Линклар

Шошилинч хабар
17 октябр 2019, Тошкент вақти: 10:28

Халқаро янгиликлар

Жазоирда гаровдагиларни озод қилиш амалиёти бошланди

Британия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, берилаётган хабарларга кўра, Жазоир шарқида жанггарилар гаровга олган газни қайта ишлаш иншоотида Жазоир армияси ҳарбий амалиётни бошлаган.

Маҳаллий фуқаролардан бирининг Рейтерс агентлигига айтишича, ҳодиса жойида кўплаб одамларнинг жасадларини кўриш мумкин. Жазоир армияси Ливия билан чегарадош минтақадаги Ин Амеин иншоотини қуршаб олган эди.

Жанггарилар чоршанба куни газни қайта ишлаш заводида ишлаган ўнлаб хорижликни гаровга олган эди. Улар Франциядан Малидаги ҳарбий интервенцияни тўхтатишни талаб қилди.

Жазоир ҳукумати гаровгирлар билан музокара қилмаслигини баён қилди. Қўшма Штатлар ва ғарбнинг бошқа давлатлари бу ҳодисани террорчи ҳужуми дея атаб, қоралади.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, пайшанба кунги операция пайтида 34 асир ва 14 гаровгир ўлдирилган.

Жазоир ҳукумати бу хабарларга муносабат билдирганича йўқ. Ундан аввал Жазоир матбуотида газни қайта ишлаб чиқариш заводидан 15 нафар хорижлик ва 30 нафар жазоирлик жанггарилар қўлидан қочиб чиқишга муваффақ бўлганини хабар қилди.

Европа расмийлари Boeing-787 Dreamliner парвозини тўхтатиб қўйди

Ўзбекистон Ҳаво йўллари ширкати иккита Boeing-787 Dreamliner самолётини сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган.
Европанинг Авиация хавфсизлиги агентлиги пайшанба куни Boeing-787 русумидаги самолётлар парвозини вақтинча тўхтатишни буюрди. АҚШнинг Boeing ширкати ишлаб чиқарган ва Dreamliner деб аталадиган самолётларда кейинги бир ҳафта ичида бир нечта носозлик аниқланди.

Европа идораси қарори Япония ва АҚШ авиация расмийларининг Boeing-787 самолётлари парвозини тўхтатиб қўйиши ортидан қабул қилинди.

Маркази Германиянинг Кёлн шаҳрида жойлашган Европа Авиация хавфсизлиги агентлиги ўз баёнотида АҚШ Федерал авиация маъмуриятининг Dreamliner учқичлари парвозини тўхтатиш қарорини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ҳозирда Европада фақатгина Польшанинг LOT ҳаво ширкати паркида Boeing-787 самолётлари бор.

Айни пайтда, пайшанба куни Ҳиндистоннинг Air India ширкати ҳам бу русумдаги самолётларни учирмай қўйди.

Ўзбекистон Ҳаво йўллари ширкати ҳам ҳар бири 200 миллион АҚШ долларига тенг иккита Boeing-787 Dreamliner самолётини сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган.

Ал-Шабаб француз разведкачиси Денис Аллексни қатл қилганини иддао қилмоқда

Франция расмийлари француз разведкачиси бўлган Денис Аллекс 12 январ кунги операция пайтида ҳалок бўлганини айтмоқда.
Сомалидаги исломий жанггарилар ўтган ҳафта охирида Франция махсус кучлари озод қилишга уринган француз асирини қатл қилганларини иддао қилмоқда.

Ал-Шабаб жанггари гуруҳи ўзининг Twitter саҳифасида эълон қилган баёнотга кўра, 2009 йилдан бери гаровда бўлган Деннис Аллекс чоршанба куни қатл қилинган.

Франция расмийлари француз разведкачиси бўлган Аллекс, 12 январ куни, уни озод қилиш мақсадида ўтказилган махсус операция пайтида ҳалок бўлганини айтмоқда.

Расмийларга кўра, бу амалиёт чоғида яна икки француз аскари ва 17 сомалилик ҳам ўлдирилган.

Ўтган йили Ал-Шабаб гуруҳи етакчилари Ал-Қойдага байъат келтиришини эълон қилган эди.

АҚШ ҳукумати Ал-Шабаб гуруҳи етакчилари боши учун мукофот эълон қилган.

Покистондаги намойишлар етакчиси ҳукуматга муҳлат берди

Исломободда 4 кундан бери намойишлар давом этмоқда.
Покистондаги аксил-ҳукумат намойишларининг ташкилотчиси, исломий уламо Муҳаммад Тоҳир ул-Қадрий ҳукуматнинг норозилар талабларига жавоб бериши учун муддат белгилади.

Қадрий пайшанба куни эрталаб белгилаган муҳлат Тошкент вақти билан соат 15:00да тугади.

Қадрий минглаб тарафдорлари олдида қилган чиқишида “Покистоннинг коррупциялашган ҳукумати” намойишчилар билан демократик ва сайлов тизими ислоҳотларига оид режалар борасида музокара қилгани ўз вакилларини юбориши керак, дея таъкидлади.

Агар ҳукумат делегацияси музкоаралар учун юборилмаса, намойишлар “тегишли тарзда давом эттирилиши”ни таъкидлади, исломий уламо.

Айни пайтда, пайшанба куни Покистон ички ишлар вазири пойтахт Исломободда давом этаётган аксил-ҳукумат намойишлари ҳукуматнинг тоқатини тоқ қилаётганидан огоҳлантириб, норозиларни тарқалишга чақирди.

Раҳмон Малик душанба кунидан бери пойтахт марказида минглаб намойишчининг тўпланиб олгани шаҳар аҳли учун муаммоларни туғдираётгани ҳамда ҳукумат ва жамоатчилик сабр косаси тўлиб бораётганини таъкидлади.

Маликнинг шунингдек айтишича, ҳукумат жанггарилар тўпланган оломонга қарши ҳужумлар уюштиришни режалаштираётганидан хабар топган.

Агар бундай ҳужум амалга ошадиган бўлса, дея огоҳлантирди ички ишлар вазири, бутун масъулият намойишчилар етакчиси, исломий уламо Муҳаммад Тоҳир ул-Қадрий зиммасида бўлади.

Кўп йиллардан бери Канадада муҳожиратда яшаган Қадрий яқинда Покистонга қайтгач, ҳукуматни коррупция ва лаёқатсизликда айблаб, истеъфога кетишга чақирмоқда.

Покистон Ахборот вазири Қамар Замон Каира мамлакатда умумий сайловлар 5-15 май оралиғида ўтказилишин маълум қилди.

Покистон Олий судининг бош вазирни ҳибсга олиш буйруғи бажарилмади

Покистон Бош вазири Ража Парвез Ашраф.
Покистоннинг коррупцияга қарши кураш идораси раҳбари мамлакат Олий судининг бош вазир Ража Парвез Ашрафни ҳибсга олиш буйруғини бажаришдан бош тортди. Сешанба куни Олий суд электр энергияси лойиҳалари билан боғлиқ коррупцион иш доирасида Ашрафни ҳибсга олиш тўғрисида ҳукм чиқарган эди.

Амалдорлар жавобгарлиги бўйича миллий бюро бошлиғи Фасиҳ Бухорий пайшанба куни қилглан чиқишида мазкур иш юзасидан ўтказилган дастлабки терговда хатоликларга йўл қўйилганини таъкидлади. Бухорий бош вазирни ҳибсга олиш эҳтиёжи бор-йўқлигини аниқлаш учун вақт талаб этилишини айтди.

Олий суд раиси Ифтихор Чаудри суд вакиллари терговда хатоликларга йўл қўйилганига оид иддаоларни ўрганиши учун Бухорийдан ишга доир материалларни пайшанба куни судга олиб келишни буюрди.

Ашраф 2008-2011 йилларда сув ва электр вазири лавозимини эгаллаган пайтда электр энергияси лойиҳалари ташаббускори бўлган. Кейинчалик бу лойиҳалардан Ашрафнинг ўзи катта даромад олгани айтилган.

Жазоир армияси гаровга олинган ғарбликларни қутқариш уринишларини давом эттирмоқда

Жазоир матбуотининг маълум қилишича, исломий жанггарилар томонидан гаровга олинган газни қайта ишлаб чиқариш заводидан 15 нафар хорижлик ва 30 нафар жазоирлик қочиб чиқишга муваффақ бўлган.

Ennahar хусусий телеканалининг исми сир тутилаётган расмийларга таяниб, хабар қилишича, гаровдан қочиб чиққан хорижликлар орасида француз эр-хотин ҳам бор.

Саҳрои Кабирда, Ливия билан чегарадош ҳудудда жойлашган газни қайта ишлаш иншооти чоршанба куни исломий жанггарилар томонидан босиб олинган эди.

Пайшанба куни эрталаб Жазоир армияси исломий жанггарилар ғарбликларни гаровга олган завод қуршовини давом эттираётгани хабар қилинган эди.

Жанггарилар Саҳрои Кабирда жойлашган заводда 41 кшини гаровга олганини эълон қилиб, Франциядан Малидаги ҳарбий интервенцияни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Жазоир ҳукумати гаровгирлар билан музокара қилмаслигини баён қилди. Қўшма Штатлар ва ғарбнинг бошқа давлатлари бу ҳодисани террорчи ҳужуми дея атаб, қоралади.

Жанггарилар ўнлаб эркакни гаровга олгани ва чоршанба куни кечқурун Жазоир кучларининг заводни ишғол қилиш уринишини қайтарганини иддао қилди. Жазоир ҳукумати бу иддаоларни изоҳламади.

Гаровга олинганлар орасида Британия, Норвегия ва АҚШ фуқароларининг борлиги айтилмоқда.

Саҳрои Кабирдаги газ конида қурилган завод Норвегиянинг Статойл ширкати томонидан Британиянинг BP ва Жазоирнинг Сонатрак компаниялари билан биргаликда бошқарилади. Бу иншоот Жазоир қазиб оладиган умумий газ ҳажмининг 10 фоизини ишлаб чиқаради.

АҚШ Жазоирдаги воқеалар ривожини кузатиб бормоқда

АҚШ ҳукумати Жазоирдаги воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бораётганини билдирди.

Жазоирда жангарилар ғарб давлатларининг 41 фуқаросини, жумладан, 7 нафар америкаликни гаровга олган. Франция президенти Франсуа Олланд Жазоир ҳукумати билан мунтазам алоқада бўлаётганини айтди.

“Ал Қоида”га алоқадор экстремистик гуруҳ Ливия чегарасидаги нефт конига ҳужум қилиб, у ерда ишлаётган ғарбликларни гаровга олган эди. Гуруҳ Малидаги исёнчи исломчиларга қарши Франция ўтказган ҳарбий амалиётни қўллагани учун Жазоитрдапн ўч олаётганини билдирган.

Малидаги исёнчилар позициясига 5 кун қилинган ҳаво ҳужумидан сўнг чоршанба куни Франция ҳарбийлари биринчи ер усти жангини бошлаган эди.

Атамбаев 2014 йилда АҚШ транзит маркази мамлакатдан чиқарилишини айтди

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Роберт Блейк билан ўтган музокаралар чоғида 2014 йилнинг июн ойигача Бишкекдаги АҚШ ҳарбийлари мамлакатдан чиқарилишини билдирди.

Бу борада Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Роберт Блейк Марказий Осиё сафари олдидан “Америка овози” радиосига Қирғизистонда АҚШ ҳарбий транзит маркази ҳозирлигини узайтириш масаласини муҳокама қилишини билдирган эди.

Роберт Блейкнинг Қирғизистон сафари 16-17 январ кунлари бўлиб ўтди.

Қозоғистон аҳолиси сони 17 миллионга яқинлаб қолди

2012 йилда Қозоғистон аҳолиси 16 млн. 896 минг кишига етди.

Қозоғистон Статистика агентлигининг маълум қилишича, ўтган йилнинг январь-ноябрь ойларида мамлакат аҳолиси 221,5 минг кишига кўпайган ва 16 миллион 896,9 мингга етган.

Бу 2011 йил билан солиштирилганда, аҳоли сони 2,6 фоизга ўсганини билдиради.
Аҳолининг 9 миллион 254,7 минг нафари (54,8%) шаҳарларда, 7 миллионов 642,2 минг нафари эса (45,2%) қишлоқ жойларида истиқомат қилади.

2012 йилнинг январь-ноябрь ойларида Қозоғистон бўйлаб 354,6 мингта туғилиш ва 131,7 мингта ўлим ҳолатлари қайд этилган.

Дед Ҳасан Москвада ўлдириб кетилди

Россия жиноят оламида Дед Ҳасан лақаби билан танилган Аслан Усоян бугун Москва марказида ўлдириб кетилди.

Усоян “Каретный двор” ресторанидан чиққан пайт номаълум шахс унга қарата ўқ узган. У касалхонага олиб келинганидан ўн минут ўтиб жон берган.

Қотиллик сабаблари ўрганилмоқда. Аслан Усоян Россия жиноят оламининг энг танқили намаёндаларидан бўлган.

У мамлакат жанубий ҳудудидаги жиноий гуруҳларни назорат қилиб келган. Усоян ҳаётига бир неча марта тажоввуз қилинган. Сўнгги бор у 2010 йилда суиқасддан омон қолганди.

Kобулда портлашдан икки одам нобуд бўлди

Афғонистон пойтахти Кобулнинг ҳукумат бинолари жойлашган мавзесида бугун содир этилган жанггарилар ҳужумидан камида икки одам нобуд бўлди, ўттиздан ортиқ одам яраланди.

Хабарларга кўра, портлаш ва отишмалар олти нафар ҳужумчи тарафидан Афғонистон жосуслик ҳизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги биноларига яқин жойда амалга оширилган.

Хабарларга кўра, олти ҳужумчидан бириси ичига бомба ўрнатилган машинани портлатган, қолгани қуролли ҳужум қилган.

Кейинчалик улар, ҳукумат бинолари олдида турган қўриқчилар тарафидан отиб ўлдирилган.

Ҳужумга масъулиятни Толибон ҳаракати зиммасига олди.

Ироқда 23 одам ҳудкуш ҳужум ва отишмалар қурбони бўлди

Ироқ шимолидаги Киркук шаҳрида иккита машина портлатилгани оқибатида 16 одам нобуд бўлди, 190дан ортиқ одам яраланди.

Портлаш ҳудкуш кимса тарафидан Қурдистон демократик партияси идораси яқинида содир этилди.

Яна бир портлаш Киркукдан 75 километр шимолдаги Туз-Хурмату шаҳрида рўй берди.

Мазкур шаҳарда автомобил портлаши оқибатида икки одам ҳалок бўлди, 26 одам яраланди.

Пойтахт Бағдодда эса беш одам қуролли ҳужум қурбони бўлди. Ироқдаги бугунги ҳужумларга ҳозирча ҳеч бир ташкилот жавобгарликни зиммасига олгани йўқ.

Япониянинг икки ширкати Boeing 787 Dreamliner парвозини тўхтатди

Япониядаги иккита етакчи авиаширкат Boeing 787 Dreamliner учоқлари парвозини тўхтатиб қўйганини эълон қилди.

Учоқларда техник нуқсонлар кўпайиши ортидан шундай қарорга келганликларини билдиришди.

АҚШнинг Боинг авиасозлик ширкати ишлаб чиқарадиган Boeing 787 Dreamliner энг замонавий йўловчи ташийдиган учқичлардан бири саналади.

Ўз паркини янгилаб келаётган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкати ҳам Боинг ширкатига иккита “Boeing-787 Dreamliner” етказиб беришга буюртма берган.

Япония ва АҚШ ҳукуматлари мазкур учқичларни инспекция қилишларини билдирганлар.

Афғонистон пойтахтида портлаш рўй берди

Портлаш Қобулдаги Ички ишлар вазирлиги биносига яқин ҳудудда содир бўлгани хабар қилинмоқда.

Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Содиқ Содиқий вазирлик портлаш ва отишма рўй берганини тасдиқлади, лекин тафсилотларга тўхталмади.

Қурбонлар ва талафот кўрганлар ҳақида ҳам маълумот йўқ. Содиқийга кўра, отишма ҳозир тўхтаган.

АҚШ: Сент-Луис шаҳридаги коллежда отишма юз берди

АҚШнинг Сент-Луис шаҳридаги бизнес ва санъат коллежида қуролланган шахс отишма уюштирди.

Хабарларга кўра, 15 январ куни ёши чамаси 40 лар атрофида бўлган ҳужумчи Stevens Institute of Business and Arts коллежи ҳудудига бостириб кирган ва коллеж бошқарувчисига қарата бир неча бор ўқ узган.

Шундан сўнг ҳужумчи ўзининг кўкрак қисмига ўқ отган.

Ҳужумчи ва унинг қурбони оғир аҳволда касалхонага етказилгани айтилмоқда.

АҚШда сўнгги ойларда оддий фуқаролар тарафидан уюштирилаётган қуролли ҳужумлар сони кўпаймоқда.

Эслатамиз, ўтган йилниг 14 декабр куни Коннектикут шатидаги бошланғич мактаблардан бирида уюштирилган ҳужумда 26 киши отиб ўлдирилган эди. Ҳалок бўлганларнинг 20 нафари 6-7 ёшли ўқувчилар бўлган.

Ҳина Раббоний Ҳар: Террористлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда

Покистон Ташқи ишлар вазири Ҳина Раббоний Ҳар.
Покистон Ташқи ишлар вазири Ҳина Раббоний Ҳар халқаро террористлар маҳаллий аҳолини радикаллаштириш учун Интернетдаги ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётганини айтди.

Ҳар Ню Йорк шаҳрида БМТ Хавфсизлик кегашининг вазирликлар даражасидаги терроризмга бағишланган йиғинда чиқиш қилди.

Вазирга кўра, бугунги кунда эсктремистлар Интернет ва замонавий алоқа технологиялари ёрдамида маҳаллий халқ орасида ўз сафларига чақириш, фитналар уюштириш, террор амалиётларни режалаштириш ва молиялаштириш ишларини олиб бормоқда.

Ҳина Раббоний Ҳар терроризмга қарши кучлар курашнинг бугунги талабларига мослашиши кераклигини қўшимчалади.

Покистон Ташқи ишлар вазири БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ва терроризмга бағишланган йиғинда қатнашган вазирлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказишни режалаштирган.

ХАЭА Эроннинг Парчин базасига кириш рухсатини олмоқчи

БМТнинг Атом энергияси текширувчилари чоршанба куни Теҳронда Эроннинг баҳсларга сабаб бўлаётган ядровий дастури бўйича музокаралар ўтказишади.

Халқаро Атом энергияси агентлиги вакиллари Эрон расмийлари билан ўтадиган музокаралар давомида мамлакатнинг жануби-шарқида жойлашган Парчин ҳарбий мажмуасига халқаро мутахассислар кириши учун рухсат берилишини сўраши айтилмоқда.

БМТ мутахассислари Парчин базасида ядровий қурол ишлаб чиқаришда ишлатилиши мумкин бўлган синовлар ўтказилганини гумон қилишади.

Шу кунгача Эрон ҳарбий база эшикларини халқаро текширувчилар учун ёпиб келмоқда.

Мамлакат Ташқи ишлар вазири сешанба кунги қилган чиқишида Теҳрон ўзининг ядровий дастури бўйича юзага келган “ноаниқликларни тугатишга” тайёр эканини айтди.

Вазир Ғарб давлатларини Эроннинг ядровий “ҳуқуқини”, жумладан, уранни бойитиш ишларини олиб бориш ҳуқуқига эга эканини тан олишга чақирди.

Ғарб ҳукуматлари Эроннинг ядровий дастури қурол яратишга йўналгани борасида хавотир билдиради. Эрон ядровий дастурининг харбий томони йўқлигини урғулаб келади.

Суриядаги портлашларда ҳалок бўлганлар сони ортмоқда

Сурия шимолида жойлашган Алеппо шаҳридаги университетда рўй берган икки портлашда ҳалок бўлганлар сони ортмоқда.

Мамлакатда давом этаётган низони ўрганувчи Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти портлашлар оқибатида 52 киши ўлгани ва ўнлаб одам жароҳат олганини билдирди.

Ташкилот бу рақамларни шифокорлар ва талабалар ёрдамида олганини айтмоқда.

Алеппо губернатори Муҳаммад Вохид Акад сешанба кунги портлашларда ҳалок бўлганлар сони 80 кишига етганини маълум қилди.

Фаолларга кўра, ўқув даргоҳидаги портлашлар ҳукумат ҳаво кучларига қарашли учқичлар ёрдамида амалга оширилган.

Сурия давлат телевидениеси портлашларда президент Башар Ассад ҳукуматига қарши курашаётган исёнчиларни айблади.

Ҳужумга учраган университет Алеппо шаҳрининг ҳукумат кучлари назорати остида бўлган қисмида жойлашгани айтилмоқда.

Алеппо Суриядаги энг катта шаҳар бўлиб, у ердаги тўқнашувлар 2012 йилнинг июл ойидан бери давом этмоқда.

Атом энергияси халқаро агентлиги делегацияси Теҳронда сўзлашув ўтказади

Атом энергияси халқаро агентлиги директор ўринбосари Ҳерман Накаертс.
Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) делегацияси бошлиғи шу ҳафта Теҳронда бўладиган музокараларда Эроннинг “Парчин” ҳарбий мажмуасига халқаро мутахассислар кириши учун рухсат берилишига умид қилаётганини айтди.

Сешанба куни Вена шаҳрида сўзлаган агентлик директори ўринбосари Ҳерман Накаертс Теҳронга ташрифидан мақсад текширув ишларини қайта бошлаш ҳақида Эрон билан келишувга эришишдан иборат эканини айтди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Рамин Меҳмонпараст Теҳронда журналистларга чоршанба куни бўладиган музокарада Атом энергияси халқаро агентлиги билан “кенг миқёсда келишув”га эришилишига умид қилаётганини айтди.

Бироқ Меҳмонпараст “Парчин”га кириш учун рухсат берилиши эҳтимолдан ҳоли эканини чунки у Эроннинг ядровий дастурига алоқадор эмаслигини урғулади.

Атом энергияси халқаро агентлиги Эрон “Парчин”да ҳарбий мақсадда ядровий тажрибалар ўтказаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Суриянинг Алеппо университетида портлаш рўй берди

Сурия шимолида жойлашган Алеппо (Ҳалаб) шаҳридаги университетда портлаш рўй берди.

Сурия давлат телевидениеси сешанба кунги портлаш учун “террорчилар”ни айблади.

Расмийлар "террорчи" деганда одатда ҳукуматга қарши қуролли кураш олиб бораётган исёнчиларни назарда тутади.

Ҳужум оқибатида қанча талафот кўрилгани ҳақида ҳукумат дарҳол маълумот тарқатмади.

Бироқ қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти портлаш оқибатида 15 киши ўлгани, ўнлаб одам жароҳат олганини билдирди.

Хабарларга кўра, Алеппо университети Сурия армияси назоратида бўлган ҳудудда жойлашган.

Покистон Олий суди Бош вазирни ҳибсга олиш ҳақида кўрсатма берди

Покистон Олий суди энергетика лойиҳалари билан боғлиқ коррупцияга алоқадорлик бўйича 24 соат ичида Бош вазир Ража Парвез Ашраф ва 15 нафар бошқа расмийни қўлга олишга ордер берди.

Ашраф Бош вазир лавозимини эгаллашидан олдин Сув ва энергетика вазири бўлиб ишлаган.

Ашраф 2010 йилда электр станцияси лойиҳасини тасдиқлаш учун пора олгани ҳақидаги иддаони рад қилмоқда.

Бош вазир маслаҳатчиси Фавад Чаудри Олий суд қарорини қоралаб, уни Конституцияга зид деб баҳолади.

Олий суд Бош вазирни ҳибсга олиш ҳақидаги қарорини исломий уламо Муҳаммад Таҳирул Қадрий ва унинг ўн минлаб тарафдорлдари коррупцияга қарши ўтказган норозилик акциясида ҳукумат истеъфога чиқишини талаб қилганидан кейин қабул қилди.

Роберт Блейк Туркманистон ва Қирғизистонга сафар бошлади



АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк сешанба куни пойтахт Ашхободда Туркманистон ҳукуматининг юқори лавозимли расмийлари билан музокара олиб боради.

Сўзлашувларда кенг қамровли масалалар, жумладан, минтақавий хавфсизлик, инвестиция истиқболлари ва инсон ҳуқуқлари каби мавзуларнинг муҳокама этилиши кутилмоқда.

Туркманистон сафари чоғида Роберт Блейкнинг фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам учрашиши режаланган.

Чоршанба куни Блейк Афғонистондаги АҚШ кучлари таъминот базаси жойлашган Қирғизистонга боради.

Покистонлик уламо ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда

Покистондаги етакчи исломий уламо пойтахт Исломободга йиғилган минглаб тарафдорларига ҳукуматни бир неча соат ичида ағдариш мумкинлигини ҳақида гапирди.

Муҳаммад Таҳрирул Қадрий ва унинг минглаб тарафдорлари ҳукумат расмийлари орасида коррупция кенг тарқалганига норозилик билдириш¸ шунингдек сайлов ислоҳотлари ўтказиш талаби билан якшанба куни Лаҳор шаҳрида “Демократик юриш карвони” деб номланган акция бошлади.

Юриш иштирокчилари душанба куни кечқурун Исломободга етиб келди.

Сешанба куни Исломободда ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилган Қадрий ҳукуматга истеъфога чиқиш ҳақида ултиматум қўйди.

Душанба куни эрталаб намойишчилар ва полиция ўртасида қисқа муддатли тўқнашув рўй бергунича норозилик акцияси тинч ўтаётган эди.

Хабарларга кўра, полиция ҳавога огоҳлантирувчи ўт очган, намойишчилар полиция ходимларига тош отган. Талафотлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Ҳакерларнинг кибер-жосус тармоғи фош этилди

Антивирус дастурлар ишлаб чиқарувчи “Касперский лабораторияси” жосуслик мақсадларида ишлатилган халқаро электрон тармоқни фош этди.

“Red October” (Қизил октябр) деб номланган тармоқ 2007 йилда ишга туширилган ва бир нечта мамлакатда жойлашган ҳакерлар тарафидан ишлатиб келинган.

Кибержосусликка мўлжалланган тармоқ асосан дипломатик ташкилотлар, ҳукумат идоралари ва илмий-тадқиқот корхоналарини нишонга олгани айтилмоқда.

“Касперский лабораторияси” ҳисоботига кўра, “Red October” тармоғи 30 дан ошиқ кўринишга эга вирус ёрдамида заҳарларган компютерлардан бир қанча террабайт махфий маълумот юклаб олишга муваффақ бўлган.

Ҳисоботда айтилишича, вирусларнинг тузилиши ва уларда ишлатилган калит сўзлар уларни ишлаб чиқишда россиялик ҳакерлар ҳам иштирок этганига ишора этмоқда.

Суриядаги низони Халқаро жиноят судида кўриб чиқиш сўралмоқда

БМТга аъзо бўлган 50 дан ошиқ мамлакат Хавфсизлик кенгашидан Суриядаги низони Халқаро жиноят судида кўриб чиқишни сўради.

Петиция Хавфсизлик кенгашига Швейцария тарафидан киритилган ва унга 56 мамлакат имзо чеккан.

Сурия Халқаро жиноят судига аъзо бўлмагани учун мамлакатдаги ҳарбий жиноятлар бўйича халқаро текширувлар фақат БМТ Хавфсизлик кенгаши қарори билангина амалга оширилиши мумкин.

Петицияни имзолаган мамлакатлар орасида Буюк Британия, Франция ва Германиялар бор. Россия ва Хитой ҳужжатни имзолашдан бош тортгани айтилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари Нави Пиллай Суриядаги тўқнашувларни қоралаб, президент Ассад хукумати қилган жиноятлари учун Хавфсизлик кенгаши тарафидан жавобгарликка тортилиши кераклигини айтди.

БМТ берган маълумотга кўра, Сурияда 22 ойдан бери давом этаётган тўқнашувларда 60 мингдан ошиқ киши ҳалок бўлган.

Ҳар икки тараф – президент Башар Ассад кучлари ва мухолифатчи исёнчилар ҳам ҳарбий жиноятларда айбланмоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG