Линклар

Шошилинч хабар
24 август 2019, Тошкент вақти: 16:31

Халқаро янгиликлар

Тожикистонда ЎИҲга аъзо деб кўрилган 6 киши ҳибсга олинди

Тожикистонда Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг олти аъзоси ҳибсга олинди. Тожикистоннинг Қабодиён тумани ҳокими Абдулмўъмин Улфатов душанба кунги матбуот анжуманида ЎИҲ аъзолигида гумонланганлар Афғонистон билан чегарадош ҳудудда ҳисбга олинганини маълум қилди.

Айни пайтда, Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Маҳмадулло Асадуллоевнинг Озодликка айтишича, мамлакат шимолидаги Сўғд вилоятида исломий жанггариларга оид маълумотни яширганликда айбланган тўрт киши ҳибсга олинган.

18 январ куни Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимов мамлакат хавфсизлик кучлари Сўғд вилоятида ЎИҲ аъзоси деб гумонланган шахсни ўлдирганини маълум қилган эди.

ЎИҲ Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида тақиқланган.

Қудратли давлатлар Эронга феврал ойида учрашишни таклиф қилди

Дунёнинг энг қудратли давлатлари Эрон ҳукуматига ядровий дастури билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилгани феврал ойида учрашишни таклиф қилди.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича олий вакили Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Майкл Манн бу ҳақда душанба куни маълум қилди. ЕИ расмийсининг айтишича, Эрон бундан аввалги 28-29 январ кунлари Истамбулда учрашиш таклифни рад қилган.

Ундан аввал Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москвада қилган чиқишида дуёнинг қудратли давлатлари ва Эронни кейинги учрашув жойи бўйича тортишувларни тўхтатиб, тезроқ келишиб олишга чақирди. Лавров томонлар “ёш болалик қилишни тўхтатиши керак”, дея таъкидлади.

Лавров шунингдек, 28-29 январ кунлари Истамбулда ўтиши режалаштирилган музокаралар қолдирилганидан таассуф билдирди.

Музокараларнинг июн ойида Москвада ўтган охирги давраси, Теҳроннинг ядровий тадқиқотларни тўхтатиш чақирувларини рад этиб, санкцияларни бекор қилишни талаб қилгани боис, ҳеч бир натижасиз якунланган эди.

Ғарб давлатлари Эронни яширин тарзда ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринганаётганликда айблаб келади. Расмий Теҳрон бу айбловларни инкор қилади.

Малининг Тимбукту шаҳри жанггарилардан озод қилинди

Малининг Тимбукту шаҳри мэри исломий жанггарилар шаҳардан қочаётиб, қадимий қўлёзмалар сақланган кутубхонага ўт қўйганини айтмоқда.

Тимбукту ҳокими Усмон Ҳалли-Сиссенинг айтишича, жанггарилар Аҳмад Баба институтини тўрт кун аввал ёқиб юборишган.

Буни “ҳалокат” дея атаган Ҳалли-Сиссега кўра, Жанубий Африка томонидан молияланган кутутбхонада қадимги маданият, илм-фан ва географияга оид “минглаб” қўлёзмалар сақланган.

Франция қўшинлари душанба куни Тимбукту аэропорти ва шаҳардаги асосий йўлларни ўз назоратларига олганларини эълон қилишди. Француз полковниги Тьерри Бухар Мали ҳукумати кучлари Ал-Қойда гуруҳи назорат қилиб келган шаҳарга яқин фурсат ичида киритилиши ва асосий вазифа ЮНЕСКО рўйхатига киритлган шаҳарда жангу-жадал рўй бериши олдини олишдан иборат, дея таъкидлади.

Бир кун аввал Франция ва Африка давлатлари қўшинлари Мали шарқидаги Гао шаҳрини жанггарилардан озод қилди.

Москва қудратли давлатлар ва Эронни "ёш болаликни тўхтатишга" чақирди

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.
Россия дуёнинг қудратли давлатлари ва Эронни Теҳроннинг ядровий дастури хуссидаги кейинги музокара жойи бўйича тортишувларни тўхтатиб, тезроқ келишиб олишга чақирмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров душанба куни Москвада қилган чиқишида томонлар “ёш болалик қилишни тўхтатиши керак”, дея баён қилди.

Лавров шунингдек, 28-29 январ кунлари Истамбулда ўтиши режалаштирилган музокаралар қолдирилганидан таассуф билдирди.

Эрон билан БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси ҳамда Германия музокаралар тўхтаб қолганида бир-бирларини айбламоқда.

Музокараларнинг июн ойида Москвада ўтган охирги давраси, Теҳроннинг ядровий тадқиқотларни тўхтатиш чақирувларини рад этиб, санкцияларни бекор қилишни талаб қилгани боис, ҳеч бир натижасиз якунланган эди.

Ғарб давлатлари Эронни яширин тарзда ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринганаётганликда айблаб келади. Расмий Теҳрон бу айбловларни инкор қилади.

"Газпром" Украинадан 7 миллиард АҚШ доллари миқдорида жарима тўлашни талаб қилмоқда

Украинанинг давлатга қарашли “Нафтогаз” ширкати матбуот вакилининг маълум қилишича, Россиянинг “Газпром” ширкати расмий Киевдан, келишилганидан камроқ газ сотиб олгани учун, 7 миллиард АҚШ доллари миқдорида жарима тўлашни талаб қилган.

“Газпром”га кўра, Украина икки давлат ўртасидаги келишувда кўрстаилган миқдорда табиий газ сотиб олмаган. Украинага Россиядан газ етказиб бериш тўғрисидаги 10 йиллик шартнома 2009 йилда ўша пайтдаги бош вазирлар Юлия Тимошенко ва Владимир Путин томонидан имзоланган.

Мазкур шартномага кўра, Киев ҳар йили 33,3 миллиард куб метр миқдорида газ сотиб олиш мажбуриятини олган. 2012 йилда эса Украина Россиядан 25 миллиард куб метр атрофида газ сотиб олган.

Тимошенко бош вазир лавозимини эгаллаган пайтда Россия билан шартномани имзолашда ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланиб, етти йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Қоҳирада зўравонликлар давом этмоқда. Мисрнинг учта шаҳрида фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Ўтган ҳафта бошланган зўравонликлар оқибатида, 50ка яқин одам ҳалок бўлди.
Мисрнинг учта йирик шаҳрида фавқулодда ҳолат режими жорий қилинганига қарамай, пойтахт Қоҳирада душанба куни полиция билан намойишчилар ўртасида тўқнашувлар содир бўлди.

Қоҳиранинг Таҳрир майдонида полиция кучлари намойишчиларни тарқатиш учун кўз ёшини оқизувчи газ қўллади. Хабарларга кўра, зўравонликларда бир киши ҳалок бўлган.

Мисрда беш кундан зўравонликлар тўхтамётир. Зўравонликларда ўнлаб одам ҳалок бўлди.

Якшанба куни Мсир Президенти Муҳаммад Мурсий кейинги кунларда зўравонликлар авж олган Порт Саид, Исмоилия ва Суэз шаҳарларида 30 кунлик фавқулодда ҳолат режимини жорий қилди. Бу шаҳарларда тунда коммендантлик соати жорий қилинади.

Мурсий шунингдек, юзага келган бўҳронни ҳал қилиш учун душанба кундан бошлаб “сиёсий арбоблар” билан мулоқот ўрнатилишини ваъда қилди.

Ўтган ҳафта бошланган зўравонликлар оқибатида, 50ка яқин одам ҳалок бўлди. Талафотларнинг катта қисми Порт Саид шаҳрида кузатилди. Якшанба куни бу шаҳарда камида етти киши отиб ўлдирилди, 400дан ортиқ одам жароҳатланди.

Шанба куни Порт Саидда 30дан ортиқ одам ҳалок бўлгани хабар қилинди. Порт Саид ва Суэз шаҳарларига армия кучлари ташланди.

Москвада марҳум Магнитский устидан суд бошланади

Сергей Магнитский 2009 йилда Россия қамоғида тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмагани оқибатида вафот этган.
Бугун Москва судида 2009 йилда Россия қамоғида вафот этган авдокат Сергей Магнитский устидан дастлабки эшитув маҳкамаси ўтказилади. Магнитский 2009 йилда Россия расмийларини коррупцияда айблаши ортидан қамоққа олинган ва тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмагани оқибатида вафот этган.

Прокурорлар Магнитскийни солиқдан бўйин товлаганликда айбламоқда. Магнитский адвокат бўлиб ишлаган Hermitage Capital инвестицион ширкати хўжайини Уильям Браудерга нисбатан ҳам айбловлар илгари сурилган. Россияни тарк этган Браудернинг сиртдан судланиши утилмоқда.

Магнитский тарафдорлари, адвокат қамоқдалиги пайтида қийноққа солингани ва унга тегишли тиббий ёрдами кўрсатилмаганини айтиб келишади. Адвокатнинг собиқ ҳамкасбларига кўра, Магнитский ички ишлар вазирлиги ва солиқ қўмитаси расмийларини фирибгарлик йўли билан давлатдан 230 миллион АҚШ долларини ўмарганини фош қилган.

АҚШ Конгресси декабр ойида Магнитскийнинг ўлими учун масъул расмийларнинг Америкага киришини чекловчи қонунни қабул қилди.

Бокуда намойиш иштирокчилари судланди

26 январ куни Бокуда ўтказилган намойиш иштирокчиларидан 3 киши 13 суткадан 15 суткагача қамалди. Улар орасида таниқли блогер Эмин Милли ҳам бор.

Намойишда қатнашганлардан яна 18 кишига жарима солинган. Улар орасида мухолифатдаги Озарбайжон Халқ жабҳаси партияси раҳбариятининг вакили Гузел Байрамли, мухолифатдаги Мусавот партияси лидерининг ўғли Турғут Ғамбар ва Озодликнинг озарбайжон хизмати мухбири Хадича Исмоиловалар бор.

Бокудаги намойиш Исмоилли шаҳрида ўтказилган норозилик тадбири иштирокчиларига нисбатан полиция томонидан зўравонлик қўлланилганига қарши ўтказилганди.

Мисрда полиция ва намойишчилар тўқнашуви давом этмоқда

Мисрнинг Порт Саид шаҳрида содир бўлган кечаги тўқнашувда 18 ёшли йигит ҳалок бўлди. Тўқнашув чоғида яна

433 киши жабрланган. Улардан 416 нафари кўздан ёш оқизувчи газдан заҳарлангани, 17 киши эса ўқдан яралангани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, кеча Порт Саидда полиция ва намойишчиларнинг шанба кунги тўқнашувида ҳалок бўлган 33 кишининг жанозасига минглаб одам тўпланган. Полиция оломонни махсус воситалар билан тарқатишга уринган.


Қоҳирада ҳам полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар давом этаяпти. У ерда Миср президенти Муҳаммад Мурсийга қарши бўлган кишилар Ҳусни Муборак режими қулашига олиб келган исённинг икки йиллигига бағишланган намойишларни ўтказмоқдалар.

Мурсийнинг танқидчилари уни ва унга тарафдор бўлган кишиларни мазкур исён мақсадларига хиёнат қилганликда айбламоқда.

Ўтган пайшанбадан бери Мисрда 42 киши ҳалок бўлган.

Санта-Марияда нобуд бўлганлар сони 245 кишига етди

Бразилия жанубидаги тунги клубда чиққан ёнғиндан, сўнгги маълумотларга кўра, 245 киши ҳалок бўлган.

Фожеа Санта-Мария шаҳрида талабаларнинг дам олиш кечаси ўтказилаётган чоғда содир бўлган. Ёнғин чиққан пайтда тунги клубда 300-400 киши бўлгани айтилмоқда. Ҳозир у ерда қидирув ишлари давом этаяпти.

Ёнғин қаердан келиб чиққани ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ. Бироқ Бразилия матбуоти ўт рок гуруҳи чиқиш қилган пайтда пиротехника воситаларидан фойдаланилганда чиққани ҳақида ёзмоқда.

Бразилия президенти Дилма Руссефф Чилига сафарини тўхтатиб, фожеа содир бўлган жойга кетган. Чилида у Лотин Америкаси-Европа саммитида иштирок этаётганди.

Медведев: Ал-Ассаднинг хатоси сиёсий ислоҳотлар ўтказмагани

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев.
Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Сурия Президенти Башар Ал-Ассад сиёсий ислоҳотлар ўтказмагани ва мухолифат фаолият олиб боришига тўсқинлик қилгани унинг “асосий хатоси” бўлганини айтди.

АҚШнинг CNN телевидениесига интервю берган Медведев президент Ассаднинг тақдирини Сурия халқи ҳал қилиши кераклигини таъкидлади.

Россия Бош вазири Суриядаги уруш учун ҳам ҳукуматни ҳам муросасиз мухолифатни айблади.

Дмитрий Медведев ўзи ва Владимир Путин бошчилигидаги “сиёсий куч” ичида бўлиниш ҳосил қилишни истамагани сабабли иккинчи муддатга президентликка номзодини қўймагани айтди.

Бразилия: Тунгги клубдаги ёнғинда 180 киши ўлди

Бразилия жанубида жойлашган Санта-Мария шаҳридаги тунги клубда якшанба куни эрталаб содир бўлгани ёнғинда камида 180 киши нобуд бўлди.

Полиция ўлганлар сони 200 кишидан ошиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Маҳаллий ахборот агентликларига кўра, ёнғин клубда перотехника ишлатилгани оқибатида келиб чиққан.

Фожиа содир бўлган пайтда клубда икки минг киши бўлган.

Холокост қурбонлари хотирланмоқда

27 январ Холокост қурбонлари хотираси куни.

1945 йил 27 январ куни Совет қўшинлари Германия фашистларининг Полшадаги Освенцим ўлим лагеридан маҳбусларни озод қилган.

Сана муносабати билан БМТ Бош котиби Бан Ки Мун эълон қилган баёнотда яҳудий ва бошқаларни оммавий қирғиндан қутқариш учун ҳаётини таҳликага қўйганлар бугунги кунда дунёдаги вазиятни яхшилашда одамлар учун намуна бўлишлари кераклиги билдирилган.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган Украина Ташқи ишлар вазири Леонид Кожера тоқатсизлик, камситиш ва нафрат билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишга чақирди.

1940-45 йиллар давомида фашистлар қўлидан 6 миллион яҳудий ҳалок бўлган.

Миср: Порт Саидда ўлганлар сони 31 кишига етди

Миср расмийлари шанба куни кечқурун ва якшанба куни Порт Саид шаҳрида рўй берган тўқнашувларда ўлган одамлар сони 31 кишига етганини билдирди.

300 дан ортиқ одам яраланган зўравонлик пайтида полициянинг икки ходими ҳам ўлган.

26 январ куни Қоҳира шаҳридаги суд 2012 йил феврал ойида 74 киши ўлган футбол стадионидаги зўравонликка алоқадорликда айбланган 21 фуқарони ўлим жазосига ҳукм қилди.

Шундан сўнг Мисрнинг бир неча шаҳрида уюштирилган норозилик намойиши қатнашчилари билан полиция ходимлари ўртасида тўқнашувлар рўй берди.

Футбол стадионидаги воқеа бўйича айбланган яна 52 фуқаро устидан суд ҳукми 9 март куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Қандаҳорда афғон полициясининг саккиз ходими ҳужум қурбони бўлди

Афғонистон расмийлари Қандаҳор шаҳрида йўл четига ўрнатилган бомба портлагани оқибатида камида 10 киши, жумладан, саккиз нафар полиция ходими ҳалок бўлганини билдирди.

Шанба куни кечқурун амалга оширилган ҳужумда полиция ҳибсга олган икки шахс ҳам ўлган.

Расмийлар йўл четига бомбани толиблар ўрнатганини тахмин қилмоқда.

Шанба куни эрталаб Қундуз вилоятида худкуш шахс ўзини портлатгани оқибатида полициянинг 10 ходими ўлган эди.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.

АҚШ Малидаги Франция ҳарбийларига ёрдам беради

Қўшма Штатлар Малидаги исломчиларга қарши урушда иштирок этаётган Франция учқичларини парвоз пайтида ёнилғи билан таъминлашга рози бўлди.

Пентагон эълон қилган баёнотга кўра, АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта ва Франция Мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан ўртасида телефон орқали мулоқот чоғида ёрдам кўрсатиш масаласи муҳокама қилинган.

АҚШ шу пайтгача француз аскарларини Малига етказмоқда ва Парижни резведка малумотлари билан таъминлаб келмоқда.

Франция ва Мали қўшинлари исломчилар бош қароргоҳи ҳисобланган Гао шаҳрини шанба куни ишғол қилишга муваффақ бўлди.

Ҳайдар Алиевнинг Мехикодаги ҳайкали кўчирилди

Озарбайжон собиқ президенти Ҳайдар Алиевнинг Мексика пойтахти Мехико марказидаги паркка ўрнатилган ҳайкали кўчирилди.

Хабарларга кўра, Алиевнинг бронзадан ишланган ҳайкали шанба куни Чапултепек паркидан олиб кетилган.

Озарбайжон расмийлари бунга ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Ундан олдин Боку расмийлари ҳайкалнинг кўчирилиши Мексика билан муносабатларга путур етказиши ҳақида огоҳлантирган эди.

2012 йил август ойида Ҳайдар Алиевнинг ҳайкали ўрнатилиши муносабати билан Озарбайжон ҳукумати паркнинг бир қисмини ободонлаштириш ишларига бир неча миллион доллар ажратган.

Ҳайдар Алиевга ҳайкал ўрнатилган вақтда ҳуқуқ фаоллари норозилик акцияси ўтказган эди.

Миср мудофаа кенгаши мисрликларни миллий мулоқотга чақирди

Порт Саиддаги тўқнашувда 26 январ куни 30 киши ҳалок бўлган.
Президент Муҳаммад Мурсий бошчилигидаги Миср Миллий мудофаа кенгаши мисрликларни миллий мулоқотга даъват этди.

Кенгаш тўқнашувлар бўлиб ўтаётган жойларда комендантлик соати жорий қилиш эҳтимоли йўқ эмаслигидан огоҳлантирди.

Шанба оқшомида олинган маълумотларга кўра, Порт Саиддаги тўқнашув чоғида 30 киши ҳалок бўлган, 300 дан зиёд одам яраланган.

Улар ўтган йили Порт Саид ўйингоҳида содир бўлган тартибсизликларда айбланмиш шаҳар футбол клуби ишқибозларига нисбатан чиқарилган ўлим ҳукмидан норозилик билдириб, кўчага чиққандилар. Ўшанда 74 киши ҳалок бўлганди.

Шанба куни тартибсизликларни бартараф қилиш учун Сувайш шаҳрига қўшин ва танклар киритилганди.

Миср мухолифати, агар президент Мурсий мавжуд сиёсий бўҳрондан чиқиш учун муносиб йўл топа олмайдиган бўлса, бўлажак парламент сайловларини байкот қилиш билан таҳдид қилмоқда. Мухолифат коалицияси сайловларгача «миллий қутқарув» ҳукуматини тузишни таклиф қилмоқда.

Афғонистондаги портлашда 10 киши ҳалок бўлди

Афғонистоннинг Қундуз вилоятида шанба куни содир бўлган портлаш оқибатида 10 киши ҳалок бўлди, 18 киши тан жароҳати олди.

Қурбонлар орасида контртеррорчилик амалиётлари минтақавий бошқармасининг бошлиғи ва маҳаллий транспорт полицияси раҳбари ҳам бор.

Хабарларга кўра, кеча мотоциклда келаётган худкуш шахс Қундуз шаҳрининг одам гавжум мавзеида портлаш мосламасини ҳаракатга келтирган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Бокудаги намойишчилар озод этилишини талаб қилмоқда

Human Rights House Foundation халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Исмоиллидаги норозилик намойишида қатнашган кишиларга нисбатан зўравонлик қўлланилишига қарши Бокуда бўлиб ўтган намойиш иштирокчиларининг қўлга олинишини қоралади.

Қароргоҳи Норвегияда бўлган ташкилот шанба куни Озарбайжон пойтахтида ҳибс этилганларни зудлик билан озод қилиш ва ҳуқуқ-тартибот органларидан фаолларга танқидий қарашлари учун жазо бериш воситаси ўлароқ фойдаланишни бас қилишни талаб қилиб чиқди.

Аввалроқ Озодликнинг озарбайжон хизмати шанба куни Бокуда 50 чоғли намойишчи қўлга олингани ҳақида хабар қилганди.

23-24 январ кунлари Исмоиллида бокуликларнинг маҳаллий аҳоли билан тўқнашуви натижасида келиб чиққан тартибсизлик иштирокчиларини тарқатишда полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва сувотар воситалардан фойдаланганди.

Туркманистон президенти нашрларга муассислик ролидан воз кечмоқчи

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов.
Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ўзини мамлакатда чиқадиган аксар газета ва журналларнинг муассиси деб ҳисоблашларини бошқа истамаслигини билдирди.

Turkmenistan.ru нашрининг хабар қилишича, ҳукумат мажлисида сўзлаган Бердимуҳаммедов ҳозирда даврий нашрларнинг кўпи «Муассис – Туркманистон президенти» ёзуви билан чиқаётганини қайд этган. Туркманистон президентига кўра, муайян нашрга унинг фаолият учун тўла жавоб берадиган ташкилот муассис бўлиши керак.

Бердимуҳаммедов масъулларга бу масалани кўриб чиқиб, Туркманистон нашрлари учун энг мувофиқ муассисларни белгилаш вазифасини топширган.

Январ ойида Туркманистонда медиа соҳасидаги чекловларни бекор қилувчи қонун қабул қилинганди.

Порт Саиддаги тартибсизликда 22 одам ўлди

Миср маҳкамаси Порт Саид стадионида келиб чиққан ўтган йилги тўқнашувлар бўйича 21 шахсни ўлим жазосига ҳукм этиши ортидан бугун тартибсизликлар рўй берди.

Маҳкумларнинг тарафдорлари уюштирган тартибсизликда камида 22 одам ҳалок бўлди, икки юздан ортиқ одам яраланди.

Миср давлат телевидениесининг хабар беришича, айбланувчиларнинг тарафдорлари тергов изолятори томон юриш қилиб, бинони ишғол қилишга уринган.

Ўтган йил феврал ойида Порт Саид стадионида ал-Масри ва Қоҳиранинг ал-Аҳлу клублари ўртасида лига ўйинлари доирасида ўтган учрашув пайти рўй берган тўқнашувларда 74 киши ҳалок бўлганди.

Чехиядаги президентлик сайловида Милош Земан ғолиб бўлди

Чехияда Милош Земан президент этиб сайланди. Сайловчиларнинг 55 фоизидан кўпи Земанга овоз берган.

Унинг рақиби Карел Шварценберг 44 фоиз овоз қозонган. Сайловнинг 11-12 январ кунлари ўтказилган биринчи босқичида собиқ бош вазир Милош Земан ва мамлакатнинг жорий ташқи ишлар вазири Карел Шварценберг ғолиб чиққан эди.

Чехияда президент беш йилга сайланади. Милош Земан тўқсонинчи йиллар оҳирида Чехия бош вазири бўлган.

Порт Саиддаги тартибсизликлар бўйича Мисрда 21 одам ўлимга маҳкум этилди

Мисрда футбол ишқибозлари ўртасида ўтган йилнинг февралида келиб чиққан тўқнашувлар бўйича 21 киши ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Порт Саид стадионида ал-Масри ва Қоҳиранинг ал-Аҳлу клублари ўртасида лига ўйинлари доирасида ўтган учрашув пайти рўй берган тўқнашувларда 74 киши ҳалок бўлганди.

Айни пайтда Сувайишда жума куни полиция ва намойишчилар ўртасида келиб чиққан тўқнашувларда камида 7 одам ҳалок бўлган, 450дан ортиқ одам яраланган.

Мамлакат армияси шаҳар кўчаларида ҳарбий қўшин ҳамда танк ва зирҳли машиналарни жойлаштирган.

Мисрдаги тўқнашувлар ортидан танклар кўчага чиқарилди

Мисрнинг Сувайиш шаҳрида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз бериши ортидан мамлакат армияси танк ва ҳарбий бўлинмалари шаҳар кўчаларига чиқарилди.

Миср президенти Муҳаммад Мурсий айни пайтда ўз фуқароларини зўравонликни тўхтатишга ва ўз норозиликларини тинч ифода этишга чақирди.

Мисрда норозилик тўлқини Ҳусни Муборак режимини ағдарган инқилобнинг икки йиллиги арафасида кучайди.

Намойишчилар президент Муҳаммад Мурсий ва Мусулмон биродарлиги ҳаракатини берган ваъдалари устидан чиқмаётганликда айблашмоқда.

Тўқнашувлар жума куни Миср пойтахти Қоҳирадаги Таҳрир майдонида ҳам рўй берди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG