Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 12:08

Халқаро янгиликлар

Юлия Тимошенко қотилликка алоқадор эканини рад қилди

Украина собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко.
Озодликдан маҳрум қилинган Украина собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко 16 йил олдин украиналик депутат ўлдирилишига алоқадор экани ҳақидаги иддаони рад қилди.

Тимошенконинг қизи Евгения Тимошенко ўз онаси қотилликка алоқадорликда гумон қилинаётгани ҳақидаги расмий билдиришномани сешанба куни Киев шаҳрида журналистларга ўқиб эшиттирди.

Жума куни Украина Бош прокурори Виктор Пшонка Юлия Тимошенко 1996 йилда Украина шарқидаги аэропортда Евген Шербаннинг ўлдирилишига алоқадор эканликда гумон қилинаётганини айтди.

Ҳозирда Юлия Тимошенко хизмат салоҳиятларини суиистеъмол қилганлик айби билан 7 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Даромадни солиқдан яширганлик ва давлат маблағларини ўзлаштирганлик айблови бўйича Тимошенконинг иккинчи суди 12 февралга қолдирилган.

Собиқ Бош вазир ўзига қўйилаётган барча айблов сиёсий асосга эга эканини таъкидлаб уни рад қилиб келмоқда.

Россия ўз фуқароларининг бир қисмини Суриядан олиб чиқмоқда

Россиянинг айрим фуқароларини Суриядан олиб чиқиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Байрут шаҳрига иккита самолёт жўнатди.

Ҳукумати расмийлари юзга яқин Россия фуқароси 22 январ куни Ливан чегарасига автобусларда олиб келингани ва улар Байрутдан ватанга қайтишларини айтди.

Улар самолёт Сурия пойтахти Дамашққа эмас балки Ливан пойтахтига жўнатилганини изоҳламади.

Хабарларга кўра, Дамашқ аэропорти яқинида Сурия ҳукумати кучлари билан исёнчи гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти Дамашқ аэропорти ва унга олиб борадиган йўл яқинида отишмалар давом этаётгани сабабли минтақавий ва халқаро йўналишдаги парвозлар бекор қилинганини билдирди.

Россия расмийлари фақат 150 нафар россиялик ватанга қайтаётганини айтиб эвакуация аҳамиятини пасайтириб кўрсатишга уринди.

Қирғизистон: Намойишчилар мухолифат лидерлари суди адолатли бўлишини талаб қилди

Қамчибек Ташиев (ч), Садир Жапаров ва Талантбек Мамитов (ў), Бишкекдаги туман суди, 2013 йил 10 январ.
Қирғизистон жанубидаги Қорағулжа шаҳрида мухолифатдаги Ота Юрт партиясининг тахминан 500 нафар тарафдори партия лидерлари устидан адолатли судлов бўлишини талаб қилиб намойиш ўтказди.

Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талантбек Мамитов тартибсизлик келтириб чиқарганлик ва ҳокимиятни куч билан ағдаришга уринганликда айбланмоқда.

Улар ўтган йил октябр ойида Бишкекдаги парламент биноси олдида минг кишилик намойиш уюштирганлик учун қўлга олинган эди.

Мухолиф партия лидерлари устидан маҳкама 10 январ куни Бишкекда бошланган ва ўша куниёқ 24 январга қолдирилган эди.

Маҳкама кечиктирилиши суд ҳаками билан айбланувчилардан бири ўртасида “шахсий алоқа” бўлгани билан изоҳланди.

Ироқдаги ҳужумларда камида 16 одам нобуд бўлди

Ироқнинг Бағдод минтақасида қатор портлашлар содир этилгани оқибатида камида 16 киши нобуд бўлди, 50 дан ортиқ одам яраланди.

Хабарларга кўра, Бағдоддан 25 километр шимолда жойлашган Тажи шаҳридаги ҳарбий база яқинида уюштирилган ҳужумда олти киши ўлган, 20 дан ортиғи яраланган.

Ироқ расмийларига кўра, Бағдоддан шимолда жойлашган Шуала туманидаги бозорда содир этилган портлашда камида беш киши ўлган, 12 нафари жароҳат олган.

Ироқ полициясига кўра, Маҳмудия шаҳарчасида автомобилга ўрнатилган бомба портлатилгани натижасида беш одам ўлган, 14 нафари яраланган.

Сешанба кунги ҳужумлар учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олмади.

Ўтган ҳафта Ироқдаги Ал-Қоида гуруҳи амалга оширган ҳужумлар оқибатида камида 88 киши қурбон бўлди.

Қирғизистон-Тожикистон чегарани белгилаш бўйича музокара ўтказмоқда

Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари чегарани белгилаш борасида Бишкекда сўзлашув олиб бормоқда.

Тожикистон делегацияси Қирғизистон пойтахтига душанба куни келди ва
якшанба кунгача давом этадиган музокараларда 40 километрлик чегара ҳудудининг муҳокама этилиши режаланган.

Қирғизистон-Тожикистон ўртасида 970 километрлик чегара мавжуд.

1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан бери шу кунгача икки давлат ўртасидаги чегаранинг 519 километри белгиланган.

Чегараларнинг аниқ белгиланмагани минтақада кескин вазият юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, 5-6 январ кунлари Қирғизистон ҳудуди ичкарисида жойлашган Ўзбекистоннинг Сўх туманида маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон чегара пунктига электр ўтказиш учун симёғочлар ўрнатаётган қирғиз чегарачилари ўртасида тўқнашув содир бўлганидан кейин Сўх тумани атрофидаги йўллар ёпиб қўйилди.

Қирғиз чегарачиларининг сўхликларга ўт очгани оқибатида беш киши яраланди.

Исроилда парламент сайлови ўтказилмоқда

Исроилда муддатидан олдин парламент сайлови ўтказилмоқда. Канисодаги 120та ўрин учун 30та партия кураш олиб бормоқда.

Парламентда ўринга эга бўлиш учун партиялар сайловчиларнинг камида икки фоиз овозини олиши керак.

Сўров натижаларига кўра, Бош вазир Бенямин Нетаняҳу партиясининг сайловда яхши натижа кўрсатиши, лекин ҳукумат коалициясига кирувчи партиялар орасида мувозанатнинг жиддий ўзгариши кутилмоқда.

Нафтали Беннетт етакчилигидаги ултра-миллатчи Яҳудий Уйи номли партия сайлов олди кампаниясида кутилмаган натижага эришди.

40 ёшдаги Беннетт Исроил сиёсатидаги “янги юлдуз” сифатида кўрилмоқда.

Уни ёшлар ва собиқ Совет Иттиифоқидан Исроилга кўчиб борган яҳудийлар қўллаб-қувватламоқда.

Беннетт партиясининг мавқенинг кучайши Исроилнинг фаластинликлар билан муносабати истиқболини мураккаблаштириши мумкинлиги айтилмоқда.

Сайлов олди кампаниясида Беннетт "Исроил ерида" Фаластин давлати яратилиши олдини олишга қўлидан кеганча ҳаракат қилиши тўғрисидаги ҳайқириқлари тарафдорлари томонидан қизғин кутиб олинди.

Афғон ҳукумати қамоқларда қийноқлар йўқлигини айтди

Афғонистон ҳукумати давлат қамоқларида маҳбуслар қийноққа солинаётганини инкор этиб, БМТ тарафидан илгари сурилаётган айбловларни рад этди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Сиддиқ Сиддиқий айрим ҳолларда полиция ва турма нозирлари тарафидан номуносиб ҳатти-ҳаракатлар борлигини тан олиб, ҳукуматнинг қийноқлар бўйича атайин сиёсати йўқлигини айтди.

Миллий Хавфсизлик Бошқармалиги ижрочи раҳбари Ҳисомиддин Ҳисом турмалардаги қийноқлар бўйича Афғонистондаги БМТнинг Ёрдам Миссиясига (UNAMA) маълумот берганлар "ёлғон айтганини" таъкидлади.

UNAMAнинг якшанба куни эълон қилган ҳисоботида айтилишича, ҳисобот учун интервью олинган маҳбусларнинг ярмидан кўпи қамоқлардаги қийноқдардан шикоят қилган.

Шаҳзода Ҳарри Афғонистондаги ҳарбий хизматини якунлади

Буюк Биртания тахтини эгаллаш учун навбатда учинчи бўлиб турган шаҳзода Ҳарри Афғонистондаги ҳарбий ҳизматини якунлаб, уйига йўл олди.

Шаҳзода аскарлик хизмати давомида “Апачи” жанговор вертолётининг иккинчи учувчиси ва ўқчиси сифатида Толибон ҳаракатига қарши уюштирилган ҳарбий амалиётларда қатнашиб келган.

Шундай амалиётлардан бирида шаҳзода Ҳарри Толибон дала қўмондонларидан бирини йўқ қилгани айтилган эди.

Шаҳзода Афғонистонга илк бор 2007-2008 йилларда келган эди. Бироқ оммавий ахборот воситалари унинг турган жойи ҳақидаги махфий маълумотни очиқлаганидан сўнг, у Британияга қайтишга мажбур бўлган эди.

2012 йилнинг сентябр ойида Афғонистонга қайтган шаҳзода Ҳарри Ҳелманд вилоятидаги "Camp Bastion" ҳарбий базасида хизмат қилди.

Сурия: БМТ расмийлари "ташқи кучлар"ни танқид этишди

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ҳамда Сурия бўйича халқаро ҳамжамият вакили Лахдар Бараҳимий Сурия ҳукумати кучлари ва исёнчиларни қуроллантираётган “ташқи кучлар”ни тандиқ этишди.

Бироқ душанба куни Ню Йорк шаҳрида ўтган учрашувда танқид этилган "ташқи кучлар" номлари БМТ расмийлари тарафидан тилга олинмади.

Кузатувчиларга кўра, президент Башар Ассад етакчилигидаги Сурия ҳарбий кучларига қуролни асосан Россия ва Эрон ҳукуматлари етказиб беради.

Ассад ҳукумати эса Туркия, Қатар ва бошқа Кўрфаз давлатларини мамлакатдаги исёнчиларни қуроллашда айблаб келмоқда.

Сурияда 22 ой олдин бошланган тўқнашувлар ҳали ҳам давом этмоқда.

Душанба куни мамлакат ғарбида жойлашган Ҳама вилоятида юз берган худкуш портлашида камида 30 киши ҳалок бўлди.

Россия сешанба кундан бошлаб Сурияда қолаётган фуқароларини эвакуация қилишни бошлашини билдирди.

Барак Обама халқ олдида қасамёд қилди

АҚШ президенти Барак Обама кеча Вашингтонда, Капитолий биноси олдида ўтказилган расмий маросимда иккинчи муддатга қасамёдга келтирилди.

Бундан бир кун аввал эса Обама АҚШ конституциясига кўра Оқ уй биносида тор доирада ўтказилган маросимда қасамёд қилган эди.

АҚШ президенти инаугурация нутқида Американи “бир миллат” ва “бир халқ” бўлиб бирлашишга чақирди.

Шу билан бирга, Обама АҚШ глобал демократияни қўллашда давом этишини ва “озодлик учун интилаётганлар номидан” иш олиб боришини билдирди.

Инаугурация маросимида экс-президентлар Жеймс Картер ва Билл Кклинтон, Конгресс ҳамда дипломатик корпус вакиллари қатнашди.

Маросимни томоша қилиш учун бир неча юз минг киши йиғилгани айтилмоқда.

Тожикистон хавфсизлик қўмитаси генералини ўлдирганликда айбланганлар судланади

Абдулло Назаров.
Тожикистон хавфсизлик қўмитаси генерали Абдулло Назаровга суиқасд юзасидан ўтказилган тергов тугатилиб, икки шахсга айблов эълон қилинди.

Бу ҳақда 21 январ куни Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти Бош прокурори Муҳаммад Арбобов эълон қилди.

Вилоят маркази Хоруғ шаҳрида Арбобов журналистларга Толиб Айёмбеков ва Ҳамза Гулназар ўтган йил 21 июн куни вилоят хавфсизлик хизмати бошлиғи генерал Абдулло Назаровни ўлдирганлик айблови билан судланишини айтди.

Айёмбеков ва Гулназар ўтган йил ёзида генерал Назаров ўлдирилганидан кейин Тожикистон ҳукумати Айёмбековнинг қуролли гуруҳига қарши ҳарбий амалиётлар ўтказгани натижасида таслим бўлган.

Расмийларга кўра, бир неча ҳафта давом этган амалиётларда хавфсизлик хизматининг 13 ходими ва Айёмбеков тарафдорларидан 30 киши ўлган.

Бироқ маҳаллий фуқароларга кўра, отишмалар пайтида камида 70 одам ўлган.

Деҳлида жинсий тажовузда айбланганлар устидан суд давом этмоқда

Деҳлида 23 яшар қизни зўрлаганликда гумонланиб қўлга олинган беш эркак устидан учинчи маҳкама бошланди.

Улар ўтган йили 16 декабр куни талаба қизни юриб кетаётган автобусда зўрлаб, кейин уни ва ўртоғини автобусдан йўл четига улоқтириб кетганликда айбланмоқда.

Жабрдийда қиз олган жароҳатларидан 29 декабр куни Сингапурдаги касалхонада вафот этган.

Бу воқеа Ҳиндистон ҳукуматига қарши оммавий норозиликларни келтириб чиқарган эди.

Беш эркак қотиллик, зўрлаш, ўғрилик, одам ўғирлаш ва бошқа жиноятларда айбланмоқда.

Прокурорлар судланувчиларга ўлим жазоси беришни сўраши кутилмоқда.

Жиноятга алоқадорликда гумон қилинган 17 ёшдаги олтинчи шахс вояга етмаганлар бўйича маҳкамада судланади.

Қизнинг отаси беш эркакни ўлим жазосига ҳукм қилишга чақирган.

Кобулдаги қуролли тўқнашув тугади

Афғонистон пойтахти Кобулдаги йўл ҳаракати хавфсизлиги полицияси бош қароргоҳига ҳужум қилган исёнчилар билан бўлган отишма тугади.

Афғонистон расмийларига кўра, ҳужумда беш нафар жанггари қатнашган.

21 январ куни эрталаб Кобулдаги йўл ҳаракати хавфсизлиги полицияси бош қароргоҳида бирин-кетин портлаш содир этилганидан кейин отишмалар бошланган.

Афғонистон Ички ишлар вазири ўринбосари Абдурраҳмон Раҳмонга кўра, бино ичига кирган исёнчилар тепа қаватларга чиқадиган зиналарни порлатиб юборган ва қуроллар сақланадиган хонага киришга муваффақ бўлган.

Бир неча соат давом этган отишмада хавфсизлик кучлари бинога ўрнашиб олган исёнчиларни ўлдирган.

Ички ишлар вазири ўринбосари жарналистларга отишмада полициянинг уч ходими ҳалок бўлгани, 18 киши яраланганини айтди.

Ҳужум учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олди.

Афғонистон Тожикистоннинг икки вертолётини қайтаришга рози бўлди

Афғонистон солиқ борасида келиб чиққан келишмовчилик сабабли ушлаб турилган Тожикистоннинг иккита вертолётини қайтариб беришга рози бўлди.

“Tajik Air” ширкати бош директори Феруз Ҳамроев 21 январ куни журналистларга битта вертолёт Душанбега етиб келганини, иккинчиси яқин фурсатда Кобулдан учиб келишини айтди.

Ҳамроевга кўра, Афғонистондаги НАТО кучларига озиқ-овқат етказиб бериш билан шуғулланган ва “Tajik Air” вертолётларидан шартнома асосида фойдаланган “Supreme Food” ширкати солиқ тўламагани учун Кобул расмийлари икки вертолётни ушлаб қолган.

Тожикистонлик учувчилар ўтган ёз фаслида Кобулда 45 кун қолиб кетган.

Феруз Ҳамроевга кўра, “Tajik Air” ширкати “Supreme Food” билан ҳамкорликни тўхтатганидан сўнг Афғонистон ҳукумати иккала вертолётни қайтариб беришга рози бўлган.

Жазоирда гаровга олинган одамлардан 48 киши ўлгани тахмин қилинмоқда

Ин Аменасдаги газни қайта ишлаш заводи.
Жазоир хавфсизлик кучлари мамлакат шарқида жойлашган Ин Аменас минтақасидаги газ қазиб олиш мажмуида жанггарилар гаровга олган одамларни озод қилиш амалиётда камида 48 одам ҳалок бўлгани тахмин қилмоқда.

Бундан аввал 23 киши ўлдирилгани расман тасдиқланган эди. Бироқ якшанба куни мажмуада қидириш ишлари олиб борган хавфсизлик кучлари 25 одамнинг жасадини топган.

Айни пайтда, гаровга олинган 20 кишининг тақдири номаълум қолмоқда.

Жазоир ҳукумати 32 жанггари йўқ қилинганини маълум қилди.

Дастлаб, расмийлар газ мажмуасига ҳужум қилганларнинг ҳаммаси ўлдирилганини айтган эди.

Бироқ якшанба куни ҳарбийлар жанггари деб гумон қилинган беш нафар шахс қўлга олингани, яна бир неча киши қидирувда эканини билдирди.

Амалиёт натижасида гаровга олинган 685 нафар жазоирлик ва 107 нафар хорижлик қутқарилган.

Кобулдаги полиция идорасига ҳужум уюштирилди

Афғонистон пойтахти Кобулдаги йўл ҳаракати хавфсизлиги полицияси бош қароргоҳига бирин-кетин ҳужум уюштирилди.

Хабарларга кўра, душанба куни эрталаб худкуш шахс ҳужумидан бир соат ўтиб, полиция биноси олдида автомобилга ўрнатилган бомба ҳаракатга келтирилган.

Шундан сўнг бино атрофида бошланган отишмалар ҳозир ҳам давом этаётгани айтилмоқда.

Кобул полициясининг Жиноят-қидирув департаменти бошлиғи Муҳаммад Зоҳир “икки, уч ёки тўрт кишидан иборат террорчилар гуруҳи полиция идорасига бостириб киришга урингани”ни айтди.

Унга кўра, ҳужум қилганлардан икки нафари бинога кираверишда отиб ўлдирилган.

Ичкариги киришга муваффақ бўлган бир жанггари ўт очмоқда. Озодлик мухбирига кўра, ҳужум оқибатида полициянинг икки ходими ўлдирилган, 10 киши яраланган.

Ҳужум учун масъулиятни толиблар ўз зиммасига олди.

Сурия мухолифати ал-Муаллим таклифидан бош тортди

Президент Башар Ассад режимига қарши курашаётган суриялик мухолифатчилар мамлакат ташқи ишлар вазири Валид ал-Муаллимнинг қуролсизланишга оид чақириғини рад этди.

Аввалроқ ал-Муаллим янги ҳукумат тузиш бўйича исёнчилар ва суриялик юқори лавозимли амалдорлар ўртасида музокара ўтказиш ҳақида мулоҳаза билдирганди.

- Мухолифат ҳукумат таркибини Ассаднинг атрофидаги кишилар билан муҳокама қилиб, келишмоқчи эмас, чунки бу зиддиятга сиёсий ечим топиш ҳаракатларидан воз кечишни англатади, - дея билдирди Сурия инқилобий ва мухолифат кучлари миллий коалицияси вакили Мунзир Махус якшанба куни.

Январ ойи охирида Франция пойтахти Парижда Сурия мухолифати лидерларининг навбатдаги учрашувини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Жазоирда одамларни гаровга олган беш киши ушланди

Жазоирдаги Аменас газ мажмуасида кишиларни гаровга олган беш муҳтамал жанггари ҳибсга олинди. Бу ҳақда маҳаллий телеканаллардан бирининг маълумотига таянган ҳолда «Франс-Пресс» ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Шанба куни гаровдагиларни озод қилиш бўйича армия амалиёти якунлангани ҳақида билдирган Жазоир расмийлари газ мажмуасига ҳужумда иштирок этган 32 нафар экстремист ўлдирилганини қайд этгандилар.

Расмийларга кўра, гаровдаги кишилардан камида 23 нафари ҳалок бўлган. Япония, Малайзия, Буюк Британия, Норвегия ва Колумбия фуқаролари бўлган яна бир неча асирнинг тақдири ҳалигача номаълум бўлиб қолмоқда.

Амалиёт чоғида 685 нафар жазоирлик ва 107 нафар хорижлик қутқарилган. Ҳозирда газ мажмуаси ҳудудини миналардан тозалаш ишлари давом этмоқда.

Айни пайтда Жазоир расмийлари фожеа натижасида ҳалок бўлганлар сони бундан-да ортиши мумкинлигини истисно қилмаяптилар.

Обама АҚШ президенти сифатида яна қасамёдга келтирилди

АҚШ Президенти Барак Обама.
Барак Обама якшанба куни расман иккинчи муддатга АҚШ президенти лавозимига киришди.

У Оқ уйда ўтказилган чоғроқ маросимда қасамёд қабул қилди. Ундан сал олдинроқ АҚШ вице-президенти Жо Байден ҳам қасамёдга келтирилганди.

Мамлакат конституциясига кўра, бу Обаманинг биринчи президентлик муддати тугайдиган 20 январ куни содир бўлиши керак эди.

Обаманинг инаугурацияси муносабати билан кўламли тантаналар душанба куни ўтказилиши мўлжалланган. Вашингтондаги Капитолий биноси олдида ўтказилажак маросимда, маълумотларга кўра, саккиз юз мингга яқин киши иштирок этиши кутилмоқда.

Мисрдаги тўқнашувда 4 киши ҳалок бўлди

Миср пойтахти Қоҳиранинг шимолий қисмида якшанбага ўтар кечаси полициячилар ва маҳаллий аҳоли вакиллари ўртасида тўқнашув бўлиб ўтди.

Натижада 4 киши ҳалок бўлди, 12 киши яраланди. Тан жароҳати олганларнинг 3 нафари полиция ходими экани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, тартибсизлик бангфуруш кимсани таъқиб қилаётган полициячилардан бири отган ўқ маҳаллий кишилардан бирига текканидан кейин бошланиб кетган ва бир неча соат давом этган.

Бу каби нохуш ҳодисалар икки йил олдин Ҳусни Муборакнинг мамлакат президенти лавозимидан истеъфо беришига олиб келган воқеалардан кейин ҳар жой-ҳар жойда содир бўлиб турибди.

Ўша пайтда оммавий намойиш иштирокчилари куч ишлатар тузилма ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари кўпинча жазосиз қолишидан ҳам норозилик билдириб чиққандилар.

Грузия собиқ Адлия вазирини ҳибсга олишга ордер берилди

АҚШнинг Грузиядаги элчиси Жон Басс (ч) ва Грузия Адлия вазири Зураб Адеишвили, Тбилиси ш., 2012 йил 18 январ.
Тбилиси шаҳар суди ҳуқуқ-тартибот органларидан яшириниб юрган собиқ Адлия вазири Зураб Адеишвилини ҳибсга олиш ҳақида кўрсатма берди.

Адеишвили “Карту” номли банкни банкротга учратганликда айбланмоқда.

Интерфакс ахборот агентлиги хабарига кўра, айни ишга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган беш нафар собиқ амалдор пул эвазига озод қилинган.

“Карту” банки таниқли тадбиркор, иқтидордаги Бош вазир Бидзина Иванишвилига тегишли бўлган.

Обама иккинчи муддатга АҚШ президенти сифатида қасамёд қилди

АҚШ Президенти Барак Обама.
Барак Обама якшанба куни иккинчи муддатга АҚШ президенти сифатида қасамёд қилди.

АҚШ Конституциясига мувофиқ мамлакат президентининг расмий қасамёд маросими 20 январ куни ўтказилишин шарт.

Оқ Уйда бўлган маросимда чекланган сонда расмийлар иштирок этди.

Маросимда Жозеф Байден ҳам иккинчи муддатга вице-президент сифатида қасмёд қилди.

Барак Обаманинг омма олдида қасамёдга келтирилиши душанба куни АҚШ Конгресси жойлашган Капитолий биноси олдида бўлади.

Президентнинг қасамёд маросимига 800 минг киши йиғилиши кутилмоқда.

Ал-Муаллим: Сурия президентининг тақдири муҳокама қилинмайди

Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Ал-Муаллим.
Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Ал-Муаллим президент Башар Ал-Ассад тақдирини муҳокама қилиш “қабул қилиб бўлмас” ҳол эканини таъкидлади.

Вазирнинг ушбу баёноти БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Лахдар Браҳимий ўтган ҳафта ўтиш даври ҳукуматига президент Ал-Ассад кирмаслиги кераклиги ҳақида гапирганидан кейин янгради.

Давлат телевидениеси орқали сўзлаган Сурия Ташқи ишлар вазири исёнчиларни қуролларини қўйишга ва музокара олиб боришга чақирди.

Ал-Муаллим сўзлашувда иштирок этадиган томонлар кенг ижроя салоҳиятлари бериладиган кабинетдан ўрин эгаллашини қўшимча қилди.

Бироқ ҳукуматга қарши қуролли кураш олиб бораётган гуруҳлар чақириққа дарҳол жавоб бермади. Исёнчилар ҳукумат таклифини рад қилиши кутилмоқда.

Россиянинг Кемерова вилоятида тўрт кончи нобуд бўлди

Россиянинг Кемерова вилоятидаги Прокопевск туманида тўрт кончи шахтани тутун босгани оқибатиди нобуд бўлди.

Хабарларга кўра, улар ис газидан заҳарланиб ўлган тахмин қилинмоқда.

Яна тўрт кишининг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.

Авария рўй берган пайтда шахтада 77 кончи бўлган.

Улардан 69 нафари маваффақиятли эвакуация қилинган.

Авария сабабини ўрганиш учун вилоят губернатори Аман Тулеев бошчилигида махсус комиссия тузилган.

Сурия расмийлари ўзларига қарши халқаро петицияни қораламоқда

БМТ маълумотларига кўра, Сурияда ҳар ой камида 5 минг киши нобуд бўлмоқда.
Дамашқ Сурияда давом этаётган ички зиддият чоғида расмийлар томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар учун уларга қарши Халқаро жиноят судига даъво аризасини топшириш зарурлиги айтилган ва БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларига юборилган халқаро петицияни қоралаб чиқди.

Сурия Ташқи ишлар вазирлигининг БМТга жўнатилган мактубида Дамашқ «айрим мамлакатлар янглиш қарашда бўлишда ва Сурия расмийларининг ўз халқини хориждан бўлган қўлловга таянмиш террорчилардан ҳимоя қилиш мажбуриятини тан олишни инкор қилишда қатъият билан давом этаётгани»дан таассуфда экани таъкидланади.

Петициянинг ўзи Дамашқ томонидан «ёлғончилик ва икки стандартлилик намойиши» ўлароқ таърифланган.

Мазкур петиция Швейцария ташаббуси билан ёзилган ва уни ҳозирга қадар камида 56 мамлакат қўллаб-қувватлаган. Бироқ БМТ Хавфсизлик кенгашида Дамашқ ишини Ҳаагага кўриб чиқиш масаласи бўйича якдиллик йўқ.

Бу ташаббус тарафдорларидан бўлган БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича муассасаси раҳбари Нави Пиллэй Сурияда ҳар ой камида беш минг одам зўравонлик қурбони бўлаётганини қайд этади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG