Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 12:13

Халқаро янгиликлар

ЕМБ жорий йилда евро ҳудуди иқтисодиёти ўнглана бошлашини билдирди

Европа Марказий Банки Президенти Марио Драги.
Европа Марказий Банки (ЕМБ) 2013 йил охирида евро ҳудуди иқтисодиёти “қайта тиклана бошлаши” кутилаётгани ва ҳозирда бунинг белгилари кўзга ташланаётганини маълум қилди.

Европа Марказий Банки Президенти Марио Драгининг ушбу баёноти банкнинг бошқарув кенгаши аъзолари даромад фоизини рекорд даражада паст, яъни, 0,75 фоизда қолдиришни ёқлаб овоз берганидан кейин янгради.

Драгига кўра, евро ҳудудида инфляция тахмин қилинган даражада қолмоқда ва 2013 йил мобайнида икки фоиздан пасайиши кутилмоқда.

ЕМБ раҳбарига кўра, иқтисодий сустлик 2013 йилда давом этиши ва йил охирига бориб иқтисодий фаолият кучайиши кутилмоқда.

Покистон: Ҳиндистон қўшинлари покистонлик аскарни отиб ўлдирди

Ҳиндистон-Покистон чегарасининг Сучит-Гарҳ гарнозонидаги ҳиндистонлик аскар, 2013 йил 10 январ.
Покистон ҳарбийлари 10 январ куни Ҳиндистон қўшинлари покистонлик бир аскарни отиб ўлдирганини билдирди.

Бу Кашмирнинг мунозарали чегара минтақасида сўнгги беш кун ичида рўй берган учинчи қонли воқеадир.

Ҳиндистон томони пайшанба кунги воқеага дарҳол муносабат билдирмаган.

Ядровий қуролга эга бўлган Покистон ва Ҳиндистон якшанба куни покистонлик бир аскар отиб ўлдирилган ва сешанба куни икки нафар ҳиндистонлик аскар яраланган воқеалар содир бўлганида бир-бирини айбламоқда.

Покистондаги портлашда 11 одам ўлди, ўнлаб одам яраланди

Покистон жанубида жойлашган Балучистон вилочти маркази Кветта шаҳрида пайшанба куни амалга оширилган порллаш оқибатида камида 11 киши ўлди.

Озодлик мухбирига кўра, Кветта шаҳрининг Бача Хон майдонидаги ҳарбий текширув пункти яқинида содир этилган портлашда ўттиздан ортиқ одам яраланган.

Покистон полициясига кўра, бомба ҳарбийлар машинасининг остига ўрнатилган бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Олимлар инсулин борасида янги кашфиётни эълон қилди

Олимлар одам танасида инсулин моддаси молекула даражасида қандай ишлаши бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар қанд касалигига чалинган беморларга кундалик равишда инсулин уколини қилишдан қутқариши мумкин демоқда.

АҚШ-Австралия олимларидан иборат тадқиқодчилар гуруҳи инсулин гормонининг қандай қилиб қондаги шакарни ҳужайраларга етказиб бериши механизмини илк бор кузатишга муваффақ бўлган.

Тадқиқот ҳақидаги ҳисобот "Nature" журналининг охирги сонида чоп этилган.

Олимлар гуруҳи раҳбари Майк Лоренсга кўра, бу кашфиёт игнасиз қўлланиладиган янги инсулин воситалари яратилишига йўл очиши мумкин.

Ҳозир дунё бўйлаб тахминан 347 миллион одам қанд касаллигига чалингани айтилади.

Ҳиндистонда жинсий тажовузда айбланганлар иккинчи марта судга олиб келинади

Ҳиндистонда талаба қизни зўрлаганликда гумонланиб, қўлга олинган беш эркак пайшанба куни иккинчи марта Деҳли судига олиб келинади.

Адвокат гумонланувчиларнинг уч нафари ўз айбини тан олмаслиги айтмоқда.

Адвокатнинг иддао қилишича, полиция улардан кўрсатма олиш учун қийноқ қўллаган.

Беш нафар шахс 16 декабр куни Деҳлида 23 яшар талаба қизни автобусда зўрлаганлик ва уни ўртоғи билан бирга темир билан калтаклаганликда айбланмоқда.

Жабрдийда қиз олган жароҳатлардан касалхонада вафот этган.

Агар айбдор деб топилса, гумонланувчилар ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Жиноятга алоқадорликда гумон қилинган 17 ёшдаги олтинчи шахснинг вояга етмаганлар бўйича маҳкамада судланиши кутилмоқда.

Бу воқеа Ҳиндистон ҳукуматига қарши оммавий норозиликларни келтириб чиқарган эди.

Покистонда ҳайдовчилар иш ташлади

Покистонда Афғонистондаги НАТО ҳарбийлари таъминотида иштирок этаётган юк машиналари ҳайдовчилари чоршанба куни иш ташлади.

Улар иш ҳақининг озлигидан, ўз хавфсизликлари таъминланмаганидан ва амалдорларнинг коррупциялашганидан норозилик билдирмоқда.

Ҳайдовчилар касаба уюшмаси лидери Жаҳонзаб Хоннинг айтишича, ҳар бир ҳайдовчи Покистоннинг Хайбар вилоятидан ўтиш учун хавфсизлик хизмати ходимларига 165 доллардан пора бериши керак.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши Сўх жанжалини ўрганадиган комиссия ташкил этди

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши Чегара хизматига 21 январгача Сўх воқеаси айбдорларини топиш ва эҳтимолий низолар ўчоғи бўлган чегара ҳудудларини қўриқлашни кучайтириш кўрсатмасини берди.

Хавфсизлик кенгаши қарори билан воқеани ўрганиш учун Чегара хизмати, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги вакилларидан иборат комиссия ташкил этилди.

5 январда бошланиб 7 январ куни ниҳоясига етган Сўх жанжали қирғиз чегарачиларининг Ўзбекистон билан баҳсли ҳудудга симёғочларни ўрнатиши ортидан келиб чиққан эди. Жанжал пайтида Ўзбекистонда 30 қирғизистонлик, Қирғизистонда эса 6 ўзбекистонлик гаровга олинган. Қирғиз чегарачилари отган ўқдан камида уч ўзбекистонлик яралангани айтилмоқда.

Ўзганда қирғизлар ва хитойлар муштлашди

Ўш вилояти Ўзган туманида маҳаллий аҳоли вакиллари ва Хитойнинг TBEA ширкати ишчилари ўртасида муштлашув содир этилди.

Жанжалда қатнашган 100 дан ортиқ одамнинг 28 нафари турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди. Тан жароҳати олганларнинг 19 таси хитойлик, уларнинг икки нафари реанимацияда қолмоқда. Қирғиз фуқароларидан эса 9 киши, жумладан, милиция ходимлари касалхонага ётқизилган.

24.kg агентлигининг маълум қилишича, воқеа 8 январ куни Ўзган туманидаги Қуршаб қишлоғида рўй берган. Хитойликлар маҳаллий аҳоли вакилларидан бирини мобил телефонни ўғирлаганликда айблаб калтаклаган. Бундан хабар топган 100 га яқин маҳаллий аҳоли вакиллари орани очиқ қилиш учун у ерга келишган.

Ҳодиса юзасидан Қирғизистон жиноят кодексининг тўртта моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Хитойнинг TBEA ширкати Ўшда «Датка-Кристалл» электр узатиш тармоғи қурилиши билан шуғулланган. Ширкатнинг Қирғизистондаги ваколатхонаси раҳбари Мусажан Макелекнинг билдиришича, тармоқнинг ишга туширилиши 9 январга мўлжалланган эди. Бироқ муштлашув туфайли очилиш маросими ортга сурилди.

Тожикистонда ўтган йили террорчиликда гумонланган 144 киши қўлга олинди

Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида ўтган йили мамлакатда 144 нафар эҳтимолий террорчи ва экстремист қўлга олинганини билдирди.

Бош прокурорнинг қайд этишича, ўтган йили қўлга олинганларнинг 36 нафари тақиқланган «Ҳизб-ут-Таҳрир» диний-экстремистик партияси, 76 нафари «Ўзбекистон исломий ҳаракати» аъзоси эканлиги тахмин қилинади.

2011 йили Тожикистонда террорчилик ва диний-экстремистик ташклотларга алоқадорликда гумон қилинган 196 киши қўлга олинган эди.

Бош прокуратура маълумотига кўра, 2012 йили республикада 16,6 мингта жиноят содир этилди, бу 2011 йилдагидан 1,7 фоизга камдир.

Қашмирда икки ҳинд аскари ўлдирилган

Ҳиндистон мулозимлари бахсли Қашмир минтақасида покистонлик ҳарбийлар икки ҳинд аскарини ўлдирганини айтмоқда.

Ўлдирилган ҳинд аскарларидан бирининг боши танасидан жудо қилинган холда топилган.

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Салмон Ҳуршид ўз мамлакати покистонлик ҳарбийларнинг бу “ноинсоний қилмишига” жавоб қилажагини айтди.

Хабарларга кўра, Покистоннинг Деҳлидаги элчиси бугун Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртириб олинган ва унга норозилик нотаси топширилган.

Ҳиндистон томонига кўра, покистонлик ҳарбийлар Қашмирдаги назорат чизиғини кесиб Ҳиндистон назоратидаги ҳудудга ўтганларидан сўнг отишма рўй берган.

Расмий Исломобод ҳинд аскарларининг ўлими билан боғлиқ айбловларни рад этмоқда.

Япония ҳарбий ҳаражатларни оширмоқчи

Япония сўнгги 10 йил ичида илк бор мамлакат ҳарбий ҳаражатларини оширмоқчи.

Японияда бош вазир Синдзо Абэ бошлиқ янги миллатчи ҳукумат иқтидорга келиши ортидан бу ҳақда эълон қилинди.

Токио расмийлари ҳарбий ҳаражатлар учун қўшимча 2 миллиард доллар зарурлигини айтишмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, минтақада Хитойнинг ҳарбий таҳдиди ортиши Токио ҳукуматини ҳарбий ҳаражатларни оширишга мажбур қилган.

Афғонитсон Президенти Ҳамид Карзай АҚШга сафар қилмоқда

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай.
Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай тўрт кунлик сафар билан АҚШга ташриф буюрди. Кобул раҳбари бугун АҚШ Конгрессида бир қатор сенаторлар билан учрашади, шунингдек АҚШ Марказий разведка бошқармасини ҳам зиёрат қилади.

Вашингтонда жума куни АҚШ Президенти Барак Обама билан бўладиган учрашувда Ҳамид Карзай Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш бўйича икки томонлама келишувни мухокама қилади.

Лекин, Оқ уй расмийларига кўра, шу куни Обама Афғонистонда 2014 йилдан кейин қанча АҚШ қўшини қолишини эълон қилмайди.

2014 йилда Афғонистондаги жанговор ҳаракатларнинг расман тугатилиб, халқаро кучларнинг мамлакатдан олиб чиқилиши кутилмоқда. Америка ва НАТО нинг қанча ҳарбийлари Афғонистонда қолиши борасида ҳали бир тўхтамга келингани йўқ.

Уго Чавеснинг қасамёд маросими бошқа кунга қолдирилди

Венесуэла Президенти Уго Чавес касаллиги боис унинг 10 январга белгиланган қасамёд маросими бошқа кунга қолдирилган. Бу ҳақда мамлакат парламенти раиси Диосдадо Кабелло маълум қилди.

Кабелло сешанба куни депутатларга вице президент Николос Мадуродан олинган мактубни ўқиб берди.

Мадуро ўз мактубида Чавесни саратон касалидан даволаётган кубалик шифокорлар даволаш жараёни 10 январда якунланмаслигини билдирганини маълум қилган.

Чавес ўтган ойда Кубада навбатдаги жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Николос Мадуро саратон касаллиги билан олишаётган Венесуэла Президенти Уго Чавес 10 январга мўлжалланган қасамёд маросимида қатнаша олмаса ҳам президентлик мақомини сақлаб қолиши ҳақда айтилган эди.

Жерар Депардьега Тюмендаги театрдан иш таклиф этилди

Россия фуқаролигини олган француз актёри Жерар Депардьега Тюмендаги драматик театрдан иш таклиф этилди.

Тюмен драма театри директори Сергей Осинцев бу ҳақда "Вконтакте" ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

Осинцевга кўра, театр раҳбарияти Депардьега 16 минг рубл ойлик маоши таклиф этган. Ўтган ҳафта француз актёри Россия паспортини Сочи шаҳрида президент Владимир Путиннинг қўлидан қабул қилиб олган эди.

63 ёшли актёр Францияда катта даромадли фуқаролар учун киритилаётган баланд солиқларга норозилик тарзида француз фуқаролигидан воз кечиш ниятида эканини эълон қилганди.

Матисснинг ўғирланган асари топилди

Ани Матисснинг 1987 йилда Стокҳолмдаги замонавий санъат музейидан ўғирланган “Боғ” картинаси Буюк Британиядан топилди.

Картина изини британиялик галерист Чарлз Робертс топди. Унга полшалик коллекционер мазкур картинани сотиб олишни таклиф қилган. Маълум бўлишича, полшалик сотувчи “Боғ” асарини 1990 йилда сотиб олган ва унинг ўғирланганини билмаган.

Матисснинг тахминан бир миллион долларга баҳоланган асари Швеция музейига қайтарилиши режаланмоқда.

Туркияда 12 курд исёнчиси отиб ўлдирилди

Туркия жануби-шарқида турк ҳарбийлари билан отишма чоғида 12 нафар курд исёнчиси отиб ўлдирилди.

Турк матбуотининг хабар беришича, курд исёнчилари Ироқ чегараси яқинидаги ҳарбий постга ҳужум қилишга ҳаракатланишган. Турк ҳарбийлари орасида йўқотишлар бўлгани ҳақида маълумот йўқ.

Тўқнашув турк расмийлари мамлакатда тақиқланган Курд ишчи партияси раҳбари Абдулла Ўджалон билан музокаралар олиб бораётган пайтда содир этилди. Ўджалон туркиядаги қамоқхоналардан бирида сақланмоқда. Музокаралардан мақсад 28 йилдан бери турк ҳукумати ва курд айрмачилари ўртасида давом этаётган низони тўхтатишдан иборат.

Туркия, АҚШ ва Европа иттифоқи Курд ишчилар партиясини террорчи ташкилот деб ҳисоблайди.

Ҳамид Карзайнинг Вашингтонга 4 кунлик сафари бошланди

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзай билан учрашуви чоғида 2014 йилдан сўнг Афғонистонда қоладиган америкалик ҳарбийлари сони юзасидан қандай қарорга келганини очиқламайди.

Бу ҳақда сешанба куни Оқ уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Бен Рордс маълум қилди. Унинг айтишича, Обама 2014 йилдан сўнг Афғонистонда қолиши мумкин бўлган АҚШ ҳарбийлари сони борасида келаси “бир неча ой ичида қарор қабул қилиши кутилмоқда”. Оқ уй Афғонистонда америкалик ҳарбийларини қолдирмаслик масаласини ҳам ўрганаётир.

Ҳамид Карзайнинг Вашингтонга тўрт кунлик сафари 8 январ куни бошланди. Обама ва Карзай учрашуви жума кунига режалаштирилган. Карзай АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва мудофаа вазири Леон Панетта билан ҳам учрашади.

БМТ: Дамашқ озиқ-овқат ёрдами тарқатишга тўсқинлик қилмоқда

БМТ расмийларининг айтишича, Сурия ҳукумати уруш зонасида ёрдам тарқатишни тақиқлагини оқибатида бир миллион суриялик озиқ-овқат ёрдамини ололмаяпти.

БМТнинг Озиқ-овқат дастури матбуот котиби Элизабет Бирс ўз ташкилоти ҳар ойда Суриянинг бир ярим миллион аҳолисига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бераётганини маълум қилди. Сурияда икки ярим миллион одам озиқ-овқатга муҳтож бўлиб қолмоқда, дея қўшимча қилди у.

БМТ Сурия ҳукумати фақат бир нечта ташкилотнинг фаолият юритишига рухсат бергани учун сурияликларга ёрдам ҳажмини кўпайтира олмаётганини маълум қилди.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Сурияда 21 ойдан бери давом этаётган урушда 60 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Ўтган ойда суриялик қочқинлар сони 600 минг кишига етган.

Жерар Депардье маст ҳолда мотоцикл бошқарганлик айблови бўйича суд мажлисига келмади

Франциялик таниқли актёр Жерар Депардье маст ҳолда мотоцикл бошқарганлик айблови бўйича Париж шаҳар суди мажлисга келмади.

Сешанба куни Депардьенинг адвокати ўз мижози “профессионал сабабларга кўра хорижда экани”ни билдирди.

Жерар Депардьега айблов ноябр ойида Парижда мотоциклидан йиқилиб тушгани воқеаси билан боғлиқ.

Хабарларга кўра, воқеа рўй берган пайтда полицяичилар Депардье танасида алкогол миқдори рухсат этилганидан уч баробардан кўпроқ бўлганини аниқлаган.

Адвокатига кўра, судга кела олмагани учун энди Депардьенинг иши жиноят ишлари бўйича судда кўрилади.

Жерар Депардье Франция ҳукуматининг йиллик даромади бир миллион евродан кўп бўлган фуқароларга 75 фоизлик солиқ жорий қилиш режаси сабабли Франция фуқаролигидан воз кечиб, ўтган ҳафта Россия фуқаролигини олган.

6 январ куни Сочи шаҳрида Россия паспортини Депарьдега президент Владимир Путиннинг ўзи шахсан топширди.

Душанба куни Жерар Депардье Швейцарияда футболчиларига мукофотлар топшириш тадбирида қатнашди.

Афғонистон армияси формасидаги шахс британиялик аскарни отиб ўлдирди

Кобул шаҳрида патрул назоратини ўтаётган битаниялик аскарлар.
Афғонистондаги НАТО қўшинлари сафида хизмат қилаётган британиялик ҳарбий афғонистонлик аскар томонидан отиб ўлдирилди.

Афғонистондаги Халқаро кучлар матбуот котиби Мартин Кригтонга кўра, британиялик аскар душанба куни Ҳилманд вилоятидаги Наҳри-Сараж базасида Афғонистон армияси кийимидаги шахс томонидан отиб ўлдирилган.

Воқеада ҳужум қилган шахсни Британия аскарлари отиб ўлдирган.

Ҳужум учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олди.

Бу воқеа Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай жума куни Вашингтонда АҚШ Президенти Барак Обама билан учрашувидан олдин рўй берди.

Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинларининг катта қисми 2014 йилнинг охирига қадар олиб чиқилиши режалаштирилган.

Обама ва Карзай ўртасидаги сўзлашувда Афғонистон кучларини тайёргарликдан ўтказиш ва хавфсизликни таъминлаш учун халқаро қўшинларнинг қанчасини қолдириш асосий масала бўлиши кутилмоқда.

Қозоғистон Божхона қўмитаси собиқ раҳбари 10 йилга қамалди

Серик Баймағанбетов қора курсида.
Остона шаҳар суди Қозоғистон Божхона қўмитаси собиқ раҳбари Серик Баймағанбетовни 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Сешанба кунги судда Баймағанбетов пора олганликда айбдор деб топилган. Суд ҳакамлари Баймағамбетовга тегишли мулкларни мусодара қилиш ҳақида ҳам ҳукм чиқарган.

54 ёшдаги Серик Баймағанбетов ўтган йил феврал ойида лавозимидан истеъфога чиқиши билан ҳибсга олинган.

Баймағанбетов бир кишини Божхона хизматига ишга қабул қилиш учун 80 минг доллар пора олганликда айбланган. Унинг иши бўйича суд ўтган йил сентябрида бошланган эди.

Баймағанбетов қонунга зид иш қилмаганини айтган ва ўзига қўйилган айбловни инкор қилган.

Серик Баймағанбетов 2011 йилда Божхона қўмитаси раиси этиб тайинланишидан олдин Қозоғистон Ички ишлар вазири бўлиб ишлаган.

Покистон: АҚШ ҳаво ҳужумида камида саккиз жанггари ўлдирилди

АҚШнинг пилотсиз учқичи Покистоннинг қабилалар яшайдиган минтақасида амалга оширган ҳужумда камида саккиз жанггари ўлдирилди.

Покистон хавфсизлик хизматининг ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган расмийси Шимолий Вазиристон вилоятининг Ҳайдар Ҳел қишлоғида сешанба куни эрталаб амалга оширилган ҳужумда беш жанггари ўлдирилгани, тўрт нафари жароҳат олганини тасдиқлади.

Орадан бир соатча АҚШ учқичи Ҳайдар Ҳелга яқин жойлашган Ҳасуҳел қишлоғидаги жанггарилар яширинган жойни нишонга олган.

Иккинчи ҳужумда уч жанггари йўқ қилинган. Бу минтақада Ал-Қоидага алоқадор жанггарилар ўрнашиб олгани айтилади.

Покистон расмийлари ўлдирилган жанггариларнинг шахси маълум эмаслигини билдирди.

Маҳаллий ахборот воситаларига таяниб, Хитойнинг Синхуа агентлиги тарқатган хабарга кўра, Ҳайдар Ҳел қишлоғидаги ҳужум уюштирилган бинода толибларнинг нуфузли етакчиси бўлгани тахмин қилинмоқда.

Эрик Шмидт ва Билл Ричардсон Шимолий Кореяга боришди

Google ширкати ижрочи директори Эрик Шмидт Шимолий Кореяда.
Google ширкати ижрочи директори Эрик Шмидт ва Ню Мексико штати собиқ губернатори Билл Ричардсон танқидларга қарамай Шимолий Кореяга ташриф буюришди.

Ричардсон АҚШ ҳукумати норозилигига сабаб бўлган ушбу ташриф мақсади гуманитар ёрдам кўрсатиш ҳамда ўтган йили қамоққа олинган америкалик Кеннет Бэйни озод этишга чақириш эканини айтган.

Интернет эркинлиги тарафдори Эрик Шмидт эса Интернетни қаттиқ назоратга олган Шимолий Кореяга сафари тафсилотларини очиқламаган.

АҚШ ҳукумати икки америкалик Шимолий Кореяга сафар қилиш учун “мутлоқ ноқулай пайт” танлаганини билдирган.

Шимолий Корея декабр ойида халқаро санкцияларга қарамай, баллистик ракета синовини амалга оширган эди.

Ҳиндистонда зўрлашда айбланганлар суд олдида ҳозир бўлди

Ҳиндистонда 23 яшар талаба қизни оммавий зўрлаганлик ва ўлдирганликда гумонланаётган беш эркак душанба куни илк бор суд олдида ҳозир бўлди.

Одамларга тўла суд залида юз берган жанжалдан сўнг судя ишни ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқишга қарор қилди.

Полиция ҳибсга олинган беш эркакни бир қанча жиноятда, жумладан, одам ўғирлаш, зўрлаш, қотиллик ва бошқа жиноятларда айблаган.

Оммавий зўрлашда иштирок этгани гумон қилинаётган яна бир йигит 18га кирмагани боис уни алоҳида, вояга етмаганлар ишлари бўйича маҳкамада суд қилиниши айтилмоқда.

16 декабр куни рўй берган воқеада, Ню Деҳлида автобусда кетаётган талаба қиз ва унинг ёнидаги йигит ҳужумга учраган эди. 23 ёшли талаба ҳужум оқибатида олган жиддий жароҳатлардан икки ҳафта ўтиб, Сингапурдаги касалхонада вафот этган эди.

Бу ходиса Ҳиндистон ҳукуматига қарши оммавий норозиликларни келтириб чиқарди.

Ҳибсга олинганлар Ҳиндистондаги олий жазо – ўлим жазосига ҳукм этилишлари мумкин.

Лионел Месси - тўртинчи бор йилнинг энг яхши футболчиси

“Барселона” футбол клуби ҳужумчиси аргентиналик Лионел Месси тўртинчи бор ФИФА тарафидан йилнинг энг яхши ўйинчиси, деб топилди.

Дунёнинг энг яхши ўйинчисини аниқлаш учун ўтказилган махсус сўровда 25 ёшли Месси 40 фоиздан кўп овоз тўплаган.

Футболчилик фаолиятидаги тўтинчи “Олтин тўп”ни Мессига Цюрих шаҳрида ўтган гала-тадбирда ФИФА президенти Зепп Блаттер топширди.

Мазкур нуфузли унвонга Лионел Месси билан бирга унинг жамоадоши Андрес Инеста ҳамда Мадриднинг “Реал” клуби ҳужумчиси Криштиану Роналдулар номзодлик қилишганди.

Эслатамиз, Лионел Месси 2012 йилда жами 91 гол уриб, бир тақвим йилида киритилган голлар сони бўйича дунё рекордини янгилаган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG