Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 18:13

Халқаро янгиликлар

Россиянинг Тула вилоятида Ўзбекистоннинг Дилшод Қурбонов исмли фуқароси ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Россиядаги “Фуқаровий кўмак” нодавлат ташкилотининг марказий осиёлик қочқинлар билан ишлаш бўлими раҳбари Елена Рябинина маълум қилди.

“У Узловая шаҳрида жияни ва турмуш ўртоғи билан яшайдиган уйда ҳибсга олинган. Кеча чамаси соат еттида фуқаролик кийимида бўлган тахминан ўн киши келган. Улар Дилшод ва унинг жиянига тўппонча тираб, икки соат мобанида уйда тинтув ўтказган. Сўнг Қурбонов Дилшодни Узловая шаҳри ИИБга олиб кетган”, - деди Елена Рябинина.

Унинг айтишича, ички ишлар ходимлари Д.Қурбонов уйидан тинтув жараёнида топилган диний адабиёт ва дискларни мусодара қилган.

К.Райс Эронни халқаро ҳамжамият талабларига бўйсунишга чақирди

АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Теҳронни БМТ Хавфсизлик кенгаши талабларини бажариб, уранни бойитиш ишларини тўхтатишга чақирди.

“Фикримча, Эрон тактикасини ўзгартирадиган фурсат келди. Халқаро ҳамжамият бир фикрга келган, яъни Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатиши, ядровий дастурдан қурол ишлаб чиқиришга уринмай, тинчлик мақсадда фойланилаётганини исботлаши керак”, - деди К.Райс.

Эрон ядровий дастури бош музокарачиси Али Ларижоний эса расмий Теҳрон ўзининг ядровий дастуридан воз кечмаслигини яна бир таъкидлади. Унинг Мадридда ЕИ ташқи алоқалар комиссари Ҳавьер Солана билан Эроннинг ядровий дастури борасида музокаралар ўтказиши кутилмоқда.

Куни-кеча Германияда учрашган “катта саккизлик” давлатлари ташқи ишлар вазирлари ҳам Эроннинг уранни бойитиш ишларини давом эттириши борасида чуқур ташвиш билдирди. Вазирлар Эронга қарши қўшимча санкциялар жорий этилишини ҳам инкор қилмади.

Андрей Луговой Москвада матбуот анжумани ўтказди.

Россия хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Александр Литвиненко ўлдирилишида айбланаётган тадбиркор Андрей Луговой ўзини айбсиз айбдор, деб атади.

У А.Литвиненко Буюк Британия махсус хизмати ходими бўлгани ва унинг ўлдирилиши ортида Британия махсус хизматлари, қувғиндаги олигарх Борис Березовский ёки Россия мафияси турган бўлиши мумкинлигига ишора қилди.

“Бир нарсага шубҳа қилмайман, ҳар қандай ҳолатда ҳам Литвиненконинг ўлдирилиши Британия махсус хизматлари назоратидан четда бўлмаган. Айблов эълон қилиниши бунча чўзиб юборилгани сабаби ҳам менга аён. Айблов эълон қилингандан кейин мен уларнинг Березовский ва Литвиненко билан биргаликда менга қарши кардикорларини ошкор этишимдан чўчиган”, - деди А.Луговой.

А.Луговой Борис Березовскийни ҳам Британиянинг М16 махсус хизмати фойдасига ишлаётганликда айблади.

Аммо айни пайтда Буюк Британиядан бошпана топган Б.Березовский А.Луговой иддаоларини кескин рад этди.

АҚШ президенти Жорж Буш 19 июнь куни Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт билан учрашади.

Бу учрашув Исроил бош вазирининг Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан кейинги ҳафтага режалаштирган музокараларидан сўнг ўтказилади.

Фаластин расмийлари Эҳуд Олмерт ва Маҳмуд Аббоснинг Ғазо минтақаси муаммосига бағишланган учрашуви Фаластин ҳудудида бўлиб ўтишини билдирди. Бу учрашувда томонлар Ғазо минтақасида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги бузилган келишувга қайтиш масаласини муҳокама қилади.

Россиянинг ракета синови АҚШ режасига жавоб экани ойдинлашди

Президент Владимир Путин Россиянинг қитъалараро баллистик ракета синови АҚШнинг Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими жойлаштириш режасига жавобан амалга оширилганини ошкора тан олди.

Москвада ўтказилган матбуот анжуманида В.Путин дунёда қурол-яроғ пойгаси бошланишига “Россия жавобгар эмас”лигини билдирди.

29 май куни Россия мавжуд барча мудофаа тизимларини ёриб ўтадиган қитъалараро баллистик ракета синовини ўтказган эди.

Муҳлат яна бир кунга узайтирилди

Украина президенти Виктор Юшченко мамлакат парламентига муддатидан аввал сайлов ўтказиш мақсадида конституцияга тегишли ўзгартишлар киритиш учун берилган муҳлатни узайтирди.

Даставвал В.Юшченко парламентга икки кун муҳлат берган эди. Бироқ Украина бош вазири Виктор Янукович мамлакат раҳбаридан парламентга берган муҳлатни яна бир кунга узайтиришни сўраганидан кейин В.Юшченко бу таклифни қабул қилди.

Эслатиб ўтамиз, 27 май куни давомли тортишувдан сўнг В. Юшченко ва В.Янукович 30 сентябрда муддатидан аввал парламент сайлови ўтказишга келишиб олган эди.

Фаллужада худкуш ҳужуми оқибатида 25 киши ҳалок бўлди, яна шунча одам жароҳатланди.

Хабарларга кўра, мазкур қўпорувчилик ҳаракати маҳаллий ёшлар полиция участкасига ишга кириш учун ариза топширгани келган пайтда амалга оширилган.

АҚШ қўшинлари қўмондонлиги эса Ироқда ўзининг уч ҳарбийси ҳалок бўлгани маълум қилди.

Шунингдек, Ироқда собиқ мудофаа вазири ўғирлик айби билан етти йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Хозим Шалонга сиртдан ҳукм ўқилди ва суд унинг банкдаги ҳисоб рақамларини музлатиб қўйди.

Тбилисидаги музокара натижасиз якунланди

Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласи бўйича Россия ва Грузия расмийлари ўртасида Тбилисида ўтказилган музокаралар натижасиз якунланди.

Грузия вакили Тамара Ковзиридзе музокараларнинг янги босқичи ёз ойларидан бирида ўтказилишини маълум қилди.

Грузия Россиянинг ЖСТга аъзо бўлишига тўсиқлик қилиб келмоқда. Расмий Тбилиси таъкидича, Россия, аввало, ўзининг ва Грузиянинг айирмачи Абхазия ҳамда Жанубий Осетия чегараларида халқаро божхона марказлари ўрнатилишига розилик бериши шарт.

Ҳилманд вилоятида НАТО вертолёти қулаши оқибатида етти ҳарбий ҳалок бўлди.

НАТО матбуот котиби Жон Томас вертолёт “Толибон” жангарилари томонидан уриб туширилгани тахмин қилинаётганини билдирди.

“Толибон” ҳаракати вертолёт уриб туширилгани учун жавобгарликни ўз зиммасига олиб, бу ҳалокатда НАТОнинг 35 ҳарбийси ҳалок бўлганини иддао қилди.

Шунингдек, Афғонистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, мамлакат жанубида жангариларнинг полиция карвонига ҳужуми оқибатида полициянинг 16 ходими ҳалок бўлган.

Кобул расмийлари мамлакат бўйлаб ўтказилаётган ҳарбий амалиётларда ўнлаб жангари йўқ қилингани таъкидламоқда.

“Озодлик” радиоси Ироқ бўлимининг яна бир ходими ҳалок бўлди.

Хабарларга кўра, Абдулвоҳид ал-Раҳдий Ироқнинг Амара шаҳридаги меҳмонхоналарнинг бири олдида номаълум шахслар томонидан отиб кетилган.

Уч фарзанднинг отаси, 38 ёшли ал-Раҳдий “Озодлик” радиосининг қарийб икки ой ичида Ироқда ҳалок бўлган иккинчи ходимидир. Бундан етти ҳафта муқаддам Бағдодда “Озодлик” мухбири Ҳамаил Ҳалаф ўғирлаб кетилган ва сўнгра жасади топилган эди.

Ўзбекистон фуқаролари қирғиз чегарачилари билан жанжаллашди

“Халқаро толерантлик учун” жамғармаси маълумотига кўра, 29 май куни Қирғизистоннинг Олабуқа туманидаги чегара постида Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани аҳолиси ва қирғиз чегарачилари ўртасида тўқнашув юз берган. Қирғизистон чегарачилари бу тўқнашув пайтида ҳавога автоматлардан ўқ узишга мажбур бўлган.

Қирғизистон томонининг билдиришича, Қирғизистон ҳудудида ноқонуний тарзда чорва молларини ўтлатаётган ўндан ортиқ ўзбек фуқароси ўзларидан мамлакат ҳудудини тарк этишни талаб қилган қирғиз чегарачиларини тошбўрон қилган. Чегарачилар ҳавога ўқ узгандан кейин Ўзбекистон фуқаролари ўз мамлакати ҳудудига қочиб ўтиб кетган.

Германияда “катта саккизлик” давлатлари ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлди.

Постдамдаги бу учрашувда Афғонистон ва Покистон ташқи ишлар вазирлари ҳам иштирок этди.

Музокаралар чоғида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров жаҳоннинг етакчи давлатларини Косово масаласини ўзбошимчалик билан ҳал этмасликка чақирди.

С.Лавровнинг таъкидлашича, Косово мустақиллиги борасидаги муаммони фақат Белград ва Приштина ўртасидаги музокаралар ҳал этади.

Кейинги ҳафтада Германияда “катта саккизлик” раҳбарларининг анжумани ҳам бўлиб ўтади. Унда Эроннинг ядровий дастури, Афғонистон ва Дарфурдаги вазият, Косово масаласи ҳамда иқлим ўзгаришига оид декларация лойиҳаси муҳокама этилади.

Президент Жорж Буш Жаҳон банки раҳбари лавозимига Роберт Зеллик номзодини кўрсатди.

АҚШнинг собиқ савдо вакили Р.Зеллик Жаҳон банкининг яқинда истеъфо берган президенти Пол Вулфовиц ўрнини эгаллайди. Пол Вулфовиц ўз жазманининг хизмат пиллапояларидан кўтарилишига ёрдам бериб, банкнинг ички қоидаларни бузишда айбланган ва истеъфо беришга мажбур бўлган эди.

Литва ўз ҳудудида ракета ҳужумидан мудофаа тизими қурилишини истамоқда.

Литва мудофаа вазири Юозас Олескаснинг айтишича, Литвада НАТОнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизими ўрнатилса, мақсадга мувафиқ бўлади.

“Беқарор” давлатларнинг ҳужум қилиш учун техник имкониятлари ортиб бораётганини билдирган Ю.Олескас бу жараёнга чек қўйилиши шартлиги ва НАТОнинг мудофаа тизими бунинг ечимларидан бири бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Афғонистоннинг Нонгаҳор вилоятида “Толибон”га алоқадорликда гумонланган 6 жангари ўлдирилди.

АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари йўқ қилинган шахслар жангарилар эканини билдирганига қарамай, маҳаллий расмийлар ҳалок бўлганлар тинч аҳоли вакиллари эканини таъкидламоқда.

Ҳозирча на ҳарбийлар, на маҳаллий раҳбарлар иддаолари расман тасдиқланмади.

Урузғон вилоятида йўл четига ўрнатилган бомба портлашида полициянинг тўрт ходими ҳалок бўлгани ҳам хабар қилинмоқда.

Қозоғистон Роҳат Алиевни мамлакатга қайтариш талаби билан Австрияга расмий сўров жўнатди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, Р.Алиевнинг қамоққа олиниши учун халқаро ордер берилган. У уюшган жиноятчилик ва мамлакатдаги йирик банклардан бирининг раҳбарларини ўғирлашга алоқадорликда айбланмоқда.

Президент Нурсултон Назарбоевнинг куёви бўлмиш Р.Алиев 26 майга қадар Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси эди. Вазифасидан озод этилиб, устидан жиноят иши очилгандан сўнг у яширинган.

Януковичга яна бир кун керак

Украина бош вазири Виктор Янукович мамлакат президенти Виктор Юшченкодан муддатидан олдин парламент сайлови ўтказиш мақсадида конституцияга тегишли ўзгартишлар киритиш учун парламентга яна бир кун муҳлат беришни сўради.

В.Янукович ва В.Юшченко муддатидан олдин парламент сайловини 30 сентябрда ўтказишга келишиб олгандан кейин президент парламентни тарқатиш тўғрисида қабул қилган фармони ижросини икки кунга тўхтатишини билдирганди.

Аммо парламентнинг конституцияга ўзгартишлар киритилиши кутилган дастлабки мажлиси рақиб томонларнинг тортишуви оқибатида бир неча соатга кечиктирилди.

Сеулда Жанубий ва Шимолий Кореянинг бирлашиши масаласида учрашув бўлиб ўтмоқда.

Жанубий Корея ўз қўшнисини халқаро келишувлар доирасида Йонбондаги ядровий реакторини ёпиш ва икки давлат ўртасидаги поезд қатновини очишга ундамоқда.

Яқинда икки давлат ўртасида қарийб 50 йиллик таннафусдан сўнг илк бора поезд қатнови амалга оширилганди.

Россия президенти Владимир Путин Шимолий Кореяга санкциялар жорий этишни назарда тутувчи фармонга имзо чекди.

Фармонга кўра, ядровий тадқиқотларда қўлланилиши мумкин бўлган қурол ва технологияларни Шимолий Кореяга сотиш тақиқланади.

Ўтган йил октябрда Пхеньян ядровий қурол синови ўтказганини билдиргандан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгаши бу мамлакатга қарши резолюция қабул қилган эди.

Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатмайди.

Эрон ядровий дастури бош музокарачиси Али Ларижоний шундай баёнот берди. Унинг бу баёноти 31 май куни Испания пойтахти Мадридда ЕИ ташқи алоқалар комиссари Ҳавьер Солана билан Эроннинг ядровий дастури борасида музокаралар ўтказиши арафасида янгради.

Жорий йилнинг декабрь ойидан буён БМТ Хавфсизлик кенгаши ўз ядровий дастуридан воз кечишни истамаётган Эронга нисбатан икки марта санкция жорий этган.

Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзоликда айбланган фуқаро қамалди

Тожикистон шимолидаги Сўғд вилояти суди исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиевнинг қуролли гуруҳига аъзоликда гумон қилинган 57 ёшли шахсни 14 йилга озодликдан маҳрум этди.

Расмий Душанбе Маҳмуд Худойбердиев жангарилари Ўзбекистонда тайёргарликдан ўтгани ва Жиззах вилоятининг тоғли ҳудудлари орқали Тожикистон шимолига бостириб киргани ҳақида гапириб келмокда. Лекин расмий Тошкент бу иддаоларни қатъий рад этади.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида портлаш рўй берди.

Хабарларга кўра, портлаш бир нечта мустақил нашр таҳририяти жойлашган бинода рўй берган.

Ўш шаҳри ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Замирбек Сиддиқовнинг “Озодлик”ка айтишича, портлаш кучли бўлгани учун портлаш рўй берган хона деворлари вайрон бўлган.

Мазкур воқеага алоқадорликда гумонланиб бир аёл ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.

Қозоғистонда конституциявий ўзгаришларга қарши норозилик акцияси ўтказган журналист ҳибсга олинди.

Олмаотадаги “Взгляд” ҳафталик нашри мухбири Екатерина Беляева бир ўзи шаҳар марказидаги майдонда норозилик акцияси ўтказаётган пайтда ҳибс этилди. Унинг қўлида “Конституцияга киритилган ўзгартишлар -тоталитаризмга элтувчи йўл” сўзлари ёзилган плакат бор эди. Милиция ходимлари журналистни қонунбузарликда айблади.

Бу сўнгги икки ҳафта мобайнида Олмаотада шу мазмунда ўтказилган иккинчи норозилик акциясидир.

Президент Виктор Юшченко парламентни тарқатиш тўғрисидаги қарорини икки кунга бекор қилди

Украина Олий Радаси аъзолари шу муддат ичида 30 сентябрь куни парламент сайлови ўтказилиши учун мамлакат конституциясига тегишли ўзгартишлар киритиши шарт.

27 май куни В.Юшченко сиёсий рақиби бўлмиш бош вазир Виктор Янукович билан 30 сентябрда муддатидан аввал парламент сайлови ўтказишга келишиб олган эди.

АҚШ президенти Жорж Буш Суданга кучайтирилган янги санкциялар эълон қилди.

Унинг сўзларига кўра, Суданнинг Дарфур ўлкасидаги қотилликлар ва зўравонликларда мамлакат ҳукуматининг ҳам қўли бор. Оқ уй бу ҳаракатларни геноцид, деб баҳолайди. Жаҳон ҳамжамияти эса бунга барҳам берилишига кўмаклашишга масъулдир.

Жорж Бушнинг билдиришича, янги санкциялар доирасида 31 компания ва тўрт шахсга нисбатан чоралар кўрилиши назарда тутилган.

Шунингдек, АҚШ раҳбари БМТ Хавфсизлик кенгашини Дарфурдаги қонли хунрезликларни тўхтатишдан бош тортаётган Судан ҳукуматига қарши резолюция қабул қилишга чақирди.

АҚШ ҳукумати Суданга нисбатан 1997 йилда ҳам санкциялар жорий қилган эди.

Шу пайтгача Дарфурда Судан ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланган жангарилар ва исёнчилар ўртасида давом этиб келаётган зўравонликларда 200 мингдан ортиқ фуқаро ҳалок бўлган. Икки миллиондан ортиқ одам турар-жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG