Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 12:02

Халқаро янгиликлар

Чавес ўпка инфекцияси билан ҳам оғрияпти

Саратон касаллиги бўйича жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган Венесуэла Президенти Уго Чавес айни пайтда “ўткир” респиратор инфекцияси билан ҳам оғрияпти.

Бу ҳақда маълум қилган Венесуэла ахборот вазири Эрнесто Вилегасга кўра, ўпка касаллиги туфайли ҳозирда Чавеснинг нафас олишида ҳам муаммо пайдо бўлган.

Чавеснинг аҳволи бўйича бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаяпти.

Саратон касаллигига чалинган Уго Чавес 11 декабр куни Кубадаги касалхонада жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганидан бери касалхонада қолмоқда.

Венесуэла раҳбари 2011 йил ўрталарида саратонга чалинганидан буён тўртинчи марта операция қилинди.

58 ёшдаги Чавес ўтган ой бошида операция қилинганидан бери жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ.

ФАТҲнинг 48 йиллиги нишонланди

Ғазо шаҳрида Фаластин лидери Маҳмуд Аббос етакчилигидаги ФАТҲ ҳаракати ташкил топганининг 48 йиллиги нишонланди.

Ўн минглаб байроқ кўтарган ФАТҲ тарафдорлари Ғазо шаҳрига йиғилди.

ҲАМАС ҳаракати 2007 йилда Ғазо секторини ўз назоратига олганидан буён илк бор ФАТҲ тарафдорларига байрам қилишга розилик берди.

Бир ой аввал ҲАМАС ҳаракати ташкил этилганининг 25 йиллиги нишонланган ва бу байрамда ФАТҲнинг маҳаллий лидерлари ҳам қатнашган эди.

2011 йилда ФАТҲ ва ҲАМАС ўртасида ярашув келишуви имзоланган эди.

Швейцарияда икки ярим асрлик банк ёпилади

Wegelin&Co ўз мижозларига 1,2 млрд. долларлик солиқни тўлашдан қочишга кўмаклашганликда айбдор деб топилди.
Швецариядаги икки ярим асрлик тарихга эга Wegelin&Co банки ўз фаолиятини тўхтатиши ҳақида маълум қилди.

Мазкур банкка нисбатан америкалик бойларга солиқдан қочишга кўмаклашганлик айби эълон қилинганидан сўнг банк раҳбарияти шундай қарорга келган.

Пайшанба куни Ню Йорк суди Wegelin&Co банкини сўнгги ўн йил давомида ўз мижози бўлган 100 дан зиёд америкалик бойнинг жами 1,2 миллиард АҚШ долларлик солиқни тўлашдан қочишига кўмаклашганликда айбдор деб топди.

Банк 57 миллион долларни жарима сифатида тўлашга рози бўлган.

Wegelin&Co банкига 1741 йилда Швецариянинг St. Gallen шаҳрида асос солинган.

Малала Юсуфзай шифохонадан чиқди

Толиблар ҳужумига учраган покистонлик ўсмир қиз Малала Юсуфзай шифохонадан чиқди.

15 ёшли Малала ўтган йилнинг октябр ойида Покистоннинг Шимолий Вазиристон ҳудудида толиблар томонидан бўлган ҳужумда бошидан яраланган эди.

Британиянинг Бирменгем шаҳридаги касалхонада даволанган Малаланинг соғлиги тўла ўнгланмаган. У эндиликда даволанишни Бирменгемдаги вақтинчалик уйида давом эттириши айтилаяпти.

Шифокорларга кўра, январ охири ёки феврал бошида Малалланинг соғлигини тўла тиклаш учун яна бир жарроҳлик амалиётини ўтказиш режалаштирилган.

Юсуфзай оиласи яқинларидан бири Аҳмад Шоҳнинг айтишича, Малала ўз миссиясини давом эттиришни режалаштирмоқда.

- Мен Малала билан бир неча кун аввал гаплашганимда, у ўзини яхши ҳис қилаётганди. Мен ундан келажакдаги режалари ҳақида сўраганимда, у таълим, тинчлик ва тараққиёт йўлидаги миссиясини давом эттиришини айтди, дейди Аҳмад Шоҳ.

15 ёшли Малала Юсуфзай ўзи яшаган Сват водийсида қизларнинг таълим олишлари йўлида кампания олиб борган.

Жерар Депардье Россия фуқаролигини сўраганини тасдиқлади

Таниқли француз актёри Жерар Депардье солиқдан қочиб Россия фуқаролигини сўраганини тасдиқлади.

Депардье рус матбуотига очиқ хат йўллаб, президент Путин унинг илтимосини қабул қилгани учун миннатдорчилик билдирди.

Россиянинг 1- канали расмий сайтида эълон қилинган мактубда актёр Россияни "буюк демократия мамлакати" дея атаб, бу ерда яшаш "шарафли" экани ҳақида ёзган.

Депардье мактубини "Яшасин Россия" деган мисралар билан тугатган.

3 январь куни Россия Президенти Владимир Путин Жерар Депардьега Россия фуқаролигини бериш ҳақидаги фармонга имзо чекди.

Францияда йилига 1,3 миллион евродан ортиқ даромад кўрадиган фуқароларга 75 фоизлик солиқни кўзда тутувчи ҳукумат режаси эълон қилингач, Депардье Франция фуқаролигидан воз кечиши ҳақида баёнот берган эди.

Жерар Депардье турли жанжал ва шов-шувларга аралашиб, тез-тез жамоатчилик диққат марказига тушади.

Унинг яқинда Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова билан бошлаган ҳамкорлиги ҳам кескин танқидларга сабаб бўлди.

Сурия ҳукумати портлаш учун масъулиятни террорчиларга юкламоқда

Сурия пойтахти Дамашқдаги ёнилғи қуйиш шаҳобчаларидан бирида мина ўрнатилган автомобилнинг портлаши оқибатида камида 9 одам ҳалок бўлди.

Бу ҳақда Сурия ҳуқуқ фаоллари гуруҳи маълум қилди. Сурия давлат ахборот агентлиги портлаш ҳақидаги маълумотни тасдиқлади, аммо ҳалок бўлганлар сони ҳақида хабар бермади. Сурия ҳукумати портлаш “террорчи”лар томонидан амалга оширилганини билдирмоқда.

БМТ Сурияда 2011 йилнинг март ойидан бери давом этаётган зўравонликларда 60 мингдан ориқ одам ҳалок бўлганини эълон қилди. Сурияда президент Башар Асад ва исёнчилар ўртасидаги тўқнашувга фуқаролар уриши сифатида баҳо берилмоқда.

Туркияда Қуролли кучлар Бош штаби собиқ бошлиғи ҳибсга олинди

Туркияда мамлакат Қуролли кучлари Бош штабининг собиқ бошлиғи Исмоил Ҳақи Қарадаи ҳибсга олинди.

Маҳаллий матбуот тарқатган хабарларда айтилишича, бош штабни 1994-98 йиллар мобайнида бошқарган генерал Истанбулдаги уйида қўлга олинган. Мазкур амалиёт 1997 йилда исломчилар ҳукуматини ағдаришда ҳарбийларнинг роли қандай бўлганини аниқлаш юзасидан бошланган тергов доирасида амалга оширлигани айтилмоқда.

1997 йилда истеъфога чиқишга мажбур бўлган Бош вазир Нажмиддин Эрбақонни ўша пайтда сиёсатда исломнинг аҳамиятини кучайтирмоқчи бўлганликда айблашган эди.

Google раҳбарларининг Шимолий Кореяга бориш нияти танқидга олинди

АҚШ Давлат департаменти пайшанба куни Google ширкатининг икки раҳбари Шимолий Кореяга сафар қилишига норозилик билдирди.

Google ижрочи директори Эрик Шмидт ва Ню Мексика штатининг собиқ губернатори Билл Ричардсон Пхенянга сафар қилиш ниятида эканини эълон қилган эди.

Давлат департаменти расмийси Виктория Нуланд Шимолий Кореяга сафар қилиш учун “мутлоқ ноқулай пайт” танланганини айтди. Нуланд декабр ойида Шимолий Корея халқаро санкцияларга қарамай, баллистик ракета синовини амалга оширганини яна бир бор эслатиб ўтди.

Тожикистонда чегарачи наркотик билан қўлга олинди

Тожикистон чегара қўшинларининг ҳарбий хизматчиси мамлакат шимолида катта миқдордаги гиёҳвандлик моддаси билан қўлга олинди.

Маълумотга кўра, Ички ишлар вазирлигининг Сўғд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Нурек шаҳрида яшовчи 30 ёшли фуқарони гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишида гумон қилиб қўлга олган. У Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара қўшинлари бош бошқармасининг Қирғизистон билан чегарадош Исфара туманидаги ҳарбий қисмида зобит бўлиб хизмат қилган.

Тинтув пайтида унинг ёнидан 22 кг 738 грамм наша топилди.

Ҳиндистон полицияси талаба қизни зўрлаб, ўлдирган беш эркакка айблов эълон қилди

Бу ҳодиса Ҳиндистон ҳукуматига қарши оммавий норозиликларни келтириб чиқарди.
Ҳиндистон полицияси 23 яшар тиббиёт институти талабасини оммавий зўрлаганлик ва ўлдирганликда гумонланаётган беш эркакка расман айблов эълон қилди. Бу ҳодиса Ҳиндистон бўйлаб йирик намойишларга сабаб бўлди.

Оммавий зўрлашда иштирок этгани гумон қилинаётган яна бир йигит 18га кирмагани боис уни алоҳида, вояга етмаганлар ишлари бўйича маҳкамада суд қилиниши атйилмоқда.

16 декабр куни рўй берган воқеада, Ню Деҳлида автобусда кетаётган талаба қиз ва унинг ёнидаги йигит ҳужумга учраган эди. 23 ёшли талаба ҳужум оқибатида олган жиддий жароҳатлардан икки ҳафта ўтиб, Сингапурдаги касалхонада вафот этган эди.

Бу ҳодиса Ҳиндистон ҳукуматига қарши оммавий норозиликларни келтириб чиқарди. Кўпчилик ҳукуматни аёлларга қарши жинсий зўравонлик борасида чора кўрмаётганликда айблайди.

Ҳиллари Клинтон касалхонадан чиқди

Чоршанба куни Ҳиллари Клинтоннинг эри собиқ президент Билл Клинтон ва қизи Челси билан касалхонадан чиқиб кетаётгани туширилган суратлари эълон қилинди.
АҚШ Давлат департаментининг маълум қилишича, давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ню Йоркдаги касалхонадан чиққан. Шифокорлар Клинтоннинг бош қисмида тромб аниқлаб, уни касалхонага ётқизган эди.

Давлат департаменти баёнотига кўра, Клинтоннинг шифокорлари “унинг соғлиғи ҳар томонлама яхшиланаётгани ва унинг тўла тузалиб кетишига ишонч хосил қилгач”, унга чоршанба куни Ню Йорк Пресвитериан касалхонасидан жавоб берилган.

Чоршанба куни Клинтоннинг эри собиқ президент Билл Клинтон ва қизи Челси билан касалхонадан чиқиб кетаётгани тасвирга туширилган суратлари эълон қилинди.

65 ёшли Клинтон ўтган якшанба куни мияси ва бош чаноғи ўртасида қон тромби аниқланиб, касалхонага ётқизилган эди.

Тромбнинг пайдо бўлишига ундан аввал уйида хушидан кетиб, бошидан жароҳат олгани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Миср ҳукумат комиссияси Муборакни намойишчиларни ўлдиришга буйруқ берганликда айбламоқда

Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак умрбод қамоққа ҳукм қилинган.
Мисрда 2011 йилги халқ исёни пайтида намойишчиларнинг ўлими юзасидан текширув ўтказаётган ҳукумат комиссияси собиқ президент Ҳусни Муборак норозилик намойишлари ва уларга қарши қўлланилган куч кўлами ҳақида яхши хабари бўлган, дея хулоса қилди.

Комиссияга кўра, Муборак намойишлар ва хавфсизлик кучларининг қаттиқ куч қўллагани акс этган видеотасвирларни телевизордан кўриб турган.

Муборак аллақачон юзлаб намойишчининг ўлдрилишида айбдор, деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Лекин у намойишчиларни ўлдиришга буйруқ берганлик эмас, бунинг олдини ололмаганликда айбдор, деб топилган. Комияссия ҳисоботи 84 ёшли Муборакни қайта суд қилиш борасида ҳукуматга босимни кучайтириши мумкин.

Ҳисобот жамоатчиликка эълон қилингани йўқ, лекин ундаги хулосалар ҳукумат комиссиясининг бир неча вакили томонидан ошкор қилинди. Мазкур комиссия Миср Презденти Муҳаммад Мурсий томонидан июн ойида тузилган эди.

Путин Депардьега Россия фуқаролигини берди

Россия Президенти Владимир Путин француз актёри Жерар Депрадье билан шахсан таниш.
Россия Президенти Владимир Путин машҳур француз актёри Жерар Депрадьега Россия фуқаролигини бериш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

Депардьенинг Россия паспортини сўраб, мурожаат қилгани аниқ бўлмаса-да, ўтган ойда Путин 63 ёшли кино юлдузига Россия фуқаролигини беришга тайёр дея, билдирган эди.

Жерар Депардье Франция ҳукумати жорий қилган янги солиқ тизимига норозилик ўлароқ, бошқа давлат фуқаролигини олиш ниятини билдирган.

Францияда чиқдаиган “Le Monde” журналининг хабар қилишича, Депардье дўстларига Франция ҳукумати солиғидан қочиб, Белгия, Монтенегро ёки Россияга кўчиб кетиш ҳақида ўйлаётганини билдирган.

Франция Президенти Франсуа Олланд ҳукумати йиллик даромади 1,3 миллион евродан кўп бўлган французларга 75 фоизлик солиқни жорий қилиш режаларини эълон қилган.

Россияда барчага 13 фоизлик даромад солиғи амал қилади.

Покистонда АҚШ пилотсиз учқичи исломий жанггарилар қўмондонини ўлдиргани айтилмоқда

Покистоннинг Жанубий Вазиристонида ўлдирилган исломий жанггарилар етакчиси Мулла Назир жанозасига кўплаб одам тўплангани хабар қилинмоқда.

Покистон хавфсизлик хизмати расмийларига кўра, жанггариларнинг нуфузли қўмондони АҚШга қарашли пилотсиз учқич амалга оширгани айтилаётган ҳужум оқибатида ўлдирилган.

Жанубий Вазиристоннинг Ангур Адда туманида чоршанба тунда уюштирилган ҳужумда Мулла Назир ва унинг гуруҳидаги тўққиз жанггари ҳалок бўлган.

Мулла Назир қўшни Афғонистонда АҚШ ва НАТО қўшинларига қатор ҳужумларни амалга оширганликда айбланиб келган.

Баъзи хабарларга кўра, у Покистон ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумларга қарши чиққан ва Покистон ҳарбийлари билан сулҳ тузган.

Ўтган йил ноябрида Назирнинг бомба ҳужумида жароҳатлангани хабар қилинган эди.

Озодлик Покистон хизматининг хабар қилишича, Шимолий Вазиристонда ҳам пилотсиз учқич ёрдамида амалга оширилган ҳужумда уч жанггари ўлдирилган.

Уго Чавеснинг соғлиғи "жуда хавотирли" аҳволда қолмоқда

Венесуэла Президенти Уго Чавес.
Боливия Президенти Эво Моралес Венесуэла етакчиси Уго Чавеснинг соғлиғи “жуда хавотирли” эканини айтмоқда.

Моралес чоршанба куни қилган чиқишида Чавес ҳаққига дуо қилиш унинг “ҳаётини сақлаб қолиши”га умид қилишини билдирди.

Саратонга чалинган Чавес 11 декабр куни Кубадаги касалхонада жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Ўшандан бери Венесуэла президенти касалхонада қолмоқда.

Расмийларга кўра, жарроҳлик операциясидан кейин Чавеснинг аҳволи ёмонлашган. Венесуэла раҳбари 2011 йилда саратонга чалинганидан бери тўртинчи марта операция қилинди. Ўтган ой бошидаги операциядан бери Чавес жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ.

Венесуэла мухолифати Чавеснинг соғлиғига оид ҳақиқатни ошкор қилишга чақирмоқда. Демократик Иттифоқ коалицияси етакчиси Рамон Авеледо ҳукуматни Чавес аҳволига оид ахборотни яширганликда айблади.

Ҳукумат вакиллари октябрда қайта президент этиб сайланган Уго Чавес 10 январга белгиланган инаугурация маросимигача мамлакатга қайта олмаслиги мумкинлигини тан олди.

Обама АҚШ иқтисодини "молиявий жарлик"дан сақлаб қолувчи қонунни имзолади

АҚШ Президенти Барак Обама.
Оқ Уйнинг маълум қилишича, АҚШ Президенти Барак Обама мамлакатни “молявий жарлик”дан қутқарувчи, аксар америкаликлар солиқлари оширилиши ва бюджет харажатлари қисқартирилишининг олдини олишга қаратилган қонунни имзолаган.

Демократлар ва Респубкликачилар ўртасида эришилган муроса натижасида АҚШ Конгрессининг иккала палатаси 1 январ куни қабул қилган қонун бадавлат америкаликлар солиқларини ошириш ва ўрта синф учун солиқ имтиёзлари муддатини узайтиришни назарда тутади.

Иқтисодчилар “молиявий жарлик” олди олинмаса, жаҳоннинг энг йирик иқтисоди бўлган АҚШ яна рецессияга тушишидан огоҳлантириб келаётган эди.

Чоршанба куни қонун қабул қилинганига оид хабарлар ортидан жаҳон қимматбаҳо қоғозлар бозорида кўрсаткичлар юқорилади.

Бироқ Халқаро валюта жамғармаси ҳамда Moody's ва Standard & Poor's молиявий агентликлари Конгресс вакиллари АҚШнинг 16,4 триллионлик қарзини камайтириш борасида чораларни қабул қилмас экан Америка иқтисоди беқарор бўлиб қолишидан огоҳлантирди.

Карбалода мина портлашидан камида 2 киши ўлди

Ироқнинг Карбало шаҳрида миналаштирилган автомашинанинг портлаши оқибатида камида 2 одам ўлди, 8 одам яраланди.

Ҳозирча портлаш учун масъулиятини ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Ўн минглаб шиа мусулмонлари шу кунларда Арбаин диний байрами муносабати билан Ироқнинг турли шаҳарларидан ва бошқа мамлакатлардан пиёда Карбалога келмоқдалар. Мазкур байрам шиа тақвими бўйича Ашуродан сўнг 40 кун ўтгач нишонланади. Ашуро кунида шиалар 680 йили Карбалода ўлдирилган имом Ҳусайнни хотирлашади.

"Плейбой" журнали хўжайини уйланди

“Плейбой” журнали хўжайини ўзидан 60 ёш кичик қиз билан турмуш қурди.

Эркакларнинг дунёдаги энг машҳур журнали бўлган “Плейбой”нинг хўжайини 86 ёшдаги Хаф Хефнер 26 ёшли Кристал Харрис билан янги йил арафасида бош қўшди.

Хефнер ва Харрис 2011 йилда никоҳ ўқитишмоқчи эди. Бироқ келин тўйга беш кун қолганида қочиб кетгани туфайли, тўй ортга жилдирилганди.

Касби руҳшунос бўлган Харрис 2009 йил декабрида “Плейбой журналининг гўзали” сифатида эълон қилинган эди.

БМТ: Сурияда 60 минг одам ҳалок бўлди

Сурияда 2011 йил март ойидан бери давом этаётган зўравонликларда деярли 60 минг одам ҳалок бўлди. БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси 5 ойлик тадқиқот натижасида эълон қилган ҳисоботида мана шундай рақамни келтирган.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича расмийси Нэви Пиллэйга кўра, ҳисоботда 2011 йилнинг 15 мартидан 2012 йилнинг 30 ноябригача ҳалок бўлганларнинг рўйхати берилган.

Сўнгги хабарларга кўра, чоршанба куни Сурияда ҳукумат кучларининг Малиха шаҳрига қилган авиаҳужуми оқибатида камида 30 одам ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган.

Чоршанба куни, шунингдек, Идлиб вилоятидан Франс-Пресс агентлиги билан ҳамкорлик қилган америкалик журналист Жеймс Фоли 22 ноябрда ўғирлаб кетилгани маълум қилинди. Фоли Суриядан ташқари Ироқ, Ливия ва Афғонистондаги “оловли нуқталарда” ишлаган эди.

Уго Чавеснинг аҳволи оғирлашган

Саратон ташхиси қўйилган ва сўнгги бир ярим йил ичида тўртинчи жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган Венесуэла президенти Уго Чавеснинг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Мамлакат вице-президенти Николас Мадуро Кубада даволанаётган Чавесни сўнгги уч ичида икки марта бориб кўрганини айтди.

Мадуро 11 декабр кунги жарроҳлик амалиёти ортидан Уго Чавеснинг аҳволи мураккаблашганига ишора қилди, лекин бошқа тафсилотларга тўхталмади.

58 ёшли Уго Чавес 10 январ куни Венесуэланинг тўртинчи президенти сифатида қасамёд қилиши керак. Аммо, унинг ушбу маросимда қатнашиши ҳозир савол остида.

Сурияда исёнчилар Идлибдаги ҳаво базасига ҳужум қилди

Сурияда Башар ал-Ассад режимига қарши курашаётган исёнчилар бугун Идлибдаги ҳукумат кучларининг ҳарбий ҳаво базасига ҳужум қилди.

Тафтаназ шаҳри яқинидаги авиабазага қарши ҳужум бугун эрталаб бошланди, деб хабар берди Лондондаги суриялик фаоллар вакили Рами Абдул Раҳмон.

Сўнгги вақтда инсёнчилар тарафидан ҳукумат кучлари фойдаланувчи ҳаво базаларига қилинаётган ҳужумлар сони ошмоқда.

Исёнчилар эгаллаган жойларни ҳаводан ҳужумга тутаётган Сурия ҳукумат кучлари исёнчилар олдидаги энг катта тўсиқ экани айтилмоқда.

Сурияда ҳукумат кучлари ва президент Башар ал-Ассадга қарши исёнчилар ўртасида 22 ойдан бери давом этаётган тўқнашувларда 45 мингдан ошиқ киши ҳалок бўлди.

Жастин Бибернинг "Ferrari"сини суратга олишга уринган папарацини машина уриб кетди

Лос Анжелесда канадалик поп-юлдуз Жастин Бибернинг оқ Ferrari автомобилини суратга олишга уринган папарацини машина уриб кетди.

Исми айтилмаётган сураткаш йўлни кесиб ўтаётган маҳал, уни машина уриб юборган ва касалхонада жон берган.

Полицияга кўра, ҳодиса пайти оқ Ferrari ичида Жастин Бибернинг ўзи бўлмаган.

Фил Суяги қирғоғи мотам тутмоқда

Ғарбий Африканинг Фил Суяги Қирғоғи Республикасида бугун мотам куни деб эълон қилинди.

Янги йил арафаси Кот-д'Ивуар энг йирик шаҳри Абижандаги Felix Houphouet Boigny ўйингоҳида байрам тантаналари, мушакбозликни томоша қилишга ҳаддан ташқари кўп одам келгани сабаб ўнлаб киши талотўпда оёқ остида қолиб, ҳалок бўлишган эди.

Кот-д'Ивуар Республикаси аҳолиси 22 миллионга яқин одамни ташкил қилади.

Charlie Hebdo Муҳаммад пайғамбар карикатураларини чоп этди

Францияда чиқадиган Charlie Hebdo сатирик журнали Муҳаммад пайғамбарни ҳажв қилувчи 64 саҳифалик карикатуралар тўпламини чоп этди.

Журнал бош муҳаррири Стефан Шарбоне карикатуралар босилиши ҳақида якшанба куни эълон қилган эди.

Франция ҳукумати вакили Нажат Балло-Белкасем ҳозир бундай суратларни босишнинг мавруди эмаслигини таъкидлаганди.

Сентябр ойида Charlie Hebdo Муҳаммад пайғамбар ҳажв қилинган суратларни чоп этиши дунё бўйлаб мусулмонлар ғазабига учраган.

Буни ортидан Франциянинг айрим давлатлардаги ваколатхоналари вақтинча ёпилган эди.

Ҳиндистонлик адвокатлар 23 яшар қизни зўрлаганларни ҳимоя қилишдан бош тортмоқда

Ҳиндистонда адвокатлар 23 яшар қизни зўрлаганликда айбланаётган олти шахсни ҳимоя қилишдан бош тортмоқда.

Ўтган ой Деҳли шаҳрида жинсий зўрлаш қурбони бўлган 23 ёшли талаба қиз Сингапурдаги касалхонада вафот этган эди.

Ҳиндистолик адвокатлардан бири ўз қарорини “вахший зўравонларни ҳимоя қилиш аҳлоқсизликдир”, дея изоҳлади.

Эндиликда, адвокатларни ҳукуматнинг ўзи тайинлаши керак бўлади. 16 декабрда содир этилган жиноят Ҳиндистонда оммавий намойишларни келтириб чиқарди, натижада бир полиция офицери ҳалок бўлди.

Жиноятни содир этишда гумон қилинган олти киши ва автобус ҳайдовчиси ҳибсга олинган, икки полиция ходими вазифасидан бўшатилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG