Линклар

Шошилинч хабар
23 август 2019, Тошкент вақти: 20:31

Халқаро янгиликлар

Расмий Теҳрон ҳибсда қолаëтган 15 британиялик денгизчининг кейинги тақдири Лондоннинг навбатдаги ҳатти-ҳаракатига боғлиқлигини таъкидлади.

Мамлакат ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий Эрон томони Британия ҳукуматидан мазкур вазиятда ўзини тутишни ўзгартиришини кутаëтганини билдирди. Теҳрон дипломатлари раҳбари¸ воқеа юзасидан оммавий ахборот воситалари орқали Эрон ҳукуматига ҳужум уюштириш¸ вазиятни фақат таранглаштиришидан огоҳлантирди. Европа Иттифоқининг жорий раиси бўлган Германия канцлери Ангела Меркел¸ денгизчилар тақдири устида Теҳрон ва Лондон орасида юзага чиққан зиддиятда иттифоқ тўлиғича Британия тарафида эканини билдирди. АҚШ президенти Жорж Буш эса¸ Британия ҳарбийларининг Эрон томонидан ҳибсга олинишини оқлаб бўлмас ҳаракат дея баҳолади.
“Эронликлар гаровга олинганларни қўйиб юбориши керак. Улар бегуноҳ ва бирор ножўя иш қилганлари йўқ. Мен буни оқлаб бўлмас ҳаракат деб баҳолайман”, - деди Жорж Буш.
Британия ҳарбий денгиз кучларига қарашли кема экипажи 23 март куни Форз кўрфазида Эрон ҳарбийлари томонидан ҳибсга олинди. Кеманинг ўз сув ҳудудларига ноқонуний ўтганини таъкидлаëтган Теҳрон¸ воқеа учун Лондондан узр сўрашни талаб қилмоқда. Аммо ўз кемаси Ироқ сувларида бўлганини таъкидлаëтган Британия ҳукумати¸ бундай талабни мутлақ рад этмоқда.

Ироқ расмийлари асосан шиалар яшовчи Тал Афар шаҳрида амалга оширилган ҳужум қурбонлари сони 152 тага етганини маълум қилди.

Бу эса¸ Ироқда тўрт йилдан бери давом этаëтган урушда қайд этилган энг қонли террор амалиëтидир. 27 март куни шаҳар марказида портловчи модда тўлатилган юк машинаси портлаши оқибатида қатор бинолар қулаб тушди ва қурбонлар сони вайроналар остидан топилган жасадлар ҳисобига ошиб бормоқда. Ҳужум учун Ироқдаги ал-Қайда жанггарилари айбланмоқда. Ҳисоб-Китобларга кўра¸ биргина март ойининг ўзида Ироқда 1900 тинч фуқаро нобуд бўлган.

Украинада сиëсий бўҳрон ҳукм сурмоқда.

Пойтахт Киевда бир-бирига мухолиф гуруҳлар тарафдорларининг намойишлари тўхтовсиз давом этмоқда. 31 март куни президент Виктор Юшченко агар депутатлар эришилган келишувларга ҳурмат кўрсатиб¸ конституцияга амал қилмасалар¸ парламентни тарқатиб юборажагидан огоҳлантирди. Ғарбга хайрихоҳ мухолифатнинг ўн минглаб тарафдорлари Мустақиллик майдонига тўпланиб¸ Юшченкодан парламентни тарқатиб¸ мамлакатда муддатидан аввал сайловлар эълон қилишни талаб қилди. Бош вазир Виктор Януковичнинг россияпараст тарафдорлари ҳам пойтахтда кичикроқ намойиш ўтказдилар. Улар олдида сўзлаган Янукович¸ парламентни тарқатиш учун президентда ҳеч қандай асос йўқлигини билдирди. Президент Юшченко мамлакатда юзага чиққан сиëсий бўҳронга барҳам бериш ниятида парламент фракциялари билан учрашишини билдирди.

Бугун Россияда мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқи¸ шунингдек чакана савдо билан шуғулланишга рухсатномаси бўлмаган хорижийларнинг бозорларда савдо билан шуғулланишини таъқиқловчи қонун кучга кирди.

Расмийларга кўра¸ бу қонун россияликларнинг савдо билан шуғулланишини рағбатлантириш ва ноқонуний муҳожирларга қарши курашишни назарда тутади. Қонун мухолифлари эса¸ унинг Россия бозорларидаги истеъмол молларининг камайиши ва нарх-навонинг кўтарилиб кетишига элтишини башорат қилмоқдалар.

Расмий сафар билан Исроилга келган Германия канцлери Ангела Меркел¸ Қуддусдаги Яд Вашем музейига бориб¸ нацистлар қўлида нобуд бўлган ҳолокаст қурбонларига эҳтиром кўрсатди.

Европа Иттифоқи президенти сифатида Фаластин-Исроил тинчлик музокараларини қайта давом эттириш уринишларини олиб бораëтган Меркел¸ кеча Иорданияда қирол Абдуллоҳ билан учрашди. Исроил ва Фаластин етакчилари билан учрашувдан сўнг Меркелнинг Ливанга бориши режаланган.

Бугун минглаб грузияликлар мамлакатнинг мустақилликка эришгандан кейинги биринчи президенти Звиад Гамсахурдия хокини қайта дафн этиш маросимида қатнашдилар.

Гамсахурдия жасади ўтган ҳафта Чеченистондаги қабридан ўз ватанига қайтарилган эди. Биринчи президент жасади Тбилисининг машҳур ижодкорлар кўмилган қабристонига қўйилди. Жорий президент Михаил Саакашвили Гамсахурдияни Грузия мустақиллигининг отаси дея атади. Гамсахурдия 1992 йилги қуролли тўнтаришдан сўнг ҳокимиятдан ағдарилган эди.

Бугун Непал пойтахти Катмандуда беш собиқ коммунист исëнчиси мамлакатнинг ўтиш даври ҳукумати аъзоси ўлароқ қасамëдга келтирилди.

Непалда ўн йил давом этган фуқаролик урушига барҳам беришни мақсад қилган ҳозирги ҳукумат июн ойида парламент сайловлари ўтказлишини эълон қилган. Янги парламентнинг эса¸ Непал конституциясини қайта ëзиб чиқиши ва монархия тақдирини ҳал этиши кутилмоқда. Ўтган йил қирол Гиянендра ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг¸ маочи исëнкорлар қуролларини ташлашга қарор қилдилар.

Туркия хавфсизлик кучлари бугун фаолияти таъқиқланган Курдистон ишчилар ҳаракати жанггариларидан учтасининг ўлдирилганини билдирдилар.

Айтилишича¸ Сирнак вилоятининг Бестлер районида Туркия томонидан террорчи гуруҳ деб қараладиган ПКК ва хавфсизлик кучлари ўртасида қуролли тўқнашув юзага чиққан. Туркия жануб-шарқида 1987 йилдан бери содир бўлиб келаëтган ўзаро тўқнашувлар оқибатида ҳозирга қадар 37 минг одам нобуд бўлган. Айни пайтда¸ бугун Брюсселда курд ва турк миллатига мансуб муҳожирлар ўртасида тўқнашув юзага чиқди. Курд кафеси ëқиб юборилганидан сўнг бошланган тўқнашувни тарқатиш учун полиция сув сепишга мажбур бўлган. Курдлар туркларни кафега ўт қўйганликда айбламоқдалар.

Эроннинг Москвадаги элчиси Ғуломризо Ансорий Буюк Британиянинг эронликлар томонидан ҳибсда сақланаётган 15 ҳарбий денгизчиси жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида баёнот берганини рад этди.

Ғ.Ансорийнинг Эрондаги расмий ИРНА ахборот агентлигига айтишича, Россиянинг “Вести-24” телеканалига 30 март куни берган интервьюси нотўғри таржима қилинган.
“Агар айбдор бўлмаса, британиялик ҳарбийлар қўйиб юборилади. Бироқ бу борада қонуний жараён давом этяпти ва у якунланиши керак. Агар улар айбдор топилса, жазоланади”, – деган эди элчи “Вести-24”га берган интервьюсида.
ЕИ ташқи ишлар вазирларининг Германияда ўтаётган йиғилишида қатнашаётган Буюк Британия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Маргарет Беккет эса Лондон расмийлари Эронга дипломатик нота билан жавоб бергани ва томонлар сўзлашув бошлаганини маълум қилди. Эронни юзага келган муаммони тинч йўллар орқали ҳал этишга чақирган М.Беккет бу борада бошқа маълумот бермади.

Украина президенти Виктор Юшченко ўз тарафдори бўлган “Бизнинг Украина” партиясининг Киевда ўтган йиғилишида сўзга чиқиб, парламентни тарқатиб, янги сайлов ўтказиш билан таҳдид қилди.

“Агар парламентдаги кўпчиликнинг хатти-ҳаракати конституцияга асосланган ҳолатга қайтарилмаса, мен парламентни тарқатиб юбориш ҳақидаги фармонга имзо чекаман”, - деди В.Юшченко.
Киевнинг мустақиллик майдонида В.Юшченконинг бир неча минг тарафдори намойиш ўтказди. 300 метрча наридаги Европа майдонида эса президентнинг сиёсий рақиби бўлган бош вазир Виктор Януковичнинг бир неча минг тарафдори митинг уюштирди. Икки намойиш тўсиқлар билан ажратиб қўйилди ва ўртага милиция кучлари жойлаштирилди. Ҳар икки намойиш рок қўшиқчилари концерти билан якунланди.

Афғонистон шифохоналарига ёрдам кўрсатаётган Италиянинг “Emergency” ноҳукумат ташкилоти ўз фаолиятини тўхтатиш билан таҳдид қилди.

Бунга ташкилотнинг Лашкарғор шаҳридаги шифохона лойиҳаси раҳбари Раҳматулла Ҳанафийнинг Афғонистон махфий хизмати ходимлари томонидан 20 март куни қўлга олингани сабаб бўлди. Р.Ҳанафий толиблар гаровда ушлаб турган италиялик журналист Дэниел Мастрожиакомони озод қилиш хусусида сўзлашув ўтказганидан бироз ўтиб ушланган. Римда эса 20 мингга яқин италиялик Р.Ҳанафий ва Д.Мастрожиакомонинг таржимони Ажмал Нақшбандий озод этилиши талаби билан намойиш ўтказди.
Уруш зоналарида фаолият юритувчи “Emergency” ташкилоти асосчиси Жино Страданинг “Озодлик” радиосига айтишича: “Раҳматулла ҳеч қандай ножўя иш қилмаган. У Италия ҳукумати илтимосига кўра, “Emergency” сўраган ишни қилган. У фақат толиблар билан мулоқотда бўлган ва гаровдагилар озод этилиши ҳақидаги мактубни уларга топширган, холос”.

Иорданияга сафар қилаётган Германия канцлери Ангела Меркел мазкур мамлакат подшоҳи Абдулоҳ билан музокара ўтказгандан кейин Яқин Шрақ тинчлик жараёнини жонлантириш учун ЕИ Исроил ва Фаластинга ёрдам бериш ниятида эканини билдирди.

Минтақага уч кунлик сафари доирасида А.Меркелнинг Фаластин, Исроил ва Ливанга ҳам бориши режалаштирилган.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси раиси Нэнси Пелосининг Яқин Шарқ минтақасига сафари чоғида унга Конгресснинг биринчи мусулмон аъзоси Кейт Эллисон ҳам ҳамроҳлик қилмоқда.

АҚШ делегациясининг Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт ва Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан учрашиши режаланган. 1 апрель куни эса Пелоси хонимнинг Исроил парламенти – Кнессет аъзоларига мурожаат қилиши кутилмоқда. Бу делегация Сурия, Ливан ва Саудия Арабистонига ҳам сафар қилади.

Бағдоднинг шиалар яшайдиган Садр шаҳарчасидаги шифохона яқинида машинага ўрнатилган бомба портлатилиши оқибатида камида 5 одам нобуд бўлди, бир неча фуқаро яраланди.

Ироқ марказидаги Ҳилла ва шимолдаги Дуз шаҳарларида ҳам машинага ўрнатилган бомбалар портлади. Бу портлашларда камида тўрт киши ўлди.

Покистонда “ҳаво-ҳаво” русумли қисқа масофага учувчи қанотли ракета синови ўтказилди.

Покистон ҳарбийлари “Абдали” номини олган ракета синови муваффақиятли бўлганини билдирди, аммо бошқа маълумот тарқатмади. Покистонда ишланган бу ракета 200 километр масофага уча олиши айтилмоқда.

Ироқ адлия вазири, сунний мазҳабидаги Ҳошим аш-Шиблий ўз партияси Бағдод ҳукумати билан келиша олмагани боис истеъфога чиқиш ҳақида ариза бергани ва айни пайтда унинг жавобини кутаётганини билдирди.

Ҳ.аш-Шиблий раҳбарлик қилаётган партия аъзолари Ироқ парламентидаги 275 та ўриннинг 25 тасини эгаллаган.

Глобал иқлим исиши жараёнига қарши кураш чораси сифатида Австралиянинг Сидней шаҳри кўчаларида чироқлар шанба куни бир соатга ўчириб қўйилди.

Тадбир давомида Сидней опера театри афишалари прожекторлар билан ёритилмади, ресторанларда чироқлар ўчирилиб шамлар ёқилди, шаҳардаги 50 мингдан ортиқ хонадонда ҳам чироқлар ёқилмади.

Покистоннинг Афғонистонга чегарадош ҳудудларида маҳаллий пуштун қабиласи вакиллари ва “Ал-Қоида”га алоқадор жангарилар, жумладан, Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари ўртасида яна тўқнашувлар бўлди.

Покистон ички ишлар вазири Офтоб Шерпаонинг айтишича, бу жангларда 54 киши ҳалок бўлган. Аввалроқ Покистон расмийлари Жанубий Вазиристоннинг Вана шаҳридаги тўқнашувларда ўзбек жангариларидан ўн нафари йўқ қилингани, 9 таси жароҳатлангани, бири эса маҳаллий қабила жангчилари томонидан қўлга олинганини билдирганди. Бу минтақада март ойи ўрталарида ҳам маҳаллий қабилалар ҳамда асосан, чечен ва ўзбеклардан иборат жангарилар ўртасидаги қонли тўқнашувларда 160дан ортиқ жангари ва маҳаллий аҳоли вакиллари ҳалок бўлганди. Маҳаллий аҳоли 500га яқин ўзбек ва чечен жангариси 1,5 минг маҳаллий жангчи томонидан Жанубий Вазиристоннинг тоғли ҳудудларида қуршовга олинганини маълум қилмоқда.

Бағдодда пайшанба кунги қўпорувчилик амалиётлари оқибатида қурбон бўлганлар сони 82 кишини ташкил этди.

Пойтахтнинг шиалар яшайдиган мавзеида амалга оширилган иккита ҳужум оқибатида 140га яқин фуқаро жароҳатланди. Бағдоднинг шиалар истиқомат қиладиган Халис шаҳарчаси бозорида учта машина портлатилишидан эса 50 фуқаро ўлди, ўнлаб одам яраланди. Радикал шиа уламоси Муқтадо ас-Садр Ироқдаги нотинч вазият учун АҚШни айблади ва мамлакат халқини 9 апрель куни оммавий норозилик намойиши ўтказишга чақирди.

Қирғизистон парламенти бош вазир лавозимига тақдим этилган мухолифатчи Олмос Отамбоев номзодини маъқуллади.

Хабарларга кўра, парламентнинг 48 депутати бу номзодни қўллаб қувватлаган. О.Отамбоев парламентдаги чиқишида мамлакатни сиёсий бўҳрондан асраш учун президент Қурманбек Бақиев билан бирга ишлашини айтди.
“Мен на коррупция ва на кимларгадир имтиёзлар берилишига тоқат қилиш фикридан йироқман. Сиёсий бўҳроннинг олдини олиш ҳамда мамлакат ҳукуматини реанимация қилиш менинг вазифамдир. Тушунишимча, буни амалга ошириш учун вақтимиз оз”, - деди янги бош вазир.
28 мартда Қ.Бақиев ҳукумат раҳбари Азим Исабековнинг 5 вазирни истеъфога чиқариш қарорини рад этгандан сўнг унинг ўзи истеъфога кетганди.

Эрон телевидениеси Эрон сув ҳудудларига ноқонуний кирганига иқрор бўлган британиялик денгизчиларни намойиш этди.

Бу лавҳада Буюк Британиянинг шу пайтгача ҳибсда сақланиб турган барча 15 ҳарбийси кўрсатилди. Ўзини Натан Томас Саммерс, деб таништирган британиялик ҳарбий: “Биламан, бундай воқеа 2004 йилда ҳам рўй берган. Ўшанда ҳукуматимиз бундай ҳолат қайтарилмаслиги тўғрисида қайта-қайта ваъда берган. Сув ҳудудларингизга кирганимиз учун яна бир бор кечирим сўрайман”, - деди.
Лавҳа намойиш этилгандан сўнг Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги Эронни тутқунлардан тарғибот мақсадида фойдаланаётганликда айблади. Буюк Британия бош вазири Тони Блэр эса Эрон ўз ҳаракатларини давом эттираверса, унинг халқаро ҳамжамият томонидан яккалаб қўйилишидан огоҳлантирди.
“Мен Эрон режими бу ишни давом эттираëтганини сира тушунмайман. Буларнинг бари одамлардаги нафратни фақат кучайтиради. Ҳибсга олинган экипаж аъзоларини жамоатчилик олдида намойиш қилиш билан ҳеч кимни лақиллатиб бўлмайди”, - деди Тони Блэр.
Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Ҳавьер Солана ҳам Германияга сафар чоғида Эронни британиялик ҳарбийларни зудлик билан озод этишга чақирди.

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов мамлакатнинг олий қонунчилик органи - Халқ маслаҳати раиси этиб сайланди.

Халқ маслаҳатининг Мари шаҳрида ўтган мажлисида қатнашган 2,5 минг депутат раисликка ягона номзод бўлган Қ.Бердимуҳаммедовга якдиллик билан овоз берди.

Россия парламентининг юқори палатаси спикери Сергей Миронов президент Владимир Путиннинг учинчи муддатга ўз лавозимида қолиши учун мамлакат конституциясига ўзгартиш киритишга чақирди.

У конституциядаги бир шахснинг қаторасига икки марта президентликка сайланишини тақиқовчи моддани олиб ташлаш ва президентлик муддати 4 йил эмас, балки камида 5 йил бўлиши таклифи билан чиқди.
“Президент ваколати муддатини беш ёки иложи бўлса, етти йилгача ошириш тўғрисида ўйлаб кўришни таклиф қиламан”, - деди С.Миронов.
Президент В.Путин 2008 йилда президентлигининг иккинчи муддати тугагандан сўнг истеъфога кетишини қайта-қайта билдирган.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун Ливан бош вазири Фуад Синиора ва Ливан парламенти спикери билан учрашди.

Учрашувлар давомида бош котиб Ливандаги рақиб фракцияларни музокаралар курсисига чорлади ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ливан-Исроил урушининг тўхтатилишига сабаб бўлган резолюцияси талабларини ҳаётга тўлиқ тадбиқ этишга чақирди. Хавфсизлик кенгаши резолюциясида Ливан ҳукуматидан ўтган йилдан буён “Ҳизбуллоҳ” томонидан ҳибсда сақланаётган исроиллик икки ҳарбийни озод этиш ҳамда 2005 йилда ўлдирилган собиқ бош вазир Рафиқ Ҳаририй иши юзасида халқаро тергов ўтказиш талаб қилинган.

Буюк Британия мудофаа вазири Дес Браун ва молия вазири Гордон Браун олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан Афғонистон жанубига борди.

Улар Буюк Британиянинг Афғонистондаги қўшинлари қўмондонлари ва маҳаллий сиёсий раҳбарлар билан учрашишни режалаштирган. Буюк Британия Афғонистондаги ўз қўшинлари сонини ёзга бориб 7700 кишига етказишини маълум қилган. Г.Браун бир ойдан сўнг бош вазир Тони Блэр ўрнига тайинланиши кутилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG