Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 03:16

Халқаро янгиликлар

Владимир Путин Сочида Жерар Депардьега Россия паспортини топширади

Француз актёри Жерар Депардье президент Владимир Путиндан Россия паспортини қабул қилиб олиш учун Сочи шаҳрига келди.

–Балки у президент билан учрашиши мумкин ва шу учрашув пайти Депардьега Россия паспорти топширилади, - деди Россия президенти матбуот вакили Дмитрий Песков.

Француз актёрига Россия фуқаролиги бериш ҳақидаги қарорни Путин пайшанба куни имзолаган эди.

Венесуэла соҳилида учқич изсиз йўқолди

Италиядаги донғи кетган Missoni мода уйи соҳиби Витторио Миссони ва унинг рафиқаси минган кичик учқич Венесуэла соҳилида изсиз йўқолган.

Лос-Рокес оролидан Каракасга учган учқичда ҳаммаси бўлиб олти йўловчи бўлган. Улар дам олишдан қайтишаётган эди.

Учқични қидириш давом этмоқда.

Аляскада цунами хавфи бекор қилинди

Аляска жануби ва Канада соҳилида цунами хавфи эълон қилиниб, кейин бекор қилинди.

Шанба куни Аляска жанубий-ғарбида кучли ер силкинишлари қайд этилди. Маҳаллий расмийлар зилзила оқибатида цунами юзага келгани, лекин унинг хавфи йўқлигини билдиришди.

Табиий офатдан талафот кўрганлар ҳақида маълумот йўқ.

Зилзила эпимаркази Крейг шаҳридан 95 километр ғарбда бўлган. Зилзила кучи у ерда 7,5 баллни ташкил этган.

Пентагон Мулла Назир ўлимини олқишлади

АҚШ Мудофаа вазирлиги Покистонда исломий экстремистлар раҳбари Мулла Назир дрон ҳужумида ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни олқишлади.

Пентагон вакили Жорж Литтл юқори даражали жангари раҳбар Мулла Назир ўлими террорчилар тармоғига етказилган катта зарба бўлганини таъкидлади.

Чоршанба куни Жанубий Вазиристонннинг маркази ҳисобланмиш Вана шаҳрига яқин Ангур Адда қишлоғида Мулла Назирнинг уйи ёки машинаси нишонга олинган.

Хабарларга кўра, Мулла Назирнинг муовини Ратта Хон ҳам ҳужумда ҳалок бўлган.

Жон Бейнер АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг раислигига қайта сайланди

Республикачи Жон Бейнер АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг раислигига қайта сайланди.

Шунингдек, АҚШ Конгрессида 12 нафар янги сенатор ва қуйи палатанинг 82 нафар янги аъзоси қасамёдга келтирилди.

Айни пайтда иқтидордаги демократларнинг АҚШ Конгресси юқори палатаси Сенатдаги мавқеи ҳозир бироз кенгайган.

Бу эса Обама учун ўз номзодларни осонликча янги лавозимларга тасдиқлаш имконини беради.

Когресснинг қуйи Вакиллар палатаси эса Обама маъмуриятига мухолиф республикачилар назорати остида қолмоқда.

Косово Сербия президентини мамлакатга киритмади

Косово ҳукумати Сербия президенти Томислав Николичга Рождество байрамида этник серблар яшайдиган туманларни зиёрат қилишига изн бермади.

Косово вице-президенти Ҳайриддин Кучи Белград ҳукумати Приштина делегациясининг Жанубий Сербиядаги албанлар яшайдиган ҳудудларига боришига руҳсат берсагина Николич ташрифига монеълик қилинмаслигини айтган.

Серб православ черкови Раждество байрамини 7 январ куни нишонлайди.

Чавес қасамёд маросимида қатнашмаса ҳам мақомини сақлаб қолади

Саратон касаллиги билан олишаётган Венесуэла президенти Уго Чавес 10 январга мўлжалланган қасамёд маросимида қатнаша олмаса ҳам президентлик мақомини сақлаб қолади.

Бу ҳақда Венесуэла вице-президенти Николас Мадуро маълум қилди. Мухолифат агар Чавес касаллиги туфайли қасамёд маросимида қатнаша олмаса вақтинчалик президентликни парламент спикерига топширишни талаб қилаётган эди.

Саратондан азият чекаётган Чавес 11 декабрда Кубада тўртинчи жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган ва ўпкасига инфекция ана шу жарроҳлик ортидан тушгани айтилади.

58 ёшли Президент Ҳаванадаги амалиёт ортидан оммавий чиқиш қилмаган ва бу эса, унинг саломатлиги борасидаги миш-мишлар янада авж олишига сабаб бўлган.

Италия тоғларида олти россиялик сайёҳ ҳалок бўлди

Италиянинг Алп тоғларида ҳалок бўлган сайёҳларнинг барчаси россияликлардир. Бу ҳақда Россиянинг Миландаги вице-консули Анна Булатова маълум қилди.

Унга кўра, олти россиялик сайёҳ нобуд бўлган, яна икки нафари оғир жароҳатланган. Хабарларга кўра, Трентода жума кечқурун россиялик сайёҳлар ўзлари кирага олган қорда юрадиган машинада ресторандан қайтаётиб юз метр баландликдаги қоядан ағнашган.

Ҳалокатнинг аниқ тафсилотлари ўрганилмоқда.

Ироқда ҳукуматга қарши намойишлар давом этмоқда

Бағдодда жума куни шиалар вакили Нури ал Маликий раҳбарлигидаги ҳукумат истеъфоси талаб қилинган норозилик намойиши бўлиб ўтди.

Бағдоднинг асосан суний мусулмонлар яшовчи Адамия туманига йиғилган минглаб норозилар кўплаб маҳбусларнинг озод этилиши ва инсон ҳуқуқларига амал қилинишини талаб қилишди.

Бу каби намойишлар Салоҳиддин, Диёла, Қиркук ва Найнава вилоятларида ҳам ўтказилди. Анбар вилоятида ўтаётган намойиш иштирокчилари эса Ироқни Сурия ва Иордания билан боғловчи йўлларни тўсиб қўйишган.

Ироқда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари икки ҳафтадан бери давом этмоқда. Намойишларда ҳукумат истеъфоси билан бир қаторда суний мусулмонларнинг камситилишига барҳам бериш талаб қилинаяпти.

Туркияга АҚШ ҳарбийлари киритила бошланди

Туркияга Patriot ракеталари билан жанговор ҳозирликни ўташ учун АҚШ ҳарбийлари киритила бошланди.

АҚШ, Германия ва Нидерландлар Туркия-Сурия чегарасига иккитадан Patriot ракета комплексларини ўрнатмоқда. Ракеталар январ ойи охирида жанговор ҳолатга келтирилади.

АҚШ ҳарбитй қўмондонлигининг билдиришича, америкалик ҳарбийлар Туркия жанубидаги Инжирлик базасига жойлаштирилади. Бу ерда америкалик 400 ҳарбий хизмат ўтайди. Бундан ташқари НАТОнинг мингдан ортиқ ҳарбийси Туркияга киритилади.

Туркия ҳукумати ўтган йилнинг 30 ноябрида НАТОдан Суриянинг эҳтимолий агрессиясига қарши ўз ҳудудида Patriot ракеталарини ўрнатишни илтимос қилган эди.

Қозоғистонда поездга ўт кетди

Қозоғистонда Атираудан Мангишлакка кетаётган пассажир поездида ёнғин содир бўлди.

”Интерфакс” агентлигининг маълум қилишича, жума куни кечқурун содир бўлган бу фалокатда жабрланганлар ҳақида маълумот ҳозирча ошкор этилган эмас.

Маълумотда айтилишича, Макат станциясидан ёнғинни ўчириш учун воқеа жойига ўт ўчирувчилар жўнатилган.

Фавқулодда вазият Атирау вилоятининг Жалиой туманида юз берган.

Қирғиз парламентининг уч депутатига нисбатан суд 10 январда бошланади

Қирғизистон парламентининг “Ата-Журт” фракциясидан депутатлари Қамчибек Ташиев, Талант Мамитов ҳамда Садир Жапаровларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки суд амаллари 10 январда бошланади. Бу ҳақда Мамитовнинг оқловчиси Искендер Журабаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, уч депутатнинг ҳибсдаги муддати бугун ниҳоясига етиши керак эди. Бироқ ўтган йилнинг декабр ойида жиноят иши тергов қилиниб бўлиб, судга юборилганлиги боис, суд депутатларнинг қамоқдаги муддатини узайтирган.

Қирғиз парламентининг уч депутати ўтган йилнинг октябр ойида Бишкекдаги ҳукумат уйи олдида бўлиб ўтган тартибсизликларни уюштирганликда айбланмоқда. Уларга нисбатан “Конституциявий тузумни ағдаришга уриниш”, “Ҳокимиятни босиб олишга даъват қилиш” айблови билдирилган.

Чавес ўпка инфекцияси билан ҳам оғрияпти

Саратон касаллиги бўйича жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган Венесуэла Президенти Уго Чавес айни пайтда “ўткир” респиратор инфекцияси билан ҳам оғрияпти.

Бу ҳақда маълум қилган Венесуэла ахборот вазири Эрнесто Вилегасга кўра, ўпка касаллиги туфайли ҳозирда Чавеснинг нафас олишида ҳам муаммо пайдо бўлган.

Чавеснинг аҳволи бўйича бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаяпти.

Саратон касаллигига чалинган Уго Чавес 11 декабр куни Кубадаги касалхонада жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганидан бери касалхонада қолмоқда.

Венесуэла раҳбари 2011 йил ўрталарида саратонга чалинганидан буён тўртинчи марта операция қилинди.

58 ёшдаги Чавес ўтган ой бошида операция қилинганидан бери жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ.

ФАТҲнинг 48 йиллиги нишонланди

Ғазо шаҳрида Фаластин лидери Маҳмуд Аббос етакчилигидаги ФАТҲ ҳаракати ташкил топганининг 48 йиллиги нишонланди.

Ўн минглаб байроқ кўтарган ФАТҲ тарафдорлари Ғазо шаҳрига йиғилди.

ҲАМАС ҳаракати 2007 йилда Ғазо секторини ўз назоратига олганидан буён илк бор ФАТҲ тарафдорларига байрам қилишга розилик берди.

Бир ой аввал ҲАМАС ҳаракати ташкил этилганининг 25 йиллиги нишонланган ва бу байрамда ФАТҲнинг маҳаллий лидерлари ҳам қатнашган эди.

2011 йилда ФАТҲ ва ҲАМАС ўртасида ярашув келишуви имзоланган эди.

Швейцарияда икки ярим асрлик банк ёпилади

Wegelin&Co ўз мижозларига 1,2 млрд. долларлик солиқни тўлашдан қочишга кўмаклашганликда айбдор деб топилди.
Швецариядаги икки ярим асрлик тарихга эга Wegelin&Co банки ўз фаолиятини тўхтатиши ҳақида маълум қилди.

Мазкур банкка нисбатан америкалик бойларга солиқдан қочишга кўмаклашганлик айби эълон қилинганидан сўнг банк раҳбарияти шундай қарорга келган.

Пайшанба куни Ню Йорк суди Wegelin&Co банкини сўнгги ўн йил давомида ўз мижози бўлган 100 дан зиёд америкалик бойнинг жами 1,2 миллиард АҚШ долларлик солиқни тўлашдан қочишига кўмаклашганликда айбдор деб топди.

Банк 57 миллион долларни жарима сифатида тўлашга рози бўлган.

Wegelin&Co банкига 1741 йилда Швецариянинг St. Gallen шаҳрида асос солинган.

Малала Юсуфзай шифохонадан чиқди

Толиблар ҳужумига учраган покистонлик ўсмир қиз Малала Юсуфзай шифохонадан чиқди.

15 ёшли Малала ўтган йилнинг октябр ойида Покистоннинг Шимолий Вазиристон ҳудудида толиблар томонидан бўлган ҳужумда бошидан яраланган эди.

Британиянинг Бирменгем шаҳридаги касалхонада даволанган Малаланинг соғлиги тўла ўнгланмаган. У эндиликда даволанишни Бирменгемдаги вақтинчалик уйида давом эттириши айтилаяпти.

Шифокорларга кўра, январ охири ёки феврал бошида Малалланинг соғлигини тўла тиклаш учун яна бир жарроҳлик амалиётини ўтказиш режалаштирилган.

Юсуфзай оиласи яқинларидан бири Аҳмад Шоҳнинг айтишича, Малала ўз миссиясини давом эттиришни режалаштирмоқда.

- Мен Малала билан бир неча кун аввал гаплашганимда, у ўзини яхши ҳис қилаётганди. Мен ундан келажакдаги режалари ҳақида сўраганимда, у таълим, тинчлик ва тараққиёт йўлидаги миссиясини давом эттиришини айтди, дейди Аҳмад Шоҳ.

15 ёшли Малала Юсуфзай ўзи яшаган Сват водийсида қизларнинг таълим олишлари йўлида кампания олиб борган.

Жерар Депардье Россия фуқаролигини сўраганини тасдиқлади

Таниқли француз актёри Жерар Депардье солиқдан қочиб Россия фуқаролигини сўраганини тасдиқлади.

Депардье рус матбуотига очиқ хат йўллаб, президент Путин унинг илтимосини қабул қилгани учун миннатдорчилик билдирди.

Россиянинг 1- канали расмий сайтида эълон қилинган мактубда актёр Россияни "буюк демократия мамлакати" дея атаб, бу ерда яшаш "шарафли" экани ҳақида ёзган.

Депардье мактубини "Яшасин Россия" деган мисралар билан тугатган.

3 январь куни Россия Президенти Владимир Путин Жерар Депардьега Россия фуқаролигини бериш ҳақидаги фармонга имзо чекди.

Францияда йилига 1,3 миллион евродан ортиқ даромад кўрадиган фуқароларга 75 фоизлик солиқни кўзда тутувчи ҳукумат режаси эълон қилингач, Депардье Франция фуқаролигидан воз кечиши ҳақида баёнот берган эди.

Жерар Депардье турли жанжал ва шов-шувларга аралашиб, тез-тез жамоатчилик диққат марказига тушади.

Унинг яқинда Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова билан бошлаган ҳамкорлиги ҳам кескин танқидларга сабаб бўлди.

Сурия ҳукумати портлаш учун масъулиятни террорчиларга юкламоқда

Сурия пойтахти Дамашқдаги ёнилғи қуйиш шаҳобчаларидан бирида мина ўрнатилган автомобилнинг портлаши оқибатида камида 9 одам ҳалок бўлди.

Бу ҳақда Сурия ҳуқуқ фаоллари гуруҳи маълум қилди. Сурия давлат ахборот агентлиги портлаш ҳақидаги маълумотни тасдиқлади, аммо ҳалок бўлганлар сони ҳақида хабар бермади. Сурия ҳукумати портлаш “террорчи”лар томонидан амалга оширилганини билдирмоқда.

БМТ Сурияда 2011 йилнинг март ойидан бери давом этаётган зўравонликларда 60 мингдан ориқ одам ҳалок бўлганини эълон қилди. Сурияда президент Башар Асад ва исёнчилар ўртасидаги тўқнашувга фуқаролар уриши сифатида баҳо берилмоқда.

Туркияда Қуролли кучлар Бош штаби собиқ бошлиғи ҳибсга олинди

Туркияда мамлакат Қуролли кучлари Бош штабининг собиқ бошлиғи Исмоил Ҳақи Қарадаи ҳибсга олинди.

Маҳаллий матбуот тарқатган хабарларда айтилишича, бош штабни 1994-98 йиллар мобайнида бошқарган генерал Истанбулдаги уйида қўлга олинган. Мазкур амалиёт 1997 йилда исломчилар ҳукуматини ағдаришда ҳарбийларнинг роли қандай бўлганини аниқлаш юзасидан бошланган тергов доирасида амалга оширлигани айтилмоқда.

1997 йилда истеъфога чиқишга мажбур бўлган Бош вазир Нажмиддин Эрбақонни ўша пайтда сиёсатда исломнинг аҳамиятини кучайтирмоқчи бўлганликда айблашган эди.

Google раҳбарларининг Шимолий Кореяга бориш нияти танқидга олинди

АҚШ Давлат департаменти пайшанба куни Google ширкатининг икки раҳбари Шимолий Кореяга сафар қилишига норозилик билдирди.

Google ижрочи директори Эрик Шмидт ва Ню Мексика штатининг собиқ губернатори Билл Ричардсон Пхенянга сафар қилиш ниятида эканини эълон қилган эди.

Давлат департаменти расмийси Виктория Нуланд Шимолий Кореяга сафар қилиш учун “мутлоқ ноқулай пайт” танланганини айтди. Нуланд декабр ойида Шимолий Корея халқаро санкцияларга қарамай, баллистик ракета синовини амалга оширганини яна бир бор эслатиб ўтди.

Тожикистонда чегарачи наркотик билан қўлга олинди

Тожикистон чегара қўшинларининг ҳарбий хизматчиси мамлакат шимолида катта миқдордаги гиёҳвандлик моддаси билан қўлга олинди.

Маълумотга кўра, Ички ишлар вазирлигининг Сўғд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Нурек шаҳрида яшовчи 30 ёшли фуқарони гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишида гумон қилиб қўлга олган. У Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара қўшинлари бош бошқармасининг Қирғизистон билан чегарадош Исфара туманидаги ҳарбий қисмида зобит бўлиб хизмат қилган.

Тинтув пайтида унинг ёнидан 22 кг 738 грамм наша топилди.

Ҳиндистон полицияси талаба қизни зўрлаб, ўлдирган беш эркакка айблов эълон қилди

Бу ҳодиса Ҳиндистон ҳукуматига қарши оммавий норозиликларни келтириб чиқарди.
Ҳиндистон полицияси 23 яшар тиббиёт институти талабасини оммавий зўрлаганлик ва ўлдирганликда гумонланаётган беш эркакка расман айблов эълон қилди. Бу ҳодиса Ҳиндистон бўйлаб йирик намойишларга сабаб бўлди.

Оммавий зўрлашда иштирок этгани гумон қилинаётган яна бир йигит 18га кирмагани боис уни алоҳида, вояга етмаганлар ишлари бўйича маҳкамада суд қилиниши атйилмоқда.

16 декабр куни рўй берган воқеада, Ню Деҳлида автобусда кетаётган талаба қиз ва унинг ёнидаги йигит ҳужумга учраган эди. 23 ёшли талаба ҳужум оқибатида олган жиддий жароҳатлардан икки ҳафта ўтиб, Сингапурдаги касалхонада вафот этган эди.

Бу ҳодиса Ҳиндистон ҳукуматига қарши оммавий норозиликларни келтириб чиқарди. Кўпчилик ҳукуматни аёлларга қарши жинсий зўравонлик борасида чора кўрмаётганликда айблайди.

Ҳиллари Клинтон касалхонадан чиқди

Чоршанба куни Ҳиллари Клинтоннинг эри собиқ президент Билл Клинтон ва қизи Челси билан касалхонадан чиқиб кетаётгани туширилган суратлари эълон қилинди.
АҚШ Давлат департаментининг маълум қилишича, давлат котиби Ҳиллари Клинтон Ню Йоркдаги касалхонадан чиққан. Шифокорлар Клинтоннинг бош қисмида тромб аниқлаб, уни касалхонага ётқизган эди.

Давлат департаменти баёнотига кўра, Клинтоннинг шифокорлари “унинг соғлиғи ҳар томонлама яхшиланаётгани ва унинг тўла тузалиб кетишига ишонч хосил қилгач”, унга чоршанба куни Ню Йорк Пресвитериан касалхонасидан жавоб берилган.

Чоршанба куни Клинтоннинг эри собиқ президент Билл Клинтон ва қизи Челси билан касалхонадан чиқиб кетаётгани тасвирга туширилган суратлари эълон қилинди.

65 ёшли Клинтон ўтган якшанба куни мияси ва бош чаноғи ўртасида қон тромби аниқланиб, касалхонага ётқизилган эди.

Тромбнинг пайдо бўлишига ундан аввал уйида хушидан кетиб, бошидан жароҳат олгани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Миср ҳукумат комиссияси Муборакни намойишчиларни ўлдиришга буйруқ берганликда айбламоқда

Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак умрбод қамоққа ҳукм қилинган.
Мисрда 2011 йилги халқ исёни пайтида намойишчиларнинг ўлими юзасидан текширув ўтказаётган ҳукумат комиссияси собиқ президент Ҳусни Муборак норозилик намойишлари ва уларга қарши қўлланилган куч кўлами ҳақида яхши хабари бўлган, дея хулоса қилди.

Комиссияга кўра, Муборак намойишлар ва хавфсизлик кучларининг қаттиқ куч қўллагани акс этган видеотасвирларни телевизордан кўриб турган.

Муборак аллақачон юзлаб намойишчининг ўлдрилишида айбдор, деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Лекин у намойишчиларни ўлдиришга буйруқ берганлик эмас, бунинг олдини ололмаганликда айбдор, деб топилган. Комияссия ҳисоботи 84 ёшли Муборакни қайта суд қилиш борасида ҳукуматга босимни кучайтириши мумкин.

Ҳисобот жамоатчиликка эълон қилингани йўқ, лекин ундаги хулосалар ҳукумат комиссиясининг бир неча вакили томонидан ошкор қилинди. Мазкур комиссия Миср Презденти Муҳаммад Мурсий томонидан июн ойида тузилган эди.

Путин Депардьега Россия фуқаролигини берди

Россия Президенти Владимир Путин француз актёри Жерар Депрадье билан шахсан таниш.
Россия Президенти Владимир Путин машҳур француз актёри Жерар Депрадьега Россия фуқаролигини бериш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

Депардьенинг Россия паспортини сўраб, мурожаат қилгани аниқ бўлмаса-да, ўтган ойда Путин 63 ёшли кино юлдузига Россия фуқаролигини беришга тайёр дея, билдирган эди.

Жерар Депардье Франция ҳукумати жорий қилган янги солиқ тизимига норозилик ўлароқ, бошқа давлат фуқаролигини олиш ниятини билдирган.

Францияда чиқдаиган “Le Monde” журналининг хабар қилишича, Депардье дўстларига Франция ҳукумати солиғидан қочиб, Белгия, Монтенегро ёки Россияга кўчиб кетиш ҳақида ўйлаётганини билдирган.

Франция Президенти Франсуа Олланд ҳукумати йиллик даромади 1,3 миллион евродан кўп бўлган французларга 75 фоизлик солиқни жорий қилиш режаларини эълон қилган.

Россияда барчага 13 фоизлик даромад солиғи амал қилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG