-Садрия туманида юк ташувчи машинага ўрнатилган бомбани портлатгани оқибатида 100дан ортиқ одам нобуд бўлди, камида 200 нафар фуқаро яраланди.

Хабарларга кўра, юк машинаси, асосан шиалар яшайдиган тумандаги бозор яқинида портлаган. Воқеа тунги коммендантлик соати тугаб, бозор савдо қилгани келган одамлар билан гавжум бўлган пайтда содир бўлган.

Ироқ шимолидаги нефтга бой бўлган Киркук шаҳрида бир нечта портлаш содир этилди.

Натижада икки одам нобуд бўлди 30 нафари яраланди. Полиция маълумотига кўра, жабрланганлар орасида тинч аҳоли вакиллари ва хавфсизлик кучлари ходимлари ҳам бор. Шаҳардаги портлашлардан бири Курдистон Демократик партияси бошқаси Курдистон ватанпарварлар иттифоқи партияси жойлашган бинолар яқинида содир этилган.

Афғонистон ҳукумати қўшинлари ва Британия кучлари шу ҳафта толиблар босиб олган Муса Қала шаҳарини қайта эгаллашга тайёргарлик кўрмоқда.

Қабила оқсоқоллари шаҳарга ҳарбий кучлар киритмаслик ҳақида Афғонистон ва Британия кучлари билан келишув имзолаган эди. Шунга қарамай, 200 – 300 нафар қуролланган толиблар 1 феврал куни Муса Қалага кириб полиция ходимларини қуролсизлантирган ва шаҳарни ўз назоратига олган.
Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Замарий Башарий шаҳар толиблар назоратига ўтганидан кейин битм кучини йўқотганини айтди: “Туманга ҳужум уюштирилганда келишув бузилди ва унга риоя қилинмади. Ҳозир биз шаҳар аҳолиси тинч ҳаёт кечириши учун қандай чоралар кўриш кераклиги ҳақида ўйлаяпмиз”.
Британия аскарлари Афғонистонга жойлаштирилган НАТО етакчилигидаги халқаро тинчликпарвар кучларнинг бир қисми ҳисобланади.

Ғазо секторида фаластинлик рақиб гуруҳлар ўртасида содир бўлган қуролли тўқнашувлар оқибатида камида саккиз одам яраланди.

“Ҳамас” ҳаракати раҳбарларидан бири, Фаластин бош вазири Исмоил Хония “Фатҳ” гуруҳи раҳбари, Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан учрашувдан кейин қуролли гуруҳларни Ғазони тарк этишга чақирди. Маҳмуд Аббос билан иттифоқчи бўлган хавфсизлик кучлари сўнгги кунларда “Ҳамас”нинг бош қароргоҳи ҳисобланган Исломий университетга ҳужумлар уюштирган эди. И.Хониянинг билдиришича, мазкур ҳужумлар оқибатида университет биносига 15 миллион долларлик зарар етган. 2 февраль куни ҳокимият тепасидаги “Ҳамас” ва “Фатҳ” вакиллари ўт очишни тўхтатиш ва қуролли гуруҳларни шаҳардан олиб чиқиш ҳақида сўзлашувни давом эттиришга принципда келишган эди. Томонлар аввал эришилган келишувга риоя қилгани йўқ.

Ироқлик шиалар олий руҳонийси оятулло Али Систоний мусулмонларни бирлашишга ва мазҳаблараро зўравонликни тўхтатишга чақирди.

У суннийлар ва шиалар ўртасида асрлар давомида фарқ бўлиб келгани, аммо бу қон тўкиш учун сабаб бўла олмаслигини таъкидлади.

2 февраль куни Бағдодда АҚШ ҳарбий вертолётининг қулаб тушиши оқибатида икки экипаж аъзоси ҳалок бўлди.

Аммо АҚШ бу ҳалокат сабаблари ҳақида маълумот тарқатмади. Шунга қарамай, “Апачи” русумли жанговар вертолёт душман ўт очгани натижасида ерга қулаган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бу тўрт ҳафтадан камроқ вақт давомида АҚШнинг Ироқда ҳалокатга учраган тўртинчи ҳарбий вертолётидир.

Саудия Арабистонининг терроризмга қарши кураш идораси ходимлари шубҳали ташкилотларга пул йиғиш билан шуғулланишда гумон қилинган 10 шахсни қўлга олди.

Давлатга қарашли “Saudi Press Agency” ахборот агентлиги қўлга олинган шахсларнинг тўққиз нафари саудиялик, бири чет эллик эканини билдирди. Улар Жидда ва Макка шаҳарларида ушланган. АҚШнинг иттифоқчиси бўлган Саудия ҳукумати Саудлар оиласини ҳокимиятдан ағдариш кампанияси олиб бораётган “Ал-Қоида” гуруҳига қарши курашмоқда.

АҚШ ҳарбий прокурори терроризмга алоқадорликда гумонланиб Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган уч маҳбусга айблов эълон қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

Пентагоннинг маълум қилишича, Австралия, Яман ва Канада фуқароси бўлган маҳбусларга айблов эълон қилиниб, иши судга ошишидан аввал уни АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийлари кўриб чиқади. Маълумотларга кўра, уларга қотиллик, фитна уюштириш, терроризмга алоқадор материаллар билан таъминлаганлик ва бошқа айбловлар қўйилган.

Покистоннинг шимоли-ғарбий қисмидаги Танак шаҳрида худкушнинг Покистон армияси карвонига уюштирилган ҳужуми оқибатида камида икки ҳарбий ҳалок бўлди, олти нафари яраланди.

Портлаш ҳарбий карвон Жанубий Вазиристон вилоятига кетаётган пайтда содир этилди. Бу вилоятда Покистон ҳарбийлари толиблар тарафдори бўлган жангариларга қарши кураш олиб бормоқда.

Сахалин ороли қирғоғида россиялик 442 балиқчини қутқариш ишлари тугади.

Қирғоқдан узилган муз бўлаклари балиқчиларни Охотск денгизига оқизиб кетган эди. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, қутқариб олинган балиқчиларнинг ҳаммаси ўзини яхши ҳис қилмоқда.

Покистонда Муҳаммад с.а.в.ни ҳақорат қилган насроний аёл ҳибсга олинди.

Полиция маълумотига кўра, 40 ёшли Марта Биби Лаҳор шаҳридан жанубда жойлашган қишлоқда қўлга олинган. У динга қарши бирор гап айтганини эслай олмаслигини таъкидлаб кечирим сўраган. Бундай жиноят учун Покистонда ўлим жазоси белгиланган. Аммо ҳозиргача бундай айблов билан ўлим жазоси ижро этилмаган. Чунки Олий суд далиллар етишмаслигини сабабли ҳукмларни бекор қилиб келган.

Буюк Британиянинг Саффолк фермасида икки минг 600та курка парранда гриппидан нобуд бўлди.

Европа комиссиясининг билдиришича, лаборатория анализи куркалар парранда гриппининг H5N1 вирусидан ўлганини кўрсатган. Бу вирус одамни ҳам ўлимга олиб келиши мумкин. Буюк Британия соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари касаллик тарқалиши хавфи йўқлигини таъкидламоқда.

АҚШнинг Флорида штатида бир вақтнинг ўзида бўрон ва тўфон рўй бериши оқибатида 19 одам нобуд бўлди.

Табиий офат штатнинг марказий қисмида 65 километр масофада жойлашган юзлаб турар-жой ва бошқа биноларни вайрон қилди. Бу Флорида штатида сўнгги ўн йил мобайнида содир бўлган энг мудҳиш бўрон ва тўфон экани айтилмоқда.

Андижонлик қочқинлар Германия Бош прокурорининг Ўзбекистоннинг собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматовни жиноий жавобгарликка тортмаслик тўғрисидаги қарорига қарши шикоят аризаси ёзди.

Германия федерал прокурори 2005 йил декабрь ойида фожеа қурбонлари шикоят аризасига рад жавоби берган эди. “Human Rights Watch” ташкилоти Германия прокурорининг бу хатти-ҳаракатини қоралаган. Устидан шикоят аризаси топширилишидан аввал З.Алматов Германияга келиб даволаниб кетган эди. Расмий Тошкент Андижонда қуролланган жиноятчиларга қарши амалга оширилган операция чоғида 189 киши ўлганини айтиб келади. Бироқ гувоҳлар ҳарбийларинг ўт очиши оқибатида мингга яқин киши ҳалок бўлганини билдирган. Бундан ташқари, юзлаб одам қўшни Қирғизистонга қочишга мажбур бўлган ва БМТ ёрдами билан бошқа мамлакатлардан, жумладан, Германиядан бошпана олган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG