Линклар

Шошилинч хабар
17 октябр 2019, Тошкент вақти: 10:28

Халқаро янгиликлар

Ҳиндистон полицияси талаба қизни зўрлаб, ўлдирган беш эркакка айблов эълон қилди

Бу ҳодиса Ҳиндистон ҳукуматига қарши оммавий норозиликларни келтириб чиқарди.
Ҳиндистон полицияси 23 яшар тиббиёт институти талабасини оммавий зўрлаганлик ва ўлдирганликда гумонланаётган беш эркакка расман айблов эълон қилди. Бу ҳодиса Ҳиндистон бўйлаб йирик намойишларга сабаб бўлди.

Оммавий зўрлашда иштирок этгани гумон қилинаётган яна бир йигит 18га кирмагани боис уни алоҳида, вояга етмаганлар ишлари бўйича маҳкамада суд қилиниши атйилмоқда.

16 декабр куни рўй берган воқеада, Ню Деҳлида автобусда кетаётган талаба қиз ва унинг ёнидаги йигит ҳужумга учраган эди. 23 ёшли талаба ҳужум оқибатида олган жиддий жароҳатлардан икки ҳафта ўтиб, Сингапурдаги касалхонада вафот этган эди.

Бу ҳодиса Ҳиндистон ҳукуматига қарши оммавий норозиликларни келтириб чиқарди. Кўпчилик ҳукуматни аёлларга қарши жинсий зўравонлик борасида чора кўрмаётганликда айблайди.

Ҳиллари Клинтон касалхонадан чиқди

Чоршанба куни Ҳиллари Клинтоннинг эри собиқ президент Билл Клинтон ва қизи Челси билан касалхонадан чиқиб кетаётгани туширилган суратлари эълон қилинди.
АҚШ Давлат департаментининг маълум қилишича, давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ню Йоркдаги касалхонадан чиққан. Шифокорлар Клинтоннинг бош қисмида тромб аниқлаб, уни касалхонага ётқизган эди.

Давлат департаменти баёнотига кўра, Клинтоннинг шифокорлари “унинг соғлиғи ҳар томонлама яхшиланаётгани ва унинг тўла тузалиб кетишига ишонч хосил қилгач”, унга чоршанба куни Ню Йорк Пресвитериан касалхонасидан жавоб берилган.

Чоршанба куни Клинтоннинг эри собиқ президент Билл Клинтон ва қизи Челси билан касалхонадан чиқиб кетаётгани тасвирга туширилган суратлари эълон қилинди.

65 ёшли Клинтон ўтган якшанба куни мияси ва бош чаноғи ўртасида қон тромби аниқланиб, касалхонага ётқизилган эди.

Тромбнинг пайдо бўлишига ундан аввал уйида хушидан кетиб, бошидан жароҳат олгани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Миср ҳукумат комиссияси Муборакни намойишчиларни ўлдиришга буйруқ берганликда айбламоқда

Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак умрбод қамоққа ҳукм қилинган.
Мисрда 2011 йилги халқ исёни пайтида намойишчиларнинг ўлими юзасидан текширув ўтказаётган ҳукумат комиссияси собиқ президент Ҳусни Муборак норозилик намойишлари ва уларга қарши қўлланилган куч кўлами ҳақида яхши хабари бўлган, дея хулоса қилди.

Комиссияга кўра, Муборак намойишлар ва хавфсизлик кучларининг қаттиқ куч қўллагани акс этган видеотасвирларни телевизордан кўриб турган.

Муборак аллақачон юзлаб намойишчининг ўлдрилишида айбдор, деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Лекин у намойишчиларни ўлдиришга буйруқ берганлик эмас, бунинг олдини ололмаганликда айбдор, деб топилган. Комияссия ҳисоботи 84 ёшли Муборакни қайта суд қилиш борасида ҳукуматга босимни кучайтириши мумкин.

Ҳисобот жамоатчиликка эълон қилингани йўқ, лекин ундаги хулосалар ҳукумат комиссиясининг бир неча вакили томонидан ошкор қилинди. Мазкур комиссия Миср Презденти Муҳаммад Мурсий томонидан июн ойида тузилган эди.

Путин Депардьега Россия фуқаролигини берди

Россия Президенти Владимир Путин француз актёри Жерар Депрадье билан шахсан таниш.
Россия Президенти Владимир Путин машҳур француз актёри Жерар Депрадьега Россия фуқаролигини бериш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

Депардьенинг Россия паспортини сўраб, мурожаат қилгани аниқ бўлмаса-да, ўтган ойда Путин 63 ёшли кино юлдузига Россия фуқаролигини беришга тайёр дея, билдирган эди.

Жерар Депардье Франция ҳукумати жорий қилган янги солиқ тизимига норозилик ўлароқ, бошқа давлат фуқаролигини олиш ниятини билдирган.

Францияда чиқдаиган “Le Monde” журналининг хабар қилишича, Депардье дўстларига Франция ҳукумати солиғидан қочиб, Белгия, Монтенегро ёки Россияга кўчиб кетиш ҳақида ўйлаётганини билдирган.

Франция Президенти Франсуа Олланд ҳукумати йиллик даромади 1,3 миллион евродан кўп бўлган французларга 75 фоизлик солиқни жорий қилиш режаларини эълон қилган.

Россияда барчага 13 фоизлик даромад солиғи амал қилади.

Покистонда АҚШ пилотсиз учқичи исломий жанггарилар қўмондонини ўлдиргани айтилмоқда

Покистоннинг Жанубий Вазиристонида ўлдирилган исломий жанггарилар етакчиси Мулла Назир жанозасига кўплаб одам тўплангани хабар қилинмоқда.

Покистон хавфсизлик хизмати расмийларига кўра, жанггариларнинг нуфузли қўмондони АҚШга қарашли пилотсиз учқич амалга оширгани айтилаётган ҳужум оқибатида ўлдирилган.

Жанубий Вазиристоннинг Ангур Адда туманида чоршанба тунда уюштирилган ҳужумда Мулла Назир ва унинг гуруҳидаги тўққиз жанггари ҳалок бўлган.

Мулла Назир қўшни Афғонистонда АҚШ ва НАТО қўшинларига қатор ҳужумларни амалга оширганликда айбланиб келган.

Баъзи хабарларга кўра, у Покистон ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумларга қарши чиққан ва Покистон ҳарбийлари билан сулҳ тузган.

Ўтган йил ноябрида Назирнинг бомба ҳужумида жароҳатлангани хабар қилинган эди.

Озодлик Покистон хизматининг хабар қилишича, Шимолий Вазиристонда ҳам пилотсиз учқич ёрдамида амалга оширилган ҳужумда уч жанггари ўлдирилган.

Уго Чавеснинг соғлиғи "жуда хавотирли" аҳволда қолмоқда

Венесуэла Президенти Уго Чавес.
Боливия Президенти Эво Моралес Венесуэла етакчиси Уго Чавеснинг соғлиғи “жуда хавотирли” эканини айтмоқда.

Моралес чоршанба куни қилган чиқишида Чавес ҳаққига дуо қилиш унинг “ҳаётини сақлаб қолиши”га умид қилишини билдирди.

Саратонга чалинган Чавес 11 декабр куни Кубадаги касалхонада жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Ўшандан бери Венесуэла президенти касалхонада қолмоқда.

Расмийларга кўра, жарроҳлик операциясидан кейин Чавеснинг аҳволи ёмонлашган. Венесуэла раҳбари 2011 йилда саратонга чалинганидан бери тўртинчи марта операция қилинди. Ўтган ой бошидаги операциядан бери Чавес жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ.

Венесуэла мухолифати Чавеснинг соғлиғига оид ҳақиқатни ошкор қилишга чақирмоқда. Демократик Иттифоқ коалицияси етакчиси Рамон Авеледо ҳукуматни Чавес аҳволига оид ахборотни яширганликда айблади.

Ҳукумат вакиллари октябрда қайта президент этиб сайланган Уго Чавес 10 январга белгиланган инаугурация маросимигача мамлакатга қайта олмаслиги мумкинлигини тан олди.

Обама АҚШ иқтисодини "молиявий жарлик"дан сақлаб қолувчи қонунни имзолади

АҚШ Президенти Барак Обама.
Оқ Уйнинг маълум қилишича, АҚШ Президенти Барак Обама мамлакатни “молявий жарлик”дан қутқарувчи, аксар америкаликлар солиқлари оширилиши ва бюджет харажатлари қисқартирилишининг олдини олишга қаратилган қонунни имзолаган.

Демократлар ва Респубкликачилар ўртасида эришилган муроса натижасида АҚШ Конгрессининг иккала палатаси 1 январ куни қабул қилган қонун бадавлат америкаликлар солиқларини ошириш ва ўрта синф учун солиқ имтиёзлари муддатини узайтиришни назарда тутади.

Иқтисодчилар “молиявий жарлик” олди олинмаса, жаҳоннинг энг йирик иқтисоди бўлган АҚШ яна рецессияга тушишидан огоҳлантириб келаётган эди.

Чоршанба куни қонун қабул қилинганига оид хабарлар ортидан жаҳон қимматбаҳо қоғозлар бозорида кўрсаткичлар юқорилади.

Бироқ Халқаро валюта жамғармаси ҳамда Moody's ва Standard & Poor's молиявий агентликлари Конгресс вакиллари АҚШнинг 16,4 триллионлик қарзини камайтириш борасида чораларни қабул қилмас экан Америка иқтисоди беқарор бўлиб қолишидан огоҳлантирди.

Карбалода мина портлашидан камида 2 киши ўлди

Ироқнинг Карбало шаҳрида миналаштирилган автомашинанинг портлаши оқибатида камида 2 одам ўлди, 8 одам яраланди.

Ҳозирча портлаш учун масъулиятини ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Ўн минглаб шиа мусулмонлари шу кунларда Арбаин диний байрами муносабати билан Ироқнинг турли шаҳарларидан ва бошқа мамлакатлардан пиёда Карбалога келмоқдалар. Мазкур байрам шиа тақвими бўйича Ашуродан сўнг 40 кун ўтгач нишонланади. Ашуро кунида шиалар 680 йили Карбалода ўлдирилган имом Ҳусайнни хотирлашади.

"Плейбой" журнали хўжайини уйланди

“Плейбой” журнали хўжайини ўзидан 60 ёш кичик қиз билан турмуш қурди.

Эркакларнинг дунёдаги энг машҳур журнали бўлган “Плейбой”нинг хўжайини 86 ёшдаги Хаф Хефнер 26 ёшли Кристал Харрис билан янги йил арафасида бош қўшди.

Хефнер ва Харрис 2011 йилда никоҳ ўқитишмоқчи эди. Бироқ келин тўйга беш кун қолганида қочиб кетгани туфайли, тўй ортга жилдирилганди.

Касби руҳшунос бўлган Харрис 2009 йил декабрида “Плейбой журналининг гўзали” сифатида эълон қилинган эди.

БМТ: Сурияда 60 минг одам ҳалок бўлди

Сурияда 2011 йил март ойидан бери давом этаётган зўравонликларда деярли 60 минг одам ҳалок бўлди. БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси 5 ойлик тадқиқот натижасида эълон қилган ҳисоботида мана шундай рақамни келтирган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича расмийси Нэви Пиллэйга кўра, ҳисоботда 2011 йилнинг 15 мартидан 2012 йилнинг 30 ноябригача ҳалок бўлганларнинг рўйхати берилган.

Сўнгги хабарларга кўра, чоршанба куни Сурияда ҳукумат кучларининг Малиха шаҳрига қилган авиаҳужуми оқибатида камида 30 одам ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган.

Чоршанба куни, шунингдек, Идлиб вилоятидан Франс-Пресс агентлиги билан ҳамкорлик қилган америкалик журналист Жеймс Фоли 22 ноябрда ўғирлаб кетилгани маълум қилинди. Фоли Суриядан ташқари Ироқ, Ливия ва Афғонистондаги “оловли нуқталарда” ишлаган эди.

Уго Чавеснинг аҳволи оғирлашган

Саратон ташхиси қўйилган ва сўнгги бир ярим йил ичида тўртинчи жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган Венесуэла президенти Уго Чавеснинг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Мамлакат вице-президенти Николас Мадуро Кубада даволанаётган Чавесни сўнгги уч ичида икки марта бориб кўрганини айтди.

Мадуро 11 декабр кунги жарроҳлик амалиёти ортидан Уго Чавеснинг аҳволи мураккаблашганига ишора қилди, лекин бошқа тафсилотларга тўхталмади.

58 ёшли Уго Чавес 10 январ куни Венесуэланинг тўртинчи президенти сифатида қасамёд қилиши керак. Аммо, унинг ушбу маросимда қатнашиши ҳозир савол остида.

Сурияда исёнчилар Идлибдаги ҳаво базасига ҳужум қилди

Сурияда Башар ал-Ассад режимига қарши курашаётган исёнчилар бугун Идлибдаги ҳукумат кучларининг ҳарбий ҳаво базасига ҳужум қилди.

Тафтаназ шаҳри яқинидаги авиабазага қарши ҳужум бугун эрталаб бошланди, деб хабар берди Лондондаги суриялик фаоллар вакили Рами Абдул Раҳмон.

Сўнгги вақтда инсёнчилар тарафидан ҳукумат кучлари фойдаланувчи ҳаво базаларига қилинаётган ҳужумлар сони ошмоқда.

Исёнчилар эгаллаган жойларни ҳаводан ҳужумга тутаётган Сурия ҳукумат кучлари исёнчилар олдидаги энг катта тўсиқ экани айтилмоқда.

Сурияда ҳукумат кучлари ва президент Башар ал-Ассадга қарши исёнчилар ўртасида 22 ойдан бери давом этаётган тўқнашувларда 45 мингдан ошиқ киши ҳалок бўлди.

Жастин Бибернинг "Ferrari"сини суратга олишга уринган папарацини машина уриб кетди

Лос Анжелесда канадалик поп-юлдуз Жастин Бибернинг оқ Ferrari автомобилини суратга олишга уринган папарацини машина уриб кетди.

Исми айтилмаётган сураткаш йўлни кесиб ўтаётган маҳал, уни машина уриб юборган ва касалхонада жон берган.

Полицияга кўра, ҳодиса пайти оқ Ferrari ичида Жастин Бибернинг ўзи бўлмаган.

Фил Суяги қирғоғи мотам тутмоқда

Ғарбий Африканинг Фил Суяги Қирғоғи Республикасида бугун мотам куни деб эълон қилинди.

Янги йил арафаси Кот-д'Ивуар энг йирик шаҳри Абижандаги Felix Houphouet Boigny ўйингоҳида байрам тантаналари, мушакбозликни томоша қилишга ҳаддан ташқари кўп одам келгани сабаб ўнлаб киши талотўпда оёқ остида қолиб, ҳалок бўлишган эди.

Кот-д'Ивуар Республикаси аҳолиси 22 миллионга яқин одамни ташкил қилади.

Charlie Hebdo Муҳаммад пайғамбар карикатураларини чоп этди

Францияда чиқадиган Charlie Hebdo сатирик журнали Муҳаммад пайғамбарни ҳажв қилувчи 64 саҳифалик карикатуралар тўпламини чоп этди.

Журнал бош муҳаррири Стефан Шарбоне карикатуралар босилиши ҳақида якшанба куни эълон қилган эди.

Франция ҳукумати вакили Нажат Балло-Белкасем ҳозир бундай суратларни босишнинг мавруди эмаслигини таъкидлаганди.

Сентябр ойида Charlie Hebdo Муҳаммад пайғамбар ҳажв қилинган суратларни чоп этиши дунё бўйлаб мусулмонлар ғазабига учраган.

Буни ортидан Франциянинг айрим давлатлардаги ваколатхоналари вақтинча ёпилган эди.

Ҳиндистонлик адвокатлар 23 яшар қизни зўрлаганларни ҳимоя қилишдан бош тортмоқда

Ҳиндистонда адвокатлар 23 яшар қизни зўрлаганликда айбланаётган олти шахсни ҳимоя қилишдан бош тортмоқда.

Ўтган ой Деҳли шаҳрида жинсий зўрлаш қурбони бўлган 23 ёшли талаба қиз Сингапурдаги касалхонада вафот этган эди.

Ҳиндистолик адвокатлардан бири ўз қарорини “вахший зўравонларни ҳимоя қилиш аҳлоқсизликдир”, дея изоҳлади.

Эндиликда, адвокатларни ҳукуматнинг ўзи тайинлаши керак бўлади. 16 декабрда содир этилган жиноят Ҳиндистонда оммавий намойишларни келтириб чиқарди, натижада бир полиция офицери ҳалок бўлди.

Жиноятни содир этишда гумон қилинган олти киши ва автобус ҳайдовчиси ҳибсга олинган, икки полиция ходими вазифасидан бўшатилган.

Обама “молиявий жарлик"ни бартараф қиладиган қонунни имзолаши кутиляпти

АҚШ президенти Барак Обаманинг мамлакатни “молиявий жарлик” ёқасидан қутқаришга қаратилган қонунни имзолаши кутилмоқда.

Мамлакатда солиқлар ошиши ва давлат харажатларини қисқартириш оқибатлари олдини олишга қаратилган ушбу қонун лойиҳаси 1 январ куни АҚШ Вакиллар палатаси тарафидан маъқулланган эди.

450 минг доллардан кам даромадга эга оилаларга солиқни камайтириш ҳақида собиқ президент Жорж Буш даврида жорий қилинган қонун муддати 1 январда ўз ниҳоясига етган.

Қонун лойиҳаси бўйича демократлар ва республикачилар турли фикрга эгаликлари баҳсларни келтириб чиқарганди.

Покистондаги портлашда икки киши ҳалок бўлди, 35 киши жароҳатланди

Покистоннинг Карачи шаҳрида мотоциклга ўрнатилган бомба портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлди ва камида 35 киши турли даражадаги жароҳат олди.

Расмийларга кўра, ҳужумда мамлакатнинг асосий сиёсий партиялардан бири Муттаҳида Қауми ҳаракати вакиллари ҳамда нуфузли уламо Тоҳир-ул Қадрий етакчилик қилган Таҳриқ-и-Минҳажул ҳаракати аъзоларини нишонга олган.

Ҳаракат вакиллари биргаликда ўтказилган намойишдан автобусларда қайтаётган бўлган.

Жароҳатланганларнинг айримлари аҳволи оғирлиги туфайли ҳалок бўлганлар сони ортиши мумкинлиги айтилмоқда.

Покистоннинг иқтисодий маркази ҳисобланмиш Карачи порт шаҳрида сўнгги вақтда сиёсий, ижтимоий ва диний сабабларга эга ҳужумлар тез-тез уюштирилмоқда.

Ўтган ҳафта шаҳардаги автобус бекатида уюштирилган бомба портлашида олти киши ҳалок бўлган, 50 дан ошиқ одам жароҳатланган эди.

Исроил ҳарбийлари билан тўқнашувда ўнлаб фаластинлик жароҳатланди

Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида 1 январ куни Исроил ҳарбий кучлари билан юз берган тўқнашувда 30 дан ошиқ фаластинлик жароҳатланди.

Хабарларга кўра, тўқнашув Тамун қишлоғи бозорида Исроил ҳарбийлари тарафидан “Ислом жиҳоди” ҳаракати аъзосини қўлга олиш учун уюштирилган амалиёт пайтида юз берган.

Ҳарбий амалиётни уюштирган Исроил махсус кучлари вакиллари кўзга ташланмаслик учун бозорга араб савдогарлари кийимида киргани айтилмоқда.

Ҳарбийлар фош этилганидан сўнг оломон уларни тошбўрон қила бошлаган. Бунга жавобан Исроил ҳарбийлари кўздан ёш чиқарувчи газ, оддий ва резинадан ясалган ўқларни ишлатган.

Воқеада икки Исроил ҳарбийси жароҳат олгани хабар қилинмоқда.

Исроил армияси матбуот хизмати ҳарбийлар “Ислом жиҳоди” ҳаракати аъзосини сўроқ қилиш учун қўлга олганини маълум қилди.

Суриянинг Алеппо шаҳридаги халқаро аэропорт вақтинча ёпилди

Суриянинг Алеппо шаҳридаги халқаро аэропорт ҳукумат кучлари ва исёнчилар ўртасида давом этаётган тўқнашувлар боис вақтинча ёпилди.

Буюк Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясига кўра, аэропортнинг ёпилишига душанба куни тунда мазкур иншоотни қўриқловчи ҳарбий базаларнинг бирига қилинган ҳужум сабаб бўлган.

Сўнгги вақтда инсёнчилар тарафидан ҳукумат кучлари фойдаланувчи Алеппо шаҳри аэропортига қилинаётган ҳужумлар сони ошмоқда.

Исёнчилар эгаллаган жойларни ҳаводан ҳужумга тутаётган Сурия ҳукумат кучлари исёнчилар олдидаги энг катта тўсиқ экани айтилмоқда.

Аввалроқ ҳукумат ҳарбий учқичлари пойтахт Дамашқнинг исёнчилар эгаллаган Дарая қисмини ҳужумга тутган эди.

Ҳукумат ахборот агентликлари ушбу ҳужумда “ўнлаб террорчилар” ҳалок бўлганини маълум қилди.

Сурияда ҳукумат кучлари ва президент Башар ал-Ассад истеъфосини талаб қилаётган исёнчилар ўртасида 22 ойдан бери давом этаётган тўқнашувларда 45 мингдан ошиқ киши ҳалок бўлди.

АҚШни "иқтисодий жарлик"дан қутқарувчи қонун лойиҳаси ҳамон муҳокамада

АҚШда Намояндалар палатаси аъзолари мамлакатни “иқтисодий жарлик” ёқасидан қутқаришга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилиш ёки қилмаслик бўйича баҳслар олиб бормоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси мамлакатда солиқлар ошиши ва давлат ҳаражатларини қисқариши таъсирини олдини олишга қаратилган ва 1 январ куни демокрталар бошқарган Сенат тарафидан маъқулланган эди.

Хабарларга кўра, айрим республикачилар қонун лойиҳасида ҳукумат ҳаражатларини янада кўпроқ кесишни таклиф этишмоқда.

Агар қонун лойиҳаси қабул қилинмаса АҚШда январ ойидан бошлаб 600 миллиардга солиқлар ошади ва ҳукуматнинг ижтимоий хизматлар учун ёрдами кесилади.

Иқтисодчилар бундай вазият америкаликларнинг чўнтагига катта таъсир қилиши ва нафақат АҚШ, балки бутун дунё иқтисодига салбий таъсир этишидан огоҳлантиришмоқда.

Грузия президенти Янги йилни Афғонистонда кутиб олди

Грузия Президенти Михаил Саакашвили.
Афғонистонга сафар қилган Грузия Президенти Михаил Саакашвили янги йилни Ҳелманд вилоятига жойлаштирилган грузин ҳарбийлари билан кутиб олди.

Сешанба куни Грузия президенти маъмурияти Саакашвили 11 нафар грузин ҳарбийсига давлат мукофотларини топширганини эълон қилди.

Грузия президенти ҳарбийларга ўзининг янги ташаббуси ҳақида сўзлаб берган.

Саакашвили Афғонистондаги халқаро тинчликпарвар миссияни бажариш пайтида ҳалок бўлган грузин ҳарбийлари оилаларига доимий нафақа тайинлашини айтган.

Грузия 2009 йилда Афғонистонга ўз ҳарбийларини жойлаштирилганидан бери 18 нафар грузин аскари ўлган.

Украина ЕХҲТ раислигини қабул қилиб олди

2013 йил 1 январдан бошлаб Украина Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) раислигини қабул қилиб олди.

Ташқи ишлар вазири Леонид Кожар Украинанинг ЕХҲТга раислиги даврида энергетик хавфсизлик, сўз эркинлигини ҳимоя қилиш, одам савдосига қарши кураш устивор мақсадлар бўлишини маълум қилди.

ЕХҲТга 57 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам аъзо.

Ташкилот раиси ҳар йили 1 январда бир давлатдан бошқасига ўтади.

2010 йилда Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи бўлиб ЕХҲТга раислик қилган.

Эрон Ҳормуз яқинидаги хорижий самолёт ва ҳарбий кемаларни огоҳлантирди

Эрон стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Ҳормуз бўғозига яқин ҳудудга кирган хорижий самолётлар ва жанговор кемаларга Эрон ҳарбийлари машқлар ўтказаётгани ҳақида ўнлаб огоҳлантириш берди.

Меҳр ахборот агентлигига кўра, Эрон флоти матбуот котиби адмирали Амир Растгари мамлакат кучлари 30 та воқеада хорижий самолёт ва кемаларга Эрон ҳарбийлари машқлар ўтказаётгани ҳақида огоҳлантирганини айтган.

Адмирал “хорижий кучлар”ни Эрон ҳарбий флоти ва армияси имкониятлари ҳақида разведка маълумотлари йиғаётганликда айблаган.

Эронда ҳар йили ўтказиладиган беш кунлик ҳарбий машқлар 2 январ куни тугайди.

Теҳрон расмийлари агар Эронга ҳужум уюштирилса, глобал нефт экспорти йўли ҳисобланган Ҳормуз бўғозини ёпиб қўйишга таҳдид қилган.

Обама Намояндалар палатасини иқтисодий жарликдан қутқарувчи ҳужжатни маъқуллашга чақирди

АҚШ Президенти Барак Обама.
АҚШ Президенти Барак Обама Намояндалар палатаси аъзоларини мамлакатни иқтисодий жарликдан қутқарувчи қонун лойиҳасини қабул қилишга чақирди.

АҚШ Сенати аъзолари солиқлар ошиши ва давлат ҳаражатлари қисқариши таъсирининг олдини олишга қаратилган мазкур қонун лойиҳасини Янги йилнинг илк соатларида маъқуллади.

Оқ Уй ва Конгрессдаги Республикачилар партияси вакиллари йиллик даромади 450 минг доллардан кам бўлган оилаларга солиқларни камайтириш ҳақида собиқ президент Жорж Буш даврида жорий қилинган қонун муддатини узайтириш ҳамда мудофаа ва бошқа соҳаларга таллуқли дастурлар ҳаражатини 24 миллиард долларга қисқартиришни икки ойга кечиктириш тўғрисида келишувга эришилганидан сўнг қабул қилинди.

Мамлакатни иқтисодий жарликдан қутқарувчи қонун лойиҳаси чоршанба кунигача Намояндалар палатасида овозга қўйилиши кутилмоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG