Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 11:49

Халқаро янгиликлар

Путин маҳаллий тилни ўқиш ихтиёрий қилинган қонунни имзолади

Россия Президенти Владимир Путин маориф ҳақидаги янги қонунни имзолади.

Мазкур қонунда мактабларда маҳаллий тилни ўқиш аввалгидек шарт деб белгиланмаган.

Маҳаллий тил рус тили билан расмий тил мақомига эга бўлган этник Республикаларда шу кунга қадар ҳамма болалар маҳаллий тилни ўқиши мажбурий эди.

Янги қонунга мувофиқ, ўз фарзанлари маҳаллий тилни ўрганиши ёки ўрганмаслиги масаласини энди ота-оналар ҳал қилади.

Татаристон, Бошқирдистон ва Чувашияда янги қонунга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Танқидчилар фикрича, Путин имзолаган маориф ҳақидаги янги қонун маҳаллий тиллар аҳамиятини янада пасайтиради.

Дунё бўйлаб Янги йил кутиб олинмоқда

Янги 2013 йилни дунё бўйича биринчи бўлиб Тошкент вақти билан соат 13:00да Кристмас оролининг Кирибати шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари ва Тинч океани жанубида жойлашган Самоада яшовчи одамлар кутиб олдилар.

Уч соат ўтиб, Янги Зелландия аҳолиси ҳам Янги йилни катта қувонч билан қаршилади.

Австралиянинг Сидней шаҳрида Янги йил кечаси дунёдаги энг катта мушакбозлик томошаси бошланди.

Сўнгги йилларда Пекин, Дубай, Москва, Рио де Жанейро ва бошқа шаҳарлар ҳам пиротехника намойиши ва катта концертлар уюштириш бўйича Сидней билан жиддий рақобат қила бошлади.

Айни пайтда, Бирмада сўнгги бир неча ўн йил давомида илк бор Янги йил байрами нишонланмоқда.

Ироқда амалга оширилган ҳужумларда камида 22 киши ўлди

Ироқ бўйлаб амалга оширилган портлашларда камида 22 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам яраланди.

Душанба куни Бағдоддан жануб томонда жойлашган Муссаяб шаҳридаги уйда бомба портлагани натижасида бир оиланинг етти аъзоси, жумладан, икки бола нобуд бўлди.

Расмийлар тахминига кўра, улар шиа мазҳабида бўлганлари учун ҳужумга учраган.

Айни пайтда, Ироқнинг Ҳилла ва Киркук шаҳарларида содир этилган портлашларда ҳам бир неча одам ўлган.

31 декабр кунги ҳужумлар учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

“Внуково” аэропортининг аҳволи самолёт ҳалокатга сабаб бўлмагани маълум қилинди

Москвадаги “Внуково” аэропортининг учиш-қўниш майдончаси аҳволи Ту-204 самолёти ҳалокатга учрашига алоқадор эмас.

Буни Давлатлараро авиация қўмитаси вакиллари маълум қилди.

29 декабр куни ҳалокатга учраган самолётнинг соҳиби бўлган “Red Wings” ширкати ҳозирда ўз фаолиятини одатдагидек давом эттирмоқда.

Ундан олдин ширкат Ту-204 самолётларидан фойдаланишдан воз кечмаслигини билдирган эди.

Шанба куни Чехиянинг Пардубице шаҳридан Москвага учиб келган Ту-204 самолёти учиш-қўниш майдончасидан чиқиб бир неча бўлакка бўлиниб кетган.

Ҳалокат пайтида самолёт бортида фақат саккиз кишидан иборат экипаж аъзолари бўлган.

Улардан беш нафари нобуд бўлган. Уч нафари касалхонада оғир аҳволда ётибди.

Уго Чавеснинг аҳволи “мураккаблашгани”ни айтилмоқда

Венесуэла президенти Уго Чавес, Каракас ш., 2012 йил 8 декабр.
Венесуэла вице-президенти Николас Мадуро саратон касаллигига чалинган президент Уго Чавес Кубада жарроҳлик амалиёти ўтказилганидан сўнг “янги мураккабликлар” пайдо бўлганини эълон қилди.

Чавесни кўриш учун Кубага борган Мадуро Венесуэла телевидениеси орқали қилган чиқишида президентнинг аҳволини “нозик” деб бахолади. Мадуро президент саломатлигига оид бошқа маълумотларни ошкор қилмади.

Ҳозирча Кубада бўлишини айтган Николас Мадуро у ерда қанча муддат қолишини аниқ айтмади.

Саратон касаллигидан азият чекиб келаётган Уго Чавес 11 декабр куни Кубада тўртинчи марта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган эди.

Чавес ўшандан бери омма кўзига кўринмади ва унинг соғлиги ҳақида маълумот тарқатилмади.

Уго Чавес 10 январ куни учинчи марта олти йиллик муддатга Венесуэла президенти сифатида қасамётга келтирилиши режаланган.

Ҳукумат расмийлари Уго Чавес белгиланган муддатда Венесуэлага қайтиши эҳтимолдан йироқ эканини айтмоқда.

Ҳиллари Клинтон касалхонага ётқизилди

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон.
АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон тромб (томирда ивиб қолган қон) ташҳиси билан касалхонага ётқизилди.

Декабр ойи ўртасида 65 ёшдаги Клинтон ошқозон вируси туфайли хушини йўқотиб йиқилгани оқибатида мия чайқалиши жароҳатини олган эди.

Давлат котибининг матбуот вакили Филлип Рейнес якшанба куни шифокорлар Клинтон мия чайқалишидан қандай тузалаётганини билиш учун ўтказган тиббий кўрик пайтида тромб аниқланганини айтди.

Филлипсга кўра, Клинтон хоним касалхонада 48 соат бўлади. Шундан сўнг шифокорлар муолажани давом эттириш ёки уйига кетишига рухсат бериш ҳақида қарор қабул қилади.

Римда 103 ёшли Нобел мукофоти совриндори вафот этди

Физиология ва тиббиёт бўйича Нобел мукофоти лауреати Рита Леви-Монталчини 103 ёшида Италия пойтахтида оламдан ўтди.

Олима мазкур нуфузли мукофотни 1986 йилда қўлга киритганди.

Леви-Монталчини 1909 йили Туринда туғилган. У Нобел мукофоти совриндорлари ўртасида энг ёши улуғи эди.

Италиялик нейробиолог Леви-Монталчини Нобел мукофотига Стэнли Коэн билан бирга ўсиш факторлари бўйича кашфиёти учун сазовор бўлганди.

Ироқ бош вазирига намойишчилар ҳужум қилди

Ироқ бош вазири муовини Солиҳ ал-Мутлақ.
Ироқ бош вазири ўринбосари Солиҳ ал-Мутлақ якшанба куни Анбар вилоятида ўтказилган митинг чоғида намойишчилар ҳужумига учради.

Юқори лавозимли амалдор минбарда сўзлаётган пайтда унга шиша, пойабзал ва тошлар улоқтирилган. Сўнг полиция кордонини ёриб ўтган бир неча киши ал-Мутлақни ушлаб олиб, юзига мушт туширган. Жиддий жароҳат олмаган бош вазир ўринбосари митинг ерини зудлик билан тарк этиб, Бағдодга жўнаб кетган.

У кетгандан сўнг полициячилар кўп минг кишилик оломонга қарата ўт очгани, натижада икки намойишчи ярадор бўлгани айтилмоқда.

Солиҳ ал-Мутлақ чиқиш қилган кечаги митинг аксилҳукумат намойиши бўлган. Ироқнинг Анбар вилоятида қарийб бир ҳафтадан буён суннийлар ҳақ-ҳуқуқларининг шиа раҳбарияти томонидан топталишига қарши намойишлар бўлиб ўтаётганди.

Асли анбарлик бўлган ал-Мутлақ ҳам “Аҳли сунна вал жамоа”га мансуб. Намойишчилар уни хоинликда айблаганлар.

Афғонистонда жорий йилда 1000 дан зиёд маҳаллий аскар ҳалок бўлди

Афғонистоннинг маҳаллий аскарлари.
Афғонистонда якунланаётган йилда мингдан зиёд маҳаллий аскар хизмат вазифасини бажараётган пайтда ҳалок бўлган. Бу АҚШ етакчилигида 2001 йилда бошлаган афғон ҳарбий кампанияси аввалидан буён берилган энг кўп қурбондир.

2012 йилда Афғонистон маҳаллий кучлари коалиция қўшинларининг 2014 йили мамлакатдан чиқиб кетиши арафасида хавфсизликни таъминлаш бўйича катта масъулиятни ўз зиммаларига олгандилар.

Ҳозирда маҳаллий ҳарбийлар Афғонистон ҳудудининг 75 фоизини назорат қилмоқдалар. Кейинги йилда қолган 25 фоиз ҳудудни назорат қилиш масъулияти ҳам улар зиммасига тушади.

Афғонистон Миллий армияси вакили Зоҳир Азимий бугунги кунда ҳал қилинмай қолаётган масалалар орасида жанговар ҳаво техникасининг етишмаётгани, артиллерия, муҳандислик ишлари ва разведка фаолияти билан боғлиқ муаммоларни тилга олиб ўтди.

Red Wings Ту-204 дан воз кечмоқчи эмас

Шанба куни Москвада ҳалокатга учраган Ту-204 самолёти.
Red Wings авиаширкати «Внуково»даги авиаҳалокатдан кейин ҳам Ту-204 учоқлари эксплуатациясидан воз кечмоқчи эмас.

«Ту-204 – энг ишончли самолётлар биридир ва у Россия ва халқаро авиациянинг барча талабларига жавоб беради», - деб ёзди авиаширкат вакиллари Твиттердаги ўз саҳифаларида.

Россиянинг Red Wings ширкатига қарашли самолёт шанба куни Чехиядан учиб келган пайтда ҳалокатга учраган эди. Унинг бортида ҳаммаси бўлиб 8 киши бўлган.

Авиаҳалокатдан сўнг экипаж аъзоларидан 5 нафари нобуд бўлди, уч нафари касалхонада қолмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, авиаҳалокатга самолётнинг тормоз тизими ишдан чиққани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Қоҳира ХВЖ билан музокараларни қайта бошламоқчи

Миср ўз иқтисодиётидаги муаммоларни ҳал қилиш учун Халқаро валюта жамғармасидан беш миллиард доллар қарз олиш бўйича музокараларни яқин орада қайта бошлашни режаламоқда.

Халқаро валюта жамғармаси билан маслаҳатлашувлар аввалроқ янги конституция лойиҳасига қарши Мисрда бошланган оммавий намойишлар туфайли тўхтаб қолганди. Яқинда бўлиб ўтган референдумда, расмий маълумотларга кўра, мазкур лойиҳа мисрликларнинг кўпчилиги томонидан маъқулланган.

Миср фунтининг АҚШ долларига нисбатан курси ўта тушиб кетгани қабатида Халқаро валюта жамғармаси билан музокаралар қайта бошланиши ҳақида мамлакат бош вазири Ҳишом Қандил баёнот берди.

Миср Марказий банки раҳбариятининг билдиришича, мамлакат валюта заҳиралари сўнгги пайтда ташвишланарли даражада камайиб кетган.

"Внуково" аэропортидаги ҳалокатда ўлганлар сони беш кишига етди

29 декабр куни Москванинг “Внуково” аэропортига қўниш пайтида ҳалокатга учраган Ту-204 самолётининг стюардессаси олган жароҳати натижасида якшанба куни касалхонада оламдан ўтди.

Бу билан авиаҳалокатда ўлган одамлар сони беш кишига етди. Ҳалокат пайтида ўлган тўрт кишининг шахсини аниқлаш бўйича суд-тиббий экспертиза ўтказилмоқда.

Россиядаги ахборот агентликлари хабарига кўра, шифокорлар тирик қолган уч нафар экипаж аъзосининг аҳволини оғир деб бахолади.

Айни пайтда Давлатлараро авиация қўмитасининг махсус комиссияси ҳалокатга учраганидан самолётнинг “қора қутиси”даги ёзувларни ўрганмоқда.

Россиянинг “Red Wings” ширкатига қарашли самолёт шанба куни Чехиядан учиб келган пайтда ҳалокатга учраган эди. Самолёт бортида ҳаммаси бўлиб саккиз киши бўлган.

Лахдар Браҳимий халқаро ҳамжамиятни Сурия бўҳронини ҳал қилишга чақирди

БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Лахдар Браҳимий.
БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Лахдар Браҳимий халқаро ҳамжамиятни Сурияда 21 ойдан бери давом этаётган уруш ҳаракатларини тўхтатишга қаратилган таклифларни қабул қилишга чақирди.

Браҳимий мазкур таклиф июн ойида Женева шаҳрида имзоланган аммо муваффақиятсизликка учраган тинчлик келишувига асосланганини айтди.

Женева келишуви Сурияда ўт очишни тўхтатиш, президент Башар Ал-Ассаднинг тақдири белгиланмаган ҳолда янги ҳукумат тузишни назарда тутган.

Президент тақдирининг очиқ қолгани Сурия мухолифати норозилигига сабаб бўлган.

Бироқ Россия Сурия президенти Ал-Ассад истъфога чиқиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаган.

Халқаро ташкилотлар маълумотига кўра, Сурияда Ал-Ассад режимига қарши оммавий исёнлар бошланганидан бери шу кунгача 44 мингдан ортиқ одам ўлган.

Покистонда ўғирлаб кетилган 21 аскарнинг жасади топилди

Толиблар қатлиомида оғир яраланган покистонлик аскар Пешовардаги касалхонада, 2012 йил 30 декабр.
Покистонлик 21 аскарнинг жасади 27 декабр куни улар ўғирлаб кетилган жойдан тўрт километрча нарида топилди.

Покистон ҳукумати расмийси Акбар Хон отиб ўлдирилган 21 ҳарбийнинг жасади одамлар яшамайдиган минтақада топилганини айтди.

Акбар Хон ярадор ҳолда топилган бир аскар касалхонага олиб борилгани, бошқа бир аскар соғ-омон қочишга муваффақ бўлганини билдирди.

Ғарб ахборот агентликлари хабарига кўра, жанггарилар Пешовар шаҳри яқинидаги иккита ҳарбий постга ҳужум қилган пайтда 23 ҳарбийни қўлга олган.

Покистон ҳукумати расмийси Гул Шехзайга кўра, ҳарбий постларга қилинган ҳужум учун масъулиятни толиблар ўз зиммасига олган.

Деҳлида зўрлаш қурбони бўлган қизнинг жасади ёқилди

Ҳиндистон пойтахти Деҳлининг Дварка туманида зўрлаш қурбони бўлган 23 яшар қизнинг жасадини ёқиш маросими бўлди.

16 декабр куни автобусда олти эркак томонидан зўрланган талаба 29 декабр куни Сингапурдаги касалхонада вафот этганидан кейин унинг жасади якшанба куни эрталаб Деҳлига олиб келинган эди.

Маросимда қизнинг оила аъзолари ва юқори лавозимли ҳукумат расмийлари иштирок этди.

Жиноят содир этилганидан кейин Ҳиндистон бўйлаб минглаб фуқаро аёлларни кўпроқ ҳимоя қилиш талаби билан намойишлар ўтказди.

Шанба куни олти шахсга талаба қизни гуруҳ бўлиб зўрлаганлик айблови эълон қилинди.

Полиция агар айби исботланса, улар ўлим жазосига ҳукм қилинишини билдирди.

Покистонда камида 20 нафар зиёратчи ҳужум қурбони бўлди

Покистон жанубида шиа мазҳабидаги зиёратчилар кетаётган автобусларга ҳужум уюштирилгани оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди.

Балучистон вилоятининг Мустанг туманида якшанба куни амалга оширилган ҳужумда камида 24 киши яраланган.

Тумани раҳбари ўринбосари Туфайл Аҳмад ҳужумга учраган автобуслардан 19 кишининг жасади олиб чиқилганини айтди.

Аҳмад портлаш пайтида автобусларни қўриқлаб кетаётган хавфсизлик ходимларидан камида икки нафари яраланганини қўшимча қилди.

Расмийларга кўра, автобуслар ичига яширилган бомба узоқдан туриб портлатилган.

Ҳиндистонда талаба қизни зўрлаган олти шахс судланади

Ҳиндистонда полиция толиба қизни гуруҳ бўлиб зўрлаш ва калтаклашда айбланган олти кишига нисбатан айблов эълон қилди.

Мазкур жиноят 16 декабр куни пойтахт Деҳлида автобусда содир бўлганди.

Шанба куни сўзлаган ҳинд полицияси вакили, агар бу олтовлоннинг айби исботлангудек бўлса, улар ўлим жазосига ҳукм қилинажакларини билдирди.

Жиноят қурбони бўлган Тиббиёт олийгоҳининг толибаси – камбағал оилада ўсган 23 ёшли қиз шанба куни эрталаб жон таслим қилган.

Шанба куни Деҳлида минглаб киши толиба қизни хотирлаб тинч намойишга чиқди. Зўравонликка чек қўйиш талаби янграган бу каби намойишлар кеча Мумбай, Бангалор ва Калкуттада ҳам ўтказилган.

Бишкек Тошкент билан газ борасида музокара олиб бормоқда

Қирғизистон 2013 йилда етказиб берилажак табиий газ ҳажми борасида Ўзбекистон ва Қозоғистон келишиб олди. Бу ҳақда Қирғизистон оммавий ахборот воситалари “Қирғизгаз” ширкати матбуот хизмати маълумотларига таянган ҳолда хабар қилди.

Мазкур келишувга мувофиқ, “Ўзтрансгаз” кейинги йилда Қирғизистон жанубига 100 миллион куб метр, “ҚазТрансГаз” эса мамлакат шимолига 300 миллион куб метр газ етказиб беради.

“Қирғизгаз” ширкати матбуот хизмати маълумотларига кўра, газ етказиб бериш бўйича шартнома ҳали имзоланган эмас, ҳозир газ нархи бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

2012 йилда “Қирғизгаз” табиий газнинг ҳар минг куб метрини Ўзбекистондан 290 доллардан, Қозоғистондан эса 224 доллардан сотиб олган.

Арабий ва Амр Аббос билан учрашди

Араб давлатлари лигаси раҳбари Набил ал-Арабий шанба куни АҚШ президенти Барак Обамани фаластинликлар ва исроилликлар ўртасидаги зиддиятнинг тугатилиши йўлида фаолроқ ҳаракат қилишга ундади.

Ал-Арабий АҚШ маъмурияти “зиддиятни бошқариш” ўрнига зиддиятни бартараф қилиш йўлини излашга уринишига умид билдирди.

Араб давлатлари лигаси раҳбари бу баёнотни Миср ташқи ишлар вазири Муҳаммад Амр билан учрашув чоғида берди. Ҳар иккала сиёсатчи биргаликда шанба куни Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббоснинг штаб-квартираси жойлашган Урдун дарёсининг Ғарбий соҳилига бордилар.

Фаластин лидери билан уч томонлама музокара, маълумотларга кўра, бир неча соат давом этган. Унда Араб лигаси томонидан фаластинликларга ҳар ой 100 миллион АҚШ доллари миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш масаласи муҳокама қилинган.

Бу ёрдам, Маҳмуд Аббос фикрича, Фаластиннинг БМТдаги ваколати ошганига жавобан Исроил томонидан ўтган ой жорий қилинган санкцияларни юмшатиш учун зарурдир.

Ўзбекистон Футбол федерацияси раҳбари Мираброр Усмонов Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти этиб сайланди.

Ташкилот Бош ассамблеясининг шанба куни бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашгани айтилмоқда.

Мираброр Усмонов Миллий олимпия қўмитаси раҳбари лавозимида 2009 йилдан буён ишлаб келган Малик Бобоевнинг ўрнига сайланди.

“Внуково” аэропортида Ту-204 учоғи ҳалокатга учради

Москванинг “Внуково” аэропортида Чехиядан учган Ту-204 учоғи ҳалокатга учраши оқибатида тўрт одам ҳалок бўлди.

Аэропорт расмийларига кўра, учоқ қўнаётган маҳал қўниш майдончасидан ташқарига чиқиб кетган ва ёна бошлаган.

Гувоҳларга кўра, аэропорт ёнидан ўтувчи автомобил йўлига чиқиб кетган учоқнинг қаноти ва думи узилиб тушган.

Учоқ бортида келиб чиққан ёнғин тезда ўчирилган. Маълум бўлишича, учоқ бортида 12 кишидан иборат фақат экапаж аъзолари бўлишган.

Францияда бойларга қўшимча солиқ солиниши тенглик тамоилига зид

Франция Конституциявий кенгаши йиллик даромади бир миллион евродан ошадиган фуқароларга келаси йилдан 75 фоизлик даромад солиғи солинишини мамлакат асосий қонунига зид, деб топди.

Мамлакат раҳбари Франсуа Олланд сайловолди кампанияси пайти 2013 йилда бюджет камомадини олдини олиш учун бойларга солиқни ошириши ҳақида ваъда берганди.

Франция янги раҳбарининг солиқларни ошириш сиёсати кўплаб бойларни бошқа мамлакат фуқаролигини олишга мажбур қилди.

Машхур француз актёри Жерар Депарде ҳам яқинда Белгияга кўчиб, Франция паспортини топшириш нияти борлигини айтганди.

Шанба куни Франция Конституциявий кенгаши бойларга қўшимча солиқ солиниши фуқаролар тенглиги тамоилига зид келишини маълум қилди.

Броҳимий Москвада Сурия бўйича музокара ўтказди

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Сурия бўхронини сиёсий йўл билан ҳал қилиш имконлари сақланиб қолаётганини айтди.

Шанба куни Москвага ташриф буюрган БМТ ва Араб лигасининг Сурия бўйича вакили Лаҳдор Броҳимий билан музкара чоғида Лавров Сурия билан мулоқот самарасига ҳали ҳам ишонишини ва бунга халқаро ҳамжамият кўмаги зарурлигини таъкидлади.

Ўз навбатида Броҳимий Сурия олдида ҳозир икки муқобил йўл - “сиёсий жараён ёки дўзаҳга элтувчи йўл” турганини қайд этди.

Экспертлар фикрича, Броҳимий Москвага Сурия ўтиш даври ҳукуматини тузиш ва шу орқали мамлакатда қон тўкилишларга чек қўйиш мақсадида Россия дастагини қозониш учун Москвага борган.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бошлиғи лавозимидан четлатилди

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бошлиғи Бобур Алимов ўз лавозимидан четлатилган. Бу хабарни агентликдаги манбаа Озодлик радиосига тасдиқлади.

Алимовнинг нима сабабдан лавозимидан олингани ва уни ўрнига ким агентликка раҳбар этиб тайинлангани номаълум.

Бу ҳақда расмий матбуотда ҳам ҳозирча маълум қилинмаган.

Бобур Алимов 2005 йилда Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Рустам Шоғуломов ўрнига раҳбар этиб тайинланган эди.

Унгача Алимов “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси раҳбари бўлиб ишлаб келган.

Аввалига Давлат матбуот қўмитаси бўлган, кейинчалик Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига ўзгартирилган идора Ўзбекистон матбуотини назорат қилувчи тузилма сифатида кўрилади.

Обама АҚШни иқтисодий жар ёқасидан қайтара олишига умид қилмоқда

АҚШ президенти Барак Обама Конгрессдаги демократлар ва республикачилар етакчилари билан жума куни Оқ уйда ўтказган учрашувидан сўнг мамлакатни иқтисодий жар ёқасидан қайтарадиган келишувнинг янги йилга қадар имзоланишидан умидвор эканини қайд этди.

– Кечиктириб бўлмайдиган ҳаракатлар қилиш вақти келди, - деди Обама.

АҚШ раҳбарига кўра, ҳозир Сенат аъзолари битим лойиҳаси устида ишламоқда ва у Конгресснинг ҳар икки палатаси тарафидан маъқулланиши кутилмоқда.

Умид қилинаётгани шуки, АҚШни иқтисодий жар ёқасидан қайтарадиган "келишув" дефицит муаммосини ҳам ҳал этади.

Дефицит бу йил 1.1 триллион долларга, яъни Ялпи ички маҳсулотнинг 7 фоизига тенг.

Агар янги йилгача Конгресс муросага келмаса 1 январдан бошлаб солиқлар ошади ва ҳукуматнинг ижтимой хизматлар учун ёрдами кесилади.

Бу деярли ҳар бир америкаликнинг чўнтагига таъсир қилади ва шундоқ ҳам ожиз иқтисодни барбод қилиши мумкин.

АҚШга кетиши керак бўлган 46 россиялик етим ватанида қолади

Америкалик оилалар тарафидан асраб олиниши кутилаётган 52 россиялик боладан фақат олти нафари АҚШга кетади, қолгани ватанида қолади.

Бу ҳақда Россия президентининг матбуот вакили Дмитрий Песков “Дождь” телеканали мухбири билан суҳбатда таъкидлади.

Жаноб Песковга кўра, 46 нафар етим боланинг америкаликлар тарафидан асраб олиниши бўйича суд қарори чиқмагани учун улар Россияда қолади.

АҚШ ҳукумати Россия тарафидан АҚШ фуқароларининг россиялик етимларни асраб олишни тақиқловчи қонун қабул қилинганидан “чуқур таассуфда” эканини билдирди.

Давлат департаменти матбуот котиби Патрик Вентрел ушбу қонунни “сиёсий сабабларга эга” эканини айтди.

Россия парламенти мазкур қонунни АҚШнинг 2009 йилда қамоқда қийноқлардан вафот этган Сергей Магнитский ўлимига алоқадор ва инсон ҳуқуқлари бузилиши учун масъул бўлган Россия расмийларининг АҚШга киришини ман қилувчи қонунига жавобан қабул қилди.

Янги қонун америкаликларга россиялик болаларни асраб олишни тақиялашдан ташқари Россия ҳудудида АҚШнинг нотижорат ташкилотларининг ҳам ишлашини тақиқлашни кўзда тутади.

Халқаро етимларни асраш ташкилотлари Россиядаги янги қонунни кескин танқид этишмоқда.Айни дамда россиялик етимларни асраб олиш жараёнида бўлган америкалик оилалар қонун кучга кириши билан ниятларидан воз кечишга мажбур бўлишади.

Қонун 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга киради.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG