Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 11:48

Халқаро янгиликлар

Ҳиндистон ва Покистон ҳарбийлари Кашмир масаласида музокара ўтказади

Покистон ва Ҳиндистон ҳарбийлари 14 январ куни Кашмир минтақасидаги чегара борасида музокаралар ўтказиши кутилмоқда.

Сўнгги бир ҳафта ичида бахсли Кашмир чегарасида амалга оширилган ҳужумларда икки томондан ҳарбийлар ўлди.

Исломобод расмийларига кўра, ўтган якшанба ва пайшанба кунлари чегарада содир бўлган отишмада икки нафар покистонлик аскар ўлган.

Деҳли ҳукумати Ҳимолай минтақасида Ҳиндистоннинг икки аскари ўлдирилгани, улардан бирининг боши танасидан жудо қилинганини билдирди.

Ҳиндистон ва Покистон 1947 йилда Британиядан мустақил бўлганидан бери икки давлат ўртасида рўй берган учта урушнинг иккитасига аҳолисининг аксари мусулмон бўлган Кашмир сабабчи бўлган.

Грузияда 190 нафар сиёсий маҳбус озод қилинди

Грузияда 13 январ куни кучга кирган амнистияга мувофиқ 190 нафар маҳбус озод қилинди.

Маҳбусларнинг ҳаммаси ўтган йил охирида парламент томонидан сиёсий маҳбус деб тан олинган шахслардир.

Улар 2005-2011 йилларда мухолифат уюштирган сиёсий тадбирларда қўлган олинган фуқаролар.

Келаси ҳафталар давомида Грузия қамоқхоналаридан яна уч мингга яқин маҳбус озод бўлиши кутилмоқда.

27 декабр куни президент Михаил Саакашвили амнистия ҳақидаги ҳужжатнинг “сиёсий маҳбуслар”га оид қисмига вето қўйган.

Бир кун ўтиб парламент президент ветосини бекор қилган.

Амнистия ҳақидаги ҳужжатни президент 11 декабргача имзолаши керак бўлган.

Саакашвили ҳужжатга имзо чекмаганидан кейин унинг ўрнига ҳужжатни парламент раиси Давид Усупашивили имзолаган.

Афғонистон: Масжиддаги портлашда етти киши нобуд бўлди

Афғонистон шарқидаги масжидда содир бўлган портлашда камида етти киши нобуд бўлди.

Маҳаллий расмийларга кўра, Вардак вилоятидаги портлаш шанба куни кечқурун халқаро ва афғон хавфсизлик кучлари тўрт нафар исёнчини ўлдирганидан бир оз кейин рўй берган.

Толиблар Америка ҳарбийлари масжидга ҳаводан икки марта зарба берганини иддао қилган.

Халқаро кучлар матбуот вакили эса амалиёт пайтида учқичлардан фойдаланилмаганини таъкидлаган.

Миср собиқ президенти Ҳусни Муборакнинг иши қайта кўрилади

Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак, 2012 йил июн.
Қоҳира шаҳар суди Миср собиқ президенти Ҳусни Муборакнинг умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилгани юзасидан апелляция аризасини қабул қилди.

Муборак 2011 йил ҳукуматга қарши уюштирилган норозилик намойишининг 900 нафар иштирокчиси ўлдирилишида айбдор деб топилиб ўтган йил июнида умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Суд айни айблов бўйича бир умрга қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ Ички ишлар вазири Ҳабиб Ал-Адлининг ишини ҳам қайта кўриб чиқиш ҳақида қарор чиқарди.

12 январ куни прокурорлар Муборак президентлик даврида газетадан тахминан бир миллион долларлик совға олгани иддаоси бўйича текширув бошланганини билдирди.

Мисрга 30 йилдан ортиқ раҳбар бўлган Ҳусни Муборак оммавий норозиликлар ортидан 2011 йилда ҳокимиятни тарк этган.

Ҳозир унинг ўғиллари Алаа ва Жамол биржаларни манипуляция қилганлик айблови бўйича суд қилинмоқда.

Москвада “Аблаҳларга қарши марш” ўтказилмоқда

Москва марказида АҚШ фуқароларининг россиялик етимларни асраб олишини тақиқловчи қонун қабул қилинганига норозилик ифодаси ўлароқ “Аблаҳларга қарши марш” деб номланган бир неча минг кишилик рухсат этилган юриш бошланди.

Марш чоғида тартибни сақлаш учун тўрт мингга яқин полиция ходими жалб қилинган.

Расмийлар намойишда 20 минггача одам иштирок этишига рухсат берган.

Норозилик акцияси совуқ об-ҳаво шароитида бўлиб ўтмоқда.

Хабарларга кўра, полиция ходимлари ўнга яқин маст намойишчини қўлга олган.

Россия парламенти мазкур қонунни АҚШнинг 2009 йилда қамоқда қийноқлардан вафот этган Сергей Магнитский ўлимига ава инсон ҳуқуқлари бузилишига алоқадор эканликда гумон қилинган Россия расмийларининг Қўшма Штатларга киришини маън қилувчи қонунига жавобан қабул қилган.

Венесуэла президентининг акаси президент комада эканини инкор қилди

Венесуэла президенти Уго Чавес.
Венесуэла президенти Уго Чавеснинг акаси Адан Чавес Кубада саратон касаллигидан даволанаётган Уго кома ҳолатида экани ҳақидаги хабарларни инкор қилди.

Венесуэланинг Баринас вилояти ҳокими бўлган Адан Чавес эълон қилган баёнотда “президент саратон касаллигига қарши тиббий муолажалардан ўтаётгани ва унинг аҳволи кун сайин яхшиланиб бораётгани” билдирилган.

58 ёшдаги Уго Чавес 11 декабр куни Кубада саратон касаллигига қарши жарроҳлик операциясини бошдан кечирганидан бери омма кўзига кўринмади.

Оғир касаллик туфайли Венесуэла президенти этиб учинчи марта сайланган Уго Чавес ўтган ҳафтада бўлиб ўтиши режаланган қасамёт маросимида иштирок эта олмади.

Франция президенти: Малида исломчилар “оғир талафот” кўрди

Франция президенти Франсуа Олланд.
Франция президенти Франсуа Олланд Африка ғарбидаги Малида Франция ҳарбий учқичлари амалга оширган ҳужумларда исломчи партизанларга “оғир талафот” етганини эълон қилди.

Олланд ўз мамлакати Африка кучларини Малига жойлаштиришга тайёргарлик кўриш учун партизанлар босиб олган ҳудудларга ҳужум қилиш ҳақида қарор қабул қилганини айтди.

Олланд ўч олиш эҳтимоли бўлгани учун Франция ичида хавфсизлик чоралари кучайтирилаётганини қўшимча қилди.

Расмийларга кўра, Малидаги Ал-Қоидага алоқалор гуруҳ ҳарбий вертолётни уриб туширгани оқибатида франциялик бир учувчи ҳалок бўлган.

Мали пойтахтини мудофаа қилиш учун Бамакога юзлаб француз аскари жойлаштирилгани айтилмоқда.

Исломчилар ҳужумини қайтариш учун Франция қўшинлари Малига киритилганини БМТ Хавфсизлик кенгаши, Европа Иттифоқи ва АҚШ қўллаб-қувватлади.

Бокуда норозилик намойиши иштирокчилари қўлга олинди

Озарбайжон пойтахтида армияда аскарлар ҳалок бўлишига қарши рухсат этилмаган митинг иштирокчиларидан 50 нафари қўлга олинди.

Улардан 20 нафари қўйиб юборилди, 30 кишига нисбатан эса маъмурий чоралар кўрилиши айтилмоқда.

Полиция маълумотларига кўра, намойишда 400 чоғли одам қатнашган.

Даставвал митинг тинч ўтган, бироқ, Озодликнинг озарбайжон хизмати маълумотларига кўра, полициячилар намойишчиларни майдондан сиқиб чиқаришга уринганларидан кейин айрим жойларда тўқнашувлар содир бўлган.

Намойишга 8 январ куни 18 ёшли Жейҳун Губадовнинг Озарбайжон ҳарбий қисмларидан бирида қазо қилиши сабаб бўлган.

Унинг онаси суд-тиббий экспертизанинг Жейҳун юрак хуружидан вафот этгани ҳақидаги хулосасини рад этиб, ўғлининг калтакланиш туфайли ҳалок бўлганини билдирган.

Губадовнинг яқинлари оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда унинг калтак зарбидан моматалоқ бўлган жасадининг суратини ёйинлаганлар.

Шундан сўнг мазкур ҳодиса юзасидан жиноий иш очилган. Тергов чоғида бир неча ҳарбий қўлга олинган, ишдан бўшатилган ёки унвони пасайтирилган.

Обама: Афғонистондаги ҳарбий миссия якунига етмоқда

АҚШ президенти Барак Обама (ў) ва Афғонистон президенти Ҳамид Карзай (ч).
АҚШ президенти Барак Обама Америка учун Афғонистондаги уруш аста-секинлик билан поёнига етиб бораётганини билдирди.

Ҳафта сайин халққа қиладиган шанба кунлик радио ва интернет мурожаатида Обама барча жангларни афғонистонликларнинг ўзи олиб бориши учун имкон бериш вақти келганини таъкидлади.

Жума куни Обама Вашингтонда Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан учрашган ва улар шу йил баҳоригача мамлакатдаги барча ҳарбий амалиётлар устидан қўмондонлик қилиш вазифасини Афғонистон армиясига тўлалигича ўтказиб бериш ҳақида келишиб олганлар.

- Баҳордан бошлаб америкалик ҳарбийлар Афғонистонда фақат аскарларни тайёрлаш ва уларга маслаҳатлар бериш билангина шуғулланадилар, - дея билдирди Обама.

Оқ уй раҳбари АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши тезлатилиши мумкинлигини истисно қилмади. Бу иш аввалроқ 2014 йил охиригача амалга оширилиши режалаштирилганди.

Ливияда италиялик дипломатга ҳужум уюштирилди

Ливиянинг Бенғози шаҳрида Италия консулининг зирҳли автомобилига ҳужум уюштирилди.

Ҳужум чоғида италиялик дипломатга ҳеч қанақа шикаст етмагани айтилмоқда.

Рейтер агентлиги маълумотларига кўра, номаълум шахслар унинг автомобилини ўққа тутганлар, бироқ ўқлар кузовни ҳам, ойналарни ҳам тешиб ўтолмаган.

Малида ҳарбий амалиёт давом этмоқда

Малида маҳаллий ҳукумат қўшинларига туареглар исёнини бостиришда ёрдам кўрсатиш бўйича Франциянинг амалиёти давом этаяпти.

Франция базаларидан учган“Рафал” ҳарбий қирувчи самолётлари жанговар рейдларни амалга ошириб, исёнчилар позицияларига ҳаво зарбаларини бермоқда.

Ҳозирча Франция Малига пиёда қўшинларни юбормоқчи эмас.

Франция кўмагида маҳаллий ҳукумат қўшинлари мамлакат шимолини назорат қилаётган исёнчиларга қарши жанговар ҳаракатларни фаоллаштирдилар ва уларни йирик Конна шаҳридан сиқиб чиқардилар.

Малида фавқуллодда ҳолат эълон қилинган.

Аввалроқ мамлакат расмийлари БМТ ва Франциядан ҳарбий ёрдам сўраганди. Франциянинг собиқ колонияси бўлмиш Малида ўтган йили содир бўлган ҳарбий тўнтаришдан кейин мамлакатдаги нобарқарор вазиятдан исёнчи туареглар фойдаланиб қолгандилар.

Тожикистон сартарошхоналарида эскичасига соқол-мўйлов олдириш тақиқланди

China - A man receives a shave from a street barber in Kashgar, 03Nov2006
Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ОИТВ вируси тарқали олдини олиш мақсадида мамлакатдаги сартарошхоналарида эскичасига соқол-мўйлов олдириш, соч қирдиришни тақиқлади.

Соғлиқни сақлаш вазири Нусратулло Салимовга кўра, кўпгина сартарошхоналарда дезинфекция воситалари етишмаслиги инсон соғлиги учун катта хавфдир.

Айни пайтда Тожикистонда бир марта ишлатиладиган устарадан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисиларига кўра, Тожикистонда ўтган йили ОИТВга чалинганлар сони 17 фоизга ортган.

Ҳозирда Тожикистонда хавфли вирусни юқтирган тўрт ярим минг бемор қайд этилган.

Греция парламенти солиқларни ошириш ҳақидаги қонунни қабул қилди

Греция парламенти узоқ тортишувлардан сўнг шанбага ўтар кечаси мамлакат бюджетини тўлдириш мақсадида солиқларни ошириш ҳақидаги қонунни қабул қилди.

Мазкур чора иқтисодий бўхронни бошдан кечираётган Грецияга молиявий ёрдам бериш учун Халқаро валюта фонди ва бошқа молиявий тузилмалар қўйган бош талаблардан биридир.

Янги қонун юридик шахслардан қўшимча солиқ олиш ҳамда йиллик даромади 42 минг евродан кўп бўлган фуқароларга 42 фоизлик даромад солиғи солинишини назарда тутади.

Греция шу йўл билан келаси икки йил мобайнида давлат ҳазнасини икки ярим миллиард евролик қўшимча маблағ билан тўлдирмоқчи.

Иқтидордаги консерватив коалиция мазкур қарорни олқишлади. Мухолифат эса янги қонун оддий фуқаролар мушкулини яна ҳам оғирлаштиради, демоқда.

Афғонистонда қўмондонлик афғон армияси зиммасига юкланади

АҚШ президенти Барак Обама ва Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзай Вашингтондаги жума кунги музокаралар пайти Афғонистондаги барча ҳарбий амалиётлар устидан қўмондонлик қилиш шу йилнинг баҳорига қадар афғон армияси зиммасига топширилиши борасида келишганлар.

2013 йилнинг баҳоридан эътиборан америкалик ҳарбий ҳизматчилар фақат афғон аскарларини қайта тайёрлаш ва уларга маслаҳатчилик қилиш билан шуғулланади, деди Обама.

Шунингдек, Оқ уй раҳбари яқин фурсатда Пентагон раҳбарияти билан АҚШ кучларини Афғонистондан тезроқ чиқариш масаласини мухокама қилишини маълум қилди.

Америка қўшинини 2014 йил бошидан Афғонистондан чиқариш кўзда тутилаётган эди.

Венесуэла вице-президенти яна Кубага йўл олди

Венесуэла вице-президенти Николас Мадуро шу ой ичида Кубага иккинчи бор сафар қилмоқда.

Мадуро Ҳавана шифохонасида даволанаётган Венесуэла президенти Уго Чавес холидан хабар олиш, шунингдек у ерда Аргентина ва Перу раҳбарлари билан учрашиш мақсадида Кубага йўл олганини маълум қилди.

Аргентина ва Перу раҳбарларининг ҳам Чавесни кўргани касалхонага боришлари айтилмоқда.

Саратондан азият чекаётган Чавес 11 декабрда Кубада тўртинчи жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган эди.

Чавес соғлиги туфайли давлатни бошқаролмай қолса, мамлакат вице президенти ва Ташқи ишлар вазири Николас Мадурони ўз давомчиси сифатида кўришини айтганди.

Малида фавқулодда холат эълон қилинди

Малида бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда холат эълон қилинди. Жума куни Мали ҳукумати БМТ ва Франция раҳбариятига мурожаат қилиб, мамлакат шимолида ўрнашиб олган жанггари гуруҳларга қарши кураш олиб боришда ёрдам сўраганди.

Расмий Париж Мали ҳукуматига ҳарбий дастак кўрсатишини билдирди. Хабарларга кўра, Франция авиацияси Кона шаҳрида экстремистлар позицияларини ҳаводан нишонга олган.

Франциянинг собиқ колонияси бўлган бу мамлакатда ўтган йилги ҳарбий тўнтариш ортидан нобарқарор вазият юзага келган эди.

Ходорковскийнинг адвокати оламдан ўтди

Михаил Ходорковскийнинг адвокати, таниқли юрист ва ҳуқуқ фаоли Юрий Шмидт Санкт-Петербург шаҳрида 76 ёшида оламдан ўтди.

Шмидт сўнгги ойларда саратон ҳасталиги билан олишаётган эди. Ўз касбий фаолияти давомида Юрий Шмидт Хьюман Райтс Уотч, Россиянинг “Фемида” ва Халқаро Хелсинки гуруҳи мукофотлари билан тақдирланган.

2004 йилдан у ЮКОС нефт ширкати собиқ раҳбари Михаил Ходорковскийнинг адвокати сифатида фаолият қилиб келди.

Словенияда Бош вазир истеъфоси талаб қилинмоқда

Словения пойтахти Люблянада 10 мингга яқин одам Бош вазир Янез Янснинг истеъфосини талаб қилиб, намойиш ўтказди.

Бош вазирни коррупцияда айблашмоқда. Яқинда коррупцияга қарши комиссия Янез Янс ва Любляна мэри Зоран Янкович банк активлари ва кўчмас мулкини ҳисоб – китоб қилишда қонунбузарликларга йўл қўйганини аниқлаган эди.

Сўнгги ойларда Словенияда мамлакат раҳбарияти истеъфоси ва коррупцияга барҳам берилиши талаб қилинган намойишлар мунтазам ўтказилмоқда.

Қозоғистонда янги туғилган чақалоққа Арча деб исм қўйилди

Қозоғистоннинг Темиртов шаҳрида истиқомат килувчи Олмагул Райҳон ўғлига Арча деб исм қўйди.

Райҳоннинг Интерфакс агентлигига айтишича, ўғли 31 декабрдан 1 январга ўтар кечаси, яъни айни Янги йил байрами нишонланаётган маҳал дунёга келган. Шунинг учун у фарзандига байрам билан боғлиқ исм қўйишга қарор қилган.

«Турмуш ўртоғим билан келишиб, ўғлимизга Янги йил байрамининг энг асосий тимсоли номини бердик», деди Райҳон. Унинг фикрича, Арча исми ижобий ва эзгудир, шу сабабли ҳам ўғли бундай ноанъанавий исм билан ҳаётда қийналмайди.
Арчанинг бир ёшли опаси ҳам бор, унга анъанавий қозоқчи исм қўйилган.

Ўшда юқори лавозимли милиция амалдори ўлдирилди

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятчиликка ва коррупцияга қарши кураш бўлимининг жанубий ҳудуд бошқармаси раҳбари Тўлкунбек Шоноев 11 январ куни кечкурун Ўшдаги Оқтилак мавзесида ўлдириб кетилди.

Ички ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, қотиллик 19:30 да содир этилган. Шоноевга ўз уйи олдида тўппончадан ўқ узилган.

Қотиллик сабаблари ва ўқ узилган тўппончанинг русуми ҳозирча маълум эмас. Айни пайтда тергов олиб борилмоқда.

Тўлқунбек Шоноев 35 ёшда бўлган. Унинг 4 фарзанди етим қолди.

Ҳамид Карзай жума куни Вашингтонда Барак Обама билан учрашади

АҚШ Президенти Барак Обама ва Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай.
Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай жума куни АҚШ Президенти Барак Обама билан Афғонистон келажагига доир музокаралар ўтказади.

Музкоаралар чоғида 2014 йилдан кейин халқаро қўшинлар Афғонистондан олиб чиқилганидан кейин бу малакатда қанча АҚШ қўшини қолишига оид масаланинг муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Расмийларга кўра, Афғонистонда қолажак ҳарбийлар маҳаллий қўшинларни тайёргарликдан ўтказиши ва мамлакатда хавфсизликни таъминлаш ишларида кўмаклашиши кўзда тутилган.

Пайшанба куни Карзай АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Мудофаа вазири Леон Панетта билан учрашди.

Карзайни Пентагонда кутиб олган Панетта Қўшма Штатлар ва Афғонистон ўзини-ўзи бошқара олдиган суверен Афғонистонни яратиш бўйича миссиянинг “сўнгги бобини” очди, дея баён қилди.

Расмийларнинг айтишича, Карзай билан Клинтон ўртасидаги сўзлашувларда Толибон билан ярашув музокаралари ва Афғонистонда 2014 йилга белгиланган сайловларга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинган.

Браҳимий Россия ва АҚШ дипломатлари билан Сурия бўҳронини ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилмоқда

Сурия бўҳрони бўйича халқаро ҳамжамият вакили Лахдар Браҳимий.
Сурия бўҳрони бўйича халқаро ҳамжамият вакили Лахдар Браҳимий жума куни Женевада АҚШ ва Россия дипломатлари билан бўҳрондан чиқиш йўллари борасида сўзлашувларни бошлади.

Браҳимий Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов ва АҚШ Давлат котиби ўринбосари Уильям Бёрнс билан Женевадаги БМТ бош қароргоҳида ёпиқ эшиклар ортида учрашмоқда.

Пайшанба куни Браҳимий Сурияда уруш тугаганидан кейин тузилажак ўтиш даври ҳукуматида президент Башар ал-Ассад учун жой бўлмаслигини баён қилиши ортидан Сурия режими уни “ўта нохолис”, дея қоралади.

Москва билан Вашингтон ўртасида Сурия бўҳрони бўйича келишмовчилар баратарф қилинганича йўқ. Вашингтон мухолифатни қўллаб-қувватлаб, Ассаддан ҳокимиятни тарк этишни талаб қилмоқда. Москва эса Ассад режимини қўллаб-қувватлайди.

Айни пайтда, Сурия мухолифатининг хабар қилишича, Ассад режимига қарши курашаётган исломий жанггарилар мамлакат шимоли-ғарбидаги стратегик аҳамиятга эга Тафтаназ ҳаво базасини қўлга олган.

Покистонда пайшанба кунги портлашларда 115 киши ҳалок бўлди

Покистонда пайшанба куни рўй берган портлашларда 115 киши ҳалок бўлиб, кўплаб одам жароҳатланди. Бу Покистонда кейинги йилларда энг талафотли кунлардан бири деб кўрилмоқда.

Балужистон вилояти маркази Кветтадаги бильярдхоналардан бирида худкуш бомбачи томонидан қилинган ҳужум ва машинага ўрнатилган портловчи мосламанинг ҳаракатга келтирилиши оқибатида 80дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Кветтада озчиликни ташкил қиладиган шиаларни нишонга олган портлаш учун масъулиятни суннийларга доир Лашкари Жангвий жанггари гуруҳи ўз зиммасига олди.

Ундан аввал Кветтада хавфсизлик хизмати ходимларини нишонга олган портлашда 11 киши ҳалок бўлган эди.

Ушбу ҳужум учун масъулиятни Бирлашган Балуж Армияси айирмачи гуруҳи ўз зиммасига олди.

Покистоннинг Сват водийсида диний маросим пайтида рўй берган портлашда камида 22 киши ўлдирилди. Бу ҳужум ортида Покистоннинг Толибон ҳаракати тургани гумон қилинмқда.

Калифорния мактабидаги отишмада бир ўқувчи жароҳат олди

АҚШнинг Калифорния штатидаги мактаблардан бирида рўй берган отишмада бир ўқувчи жароҳат олди.

Полицияга кўра, сочма ўқ отувчи милтиқ билан қуролланган 16 яшар ўқувчи пайшанба куни Taft Union High School мактабида бошқа ўқувчини отиб қўйган.

Жароҳат олган ўқувчи оғир ҳолда касалхонага етказилган.

Мактаб ўқитувчилари отишма уюштирган ўқувчини қуролини ташлашга ва таслим бўлишга кўндира олишгани айтилмоқда.

Ўқувчи тарафидан уюштирилган қуролли ҳужум сабаблари ҳозирча аниқ эмас.

Бир ой аввал, 14 декабр куни Коннектикут штатидаги бошланғич мактабда уюштирилган қуролли ҳужумда 26 киши, аксарият 6-7 ёшли ўқувчилар ҳалок бўлган эди.

Грузияда президент Саакашвили истеъфоси учун 1 миллион имзо тўпланди

Грузияда фаоллар мамлакат президенти Михаил Саакашвили истеъфосини талаб қилувчи петицияга 1 миллионда ошиқ имзо тўплаганини айтишмоқда.

Фаолларга кўра, Саакашвилининг президентлик муддати жорий йилнинг 21 январида ўз ниҳоясига етади, чунки мамлакат конституциясида президентлик муддати беш йил деб белгиланган.

Михаил Саакашвили Грузия президенлигига 2008 йилнинг январ ойида иккинчи бор сайланган эди.

Бироқ ўтган йили, мамлакат парламентида Саакашвили партияси кўпчиликни ташкил этган даврда, конституцияга ўзгартиришлар киритилган эди.

Уларга кўра, мамлакат президенти янги президент сайланмагунча иқтидорда қолади.

Грузияда кейинги президентлик сайловлари 2013 йилнинг октябр ойига белгиланган.

2012 йилнинг октябр ойида ўтказилган парламент сайловларида Саакашвили партияси миллиардер тадбиркор Бидзина Иванишвилининг "Грузия орзуси" коалициясига мағлуб бўлган эди.

Бош вазир лавозимига сайланган Иванишвили президент Михаил Саакашвилининг октябр ойигача президентлик курсисида қолишига қарши эмаслигини айтган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG