Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 02:16

Халқаро янгиликлар

Жон Керрининг давлат котиби лавозимига номзоди кўриб чиқилади

Жон Керри.
АҚШ Президенти Барак Обама давлат котиби лавозимига кўрсатган номзод масаласи АҚШ Сенатида кўриб чиқилади. Демократ сенатор Жон Керрининг номзоди Сенат Ташқи алоқалар бўйича қўмитаси томонидан қийинчиликларсиз тасдиқланиши кутилмоқда. Керрининг ўзи мазкур қўмитага тўрт йил етакчилик қилган.

Керрини ваколати тугаётган давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан биргаликда сенаторлар Элизабет Уоррен ва Жон Маккейнлар қўмитага расман тақдим қилади.

Керри ва МакКейн Вьетнам урушида қатнашган ва АҚШ президентлигига номзодларини қўйган сиёсатчилар сифатида яхши таниш.

Керри беш муддат Массачусетс штатидан сенатор этиб сайланган.

Ҳамид Карзайнинг акаси сиёсий фаолият бошламоқчи

Маҳмуд Карзай.
Афғонистон президентнинг акаси Маҳмуд Карзайнинг Озодлик афғон хизматига айтишича, у Афғонистонда сиёсий фаолият бошлаш мақсадида АҚШ фуқаролигидан воз кечган.

Пайшанба кунги суҳбат чоғида Маҳмуд Карзай 2014 йилга белгиланган Афғонистон президент сайловида қатнашиш нияти бор-йўқлиги ҳақида индамади.

57 ёшли Маҳмуд Карзай банк, кончилик ва кўчмас мулк соҳаларида ишлайдиган бадавлат бизнесмендир. У кўп йиллар давомида Қўшма Штатларда яшаган ва Сан Франциско, Бостон ва Балтиморда ресторанлари борлиги айтилади.

Хабарларга кўра, у Афғонистонда энг йирик хусусий банк ҳисобланган Кобул Банкининг 7 фоиз акцияларига эгалик қилади. Ўтган йили мустақил текширув натижасида Кобл Банки Афғонистон ташқарисидаги банк ҳисоб рақамларига ноқоуний тарзда 900 миллион АҚШ долларига тенг пулни ўтказгани аниқланди.

Карзай қонунни бузмаганини айтиб келади. Унинг укаси Ҳамид Карзайнинг президентлик ваколати 2014 йилда тугайди.

Озарбайжоннинг Исмоилли шаҳрида норозиликлар давом этмоқда

Озарбайжоннинг Исмоилли шаҳарчасида норозиликни тарқатиш учун полиция кучлари кўз ёшини оқизувчи газ ва сув пуркагичларни ишга солмоқда.

Пойтахт Бокудан 150 километр шимолроқда жойлашган Исмоилли шаҳарчасида пайшанба куни ҳам норозиликлар давом этди.

Чоршанба куни Исмоиллида минглаб одам иштирокидаги намойиш зўравонликка айланиб кетди. Норозилар машиналар ва бинолар, жумладан меҳмонхона ва ҳокимнинг уйига ўт қўйди.


Your browser does not support iframes.

Норозилар Исмоилли тумани ҳокими Низоми Алекберовнинг истеъфосини талаб қилмоқда.

Айтилишича, норозилик намойишига “Чироқ” меҳмононаси хўжайинига тегишли автомобил иштирокидаги авария сабаб бўлган. Мухбирларимизга кўра, расмийлар маҳаллий аҳолининг исловотхонага айлангани иддао қилинган меҳмонхонани ёпиш тўғрисидаги талабларни беписанд қолдириб келган. Норозилик пайтида бу меҳмонхонага ўт қўилди.

Бу бир ҳафта ичида Озарбайжонда чиққан иккинчи йирик намойишдир. 19 январ куни мамлакатнинг энг йирик савдо марказида дўконлар ижараси оширилганига қарши дўкондорлар катта йўл трассасини тўсиб қўйган эди.

Чеченистонда 11 жанггари ўлдирилгани айтилмоқда

Россиянинг Чеченистон Респубкликасида жанггари деб гумон қилинган 11 киши ўлдирилгани айтилмоқда.

Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг пайшанба куни айтишича, ўлдирилганлар орасида анчадан бери қидирувда бўлган исломий жанггарилар, ака-ука Муслим ва Хусейн Гакаевлар ҳам бўлган.

Респбулика жанубида чоршанба кундан бери махсус операция ўтказилди, дея қўшимча қилди у.

Қодиров 2010 йилда Гакаевларнинг қаердалигига оид маълумот учун 10 миллион рубл (339900 АҚШ доллари) миқдорида мукофот эълон қилган. Уларнинг ўшанда Қодировнинг ота қишлоғи Центоройга уюштирилган ҳужум ортида тургани айтилади.

Россиянинг Шимолий Кавказ минтақасида исломий жанггарилар билан полиция ўртасидаги тўқнашувларда ҳар йили кўплаб одам ҳалок бўлади.

Америкаликлар "анитимагнитский қонунидан" Европа судига шикоят қилди

Америкалик бир гуруҳ ота-она АҚШ фуқароларининг россиялик етимларни боқиб олишини тақиқловчи қонундан шикоят қилиб Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилди.

Уларнинг адвокати Карина Москаленконинг “Эхо Москвы” радиосига айтишича, шикоят аризаси мазкур қонун 2013 йил 1 январидан кучга киргунига қадар Россия судининг бола боқиб олиш тўғрисидаги қарорини ололмаган америкаликлар томонидан тайёрланган.

Россия қабул қилган қонун АҚШ Конгрессининг Магнитский акти деб номланган қонунига жавобан қабул қилинган.

2009 йилда қамоқда қийноқлардан вафот этган Сергей Магнитский номига қўйилган қонун бўйича бу ҳолат ва Россияда инсон ҳуқуқлари бузилиши учун масъул бўлган расмийларининг АҚШга кириши тақиқланган.

Шимолий Корея ядровий синовларни амалга оширишда давом этажагини баён қилди

Шимолий Корея 2012 йил 13 декабр куни ракета учирган эди.
Шимолий Корея келгусида яна ракета ва ядровий синовларни ўтказишда давом этишини эълон қилди.

Давлатга қарашли KCNA хабар агентилиги Шимолий Корея Миллий мудофаа комиссиясининг бу ҳаракатлар “ашаддий душманимиз бўлган Қўшма Штатларга қарши қаратилади”, деган баёнотидан иқтибос келтирмоқда.

Мамлакат мудофаа вазирлигининг бунга оид баёноти эълон қилинишидан бир кун аввал БМТ Хавфсизлик кенгаши Шимолий Корея декабр ойида ракета учирганини қораловчи ва буни санкцияга тортувчи резолюцияни қабул қилди.

Шимолий Корея ракета тинч мақсадлардаги сунъий йўлдош учириш миссиясини бажарганини айтмоқда. Лекин АҚШ ва бошқа давлатлар буни узоқ масофали ракета технологияларини синиш дея атамоқда.

Пхеньян 2006 ва 2009 йилларда амалга оширган синовлардан кейин жорий қилинган БМТ санкцияларига кўра, Шимолий Кораянинг ракета ва ядровий технологияларни ишлаб чиқиши тақиқланган.

Patriot ракеталари навбатчилик учун жанговар ҳолатга келтирилади

Жорий ҳафта якунида ҳаво ҳужумидан мудофаа қилувчи Patriot ракеталари Туркия-Сурия чегарасида навбатчилик учун жанговар ҳолатга келтирилади.

Британия генерали Гэри Дикен чоршанба куни Туркияга Қўшма Штатлар, Германия ва Ҳолландияда томонидан юборилган ракеталар ўрнатиб бўлинганини маълум қилди.

Биринчи бўлиб Ҳолландия ҳарбийлари ва уларнинг ракета комплекси жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилади. Қолган ракета комплексалари эса бир ой давомида навбатчиликка киришига тайёр бўлади.

НАТО аъзоси бўлган Туркия ўтган йилнинг ноябр ойида Сурия билан чегараларини мустаҳкамлаш мақсадида иттифоқчиларидан ўз ҳудудига Patriot ракеталарини ўрнатишни илтимос қилган эди.

Озарбайжонда тартибсизликлар содир этилди

Озарбайжоннинг Исмаилин туманида содир этилган тартибсизликлар пайтида учта автомашина, бир меҳмонхона ва туман ҳокимининг уйига ўт қўйилди.

Озодлик радиоси озарбайжон хизматининг билдиришича, минглаб норозилар туман ҳокими Низоми Алекперов истеъфосини талаб қилган. Тартибсизликлар шаҳардаги “Чирағ” мехмонхонаси хўжайинига тегишли автомашина автоҳалокат содир этганидан сўнг бошланиб кетган.

Маҳаллий аҳоли бунга қадар туман ҳокимиятидан бир неча маротаба “Чирағ” меҳмонхонасини ёпишини талаб қилган эди. Аҳоли вакилларига кўра, бу меҳмонхона фахшнинг уяси бўлиб қолган.

Қирғизистонда Омбудсмен сайланди

Қирғизистон парламенти Турсунбек Акунни иккинчи муддатга Омбудсмен лавозимига тасдиқлади.

Қирғиз парламентида 23 январ куни ўтган овоз бериш натижаларига кўра, “Ар-Намис” фракциясидан депутат Турсунбай Бакир уулу ва амалдаги Омбудсмен Турсунбек Ақун сайловнинг иккинчи босқичига ўтган эди.

Депутатлар муҳокамасига жами 16 та номзод тақдим этилган. Сайловнинг иккинчи босқичида Турсунбай Бакир ўғлига 35, Турсунбек Акунга 51 депутат овоз берган.

Мехикодаги Алиев ҳайкали кўчирилади

Месика пойтахтидаги Озарбайжон собиқ раҳбари Ҳайдар Алиевнинг ҳайкали шаҳарнинг марказидан олиниб, шаҳарнинг четроқ мавзесига кўчириладиган бўлди.

Мехико шаҳри ҳокимининг маълум қилишича, Алиевнинг бронзадан ишланган Мехикодаги ҳайкалини кўчириш ишлари шу ҳафта охирларига режаланган.

Ўтган йил август ойида ҳайкал ўрнатилган вақти ҳуқуқ фаоллари норозилик чиқишларини уюштиргандилар.

Уларга кўра, ўз сиёсий мухолифларини қамоққа ташлаган диктатор ҳайкалига Мексикада жой бўлмаслиги керак.

Лекин бу норозиликларга қарамай, ҳайкал атрофидаги оромгоҳни таъмирлаш ишлари учун 5 миллион доллар ажратган Озарбайжон ҳукумати ҳайкални олиб ташлашга рози бўлмаганди.

Ҳозирда янги тайинланган Мехико ҳокими ҳайкални кўчириш керак, деган хулосага келган.

Кэмерон Британиянинг ЕИга аъзолиги масаласида референдум ўтказишни ваъда қилди

U
Британия бош вазири Дэвид Кэмерон агар келаси сайловларда консерваторлар ғолиб чиқса 2017 йил оҳирида ўз мамлакатининг Европа Иттифоқига аъзолиги масаласида референдум ўтказишни ваъда қилди.

Британияда навбатдаги парламент сайловлари 2015 йилда ўтказилиши керак. Ўз маърузасида Кэмерон Европа Иттифоқи ислоҳотларга мухтож эканини ҳам таъкидлаб ўтди.

Аввалроқ АҚШ президенти Барак Обама Қўшма Штатлар Буюк Британияни кучли Европа Иттифоқи таркибида кучли давлат ўлароқ кўришни хоҳлашини таъкидлаганди.

Афғон урушида 2044 америкалик ҳарбий нобуд бўлган

2001 йил оҳирида халқаро коалиция Афғонистонда террорчиликка қарши ҳарбий амалиётларни бошлаганидан буён 2044 нафар америкалик ҳарбий нобуд бўлган.

Афғонистондаги АҚШ кўрган талафотлар ҳақидаги мазкур статистик маълумотни Associated Press агентлиги сешанба куни эълон қилди.

АҚШ Мудофаа вазирлигига кўра, 1705 америкалик ҳарбий душман тарафидан қилинган ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлган.

Шунингдек, афғон урушида жароҳат олган америкалик аскарлар сони 18200 нафарни ташкил қилади.

АҚШ ва Афғонистон президентлари Афғонистондаги хорижий кучлар ҳарбий амалиётларини шу йил баҳор ойларидаёқ тўхтатишлари борасида келишувга эришгандилар.

Ҳозирда Америка ва Афғонистон президентлари ўртасида эришилган келишувга биноан хорижий кучлар шу йилнинг баҳоридан башлабоқ ҳарбий амалиётларни амалга оширишни тўхтатадилар.

Афғонистондаги 60 минг хорижий аскарнинг 2014 йилда чиқиб кетишлари аввалдан режаланганди.

Исроилда иқтидордаги коалиция сайловда ғолиб чиқди

Исроилда муддатидан олдин ўтказилган парламент сайловида бош вазир Бенямин Нетаняхунинг “Ликуд” партияси етакчилигидаги коалиция ғолиб чиққан.

Экзит-полл натижаларига кўра, Нетаняхунинг партияси Исроил Кнессетида 31 ўринни эгаллаши мумкин.

Сўл марказчи "Еш Атид" партияси иккинчи ўринда. Бу партия парламентда 21 депутатлик курсисини эгаллаши кутилмоқда.

Меҳнат партияси эса учинчи ўринда. Бу партия парламентдаги 18 депутатлик ўрнига даъвогарлик қилмоқда.

Исроилда душанба куни муддатидан олдин ўтказилган сайловда 32та партия Кнессетдаги 120та депутатлик мондати учун кураш олиб борди.

Парламентдаги депутатлик ўринлари сайловда икки фоиздан кўпроқ овоз олган партиялар орасида бўлишилади.

Ҳиллари Клинтон Бенғозидаги ҳужум бўйича эшитувларда қатнашади

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон бугун Конгрессда Ливиянинг Бенғози шаҳрида Америка консулхонасига қилинган сентябр ойги ҳужум бўйича эшитувларда ҳисобот беради.

Ўтган йили 11 сентябр куни жанггарилар Бенғозидаги консуллика уюштирган ҳужумда АҚШ элчиси ва уч нафар америкалик дипломат ҳалок бўлган эди.

Бугунги эшитувларда Клинтон конгрессменларнинг мазкур фожеа бўйича саволларига жавоб бериши кутилмоқда.

Аввалроқ, Клинтон хоним Ливиянинг Бенғози шаҳридаги дипломатлар ҳалок бўлган АҚШ консуллигида хавфсизлик чоралари учун масъулиятини ўз зиммасига олган эди.

Ҳиллари Клинтон йил бошидан лавозимидан истеъфо бериши хабар қилинганди. Президент Барак Обама унинг ўрнига сенатор Жон Керри номзодини илгари сурган.

Жерар Пике ва Шакира болали бўлишди

Испаниянинг “Барселона” футбол клуби ҳимоячиси Жерар Пике ва машҳур хонанда Шакира ўғил фарзанд кўришди.

Бу ҳақда биринчи бўлиб Пике ўз Твиттер саҳифаси орқали маълум қилди.

Шакиранинг расмий веб-саҳифасида айтилишича, Милан (урғу "и" ҳарфида) исми берилган чақалоқнинг соғлиғи бутунлай жойида.

Туғилиб улгурмай юлдузга айланган чақалоқнинг вазни 3 килограмни ташкил қилгани айтилмоқда.

Эслатамиз, колумбиялик хонанда Шакиранинг "Вака-Вака" (Waka-Waka) қўшиғи 2010 йилда Жанубий Африкада ўтган футобл бўйича Жаҳон чемпионатининг расмий қўшиғи сифатида танланган эди.

Давосда Бутунжаҳон иқтисодий форуми очилади

Бугун жаҳон иқтисодий ва сиёсий элитаси вакиллари ҳар йили Швейцариянинг Давос курортида ўтказиладиган Жаҳон иқтисодий форумига йиғилишади.

Беш кун давом этиши кутилаётган форумда музокаралар асосан дунё иқтисодининг ўсиш истиқболлари хақида бўлиши айтилмоқда.

Форум олдидан ўтказилган сўровлар дунё бизнес элитасининг аксар вакиллари жорий йилда иқтисодий ўсишга умид билдирмаслигини кўрсатган.

Сўров натижаларига кўра, 2013 йил Россия ва Ҳиндистон каби иқтисоди ривожланаётган мамлакатлар учун маҳсулли бўлиши мумкин.

Чоршанба куни форумда Европа Марказий Банки президенти Марио Драги, Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристин Лагард ва Россия Бош вазири Дмитрий Медведевлар нутқ сўзлаши режалаштирилган.

Шимолий Кореяга қўйилган санкциялар кучайтирилди

БМТ Хавфсизлик Кенгаши сешанба куни Шимолий Кореянинг ракета учирганини танқид этувчи ва мамлакатга нисбатан жорий этилган санкцияларни кенгайтирувчи резолюция қабул қилди.

Резолюцияда Шимолий Кореянинг бир нечта расмийларига мамлакатдан чиқишга тақиқ қўйиш ва декабр ойида амалга оширилган ракета учирилишига алоқадор ширкатлар активини музлатиш ҳам кўзда тутилган.

Хавфсизлик Кенгаши яна бир бор Пхенянни ўз ядровий дастуридан воз кечишга чақриди.

БМТ Шимолий Кореяга нисбатан жорий этилган санкцияларни сўнгги тўрт йил ичида илк бор кучайтирмоқда.

Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси одатда Шимолий Кореяни ҳимоя қилиб келган Хитой тарафидан ҳам мақулланди.

Эслатамиз, Пхенян 12 декабр куни учирилган ракета ёрдамида ўзининг илк сунъий йўлдошини ер орбитасига олиб чиққан эди.

Бироқ халқаро ҳамжамият ракета парвози ядровий каллаклар ўрнатилиши мумкин бўлган баллистик ракета технологияларини синовдан ўтказиш учун амалга оширилган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Исроилда парламент сайлови ўтказилди

Исроилда сешанба куни муддатидан олдин ўтказилган парламент сайлови ўз якунига етди. Унда Кнессетдаги 120та ўрин учун 30 партия кураш олиб борди.

Сайловда олиб борилган сўров натижалари Бош вазир Бенямин Нетаняҳу партияси ҳокимиятда қолиши, бироқ унга нисбатан ишонч пасайганини кўрсатмоқда.

Исроилнинг уч телевидениясида олиб борилган “exit poll” сўровлари Нетаняҳунинг ўнг қарашлардаги “Ликуд” партияси ва собиқ Бош вазир Авигдор Либерманнинг ултра-миллатчи “Бизнинг уй Исроил” партиятасидан тузилган алянс атиги 31 ўрин эгаллаганини кўрсатди.

Бу эса партияларнинг сайловдан олдинги Кнессетдаги ўринларидан 11тага оздир.

Сўров натижаларига кўра, “Еш Атид” партияси кутилмаганда 19 ўрин билан иккинчи поғонада бормоқда.

Учинчи поғонани 17 ўрин билан чап қарашлардаги “Меҳнат Партияси” эгаллаб турибди. Ултра-миллатчи “Яҳудий Уйи” фракцияси атиги 12 ўрин билан кутилмаган паст натижага эришди.

Исроилда муддатидан олдин ўтказилган парламент сайловининг илк дастлабки расмий натижалари чоршанба куни эълон қилинади.

Юлия Тимошенко қотилликка алоқадор эканини рад қилди

Украина собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко.
Озодликдан маҳрум қилинган Украина собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко 16 йил олдин украиналик депутат ўлдирилишига алоқадор экани ҳақидаги иддаони рад қилди.

Тимошенконинг қизи Евгения Тимошенко ўз онаси қотилликка алоқадорликда гумон қилинаётгани ҳақидаги расмий билдиришномани сешанба куни Киев шаҳрида журналистларга ўқиб эшиттирди.

Жума куни Украина Бош прокурори Виктор Пшонка Юлия Тимошенко 1996 йилда Украина шарқидаги аэропортда Евген Шербаннинг ўлдирилишига алоқадор эканликда гумон қилинаётганини айтди.

Ҳозирда Юлия Тимошенко хизмат салоҳиятларини суиистеъмол қилганлик айби билан 7 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Даромадни солиқдан яширганлик ва давлат маблағларини ўзлаштирганлик айблови бўйича Тимошенконинг иккинчи суди 12 февралга қолдирилган.

Собиқ Бош вазир ўзига қўйилаётган барча айблов сиёсий асосга эга эканини таъкидлаб уни рад қилиб келмоқда.

Россия ўз фуқароларининг бир қисмини Суриядан олиб чиқмоқда

Россиянинг айрим фуқароларини Суриядан олиб чиқиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Байрут шаҳрига иккита самолёт жўнатди.

Ҳукумати расмийлари юзга яқин Россия фуқароси 22 январ куни Ливан чегарасига автобусларда олиб келингани ва улар Байрутдан ватанга қайтишларини айтди.

Улар самолёт Сурия пойтахти Дамашққа эмас балки Ливан пойтахтига жўнатилганини изоҳламади.

Хабарларга кўра, Дамашқ аэропорти яқинида Сурия ҳукумати кучлари билан исёнчи гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти Дамашқ аэропорти ва унга олиб борадиган йўл яқинида отишмалар давом этаётгани сабабли минтақавий ва халқаро йўналишдаги парвозлар бекор қилинганини билдирди.

Россия расмийлари фақат 150 нафар россиялик ватанга қайтаётганини айтиб эвакуация аҳамиятини пасайтириб кўрсатишга уринди.

Қирғизистон: Намойишчилар мухолифат лидерлари суди адолатли бўлишини талаб қилди

Қамчибек Ташиев (ч), Садир Жапаров ва Талантбек Мамитов (ў), Бишкекдаги туман суди, 2013 йил 10 январ.
Қирғизистон жанубидаги Қорағулжа шаҳрида мухолифатдаги Ота Юрт партиясининг тахминан 500 нафар тарафдори партия лидерлари устидан адолатли судлов бўлишини талаб қилиб намойиш ўтказди.

Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талантбек Мамитов тартибсизлик келтириб чиқарганлик ва ҳокимиятни куч билан ағдаришга уринганликда айбланмоқда.

Улар ўтган йил октябр ойида Бишкекдаги парламент биноси олдида минг кишилик намойиш уюштирганлик учун қўлга олинган эди.

Мухолиф партия лидерлари устидан маҳкама 10 январ куни Бишкекда бошланган ва ўша куниёқ 24 январга қолдирилган эди.

Маҳкама кечиктирилиши суд ҳаками билан айбланувчилардан бири ўртасида “шахсий алоқа” бўлгани билан изоҳланди.

Ироқдаги ҳужумларда камида 16 одам нобуд бўлди

Ироқнинг Бағдод минтақасида қатор портлашлар содир этилгани оқибатида камида 16 киши нобуд бўлди, 50 дан ортиқ одам яраланди.

Хабарларга кўра, Бағдоддан 25 километр шимолда жойлашган Тажи шаҳридаги ҳарбий база яқинида уюштирилган ҳужумда олти киши ўлган, 20 дан ортиғи яраланган.

Ироқ расмийларига кўра, Бағдоддан шимолда жойлашган Шуала туманидаги бозорда содир этилган портлашда камида беш киши ўлган, 12 нафари жароҳат олган.

Ироқ полициясига кўра, Маҳмудия шаҳарчасида автомобилга ўрнатилган бомба портлатилгани натижасида беш одам ўлган, 14 нафари яраланган.

Сешанба кунги ҳужумлар учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олмади.

Ўтган ҳафта Ироқдаги Ал-Қоида гуруҳи амалга оширган ҳужумлар оқибатида камида 88 киши қурбон бўлди.

Қирғизистон-Тожикистон чегарани белгилаш бўйича музокара ўтказмоқда

Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари чегарани белгилаш борасида Бишкекда сўзлашув олиб бормоқда.

Тожикистон делегацияси Қирғизистон пойтахтига душанба куни келди ва
якшанба кунгача давом этадиган музокараларда 40 километрлик чегара ҳудудининг муҳокама этилиши режаланган.

Қирғизистон-Тожикистон ўртасида 970 километрлик чегара мавжуд.

1991 йилда Совет Иттифоқи парчаланганидан бери шу кунгача икки давлат ўртасидаги чегаранинг 519 километри белгиланган.

Чегараларнинг аниқ белгиланмагани минтақада кескин вазият юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, 5-6 январ кунлари Қирғизистон ҳудуди ичкарисида жойлашган Ўзбекистоннинг Сўх туманида маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон чегара пунктига электр ўтказиш учун симёғочлар ўрнатаётган қирғиз чегарачилари ўртасида тўқнашув содир бўлганидан кейин Сўх тумани атрофидаги йўллар ёпиб қўйилди.

Қирғиз чегарачиларининг сўхликларга ўт очгани оқибатида беш киши яраланди.

Исроилда парламент сайлови ўтказилмоқда

Исроилда муддатидан олдин парламент сайлови ўтказилмоқда. Канисодаги 120та ўрин учун 30та партия кураш олиб бормоқда.

Парламентда ўринга эга бўлиш учун партиялар сайловчиларнинг камида икки фоиз овозини олиши керак.

Сўров натижаларига кўра, Бош вазир Бенямин Нетаняҳу партиясининг сайловда яхши натижа кўрсатиши, лекин ҳукумат коалициясига кирувчи партиялар орасида мувозанатнинг жиддий ўзгариши кутилмоқда.

Нафтали Беннетт етакчилигидаги ултра-миллатчи Яҳудий Уйи номли партия сайлов олди кампаниясида кутилмаган натижага эришди.

40 ёшдаги Беннетт Исроил сиёсатидаги “янги юлдуз” сифатида кўрилмоқда.

Уни ёшлар ва собиқ Совет Иттиифоқидан Исроилга кўчиб борган яҳудийлар қўллаб-қувватламоқда.

Беннетт партиясининг мавқенинг кучайши Исроилнинг фаластинликлар билан муносабати истиқболини мураккаблаштириши мумкинлиги айтилмоқда.

Сайлов олди кампаниясида Беннетт "Исроил ерида" Фаластин давлати яратилиши олдини олишга қўлидан кеганча ҳаракат қилиши тўғрисидаги ҳайқириқлари тарафдорлари томонидан қизғин кутиб олинди.

Афғон ҳукумати қамоқларда қийноқлар йўқлигини айтди

Афғонистон ҳукумати давлат қамоқларида маҳбуслар қийноққа солинаётганини инкор этиб, БМТ тарафидан илгари сурилаётган айбловларни рад этди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Сиддиқ Сиддиқий айрим ҳолларда полиция ва турма нозирлари тарафидан номуносиб ҳатти-ҳаракатлар борлигини тан олиб, ҳукуматнинг қийноқлар бўйича атайин сиёсати йўқлигини айтди.

Миллий Хавфсизлик Бошқармалиги ижрочи раҳбари Ҳисомиддин Ҳисом турмалардаги қийноқлар бўйича Афғонистондаги БМТнинг Ёрдам Миссиясига (UNAMA) маълумот берганлар "ёлғон айтганини" таъкидлади.

UNAMAнинг якшанба куни эълон қилган ҳисоботида айтилишича, ҳисобот учун интервью олинган маҳбусларнинг ярмидан кўпи қамоқлардаги қийноқдардан шикоят қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG