Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2019, Тошкент вақти: 15:35

Халқаро янгиликлар

Покистонда мухолифатдаги Xалқ партиясининг қурултойи бўлиб ўтди.

Йиғилишда Беназир Бхутто ўлдирилганидан сўнг, партияга янги раҳбар сайлаш ва 8 январ кунига белгиланган парламент сайловига тайёргарлик масалалари муҳокама этилди. Бхуттонинг она шаҳри Покистон жанубидаги Наудерода ўтказилаётган мазкур йиғилишда Бхуттонинг партия келажаги борасида ёзган васияти ўқиб эшитирилади.
Айни пайтда марҳум Беназир Бхуттонинг минглаб тарафдорлари унинг уйи атрофига йиғилиб ҳукуматга қарши навбатдаги норозилик намойиши ўтказди.
Мухолифат етакчиси собиқ бош вазир Навоз Шариф партияси Покистондаги парламент сайловини бойкот қилишга қарор қилди ва Покистон халқ партиясини ҳам сайловларни рад этишга чақирди.
Ҳозирча Покистон ҳукумати парламент сайловини бекор қилиш ёки бошқа кунга кўчириш бўйича бирор қарорга келмади. Марказий сайлов комиссияси душанба куни айни масалани муҳокама этади.

Толибон ҳаракатининг қўмондонларидан бири Мансур Дадуллоҳ гуруҳ сафидан хайдалди.

Бироқ унга кўра, бу ҳаракат ичидаги фитна бўлиб Толибон раҳбари Мулла Умар бундай буйруқни бермаган.
Шанба куни Толибон ҳаракатининг матбуот вакили Забиуллоҳ Мужоҳид жанггари гуруҳнинг Афғонистон жанубидаги қўмондони Мансур Дадуллоҳ буйруқларга бўйсунмаслик ва Толибон низомига қарши ҳаракат қилгани боис толиблар сафидан четлаштирилганини эълон қилган эди.
Толиблар вакилининг бугун айтишича эса, Мансур Дадуллоҳ ўз лавозимини тарк этишдан бош тортиб буни ўзига нисбатан уюштирилган фитна демоқда.

Оқ уй маъмуриятига кўра, Ал-Қоида раҳбари Усама Бин Ладиннинг янги аудио мурожаати Ироқдаги вазият яхшиланиб бораётганига ва бунда АҚШ бошчилигидаги коалициянинг муҳим рўл ўйнаганига ишора қилади.

Оқ уй матбуот вакили Тони Фратто фикрича, Бин Ладиннинг сўнгги мурожаати Ал-Қоиданинг мақсадлари Ироқда демократияни издан чиқариш ва ироқликларни озодликдан махрум қилиш эканини ойдинлаштирди.
Шанба куни эълон қилинган сўнгги мурожаатида Усама Бин Ладин Ироқ ҳукуматини қўллаб қувватлаётган мусулмонларни огоҳлантириб, АҚШнинг асл мақсади Ироқдаги нефт заҳираларини назорат қилиш эканини таъкидлади.

Эрон энергетика вазири Парвиз Фатаҳ Эрон жануби-ғарбидаги Дарховайн вилоятида атом элетростанцияси қурилиши бошланганини эълон қилди.

Фатаҳнинг айтишича, 360 мегават қувватига эга бўладиган ядровий реактор қурилишини мамлакатнинг Атом энергиси ташкилоти ва маҳаллий мутахассисларгина назорат қилади. Хабарларга қараганда ушбу элетростанция қурилиши 4 – 5 йил давом этади.

Толибон жанггарилари шахсий хавфсизлик қўриқчиларга қарата миномётдан ўт очди.

Оқибатда 8 киши халок бўлди. Вардак вилояти полиция бошлиғи генерал Зафаруддин ўлганлар орасида икки полициячи борлиги, воқеа вилоятнинг энг хавфли қисмида шанба куни содир бўлганини маълум қиди. Шу куннинг ўзида йўл четига ўрнатилган минага дуч келган икки фуқаро нобуд бўлди. Айни пайтда сўнгги икки йил давомида БМТ нинг Афғонистонга ёрдам бериш миссиясига раҳбарлик қилган Том Коенигс ўз лавозимини тарк этди.

Инсоннинг шахсий дахлсизлигини ҳимоя қилувчи “Прайвеси интернейнл” инсон ҳуқуқлари ташкилоти Россияни фуқаролар далҳсизлиги поймол этилувчи энг ёмон давлатлар тоифасига киритди.

Айни пайтда ташкилот эълон қилган сўнгги ҳисоботида Америка Қўшма штатлари ва айрим Европа давлатларида ҳам одамларнинг шахсий дахлсизлиги жиддий таҳдид остида экани қайд этилади. Ҳисоботга кўра, АҚШ ва Британия одамларни кузатишга ўта моил бўлиб, бу ҳаракатлар террорчиликка қарши кураш чораси сифатида изоҳланади. Греция, Руминия ва Канада фуқаролар даҳлсизлиги энг яхши кафолатланган давлатлар сифатида эътироф этилди.

Покистон марказидаги Пунжоб вилоятида худкуш ҳужум уюштиришни режалаштирган икки кимса портлаб ўлди.

Полицияга кўра, улар мамлакатнинг собиқ диний ишлар вазири Аёз-ул-Хаққа суиқасд қилиш учун олиб кетаётган портловчи моддалар барвақт портлаши оқибатида ўлган.

Собиқ Ироқ президенти Саддам Ҳусайннинг қатл этилганига бир йил бўлди.

Саддам Ҳусайн Ироқнинг инсониятга қарши жиноятлар бўйича махсус трибунали томонидан ўлим жазосига ҳукм этилганидан сўнг, 2006 йил 30 декабр куни дорга осилган.

Ҳусайннинг қатл этилгани тўғрисидаги хабарни эшитган асосан ироқлик шиалар бу кунни байрам қилиб нишонлаган.
Орадан кўп ўтмай Саддамни қатл этиш жараёни ёзилган ва дунё бўйлаб жиддий баҳсу мунозараларни келтириб чиқарган видеотасвир интернетда пайдо бўлди.
Ушбу тасвирда Саддам Ҳусайн жаллодлари унга сен жаҳаннамга кетаяпсан дея таҳқиромус гаплар айтган. Саддам Ҳусайн Тикрит яқинидаги ўз туғилган Ал-Авжа қишлоғида дафн этилган.

Япония бош вазири Ясуо Фукуда бугун Хитойга сафарини якунлади.

Тўрт кунлик сафари давомида Фукуда буюк файласуф Конфуция туғилган жойни зиёрат қилди, Хитой талабалари ва Тойота заводининг ишчилари билан учрашувлар ўтказди. Унинг бош вазир Вен Жибау ва президент Ху Жинтау билан музокаралари чоғида атроф муҳит ифлосланишига қарши кураш, савдо сотиқ ва бошқа масалаларда ҳамкорликни янада ривожлантиш муҳокама қилинди.

Британия бош вазири Гордон Браун 2008 йилда дунё бўйлаб молиявий муаммоларнинг юзага келиши мумкинлиги борасида огоҳлантирди.

Жаноб Браун ўзининг янги йил мурожаатида, орта қолаётган 2007 йилда АҚШ бошланган кредит муаммолари дунёдаги барча иқтисодиётларга бевосита таъсир қилганини айтди.

Покистон мухолифати раҳбарларидан бири, собиқ бош вазир Беназир Бҳутто Равалпинди шаҳрида суиқасд қурбони бўлди.

Бҳутто сайловолди кампаниясидан қайтаётган пайтда худкуш кимса унга қарата бир неча марта ўқ узди, сўнг ўзини портлатди. Ҳужум оқибатида Бҳуттодан ташқари йигирмадан ортиқ одам нобуд бўлди.
Покистон президенти Парвез Мушарраф ҳукуматнинг юқори лавозимли расмийлари билан фавқулодда учрашув ўтказди. Телевидение орқали қилган чиқишида Мушарраф суиқасдни кескин қоралаб, одамларни оғир-босиқ бўлишга чақирди. Покистон раҳбари суиқасд учун террорчиларни айблади: “Бу қотиллик биз кураш олиб бораётган террорчиларнинг даҳшатли иши. Доим айтиб келганимдек, терроризм Покистон халқига энг катта хавфидир. Ушбу фожиа муносабати билан мен қарор қабул қилишни ва сиз мени қўллаб-қувватлашингизни хоҳлайман. Менга халқнинг ёрдами керак. Террорчилар илдизи билан йўқ қилинмагунча уларга қарши курашни тўхтатмаймиз” – дея баёнот берди Покистон президенти.
Беназир Бҳуттонинг ўлдирилгани муносабати билан президент Парвез Мушарраф мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди.
Бҳутто суиқасд қурбони бўлганидан кейин мухолифатнинг бошқа етакчиси, собиқ бош вазир Навоз Шариф ўз партияси 8 январда ўтказиладиган парламент сайловига бойкот эълон қилишини билдириб президент Парвез Мушаррафни истеъфога чиқишга чақирди. Беназир Бҳутто ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалганидан кейин Покистоннинг бир неча шаҳрида зўравонликлар юз берди. Оқибатда тўққиз одам ўлгани айтилмоқда.

Афғонистондаги АҚШ элчиси Вильям Вуд Ал-Қойдага алоқаси бўлмаган ва Афғонистон конституциясини тан оладиган толиблар билан музокара бошлаш тарафдори эканини айтди.

БМТ ва Европа Иттифоқининг Афғонистондаги расмийлари Майкл Семпл ва Марвин Петтерсон толиблар билан сўзлашув олиб борганликда айбланиб Афғонистондан чиқариб юборилганидан кейин шундай деди. АҚШ элчиси БМТ ва ЕИ расмийлари яхши ниятда толиблар билан мулоқот қилганларини айтди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши фавқулодда сессия ўтказди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ҳам қатнашган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида қабул қилинган баёнотда Покистон собиқ бош вазири, мухолифат етакчиси Беназир Бҳутто экстремистлар томонидан ўлдирилгани кескин қораланган.
Айни пайтда АҚШ, Британия, Италия, Россия, Эрон, Ҳиндистон, Япония ва бошқа давлатлар раҳбарлари Беназир Бҳуттога суиқасд уюштирилганини “терроризм ва фанатизм” дея бахолаб, уни кескин қораладилар.
27 декабр куни Техас штатида чиқиш қилган АҚШ президенти Жорж Буш: “Қўшма Штатлар Покистондаги демократияга путур етказишни мақсад қилган экстремистлар томонидан амалга оширилган пасткаш қотилликни кескин қоралайди. Ушбу қотилликни содир этганлар адолатли суд олдида жавоб бериши керак” – дея баёнот берди.
Покистонга сафари чоғида 27 декабрь куни эрталаб Беназир Бҳутто билан учрашган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай унинг ўлдирилганини “мислсиз шавқатсизлик” деб атади.
Шу ой бошида Беназир Бҳутто билан учрашган Туркия президенти Абдулла Гул пайшанба куни пойтахт Анқарада қилган чиқишида унинг ўлдирилганига бундай муносабат билдирди: “Мен буни эшитиб жуда, жуда ачиндим. Мен Бҳуттони азалдан танирдим. Сўнгги марта Покистонга сафар қилганимда у билан жуда яхши суҳбатлашган эдим. Мен Покистон халқига таъзия изҳор қиламан ва Покистонга тинчлик тилайман”.
Беназир Бҳуттонинг жасади Равалпиндидан у туғилиб ўсган Синдх вилоятига олиб кетилди. Дафн маросими бугун бўлиб ўтиши кутилмоқда.

АҚШ элчиси Ричард Норланд Янги Йил муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади.

“Америка Қўшма Штатлари халқи номидан Ўзбекистон халқига Янги йил муносабати билан энг самимий қутловларимни йўллайман. 2008 йилга кириб борар эканмиз, барчамиз учун хавфсиз ва фаровон келажакни барпо этиш сари жамиятнинг барча табақаларини намоён этувчи ўзбекистонлик фуқаролар билан бўлган ришталарни мустаҳкамлашга умид қиламиз.
Америка-Ўзбекистон муносабатлари Янги йилда мустаҳкам ва изчил ривожланиш истиқболига эга. Биз ўзаро ишончни қайта тиклаш, кенгроқ миқиёсда шаффофлик яратиш ва Ўзбекистон ўзининг Марказий Осиёдаги муҳим давлат сифатидаги салоҳиятини тўлиқ ишга солиши учун ислоҳатлар жараёнини янада чуқурлаштириш йўлида бирга саъй-ҳаракатлар олиб боришни кутиб қоламиз. 2008 йил Сизга ва оилангизга бахт-саодат, сиҳат-саломатлик, ва тинчлик олиб келсин. Янги йил муборак!” – дейилади АҚШ элчиси Ричард Норланднинг Ўзбекистон халқига йўллаган табригида.

Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев янги ҳукумат рўйҳатини тасдиқлади.

Хабарларга кўра, ҳукуматнинг эски таркиби сақлаб қолинган бўлсада, молия, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ ҳўжалик ҳамда саноат вазирлари ўзгарган. 24 декабрь куни Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев Игорь Чудиновни мамлакат бош вазири этиб тайинлаш ҳақидаги фармонни имзолаган эди. Унинг номзодини парламентда 71та мандатга эга бўлган “Ақ жўл” партияси кўрсатган эди.

Ўзбекистондаги авиакомпания янги йилдан Тошкент-Душанбе-Тошкент йўналиши буйича юк ташишни йулга куймоқчи.

“Азия плюс” ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистоннинг «Samarkand Airways” авиакомпанияси (Universal Mobility Solutions) халқаро авиаюк ташиш компанияси билан ҳамкорликда келаси йил март ойидан Тошкент-Душанбе-Тошкент йўналишида мунтазам чартер юк ташишни йўлга қўймоқчи.
Компания маъсулларига кўра, юклар фақат АН-26 ва ИЛ-76 русумидаги самолётларда ташилади. Лекин “Тожикэйр” авиакомпанияси расмийси Мирали Ёрибеков бундай маълумотга эга эмаслиги, чунки бу ҳил рейсни амалга ошириш учун кўплаб ҳужжатлар тайёрлаш ва экспертлар ҳулосаси зарурлигини айтди. Икки мамлакат ўртасидаги барча турдаги авиаалоқа Тожикистондаги фуқаролар уруши бошланган 1992 йилда тўхтатилган эди.

Бағдоддаги хавфсизлик кучлари матбуот вакили Қосим ал-Муссавий Ироқ ҳарбийлари Ал-Қойда гуруҳининг юқори лавозимли жанггарисини қўлга олганини билдирди.

Аҳмад Туркий Аббос 27 декабр куни Бағдод шаҳридан жанубда содир бўлган отишма пайтида асир олинган. Ал-Муссавийга кўра, Туркий Аббос Ал-Қойдага алоқадор “Ироқ исломий давлати” номли гуруҳ раҳбарларидан бири бўлган. Ироқ хавфсизлик кучлари вакили тўқнашув пайтида Аббос енгил яралангани ва ҳозир Ироқ кучлари қамоғида сақланаётганини айтди.

Исроил Бош вазири Эхуд Олмерт 27 декабр куни Қуддус шаҳридаги қароргоҳида Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан учрашди.

Музокара чоғида Фаластин раҳбари Олмертни Қуддус шаҳридан шарқ томонда Исроил босиб олган ҳудудга яҳудийлар учун янги уй-жой қуриш ҳақидаги режадан воз кечишга кўндира олмади. Икки соат давом этган сўзлашувда муваффақиятга эришилмаган бўлса ҳам Аббос ва Олмерт учрашвни “ижобий” дея баҳолади.

Россия сентябрь ойида Протон ракетаси портлагани оқибатида атроф-муҳитга етган зарар учун Қозоғистонга товон пули тўлайди.

Россиянинг Фазо тадқиқотлар маркази раҳбари Анатолий Перминов Қозоғистон расмийлари билан музокара чоғида ракета парчалари ва заҳарли моддалар Қозоғистон ҳудудида атроф-муҳитга етказган зарар учун Россия икки миллион 400 минг АҚШ доллари тўлашга рози бўлганини айтди.

Япония бош вазири Ясуо Фукуда Хитойга сафар қилди.

Тўрт кунлик сафари давомида Фукуда Хитой ҳукумати расмийлари билан учрашиб иқлим ўзгариши, иқтисодий ҳамкорлик ва Шимолий Корея ядровий дастури ва бошқа масалаларни муҳокама қилади.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Ислом Каримовни Ўзбекистон президенти этиб қайта сайлангани билан табриклади.


Тожикистон президенти матбуот хизматига кўра, Имомали Раҳмон Ислом Каримов билан телефон орқали ҳам суҳбатлашган. Мулоқот чоғида президент Раҳмон 2008 йил ўзбек-тожик муносабатлари жипслашадиган ва Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик мустаҳкамланадиган йил бўлишига умид билдирган. Айтилишича, икки давлат раҳбарлари ўзаро ҳамкорликда мавжуд бўлган муаммоларни асрлар давомида сақланиб келаётган яхши қўшничилик анъаналарга риоя қилган ҳолда ҳал этишга келишиб олишган. Ўз навбатида Ислом Каримов яқинда Тожикистонда рўй берган қор кўчкиси натижасида ҳалок бўлганлар оиласига ҳамдардлик билдирган.

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида зилзила рўй берди.

Хабарларга кўра, зилзила маркази Ўш вилоятининг Олой туманида бўлиб, ер силкинишининг кучи Рихтер ўлчови бўйича 6 баллни ташкил этган.
Ўш шаҳрида ер силкиниши 4-5 баллни ташкил этгани айтилмоқда. “Press-uz.info” интернет сайти ер силкиниши Тошкентда ҳам сезилганини хабар қилди. Ўзбекистон сейсмология маркази маълумотига кўра, Тошкентда ер силкиниши Рихтер ўлчови бўйича 2-3 баллни ташкил этган.

БМТ Афғонистон ҳукумати билан хорижлик икки дипломатнинг мамлакатдан чиқариб юборилмаслиги борасида музокара ўтказди.

БМТнинг Кобулдаги идораси матбуот вкили Нино Мубарес 26 декабр куни Озодлик радиосига берган интервьюсида бу ҳақда шундай деди: “Ҳамкасбим Афғонистондан эртага жўнаб кетади. Аммо музокаралар тушунмовчилик ҳал бўлгунича давом этади. Тушунмовчилик ҳал бўлганидан ке
йин ҳамкасбимиз яна Афғонистонга қайтишига йўл очилади. Биз унинг Афғонистонга қайтишига умид қиламиз”
.
Афғонистон ҳукумати БМТ ҳамда ЕИ миссиясида ишлаб келган Майкл Семпл ва Марвин Петтерсонни толиблар билан алоқада бўлганликда айблаб, Афғонистонни тарк этишни талаб қилган.
БМТ ҳамда ЕИнинг ходимлари яқинда “Толибон” ҳаракати жанггарилари қувиб чиқарилган Ҳилманд вилоятининг Муса Қалъа шаҳрида бўлиб Кобулга қайтгандан кейин айбланган.
Нью-Йоркдаги БМТ идораси Британия ва Ирландия фуқаролари бўлган Семпл ва Петтерсон толиблар билан алоқада бўлгани ҳақидаги маълумот нотўғри экани ва улар Афғонистондан асоссиз равишда чиқариб юборилаётганини билдирди.

Германиянинг “Jet Connection Business Flight” ширкатига қарашли самолёт Алмати аэропортидан ҳавога кўтарилаётган пайтда портлаб кетди.

Алмати шаҳар Тез ёрдам хизмати ходими Жамила Қаймолдина чоршанба кунги халокат ҳақида Озодлик радиосига бундай деди: “Самолёт тонгги иккидан 20 дақиқа ўтганда ёнилғи қуйиш учун Алматига қўнган. Ҳавога кўтарилаётган пайтда номаълум сабабга кўра самолёт портлаб, бутунлай ёниб кетган. Самолёт бортида тўрт киши бўлган. Уч экипаж аъзоси ва бир йўловчи. Авария пайтида жарохатланган экипаж аъзолари касалхонага ётқизилди. Йўловчи эса ўлди”.
Алматидан Гонконгга учиб кетаётган пайтда халокатга учраган самолётнинг германиялик икки учувчиси ва туркиялик стюардессанинг ҳаёти хавф остида эмаслиги айтилмоқда.

АҚШ президенти Жорж Буш 555 миллиард долларлик бюджет лойихасига қўл қўйди.


Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун 70 миллиард доллар ажратиш назарда тутидган мазкур ҳужжатда Америка қўшинларининг Ироқдан олиб чиқилиши муддати кўрсатилмаган. Буш агар ҳужжатда АҚШ ҳарбийларини Ироқдан олиб чиқиш муддати кўрсатилса, унга вето қўйиши ҳақида огоҳлантирган эди. Ўтган йил АҚШ Конгрессининг иккала палатаси назоратини ўз қўлига олган Демократик партия аъзолари Ироқ урушига чек қўйишни ваъда қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG