Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 02:54

Халқаро янгиликлар

АҚШда илк қора танли талаба Жэймс Худ оламдан ўтди

АҚШда афроамерикаликлар ҳуқуқлари учун курашган ва мамлакат тарихига илк қора танли талаба сифатида кирган Жэймс Худ 71 ёшида оламдан ўтди.

1963 йилда Худ қаллиғи билан фақат оқ танлилар учун мўлжалланган Алабамадаги университетга кирмоқчи бўлганида штат губернатори шахсан уларга монеълик қилганди.

Шу куни президент Жон Кеннеди университетни губернатор қарамоғидан чиқариб, билим даргоҳига федерал университет статусини берди.

Бу воқеа Америкада қора танлиларнинг оқ танли талабалар билан бирга ўқиши учун прецидент яратди.

Жазоирдаги газ иншоотида ёниб кетган 15 одам жасади топилди

Жазоирда чоршанба куни исломий жангарилар юзлаб одамни гаровга олган Аменадаги газ иншооти ҳудудида ёниб кетган 15 одамнинг жасади қолдиқлари топилган.

Аввалроқ Жазоир давлат матбуоти газ иншоотида исломий жангарилар томонидан ушлаб турилган 573 жазирлик ва 132 хориж фуқаросидан 100дан ортиғи озод этилгани ҳақда хабар қилганди.

Лекин 10 нафар япониялик ва норвегиялик тақдири ҳануз наомаълум. Жазоир расмийлари ҳозир 10 нафар хорижлик гаровгирлар қўлида қолаётганини айтмоқда.

Бир неча кун аввал Ливия чегарасига яқин ҳудудда жойлашган газ корхонасида Япония, Норвегия, Буюк Британия, Ирландия, Франция, Австрия, АҚШ фуқаролари бўлган ўнлаб хорижликни гаровга олган эди.

Жазоирда гаровдагиларни қутқариш пайти 12 одам ҳалок бўлган

Жазоирда гаровга олинганларнинг 12 нафари уларни қутқариш амалиёти пайти ўлдирилган.

Ҳалок бўлганларнинг қанчаси хорижлик ва қанчаси жазоирлик экани ҳозирча маълум эмас.

Амалиёт пайти 30 жанггаридан 18 нафари отиб ўлдирилган, бир нафари қўлга олинган.

Аввалроқ Жазоир давлат матбуоти Аменадаги газ иншоотида исломий жангарилар томонидан ушлаб турилган 573 жазирлик ва 132 хориж фуқаросидан 100дан ортиғи озод этилгани ҳақда хабар қилганди.

Лекин 30 га яқин хориж фуқаросининг тақдири ҳануз наомаълум эканлиги айтилмоқда.

Тимошенко собиқ депутат ўлимида гумонланмоқда

Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенкога умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Жума куни тергов гуруҳи Харковдаги қамоқхонада етти йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Тимошенкога у собиқ депутат Евгений Шербаннинг ўлимига алоқадорликда гумонланаётгани ҳақидаги ҳужжатни топширишган.

Тергов гуруҳи 1996 йилда Шербаннинг ўлдирилишига собиқ бош вазир Тимошенко ёки Павел Лазаренко буйруқ берган юўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Ўз навбатида Тимошенко ҳам Лазаренко ҳам бу иддаони рад этмоқда.

Армстронг допинг истеъмол қилганини тан олди

Америкалик велосипедчи Ленс Армстронг спортчилар учун тақиқланган ситмулятор препаратларни истеъмол қилганини тан олди.

Спортчи бу ҳақда кеча телебошловчи Опра Уинфри билан суҳбатда таъкидлади. Ленс Армстронг сўнгги бор 2005 йилда допинг истеъмол қилганини айтди.

Армстронг велоспорт билан шуғулланишни давом эттириш ва жамоатчилик ишончини яна қозониш ниятида эканини билдирди.

Халқаро Велоспорт Иттифоқи допинг истеъмол қилганликда айбдор деб топилган америкалик велопойгачи Ленс Армстронгни 1995-2005 йилларда етти Тур де Франс мусобақасида эришган ғолиблик унвонларидан мосуво қилган ва бир умрга велоспортдан четлатилгани айтилганди.

40 ёшли Армстронг аввалига барча айбловларни рад этиб келаётган эди.

"Большой Театр" раҳбари юзига кислота сепилди

Юзига кислота сепиб кетилган "Большой Театр" раҳбари Сергей Филин Москва касалхонасининг реанимация бўлимидан оддий палатага олиб ўтилди. Унинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.

Филин жума куни ниқоб кийган шасхлар томонидан кислота ҳужумига учраганди. "Большой Театр" матбуот котибининг айтишича, 42 ёшли Сергей Филинга охирги бир неча ой мобайнида кўплаб таҳдилар қилинмоқда эди.

Театр томонидан чиқарилган баёнотда айтилишича, ҳужумчилар ўз уйига яқинлашган Сергей Филинни бақириб чақиришган ва у уларга юз ўгирган вақти кислотани сепишган.

Жазоирда гаровга олинган хорижликлар тақдири номаълум қолмоқда

Жазоирда Ал Қоида тармоғига алоқадор жанггарилар тарафидан гаровга олинган 30 хориж фуқаросининг тақдири номаълум қолмоқда.

Бир неча кун аввал Ливия чегарасига яқин ҳудудда жойлашган газ корхонасида Япония, Норвегия, Буюк Британия, Ирландия, Франция, Австрия, АҚШ фуқаролари бўлган ўнлаб хорижликни гаровга олган эди.

Жума куни АҚШ жазоирлик гаровгирларнинг Америка қамоқхоналарида террорчиликда айбланиб қамалганларнинг озод этилиши эвазияга гаровга олинган америкаликларни қўйиб юбориш таклифини рад этди.

Исломий жангарилар чоршанба куни автобусга ҳужум қилиб, бир британиялик ва яна бир жазоирликни ўлдиришган, кейин "Ин Аменас"даги мажмуани ишғол қилишганди.

Сербия Косово билан муносабатларда ижобий силжишларга эришди

Белгия - Европа кенгаши раҳбари Херман Ван Ромпей (ўнгда) Сербия Бош вазири Ивица Дачич билан.
Европа Кенгаши раҳбари Херман Ван Ромпей Сербия бу мамлакатдан мустақиллигини эълон қилган Косово билан сиёсий муносабатларда бир қатор ижобий силжишларга эришганини эътироф этди.

Ромпейга кўра, бу силжишлар диққат билан ўрганилади ва Европа Кенгаши Сербияни Европа Иттифоқига қабул қилиш масаласида музокараларни бошлаш ҳақида қарор чиқариши мумкин.

Европа Кенгаши раҳбари бу борада Сербия Бош вазири Ивица Дачич билан жума куни Брюсселда ўтган учрашуви чоғида маълум қилди. Дачич ўз навбатида Сербия Косово билан “амалий ва ҳаётга тадбиқ этса бўладиган” қарорларга эришиш юзасидан диалогни давом эттиришга тайёр эканини айтган.

Косово 2008 йил февралида Сербиядан мустақиллигини эълон қилган. Сербия Косово мустақиллигини тан олмай келаётир.

Мисрда насронийлар черкови тошбўрон қилинди

Мисрда жума куни полиция ал Марашеда шаҳридаги черков олдида содир этилган тартибсизликни тўхтатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўллашга мажбур бўлди.

Хабарларда айтилишича, жумага ўтар кечаси насроний коптларга тегишли бўлган бир нечта савдо шаҳобчалари ёқиб ташланган. Жума куни эса черков мусулмонлар томонидан тошбўрон қилинган.

Тартибсизликлар савдо шаҳобчаларидан бирининг хўжайини бўлган насроний коптнинг 6 ёшли мусулмон қизга қилган ҳужумидан сўнг бошланиб кетган. Мазкур иш юзасидан жиноий иш очилгани айтилмоқда.

Мисрнинг 82 миллион аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардир. Насронийлар аҳолининг ўн фоизга етмаган қисмини ташкил этади.

Рус мухолифатчиси Европадан бошпана сўрамоқда

Россия мухолифатининг Петербургдаги фаоли Юрий Мелничук Европа давлатларининг биридан сиёсий бошпана сўрамоқда.

“Интерфакс” агентлиги хабарида айтилишича, Мелничук сўнгги ойларда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан таъқиб қилинган. Унинг қариндошларига руҳий босим кўрсатилган ва мухолифат фаолининг барча ёзишмалари, телефон сўзлашувлари назорат остига олинган.

Мелничук Россиядан 14 январда чиқиб кетиш қарорини ўз сафдошларига очиқлаган.

Остонада бомба ҳақида ёлғон хабар берган одам қўлга олинди

Остонада Истанбулга учаётган самолётда бомба борлигини хабар қилган шахс қўлга олинди.

Марказий Осиё янгиликлар хизматининг маълум қилишича, жума куни кечга яқин Остона полициясига номаълум шахс қўнғироқ қилиб, Истанбулга учадиган самолёт бортига йўловчилардан бири бомба олиб кирганини билдирган.

Шундан сўнг Остона аэропортига зудлик билан полиция, Миллий хавфсизлик қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, прокуратура ва тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари етиб келди.

Полиция 88 нафар йўловчи ва 8 нафар экипаж аъзоларини эвакуация қилди, самолёт йўловчи терминалидан хавфсиз жойга узоқлаштирилди. «Арлан» махсус бўлинмаси сапёрлари самолёт борти ва йўловчиларнинг багажини текшириб чиқди, лекин ҳеч қандай портловчи мослама топилмади.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбири натижасида бомба ҳақида мобил телефони орқали ёлғон маълумот берган 42 ёшли остоналик қўлга олинди. Мазкур ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Тожикистонда террорчи гуруҳлар фаоллашмоқда

Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимов мамлакатда террорчи гуруҳлар фаоллашганини билдирди.

Унинг айтишича, жиноятларга алоқадор шахсларни аниқлаш мақсадида паспорт тартиби жорий этилди. Ички ишлар вазири яқинда Сўғд вилоятининг Матч туманида «Ўзбекистон исломий ҳаракати»га алоқадор 10 нафар шахс аниқланганинир, уларнинг бир қисми қўлга олигнганини билдирди. Амалиёт пайтида милиция ходимларидан бири ҳалок бўлган, икки нафари яраланган.

Тергов маълумотларида бу гуруҳ Тожикистонга Афғонистондан ўтгани айтилади. Норасмий манбаларга қараганда, гуруҳ 60 кишидан иборат. Улар Тожикистонга ўтган йилнинг ёз-кузида ўтишган.

Ўтган йили Тожикистон ИИВ томонидан 118 нафар аъзоси бўлган ва 225 та жиноятда гумон қилинган 11 та уюшган жиноий гуруҳлар фош этилди.

Британия бош вазири: Жазоирда гаровдагиларни қутқариш операцияси давом этмоқда

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон.
Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон жума куни парламентда қилган чиқишида Жазоирда исломий жанггарилар томонидан гаровга олинганлар билан боғлиқ бўҳрон “давом этмоқда”, дея баён қилди.

Унинг айтишича, Саҳрои Кабирдаги газни қайта ишлаш заводида хавфсизлик кучлари жанггариларга қарши амалиётни давом эттирмоқда ва уларнинг қўлида асирлар қолаётган бўлиши мумкин.

- Афтидан бу йирик, пухта ўйланган ва қаттиқ қуроланган жанггариларнинг ҳужуми бўлган. Бу аввалдан яхши тайёрланган ҳуруж бўлгани эҳтимолий юқори, деди Кэмерон.

Унинг айтишича, гаровда қолаётганлар орасида Британия, Жазоир ва бошқа давлатлар фуқаролари бор. Кэмерон Жазоир расмийлари қутқарув операциясини бошлаётганлари тўғрисида уни аввалдан хабардор қилмаганидан “таассуф”да эканини билдирди.

Жума куни Франция ҳукумати ҳам операция бошланаётганидан бехабар бўлганини баён қилди.

Жазоир ҳукумати матбуот хизмати ҳарбий амалиёт давом этаётганини тасдиқлаб, гаровгирлар қўлида камида ўн мамлакат фуқаролари қолаётганини маълум қилди. Баёнотда айтилишича, шу пайтгача камида 18 жанггари ўлдирилган.

Жазоир ҳукумати кучлари пайшанба куни гаровдагиларни қутқариш операциясини бошлади. Расмийларга кўра, жанггарилар гаровдагилар билан биргкаликда чўлга қочиб кетишга уринган.

Жазоир давлат матбуотининг хабар қилишича, амалиёт пайтида бир неча асир ва қатор жанггарилар ўлдирилган.

Кэмерон жума куни Ҳолландияга белгиланган сафарини қолдириб, парламентга келди.

Тожикистонда Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоси ўлдирилди

Тожикистон куч ишлатар идоралари мамлакат шимолида Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда гумон қилинган бир кишини ўлдириб, яна тўққиз кишини ҳибсга олди.

Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимов Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон билан чегара ҳудудида ўтказилган махсус амалиёт пайтида бир милициячи ўлдирилганини ҳам маълум қилди.

Амалиёт бир неча кун давом этганини таъкидлаган Раҳимов, террорчи ва эктсремистик гуруҳлар ноябрга белгиланган президент сайлови яқинлашган сари фаоллашиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Мақсади Марказий Осиёда халифалик ўрнатиш эканини айтиб келадиган Ўзбекистон Исломий ҳаракати фаолияти минтақа давлатларида тақиқланган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати кейинги йилларда ўз фаолиятини асосан Покистон ва Афғонистонга кўчирган. Лекин 2010 йилда Тожикистонда ўнлаб одамнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган зўравонликлар ортида ушбу ҳаракат тургани айтилади.

Армстронг допинг ишлатганига иқрор бўлди

Лэнс Армстронг.
Америкалик машҳур велопойгачи Лэнс Армстронг ўз фаолияти давомида жисмоний қобилиятни оширувчи дорилардан фойдаланганини тан олди.

Армстронг пайшанба куни Опраҳ Уинфри ток-шоусида берган интервьюси чоғида бунга иқрор бўлди.

У жисмоний қобилиятни оширувчи дориларни ишлатганидан пушаймон эмаслигини таъкаидлаган ҳолда, бундан кейин умрини одамлар ишончини қайтаришга бағишлашини баён қилди.

У шунингдек, сўнгги бор допингдан 2005 йилда фойдалангани ва 2009-2010 йилларда спортга қайтгач, бундай воситаларни ишлатмаганини таъкидлади.

Армстронг ўтган йилнинг октябрида АҚШ Допингга қарши кураш агентлиги томонидан барча унвонларидан маҳрум этилган ва умрбод расмий мусобақалардан диквалификация қилинган эди.

Армстронг барча ҳомийларидан маҳрум бўлиб, ўзи 1997 йилда асос солган “Livestrong” номли саратонга қарши кураш жамғармасини тарк этишга мажбур бўлди.

Олий суд бош вазир ишини тергов қилишга олти кун муҳлат берди

Покистон Бош вазири Ража Парвез Ашраф.
Покистон Олий суди мамлакат коррупцияга қарши кураш идорасига олти кун ичида бош вазир Рожа Парвез Ашрафнинг коррупцияга алоқадорлиги бўйича айбловларни тергов қилишни буюрди.

Пайшанба куни Амалдорлар жавобгарлиги бўйича миллий бюро бошлиғи Фасиҳ Бухорий, терговда хатоликларга йўл қўйилгани важи билан олий суднинг Ашрафни ҳибсга олиш тўғрисидаги ҳукмини бажаришдан бош тортди.

Олий раиси Ифтихор Чаудри терговда хатоликларга йўл қўйилганига оид иддаоларни ўрганиши учун Бухорийдан келаси ҳафта судга келишни талаб қилди.

Ашраф 2008-2011 йилларда сув ва электр вазири лавозимини эгаллаган пайтда амалга оширилган электр энергияси лойиҳаларидан фойда кўрганига оид иддаоларни инкор қилмоқда.

Олий суд бу иш бўйича Ашрафдан ташқари яна 15 мулозимни ҳибсга олишни буюрган.

Айни пайтда, Ашраф ишини тергов қилган аксил-коррупция идорасининг мулозими жума куни ўлик ҳолда топилди. Покистон полициясига кўра, Амалдорлар жавобгарлиги бўйича миллий бюро бошлиғининг ёрдамчиси Камрон Файзал Исломободдаги ҳукумат биносидаги хонасида дорга осилган ҳолда топилган. Унинг ўз жонига қасд қилганига оид версия ўрганилмоқда.

Жазоирда гаровга олинган хорижликларни озод қилиш амалиёти якунланди. Талафотлар бор

Махсус амалиёт, жанггарилар Саҳрои Кабирда жойлашган газ иншоотида ўнлаб хорижликни гаровга олганидан бир кун ўтиб ўтказилди.
Жазоирда газни қайта ишлаш заводида жанггарилар томонидан гаровга олинганларни озод қилиш амалиёти якунланди.

Талафотларга оид аниқ рақамлар берилганича йўқ. Жазоир Ахборот вазири Муҳаммад Саид одамлар ҳалок бўлганини тасдиқлади, лекин аниқ рақамларни ошкор қилмади.

Жазоир матбуоти хавфсизлик кучлари пайшанба куни Ин Аменас минтақасидаги иншоотда уюштирган амалиёт пайтида ҳалок бўлганлар орасида бир неча хорижлик борлигини хабар қилмоқда.

Жанггарилар ҳодисада 35 асир ва 15 гаровигир ўлдирилганини иддао қилмоқда. Махсус амалиёт, жанггарилар Саҳрои Кабирда жойлашган газ иншоотида ўнлаб хорижликни гаровга олганидан бир кун ўтиб ўтказилди.

Ҳодисада омон қолган ирландиялик мухандис Жазоир армияси асирларни олиб кетаётган тўртта жип машинасини портлатиб юборганини кўрганини гапириб берди.

Жазоир кучлари жанггарилар ўз қўлидаги асирларни чегарадан олиб ўтилишини талаб қилгач, ишғолни бошлади.

Шимкентда ҳайдовчи полициячиларни ўққа тутди

Қозоғистоннинг Шимкент шаҳрида ҳужжатлари текширилиш учун тўхтатилган автомашина ҳайдовчиси кутилмаганда полициячиларни ўққа тутди.

КТК телеканалининг хабар беришича, воқеа шаҳар марказида содир бўлган. БМВ ҳайдовчиси аввалига полиция ходимларининг тўхташ тўғрисидаги ишоратигга эътибор қилмаган. Кейин эса машинасини тўхтатиб, тўппончадан уларни ўққа тутган.
Отишмада полиция ходимларига зарар етмаган. Ҳайдовчи узган ўқлардан бири пиёдалардан бирини яралаган.

Автомашина салонида оптик мўлжалга олиш мосламасига эга бўлган милтиқ топилган.

Покистонлик уламо ҳукумат билан муросага келди

Исломободда аксилҳукумат намойишларини уюштирган ислом уламоси Муҳаммад Тоҳир ул-Қадрий ҳукумат билан келишувга эришганини эълон қилди.

Қадрий пайшанба куни Покистон ҳукумати вакиллари билан ўтказилган сўзлашувлардан сўнг мана шундай баёнот билан чиқди. Уламонинг айтишича, сўзлашувлар натижасида тузилган келишим имзоланиш учун Покистон Бош вазири Рожа Парвез Ашрафга жўнатилган.

Покситонга яқинда Канададан қайтиб келган Муҳаммад Тоҳир ул-Қадрий Покситонда демократик ўзгаришлар, жумладан, сайлов қонунчилигига тузатишлар киритилишини талаб қилмоқда.

Армстронг бронза медалдан маҳрум қилинди

Халқаро Олимпия қўмитаси америкалик велопойгачи Лэнс Армстронгнинг 2000 йил Олимпиадасида олган бронза медалини бекор қилди.

Қўмита вакилига кўра, Армстронгга медални қайтариш тўғрисидаги талабнома жўнатилган. Аввалроқ Велопойгачилар халқаро иттифоқи спортчини допинг истеъмол қилганликда айблаб, бир умрга дисквалификация қилган эди.

Армстронгнинг 1998 йилдан бошлаб эришган барча кўрсаткичлари, жумладан, “Тур де Франс” велопойгасининг етти карра чемпиони уновни бекор қилинган.

Нидерландда рус мухолифати фаоли ўз жонига қасд қилди

Айрим хабарларда айтилишича, Нидерландда рўйхатга олинмаган “Другая Россия” партияси фаоли Александр Долматов ўз жонига қасд қилган.

Александр Долматов Нидерланддан сиёсий бошпана сўраган эди. У пайшанбага ўтар кечсаси Амстердамдаги қочқинлар марказида ўзини ўлдирган. Нидерланд ҳукумати россиялик фаолга бошпана беришдан бош тортган эди. Яқин кунларда бу иш юзасидан Долматовнинг шикоят аризаси асосида суд жараёни бошланиши кутилаётган эди.

Россиядаги ҳарбий корхоналардан бирининг етакчи конструктори бўлган Александр Долматов ўтган йилнинг июн ойида ҳукумат таъқибидан қочиб Нидерландга келган эди.

Курд фаоллари жанозасига 50 минг одам йиғилди

Туркиянинг Диёрбакир шаҳрида пайшанба куни ўн минглаб одамлар Парижда отиб ўлдирилган уч курд фаолининг жанозасига йиғилди.

Маълумотларга кўра, жанозада 50 мингга яқин одам қатнашган. Ўтган ҳафтада Парижда ўлдирилганлардан бири аёл кишидир. Сокина Жонсиз турк ҳукумати террорчи ташкилот деб ҳисоблайдиган Курд ишчилар партиясини ташкил этишда иштирок этган.

Парижда курд фаолларига суиқасд қилиниши сабаблари ҳозирча маълум эмас. Ғарб ахборот агентликларига кўра, бу каби суиқасдлар Туркия ҳукумати қамоқда сақланаётган Курд ишчилар партияси раҳбари Абдулла Ўджалон билан кўп йиллик зиддиятларга барҳам бериш юзасидан музокаралар олиб бораётган пайтда содир этилмоқда.

Жазоирда гаровдагиларни озод қилиш амалиёти бошланди

Британия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, берилаётган хабарларга кўра, Жазоир шарқида жанггарилар гаровга олган газни қайта ишлаш иншоотида Жазоир армияси ҳарбий амалиётни бошлаган.

Маҳаллий фуқаролардан бирининг Рейтерс агентлигига айтишича, ҳодиса жойида кўплаб одамларнинг жасадларини кўриш мумкин. Жазоир армияси Ливия билан чегарадош минтақадаги Ин Амеин иншоотини қуршаб олган эди.

Жанггарилар чоршанба куни газни қайта ишлаш заводида ишлаган ўнлаб хорижликни гаровга олган эди. Улар Франциядан Малидаги ҳарбий интервенцияни тўхтатишни талаб қилди.

Жазоир ҳукумати гаровгирлар билан музокара қилмаслигини баён қилди. Қўшма Штатлар ва ғарбнинг бошқа давлатлари бу ҳодисани террорчи ҳужуми дея атаб, қоралади.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, пайшанба кунги операция пайтида 34 асир ва 14 гаровгир ўлдирилган.

Жазоир ҳукумати бу хабарларга муносабат билдирганича йўқ. Ундан аввал Жазоир матбуотида газни қайта ишлаб чиқариш заводидан 15 нафар хорижлик ва 30 нафар жазоирлик жанггарилар қўлидан қочиб чиқишга муваффақ бўлганини хабар қилди.

Европа расмийлари Boeing-787 Dreamliner парвозини тўхтатиб қўйди

Ўзбекистон Ҳаво йўллари ширкати иккита Boeing-787 Dreamliner самолётини сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган.
Европанинг Авиация хавфсизлиги агентлиги пайшанба куни Boeing-787 русумидаги самолётлар парвозини вақтинча тўхтатишни буюрди. АҚШнинг Boeing ширкати ишлаб чиқарган ва Dreamliner деб аталадиган самолётларда кейинги бир ҳафта ичида бир нечта носозлик аниқланди.

Европа идораси қарори Япония ва АҚШ авиация расмийларининг Boeing-787 самолётлари парвозини тўхтатиб қўйиши ортидан қабул қилинди.

Маркази Германиянинг Кёлн шаҳрида жойлашган Европа Авиация хавфсизлиги агентлиги ўз баёнотида АҚШ Федерал авиация маъмуриятининг Dreamliner учқичлари парвозини тўхтатиш қарорини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ҳозирда Европада фақатгина Польшанинг LOT ҳаво ширкати паркида Boeing-787 самолётлари бор.

Айни пайтда, пайшанба куни Ҳиндистоннинг Air India ширкати ҳам бу русумдаги самолётларни учирмай қўйди.

Ўзбекистон Ҳаво йўллари ширкати ҳам ҳар бири 200 миллион АҚШ долларига тенг иккита Boeing-787 Dreamliner самолётини сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган.

Ал-Шабаб француз разведкачиси Денис Аллексни қатл қилганини иддао қилмоқда

Франция расмийлари француз разведкачиси бўлган Денис Аллекс 12 январ кунги операция пайтида ҳалок бўлганини айтмоқда.
Сомалидаги исломий жанггарилар ўтган ҳафта охирида Франция махсус кучлари озод қилишга уринган француз асирини қатл қилганларини иддао қилмоқда.

Ал-Шабаб жанггари гуруҳи ўзининг Twitter саҳифасида эълон қилган баёнотга кўра, 2009 йилдан бери гаровда бўлган Деннис Аллекс чоршанба куни қатл қилинган.

Франция расмийлари француз разведкачиси бўлган Аллекс, 12 январ куни, уни озод қилиш мақсадида ўтказилган махсус операция пайтида ҳалок бўлганини айтмоқда.

Расмийларга кўра, бу амалиёт чоғида яна икки француз аскари ва 17 сомалилик ҳам ўлдирилган.

Ўтган йили Ал-Шабаб гуруҳи етакчилари Ал-Қойдага байъат келтиришини эълон қилган эди.

АҚШ ҳукумати Ал-Шабаб гуруҳи етакчилари боши учун мукофот эълон қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG