Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 06:34

Халқаро янгиликлар

БМТ Исроилни Фаластин ҳудудларидан яҳудий кўчкиндиларни олиб чиқишга чақирди

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассислари Исроилни Фаластиннинг эгаллаб олинган ҳудудларида яҳудий маҳаллаларини қуришни тўхтатиш ва у ердан яҳудий кўчкиндиларни олиб чиқишга чақирди.

Пайшанба куни эълон қилинган ҳисоботда мазкур масала юзасидан текширув ўтказган БМТ мутахассислари Исроилни инсонпарварлик қонунларини “жиддий тарзда бузганлик”да айблади.

Исроил БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан ўтган йилнинг март ойида ташкил қилинган текширув гуруҳи билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиб келади.

Бу хусусда пайшанба куни муносабат билдирган Исроил расмийлари ҳисоботни “нохолис” дея атаб, тинчлик ўрнатиш уринишларига путур етказади дея таъкидлади.

Ҳисоботда айтилишича, фаластинликлар келгусида қурмоқчи бўлган давлатнинг бир қисми деб кўарадиган ҳудудлар, жумладан Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда ташкил қилинган 250ка яқин маҳаллада 520 мингга яқин яҳудий кўчкиндиси яшайди.

Мазкур ҳужжат эълон қилинишидан икки кун аввал Исрил тарихда биринчи бўлиб БМТ тарафидан ўзидаги инсон ҳуқуқлари вазиятига баҳо беришини бойкот қилишини эълон қилди.

Жалолободда Ата-Журт партиясининг юзлаб тарафдори намойишга чиқди

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида ҳибсда қолаётган Ата Журт партияси етакчиларининг 700га яқин тарафдори норозилик намойиши ўтказди.

Пайшанба кунги намойиш иштирокчилари мухолифатчилар устидан суд одил бўлиши, ҳибсдан уй қамоғига ўтказилиши ва парламентнинг дарҳол тарқатиб юборилишини талаб қилишди.

Намойишчиларнинг камида 50 нафари от миниб келди. Норозилар ўз талаблари қондирилмайдиган тақдирда яна кўплаб намойиш уюштириш тўғрисида резолюция қабул қилди.

Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитовлар тартибсизликларни келтириб чиқарганлик ва ҳукуматни ағдаришга уринганликда айбланмоқда. Уалрнинг уччаласи октябр ойида зўравонликка айланиб кетган аксил ҳукумат намойишини уюштирганидан кейин ҳибсга олинган эди. Улар устидан ўтаётган суд пайшанба куни давом этди.

Бишкек марказида бир аёл ўзига ўт қўйди

31 январ куни Қирғизистон парламенти биноси олдида Жипарқан Ўмурова исмли аёл ўғлининг ноҳақ қамалганига норозилик билдириб, ўзига-ўзи ўт қўйди.

Бахтли тасадиф туфайли олов милиция ходимлари тарафидан тезда ўчирилди ва аёл тез тиббий ёрдам хизмати машинасида касалхонага олиб кетилди.

Ўзига бензин ёрдамида ўт қўйишидан олдин 51 ёшли Жипарқан Ўмурова Озодлик радиосининг қирғиз хизмати мухбирлари билан суҳбатлашиб, Бишкекка Норин вилоятидан келгани, қамалган ўғлининг иши бўйича адолат излаётганини гапирди.

Ўмурованинг ўғли бировни гуруҳ бўлиб дўппослашда қатнашганликда айбланган. Унинг иддао қилишича, Норин шаҳар суди уни далиллар йўқлиги туфайли оқлаганига қарамасдан, вилоят суди 13 йилга қамаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзига ўт қўйган аёл 2-3 даражадаги кўйиш билан Бишкек шаҳридаги Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот марказига ётқизилганини маълум қилди.

Тожикистон вояга етмаган меҳнат муҳожирларини Россиядан қайтармоқчи

Тожикистон Миграция хизмати бошлиғи Сайфулло Девонаев Россияда 74 минг нафар 18 ёшдан кичик бўлган тожикистонлик меҳнат қилаётганини билдирди.

Девонаев Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида тожик болаларининг Россияга меҳнат муҳожирлигига кетиб қолиши олдини олиш учун ҳукумат комиссияси тузилганини маълум қилди.

Матбуот анжуманида қатнашган ички ишлар вазирлиги ўсмирлар масалалари бўйича бошқармаси бошлиғи Латиф Зокиров ҳукумат 2012 йилда ўнлаб ўсмирни Россиядан Тожикистонга қайтарганини таъкидлади.

Ҳар йили Россияга Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан миллионлаб меҳнат муҳожирлари тирикчилик қидириб кетади.

Расмий маълумотларга кўра, биргина Ўзбекситондан 2,4 миллинга яқин одам Россияда меҳнат қилади. Норасмий манбаларда бу рақам 5 миллиондан 8 миллионгачани ташкил қилиши айтилади.

Марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги Россияда нолегал тарзда ишлаши айтилади.

Эрон уранни бойитиш ишларини жадаллаштирмоқчи

Эрон Натанздаги ядровий заводда қўшимча мингта центрифуга ўрнатиш режаларидан АЭХАни хабардор қилди.
Ғраб дипломатлари Эрон уранни бойитиш дастурини сезиларли тарзда тезлаштириш ниятида эканини айтмоқда.

Дипломатларнинг пайшанба куни Associated Press ва Reuters агентликларига маълум қилишича, расмий Теҳрон Атом энергияси халқаро агентлигини Натанздаги ядровий заводда қўшимча мингта центрифуга ўрнатиш режаларидан хабардор қилган.

Бу эса Эронга уранни ҳозиргидан 2-3 баробар тезроқ бойита олиш имкониятини бериши мумкин. Бу режалар Эроннинг халқаро ҳамжамиятнинг уранни бойитиш ишларини тўхтатиш талабларини рад қилишини ҳам англатади.

Шахслари ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган дипломатларга кўра, Эрон бу ҳақдаги расмий билдиришномани атом агентлигига 23 январ куни юборган.

Ғарб давлатлари Эрон ўз ядровий дастури ёрдамида атом қуролини яратишга уринаётганликда айблайди. Теҳрон бу айбловларни рад этиб, ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашини айтиб келади.

Вашингтон Москва "ўзини ўзи мағлуб" қилганидан таассуф билдирди

Қўшма Штатлар Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти ва наркотикларни назорат қилиш масаласида ҳамкорлик тўғрисидаги икки томонлама келишувни бекор қилганидан таассуф билдирди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Виктория Нуланд Москванинг мазкур қарорини “ўзини ўзи мағлуб қилиш”, дея атади.

Россия ҳукумати расмий сайтида чоршанба куни эълон қилган баёнотда бу келишув “бугунги воқеликка мос келмаслиги ва ўз потенциалини йўқотгани” таъкидланади. 2002 йилда имзоланган келишувга кўра, Вашингтон Москвага наркотрафик ва бошқа жиноятлар, жумаладан одам савдоси, Интернет технологиялари билан боғлиқ жиноятлар, пул ювиш, коррупция ва террорчиликка қарши кураш ҳаракатлари учун молиявий ёрдам кўрсатиб келган.

Москванинг чоршанба кунги қарори АҚШ-Россия муносабатлари совуқлашиб бораётган пайтга тўғри келди. Россия Давлат думасининг халқаро масалалар бўйича қўмитаси раиси Алексей Пушков, чоршанба куни қилган чиқишида Москва Вашингтондан “тобеълик билан хайрлашув жараёнини бошдан кечирмоқда”, дея баён қилди.

Сурия Исроил ҳаво кучлари ҳужумига учраганини билдирди

Сурия армияси Исроил учқичлари тарафидан чоршанба куни саҳар уюштирилган ҳаво ҳужумида Жамрая шаҳридаги ҳарбий тадқиқот маркази нишонга олинганини маълум қилди.

Сурия армиясига кўра, ҳужум оқибатида тадқиқот марказида икки киши ҳалок бўлган ва беш киши жароҳатланган.

Баёнотда Исроил ҳарбийларининг Суриянинг Ливан билан чегарадош ҳудудида Ҳизбуллоҳ жанггари гуруҳига қурол олиб кетаётган карвонни нишонга олганига оид хабарлар инкор қилинади.

Исроил расмийлари ва Ҳизбуллоҳ вакиллари бу хусусда изоҳ беришдан бош тортди. Сурия қурол-аслаха ортилган карвон бўлмаганини баён қилди.

Исроил Сурияда давом этаётган уруш оқибатида бу мамлакатдаги кимёвий қуроллар арсенали Ҳизбуллоҳ гуруҳи ёки Ал-Қойда каби террорчи ташкилотлар қўлига тушиб қолиши эҳтимолидан хавотир билдириб келади.

Аризона штатидаги отишмада уч киши жароҳат олди

АҚШнинг Аризона штатида номаълум шахс тарафидан уюштирилган қуролли ҳужумда уч киши жароҳат олди.

Ҳужум чоршанба куни Феникс шаҳрида жойлашган офис мажмуасида юз берган. Жароҳат олганларнинг бири оғир аҳволда экани айтилмоқда.

Қуролли ҳужум сабаблари ва ким тарафидан уюштирилгани ҳозирча аниқ эмас.

АҚШда сўнгги ойларда оддий фуқаролар тарафидан уюштирилаётган қуролли ҳужумлар сони кўпайгани сабаб қурол устидан назоратни кучайтириш бўйича қизғин баҳслар олиб борилмоқда.

Эслатамиз, ўтган йилниг 14 декабр куни Коннектикут шатидаги бошланғич мактаблардан бирида уюштирилган ҳужумда 26 киши отиб ўлдирилган эди. Ҳалок бўлганларнинг 20 нафари 6-7 ёшли ўқувчилар бўлган.

Карачидаги портлашда икки киши ҳалок бўлди

Покистоннинг порт шаҳри Карачида юз берган бомба портлашида икки киши ҳалок бўлди.

Маҳаллий полиция чоршанба куни Карачининг Суҳроб Гос мавзесида рўй берган портлаш сабаблари ва унинг ортида ким турганини ўрганмоқда.

Карачи Покистоннинг энг катта шаҳри ва иқтисодий маркази ҳисобланади. Шаҳардаги сиёсий ва миллий танглик туфайли портлашлар ва тўқнашувлар тез-тез юз бериб туради.

2012 йилда Карачида уюштирилган ҳужумлар ва тўқнашувларда 2000 дан кўпроқ киши ҳалок бўлган эди.

Toyota миллиондан ортиқ енгил автомобилни қайтариб олади

Япониянинг Toyota автомобилсозлик корпорацияси ўзида ишлаб чиқарилган бир миллиондан ортиқ енгил автомобилни қайтариб олишга қарор қилган.

Автомобил ишлаб чиқарувчи гигантнинг мазкур қарорни олишига бу сафар машиналар деразаларини ювадиган мосламаси ҳамда ҳимоя ёстиқлари механизмида нуқсонларнинг топилгани сабаб бўлган.

Ҳаммаси бўлиб Corolla ва Corolla Matrix русумидаги 900 мингта ҳамда Lexus IS русумидаги 400 мингта машина қайтариб олинади.

Бу автомобилларнинг катта қисми АҚШда экани айтилмоқда. Ўтган йил ҳам Toyota дунё бозорларидан ўзи ишлаб чиқарган Yaris, Corolla ва Camry моделли 7 миллиондан зиёд автомобилларини қайтариб олганди.

Ўшанда машиналар ён деразаларини очиб-ёпувчи мосламаларидаги нуқсонларнинг топилгани бунга сабаб бўлган.

Toyota дунёдаги автомобил ишлаб чиқарувчи йирик ширкатлардан бири ҳисобланади. Ширкат ўтган йили дунё бозорида 9,75 миллион машина сотган. Бу 2011 йилдагига қараганда 22 фоизга кўпдир.

Пан Ги Мун: Суриядаги зўравонликларга чек қўйиш керак

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Суриядаги зўравонликларга чек қўйиш кераклигини таъкидлади.

Чоршанба куни Қувайтда суриялик қочқинларни қабул қилган мамлакатларга молиявий ёрдам кўрсатишга бағишланган конференцияда нутқ сўзлаган Пан Ги Мун Суриядаги аҳвол ўта аянчли нуқтага етганини қайд этди.

Тадбир давомида 700 минг суриялик қочқинни қабул қилган Сурияга қўшни мамлакатлар учун 1 миллиард АҚШ доллари йиғиш ваъда қилинди.

БМТ ва Араб Лигаси тинчлик элчиси Лахдар Браҳимий Суриядаги нотинчликлар “мисли кўрилмаган даражадаги даҳшат”га айлангани ва унда ҳар икки тараф – ҳукумат кучлари ва исёнчилар тарафидан жиноятлар содир этилаётганини билдирди.

Сешанба куни Сурия мухолифати Алеппо шаҳрида қўллари боғланган ҳолда қатл қилинган 65 нафар эркак ва бола жасадларини топган эди. Исёнчилар қотиллик учун Сурия ҳукуматини айблади.

Бироқ ҳозирча оммавий қатл ортида қайси тараф турганини аниқлаш имкони йўқ.

Жон Аллен: Афғон кучларини тайёргаликдан ўтказиш жадал кечмоқда

Афғонистонда маҳаллий хавфсизлик кучларини тайёргаликдан ўтказиш жараёни кутилганидан жадалроқ кечмоқда.

Афғонистондаги АҚШ ҳарбий кучлари бош қўмондони Жон Аллен бу ҳақда чоршанба куни таъкидлади.

Генерал Алленга кўра, ҳозирда Афғонистонда Толибон жанггариларига қарши олиб борилаётган ҳарбий амалиётларнинг саксон фоизи маҳаллий афғон кучлари амалга оширмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама ва Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзай шу ой бошида Вашингтонда ўтказган музокаралари пайти Афғонистондаги хорижий кучлар ҳарбий амалиётларини шу йил баҳор ойларидаёқ тўхтатишлари ва барча ҳарбий амалиётлар устидан қўмондонлик қилиш афғон армияси зиммасига топширилиши борасида келишгандилар.

Ҳозир Афғонистонда АҚШнинг 68.000 сонли қўшини бор. Афғонистондаги жаъми НАТО кучларининг сони эса, 102.000 ҳарбийни ташкил этади. Келаси йил якунига бориб, АҚШ ва НАТО кучларининг аксарияти бу мамлакатни тарк этиши лозим.

Москва суди Екатерина Самуцевич даъвосини кўриб чиқишдан бош тортди

Бугун Москва шаҳар суди Pussy Riot панк гуруҳи аъзоси Екатерина Самуцевичнинг гуруҳ видеороликлари экстремистик руҳда деб топилган Замоскворецкий маҳкамаси қарори юзасидан киритган даъвосини кўриб чиқишдан бош тортди.

Аввалроқ Москванинг Замоскворецкий туман суди Pussy Riot гуруҳининг "Ҳудойим Путинни ҳайда" деб номланган қўшиғига ишланган клипи ва гуруҳнинг бошқа роликлари бузғунчилик руҳига эгалигини таъкидлаб, видеоёзувларига тўсиқ қўйилишини тўғри деб топганди.

Pussy Riot панк-гуруҳининг ўтган йил озодликка чиқарилган аъзоси Екатерина Самуцевич эса "Биз маҳкама чиқарган айбловдан рози эмасмиз, роликларимизда ҳеч қандай экстремистик маъно йўқ", деб айтган ва маҳкама қарори бўйича шикоят киритганди.

Pussy Riot панк-рок гуруҳи ўзининг Исо Масиҳ эҳромида қилган чиқишидан кейин машҳур бўлиб кетган.

Гуруҳнинг уч аъзоси маҳкамага тортилган эди. Ҳозирда Pussy Riot гуруҳининг икки аъзоси Надежда Толоконникова и Мария Алехина қамоқда икки йиллик жазони ўтамоқда.

Қозоғистон учқич ҳалокати қурбонларига мотам тутмоқда

Бугун Қозоғистоннинг Олма ота шаҳрида сешанба кунги авиаҳалокатда ҳалок бўлганларнинг жасадлари аниқланмоқда.

31 январ мамлакатда мотам куни деб эълон қилинган.

Маҳаллий “Скат” авиаширкатига тегишли бўлган Bombardier Canadair Regional Jet - Challenger 200 бизнесс классдаги учоғи сешанба куни ҳалокатга учраши оқибатида 16 киши ҳалок бўлган эди.

Кўкчатаувдан Олма отага учиб келаётган учоқ Қизил ту поселкасида қулаб тушди.

Қозоғистонда бундан бир ой муқаддам 25 декабр куни Чимкент яқинида ҳарбий АН-72 учоғи ҳалокатга учраганди.


Учоқ бортида бўлган 27 кишининг ҳаммаси ҳалок бўлган.

АҚШ Сенати Жон Керрини давлат котиби этиб тайинлади

АҚШ Сенати Давлат котиби лавозимига кўрсатилган Жон Керри номзодини маъқуллади.

Сешанба куни ўтказилган овоз бериш тадбирида Керрини 94 сенатор қўллаган, уч сенатор унинг номзодига қарши чиққан.

Қасамёд келтирганидан сўнг Жон Керри сўнгги тўрт йил давомида Давлат котиби лавозимида ишлаб келган Хиллари Клинтон ўрнини эгаллайди.

Массачусетс штатидан сенатор этиб сайланган Керри сўнгги йилларда АҚШ Сенатининг Ташқи ишлар қўмитасига раҳбарлик қилиб келган.

69 ёшли Жон Керри бир неча бор мукофотланган Ветнам уруши ветеранидир. У 2004 йилги президентлик сайловларида Демократлар партиясидан номзод бўлган эди.

БМТ суриялик қочқинларни қабул қилган мамлакатлар учун молиявия ёрдам йиғади

БМТ чоршанба куни Қувайтда суриялик қочқинларни қабул қилган мамлакатларга молиявий ёрдам кўрсатишга бағишланган конференция ташкил этишни режалаштирган.

Тадбир давомида 700 минг суриялик қочқинни қабул қилган Сурияга қўшни мамлакатлар учун 1 миллиард АҚШ доллари йиғиш масаласи муҳокама этилиши айтилмоқда.

БМТ ва Араб Лигаси тинчлик элчиси Лахдар Браҳимий Суриядаги нотинчликлар “мисли кўрилмаган даражадаги даҳшат”га айлангани ва унда ҳар икки тараф – ҳукумат кучлари ва исёнчилар тарафидан жиноятлар содир этилаётганини билдирди.

Сешанба куни Сурия мухолифати Алеппо шаҳрида қўллари боғланган ҳолда қатл қилинган 65 нафар эркак ва бола жасадларини топган эди.

Исёнчилар қотиллик учун Сурия ҳукуматини айблади. Бироқ ҳозирча оммавий қатл ортида қайси тараф турганини аниқлаш имкони йўқ.

БМТ Эрон ядровий объектида портлаш бўлганини тасдиқламади

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) Эроннинг ядровий объектларидан бирида портлаш бўлганини тасдиқловчи маълумот топмаганини эълон қилди.

Ўтган ҳафта Исроил ва бошқа давлатлардаги оммавий ахборот воситалари Эрондаги уранни бойитувчи “Фордов” ер ости заводида портлаш бўлгани ва завод катта талафот кўргани ҳақида хабар тарқатган эди.

Душанба куни расмий Теҳрон бу маълумотни "Ғарб пропагандаси" деб атаб, портлаш бўлганини инкор этганди.

ХАЭА матбуот котиби Гилл Тудор Эрон расмийлари жавоби агентлик кузатувларига мос келишини билдирди.

АҚШ ҳукумати ҳам портлаш бўлгани ҳақидаги маълумот асоссиз эканига ишонишини билдирган.

2011 йилда ишга туширилган “Фардов” номли ер ости заводи уранни 20 фоизгача бойитиш имкониятига эга.

Эрон бойитилган уран Теҳрондаги тиббий тадқиқот реактори учун кераклигини айтиб келади.

Бироқ Ғарб давлатлари Эронни яширинча ядровий қурол яратишга уринаётганликда айблаб келмоқда.

Сурия: Исёнчилар Алеппода қатл этилган ўнлаб одам жасадни топди

Сурия мухолифати Алеппо шаҳрида қўллари боғланган ҳолда қатл қилинган 65 нафар эркак ва бола жасадларини топди.

Сурия ҳукуматига қарши қуролли кураш олиб бораётган исёнчилар ва қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти маълумотига кўра, қурбонлар боши ёки бўйнига отилган битта ўқдан ўлган.

Исёнчилар қотиллик учун Сурия ҳукуматини айблади.

Айни пайтда, президент Башар Ал-Ассал ҳукумати кучлари ва исёнчи гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда.

Беш кун давом этган шиддатли отишмалардан сўнг 29 январ куни исёнчилар Сурия шарқида жойлашган Дейр Ал-Зор шаҳридаги ҳукумат разведка хизматига қарашли бинони ишғол қилиб, бинода сақланган бир неча маҳбусни озод қилган.

Украина: Журналист Гонгадзени ўлдирган генерал умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Киев шаҳрининг Печера туман суди Украина Ички ишлар вазирлигининг кузатув департаменти собиқ бошлиғи генерал Алексей Пукачни журналист Георгий Гонгадзени бўғиб ўлдирганликда айбдор, деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Суд Пукачни унвонидан ҳам маҳрум қилди.

Ҳукумат раҳбарлари орасида коррупцияга оид журналистик суриштирув олиб борган Георгий Гонгадзе 2000 йил сентябр ойида ўғирлаб кетилган. Унинг бошсиз жасади Киев ташқарисида топилган.

Прокуратура 2011 йилда ўша пайтдаги Украина президенти Леонид Кучмани Гонгадзе ўлдирилишига алоқадорликда айбланган. Лекин Украина суди кейинчалик Кучмадан бу айбловни олиб ташлаган.

Алексей Пукач агар Кучма ва бошқалар жавобгарликка тортилса, суд ҳукмини тан олишини айтган.

Генерал Ал-Сиси: Сиёсий бўҳрон Мисрни таназзулга олиб келиши мумкин

Миср пойтахти Қоҳиранинг Таҳрир майдони, 2012 йил 28 январ.
Миср қуролли кучлари қўмондони ва Мудофаа вазири генерал Абдул Фаттоҳ Ал-Сиси мамлакатда юзага келган сиёсий бўҳрон давлатни таназзулга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Мудофаа вазири ҳозирда Миср дуч келаётган иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий муаммолар “давлат хавфсизли ва яхлитлигига ҳақиқий таҳдид экани”ни таъкидлади.

Ал-Сисининг ушбу баёноти сешанба куни ҳарбий академия кадетларига мурожаати пайтида янгради.

Миср бўйлаб бир неча кундан бери давом этаётган зўравонликларда 50 дан ортиқ одам нобуд бўлди.

Исломий кучларга доҳил Миср Президенти Муҳаммад Мурсий тартибсизликлар авжига чиққан Порт Саид, Исмоилия, Сувайш шаҳарларида бир ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бироқ одамлар коммендантлик соатига риоя қилмади.

Сешанбага ўтар кечаси Порт Саид, Исмоилия, Сувайш ва пойтахт Қоҳирада норозилик намойишчилари билан полиция ўртасида тўқнашувлар рўй берди.

Франция ва Мали кучлари Тимбукту шаҳрини ишғол қилди

Франция ва Мали ҳукумати кучлари қадимий Тимбукту шаҳрини ўз назоратига олди.

Франция расмийларига кўра, француз ва Мали кучлари шаҳарга кирган пайтда исломчилар қаршилигига учрамаган.

Бироқ жанггарилар шаҳардан чиқиб кетишидан олдин бебахо қадимий қўлёзмалар сақланган кутубхонани ёқиб юборган.

Маданий бойликларга етган зарар кўлами ҳозирча маълум эмас.

БМТнинг таълим, фан ва маданият ташкилоти – ЮНЕСКО Тимбуктуни Жаҳон меъроси саналган шаҳарлари рўйхатига киритган.

Франция Президенти Франсуа Олланд француз ва Мали кучлари исломчилар ҳукмронлигини тугатиш учун олиб борилаётган урушда ғолиб чиқмоқда, дея баён қилди.

Айни пайтда, Халқаро валюта жамғармаси Мали ҳукуматига 18,4 миллион доллар миқдорида фавқулодда ёрдам ажратишга рози бўлди.

Покистонлик шифокорларга ҳужумда бир полициячи ўлди

Покистон шимоли-ғарбида болаларни полиомиелитга қарши эмлаш кампаниясини олиб бораётган шифокорларга жанггарилар ҳужум қилгани оқибатида уларни қўриқлаб кетаётган полициянинг бир ходими ҳалок бўлди.

Покистон полициясига кўра, шифокорларга ҳужум сешанба куни Ҳайдар Пахтунхва минтақасида амалга оширилган.

Қуролланган уч жанггари ҳужум қилган пайтда икки шифокор ва бир полиция ходими уйма-уй юриб эмлаш ишларини олиб бораётган бўлган.

Ҳужум пайтида икки шифокор воқеа жойидан соғ-саломат қочишга муваффақ бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олмади.

Ўтган ой Покистон бўйлаб уюштирилган шу каби ҳужумларда полиомиелитга қарши эмлаш кампаниясида иштирок этган тўққиз шифокор нобуд бўлган.

Олмаота яқинида самолёт ҳалокатида 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани айтилмоқда

29 январ куни эрталаб Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри яқинида йўловчи самолёт ҳалокатга учради.

Дастлабки хабарларга кўра, ҳалокат оқибатида самолёт бортидаги барча йўловчи нобуд бўлган.

Newsru.com нашрининг хабар қилишича, воқеа жойида қутқариш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳукуматдаги манбага таяниб, КазТаг ахборот агентлигининг хабар беришича, йўловчи самолёт Олмаота шаҳрига бир километр қолганда ерга қулагани оқибатида 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Gazeta.kz Интернет нашри SCAT авиаширкатига қарашли Challenger 200 русумидаги самолёт "Кўкчатов-Олмаота" рейсини амалга ошираётган пайтда ҳалокатга учраганини маълум қилди.

ИТАР-ТАСС ахборот агентлигига кўра, ерга қулаган самолёт бортида 15 нафар йўловчи ва беш нафар экапаж аъзолари бўлган.

Мисрда норозилик намойишлари давом этмоқда

Миср пойтахти Қоҳира ҳамда Искандария, Порт Саид, Исмоилия ва Сувайш шаҳарларида душанба куни кечқурун уюштирилган намойишларда минглаб одам иштирок этди.

Хабарларга кўра, Қоҳирада намойишчилар ва полиция ўртасида рўй берган тўқнашувда камида бир одам ўлган ва полициянинг иккита автомобили ёқиб юборилган.

Айни пайтда, Миср мухолифати тартибсизликларга барҳам бериш масаласини муҳокама этиш учун Мурсий таклиф қилган учрашувда иштирок этишни рад қилгани айтилмоқда.

Ўтган пайшанба куни рўй берган зўравонликларда элликка яқин одам нобуд бўлгани ва юзлаб одам жароҳат олганидан сўнг исломчилар қўллаб-қувватлаган президент Мурсий Порт Саид, Исмоилия ва Сувайш шаҳарларида фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.

Эронда фазога маймун учирилди

Эронда ичида маймун бўлган космик капсула фазога учирилгани хабар қилинмоқда. Эрон Мудофаа вазирлигининг билдиришича, мазкур тажриба муваффақиятли якунланган.

Хабарда айтилишича, ракета 120 километр баландилкка кўтарилган ва ерга қайтган. Бироқ маймуннинг аҳволи ҳақида маълумот берилмаган.

Эрон 2011 йилда ҳам фазога маймунни учиришга ҳаракат қилган, лекин бу тажриба муваффақиятсиз якунланган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG