Линклар

Шошилинч хабар
23 август 2019, Тошкент вақти: 01:34

Халқаро янгиликлар

АҚШда янги 100 долларлик муомалага чиқарилади

2013 йилнинг 8 октябридан АҚШда янги 100 долларлик муомалага чиқарилади.

Янги 100 долларлик купюрада ҳам Бенжамин Франклиннинг сурати акс этган.

АҚШ Марказий банки раиси ўринбосари Майкл Ламбертнинг Ассошиэйтед Пресс агентлигига айтишича, янги банкнота аввалгисига нисбатан сохталаштиришдан яхшироқ ҳимоя қилинган.

АҚШ Марказий банки биринчи партияда янги 100 долларлик пулни 2,5 миллиард доллар миқдорида муомалага чиқаришни режалаган.

АҚШдаги ахборот агентликлари хабарига кўра, янги 100 долларлик банкнотани босиб чиқариш аввалгисига нисбатан 4 сентга қимматроқ бўлади ва ҳукуматга йилига 100 миллион долларга тушади.

Доллар купюралари ҳимоясини кучайтириш мақсадида АҚШ ҳукумати сўнгги 10 йил давомида 5, 10, 20 ва 50 долларлик банкноталар дизайнини ҳам ўзгартирган.

Афғонистон: Абдулла Абдулла президентликка номзодини кўрсатди

Мухолифатдаги Афғонистон миллий коалицияси етакчиси Абдулла Абдулла.
Афғонистон мухолифати етакчиси Абдулла Абдулла президент лавозимига ўз номзодини кўрсатди.

Абдулла Абдулла сешанба куни Кобулда Афғонистон Мустақил сайлов комиссиясидан президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтганини эълон қилди.

Афғонистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдулла Абдулла мухолифатдаги Афғонистон миллий коалицияси етакчисидир.

У 2009 йилги президентлик сайловида иқтидордаги президент Ҳамид Карзайнинг асосий рақиби бўлган.

Афғонистонда президентлик сайлови 2014 йил 5 апрелга белгиланган.

Ҳозирча Абдулла Абдулла президентликка даъвогар сифатида рўйхатга олинган энг таниқли сиёсий арбоб бўлиб қолмоқда.

Номзодларни рўйхатга олиш 6 октябргача давом этади.

Душанба куни собиқ молия вазири Ашраф Ғани президентликка номзодини кўрсатишни режалаётганини билдирган эди.

Икки марта президент этиб сайланган Ҳамид Карзай учинчи муддатга сайланиш ҳуқуқига эга эмас.

АҚШда кўплаб федерал агентликлар ўз фаолиятини вақтинча тўхтатмоқда

АҚШ Конгресси муваққат бюджет лойиҳаси бўйича келишувга эриша олмагани сабабли ҳукумат кўплаб давлат ва бюджет ташкилотлари фаолиятини тўхтата бошлади.

30 сентябр куни Вашингтон вақти билан ярим тундан кейин Оқ Уйнинг Бюджет масалалари бўйича идораси федерал агентликларга босқичма-босқич ўз фаолиятини тўхтатишга буйруқ берди.

Сешанба кунидан аксар агентликларнинг иккиламчи хизматлари вақтинча тўхтатилади ва юз минглаб ходими ишга бормайди.

Бу миллий хавфсизлик идоралари каби муҳим хизматларга таллиқли бўлмайди.

Тожикистонда мактаб ўқувчиси синфдошини ўлдириб қўйди

Тожикистонда 9-синф ўқувчиси ўз синфдошини кўкраги ва бошига уриб, ўлдириб қўйди. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилади.

Воқеа Душанбе шаҳридан 55 километр шарқроқда жойлашган Файзобод туманидаги мактаблардан бирида 28 сентябр куни содир бўлган.

Айтилишича, биология ўқитувчиси дарс пайтида ўқувчилардан шовқин қилмасликни сўраб, телефон қўнғироғига жавоб бериш учун синфхонадан чиққан.

Ўқитувчи чиққач, ўқувчилар шовқин-сурон кўтара бошлаганлар, шундан сўнг ўқувчилардан бири синфдошларидан жим бўлишни сўраган. Унинг бу гапи синфдаги ўқувчилардан бирига ёқмаган ва у синфдошининг ёнига келиб, кўкрагига мушт тушириб, бошига китоб билан урган.

Олинган жароҳатлар туфайли ўқувчи воқеа жойининг ўзида жон таслим қилган. Экспертиза хулосасига кўра, ўқувчи миясига қон қуйилиши натижасида нобуд бўлган.

Воқеа бўйича гумонланувчининг ҳозирда маҳаллий милиция бўлимида экани айтилмоқда.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йили республикада вояга етмаганлар томонидан 575 та жиноят, шу жумладан, бешта қотиллик содир этилган.

Қирғизистондан 50 мингдан зиёд киши фуқаролик олган

1995 йилдан буён 50 минг 378 нафар хорижлик Қирғизистон фуқаролигини олди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссия масъул котиби Нурбек Қасимбеков маълум қилди.

Унга кўра, Қирғизистон фуқаролигини олганларнинг 39 минг 527 нафари этник қирғизлардир. Аксарияти Ўзбекистон ва Тожикистондан кўчиб келган бу кишилар фуқаролик олганларнинг 78 фоизини ташкил қилади.

Қирғизистон фуқаролигини олганлар сони сўнгги икки йилда кескин кўпайиб, 13 минг 414 кишига етган. Уларнинг 11 мингдан зиёди этник қирғизлардир.

Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти экспертлари Сурияга йўл олди

Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотининг 20 кишидан иборат экспертлар гуруҳи душанба куни Байрутга етиб келди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар қилади.

Маълумотларга кўра, инспекторлар Ливан пойтахтига хусусий самолётда етиб келганлар ва сешанба куни Дамашққа йўл оладилар.

Шанбага ўтар кечаси ўтказилмиш махсус мажлисида Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотининг ижроия органи 2014 йил ўртасигача Суриядаги кимёвий қуролларни йўқ қилиш бўйича дастурни тасдиқлаганди. Шундан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгаши бу режа мажбурий юридик кучга эканини тасдиқловчи резолюцияни қабул қилган.

Обама: Эрон билан музокаралар осон кечмайди

АҚШ президенти Барак Обама Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан, Вашингтон, 2013 йилнинг 30 сентябри.
АҚШ президенти Барак Обама фикрича, Эрон сиёсатида сўзлар амал билан мустаҳкамланиши лозим. Бу ҳақда АҚШ раҳбари Вашингтонга сафар қилаётган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашув чоғида билдирди.

Обама Қўшма Штатлар ҳали ҳам Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик қарорида собит эканини таъкидлади. У Эрон ядровий муаммоси дипломатик йўллар билан ҳал этилажагига умид билдирди. Шу билан бирга, Обама Эронга оид ҳар қанақа муаммо, жумладан, ҳарбий муаммоларнинг ечилиши кун тартибида қолаверишини қайд этди.

Барак Обама АҚШ Эрон билан музокараларга очиқ кўз билан киришаётганини, бу йўл осон бўлмаслигини америкаликлар билишини урғулади.

Оқ уй раҳбарига кўра, АҚШ Эронга нисбатан киритилмиш санкцияларнинг бекор қилиниши бўйича юқори стандартларни жорий қилади. Шунингдек, Обама АҚШнинг Исроил билан алоқалари ҳозир ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамроқ эканини таъкидлади.

Руҳоний Эрон билан АҚШ ўртасида кейинги 30 йил ичида илк бор авиақатновни йўлга қўймоқчи

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний.
Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний мамлакат авиация хизмати расмийларига Эрон билан Қўшма Штатлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновни қайта тиклаш имкониятларини ўрганиб чиқишни буюрди. Икки мамлакат ўртасида 30 йилдан ортиқроқ вақтдан бери парвозлар амалга оширилмайди.

Эрон хабар агентликлари душанба куни президент маслаҳатчиси Акбар Торканга таяниб, Руҳоний муҳожиратда яшаётган эронликларнинг ўз ватанларига келишига “тўсиқларни бартараф” қилиш учун авиақатновни қайта йўлга қўймоқчи, дея хабар қилди.

Руҳоний иқтидорга келганидан бери ғарбга нисбатан муросали баёнотларни қилмоқда. Жумладан ўтган ҳафта Ню Йоркда БМТ Бош ассамблеясида қилган чиқишида ғарб давлатлари билан Эрон ядровий дастурига доир музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини билдирди.

Жума куни эса, АҚШ Президенти Барак Обама Руҳоний билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу 1979 йилда икки томон ўртасида дипломатик алоқалар узилганидан бери Вашингтон билан Теҳрон ўртасидаги илк бевосита мулоқот бўлди.

БМТнинг кимёвий қуроллар бўйича экспертлари Сурияни тарк этди

Сурияда кимёвий ҳужум рўй берганига оид иддаоларни текширган БМТ экспертлари гуруҳи ўз ишини якунлаб, мамлакатни тарк этди.

Душанба куни эрталаб Дамашқдан чиққан машиналар карвони Байрутга етиб борди. Бу БМТ инспекторларининг кейинги икки ой ичида Сурияга қилган иккинчи ташрифи бўлди. Улар еттита ҳолат, жумладан Дамашқ яқинида 21 август куни юзлаб одамнинг ўлимига сабаб бўлган кимёвий ҳужум юзасидан текширув ўтказди.

Халқаро мутахассислар текширувига доир кенг қамровли ҳисоботнинг келаси ойда эълон қилиниши кутилмоқда.

Сешанба куни бошқа бир халқаро тузилма Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича ташкилот экспертлари гуруҳининг Сурияга етиб келиши кутилмоқда. Уларнинг вазифаси Суриядаги кимёвий қуролларни инвентаризация қилиш ва уларни йўқ қилиш ишларига тайёргарликни бошлашдан иборат бўлади.

21 август кунги ҳодисадан кейин ғарб ҳарбий ҳужум билан таҳдид қилгани боис Сурия ўз ихтиёридаги кимёвий арсенални йўқ қилишга розилик берди.

Туркия раҳбари инсон ҳуқуқларига доир ислоҳотлар режасини маълум қилди

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон инсон ҳуқуқлари соҳасида анчадан бери кутилаётган ислоҳотларга оид режаларни эълон қилди.

Анқарада душанба куни ўтказилган матбуот анжуманида Эрдўғон “бу тарихий дамлар ва муҳим босқичдир”, дея таъкидлади.

Таклиф қилинаётган ислоҳотлар, деди у, давлатга қарашли бўлмаган мактабларда таълим турк тилидан бошқа тилларда берилишига йўл очиб беради.

Туркияда шунингдек парламентга кириш учун партиялардан талаб қилинадиган минимал овоз чизиғини камайтирилиши ёки умуман бекор қилиниши мумкин. Ҳозирда парламентга ўтиш чизиғи камида 10 фоизни ташкил қилади.

Эрдўғоннинг айтишича, Туркияда давлат муассасаларида аёлларнинг ҳижоб ўраб юришини тақиловчи қонун ҳам бекор қилинади. Янги қонун-қоидалар адлия тизими ёки ҳарбий соҳага тааллуқли бўлмайди.

Туркия раҳбари шунингдек давлат томонидан ўзлаштирилган Сурайа насронийларига тегишли ибодатхонанини қайтариб бериш режаларини ҳам маълум қилди.

Ассад: Дамашқ БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси талабларини бажаришга тайёр

Сурия президенти Башар Ассад.
Сурия расмийлари БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясидаги талабларни бажаради ва ўз кимёвий қуролларини йўқ қилади. Бу ҳақда Сурия президенти Башар Ассад Италия телеканалига берган интервюсида билдирди.

У Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши Сурия бўҳронини ҳамда бутун минтақадаги муаммоларни ҳал қилишда ижобий рол ўйнаши мумкинлигини қайд этди.

Ассад Европа давлатларининг кўпи ноябр ойида Женевада ўтказилажак тинчлик анжуманини тайёрлашда самарали рол ўйнай олмаслигини ҳам урғулади.

Жума куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Сурия кимёвий қуролини халқаро назорат остига топшириш ва уни йўқ қилишни кўзда тутувчи резолюцияни бир овоздан ёқлаган.

Сешанба куни Кимёвий қуролни тақиқлаш бўйича ташкилотнинг 20 га яқин инспектори Дамашққа келиши кутилмоқда. Улар октябр ойи охиригача Сурия бўйича кенг кўламли ҳисобот тақдим этишни режалаганлар.

Ташкилот вакили уларда “Сурия расмийлари ўз тасарруфидаги кимёвий қурол заҳираларини яширишга уринаётибди” дея тахмин қилишга асос йўқлигини билдирди.

Якшанба куни исёнчилар назорати остида бўлган Ракка шаҳридаги мактабга ҳаводан зарба берилгани оқибатида камида 12 киши нобуд бўлди. Ҳалок бўлганларнинг кўпчилигини мактаб ўқувчилари ташкил қилади. Бу ҳақда Буюк Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари маркази ва мухолифат фаоллари маълум қилдилар.

Ироқдаги ҳужумларда 40 дан зиёд киши нобуд бўлди

Якшанба куни Ироқда амалга оширилган ҳужумларда камида 46 киши қурбон бўлди. Бу ҳақда мамлакат расмийлари маълум қилди.

Бағдоддан 60 километр жануброқда жойлашган Мусаиб шаҳридаги шиалар масжидида содир этилмиш портлаш чоғида камида 25 киши ҳалок бўлди, қирққа яқин киши яраланди. Ҳужум дафн маросими чоғида худкуш шахс томонидан амалга оширилди.

Ироқ шимолидаги Ирбил шаҳрида жанггарилар хавфсизлик хизмати биносига ҳужум қилдилар. Бу ерда курд миллатига мансуб камида олти нафар ҳарбий ҳалок бўлди, қирққа яқин киши жароҳат олди. Ҳужумда тўрт нафар худкуш иштирок этди, бир автомобил портлатилди. Мазкур ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким зиммасига олгани йўқ.

Кеча Бағдод яқинидаги Ҳусайния шаҳри ва Бағуба шаҳрида ҳам портлаш ва ҳужумлар содир этилди.

Сўнгги пайтларда суннийлар ва шиалар ўртасидаги зиддият кучайиши ортидан Ироқда зўравонлик хуружлари сони кескин кўпайган. Йил бошидан буён бу каби ҳужумларда мамлакатда 4600 га яқин киши нобуд бўлган.

Россия: “Арктик Санрайз”даги гринписчиларнинг ҳаммаси ҳибс этилди

Россияда қўлга олинган гринписчилар.
Мурманск суди якшанба куни “Гринпис” экологларидан яна саккиз кишини ҳибсга олиш юзасидан қарор чиқарди. Улар орасида Украина, Буюк Британия, Ҳолландия, Бразилия, Финляндия ва АҚШ фуқаролари бор. Шу тариқа суд “Арктик Санрайз” кемаси экипажининг барча аъзосига нисбатан эҳтиёт чорасини белгилаш бўйича ўз ишини якунлади.

Пайшанба куни Мурманск суди қарори билан 30 нафар “Гринпис” фаолидан 22 нафари ҳибс этилганди.

19 сентябр куни “Гринпис”га қарашли, ичида 30 киши бўлган “Арктик Санрайз” кемаси Баренц денгизи шимолий-шарқида Россия чегарачилари томонидан қўлга олинганди. Экологлар бу ерда “Газпром” нефт платформасида тинч намойиш ўтказишга урингандилар. “Гринпис” Арктикада нефт қазиб олинишига қарши чиқмоқда. Ташкилот фаолларига кўра, бу минтақа экологиясига тузатиб бўлмас зарар етказади.

Москва Ҳелсинки гуруҳи раҳбари Людмила Алексеева гринписчиларни ҳибсга олиш бўйича Мурманск суди қарорини “мутлақо ақлга сиғмайдиган”, деб атади. Ҳуқуқ фаолига кўра, бу мутлақо нотўғри қарор бўлиб, барча халқаро меъёрларга зид келади.

Олтин iPhone 5S ва iPhone 5C Араб Амирликларида $ 15000дан сотилади

Британиянинг Amodoria бренди Американинг Apple ширкати ўтган ҳафта тақдимот маросимини ўтказган iPhone 5S ва iPhone 5C қўл телефонларининг қизил, сариқ, оқ ва қора олтиндан ишланган версиялари Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) сотувга чиқишини эълон қилди.

AMOiPhone 5S деб номланган телефон Форс кўрфази минтақасида яшовчилар учун махсус ишланган.

Қимматбахо буюм ишқибозлари 18-24 катарли сариқ ёки қизил олтиндан тайёрланган телефоннинг бриллиант, ёқут, зумрад каби қимматбахо тошлар билан безатилган вариантини ҳам сотиб олишлари мумкин.

The National нашрига кўра, ҳар бир қимматбахо телефонни тайёрлашда 35 граммдан олтин сарфланган.

Нархи атиги 15 минг АҚШ доллари бўлган ялтир-юлтир телефон 1 октябрдан БААда сотувга чиқади.

Сочи Олимпиадасининг машъали ёқилди

Грециянинг қадимий Олимпия шаҳарчасида 2014 йил Сочида бўладиган Қишки Олимпиада мусобақаларининг машъали ёқилди.

Олимпиада олови якшанба куни қуёш нурида параболик кўзгу ёрдамида ёндирилди.

Олимпиада машъали 6 октябр куни Грециядан Москвага олиб келинганидан кейин уни Россиянинг 2900та қишлоқ ва шаҳарларидан олиб ўтиш режаланган.

123 кун давомида 14 минг спортчи Олимпиада машъалини Байкал кўлидан Шимолий Қутбгача бўлган ҳудуддан олиб ўтиши ва уни илк бор очиқ космосга ҳам олиб чиқиш режаланган.

Олимпиада машъали Сочи шаҳрига 7 феврал куни Қишки Олимпиаданинг тантанали очилиши маросимига етиб боради.

Россия ҳукумати Сочи Олимпиадасини ўтказиш учун 50 миллиард АҚШ долларидан кўпроқ маблағ сарфламоқда.

Филиппинлик Меган Янг 2013 йилги “Дунё гўзали” бўлди

Индонезиянинг Бали оролида 28 сентябр куни якунига етган “Дунё гўзали” танловида филиппинлик 23 яшар Меган Янг ғолиб бўлди.

Янг танловнинг финал босқичида Франция, Гана, Бразилия ва Испания “гўзаллари”ни доғда қолдирди.

Англия, Австралия, Индонезия, Непал ва Ямайка вакиллари ҳам дунёнинг 10 нафар гўзали рўйхатидан ўрин эгаллади.

Танловда 137 мамлакат вакиллари дунё гўзали тожи учун беллашди.

2013 йилги “Дунё гўзали” танловида илк бор “Ўзбекистон гўзали” танловининг ғолиби эканини иддао қилган 18 яшар Раҳима Ғаниева ҳам қатнашди.

Покистонда ўнлаб одам ҳужум қурбони бўлди

Покистоннинг шимоли-ғарбидаги бозорда амалга оширилган иккита портлаш оқибатида камида 33 одам нобуд бўлди.

29 сентябр кунги портлаш Пешовар шаҳридаги полиция идораси яқинида жойлашган одамлар билан гавжум Кисса Ҳвани бозорида содир этилди.

Маҳаллий полиция расмийси Алтаф Ҳуссайнга таяниб ахборот агентликларининг хабар қилишича, ўлганлар орасида олти нафар бола ва икки аёл ҳам бор.

Полиция вакили воқеада 80дан ортиқ одам жароҳат олганини қўшимча қилди.

Бу Ҳайбар Пахтунхва вилояти маркази Пешовар шаҳрида бир ҳафта ичида амалга оширилган учинчи бомба ҳужумидир.

Ўтган якшанба куни насроний черковида икки худкуш ўзини портлатгани оқибатида 82 киши ўлган эди.

Жума куни ҳукумат расмийлари кетаётган автобус портлатилгани натижасида 18 одам нобуд бўлди.

Бомба ҳужумлари ҳукумат покистонлик толиблар билан тинчлик музокаралари бошлашга тайёргарлик кўраётган пайтда амалга оширилди.

Ҳиндистон бош вазири покистонлик ҳамкасби билан илк бор музокара қилади

Ҳиндистон Бош вазири М.Сингҳ (ч) ва АҚШ Президенти Б.Обама, Вашингтон, 2013 йил 27 сентябр.
Ҳиндистон Бош вазири Манмоҳан Сингҳ 29 сентябр куни Покистон Бош вазири Навоз Шариф билан Ню Йоркда, БМТ Бош Ассамблеяси сессиясидан ташқари учрашади.

Бу Навоз Шариф Бош вазир этиб сайланганидан бери Покистон ва Ҳиндистон бош вазирлари ўртасидаги биринчи учрашув бўлади.

Сингҳ келаси йил Ҳиндистон Бош вазири лавозимини тарк этади.

Шариф учрашувни ўзаро муносабатларда янги саҳифа очиш учун яхши имконият дея атади.

Бироқ Манмоҳан Сингҳ Кашмир минтақасида жанггарилар ҳужумлари авж олган пайтга тўғри келган музокарада кутилган натижага эришишилишига ишонч билдирмади.

Жума куни АҚШ Президенти Барак Обама билан музокарадан кейин сўзлаган Ҳиндистон Бош вазири террор маркази Покистонда эканини яна бир карра такрорлади.

Теҳронда норозилар президент Руҳонийга туҳум ва ковуш ирғитди

Шанба куни Теҳронда бир гуруҳ радикал қарашдаги эронликлар Ню Йоркдан қайтган ўз президенти Ҳасан Руҳонийга тухум ва ковуш ирғитишди.

Франс-пресс агентлиги хабарига кўра, олтмишга яқин одам “Америкага ўлим”, “Исроилга ўлим”, дея Руҳонияга ўз норозилигини билдиришган.

Эрон президентининг уч юзга яқин тарафдори эса Теҳрон аэропорти олдида “Руҳоний, Раҳмат” деган ёзувли плакатларни кўтариб туришди.

АҚШ ва Эрон президентлари 1979 йилдан буён илк бор телефонда мулоқот қилишди. Барак Обама ва Ҳасан Руҳоний телефон суҳбати чоғида Теҳроннинг ядровий дастурига оид келишувни мухокама этишди.

Обама ва Руҳоний телефонда мулоқот қилишди

АҚШ ва Эрон президентлари 1979 йилдан буён илк бор телефонда мулоқот қилишди.

Барак Обама ва Ҳасан Руҳоний телефон суҳбати чоғида Теҳроннинг ядровий дастурига оид келишувни мухокама этишди.

Обама Руҳоний билан мулоқот Эроннинг ядровий дастури атрофидаги ҳавотирлар тезроқ барҳам топишига умидлантирганини таъкидлади.

Айни пайтда Оқ уй раҳбари эронлик ҳамкасбига келишувга эришиш жараёнида жиддий тўсиқлар пайдо бўлиши ва сўзлашувлар мувоффақияти кафолатланмаганини айтди.


АҚШ раҳбарига кўра, келишув жараёни анча мураккаб кечиши мумкин. Лекин, Эронда янги раҳбарият ҳокимият тепасига келиши билан бу йўналишда силжишга эришиш имконлари пайдо бўлди.

Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги дипломатик алоқалар 1979 йилда мамлакатда Ислом инқилоби рўй бергач, узилиб қолган эди.

Обама олти йилдан буён чекмаётганини айтди

АҚШ президенти Барак Обама олти йилдан буён сигарет чекмаётганини тан олди.

NBC телеканали мухбири билан суҳбатда жаноб Обама рафиқаси Мишел Обамадан қўрққани учун олти йил аввал чекишни ташлагани ҳақда ҳазиллашиб ҳам қўйди.

– Сўнгги олти йил ичида биронта сигарет чекканим йўқ, сабаби хотинимдан қўрқаман, - деди Обама кулиб.

Қўшма Штатларда сиёсатчиларнинг чекиши мунозарали мавзу ҳисобланади. 2008 йилги сайловолди кампанияси даврида Барак Обаманинг сигарет чекиши ҳақида гап-сўзлар урчиган эди.

Соғлом турмуш тарзи тарафдори бўлган АҚШнинг биринчи хоними Мишел Обама ўтган йили ўз чиқишларидан бирида турмуш ўртоғининг чекишни ташлашига қизлари Малия ва Сашаларнинг эътирозлари сабабчи бўлганини айтганди.

Соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, ҳар йили беш миллион одам чекиш туфайли ҳаётдан кўз юмади.

БМТ Сурия бўйича резолюцияни қабул қилди

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Сурияни кимёвий қуролларини йўқ қилишга чорловчи резолюцияни бир овоздан қабул қилди.

Ҳужжатда Сурияда кимёвий қурол қўлланилишини қораланади. Мазкур резолюцияга мувофиқ Сурия режими ўз кимёвий қуролларини буткул йўқ қилиши керак.

Лекин, расмий Дамашқ ўзи олган мажбуриятларни бажармаса қандай жазо қўлланилиши ҳужжатда айтилмаган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров резолюциянинг қабул қилиниши Сурия бўхронининг тинч ҳал этилиши учун йўл очишини таъкидлади.

Либерия собиқ президентининг 50 йиллик қамоқ жазоси ўзгармади

Чарлз Тейлор.
Ҳаага халқаро трибунали Либерия собиқ президенти Чарлз Тейлорга берилган 50 йиллик қамоқ жазосини ўзгаришсиз қолдирди.

Ўтган йили БМТ томонидан Съерра Леондаги уруш жиноятларини тафтиш қилиш учун ташкил этилган махсус маҳкама Тейлорни 50 йиллик қамоққа ҳукм этган эди.

Тейлор қўшни Съерра Леон билан ҳарбий можаро давомида уруш жиноятлари содир этганликда айбдор деб топилган.

Икки қўшни Африка давлати ўртасида 10 йил давом этиб¸ 2002 йилда ниҳоясига етган қонли уруш оқибатида камида 50 минг одам нобуд бўлган.

Дала қўмондонидан президентга айланган 65 яшар Тейлор Иккинчи жаҳон урушидан бери суд томонидан уруш жиноятларида айбдор деб топилган биринчи давлат раҳбаридир.

Интерпол “Оқ бева”га қидирув эълон қилди

Интерпол Кения сўровига кўра, британиялик Саманта Лютуэйтга қидирув эълон қилди.

Матбуотда “Оқ бева” номи билан танилган Саманта Лютуэйт 2011 йилнинг декабрида Найроби курортларида содир этилган терактларга алоқадорликда гумонланмоқда.

Саманта 2005 йилда Лондон метросида ўзини портлатиб юборган ҳудкуш шахснинг беваси бўлади.

Якшанба куни Найроби шаҳридаги савдо марказига ҳужум уюштирган Ал-Қоидага алоқадор Ал-Шабаб номли сомалиялик жангарилар гуруҳи орасида британиялик борлиги ҳақидаги хабар пайдо бўлгач, матбуотда Саманта билан боғлиқ мақолалар кўпайди.

Саманта Ал-Қоиданинг фақат аёллардан иборат гуруҳини бошқариши айтилади.

Ходорковскийга 100 минг долларлик мукофот берилади

Россиялик собиқ нефть магнати, миллиардер ҳозирда қамоқ жазосини ўтаётган 50 яшар Михаил Ходорковскийга Полша собиқ президенти Лех Валенса номидаги мукофот берилади.

29 сентябр куни Гданскда собиқ президент Валенса ўз номидаги 100 минг АҚШ доллари турадиган ушбу мукофотни Михаил Ходорковскийнинг ўғли Павел Ходорковскийга топширади.

2003 йилда товламачиликда айбланиб қўлга олинган Ходорковский ва унинг бизнес ҳамкори Платонов ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2010 йилда мулкни ўзлаштириш ва пул ювишда айбдор деб топилиб уларга қўшимча қамоқ муддати белгиланган.

Ходорковскийнинг қамалиши унинг ҳокимиятга интилганига жавобан Путиннинг қасоси сифатида баҳолаб келинади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG