Линклар

Шошилинч хабар
17 октябр 2019, Тошкент вақти: 10:31

Халқаро янгиликлар

Дед Ҳасан Москвада ўлдириб кетилди

Россия жиноят оламида Дед Ҳасан лақаби билан танилган Аслан Усоян бугун Москва марказида ўлдириб кетилди.

Усоян “Каретный двор” ресторанидан чиққан пайт номаълум шахс унга қарата ўқ узган. У касалхонага олиб келинганидан ўн минут ўтиб жон берган.

Қотиллик сабаблари ўрганилмоқда. Аслан Усоян Россия жиноят оламининг энг танқили намаёндаларидан бўлган.

У мамлакат жанубий ҳудудидаги жиноий гуруҳларни назорат қилиб келган. Усоян ҳаётига бир неча марта тажоввуз қилинган. Сўнгги бор у 2010 йилда суиқасддан омон қолганди.

Kобулда портлашдан икки одам нобуд бўлди

Афғонистон пойтахти Кобулнинг ҳукумат бинолари жойлашган мавзесида бугун содир этилган жанггарилар ҳужумидан камида икки одам нобуд бўлди, ўттиздан ортиқ одам яраланди.

Хабарларга кўра, портлаш ва отишмалар олти нафар ҳужумчи тарафидан Афғонистон жосуслик ҳизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги биноларига яқин жойда амалга оширилган.

Хабарларга кўра, олти ҳужумчидан бириси ичига бомба ўрнатилган машинани портлатган, қолгани қуролли ҳужум қилган.

Кейинчалик улар, ҳукумат бинолари олдида турган қўриқчилар тарафидан отиб ўлдирилган.

Ҳужумга масъулиятни Толибон ҳаракати зиммасига олди.

Ироқда 23 одам ҳудкуш ҳужум ва отишмалар қурбони бўлди

Ироқ шимолидаги Киркук шаҳрида иккита машина портлатилгани оқибатида 16 одам нобуд бўлди, 190дан ортиқ одам яраланди.

Портлаш ҳудкуш кимса тарафидан Қурдистон демократик партияси идораси яқинида содир этилди.

Яна бир портлаш Киркукдан 75 километр шимолдаги Туз-Хурмату шаҳрида рўй берди.

Мазкур шаҳарда автомобил портлаши оқибатида икки одам ҳалок бўлди, 26 одам яраланди.

Пойтахт Бағдодда эса беш одам қуролли ҳужум қурбони бўлди. Ироқдаги бугунги ҳужумларга ҳозирча ҳеч бир ташкилот жавобгарликни зиммасига олгани йўқ.

Япониянинг икки ширкати Boeing 787 Dreamliner парвозини тўхтатди

Япониядаги иккита етакчи авиаширкат Boeing 787 Dreamliner учоқлари парвозини тўхтатиб қўйганини эълон қилди.

Учоқларда техник нуқсонлар кўпайиши ортидан шундай қарорга келганликларини билдиришди.

АҚШнинг Боинг авиасозлик ширкати ишлаб чиқарадиган Boeing 787 Dreamliner энг замонавий йўловчи ташийдиган учқичлардан бири саналади.

Ўз паркини янгилаб келаётган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати ҳам Боинг ширкатига иккита “Boeing-787 Dreamliner” етказиб беришга буюртма берган.

Япония ва АҚШ ҳукуматлари мазкур учқичларни инспекция қилишларини билдирганлар.

Афғонистон пойтахтида портлаш рўй берди

Портлаш Қобулдаги Ички ишлар вазирлиги биносига яқин ҳудудда содир бўлгани хабар қилинмоқда.

Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Содиқ Содиқий вазирлик портлаш ва отишма рўй берганини тасдиқлади, лекин тафсилотларга тўхталмади.

Қурбонлар ва талафот кўрганлар ҳақида ҳам маълумот йўқ. Содиқийга кўра, отишма ҳозир тўхтаган.

АҚШ: Сент-Луис шаҳридаги коллежда отишма юз берди

АҚШнинг Сент-Луис шаҳридаги бизнес ва санъат коллежида қуролланган шахс отишма уюштирди.

Хабарларга кўра, 15 январ куни ёши чамаси 40 лар атрофида бўлган ҳужумчи Stevens Institute of Business and Arts коллежи ҳудудига бостириб кирган ва коллеж бошқарувчисига қарата бир неча бор ўқ узган.

Шундан сўнг ҳужумчи ўзининг кўкрак қисмига ўқ отган.

Ҳужумчи ва унинг қурбони оғир аҳволда касалхонага етказилгани айтилмоқда.

АҚШда сўнгги ойларда оддий фуқаролар тарафидан уюштирилаётган қуролли ҳужумлар сони кўпаймоқда.

Эслатамиз, ўтган йилниг 14 декабр куни Коннектикут шатидаги бошланғич мактаблардан бирида уюштирилган ҳужумда 26 киши отиб ўлдирилган эди. Ҳалок бўлганларнинг 20 нафари 6-7 ёшли ўқувчилар бўлган.

Ҳина Раббоний Ҳар: Террористлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда

Покистон Ташқи ишлар вазири Ҳина Раббоний Ҳар.
Покистон Ташқи ишлар вазири Ҳина Раббоний Ҳар халқаро террористлар маҳаллий аҳолини радикаллаштириш учун Интернетдаги ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётганини айтди.

Ҳар Ню Йорк шаҳрида БМТ Хавфсизлик кегашининг вазирликлар даражасидаги терроризмга бағишланган йиғинда чиқиш қилди.

Вазирга кўра, бугунги кунда эсктремистлар Интернет ва замонавий алоқа технологиялари ёрдамида маҳаллий халқ орасида ўз сафларига чақириш, фитналар уюштириш, террор амалиётларни режалаштириш ва молиялаштириш ишларини олиб бормоқда.

Ҳина Раббоний Ҳар терроризмга қарши кучлар курашнинг бугунги талабларига мослашиши кераклигини қўшимчалади.

Покистон Ташқи ишлар вазири БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ва терроризмга бағишланган йиғинда қатнашган вазирлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказишни режалаштирган.

ХАЭА Эроннинг Парчин базасига кириш рухсатини олмоқчи

БМТнинг Атом энергияси текширувчилари чоршанба куни Теҳронда Эроннинг баҳсларга сабаб бўлаётган ядровий дастури бўйича музокаралар ўтказишади.

Халқаро Атом энергияси агентлиги вакиллари Эрон расмийлари билан ўтадиган музокаралар давомида мамлакатнинг жануби-шарқида жойлашган Парчин ҳарбий мажмуасига халқаро мутахассислар кириши учун рухсат берилишини сўраши айтилмоқда.

БМТ мутахассислари Парчин базасида ядровий қурол ишлаб чиқаришда ишлатилиши мумкин бўлган синовлар ўтказилганини гумон қилишади.

Шу кунгача Эрон ҳарбий база эшикларини халқаро текширувчилар учун ёпиб келмоқда.

Мамлакат Ташқи ишлар вазири сешанба кунги қилган чиқишида Теҳрон ўзининг ядровий дастури бўйича юзага келган “ноаниқликларни тугатишга” тайёр эканини айтди.

Вазир Ғарб давлатларини Эроннинг ядровий “ҳуқуқини”, жумладан, уранни бойитиш ишларини олиб бориш ҳуқуқига эга эканини тан олишга чақирди.

Ғарб ҳукуматлари Эроннинг ядровий дастури қурол яратишга йўналгани борасида хавотир билдиради. Эрон ядровий дастурининг харбий томони йўқлигини урғулаб келади.

Суриядаги портлашларда ҳалок бўлганлар сони ортмоқда

Сурия шимолида жойлашган Алеппо шаҳридаги университетда рўй берган икки портлашда ҳалок бўлганлар сони ортмоқда.

Мамлакатда давом этаётган низони ўрганувчи Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти портлашлар оқибатида 52 киши ўлгани ва ўнлаб одам жароҳат олганини билдирди.

Ташкилот бу рақамларни шифокорлар ва талабалар ёрдамида олганини айтмоқда.

Алеппо губернатори Муҳаммад Вохид Акад сешанба кунги портлашларда ҳалок бўлганлар сони 80 кишига етганини маълум қилди.

Фаолларга кўра, ўқув даргоҳидаги портлашлар ҳукумат ҳаво кучларига қарашли учқичлар ёрдамида амалга оширилган.

Сурия давлат телевидениеси портлашларда президент Башар Ассад ҳукуматига қарши курашаётган исёнчиларни айблади.

Ҳужумга учраган университет Алеппо шаҳрининг ҳукумат кучлари назорати остида бўлган қисмида жойлашгани айтилмоқда.

Алеппо Суриядаги энг катта шаҳар бўлиб, у ердаги тўқнашувлар 2012 йилнинг июл ойидан бери давом этмоқда.

Атом энергияси халқаро агентлиги делегацияси Теҳронда сўзлашув ўтказади

Атом энергияси халқаро агентлиги директор ўринбосари Ҳерман Накаертс.
Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) делегацияси бошлиғи шу ҳафта Теҳронда бўладиган музокараларда Эроннинг “Парчин” ҳарбий мажмуасига халқаро мутахассислар кириши учун рухсат берилишига умид қилаётганини айтди.

Сешанба куни Вена шаҳрида сўзлаган агентлик директори ўринбосари Ҳерман Накаертс Теҳронга ташрифидан мақсад текширув ишларини қайта бошлаш ҳақида Эрон билан келишувга эришишдан иборат эканини айтди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Рамин Меҳмонпараст Теҳронда журналистларга чоршанба куни бўладиган музокарада Атом энергияси халқаро агентлиги билан “кенг миқёсда келишув”га эришилишига умид қилаётганини айтди.

Бироқ Меҳмонпараст “Парчин”га кириш учун рухсат берилиши эҳтимолдан ҳоли эканини чунки у Эроннинг ядровий дастурига алоқадор эмаслигини урғулади.

Атом энергияси халқаро агентлиги Эрон “Парчин”да ҳарбий мақсадда ядровий тажрибалар ўтказаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Суриянинг Алеппо университетида портлаш рўй берди

Сурия шимолида жойлашган Алеппо (Ҳалаб) шаҳридаги университетда портлаш рўй берди.

Сурия давлат телевидениеси сешанба кунги портлаш учун “террорчилар”ни айблади.

Расмийлар "террорчи" деганда одатда ҳукуматга қарши қуролли кураш олиб бораётган исёнчиларни назарда тутади.

Ҳужум оқибатида қанча талафот кўрилгани ҳақида ҳукумат дарҳол маълумот тарқатмади.

Бироқ қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти портлаш оқибатида 15 киши ўлгани, ўнлаб одам жароҳат олганини билдирди.

Хабарларга кўра, Алеппо университети Сурия армияси назоратида бўлган ҳудудда жойлашган.

Покистон Олий суди Бош вазирни ҳибсга олиш ҳақида кўрсатма берди

Покистон Олий суди энергетика лойиҳалари билан боғлиқ коррупцияга алоқадорлик бўйича 24 соат ичида Бош вазир Ража Парвез Ашраф ва 15 нафар бошқа расмийни қўлга олишга ордер берди.

Ашраф Бош вазир лавозимини эгаллашидан олдин Сув ва энергетика вазири бўлиб ишлаган.

Ашраф 2010 йилда электр станцияси лойиҳасини тасдиқлаш учун пора олгани ҳақидаги иддаони рад қилмоқда.

Бош вазир маслаҳатчиси Фавад Чаудри Олий суд қарорини қоралаб, уни Конституцияга зид деб баҳолади.

Олий суд Бош вазирни ҳибсга олиш ҳақидаги қарорини исломий уламо Муҳаммад Таҳирул Қадрий ва унинг ўн минлаб тарафдорлдари коррупцияга қарши ўтказган норозилик акциясида ҳукумат истеъфога чиқишини талаб қилганидан кейин қабул қилди.

Роберт Блейк Туркманистон ва Қирғизистонга сафар бошлади



АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк сешанба куни пойтахт Ашхободда Туркманистон ҳукуматининг юқори лавозимли расмийлари билан музокара олиб боради.

Сўзлашувларда кенг қамровли масалалар, жумладан, минтақавий хавфсизлик, инвестиция истиқболлари ва инсон ҳуқуқлари каби мавзуларнинг муҳокама этилиши кутилмоқда.

Туркманистон сафари чоғида Роберт Блейкнинг фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашиши режаланган.

Чоршанба куни Блейк Афғонистондаги АҚШ кучлари таъминот базаси жойлашган Қирғизистонга боради.

Покистонлик уламо ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда

Покистондаги етакчи исломий уламо пойтахт Исломободга йиғилган минглаб тарафдорларига ҳукуматни бир неча соат ичида ағдариш мумкинлигини ҳақида гапирди.

Муҳаммад Таҳрирул Қадрий ва унинг минглаб тарафдорлари ҳукумат расмийлари орасида коррупция кенг тарқалганига норозилик билдириш¸ шунингдек сайлов ислоҳотлари ўтказиш талаби билан якшанба куни Лаҳор шаҳрида “Демократик юриш карвони” деб номланган акция бошлади.

Юриш иштирокчилари душанба куни кечқурун Исломободга етиб келди.

Сешанба куни Исломободда ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилган Қадрий ҳукуматга истеъфога чиқиш ҳақида ултиматум қўйди.

Душанба куни эрталаб намойишчилар ва полиция ўртасида қисқа муддатли тўқнашув рўй бергунича норозилик акцияси тинч ўтаётган эди.

Хабарларга кўра, полиция ҳавога огоҳлантирувчи ўт очган, намойишчилар полиция ходимларига тош отган. Талафотлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Ҳакерларнинг кибер-жосус тармоғи фош этилди

Антивирус дастурлар ишлаб чиқарувчи “Касперский лабораторияси” жосуслик мақсадларида ишлатилган халқаро электрон тармоқни фош этди.

“Red October” (Қизил октябр) деб номланган тармоқ 2007 йилда ишга туширилган ва бир нечта мамлакатда жойлашган ҳакерлар тарафидан ишлатиб келинган.

Кибержосусликка мўлжалланган тармоқ асосан дипломатик ташкилотлар, ҳукумат идоралари ва илмий-тадқиқот корхоналарини нишонга олгани айтилмоқда.

“Касперский лабораторияси” ҳисоботига кўра, “Red October” тармоғи 30 дан ошиқ кўринишга эга вирус ёрдамида заҳарларган компютерлардан бир қанча террабайт махфий маълумот юклаб олишга муваффақ бўлган.

Ҳисоботда айтилишича, вирусларнинг тузилиши ва уларда ишлатилган калит сўзлар уларни ишлаб чиқишда россиялик ҳакерлар ҳам иштирок этганига ишора этмоқда.

Суриядаги низони Халқаро жиноят судида кўриб чиқиш сўралмоқда

БМТга аъзо бўлган 50 дан ошиқ мамлакат Хавфсизлик кенгашидан Суриядаги низони Халқаро жиноят судида кўриб чиқишни сўради.

Петиция Хавфсизлик кенгашига Швейцария тарафидан киритилган ва унга 56 мамлакат имзо чеккан.

Сурия Халқаро жиноят судига аъзо бўлмагани учун мамлакатдаги ҳарбий жиноятлар бўйича халқаро текширувлар фақат БМТ Хавфсизлик кенгаши қарори билангина амалга оширилиши мумкин.

Петицияни имзолаган мамлакатлар орасида Буюк Британия, Франция ва Германиялар бор. Россия ва Хитой ҳужжатни имзолашдан бош тортгани айтилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари Нави Пиллай Суриядаги тўқнашувларни қоралаб, президент Ассад хукумати қилган жиноятлари учун Хавфсизлик кенгаши тарафидан жавобгарликка тортилиши кераклигини айтди.

БМТ берган маълумотга кўра, Сурияда 22 ойдан бери давом этаётган тўқнашувларда 60 мингдан ошиқ киши ҳалок бўлган.

Ҳар икки тараф – президент Башар Ассад кучлари ва мухолифатчи исёнчилар ҳам ҳарбий жиноятларда айбланмоқда.

Обама қурол устидан назоратни кучайтириш ҳақида гапирди

АҚШ президенти Барак Обама мамлакатда қурол устидан назоратни кучайтиришга қаратилган қонунчиликни кўриб чиқишдан аввал Конгресс вакилари “ўз виждонларини ўрганишлари” кераклигини айтди.

Душанба куни Оқ Уйда ўтказилган матбуот йиғинида Обама, жумладан, қурол сотиб олувчилардан кўпроқ ҳужжат талаб қилиш, ҳужум милтиқларини маън этиш ва катта ўқ-дори ҳажмига эга қуролларга чеклов жорий этиш жамият хавфсизлигини мустаҳкамлашдаги “мантиқий” қадамлар эканини билдирди.

Президент Обама илгари сурмоқчи бўлган қурол устидан назоратни кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар Конгресс тарафидан маъқулланиши керак.

АҚШда сўнгги ойларда оддий фуқаролар тарафидан уюштирилаётган қуролли ҳужумлар сони кўпайгани сабаб қурол устидан назоратни кучайтириш бўйича қизғин баҳслар олиб борилмоқда.

Эслатамиз, ўтган йилниг 14 декабр куни Коннектикут шатидаги бошланғич мактаблардан бирида уюштирилган ҳужумда 26 киши отиб ўлдирилган эди. Ҳалок бўлганларнинг 20 нафари 6-7 ёшли ўқувчилар бўлган.

Покистон: “Демократик юриш карвони” Исломободга келди

Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида йиғилган минглаган покистонликлар истаган вақтида ҳукуматни ағдариши мумкин.

Бу ҳақда йиғилганларга бошчилик қилаётган исломий уламо Таҳрирул Қадрий маълум қилди.

Қадрий ва унинг минглаган тарафдорлари якшанба куни “Демократик юриш карвони” деб номланган норозилик акциясини бошлашган эди.

Юриш қатнашчилари душанба куни кечки пайт пойтахт Исломободга етиб келишди.

Таҳрирул Қадрий баҳорда ўтказиладиган умумий сайловлар арафасида ҳукуматдан сайлов бўйича кенг қамровли ислоҳотлар ўтказишни талаб қилмоқда.

Покистон ҳукумати эса кўп йиллар давомида Канадада яшаб келган ва бир ой олдин мамлакатга қайтган Қадрийни сайловларга ҳалақит қилаётганликда айблаган.

Сўнгги хабарларга кўра, юриш қатнашчилари ҳукумат вакиллари билан учрашиш учун мамлакат парламенти биноси томон йўл олган.

Конибодомда тожик милициясининг бир ходими отиб ўлдирилди

Тожикистон шимолидаги Сўғд вилоятининг Ўзбекистон билан чегараси яқинида номаълум қуролли шахслар бир милиция ходимини отиб ўлдирди.

Ҳужумда яна бир милиция ходими яраланди.

Озодлик мухбирига кўра, Кони Бодом шаҳри яқинида милиция ходимлари қуролли шахслар кетаётган автомобилни тўхтатган пайтда улар орган ходимларига қарата ўт очиб воқеа жойидан қочиб кетган.

Ҳужум юзасидан жиноят иши очилган.

Ўтган ҳафта айни минтақада ўтказилган махсус амалиёт пайтида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига (ЎИҲ) аъзоликда гумон қилинган икки шахс қўлга олинган.

ҲРУ Сурия ҳукуматини исёнчиларга қарши кассетали бомба қўллаганликда айблади

Ҳюман Райтс Уотч (ҲРУ) инсон ҳуқуқлари ташкилоти Сурия ҳукуматини илк бор исёнчи гуруҳларга қарши кассетали бомбалардан фойдаланганликда айблади.

Ташкилот душанба куни эълон қилган баёнотда Сурия ҳарбийлари декабр ойида Идлиб шаҳри яқинида ва 2013 йил 3 январ куни Латамнеҳ шаҳрида БМ-21 “Град” русумидаги реактив система ёрдамида кассетали бомбалар отгани билдирилган.

ҲРУ ташкилоти келтираётган маълумотлар кўплаб гувоҳлар билан ўтказилган суҳбатлар, ҳуқуқ фаоллари олган видеолавҳалар ва халқаро журналистлар берган фотосуратларга асосланган.

Олдин Сурия ҳарбийлари кассетали бомбаларни ҳаводан ташлагани хабар қилинган эди.

Карзай: Афғонистонда қоладиган АҚШ кучлари дахлсизлиги масаласи йил охиригача ҳал бўлади

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай, Кобул ш., 2013 йил 14 январ.
Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай 2014 йилдан кейин Афғонистонда қоладиган АҚШ кучларига дахлсизлик бериш масаласи шу йил охиригача ҳал бўлишини маълум қилди.

Вашингтонга сафаридан қайтиб келган Карзай душанба куни Кобулда ўтказган матбуот анжуманида айни масала борасида АҚШ илгари сурган дастлабки таклифни Афғонистон ҳукумати рад қилганини билдирди.

- Биз яқинда Кобулда музокараларнинг навбатдаги даврасини бошлаймиз ва ўзаро фикр алмашамиз. Келишувга эришиш учун музокаралар жараёни етти, саккиз ёки тўққиз ой давом этиши мумкин,- дея баён қилди Афғонистон президенти.

Жума куни Обама шу йил баҳоригача Афғонистондаги барча ҳарбий амалиётлар устидан қўмондонлик қилиш вазифасини тўлалигача афғон армиясига топшириш ҳақида келишиб олинганини маълум қилди.

Обамага кўра, Карзай билан сўзлашувда АҚШ кучларининг 2014 йилдан кейин ҳам Афғонистонда қолиши эҳтимоли масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Покистонда коррупцияга қарши юриш давом этмоқда

Покистонлик уламо Таҳрирул Қадрий.
Исломий уламо Таҳрирул Қадрий бошчилигидаги минглаб покистонлик ҳукумат расмийлари орасида коррупция кенг тарқалганига норозилик тариқасида пойтахт Исломобод сари юриш қилмоқда.

“Демократик юриш карвони” деб номланган норозилик акцияси якшанба куни Лаҳор шаҳрида бошланди.

Юриш қатнашчиларининг душанба куни кечки пайт пойтахт Исломободга етиб келиши кутилмоқда.

Қадрий юришга 100 минг ёки ундан кўп одамни жалб қилишга умид қилмоқда.

Таҳрирул Қадрий баҳорда ўтказиладиган умумий сайловлар арафасида ҳукуматдан сайлов бўйича кенг қамровли ислоҳотлари ўтказишни талаб қилмоқда.

Қирғизистон милицияси полковнигини ўлдиргани гумон қилинган шахс қўлга олинди

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги полковниги Тўлқунбек Шоноев.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бўлими Ўш вилояти бошқармаси бошлиғи полковник Тўлқунбек Шоноевни ўлдирганликда гумон қилинган шахс қўлга олинди.

Шоноев жума куни Ўш вилоятининг Диикан-Куштак қишлоғида ўз уйи яқинида отиб ўлдирилган.

Ўш вилояти прокурори Ойбек Тарғанбаев Озодликка Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси қотилликда гумонланган шахсни Бишкек шаҳрида якшанба куни қўлга олганини маълум қилди.

Прокурорга кўра, ҳозирда гумонланувчи сўроқ қилинмоқда.

Қўлга олинган шахснинг исми хавфсизлик сабабларига кўра ошкор қилинмади.

Тўрт фарзанднинг отаси Тўлқунбек Шоноев 35 ёшда бўлган.

Покистон Бош вазири Балужистон ҳукуматини тарқатиб юборишга рози бўлди

Покистон Бош вазири Ража Парвез Ашраф.
Покистоннинг Балужистон вилоятида мазҳаблараро зўравонликлар кучайиши ортидан Бош вазир Ража Парвез Ашраф вилоят ҳукуматини тарқатиб юборишга рози бўлди.

Пайшанба куни Балужистон маркази Кветта шаҳрида содир этилган портлашда шиа мазҳабидаги 90 дан ортиқ хазора нобуд бўлди.

Якшанба куни Кветта шаҳрида маҳаллий хазоралар оқсоқоллари билан учрашган Ашраф Балужистон вилояти ҳукуматини тарқатиб юбориш ҳақидаги уларнинг талабини бажаришини айтди.

Покистон Бош вазири пайшанба куни Кветтадаги бильярд залида содир этилган портлашга алоқадорликда гумонланган жанггариларни таъқиб қилишга ҳарбийлар ҳам жалб этилишини айтди.

Россия: “Аблаҳларга қарши марш” чоғида ушланганлар қўйиб юборилди

Москвадаги "Аблаҳларга қарши марш", 2013 йилнинг 13 январи.
Москвада россиялик ота-онасиз болаларнинг АҚШ фуқаролари томонидан асраб олинишини маън қилувчи қонунга қарши якшанба куни бўлиб ўтган юриш чоғида қўлга олинган кишиларнинг ҳаммаси қўйиб юборилди.

Кеча ушланганларнинг бири билан профилактик суҳбат ўтказилгани, бошқаларига нисбатан эса оммавий тадбирларда иштирок этиш чоғида тартиб бузганлик тўғрисида маъмурий баённомалар тузилгани ва бу одамлар судланиши айтилмоқда.

Якшанба куни юриш бошланмасдан олдин Москвадаги Страстний хиёбони атрофида жамоат жойида маст аҳволда пайдо бўлгани учун 9 киши ушлангани ҳақида маълумот пайдо бўлганди. Айни пайтда Твиттерда бу одамларнинг кремлпараст “Наши” ёшлар ҳаракатидан бўлган провокаторлар экани хабар қилинганди.

“Аблаҳларга қарши юриш” деб номланган кечаги маршда, ташкилотчиларга кўра, 30 мингдан 40 минггача киши қатнашган. Полиция тахминича эса, йиғилганлар сони 9,5 мингдан ошмаган. Юриш иштирокчилари мамлакат раҳбарияти номига танқидий шиорларни қичқириб борганлар ва Давлат думасининг тарқатилишини талаб қилганлар.

Бу каби тадбирлар Россиянинг Барнаул, Томск, Екатеринбург, Ярославл, Петербург, Ростов, Қозон, Саратов ва Калининград шаҳарларида ҳам ўтган.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG