Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:06

Халқаро янгиликлар

Бокуда намойиш иштирокчилари судланди

26 январ куни Бокуда ўтказилган намойиш иштирокчиларидан 3 киши 13 суткадан 15 суткагача қамалди. Улар орасида таниқли блогер Эмин Милли ҳам бор.

Намойишда қатнашганлардан яна 18 кишига жарима солинган. Улар орасида мухолифатдаги Озарбайжон Халқ жабҳаси партияси раҳбариятининг вакили Гузел Байрамли, мухолифатдаги Мусавот партияси лидерининг ўғли Турғут Ғамбар ва Озодликнинг озарбайжон хизмати мухбири Хадича Исмоиловалар бор.

Бокудаги намойиш Исмоилли шаҳрида ўтказилган норозилик тадбири иштирокчиларига нисбатан полиция томонидан зўравонлик қўлланилганига қарши ўтказилганди.

Мисрда полиция ва намойишчилар тўқнашуви давом этмоқда

Мисрнинг Порт Саид шаҳрида содир бўлган кечаги тўқнашувда 18 ёшли йигит ҳалок бўлди. Тўқнашув чоғида яна

433 киши жабрланган. Улардан 416 нафари кўздан ёш оқизувчи газдан заҳарлангани, 17 киши эса ўқдан яралангани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, кеча Порт Саидда полиция ва намойишчиларнинг шанба кунги тўқнашувида ҳалок бўлган 33 кишининг жанозасига минглаб одам тўпланган. Полиция оломонни махсус воситалар билан тарқатишга уринган.


Қоҳирада ҳам полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар давом этаяпти. У ерда Миср президенти Муҳаммад Мурсийга қарши бўлган кишилар Ҳусни Муборак режими қулашига олиб келган исённинг икки йиллигига бағишланган намойишларни ўтказмоқдалар.

Мурсийнинг танқидчилари уни ва унга тарафдор бўлган кишиларни мазкур исён мақсадларига хиёнат қилганликда айбламоқда.

Ўтган пайшанбадан бери Мисрда 42 киши ҳалок бўлган.

Санта-Марияда нобуд бўлганлар сони 245 кишига етди

Бразилия жанубидаги тунги клубда чиққан ёнғиндан, сўнгги маълумотларга кўра, 245 киши ҳалок бўлган.

Фожеа Санта-Мария шаҳрида талабаларнинг дам олиш кечаси ўтказилаётган чоғда содир бўлган. Ёнғин чиққан пайтда тунги клубда 300-400 киши бўлгани айтилмоқда. Ҳозир у ерда қидирув ишлари давом этаяпти.

Ёнғин қаердан келиб чиққани ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ. Бироқ Бразилия матбуоти ўт рок гуруҳи чиқиш қилган пайтда пиротехника воситаларидан фойдаланилганда чиққани ҳақида ёзмоқда.

Бразилия президенти Дилма Руссефф Чилига сафарини тўхтатиб, фожеа содир бўлган жойга кетган. Чилида у Лотин Америкаси-Европа саммитида иштирок этаётганди.

Медведев: Ал-Ассаднинг хатоси сиёсий ислоҳотлар ўтказмагани

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев.
Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Сурия Президенти Башар Ал-Ассад сиёсий ислоҳотлар ўтказмагани ва мухолифат фаолият олиб боришига тўсқинлик қилгани унинг “асосий хатоси” бўлганини айтди.

АҚШнинг CNN телевидениесига интервю берган Медведев президент Ассаднинг тақдирини Сурия халқи ҳал қилиши кераклигини таъкидлади.

Россия Бош вазири Суриядаги уруш учун ҳам ҳукуматни ҳам муросасиз мухолифатни айблади.

Дмитрий Медведев ўзи ва Владимир Путин бошчилигидаги “сиёсий куч” ичида бўлиниш ҳосил қилишни истамагани сабабли иккинчи муддатга президентликка номзодини қўймагани айтди.

Бразилия: Тунгги клубдаги ёнғинда 180 киши ўлди

Бразилия жанубида жойлашган Санта-Мария шаҳридаги тунги клубда якшанба куни эрталаб содир бўлгани ёнғинда камида 180 киши нобуд бўлди.

Полиция ўлганлар сони 200 кишидан ошиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Маҳаллий ахборот агентликларига кўра, ёнғин клубда перотехника ишлатилгани оқибатида келиб чиққан.

Фожиа содир бўлган пайтда клубда икки минг киши бўлган.

Холокост қурбонлари хотирланмоқда

27 январ Холокост қурбонлари хотираси куни.

1945 йил 27 январ куни Совет қўшинлари Германия фашистларининг Полшадаги Освенцим ўлим лагеридан маҳбусларни озод қилган.

Сана муносабати билан БМТ Бош котиби Бан Ки Мун эълон қилган баёнотда яҳудий ва бошқаларни оммавий қирғиндан қутқариш учун ҳаётини таҳликага қўйганлар бугунги кунда дунёдаги вазиятни яхшилашда одамлар учун намуна бўлишлари кераклиги билдирилган.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган Украина Ташқи ишлар вазири Леонид Кожера тоқатсизлик, камситиш ва нафрат билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишга чақирди.

1940-45 йиллар давомида фашистлар қўлидан 6 миллион яҳудий ҳалок бўлган.

Миср: Порт Саидда ўлганлар сони 31 кишига етди

Миср расмийлари шанба куни кечқурун ва якшанба куни Порт Саид шаҳрида рўй берган тўқнашувларда ўлган одамлар сони 31 кишига етганини билдирди.

300 дан ортиқ одам яраланган зўравонлик пайтида полициянинг икки ходими ҳам ўлган.

26 январ куни Қоҳира шаҳридаги суд 2012 йил феврал ойида 74 киши ўлган футбол стадионидаги зўравонликка алоқадорликда айбланган 21 фуқарони ўлим жазосига ҳукм қилди.

Шундан сўнг Мисрнинг бир неча шаҳрида уюштирилган норозилик намойиши қатнашчилари билан полиция ходимлари ўртасида тўқнашувлар рўй берди.

Футбол стадионидаги воқеа бўйича айбланган яна 52 фуқаро устидан суд ҳукми 9 март куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Қандаҳорда афғон полициясининг саккиз ходими ҳужум қурбони бўлди

Афғонистон расмийлари Қандаҳор шаҳрида йўл четига ўрнатилган бомба портлагани оқибатида камида 10 киши, жумладан, саккиз нафар полиция ходими ҳалок бўлганини билдирди.

Шанба куни кечқурун амалга оширилган ҳужумда полиция ҳибсга олган икки шахс ҳам ўлган.

Расмийлар йўл четига бомбани толиблар ўрнатганини тахмин қилмоқда.

Шанба куни эрталаб Қундуз вилоятида худкуш шахс ўзини портлатгани оқибатида полициянинг 10 ходими ўлган эди.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.

АҚШ Малидаги Франция ҳарбийларига ёрдам беради

Қўшма Штатлар Малидаги исломчиларга қарши урушда иштирок этаётган Франция учқичларини парвоз пайтида ёнилғи билан таъминлашга рози бўлди.

Пентагон эълон қилган баёнотга кўра, АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта ва Франция Мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан ўртасида телефон орқали мулоқот чоғида ёрдам кўрсатиш масаласи муҳокама қилинган.

АҚШ шу пайтгача француз аскарларини Малига етказмоқда ва Парижни резведка малумотлари билан таъминлаб келмоқда.

Франция ва Мали қўшинлари исломчилар бош қароргоҳи ҳисобланган Гао шаҳрини шанба куни ишғол қилишга муваффақ бўлди.

Ҳайдар Алиевнинг Мехикодаги ҳайкали кўчирилди

Озарбайжон собиқ президенти Ҳайдар Алиевнинг Мексика пойтахти Мехико марказидаги паркка ўрнатилган ҳайкали кўчирилди.

Хабарларга кўра, Алиевнинг бронзадан ишланган ҳайкали шанба куни Чапултепек паркидан олиб кетилган.

Озарбайжон расмийлари бунга ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Ундан олдин Боку расмийлари ҳайкалнинг кўчирилиши Мексика билан муносабатларга путур етказиши ҳақида огоҳлантирган эди.

2012 йил август ойида Ҳайдар Алиевнинг ҳайкали ўрнатилиши муносабати билан Озарбайжон ҳукумати паркнинг бир қисмини ободонлаштириш ишларига бир неча миллион доллар ажратган.

Ҳайдар Алиевга ҳайкал ўрнатилган вақтда ҳуқуқ фаоллари норозилик акцияси ўтказган эди.

Миср мудофаа кенгаши мисрликларни миллий мулоқотга чақирди

Порт Саиддаги тўқнашувда 26 январ куни 30 киши ҳалок бўлган.
Президент Муҳаммад Мурсий бошчилигидаги Миср Миллий мудофаа кенгаши мисрликларни миллий мулоқотга даъват этди.

Кенгаш тўқнашувлар бўлиб ўтаётган жойларда комендантлик соати жорий қилиш эҳтимоли йўқ эмаслигидан огоҳлантирди.

Шанба оқшомида олинган маълумотларга кўра, Порт Саиддаги тўқнашув чоғида 30 киши ҳалок бўлган, 300 дан зиёд одам яраланган.

Улар ўтган йили Порт Саид ўйингоҳида содир бўлган тартибсизликларда айбланмиш шаҳар футбол клуби ишқибозларига нисбатан чиқарилган ўлим ҳукмидан норозилик билдириб, кўчага чиққандилар. Ўшанда 74 киши ҳалок бўлганди.

Шанба куни тартибсизликларни бартараф қилиш учун Сувайш шаҳрига қўшин ва танклар киритилганди.

Миср мухолифати, агар президент Мурсий мавжуд сиёсий бўҳрондан чиқиш учун муносиб йўл топа олмайдиган бўлса, бўлажак парламент сайловларини байкот қилиш билан таҳдид қилмоқда. Мухолифат коалицияси сайловларгача «миллий қутқарув» ҳукуматини тузишни таклиф қилмоқда.

Афғонистондаги портлашда 10 киши ҳалок бўлди

Афғонистоннинг Қундуз вилоятида шанба куни содир бўлган портлаш оқибатида 10 киши ҳалок бўлди, 18 киши тан жароҳати олди.

Қурбонлар орасида контртеррорчилик амалиётлари минтақавий бошқармасининг бошлиғи ва маҳаллий транспорт полицияси раҳбари ҳам бор.

Хабарларга кўра, кеча мотоциклда келаётган худкуш шахс Қундуз шаҳрининг одам гавжум мавзеида портлаш мосламасини ҳаракатга келтирган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Бокудаги намойишчилар озод этилишини талаб қилмоқда

Human Rights House Foundation халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Исмоиллидаги норозилик намойишида қатнашган кишиларга нисбатан зўравонлик қўлланилишига қарши Бокуда бўлиб ўтган намойиш иштирокчиларининг қўлга олинишини қоралади.

Қароргоҳи Норвегияда бўлган ташкилот шанба куни Озарбайжон пойтахтида ҳибс этилганларни зудлик билан озод қилиш ва ҳуқуқ-тартибот органларидан фаолларга танқидий қарашлари учун жазо бериш воситаси ўлароқ фойдаланишни бас қилишни талаб қилиб чиқди.

Аввалроқ Озодликнинг озарбайжон хизмати шанба куни Бокуда 50 чоғли намойишчи қўлга олингани ҳақида хабар қилганди.

23-24 январ кунлари Исмоиллида бокуликларнинг маҳаллий аҳоли билан тўқнашуви натижасида келиб чиққан тартибсизлик иштирокчиларини тарқатишда полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва сувотар воситалардан фойдаланганди.

Туркманистон президенти нашрларга муассислик ролидан воз кечмоқчи

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов.
Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ўзини мамлакатда чиқадиган аксар газета ва журналларнинг муассиси деб ҳисоблашларини бошқа истамаслигини билдирди.

Turkmenistan.ru нашрининг хабар қилишича, ҳукумат мажлисида сўзлаган Бердимуҳаммедов ҳозирда даврий нашрларнинг кўпи «Муассис – Туркманистон президенти» ёзуви билан чиқаётганини қайд этган. Туркманистон президентига кўра, муайян нашрга унинг фаолият учун тўла жавоб берадиган ташкилот муассис бўлиши керак.

Бердимуҳаммедов масъулларга бу масалани кўриб чиқиб, Туркманистон нашрлари учун энг мувофиқ муассисларни белгилаш вазифасини топширган.

Январ ойида Туркманистонда медиа соҳасидаги чекловларни бекор қилувчи қонун қабул қилинганди.

Порт Саиддаги тартибсизликда 22 одам ўлди

Миср маҳкамаси Порт Саид стадионида келиб чиққан ўтган йилги тўқнашувлар бўйича 21 шахсни ўлим жазосига ҳукм этиши ортидан бугун тартибсизликлар рўй берди.

Маҳкумларнинг тарафдорлари уюштирган тартибсизликда камида 22 одам ҳалок бўлди, икки юздан ортиқ одам яраланди.

Миср давлат телевидениесининг хабар беришича, айбланувчиларнинг тарафдорлари тергов изолятори томон юриш қилиб, бинони ишғол қилишга уринган.

Ўтган йил феврал ойида Порт Саид стадионида ал-Масри ва Қоҳиранинг ал-Аҳлу клублари ўртасида лига ўйинлари доирасида ўтган учрашув пайти рўй берган тўқнашувларда 74 киши ҳалок бўлганди.

Чехиядаги президентлик сайловида Милош Земан ғолиб бўлди

Чехияда Милош Земан президент этиб сайланди. Сайловчиларнинг 55 фоизидан кўпи Земанга овоз берган.

Унинг рақиби Карел Шварценберг 44 фоиз овоз қозонган. Сайловнинг 11-12 январ кунлари ўтказилган биринчи босқичида собиқ бош вазир Милош Земан ва мамлакатнинг жорий ташқи ишлар вазири Карел Шварценберг ғолиб чиққан эди.

Чехияда президент беш йилга сайланади. Милош Земан тўқсонинчи йиллар оҳирида Чехия бош вазири бўлган.

Порт Саиддаги тартибсизликлар бўйича Мисрда 21 одам ўлимга маҳкум этилди

Мисрда футбол ишқибозлари ўртасида ўтган йилнинг февралида келиб чиққан тўқнашувлар бўйича 21 киши ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Порт Саид стадионида ал-Масри ва Қоҳиранинг ал-Аҳлу клублари ўртасида лига ўйинлари доирасида ўтган учрашув пайти рўй берган тўқнашувларда 74 киши ҳалок бўлганди.

Айни пайтда Сувайишда жума куни полиция ва намойишчилар ўртасида келиб чиққан тўқнашувларда камида 7 одам ҳалок бўлган, 450дан ортиқ одам яраланган.

Мамлакат армияси шаҳар кўчаларида ҳарбий қўшин ҳамда танк ва зирҳли машиналарни жойлаштирган.

Мисрдаги тўқнашувлар ортидан танклар кўчага чиқарилди

Мисрнинг Сувайиш шаҳрида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз бериши ортидан мамлакат армияси танк ва ҳарбий бўлинмалари шаҳар кўчаларига чиқарилди.

Миср президенти Муҳаммад Мурсий айни пайтда ўз фуқароларини зўравонликни тўхтатишга ва ўз норозиликларини тинч ифода этишга чақирди.

Мисрда норозилик тўлқини Ҳусни Муборак режимини ағдарган инқилобнинг икки йиллиги арафасида кучайди.

Намойишчилар президент Муҳаммад Мурсий ва Мусулмон биродарлиги ҳаракатини берган ваъдалари устидан чиқмаётганликда айблашмоқда.

Тўқнашувлар жума куни Миср пойтахти Қоҳирадаги Таҳрир майдонида ҳам рўй берди.

Венесуэладаги қамоқхонасида рўй берган тартибсизликда камида 50 одам ўлди

Венесуэла ғарбидаги қамоқхоналарнинг бирида юз берган тартибсизликлар оқибатида камида эллик одам ҳалок бўлди, тўқсондан ортиғи яраланди.

Ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги махбуслардир. Шунингдек, қурбонлар орасида қамоқхона нозирлари ва ҳарбий ҳизматчилар ҳам бор.

Хабарларга кўра, Баркисимето шаҳридаги қамоқхонага миллий гвардия ходимлари текширув ўтказиш учун келган пайт рўй берган.

Текширувчилар айрим махбуслар қуроллангани ҳақидаги хабарлар ортидан қамоқхонага юборилган.

Чехияда президентлик сайловининг иккинчи давраси бўлиб ўтяпти

Чехияликлар президентликка икки номзоддан бирини сайлашлари керак.

Сайловнинг 11-12 январ кунлари ўтказилган биринчи босқичида собиқ бош вазир Милош Земан ва мамлакат ташқи ишлар вазири Карел Шварценберг ғолиб чиққан эди.

Пенсия ёшидаги ҳар икки номзод Чехиянинг Европа Иттифоқига интеграциялашуви тарафдоридир.

Чехияда президент беш йилга сайланади. Сайловнинг дастлабки натижалари бугун кечга яқин эълон қилинади.

Москва проспектларидан бирига Владимир Высоцкий номи бериш таклифи билан чиқилди

Таниқли рус шоири ва қўшиқчиси Владимир Высоцкий таваллудининг 75 йиллиги Россияда кенг нишонланмоқда.

Шоир юбилейи муносабати билан бир гуруҳ россиялик депутатлар Москва проспектларининг бирига Высоцкий номини бериш таклифи билан чиқишди.

Владимир Высоцкий бир қатор филмлар, жумладан Учрашув жойини ўзгартириб бўлмайди филмидаги Глеб Жиглов роли орқали ўзбек томошабинига таниш.

Шунингдек, бир қатор ўзбек ижодкорлари Высоцкий шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.

Владимир Высоцкий 1980 йилнинг ёзида, 42 ёшида, юрак хуружидан вафот этган эди. соцкий 1980 йилнинг ёзида, 42 ёшида, юрак хуружидан вафот этган эди.

МРБнинг собиқ ходими 2 йилга қамалди

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Жон Кириаку суд ҳукми билан икки йилга озодликдан маҳрум этилди. У Қўшма Штатлар разведкаси офицери исмини ошкор қилишда айбланиб судланган эди.

Суд жараёнида Кириаку Марказий разведка хизматида тергов пайтида ноқонуний усуллар қўлланилишини фош этгани учун ҳам таъқиб қилинаётганини билдирди. Суд Кириакунинг ўзи ҳам терговда ноқонуний усулларни қўллаганини билдириб, унинг иддаосини рад этди.

Ўтган йил кузида Жон Кириаку ҳақиқат ва адолат учун курашганларга бериладиган Жо Коллоуэ Америка мукофотига сазовор бўлган эди.

Ўшлик аёл учоқда фарзандли бўлди

“Россия” авиакомпаниясининг қирғизистонлик йўловчиси 22 январ куни Санкт-Петербуг-Ўш йўналиши бўйича учиб келаётиб тўсатдан кўзи ёриди. Бу ҳақда авиаташувчининг “Живой журнал” блогига таянган ҳолда “Интерфакс” хабар тарқатади.

Хабарда айтилишича, Ўш шаҳрига қўнишга бир соат қолганида Гулдана Шерикпай қизини тўлғоқ тута бошлаган. Самолёт йўловчилари орасида врач топилгунига қадар, стюард Алексей Романюк Гулданадан туғруқни қабул қилиб олган.

Айни пайтда Гулдана Ўш шаҳар туғруқхонасида экани айтилмоқда. Янги туғилган чақалоқ туғруқхонага етиб келгунича шамоллаб қолгани туфайли ҳозир реанимацияда даволанмоқда.

Freedom House Асқаров иши судда қайта кўрилишини талаб қилмоқда

Ўш қирғинида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган қирғизистонлик ўзбек миллатига мансуб ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров иши судда қайта кўрилиши керак. Freedom House халқаро ташкилотининг янги ҳисоботида мана шу ҳақда гап боради.

Ҳисоботда айтилишича, Азимжон Асқаровга нисбатан маҳкама жараёнида ўнлаб қонунбузарликлар кузатилган.

Халқаро ташкилотлар 2010 йилги Ўш қирғини пайтида милиция ходимини ўлдирганликда ва тартибсизликларни уюштирганликда айбланиб бир умрга қамалган Азимжон Асқаров иши сиёсийлаштирилгани ҳамда соҳталаштирилганини айтиб келади.

Мисрда инқилобнинг 2 йиллиги нишонланмоқда

Мисрда собиқ президент Ҳусни Муборакни ҳокимиятдан ағдарган инқилобнинг 2 йиллиги муносабати билан амалдаги ҳукумат тарафдорлари ва мухолифларининг намойишлари ўтказилди.

Мухолиф сиёсатчи Муҳаммад ЭлБарадеи эълон қилган баёнотда “ҳар бир одамни Мисрнинг ҳар бир шаҳар ва қишлоғида кўчага чиқиб инқилоб якунланиши лозимлигини намойиш қилишга чақираман”, дейилади.

Қоҳира марказидаги Таҳрир майдонига минглаб мухолифат фаоли чиқди. Муҳаммад Мурсий ҳукуматини ёқловчилар ҳам майдонда пайдо бўлгани икки томон ўртасида кичик-кичик тўқнашувларга сабаб бўлди.

Оломонни тарқатиш учун кўз ёшини оқизувчи газни ишга солган полициячиларга қарата намойишчилар тош отди.

Искандария шаҳрида ҳам тош отган намойишчиларга қарши кўз ёшини оқизувчи газ қўлланди.

Пайшанба куни президент Мурсий ўз тарафдорларини инқилоб 2 йиллигини тинч намойиш билан нишонлашга чақирди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG