Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 12:49

Халқаро янгиликлар

Мисрда инқилобнинг 2 йиллиги нишонланмоқда

Мисрда собиқ президент Ҳусни Муборакни ҳокимиятдан ағдарган инқилобнинг 2 йиллиги муносабати билан амалдаги ҳукумат тарафдорлари ва мухолифларининг намойишлари ўтказилди.

Мухолиф сиёсатчи Муҳаммад ЭлБарадеи эълон қилган баёнотда “ҳар бир одамни Мисрнинг ҳар бир шаҳар ва қишлоғида кўчага чиқиб инқилоб якунланиши лозимлигини намойиш қилишга чақираман”, дейилади.

Қоҳира марказидаги Таҳрир майдонига минглаб мухолифат фаоли чиқди. Муҳаммад Мурсий ҳукуматини ёқловчилар ҳам майдонда пайдо бўлгани икки томон ўртасида кичик-кичик тўқнашувларга сабаб бўлди.

Оломонни тарқатиш учун кўз ёшини оқизувчи газни ишга солган полициячиларга қарата намойишчилар тош отди.

Искандария шаҳрида ҳам тош отган намойишчиларга қарши кўз ёшини оқизувчи газ қўлланди.

Пайшанба куни президент Мурсий ўз тарафдорларини инқилоб 2 йиллигини тинч намойиш билан нишонлашга чақирди.

Россия Давлат думаси олдида намойиш қилган ҳомосексуал ҳуқуқларни ёқловчи фаоллар ҳибсга олинди

Жума куни Россия Давлат думасида кичик ёшдаги болалар орасида ҳомосексуализмни тарғиб қилишни тақиқлашга доир қонун кўриб чиқилаётганига қарши норозилик намойиши иштирокчиларининг 20 нафари ҳибсга олинди.

Москва полицияси жинсий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган фаолларни рухсат этилмаган намойиш ўтказишда айбламоқда. Давлат думаси олдида ҳомосексуал ҳуқуқларни ёқловчи фаоллар билан қонунни қўллаб-қувватлаётганлар ўртасида муштлашув содир бўлди.

Россия парламенти муҳокама қилаётган қонунга кўра, гей-парадларда қатнашган шахсларга 5 минг рубл (165 доллар), ташкилотларга нисбатан 500 минг рубл (165 минг доллар) миқдорида жарима солишни назарда тутади. Бундай қонун Россиянинг 9 минтақасида аллақачон жорий қилинган.

Венесуэла ташқи ишлар вазири президент Уго Чавес билан учрашгани хабар қилинди

Венесуэла Президенти Уго Чавес11 декабр кунги жарроҳлик операциясидан бери жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ.
Венесуэла Ташқи ишлар вазири Элиас Хауа Кубада саратон касалидан даволанаётган президент Уго Чавес билан учрашди.

Хауанинг айтишича, 24 январ кунги учрашув чоғида Чавес “халқаро ва ички масалаларга доир қарорларни қабул қилган”.

58 ёшли Чавес ўтган йилнинг 11 декабр куни ўтказилган жарроҳлик операциясидан бери жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ.

Ташқи ишлар ваизири Хауа президент Чавеснинг аҳволи яхшиланаётгани, лекин даволанишни давом эттириши лозимлигини таъкидлади.

Пайшанба куни Испанияда чиқадиган "El Pais" газетаси оғир касал ҳолдаги Чавес тасвирлангани айтилган фотосуратни эълон қилгани учун узр сўради. Маълум бўлишича, бу сурат бошқа одамга доир бўлган. Газета таҳририятининг айтишича, фотосуратни тақдим қилган агентликнинг ўзи алданиб қолган.

Чехияда президент сайловининг иккинчи босқичи ўтказилади

Чехлар Милош Земан ва Карел Шварценберг орасидан перзидент сайлашади.
Бугун Чехия Респбуликасида президент сайловининг иккинчи босқичи ўтказилади. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 14:00 да очилади. Сайлов икки кун давом этади.

Чех сайловчилари икки номзод - собиқ бош вазир Милош Земан ва ташқи ишлар вазири Карел Шварценберг орасидан танлашмоқда.

11-12 январ кунлари ўтказилган сайловнинг биринчи босқичида Социал демократлар партияси етакчиси Земан биринчи ўрин, TOP09 партияси етакчиси Шварценберг эса иккинчи ўринни эгаллаган эди.

Чехлар илк бор тўғридан-тўғри овоз бериш орқали президент сайламоқда. Бундан аввал президент мамлакат парламенти томонидан сайланган.

Сайлов ғолибининг шанба куни кечқурун эълон қилиниши кутилмоқда. Амалдаги президент Вацлав Клаус икки муддати тугаб, конституцияга кўра, иқтидордан кетиши керак.

Клаус Чехиянинг биринчи преиденти Вацлав Ҳавелдан кейин сайланган.

Афғонистонда худкуш ҳужумида 5 киши ҳалок бўлди

Афғонистон расмийларига кўра, жума куни Каписа вилоятида машинадаги худкуш шахс ҳужумида беш тинч фуқаро ҳалок бўлган 15 киши жароҳатланган.

Худкуш ҳужуми вилоятнинг Тақаб туманидаги гавжум бозор олдида жума куни эрталаб содир бўлган.

Полициянинг маълум қилишича, худкуш бомбачи НАТО юкларини олиб кетаётган конвойни нишонга олмоқчи бўлган, лекин бунинг уддасидан чиқа олмаган. Худкуш минган машина бозор олдидаги уйга келиб урилган ва уй ичидаги одамларни ўлдирган.

НАТО етакчилигидаги Халқаро хавфсизлик ёрдами кучларининг матбуот вакили ҳужумда НАТО қўшинлари талафот кўрмаганини маълум қилди. Ҳужум учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олди.

Shell Украинага 10 миллиард доллар сармоя олиб кирмоқчи

Royal Dutch Shell ширкати билан келишувни Украина Президенти Виктор Янукович имзолади
Украина Ҳолландиянинг Royal Dutch Shell ширкати билан сланец газ конларини ўзлаштирига оид 10 миллиард АҚШ долларига тенг келишувни имзолади. Бу Украинага олиб кирилажак энг йирик хорижий инвестиция экани айтилмоқда.

Келишувни пайшанба куни Давосда ўтаётган Жаҳон иқтисодий форумида Украина Президенти Виктор Янукович имзолади.

Келишувга кўра, Украина шарқидаги Юзивска сланец газ конларини ўзлаштириш кўзда тутилган.

Украинада 1,2 тириллион куб метрга тенг сланец гази заҳиралари борлиги тахмин қилинади. Бу Европа минтақасидаги энг йирик захиралардан бири ҳисобланади.

Украина расмийларига кўра, Shell ширкати олиб кираётган сармоя миқдори дастлаб 10 миллиард долларга тенг бўлади, лекин истиқболда 50 миллиард долларгача етказилиши мумкин.

Шимолий Корея Жанубни "жисмоний оқибатлардан" огоҳлантирди

Шимолий Корея ҳафта бошида БМТнинг Пхеньянга нисбатан санкциялар жорий қилиш тўғрисидаги резолюцияни қўллаб-қувватлагани учун Жанубий Кореяни “жисмоний оқибатлардан” огоҳлантирди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши декабр ойида узоқ масофали ракета учирган Пхеньянни жазолашни кўзда тутвчи резолюцияни қабул қилди. Жанубий Корея хавфсизлик кенгашининг аъзосидир.

Пайшанба куни расмий Пхеньян келгусида яна ракета ва ядровий синовларни ўтказишда давом этишини эълон қилди. Шимолий Корея Миллий мудофаа вазирлиги бу ҳаракатлар “ашаддий душманимиз бўлган Қўшма Штатларга қарши қаратилади”, дея баён қилди.

Жума куни Хитойнинг давлатга қарашли газетасида эълон қилинган мақолада Шимолий Корея яна ядровий синов ўтказадиган тақдирда расмий Пекин бу мамлакатга ёрдам кўламини камайтириши мумкинлиги ёзилган.

Пайшанба куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати барча томонларни босиқликка чақириб, Хитой, Россия, АҚШ, Жанубий Корея ва Шимолий Корея иштирокидаги беш томонлама музокаралар қайта бошланиши лозимлигини баён қилди.

Башар Асад масжидга борди

Сурия ҳукумат телеканали президент Башар Асаднинг мавлуд муносабати билан масжидга борганини намойиш қилди.

Видеолавҳада Башар Асад Дамашқнинг ал-Афрам масжидида Сурия муфтийси билан бир қаторда туриб намоз ўқиётгани акс этган. Асад 6 январ куни ҳам халқ орасида чиқиш қилиб, ҳокимиятдан кетмаслигини айтган эди.

Суриянинг диний ишлар бўйича вазири Абдул Саттор бугунги жума намозида масжидга борганларни мамлакатда тинчлик ўрнатилишини илтижо қилиб дуо қилишга чақирди.

БМТ маълумотига қараганда, Сурияда 22 ойдан бери давом этаётган тўқнашувларда 60 мингдан ортиқ одам халок бўлган.

Жон Керри Россия-АҚШ муносабатларини илиқлаштиришга ҳаракат қилишини айтди

Вашингтонда Сенатнинг халқаро алоқалар бўйича қўмитасида президент Барак Обама томонидан давлат котиби лавозимига тавсия қилинган Жон Керри чиқиш қилди.

69 ёшли демократ Жон Керри Қўшма Штатлар дунёнинг етакчи давлати сифатидаги ўрнини сақлаб қолиш учун ички молиявий муаммоларни бартараф этиши лозим деб ҳисоблашини билдирди.

У Эрон билан муносабатлар масаласига тўхталар экан: “АҚШ бу давлатда ядровий тадқиқотлар ўтказилишини тўхтатишга эришмоғи лозим”, деди.

Жон Керри, шунингдек, Россия билан муносабатларни илиқлаштиришга ҳаракат қилишини ҳам айтиб ўтди.

Пентагон аёлларнинг жанговар ҳаракатларда иштирок этишига рухсат берди

Пентагон аёлларни жанговор ҳаракатларда иштирок этишини тақиқловчи қарорни бекор қилди.

АҚШ Мудофаа вазирлигининг пайшанба куни эълон қилинган баёнотида айтилишича, мазкур тақиқ 1994 мйилда жорий этилган эди. Мудофаа вазири Леон Панетта тақиқнинг олиб ташланиши жанговор вазифаларни самарали ҳал қилинишига омил яратади, деб ҳисоблайди.

Оқ уй вакили Жей Карни пайшанба куни президент Барак Обама мазкур қарорни қўллаб-қувватлаганини маълум қилди.

Жон Керрининг давлат котиби лавозимига номзоди кўриб чиқилади

Жон Керри.
АҚШ Президенти Барак Обама давлат котиби лавозимига кўрсатган номзод масаласи АҚШ Сенатида кўриб чиқилади. Демократ сенатор Жон Керрининг номзоди Сенат Ташқи алоқалар бўйича қўмитаси томонидан қийинчиликларсиз тасдиқланиши кутилмоқда. Керрининг ўзи мазкур қўмитага тўрт йил етакчилик қилган.

Керрини ваколати тугаётган давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан биргаликда сенаторлар Элизабет Уоррен ва Жон Маккейнлар қўмитага расман тақдим қилади.

Керри ва МакКейн Вьетнам урушида қатнашган ва АҚШ президентлигига номзодларини қўйган сиёсатчилар сифатида яхши таниш.

Керри беш муддат Массачусетс штатидан сенатор этиб сайланган.

Ҳамид Карзайнинг акаси сиёсий фаолият бошламоқчи

Маҳмуд Карзай.
Афғонистон президентнинг акаси Маҳмуд Карзайнинг Озодлик афғон хизматига айтишича, у Афғонистонда сиёсий фаолият бошлаш мақсадида АҚШ фуқаролигидан воз кечган.

Пайшанба кунги суҳбат чоғида Маҳмуд Карзай 2014 йилга белгиланган Афғонистон президент сайловида қатнашиш нияти бор-йўқлиги ҳақида индамади.

57 ёшли Маҳмуд Карзай банк, кончилик ва кўчмас мулк соҳаларида ишлайдиган бадавлат бизнесмендир. У кўп йиллар давомида Қўшма Штатларда яшаган ва Сан Франциско, Бостон ва Балтиморда ресторанлари борлиги айтилади.

Хабарларга кўра, у Афғонистонда энг йирик хусусий банк ҳисобланган Кобул Банкининг 7 фоиз акцияларига эгалик қилади. Ўтган йили мустақил текширув натижасида Кобл Банки Афғонистон ташқарисидаги банк ҳисоб рақамларига ноқоуний тарзда 900 миллион АҚШ долларига тенг пулни ўтказгани аниқланди.

Карзай қонунни бузмаганини айтиб келади. Унинг укаси Ҳамид Карзайнинг президентлик ваколати 2014 йилда тугайди.

Озарбайжоннинг Исмоилли шаҳрида норозиликлар давом этмоқда

Озарбайжоннинг Исмоилли шаҳарчасида норозиликни тарқатиш учун полиция кучлари кўз ёшини оқизувчи газ ва сув пуркагичларни ишга солмоқда.

Пойтахт Бокудан 150 километр шимолроқда жойлашган Исмоилли шаҳарчасида пайшанба куни ҳам норозиликлар давом этди.

Чоршанба куни Исмоиллида минглаб одам иштирокидаги намойиш зўравонликка айланиб кетди. Норозилар машиналар ва бинолар, жумладан меҳмонхона ва ҳокимнинг уйига ўт қўйди.


Your browser does not support iframes.

Норозилар Исмоилли тумани ҳокими Низоми Алекберовнинг истеъфосини талаб қилмоқда.

Айтилишича, норозилик намойишига “Чироқ” меҳмононаси хўжайинига тегишли автомобил иштирокидаги авария сабаб бўлган. Мухбирларимизга кўра, расмийлар маҳаллий аҳолининг исловотхонага айлангани иддао қилинган меҳмонхонани ёпиш тўғрисидаги талабларни беписанд қолдириб келган. Норозилик пайтида бу меҳмонхонага ўт қўилди.

Бу бир ҳафта ичида Озарбайжонда чиққан иккинчи йирик намойишдир. 19 январ куни мамлакатнинг энг йирик савдо марказида дўконлар ижараси оширилганига қарши дўкондорлар катта йўл трассасини тўсиб қўйган эди.

Чеченистонда 11 жанггари ўлдирилгани айтилмоқда

Россиянинг Чеченистон Респубкликасида жанггари деб гумон қилинган 11 киши ўлдирилгани айтилмоқда.

Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг пайшанба куни айтишича, ўлдирилганлар орасида анчадан бери қидирувда бўлган исломий жанггарилар, ака-ука Муслим ва Хусейн Гакаевлар ҳам бўлган.

Респбулика жанубида чоршанба кундан бери махсус операция ўтказилди, дея қўшимча қилди у.

Қодиров 2010 йилда Гакаевларнинг қаердалигига оид маълумот учун 10 миллион рубл (339900 АҚШ доллари) миқдорида мукофот эълон қилган. Уларнинг ўшанда Қодировнинг ота қишлоғи Центоройга уюштирилган ҳужум ортида тургани айтилади.

Россиянинг Шимолий Кавказ минтақасида исломий жанггарилар билан полиция ўртасидаги тўқнашувларда ҳар йили кўплаб одам ҳалок бўлади.

Америкаликлар "анитимагнитский қонунидан" Европа судига шикоят қилди

Америкалик бир гуруҳ ота-она АҚШ фуқароларининг россиялик етимларни боқиб олишини тақиқловчи қонундан шикоят қилиб Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилди.

Уларнинг адвокати Карина Москаленконинг “Эхо Москвы” радиосига айтишича, шикоят аризаси мазкур қонун 2013 йил 1 январидан кучга киргунига қадар Россия судининг бола боқиб олиш тўғрисидаги қарорини ололмаган америкаликлар томонидан тайёрланган.

Россия қабул қилган қонун АҚШ Конгрессининг Магнитский акти деб номланган қонунига жавобан қабул қилинган.

2009 йилда қамоқда қийноқлардан вафот этган Сергей Магнитский номига қўйилган қонун бўйича бу ҳолат ва Россияда инсон ҳуқуқлари бузилиши учун масъул бўлган расмийларининг АҚШга кириши тақиқланган.

Шимолий Корея ядровий синовларни амалга оширишда давом этажагини баён қилди

Шимолий Корея 2012 йил 13 декабр куни ракета учирган эди.
Шимолий Корея келгусида яна ракета ва ядровий синовларни ўтказишда давом этишини эълон қилди.

Давлатга қарашли KCNA хабар агентилиги Шимолий Корея Миллий мудофаа комиссиясининг бу ҳаракатлар “ашаддий душманимиз бўлган Қўшма Штатларга қарши қаратилади”, деган баёнотидан иқтибос келтирмоқда.

Мамлакат мудофаа вазирлигининг бунга оид баёноти эълон қилинишидан бир кун аввал БМТ Хавфсизлик кенгаши Шимолий Корея декабр ойида ракета учирганини қораловчи ва буни санкцияга тортувчи резолюцияни қабул қилди.

Шимолий Корея ракета тинч мақсадлардаги сунъий йўлдош учириш миссиясини бажарганини айтмоқда. Лекин АҚШ ва бошқа давлатлар буни узоқ масофали ракета технологияларини синиш дея атамоқда.

Пхеньян 2006 ва 2009 йилларда амалга оширган синовлардан кейин жорий қилинган БМТ санкцияларига кўра, Шимолий Кораянинг ракета ва ядровий технологияларни ишлаб чиқиши тақиқланган.

Patriot ракеталари навбатчилик учун жанговар ҳолатга келтирилади

Жорий ҳафта якунида ҳаво ҳужумидан мудофаа қилувчи Patriot ракеталари Туркия-Сурия чегарасида навбатчилик учун жанговар ҳолатга келтирилади.

Британия генерали Гэри Дикен чоршанба куни Туркияга Қўшма Штатлар, Германия ва Ҳолландияда томонидан юборилган ракеталар ўрнатиб бўлинганини маълум қилди.

Биринчи бўлиб Ҳолландия ҳарбийлари ва уларнинг ракета комплекси жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилади. Қолган ракета комплексалари эса бир ой давомида навбатчиликка киришига тайёр бўлади.

НАТО аъзоси бўлган Туркия ўтган йилнинг ноябр ойида Сурия билан чегараларини мустаҳкамлаш мақсадида иттифоқчиларидан ўз ҳудудига Patriot ракеталарини ўрнатишни илтимос қилган эди.

Озарбайжонда тартибсизликлар содир этилди

Озарбайжоннинг Исмаилин туманида содир этилган тартибсизликлар пайтида учта автомашина, бир меҳмонхона ва туман ҳокимининг уйига ўт қўйилди.

Озодлик радиоси озарбайжон хизматининг билдиришича, минглаб норозилар туман ҳокими Низоми Алекперов истеъфосини талаб қилган. Тартибсизликлар шаҳардаги “Чирағ” мехмонхонаси хўжайинига тегишли автомашина автоҳалокат содир этганидан сўнг бошланиб кетган.

Маҳаллий аҳоли бунга қадар туман ҳокимиятидан бир неча маротаба “Чирағ” меҳмонхонасини ёпишини талаб қилган эди. Аҳоли вакилларига кўра, бу меҳмонхона фахшнинг уяси бўлиб қолган.

Қирғизистонда Омбудсмен сайланди

Қирғизистон парламенти Турсунбек Акунни иккинчи муддатга Омбудсмен лавозимига тасдиқлади.

Қирғиз парламентида 23 январ куни ўтган овоз бериш натижаларига кўра, “Ар-Намис” фракциясидан депутат Турсунбай Бакир уулу ва амалдаги Омбудсмен Турсунбек Ақун сайловнинг иккинчи босқичига ўтган эди.

Депутатлар муҳокамасига жами 16 та номзод тақдим этилган. Сайловнинг иккинчи босқичида Турсунбай Бакир ўғлига 35, Турсунбек Акунга 51 депутат овоз берган.

Мехикодаги Алиев ҳайкали кўчирилади

Месика пойтахтидаги Озарбайжон собиқ раҳбари Ҳайдар Алиевнинг ҳайкали шаҳарнинг марказидан олиниб, шаҳарнинг четроқ мавзесига кўчириладиган бўлди.

Мехико шаҳри ҳокимининг маълум қилишича, Алиевнинг бронзадан ишланган Мехикодаги ҳайкалини кўчириш ишлари шу ҳафта охирларига режаланган.

Ўтган йил август ойида ҳайкал ўрнатилган вақти ҳуқуқ фаоллари норозилик чиқишларини уюштиргандилар.

Уларга кўра, ўз сиёсий мухолифларини қамоққа ташлаган диктатор ҳайкалига Мексикада жой бўлмаслиги керак.

Лекин бу норозиликларга қарамай, ҳайкал атрофидаги оромгоҳни таъмирлаш ишлари учун 5 миллион доллар ажратган Озарбайжон ҳукумати ҳайкални олиб ташлашга рози бўлмаганди.

Ҳозирда янги тайинланган Мехико ҳокими ҳайкални кўчириш керак, деган хулосага келган.

Кэмерон Британиянинг ЕИга аъзолиги масаласида референдум ўтказишни ваъда қилди

U
Британия бош вазири Дэвид Кэмерон агар келаси сайловларда консерваторлар ғолиб чиқса 2017 йил оҳирида ўз мамлакатининг Европа Иттифоқига аъзолиги масаласида референдум ўтказишни ваъда қилди.

Британияда навбатдаги парламент сайловлари 2015 йилда ўтказилиши керак. Ўз маърузасида Кэмерон Европа Иттифоқи ислоҳотларга мухтож эканини ҳам таъкидлаб ўтди.

Аввалроқ АҚШ президенти Барак Обама Қўшма Штатлар Буюк Британияни кучли Европа Иттифоқи таркибида кучли давлат ўлароқ кўришни хоҳлашини таъкидлаганди.

Афғон урушида 2044 америкалик ҳарбий нобуд бўлган

2001 йил оҳирида халқаро коалиция Афғонистонда террорчиликка қарши ҳарбий амалиётларни бошлаганидан буён 2044 нафар америкалик ҳарбий нобуд бўлган.

Афғонистондаги АҚШ кўрган талафотлар ҳақидаги мазкур статистик маълумотни Associated Press агентлиги сешанба куни эълон қилди.

АҚШ Мудофаа вазирлигига кўра, 1705 америкалик ҳарбий душман тарафидан қилинган ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлган.

Шунингдек, афғон урушида жароҳат олган америкалик аскарлар сони 18200 нафарни ташкил қилади.

АҚШ ва Афғонистон президентлари Афғонистондаги хорижий кучлар ҳарбий амалиётларини шу йил баҳор ойларидаёқ тўхтатишлари борасида келишувга эришгандилар.

Ҳозирда Америка ва Афғонистон президентлари ўртасида эришилган келишувга биноан хорижий кучлар шу йилнинг баҳоридан башлабоқ ҳарбий амалиётларни амалга оширишни тўхтатадилар.

Афғонистондаги 60 минг хорижий аскарнинг 2014 йилда чиқиб кетишлари аввалдан режаланганди.

Исроилда иқтидордаги коалиция сайловда ғолиб чиқди

Исроилда муддатидан олдин ўтказилган парламент сайловида бош вазир Бенямин Нетаняхунинг “Ликуд” партияси етакчилигидаги коалиция ғолиб чиққан.

Экзит-полл натижаларига кўра, Нетаняхунинг партияси Исроил Кнессетида 31 ўринни эгаллаши мумкин.

Сўл марказчи "Еш Атид" партияси иккинчи ўринда. Бу партия парламентда 21 депутатлик курсисини эгаллаши кутилмоқда.

Меҳнат партияси эса учинчи ўринда. Бу партия парламентдаги 18 депутатлик ўрнига даъвогарлик қилмоқда.

Исроилда душанба куни муддатидан олдин ўтказилган сайловда 32та партия Кнессетдаги 120та депутатлик мондати учун кураш олиб борди.

Парламентдаги депутатлик ўринлари сайловда икки фоиздан кўпроқ овоз олган партиялар орасида бўлишилади.

Ҳиллари Клинтон Бенғозидаги ҳужум бўйича эшитувларда қатнашади

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон бугун Конгрессда Ливиянинг Бенғози шаҳрида Америка консулхонасига қилинган сентябр ойги ҳужум бўйича эшитувларда ҳисобот беради.

Ўтган йили 11 сентябр куни жанггарилар Бенғозидаги консуллика уюштирган ҳужумда АҚШ элчиси ва уч нафар америкалик дипломат ҳалок бўлган эди.

Бугунги эшитувларда Клинтон конгрессменларнинг мазкур фожеа бўйича саволларига жавоб бериши кутилмоқда.

Аввалроқ, Клинтон хоним Ливиянинг Бенғози шаҳридаги дипломатлар ҳалок бўлган АҚШ консуллигида хавфсизлик чоралари учун масъулиятини ўз зиммасига олган эди.

Ҳиллари Клинтон йил бошидан лавозимидан истеъфо бериши хабар қилинганди. Президент Барак Обама унинг ўрнига сенатор Жон Керри номзодини илгари сурган.

Жерар Пике ва Шакира болали бўлишди

Испаниянинг “Барселона” футбол клуби ҳимоячиси Жерар Пике ва машҳур хонанда Шакира ўғил фарзанд кўришди.

Бу ҳақда биринчи бўлиб Пике ўз Твиттер саҳифаси орқали маълум қилди.

Шакиранинг расмий веб-саҳифасида айтилишича, Милан (урғу "и" ҳарфида) исми берилган чақалоқнинг соғлиғи бутунлай жойида.

Туғилиб улгурмай юлдузга айланган чақалоқнинг вазни 3 килограмни ташкил қилгани айтилмоқда.

Эслатамиз, колумбиялик хонанда Шакиранинг "Вака-Вака" (Waka-Waka) қўшиғи 2010 йилда Жанубий Африкада ўтган футобл бўйича Жаҳон чемпионатининг расмий қўшиғи сифатида танланган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG