Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 11:50

Халқаро янгиликлар

Депардье Мордовия Маданият вазири лавозимини қабул қилмади

Россия фуқаролигини олган француз актёри Жерар Депардьега Мордовия раҳбарлари Республика маданият вазири лавозимини таклиф қилди.

“Госфильмофонд” раҳбари Николай Бородачёвнинг Озодликка айтишича, Депардье “дунё маданият вазири” эканини айтиб, Мордова Маданият вазири лавозимидан воз кечган.

6 январ куни Сочи шаҳрида шахсан президент Владимир Путиндан Россия паспортини қабул қилиб олган Жерар Депардье шу куни Мордовия пойтахти Саранскка борди.

Депардье шаҳарни томоша қилди. Унга яшаш рухсатномаси билан бирга янги уйнинг калити топширилди.

64 ёшдаги Депардье Франция ҳукуматининг йиллик даромади бир миллион евродан кўп бўлган фуқароларга 75 фоизлик солиқ жорий қилиш режаси сабабли Франция фуқаролигидан воз кечган эди.

Туркманистонда ахборот воситалари эркинлигини кафолатловчи қонун кучга кирди

Туркманистонда ахборот воситалари эркинлигини кафолатлайдиган янги қонун қабул қилинди.

4 январ куни кучга кирган қонунда “жамаотчилик учун қизиқ бўлган маълумотларни таъқиқлаш ёки ахборот воситаларида тарқатилишини чеклашга ҳеч ким тўсқинлик қила олмаслиги” таъкидланган.

Қонунда Туркманистон фуқаролари ўз фикрини ифода этиш учун ҳар қандай ахборот воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга экани кўрсатилган.

Янги қонунда цензура ҳам таъқиқланган.

Туркманистон матбуот эркинлиги бўйича халқаро ташкилотлар эълон қилиб келадиган давлатлар рўйхатида матбуот эркин бўлмаган давлатлардан бири сифатида қайд этиб келинади.

Сўхда қирғиз чегарачилари ўзбеклар ҳужумига учради

Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Ўзбекистонга қарашли Сўх анклавининг Хушёр қишлоғида яшовчи одамлар қирғиз чегарачиларига ҳужум қилди.

Шу ҳақда хабар тарқатган CA-News ахборот агентлигига кўра, воқеа 5 январ куни тушда чегарачилар “Чорбоғ” заставасининг электр линиясига таянч ўрнатаётган пайтда рўй берган.

АКИpress-Ош агентлиги мухбирига кўра, Хушёр қишлоғининг бир гуруҳ одамлари чегарачиларга ҳужум қилиб уларнинг ўқотар қуролларини олиб қўйишга уринган. Бир неча ҳарбий тан жароҳати олган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқаролари Боткен вилоятида яшовчи одамларга тегишли иккита автомашинани ёқиб юборган ва анклав орқали ўтиб кетаётган автобусни пачоқлаган, Айрим маълумотларга кўра, бир неча йўловчи гаровга олинган.

Боткен вилояти раҳбарияти, куч ишлатар тизим ва қирғиз чегарачилари вакиллари воқеа жойига етиб борган ва Ўзбекистон томони билан сўзлашув олиб бормоқда.

Хабарда можаро нима сабабдан келиб чиққани маълум қилинмаган.

4 январ куни ўзбек чегарачилари Қорасув туманига қарашли Суратош қишлоғида яшаган Зайнобиддин Каримовни отиб ўлдирган эди.

Ўзбек чегарачиларининг иддаосича, Зайнобиддин контрабанда юкини олиб ўтиш мақсадида давлат чегарасидан ноқонуний равишда ўтган.

АҚШ учқичи ҳужумида камида тўққиз нафар покстонлик жанггари ўлди

АҚШнинг пилотсиз учқичи Покистоннинг Жанубий Вазиристон вилоятида амалга оширган ҳужумда жанггари эканликда гумон қилинган камида тўққиз киши ўлди.

Покистон хавфсизлик хизмати расмийларининг Озодликка айтишича, якшанба куни эрталаб Бабар Ғор қишлоғидаги жанггарилар яширингани тахмин қилинган жойга ўнта ракета отилган.

Бабар Ғор покистонлик толиблар мустаҳкам ўрнашиб олган минтақалардан бири ҳисобланади.

Якшанба кунги ҳужум сўнгги беш кун ичида АҚШ ҳарбийлари ҳаводан амалга оширган учинчи ҳужумдир.

Афғонистонда ҳукумат биносига ҳужумда камида уч киши ўлди

Афғонистон жанубида жойлашган Қандаҳор вилоятининг Спин Булдак шаҳрида қабила оқсоқоллари йиғилиши ўтаётган ҳукумат биносига худкуш ҳужум уюштирилгани оқибатида уч киши нобуд бўлди.

Спин Булдак шаҳри расмийларига кўра, икки худкуш бомба ўрнатилган машинани ҳукумат биноси ховлисига ҳайдаб кириб портлатган пайтда бир нафар қўриқчи ҳам ўлган.

Вилоят ҳокимининг матбуот котиби Жавид Сайсал ҳужумда уч одам ўлгани ва 15 киши жароҳат олганини айтган.

Покистонга чегарадош бўлган Қандаҳор вилояти толиблар жанггарилари учун Афғонистон ҳудудига ўтиш, наркотик моддалар ва қуроллар яширинча ташиладиган йўлак сифатида кўрилади.

Сурия президенти Ал-Ассад халққа мурожаат қилмоқчи

Сурия Президенти Башар Ал-Ассад.
Сурия Президенти Башар Ал-Ассад якшанба куни халққа мурожаат қилиши кутилмоқда.

Давлатга қарашли ахборот агентликлари хабарига кўра, Ал-Ассад ўз чиқишида “Сурия ва минтақа”даги воқеалар ҳақида гапиришини режалаган.

Маҳаллий ахборот агентликлари президент нутқи ҳақда бошқа маълумот бермади.

Бироқ Сурияга тарафдор бўлган Ливандаги “Ал-Ахбор” газетаси президент Ал-Ассад Сурия можаросига “ечим” таклиф қилишини, таклиф БМТнинг “ўт очишни тўхтатиш” келишувига риоя қилинишини кузатишни ҳам ўз ичига олишини билдирди.

Газета маълумотига кўра, Сурия президенти мамлакат янги конституциясини ишлаб чиқиш учун комиссия ташкил этиш ва парламент сайлови ўтказадиган миллий бирлик ҳукумати тузишни ҳам таклиф қилмоқчи.

“Ал-Ахбор” газетасига кўра, Ал-Ассад президентлик лавозимидан воз кечмоқчи эканини эълон қилиш ниятида эмас.

Жерар Депардье Россия паспортини олди

Француз актёри Жерар Депардье.
Россиянинг Биринчи телеканали француз актёри Жерар Депардье Россия Президенти Владимир Путин билан учрашгани ва Россия паспортини олганини хабар қилди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковга асосланиб РИА Новости агентлигининг билдиришича, Депардье Путин билан учрашиш учун шанба куни Сочи шаҳрига келган.

Путин Депардьега пайшанба куни Россия фуқаролигини берган эди.

Жерар Депардье Франция ҳукуматининг йиллик даромади бир миллион евродан кўп бўлган фуқароларга 75 фоизлик солиқ жорий қилиш режаси сабабли Франция фуқаролигидан воз кечган.

Покистон-Ҳиндистон чегарасидаги тўқнашувда покистонлик аскар ҳалок бўлди

Покистон Ҳиндистон ҳарбийлари Кашмир чегарасидаги постга ҳужум қилгани оқибатида бир аскар ўлганини маълум қилди.

Покистон ҳарбийлари эълон қилган баёнотга кўра, якшанба куни эрталаб Ҳиндистон аскарлари икки давлатни ажратиб турган Назорат Чизиғини кесиб ўтиб “Сван Патра номли ҳарбий постга рейд ўтказган”.

Баёнотга кўра, Покистон кучлари “ҳужумга муносиб жавоб қайтарган”. Бироқ отишмада бир аскар ўлган, бошқаси яраланган.

Воқеа Назорат Чизиғининг Хожи Пир минтақасида рўй берган.

Хожи Пир Покистон пойтахти Исломободдан 80 км шимол томонда жойлашган.

АҚШнинг Аврора шаҳрида яна отишма чиқди

АҚШнинг Колорадо штатида жойлашган Аврора шаҳрида қуролланган шахс шанба куни тўрт кишини гаровга олган.

У гаровдагилар билан биргаликда бир уйда яширинган. Кейинроқ гаровдагиларнинг уч нафари ўлдирилган, бири эса қочишга муваффақ бўлган.

Полициячилар билан бўлган отишма чоғида жиноятчи олинган жароҳатлардан ҳалок бўлган. Унинг шахси ҳозирча очиқланмаяпти. Мазкур нохуш воқеа сабабли чор-атрофдаги уйларда яшовчи кишилар эвакуация қилинган.

Ўтган йилнинг июл ойида бу шаҳарда маҳаллий фуқаролардан бири бўлган Жеймс Ҳолмс Бэтмен тўғрисидаги филм премьерасида томошабинларни ўққа тутганди. Ўшанда 12 киши ҳалок бўлган, 60 чоғли одам тан жароҳати олганди.

Ироқ президенти офиси: Талабоний тузала бошлади

Ироқ президенти Жалол Талабоний.
Икки ҳафта илгари Берлин клиникасига олиб борилган Ироқ президенти Жалол Талабонийнинг аҳволи яхшиланмоқда. Бу ҳақда Ироқ президенти офиси шанба куни маълумот тарқатди.

79 ёшли Талабоний инсултни бошдан кечирганидан кейин даволаниш учун Германияга учиб кетганди.

Бир неча кун аввал Франциянинг Le Figaro газетаси Ироқ президенти клиник ўлим ҳолати экани ҳақида ёзган. Талабоний вакиллари эса бу хабарни «мутлақо асоссиз» дея рад этгандилар.

Курд миллатига мансуб ироқлик сиёсатчининг хасталиги, экспертлар фикрича, бир неча кундан буён оммавий норозилик намойишлари давом этаётган Ироқнинг яқин келажаги борасидаги хавотирларни кучайтирган.

Грузия суди собиқ вазирни ҳибсга олиш ҳақида қарор қабул қилди

Грузия собиқ адлия вазири Зураб Адеишвили.
Тбилиси шаҳар суди Грузиянинг собиқ адлия вазири Зураб Адеишвилини сиртдан ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.

Адвокат Гоча Сванидзенинг суддан кейин журналистларга маълум қилишича, маҳкама прокуратуранинг Адеишвилини ҳибсга олиш ҳақидаги илтимосномасини қондирган. Суд собиқ вазирнинг хорижий паспорти яроқлилигини ҳам бекор қилган.

Адеишвилига қарши жиноят иши Грузия Бош прокуратураси томонидан бир неча ҳафта аввал қўзғатилганди. У мамлакат Жиноят кодексининг бир неча моддаларини бузганликда, хусусан, маҳбусларнинг калтакланиши ва қийноққа солинишини уюштирганликда айбланмоқда.

2012 йилнинг октябр ойида бўлиб ўтган парламент сайловларида «Грузия орзуси» мухолифат коалицияси ғалаба қозонганидан кейиноқ Адеишвили оиласи билан биргаликда мамлакатни яширинча тарк этганди. Ҳозир унинг қаерда экани маълум эмас.

Тасманияда ёнғин қутурмоқда

Австралиянинг Тасмания оролида ўрмон ёнғини туфайли камида юзта уй куйиб, кул айланди.

Табиий офат минглаб одамларни ўз уйларини тарк этишга мажбур қилди. Уларнинг айримлари пляжларда жон сақладилар.

Ёрдамга муҳтож кишилар орасида сайёҳлар ҳам борлиги айтилмоқда.

Шанба кунги маълумотларга кўра, Тасмания штатида қирққа яқин ёнғин содир бўлган.

Маҳаллий расмийлар аҳолини хотиржам бўлишга ва айни пайтда эҳтиёткорликка чорламоқдалар.

Жабрланганларга кемаларда озиқ-овқат, сув ва бошқа керакли ашёлар етказиб берилаяпти.

Шу кунда 40 даража иссиқ бўлиб турган Австралия жанубининг аксар қисмида кучли шамол эсиб турибди ва ёғингарчилик бўлмаяпти.

Владимир Путин Сочида Жерар Депардьега Россия паспортини топширади

Француз актёри Жерар Депардье президент Владимир Путиндан Россия паспортини қабул қилиб олиш учун Сочи шаҳрига келди.

–Балки у президент билан учрашиши мумкин ва шу учрашув пайти Депардьега Россия паспорти топширилади, - деди Россия президенти матбуот вакили Дмитрий Песков.

Француз актёрига Россия фуқаролиги бериш ҳақидаги қарорни Путин пайшанба куни имзолаган эди.

Венесуэла соҳилида учқич изсиз йўқолди

Италиядаги донғи кетган Missoni мода уйи соҳиби Витторио Миссони ва унинг рафиқаси минган кичик учқич Венесуэла соҳилида изсиз йўқолган.

Лос-Рокес оролидан Каракасга учган учқичда ҳаммаси бўлиб олти йўловчи бўлган. Улар дам олишдан қайтишаётган эди.

Учқични қидириш давом этмоқда.

Аляскада цунами хавфи бекор қилинди

Аляска жануби ва Канада соҳилида цунами хавфи эълон қилиниб, кейин бекор қилинди.

Шанба куни Аляска жанубий-ғарбида кучли ер силкинишлари қайд этилди. Маҳаллий расмийлар зилзила оқибатида цунами юзага келгани, лекин унинг хавфи йўқлигини билдиришди.

Табиий офатдан талафот кўрганлар ҳақида маълумот йўқ.

Зилзила эпимаркази Крейг шаҳридан 95 километр ғарбда бўлган. Зилзила кучи у ерда 7,5 баллни ташкил этган.

Пентагон Мулла Назир ўлимини олқишлади

АҚШ Мудофаа вазирлиги Покистонда исломий экстремистлар раҳбари Мулла Назир дрон ҳужумида ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни олқишлади.

Пентагон вакили Жорж Литтл юқори даражали жангари раҳбар Мулла Назир ўлими террорчилар тармоғига етказилган катта зарба бўлганини таъкидлади.

Чоршанба куни Жанубий Вазиристонннинг маркази ҳисобланмиш Вана шаҳрига яқин Ангур Адда қишлоғида Мулла Назирнинг уйи ёки машинаси нишонга олинган.

Хабарларга кўра, Мулла Назирнинг муовини Ратта Хон ҳам ҳужумда ҳалок бўлган.

Жон Бейнер АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг раислигига қайта сайланди

Республикачи Жон Бейнер АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг раислигига қайта сайланди.

Шунингдек, АҚШ Конгрессида 12 нафар янги сенатор ва қуйи палатанинг 82 нафар янги аъзоси қасамёдга келтирилди.

Айни пайтда иқтидордаги демократларнинг АҚШ Конгресси юқори палатаси Сенатдаги мавқеи ҳозир бироз кенгайган.

Бу эса Обама учун ўз номзодларни осонликча янги лавозимларга тасдиқлаш имконини беради.

Когресснинг қуйи Вакиллар палатаси эса Обама маъмуриятига мухолиф республикачилар назорати остида қолмоқда.

Косово Сербия президентини мамлакатга киритмади

Косово ҳукумати Сербия президенти Томислав Николичга Рождество байрамида этник серблар яшайдиган туманларни зиёрат қилишига изн бермади.

Косово вице-президенти Ҳайриддин Кучи Белград ҳукумати Приштина делегациясининг Жанубий Сербиядаги албанлар яшайдиган ҳудудларига боришига руҳсат берсагина Николич ташрифига монеълик қилинмаслигини айтган.

Серб православ черкови Раждество байрамини 7 январ куни нишонлайди.

Чавес қасамёд маросимида қатнашмаса ҳам мақомини сақлаб қолади

Саратон касаллиги билан олишаётган Венесуэла президенти Уго Чавес 10 январга мўлжалланган қасамёд маросимида қатнаша олмаса ҳам президентлик мақомини сақлаб қолади.

Бу ҳақда Венесуэла вице-президенти Николас Мадуро маълум қилди. Мухолифат агар Чавес касаллиги туфайли қасамёд маросимида қатнаша олмаса вақтинчалик президентликни парламент спикерига топширишни талаб қилаётган эди.

Саратондан азият чекаётган Чавес 11 декабрда Кубада тўртинчи жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган ва ўпкасига инфекция ана шу жарроҳлик ортидан тушгани айтилади.

58 ёшли Президент Ҳаванадаги амалиёт ортидан оммавий чиқиш қилмаган ва бу эса, унинг саломатлиги борасидаги миш-мишлар янада авж олишига сабаб бўлган.

Италия тоғларида олти россиялик сайёҳ ҳалок бўлди

Италиянинг Алп тоғларида ҳалок бўлган сайёҳларнинг барчаси россияликлардир. Бу ҳақда Россиянинг Миландаги вице-консули Анна Булатова маълум қилди.

Унга кўра, олти россиялик сайёҳ нобуд бўлган, яна икки нафари оғир жароҳатланган. Хабарларга кўра, Трентода жума кечқурун россиялик сайёҳлар ўзлари кирага олган қорда юрадиган машинада ресторандан қайтаётиб юз метр баландликдаги қоядан ағнашган.

Ҳалокатнинг аниқ тафсилотлари ўрганилмоқда.

Ироқда ҳукуматга қарши намойишлар давом этмоқда

Бағдодда жума куни шиалар вакили Нури ал Маликий раҳбарлигидаги ҳукумат истеъфоси талаб қилинган норозилик намойиши бўлиб ўтди.

Бағдоднинг асосан суний мусулмонлар яшовчи Адамия туманига йиғилган минглаб норозилар кўплаб маҳбусларнинг озод этилиши ва инсон ҳуқуқларига амал қилинишини талаб қилишди.

Бу каби намойишлар Салоҳиддин, Диёла, Қиркук ва Найнава вилоятларида ҳам ўтказилди. Анбар вилоятида ўтаётган намойиш иштирокчилари эса Ироқни Сурия ва Иордания билан боғловчи йўлларни тўсиб қўйишган.

Ироқда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари икки ҳафтадан бери давом этмоқда. Намойишларда ҳукумат истеъфоси билан бир қаторда суний мусулмонларнинг камситилишига барҳам бериш талаб қилинаяпти.

Туркияга АҚШ ҳарбийлари киритила бошланди

Туркияга Patriot ракеталари билан жанговор ҳозирликни ўташ учун АҚШ ҳарбийлари киритила бошланди.

АҚШ, Германия ва Нидерландлар Туркия-Сурия чегарасига иккитадан Patriot ракета комплексларини ўрнатмоқда. Ракеталар январ ойи охирида жанговор ҳолатга келтирилади.

АҚШ ҳарбитй қўмондонлигининг билдиришича, америкалик ҳарбийлар Туркия жанубидаги Инжирлик базасига жойлаштирилади. Бу ерда америкалик 400 ҳарбий хизмат ўтайди. Бундан ташқари НАТОнинг мингдан ортиқ ҳарбийси Туркияга киритилади.

Туркия ҳукумати ўтган йилнинг 30 ноябрида НАТОдан Суриянинг эҳтимолий агрессиясига қарши ўз ҳудудида Patriot ракеталарини ўрнатишни илтимос қилган эди.

Қозоғистонда поездга ўт кетди

Қозоғистонда Атираудан Мангишлакка кетаётган пассажир поездида ёнғин содир бўлди.

”Интерфакс” агентлигининг маълум қилишича, жума куни кечқурун содир бўлган бу фалокатда жабрланганлар ҳақида маълумот ҳозирча ошкор этилган эмас.

Маълумотда айтилишича, Макат станциясидан ёнғинни ўчириш учун воқеа жойига ўт ўчирувчилар жўнатилган.

Фавқулодда вазият Атирау вилоятининг Жалиой туманида юз берган.

Қирғиз парламентининг уч депутатига нисбатан суд 10 январда бошланади

Қирғизистон парламентининг “Ата-Журт” фракциясидан депутатлари Қамчибек Ташиев, Талант Мамитов ҳамда Садир Жапаровларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки суд амаллари 10 январда бошланади. Бу ҳақда Мамитовнинг оқловчиси Искендер Журабаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, уч депутатнинг ҳибсдаги муддати бугун ниҳоясига етиши керак эди. Бироқ ўтган йилнинг декабр ойида жиноят иши тергов қилиниб бўлиб, судга юборилганлиги боис, суд депутатларнинг қамоқдаги муддатини узайтирган.

Қирғиз парламентининг уч депутати ўтган йилнинг октябр ойида Бишкекдаги ҳукумат уйи олдида бўлиб ўтган тартибсизликларни уюштирганликда айбланмоқда. Уларга нисбатан “Конституциявий тузумни ағдаришга уриниш”, “Ҳокимиятни босиб олишга даъват қилиш” айблови билдирилган.

Чавес ўпка инфекцияси билан ҳам оғрияпти

Саратон касаллиги бўйича жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган Венесуэла Президенти Уго Чавес айни пайтда “ўткир” респиратор инфекцияси билан ҳам оғрияпти.

Бу ҳақда маълум қилган Венесуэла ахборот вазири Эрнесто Вилегасга кўра, ўпка касаллиги туфайли ҳозирда Чавеснинг нафас олишида ҳам муаммо пайдо бўлган.

Чавеснинг аҳволи бўйича бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаяпти.

Саратон касаллигига чалинган Уго Чавес 11 декабр куни Кубадаги касалхонада жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганидан бери касалхонада қолмоқда.

Венесуэла раҳбари 2011 йил ўрталарида саратонга чалинганидан буён тўртинчи марта операция қилинди.

58 ёшдаги Чавес ўтган ой бошида операция қилинганидан бери жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG