Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 12:23

Халқаро янгиликлар

Порт Саиддаги тартибсизликда 22 одам ўлди

Миср маҳкамаси Порт Саид стадионида келиб чиққан ўтган йилги тўқнашувлар бўйича 21 шахсни ўлим жазосига ҳукм этиши ортидан бугун тартибсизликлар рўй берди.

Маҳкумларнинг тарафдорлари уюштирган тартибсизликда камида 22 одам ҳалок бўлди, икки юздан ортиқ одам яраланди.

Миср давлат телевидениесининг хабар беришича, айбланувчиларнинг тарафдорлари тергов изолятори томон юриш қилиб, бинони ишғол қилишга уринган.

Ўтган йил феврал ойида Порт Саид стадионида ал-Масри ва Қоҳиранинг ал-Аҳлу клублари ўртасида лига ўйинлари доирасида ўтган учрашув пайти рўй берган тўқнашувларда 74 киши ҳалок бўлганди.

Чехиядаги президентлик сайловида Милош Земан ғолиб бўлди

Чехияда Милош Земан президент этиб сайланди. Сайловчиларнинг 55 фоизидан кўпи Земанга овоз берган.

Унинг рақиби Карел Шварценберг 44 фоиз овоз қозонган. Сайловнинг 11-12 январ кунлари ўтказилган биринчи босқичида собиқ бош вазир Милош Земан ва мамлакатнинг жорий ташқи ишлар вазири Карел Шварценберг ғолиб чиққан эди.

Чехияда президент беш йилга сайланади. Милош Земан тўқсонинчи йиллар оҳирида Чехия бош вазири бўлган.

Порт Саиддаги тартибсизликлар бўйича Мисрда 21 одам ўлимга маҳкум этилди

Мисрда футбол ишқибозлари ўртасида ўтган йилнинг февралида келиб чиққан тўқнашувлар бўйича 21 киши ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Порт Саид стадионида ал-Масри ва Қоҳиранинг ал-Аҳлу клублари ўртасида лига ўйинлари доирасида ўтган учрашув пайти рўй берган тўқнашувларда 74 киши ҳалок бўлганди.

Айни пайтда Сувайишда жума куни полиция ва намойишчилар ўртасида келиб чиққан тўқнашувларда камида 7 одам ҳалок бўлган, 450дан ортиқ одам яраланган.

Мамлакат армияси шаҳар кўчаларида ҳарбий қўшин ҳамда танк ва зирҳли машиналарни жойлаштирган.

Мисрдаги тўқнашувлар ортидан танклар кўчага чиқарилди

Мисрнинг Сувайиш шаҳрида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз бериши ортидан мамлакат армияси танк ва ҳарбий бўлинмалари шаҳар кўчаларига чиқарилди.

Миср президенти Муҳаммад Мурсий айни пайтда ўз фуқароларини зўравонликни тўхтатишга ва ўз норозиликларини тинч ифода этишга чақирди.

Мисрда норозилик тўлқини Ҳусни Муборак режимини ағдарган инқилобнинг икки йиллиги арафасида кучайди.

Намойишчилар президент Муҳаммад Мурсий ва Мусулмон биродарлиги ҳаракатини берган ваъдалари устидан чиқмаётганликда айблашмоқда.

Тўқнашувлар жума куни Миср пойтахти Қоҳирадаги Таҳрир майдонида ҳам рўй берди.

Венесуэладаги қамоқхонасида рўй берган тартибсизликда камида 50 одам ўлди

Венесуэла ғарбидаги қамоқхоналарнинг бирида юз берган тартибсизликлар оқибатида камида эллик одам ҳалок бўлди, тўқсондан ортиғи яраланди.

Ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги махбуслардир. Шунингдек, қурбонлар орасида қамоқхона нозирлари ва ҳарбий ҳизматчилар ҳам бор.

Хабарларга кўра, Баркисимето шаҳридаги қамоқхонага миллий гвардия ходимлари текширув ўтказиш учун келган пайт рўй берган.

Текширувчилар айрим махбуслар қуроллангани ҳақидаги хабарлар ортидан қамоқхонага юборилган.

Чехияда президентлик сайловининг иккинчи давраси бўлиб ўтяпти

Чехияликлар президентликка икки номзоддан бирини сайлашлари керак.

Сайловнинг 11-12 январ кунлари ўтказилган биринчи босқичида собиқ бош вазир Милош Земан ва мамлакат ташқи ишлар вазири Карел Шварценберг ғолиб чиққан эди.

Пенсия ёшидаги ҳар икки номзод Чехиянинг Европа Иттифоқига интеграциялашуви тарафдоридир.

Чехияда президент беш йилга сайланади. Сайловнинг дастлабки натижалари бугун кечга яқин эълон қилинади.

Москва проспектларидан бирига Владимир Высоцкий номи бериш таклифи билан чиқилди

Таниқли рус шоири ва қўшиқчиси Владимир Высоцкий таваллудининг 75 йиллиги Россияда кенг нишонланмоқда.

Шоир юбилейи муносабати билан бир гуруҳ россиялик депутатлар Москва проспектларининг бирига Высоцкий номини бериш таклифи билан чиқишди.

Владимир Высоцкий бир қатор филмлар, жумладан Учрашув жойини ўзгартириб бўлмайди филмидаги Глеб Жиглов роли орқали ўзбек томошабинига таниш.

Шунингдек, бир қатор ўзбек ижодкорлари Высоцкий шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.

Владимир Высоцкий 1980 йилнинг ёзида, 42 ёшида, юрак хуружидан вафот этган эди. соцкий 1980 йилнинг ёзида, 42 ёшида, юрак хуружидан вафот этган эди.

МРБнинг собиқ ходими 2 йилга қамалди

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Жон Кириаку суд ҳукми билан икки йилга озодликдан маҳрум этилди. У Қўшма Штатлар разведкаси офицери исмини ошкор қилишда айбланиб судланган эди.

Суд жараёнида Кириаку Марказий разведка хизматида тергов пайтида ноқонуний усуллар қўлланилишини фош этгани учун ҳам таъқиб қилинаётганини билдирди. Суд Кириакунинг ўзи ҳам терговда ноқонуний усулларни қўллаганини билдириб, унинг иддаосини рад этди.

Ўтган йил кузида Жон Кириаку ҳақиқат ва адолат учун курашганларга бериладиган Жо Коллоуэ Америка мукофотига сазовор бўлган эди.

Ўшлик аёл учоқда фарзандли бўлди

“Россия” авиакомпаниясининг қирғизистонлик йўловчиси 22 январ куни Санкт-Петербуг-Ўш йўналиши бўйича учиб келаётиб тўсатдан кўзи ёриди. Бу ҳақда авиаташувчининг “Живой журнал” блогига таянган ҳолда “Интерфакс” хабар тарқатади.

Хабарда айтилишича, Ўш шаҳрига қўнишга бир соат қолганида Гулдана Шерикпай қизини тўлғоқ тута бошлаган. Самолёт йўловчилари орасида врач топилгунига қадар, стюард Алексей Романюк Гулданадан туғруқни қабул қилиб олган.

Айни пайтда Гулдана Ўш шаҳар туғруқхонасида экани айтилмоқда. Янги туғилган чақалоқ туғруқхонага етиб келгунича шамоллаб қолгани туфайли ҳозир реанимацияда даволанмоқда.

Freedom House Асқаров иши судда қайта кўрилишини талаб қилмоқда

Ўш қирғинида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган қирғизистонлик ўзбек миллатига мансуб ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров иши судда қайта кўрилиши керак. Freedom House халқаро ташкилотининг янги ҳисоботида мана шу ҳақда гап боради.

Ҳисоботда айтилишича, Азимжон Асқаровга нисбатан маҳкама жараёнида ўнлаб қонунбузарликлар кузатилган.

Халқаро ташкилотлар 2010 йилги Ўш қирғини пайтида милиция ходимини ўлдирганликда ва тартибсизликларни уюштирганликда айбланиб бир умрга қамалган Азимжон Асқаров иши сиёсийлаштирилгани ҳамда соҳталаштирилганини айтиб келади.

Мисрда инқилобнинг 2 йиллиги нишонланмоқда

Мисрда собиқ президент Ҳусни Муборакни ҳокимиятдан ағдарган инқилобнинг 2 йиллиги муносабати билан амалдаги ҳукумат тарафдорлари ва мухолифларининг намойишлари ўтказилди.

Мухолиф сиёсатчи Муҳаммад ЭлБарадеи эълон қилган баёнотда “ҳар бир одамни Мисрнинг ҳар бир шаҳар ва қишлоғида кўчага чиқиб инқилоб якунланиши лозимлигини намойиш қилишга чақираман”, дейилади.

Қоҳира марказидаги Таҳрир майдонига минглаб мухолифат фаоли чиқди. Муҳаммад Мурсий ҳукуматини ёқловчилар ҳам майдонда пайдо бўлгани икки томон ўртасида кичик-кичик тўқнашувларга сабаб бўлди.

Оломонни тарқатиш учун кўз ёшини оқизувчи газни ишга солган полициячиларга қарата намойишчилар тош отди.

Искандария шаҳрида ҳам тош отган намойишчиларга қарши кўз ёшини оқизувчи газ қўлланди.

Пайшанба куни президент Мурсий ўз тарафдорларини инқилоб 2 йиллигини тинч намойиш билан нишонлашга чақирди.

Россия Давлат думаси олдида намойиш қилган ҳомосексуал ҳуқуқларни ёқловчи фаоллар ҳибсга олинди

Жума куни Россия Давлат думасида кичик ёшдаги болалар орасида ҳомосексуализмни тарғиб қилишни тақиқлашга доир қонун кўриб чиқилаётганига қарши норозилик намойиши иштирокчиларининг 20 нафари ҳибсга олинди.

Москва полицияси жинсий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган фаолларни рухсат этилмаган намойиш ўтказишда айбламоқда. Давлат думаси олдида ҳомосексуал ҳуқуқларни ёқловчи фаоллар билан қонунни қўллаб-қувватлаётганлар ўртасида муштлашув содир бўлди.

Россия парламенти муҳокама қилаётган қонунга кўра, гей-парадларда қатнашган шахсларга 5 минг рубл (165 доллар), ташкилотларга нисбатан 500 минг рубл (165 минг доллар) миқдорида жарима солишни назарда тутади. Бундай қонун Россиянинг 9 минтақасида аллақачон жорий қилинган.

Венесуэла ташқи ишлар вазири президент Уго Чавес билан учрашгани хабар қилинди

Венесуэла Президенти Уго Чавес11 декабр кунги жарроҳлик операциясидан бери жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ.
Венесуэла Ташқи ишлар вазири Элиас Хауа Кубада саратон касалидан даволанаётган президент Уго Чавес билан учрашди.

Хауанинг айтишича, 24 январ кунги учрашув чоғида Чавес “халқаро ва ички масалаларга доир қарорларни қабул қилган”.

58 ёшли Чавес ўтган йилнинг 11 декабр куни ўтказилган жарроҳлик операциясидан бери жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ.

Ташқи ишлар ваизири Хауа президент Чавеснинг аҳволи яхшиланаётгани, лекин даволанишни давом эттириши лозимлигини таъкидлади.

Пайшанба куни Испанияда чиқадиган "El Pais" газетаси оғир касал ҳолдаги Чавес тасвирлангани айтилган фотосуратни эълон қилгани учун узр сўради. Маълум бўлишича, бу сурат бошқа одамга доир бўлган. Газета таҳририятининг айтишича, фотосуратни тақдим қилган агентликнинг ўзи алданиб қолган.

Чехияда президент сайловининг иккинчи босқичи ўтказилади

Чехлар Милош Земан ва Карел Шварценберг орасидан перзидент сайлашади.
Бугун Чехия Респбуликасида президент сайловининг иккинчи босқичи ўтказилади. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 14:00 да очилади. Сайлов икки кун давом этади.

Чех сайловчилари икки номзод - собиқ бош вазир Милош Земан ва ташқи ишлар вазири Карел Шварценберг орасидан танлашмоқда.

11-12 январ кунлари ўтказилган сайловнинг биринчи босқичида Социал демократлар партияси етакчиси Земан биринчи ўрин, TOP09 партияси етакчиси Шварценберг эса иккинчи ўринни эгаллаган эди.

Чехлар илк бор тўғридан-тўғри овоз бериш орқали президент сайламоқда. Бундан аввал президент мамлакат парламенти томонидан сайланган.

Сайлов ғолибининг шанба куни кечқурун эълон қилиниши кутилмоқда. Амалдаги президент Вацлав Клаус икки муддати тугаб, конституцияга кўра, иқтидордан кетиши керак.

Клаус Чехиянинг биринчи преиденти Вацлав Ҳавелдан кейин сайланган.

Афғонистонда худкуш ҳужумида 5 киши ҳалок бўлди

Афғонистон расмийларига кўра, жума куни Каписа вилоятида машинадаги худкуш шахс ҳужумида беш тинч фуқаро ҳалок бўлган 15 киши жароҳатланган.

Худкуш ҳужуми вилоятнинг Тақаб туманидаги гавжум бозор олдида жума куни эрталаб содир бўлган.

Полициянинг маълум қилишича, худкуш бомбачи НАТО юкларини олиб кетаётган конвойни нишонга олмоқчи бўлган, лекин бунинг уддасидан чиқа олмаган. Худкуш минган машина бозор олдидаги уйга келиб урилган ва уй ичидаги одамларни ўлдирган.

НАТО етакчилигидаги Халқаро хавфсизлик ёрдами кучларининг матбуот вакили ҳужумда НАТО қўшинлари талафот кўрмаганини маълум қилди. Ҳужум учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олди.

Shell Украинага 10 миллиард доллар сармоя олиб кирмоқчи

Royal Dutch Shell ширкати билан келишувни Украина Президенти Виктор Янукович имзолади
Украина Ҳолландиянинг Royal Dutch Shell ширкати билан сланец газ конларини ўзлаштирига оид 10 миллиард АҚШ долларига тенг келишувни имзолади. Бу Украинага олиб кирилажак энг йирик хорижий инвестиция экани айтилмоқда.

Келишувни пайшанба куни Давосда ўтаётган Жаҳон иқтисодий форумида Украина Президенти Виктор Янукович имзолади.

Келишувга кўра, Украина шарқидаги Юзивска сланец газ конларини ўзлаштириш кўзда тутилган.

Украинада 1,2 тириллион куб метрга тенг сланец гази заҳиралари борлиги тахмин қилинади. Бу Европа минтақасидаги энг йирик захиралардан бири ҳисобланади.

Украина расмийларига кўра, Shell ширкати олиб кираётган сармоя миқдори дастлаб 10 миллиард долларга тенг бўлади, лекин истиқболда 50 миллиард долларгача етказилиши мумкин.

Шимолий Корея Жанубни "жисмоний оқибатлардан" огоҳлантирди

Шимолий Корея ҳафта бошида БМТнинг Пхеньянга нисбатан санкциялар жорий қилиш тўғрисидаги резолюцияни қўллаб-қувватлагани учун Жанубий Кореяни “жисмоний оқибатлардан” огоҳлантирди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши декабр ойида узоқ масофали ракета учирган Пхеньянни жазолашни кўзда тутвчи резолюцияни қабул қилди. Жанубий Корея хавфсизлик кенгашининг аъзосидир.

Пайшанба куни расмий Пхеньян келгусида яна ракета ва ядровий синовларни ўтказишда давом этишини эълон қилди. Шимолий Корея Миллий мудофаа вазирлиги бу ҳаракатлар “ашаддий душманимиз бўлган Қўшма Штатларга қарши қаратилади”, дея баён қилди.

Жума куни Хитойнинг давлатга қарашли газетасида эълон қилинган мақолада Шимолий Корея яна ядровий синов ўтказадиган тақдирда расмий Пекин бу мамлакатга ёрдам кўламини камайтириши мумкинлиги ёзилган.

Пайшанба куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати барча томонларни босиқликка чақириб, Хитой, Россия, АҚШ, Жанубий Корея ва Шимолий Корея иштирокидаги беш томонлама музокаралар қайта бошланиши лозимлигини баён қилди.

Башар Асад масжидга борди

Сурия ҳукумат телеканали президент Башар Асаднинг мавлуд муносабати билан масжидга борганини намойиш қилди.

Видеолавҳада Башар Асад Дамашқнинг ал-Афрам масжидида Сурия муфтийси билан бир қаторда туриб намоз ўқиётгани акс этган. Асад 6 январ куни ҳам халқ орасида чиқиш қилиб, ҳокимиятдан кетмаслигини айтган эди.

Суриянинг диний ишлар бўйича вазири Абдул Саттор бугунги жума намозида масжидга борганларни мамлакатда тинчлик ўрнатилишини илтижо қилиб дуо қилишга чақирди.

БМТ маълумотига қараганда, Сурияда 22 ойдан бери давом этаётган тўқнашувларда 60 мингдан ортиқ одам халок бўлган.

Жон Керри Россия-АҚШ муносабатларини илиқлаштиришга ҳаракат қилишини айтди

Вашингтонда Сенатнинг халқаро алоқалар бўйича қўмитасида президент Барак Обама томонидан давлат котиби лавозимига тавсия қилинган Жон Керри чиқиш қилди.

69 ёшли демократ Жон Керри Қўшма Штатлар дунёнинг етакчи давлати сифатидаги ўрнини сақлаб қолиш учун ички молиявий муаммоларни бартараф этиши лозим деб ҳисоблашини билдирди.

У Эрон билан муносабатлар масаласига тўхталар экан: “АҚШ бу давлатда ядровий тадқиқотлар ўтказилишини тўхтатишга эришмоғи лозим”, деди.

Жон Керри, шунингдек, Россия билан муносабатларни илиқлаштиришга ҳаракат қилишини ҳам айтиб ўтди.

Пентагон аёлларнинг жанговар ҳаракатларда иштирок этишига рухсат берди

Пентагон аёлларни жанговор ҳаракатларда иштирок этишини тақиқловчи қарорни бекор қилди.

АҚШ Мудофаа вазирлигининг пайшанба куни эълон қилинган баёнотида айтилишича, мазкур тақиқ 1994 мйилда жорий этилган эди. Мудофаа вазири Леон Панетта тақиқнинг олиб ташланиши жанговор вазифаларни самарали ҳал қилинишига омил яратади, деб ҳисоблайди.

Оқ уй вакили Жей Карни пайшанба куни президент Барак Обама мазкур қарорни қўллаб-қувватлаганини маълум қилди.

Жон Керрининг давлат котиби лавозимига номзоди кўриб чиқилади

Жон Керри.
АҚШ Президенти Барак Обама давлат котиби лавозимига кўрсатган номзод масаласи АҚШ Сенатида кўриб чиқилади. Демократ сенатор Жон Керрининг номзоди Сенат Ташқи алоқалар бўйича қўмитаси томонидан қийинчиликларсиз тасдиқланиши кутилмоқда. Керрининг ўзи мазкур қўмитага тўрт йил етакчилик қилган.

Керрини ваколати тугаётган давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан биргаликда сенаторлар Элизабет Уоррен ва Жон Маккейнлар қўмитага расман тақдим қилади.

Керри ва МакКейн Вьетнам урушида қатнашган ва АҚШ президентлигига номзодларини қўйган сиёсатчилар сифатида яхши таниш.

Керри беш муддат Массачусетс штатидан сенатор этиб сайланган.

Ҳамид Карзайнинг акаси сиёсий фаолият бошламоқчи

Маҳмуд Карзай.
Афғонистон президентнинг акаси Маҳмуд Карзайнинг Озодлик афғон хизматига айтишича, у Афғонистонда сиёсий фаолият бошлаш мақсадида АҚШ фуқаролигидан воз кечган.

Пайшанба кунги суҳбат чоғида Маҳмуд Карзай 2014 йилга белгиланган Афғонистон президент сайловида қатнашиш нияти бор-йўқлиги ҳақида индамади.

57 ёшли Маҳмуд Карзай банк, кончилик ва кўчмас мулк соҳаларида ишлайдиган бадавлат бизнесмендир. У кўп йиллар давомида Қўшма Штатларда яшаган ва Сан Франциско, Бостон ва Балтиморда ресторанлари борлиги айтилади.

Хабарларга кўра, у Афғонистонда энг йирик хусусий банк ҳисобланган Кобул Банкининг 7 фоиз акцияларига эгалик қилади. Ўтган йили мустақил текширув натижасида Кобл Банки Афғонистон ташқарисидаги банк ҳисоб рақамларига ноқоуний тарзда 900 миллион АҚШ долларига тенг пулни ўтказгани аниқланди.

Карзай қонунни бузмаганини айтиб келади. Унинг укаси Ҳамид Карзайнинг президентлик ваколати 2014 йилда тугайди.

Озарбайжоннинг Исмоилли шаҳрида норозиликлар давом этмоқда

Озарбайжоннинг Исмоилли шаҳарчасида норозиликни тарқатиш учун полиция кучлари кўз ёшини оқизувчи газ ва сув пуркагичларни ишга солмоқда.

Пойтахт Бокудан 150 километр шимолроқда жойлашган Исмоилли шаҳарчасида пайшанба куни ҳам норозиликлар давом этди.

Чоршанба куни Исмоиллида минглаб одам иштирокидаги намойиш зўравонликка айланиб кетди. Норозилар машиналар ва бинолар, жумладан меҳмонхона ва ҳокимнинг уйига ўт қўйди.


Your browser does not support iframes.

Норозилар Исмоилли тумани ҳокими Низоми Алекберовнинг истеъфосини талаб қилмоқда.

Айтилишича, норозилик намойишига “Чироқ” меҳмононаси хўжайинига тегишли автомобил иштирокидаги авария сабаб бўлган. Мухбирларимизга кўра, расмийлар маҳаллий аҳолининг исловотхонага айлангани иддао қилинган меҳмонхонани ёпиш тўғрисидаги талабларни беписанд қолдириб келган. Норозилик пайтида бу меҳмонхонага ўт қўилди.

Бу бир ҳафта ичида Озарбайжонда чиққан иккинчи йирик намойишдир. 19 январ куни мамлакатнинг энг йирик савдо марказида дўконлар ижараси оширилганига қарши дўкондорлар катта йўл трассасини тўсиб қўйган эди.

Чеченистонда 11 жанггари ўлдирилгани айтилмоқда

Россиянинг Чеченистон Респубкликасида жанггари деб гумон қилинган 11 киши ўлдирилгани айтилмоқда.

Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг пайшанба куни айтишича, ўлдирилганлар орасида анчадан бери қидирувда бўлган исломий жанггарилар, ака-ука Муслим ва Хусейн Гакаевлар ҳам бўлган.

Респбулика жанубида чоршанба кундан бери махсус операция ўтказилди, дея қўшимча қилди у.

Қодиров 2010 йилда Гакаевларнинг қаердалигига оид маълумот учун 10 миллион рубл (339900 АҚШ доллари) миқдорида мукофот эълон қилган. Уларнинг ўшанда Қодировнинг ота қишлоғи Центоройга уюштирилган ҳужум ортида тургани айтилади.

Россиянинг Шимолий Кавказ минтақасида исломий жанггарилар билан полиция ўртасидаги тўқнашувларда ҳар йили кўплаб одам ҳалок бўлади.

Америкаликлар "анитимагнитский қонунидан" Европа судига шикоят қилди

Америкалик бир гуруҳ ота-она АҚШ фуқароларининг россиялик етимларни боқиб олишини тақиқловчи қонундан шикоят қилиб Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилди.

Уларнинг адвокати Карина Москаленконинг “Эхо Москвы” радиосига айтишича, шикоят аризаси мазкур қонун 2013 йил 1 январидан кучга киргунига қадар Россия судининг бола боқиб олиш тўғрисидаги қарорини ололмаган америкаликлар томонидан тайёрланган.

Россия қабул қилган қонун АҚШ Конгрессининг Магнитский акти деб номланган қонунига жавобан қабул қилинган.

2009 йилда қамоқда қийноқлардан вафот этган Сергей Магнитский номига қўйилган қонун бўйича бу ҳолат ва Россияда инсон ҳуқуқлари бузилиши учун масъул бўлган расмийларининг АҚШга кириши тақиқланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG