Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 04:44

Халқаро янгиликлар

Тожикистон сартарошхоналарида эскичасига соқол-мўйлов олдириш тақиқланди

China - A man receives a shave from a street barber in Kashgar, 03Nov2006
Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ОИТВ вируси тарқали олдини олиш мақсадида мамлакатдаги сартарошхоналарида эскичасига соқол-мўйлов олдириш, соч қирдиришни тақиқлади.

Соғлиқни сақлаш вазири Нусратулло Салимовга кўра, кўпгина сартарошхоналарда дезинфекция воситалари етишмаслиги инсон соғлиги учун катта хавфдир.

Айни пайтда Тожикистонда бир марта ишлатиладиган устарадан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисиларига кўра, Тожикистонда ўтган йили ОИТВга чалинганлар сони 17 фоизга ортган.

Ҳозирда Тожикистонда хавфли вирусни юқтирган тўрт ярим минг бемор қайд этилган.

Греция парламенти солиқларни ошириш ҳақидаги қонунни қабул қилди

Греция парламенти узоқ тортишувлардан сўнг шанбага ўтар кечаси мамлакат бюджетини тўлдириш мақсадида солиқларни ошириш ҳақидаги қонунни қабул қилди.

Мазкур чора иқтисодий бўхронни бошдан кечираётган Грецияга молиявий ёрдам бериш учун Халқаро валюта фонди ва бошқа молиявий тузилмалар қўйган бош талаблардан биридир.

Янги қонун юридик шахслардан қўшимча солиқ олиш ҳамда йиллик даромади 42 минг евродан кўп бўлган фуқароларга 42 фоизлик даромад солиғи солинишини назарда тутади.

Греция шу йўл билан келаси икки йил мобайнида давлат ҳазнасини икки ярим миллиард евролик қўшимча маблағ билан тўлдирмоқчи.

Иқтидордаги консерватив коалиция мазкур қарорни олқишлади. Мухолифат эса янги қонун оддий фуқаролар мушкулини яна ҳам оғирлаштиради, демоқда.

Афғонистонда қўмондонлик афғон армияси зиммасига юкланади

АҚШ президенти Барак Обама ва Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзай Вашингтондаги жума кунги музокаралар пайти Афғонистондаги барча ҳарбий амалиётлар устидан қўмондонлик қилиш шу йилнинг баҳорига қадар афғон армияси зиммасига топширилиши борасида келишганлар.

2013 йилнинг баҳоридан эътиборан америкалик ҳарбий ҳизматчилар фақат афғон аскарларини қайта тайёрлаш ва уларга маслаҳатчилик қилиш билан шуғулланади, деди Обама.

Шунингдек, Оқ уй раҳбари яқин фурсатда Пентагон раҳбарияти билан АҚШ кучларини Афғонистондан тезроқ чиқариш масаласини мухокама қилишини маълум қилди.

Америка қўшинини 2014 йил бошидан Афғонистондан чиқариш кўзда тутилаётган эди.

Венесуэла вице-президенти яна Кубага йўл олди

Венесуэла вице-президенти Николас Мадуро шу ой ичида Кубага иккинчи бор сафар қилмоқда.

Мадуро Ҳавана шифохонасида даволанаётган Венесуэла президенти Уго Чавес холидан хабар олиш, шунингдек у ерда Аргентина ва Перу раҳбарлари билан учрашиш мақсадида Кубага йўл олганини маълум қилди.

Аргентина ва Перу раҳбарларининг ҳам Чавесни кўргани касалхонага боришлари айтилмоқда.

Саратондан азият чекаётган Чавес 11 декабрда Кубада тўртинчи жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган эди.

Чавес соғлиги туфайли давлатни бошқаролмай қолса, мамлакат вице президенти ва Ташқи ишлар вазири Николас Мадурони ўз давомчиси сифатида кўришини айтганди.

Малида фавқулодда холат эълон қилинди

Малида бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда холат эълон қилинди. Жума куни Мали ҳукумати БМТ ва Франция раҳбариятига мурожаат қилиб, мамлакат шимолида ўрнашиб олган жанггари гуруҳларга қарши кураш олиб боришда ёрдам сўраганди.

Расмий Париж Мали ҳукуматига ҳарбий дастак кўрсатишини билдирди. Хабарларга кўра, Франция авиацияси Кона шаҳрида экстремистлар позицияларини ҳаводан нишонга олган.

Франциянинг собиқ колонияси бўлган бу мамлакатда ўтган йилги ҳарбий тўнтариш ортидан нобарқарор вазият юзага келган эди.

Ходорковскийнинг адвокати оламдан ўтди

Михаил Ходорковскийнинг адвокати, таниқли юрист ва ҳуқуқ фаоли Юрий Шмидт Санкт-Петербург шаҳрида 76 ёшида оламдан ўтди.

Шмидт сўнгги ойларда саратон ҳасталиги билан олишаётган эди. Ўз касбий фаолияти давомида Юрий Шмидт Хьюман Райтс Уотч, Россиянинг “Фемида” ва Халқаро Хелсинки гуруҳи мукофотлари билан тақдирланган.

2004 йилдан у ЮКОС нефт ширкати собиқ раҳбари Михаил Ходорковскийнинг адвокати сифатида фаолият қилиб келди.

Словенияда Бош вазир истеъфоси талаб қилинмоқда

Словения пойтахти Люблянада 10 мингга яқин одам Бош вазир Янез Янснинг истеъфосини талаб қилиб, намойиш ўтказди.

Бош вазирни коррупцияда айблашмоқда. Яқинда коррупцияга қарши комиссия Янез Янс ва Любляна мэри Зоран Янкович банк активлари ва кўчмас мулкини ҳисоб – китоб қилишда қонунбузарликларга йўл қўйганини аниқлаган эди.

Сўнгги ойларда Словенияда мамлакат раҳбарияти истеъфоси ва коррупцияга барҳам берилиши талаб қилинган намойишлар мунтазам ўтказилмоқда.

Қозоғистонда янги туғилган чақалоққа Арча деб исм қўйилди

Қозоғистоннинг Темиртов шаҳрида истиқомат килувчи Олмагул Райҳон ўғлига Арча деб исм қўйди.

Райҳоннинг Интерфакс агентлигига айтишича, ўғли 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси, яъни айни Янги йил байрами нишонланаётган маҳал дунёга келган. Шунинг учун у фарзандига байрам билан боғлиқ исм қўйишга қарор қилган.

«Турмуш ўртоғим билан келишиб, ўғлимизга Янги йил байрамининг энг асосий тимсоли номини бердик», деди Райҳон. Унинг фикрича, Арча исми ижобий ва эзгудир, шу сабабли ҳам ўғли бундай ноанъанавий исм билан ҳаётда қийналмайди.
Арчанинг бир ёшли опаси ҳам бор, унга анъанавий қозоқчи исм қўйилган.

Ўшда юқори лавозимли милиция амалдори ўлдирилди

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчиликка ва коррупцияга қарши кураш бўлимининг жанубий ҳудуд бошқармаси раҳбари Тўлкунбек Шоноев 11 январ куни кечкурун Ўшдаги Оқтилак мавзесида ўлдириб кетилди.

Ички ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, қотиллик 19:30 да содир этилган. Шоноевга ўз уйи олдида тўппончадан ўқ узилган.

Қотиллик сабаблари ва ўқ узилган тўппончанинг русуми ҳозирча маълум эмас. Айни пайтда тергов олиб борилмоқда.

Тўлқунбек Шоноев 35 ёшда бўлган. Унинг 4 фарзанди етим қолди.

Ҳамид Карзай жума куни Вашингтонда Барак Обама билан учрашади

АҚШ Президенти Барак Обама ва Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай.
Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай жума куни АҚШ Президенти Барак Обама билан Афғонистон келажагига доир музокаралар ўтказади.

Музкоаралар чоғида 2014 йилдан кейин халқаро қўшинлар Афғонистондан олиб чиқилганидан кейин бу малакатда қанча АҚШ қўшини қолишига оид масаланинг муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Расмийларга кўра, Афғонистонда қолажак ҳарбийлар маҳаллий қўшинларни тайёргарликдан ўтказиши ва мамлакатда хавфсизликни таъминлаш ишларида кўмаклашиши кўзда тутилган.

Пайшанба куни Карзай АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Мудофаа вазири Леон Панетта билан учрашди.

Карзайни Пентагонда кутиб олган Панетта Қўшма Штатлар ва Афғонистон ўзини-ўзи бошқара олдиган суверен Афғонистонни яратиш бўйича миссиянинг “сўнгги бобини” очди, дея баён қилди.

Расмийларнинг айтишича, Карзай билан Клинтон ўртасидаги сўзлашувларда Толибон билан ярашув музокаралари ва Афғонистонда 2014 йилга белгиланган сайловларга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинган.

Браҳимий Россия ва АҚШ дипломатлари билан Сурия бўҳронини ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилмоқда

Сурия бўҳрони бўйича халқаро ҳамжамият вакили Лахдар Браҳимий.
Сурия бўҳрони бўйича халқаро ҳамжамият вакили Лахдар Браҳимий жума куни Женевада АҚШ ва Россия дипломатлари билан бўҳрондан чиқиш йўллари борасида сўзлашувларни бошлади.

Браҳимий Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов ва АҚШ Давлат котиби ўринбосари Уильям Бёрнс билан Женевадаги БМТ бош қароргоҳида ёпиқ эшиклар ортида учрашмоқда.

Пайшанба куни Браҳимий Сурияда уруш тугаганидан кейин тузилажак ўтиш даври ҳукуматида президент Башар ал-Ассад учун жой бўлмаслигини баён қилиши ортидан Сурия режими уни “ўта нохолис”, дея қоралади.

Москва билан Вашингтон ўртасида Сурия бўҳрони бўйича келишмовчилар баратарф қилинганича йўқ. Вашингтон мухолифатни қўллаб-қувватлаб, Ассаддан ҳокимиятни тарк этишни талаб қилмоқда. Москва эса Ассад режимини қўллаб-қувватлайди.

Айни пайтда, Сурия мухолифатининг хабар қилишича, Ассад режимига қарши курашаётган исломий жанггарилар мамлакат шимоли-ғарбидаги стратегик аҳамиятга эга Тафтаназ ҳаво базасини қўлга олган.

Покистонда пайшанба кунги портлашларда 115 киши ҳалок бўлди

Покистонда пайшанба куни рўй берган портлашларда 115 киши ҳалок бўлиб, кўплаб одам жароҳатланди. Бу Покистонда кейинги йилларда энг талафотли кунлардан бири деб кўрилмоқда.

Балужистон вилояти маркази Кветтадаги бильярдхоналардан бирида худкуш бомбачи томонидан қилинган ҳужум ва машинага ўрнатилган портловчи мосламанинг ҳаракатга келтирилиши оқибатида 80дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Кветтада озчиликни ташкил қиладиган шиаларни нишонга олган портлаш учун масъулиятни суннийларга доир Лашкари Жангвий жанггари гуруҳи ўз зиммасига олди.

Ундан аввал Кветтада хавфсизлик хизмати ходимларини нишонга олган портлашда 11 киши ҳалок бўлган эди.

Ушбу ҳужум учун масъулиятни Бирлашган Балуж Армияси айирмачи гуруҳи ўз зиммасига олди.

Покистоннинг Сват водийсида диний маросим пайтида рўй берган портлашда камида 22 киши ўлдирилди. Бу ҳужум ортида Покистоннинг Толибон ҳаракати тургани гумон қилинмқда.

Калифорния мактабидаги отишмада бир ўқувчи жароҳат олди

АҚШнинг Калифорния штатидаги мактаблардан бирида рўй берган отишмада бир ўқувчи жароҳат олди.

Полицияга кўра, сочма ўқ отувчи милтиқ билан қуролланган 16 яшар ўқувчи пайшанба куни Taft Union High School мактабида бошқа ўқувчини отиб қўйган.

Жароҳат олган ўқувчи оғир ҳолда касалхонага етказилган.

Мактаб ўқитувчилари отишма уюштирган ўқувчини қуролини ташлашга ва таслим бўлишга кўндира олишгани айтилмоқда.

Ўқувчи тарафидан уюштирилган қуролли ҳужум сабаблари ҳозирча аниқ эмас.

Бир ой аввал, 14 декабр куни Коннектикут штатидаги бошланғич мактабда уюштирилган қуролли ҳужумда 26 киши, аксарият 6-7 ёшли ўқувчилар ҳалок бўлган эди.

Грузияда президент Саакашвили истеъфоси учун 1 миллион имзо тўпланди

Грузияда фаоллар мамлакат президенти Михаил Саакашвили истеъфосини талаб қилувчи петицияга 1 миллионда ошиқ имзо тўплаганини айтишмоқда.

Фаолларга кўра, Саакашвилининг президентлик муддати жорий йилнинг 21 январида ўз ниҳоясига етади, чунки мамлакат конституциясида президентлик муддати беш йил деб белгиланган.

Михаил Саакашвили Грузия президенлигига 2008 йилнинг январ ойида иккинчи бор сайланган эди.

Бироқ ўтган йили, мамлакат парламентида Саакашвили партияси кўпчиликни ташкил этган даврда, конституцияга ўзгартиришлар киритилган эди.

Уларга кўра, мамлакат президенти янги президент сайланмагунча иқтидорда қолади.

Грузияда кейинги президентлик сайловлари 2013 йилнинг октябр ойига белгиланган.

2012 йилнинг октябр ойида ўтказилган парламент сайловларида Саакашвили партияси миллиардер тадбиркор Бидзина Иванишвилининг "Грузия орзуси" коалициясига мағлуб бўлган эди.

Бош вазир лавозимига сайланган Иванишвили президент Михаил Саакашвилининг октябр ойигача президентлик курсисида қолишига қарши эмаслигини айтган.

Лахдар Браҳимий АҚШ ва Россия дипломатлари билан учрашади

БМТ ва Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Лахдар Браҳимий Суриядаги бўхронга барҳам беришга қаратилган бирлашган халқаро позиция бўйича музокаралар ўтказиш учун АҚШ ва Россия дипломатлари билан учрашади.

Жума куни ўтиши белгиланган учрашув олдидан Сурия ҳукумати Лахдар Браҳимийни тарафкашликда айблади.

Чоршанба куни Браҳимий тинчлик режасидан келиб чиқиши мумкин бўлган ўтиш ҳукуматига Сурия президенти Башар Ассаднинг раҳбарлик қилишига қарши чиққанди.

Женевада ўтадиган музокараларда Лахдар Барҳимий Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов ҳамда АҚШ Давлат котиби ўринбосари Уилям Бёрнс билан учрашади.

Москва ва Вашингтоннинг Сурияда 22 ойдан бери давом этаётган бўхрон бўйича позициялари тубдан фарқланади.

Вашингтон исёнчиларни қўллаб, президент Башар Ассад истеъфосини талаб қилса, Москва Суриядаги бўхронга ташқи кучлар аралашмаслиги тарафдоридир.

Покистондаги портлашларда камида 100 киши ҳалок бўлди

Покистоннинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Балужистон вилоятида пайшанба куни рўй берган уч бомба портлашида камида 100 киши ҳалок бўлди.

Икки портлаш вилоят маркази Кветта шаҳрида юз берди. Биринчи бомба шаҳарнинг гавжум қисмида портлади ва камида 11 киши ўлимига сабаб бўлди. Полицияга кўра, бомба ҳарбий машина остига ўрнатилган бўлган.

Иккинчи бомба Кветта шаҳридаги снукер клубида портлади. Портлашда камида 69 киши ҳалок бўлди ва 100 ортиқ киши жароҳат олди.

Ушбу икки портлаш масъулиятини Бирлашган Балуж Армияси гуруҳи ўз зиммасига олди.

Учинчи бомба портлаши Сват вилоятидаги Мингора шаҳрига яқин жойда ўтаётган диний йиғинда рўй берди. Портлашда камида 21 киши ҳалок бўлгани ва 80 дан ортиқ киши жароҳат олгани айтилмоқда.

ЕМБ жорий йилда евро ҳудуди иқтисодиёти ўнглана бошлашини билдирди

Европа Марказий Банки Президенти Марио Драги.
Европа Марказий Банки (ЕМБ) 2013 йил охирида евро ҳудуди иқтисодиёти “қайта тиклана бошлаши” кутилаётгани ва ҳозирда бунинг белгилари кўзга ташланаётганини маълум қилди.

Европа Марказий Банки Президенти Марио Драгининг ушбу баёноти банкнинг бошқарув кенгаши аъзолари даромад фоизини рекорд даражада паст, яъни, 0,75 фоизда қолдиришни ёқлаб овоз берганидан кейин янгради.

Драгига кўра, евро ҳудудида инфляция тахмин қилинган даражада қолмоқда ва 2013 йил мобайнида икки фоиздан пасайиши кутилмоқда.

ЕМБ раҳбарига кўра, иқтисодий сустлик 2013 йилда давом этиши ва йил охирига бориб иқтисодий фаолият кучайиши кутилмоқда.

Покистон: Ҳиндистон қўшинлари покистонлик аскарни отиб ўлдирди

Ҳиндистон-Покистон чегарасининг Сучит-Гарҳ гарнозонидаги ҳиндистонлик аскар, 2013 йил 10 январ.
Покистон ҳарбийлари 10 январ куни Ҳиндистон қўшинлари покистонлик бир аскарни отиб ўлдирганини билдирди.

Бу Кашмирнинг мунозарали чегара минтақасида сўнгги беш кун ичида рўй берган учинчи қонли воқеадир.

Ҳиндистон томони пайшанба кунги воқеага дарҳол муносабат билдирмаган.

Ядровий қуролга эга бўлган Покистон ва Ҳиндистон якшанба куни покистонлик бир аскар отиб ўлдирилган ва сешанба куни икки нафар ҳиндистонлик аскар яраланган воқеалар содир бўлганида бир-бирини айбламоқда.

Покистондаги портлашда 11 одам ўлди, ўнлаб одам яраланди

Покистон жанубида жойлашган Балучистон вилочти маркази Кветта шаҳрида пайшанба куни амалга оширилган порллаш оқибатида камида 11 киши ўлди.

Озодлик мухбирига кўра, Кветта шаҳрининг Бача Хон майдонидаги ҳарбий текширув пункти яқинида содир этилган портлашда ўттиздан ортиқ одам яраланган.

Покистон полициясига кўра, бомба ҳарбийлар машинасининг остига ўрнатилган бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Олимлар инсулин борасида янги кашфиётни эълон қилди

Олимлар одам танасида инсулин моддаси молекула даражасида қандай ишлаши бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар қанд касалигига чалинган беморларга кундалик равишда инсулин уколини қилишдан қутқариши мумкин демоқда.

АҚШ-Австралия олимларидан иборат тадқиқодчилар гуруҳи инсулин гормонининг қандай қилиб қондаги шакарни ҳужайраларга етказиб бериши механизмини илк бор кузатишга муваффақ бўлган.

Тадқиқот ҳақидаги ҳисобот "Nature" журналининг охирги сонида чоп этилган.

Олимлар гуруҳи раҳбари Майк Лоренсга кўра, бу кашфиёт игнасиз қўлланиладиган янги инсулин воситалари яратилишига йўл очиши мумкин.

Ҳозир дунё бўйлаб тахминан 347 миллион одам қанд касаллигига чалингани айтилади.

Ҳиндистонда жинсий тажовузда айбланганлар иккинчи марта судга олиб келинади

Ҳиндистонда талаба қизни зўрлаганликда гумонланиб, қўлга олинган беш эркак пайшанба куни иккинчи марта Деҳли судига олиб келинади.

Адвокат гумонланувчиларнинг уч нафари ўз айбини тан олмаслиги айтмоқда.

Адвокатнинг иддао қилишича, полиция улардан кўрсатма олиш учун қийноқ қўллаган.

Беш нафар шахс 16 декабр куни Деҳлида 23 яшар талаба қизни автобусда зўрлаганлик ва уни ўртоғи билан бирга темир билан калтаклаганликда айбланмоқда.

Жабрдийда қиз олган жароҳатлардан касалхонада вафот этган.

Агар айбдор деб топилса, гумонланувчилар ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Жиноятга алоқадорликда гумон қилинган 17 ёшдаги олтинчи шахснинг вояга етмаганлар бўйича маҳкамада судланиши кутилмоқда.

Бу воқеа Ҳиндистон ҳукуматига қарши оммавий норозиликларни келтириб чиқарган эди.

Покистонда ҳайдовчилар иш ташлади

Покистонда Афғонистондаги НАТО ҳарбийлари таъминотида иштирок этаётган юк машиналари ҳайдовчилари чоршанба куни иш ташлади.

Улар иш ҳақининг озлигидан, ўз хавфсизликлари таъминланмаганидан ва амалдорларнинг коррупциялашганидан норозилик билдирмоқда.

Ҳайдовчилар касаба уюшмаси лидери Жаҳонзаб Хоннинг айтишича, ҳар бир ҳайдовчи Покистоннинг Хайбар вилоятидан ўтиш учун хавфсизлик хизмати ходимларига 165 доллардан пора бериши керак.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши Сўх жанжалини ўрганадиган комиссия ташкил этди

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши Чегара хизматига 21 январгача Сўх воқеаси айбдорларини топиш ва эҳтимолий низолар ўчоғи бўлган чегара ҳудудларини қўриқлашни кучайтириш кўрсатмасини берди.

Хавфсизлик кенгаши қарори билан воқеани ўрганиш учун Чегара хизмати, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги вакилларидан иборат комиссия ташкил этилди.

5 январда бошланиб 7 январ куни ниҳоясига етган Сўх жанжали қирғиз чегарачиларининг Ўзбекистон билан баҳсли ҳудудга симёғочларни ўрнатиши ортидан келиб чиққан эди. Жанжал пайтида Ўзбекистонда 30 қирғизистонлик, Қирғизистонда эса 6 ўзбекистонлик гаровга олинган. Қирғиз чегарачилари отган ўқдан камида уч ўзбекистонлик яралангани айтилмоқда.

Ўзганда қирғизлар ва хитойлар муштлашди

Ўш вилояти Ўзган туманида маҳаллий аҳоли вакиллари ва Хитойнинг TBEA ширкати ишчилари ўртасида муштлашув содир этилди.

Жанжалда қатнашган 100 дан ортиқ одамнинг 28 нафари турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди. Тан жароҳати олганларнинг 19 таси хитойлик, уларнинг икки нафари реанимацияда қолмоқда. Қирғиз фуқароларидан эса 9 киши, жумладан, милиция ходимлари касалхонага ётқизилган.

24.kg агентлигининг маълум қилишича, воқеа 8 январ куни Ўзган туманидаги Қуршаб қишлоғида рўй берган. Хитойликлар маҳаллий аҳоли вакилларидан бирини мобил телефонни ўғирлаганликда айблаб калтаклаган. Бундан хабар топган 100 га яқин маҳаллий аҳоли вакиллари орани очиқ қилиш учун у ерга келишган.

Ҳодиса юзасидан Қирғизистон жиноят кодексининг тўртта моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Хитойнинг TBEA ширкати Ўшда «Датка-Кристалл» электр узатиш тармоғи қурилиши билан шуғулланган. Ширкатнинг Қирғизистондаги ваколатхонаси раҳбари Мусажан Макелекнинг билдиришича, тармоқнинг ишга туширилиши 9 январга мўлжалланган эди. Бироқ муштлашув туфайли очилиш маросими ортга сурилди.

Тожикистонда ўтган йили террорчиликда гумонланган 144 киши қўлга олинди

Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида ўтган йили мамлакатда 144 нафар эҳтимолий террорчи ва экстремист қўлга олинганини билдирди.

Бош прокурорнинг қайд этишича, ўтган йили қўлга олинганларнинг 36 нафари тақиқланган «Ҳизб-ут-Таҳрир» диний-экстремистик партияси, 76 нафари «Ўзбекистон исломий ҳаракати» аъзоси эканлиги тахмин қилинади.

2011 йили Тожикистонда террорчилик ва диний-экстремистик ташклотларга алоқадорликда гумон қилинган 196 киши қўлга олинган эди.

Бош прокуратура маълумотига кўра, 2012 йили республикада 16,6 мингта жиноят содир этилди, бу 2011 йилдагидан 1,7 фоизга камдир.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG