Линклар

Шошилинч хабар
24 август 2019, Тошкент вақти: 17:29

Халқаро янгиликлар

Жон Керри: кузатув дастурлари ҳаддан ортиқ номақбул бўлган

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.
АҚШ Давлат котиби Жон Керри мамлакат разведка химзатлари амалга оширган кузатув дастурларининг баъзилари “ҳаддан ортиқ номақбул” бўлганини тан олди.

Пайшанба куни қилган чиқишида Керри, шу билан бирга жосуслик ҳаракатлари террорчиликка қарши курашда муҳим эканини ҳам қўшимча қилди. “Биз одамлар ўзини портлатиб юборишгача бораётган янгича дунёда яшаяпмиз”, деди Керри. Лекин маълум қуюшқонлар бўлиши керак, дея эътироф этди давлат котиби.

Керри ўзи ва президент Барак Обама учун АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги дунё бўйлаб кузатув дастурларини амалга оширганига доир хабарлар кутилмаган ҳолат бўлганини ҳам тан олди. Чунки “мавжуд технологиялар кузатув дастурларини автоматик тарзда амалга ошириш имконини беради”, дея изоҳлади Керри.

Унинг айтишича, президент Обама келажакда бундай ҳолларга йўл қўймаслик учун текширув ўтказишга қарор қилган.

МХАнинг собиқ ходими Эдвард Сноуден сиздирган маълумотлар орқали ошкор қилинган кузатув дастурлари Қўшма Штатлар иттифоқчиларини ғазаблантирган.

Барак Обама Оқ Уйда Ироқ Бош вазири билан учрашади

Ироқ Бош вазири Нури ал-Маликий
АҚШ президенти Барак Обама жума куни Оқ Уйда Ироқ Бош вазири Нури ал-Маликий билан ушрашади.

Пайшанба куни Маликий Ироқдаги Ал-Қоида кучларига қарши кураш олиб бориш учун АҚШдан ҳарбий кўмак олиш бўйича музокарлар ўтказганини айтди.

АҚШ Тинчлик Институтида чиқиш қилган Бош вазирга кўра, минтақадаги экстремист кучларнинг авж олишига Араб баҳори олиб келган сиёсий ўзгаришлар ортидан юзага келган ҳокимият вакууми сабаб бўлган.

Ироқ терроризмга қарши курашда АҚШнинг ҳарбий ёрдамига ҳамда разведка маълумотига муҳтож, деди Маликий.

Ҳафта бошида АҚШнинг қатор сенаторлари Обамага йўлланган мактубда Ироқда сўнгги пайтда зўравонликларнинг авж олишига Маликий олиб бораётган сиёсат сабаб эканини айтишган.

Ироқдаги сунний мусулмонлар шиа мазҳабига мансуб Нури ал-Маликий бошчилигидаги ҳукумат суннийларни қатағон қилаётганини иддао қиладилар.

Григорий Лепс АҚШ қора рўйхатида, Москва Вашингтондан изоҳ талаб этмоқда

Григорий Лепс
Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ҳукуматидан таниқли россиялик қўшиқчи Григорий Лепснинг Вашингтон қора рўйхатига киритилишига изоҳ беришни талаб қилди.

АҚШнинг Молия вазирлиги жорий ҳафтада асл исми Григорий Лепсверизде бўлган россиялик ашулачини “Биродарлик халқаси” деб номланган уюшган халқаро криминал гуруҳга аъзоликда айблаган эди.

Вазирлик Лепсни уюшган халқаро гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига киритди.

Мазкур санкциялар рўйхатдагиларнинг АҚШ банкларидаги ҳисобларини музлатади ва АҚШ фуқароларининг улар билан ҳар қандай ҳамкорлигини тақиқлайди.

Россия ташқи ишлар вазирлигига кўра, Вашингтон илгари сурган айбловлар “айбсизлик презумпциясининг фундаментал принципларини” бузади.

Григорий Лепс шахсий веб-сайти орқали АҚШ ҳукумати илгари сураётган айбловлар “уйдирма” эканини билдирди.

АҚШ Молия вазирлигига кўра, постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси”га Ўзбекистондаги криминал авторитет Ғафур Раҳимов ҳам киради.

Исроил ҳарбий учоқлари Суриядаги ҳарбий базани ўққа тутгани айтилмоқда

Латакия шаҳри
Исроилга тегишли ҳарбий учоқлар Сурия ҳудудига ҳужум қилгани айтилмоқда. Тел Авив бу ҳабарларни инкор этди.

Хабарларга кўра, пайшанба куни Исроил ҳабий учоқлари Суриянинг Латакия порт шаҳри ёнида жойлашган ҳарбий базани нишонга олган.

Сурия муҳолифат кучларига кўра, мазкур базада Россияда ишлаб чиқилган ракеталар сақланган.

CNN телеканалининг исми очиқланмаган АҚШ расмийсидан иқтибос келтиришича, Исроил ушбу ракеталар Ливандаги Ҳизбуллоҳ гуруҳига берилишига ишонган бўлиши мумкин.

Мамлакатдаги воқеаларни яқиндан кузатиб борувчи Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг билдиришича, пайшанба куни Латакия шаҳри яқинидаги ҳарбий базада кучли портлаш рўй берган.

Ливан ҳарбий кучларига кўра, чоршанба кучли Исроилга қарашли олтита ҳарбий учоқ Ливан ҳудуди устидан учиб ўтган.

Истроил бундан аввал ҳам Сурия ҳудудида ҳужумлар уюштириб келгани айтилади.

Сурия режими киёвий қурол ишлаб чиқарувчи иншоотларни йўқ қилди

Кимёвий қуролларни назорат қилувчи халқаро ташкилотнинг маълум қилишича, Сурия 1 ноябрьгача белгиланган муддат ичида кимёвий қурол ишлаб чиқарувчи барча иншоотларни йўқ қилган.

Рейтерс агентлиги қўлга киритган Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича ташкилотга доир ҳужжатда айтилишича, Сурияга қарашли 23та иншоотда кимёвий қурол ишлаб чиқариш ускуналари йўқ қилингани текширилган.

Ҳужжатда яна айтилишича, ташкилот экспертлари 23та иншоотдан 21тасида бўлиб бунга бевосита гувоҳ бўлишган. Қолган иккита иншоотга бориш ҳаёт учун хавфли бўлган, лекин кимёвий қурол ишлаб чиқариш ускуналари бошқа жойга олиб борилиб, йўқ қилингани текширилган.

Президент Башар Ассад режими АҚШ ҳарбий ҳужум билан таҳдид қилиши ортидан 2014 йилга қадар ўз ихтиёирдаги кимёвий қуролларни йўқ қилишга рози бўлган. Август ойида Дамашқ яқинида 1400 кишининг ўлимига сабаб бўлган заҳарли газ ҳужуми ортидан Қўшма Штатлар Сурия режимига қарши ҳарбий ҳужум билан таҳдид қилган эди.

Исроил 26 фаластинликни қамоқдан озод қилди

Қамоқдан озод қилинган фаластинликларни тантанали кутиб олишди.
Кўпдан бери тўхтаб қолган сулҳ музокарасини жонлантириш мақсадида Исроил ҳукумати 30 октябрда 26 фаластинликни қамоқдан озод қилди.

Озод қилинган фаластинликлар Ғазо минтақасида ва Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида тантана билан кутиб олинди. Озод қилинганларнинг айримлари 20 йилдан бери қамоқда ўтирган одамлар бўлган.

Мазкур воқеа муносабати билан Рамаллоҳда чиқиш қилган Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос “Исроил фаластинликларни қамоқдан бўшатиш эвазига Фаластин ҳудудида яҳудийлар учун янги қишлоқларни қурмаслиги шарт"лигини, "бундай савдолашувни фаластинликлар қабул қилмаслиги"ни айтди.

Исроилда фаластинликларнинг қамоқдан бўшатилиши норозилик билан қабул қилинди. Исроилликларбу одамларни яхудийларга қарши жиноятларни содир этган шахслар сифатида қабул қилади.

Исроил 1967 йилги уруш натижасида Фаластин ҳудуди деб аталувчи Ғарбий соҳилни,Ғазо минтақасини ва Қуддуснинг шарқий қисмини босиб олган. Ўшандан бери яҳудийларга қарши жиноятларни содир этганликда айбланиб минглаб фаластинликлар қамоққа олинган.

Ассад: Сурияда тинчлик ўрнатилиши исёнчиларга ташқи ёрдам тўхтатилишига боғлиқ

Башар Ассад (чапда) БМТ вакили Лаҳдар Браҳимий билан учрашувда.
Сурия президенти Башар Ассад мамлакатдаги урушни тўхтатиш борасидаги музокаралар исёнчиларга ташқи ёрдам кўрсатилишига барҳам берилсагина самарали бўлишини айтди.

Сурия телеканали Ассаднинг “исталган сиёсий қарор бевосита террорчи гуруҳларга ёрдам кўрсатиш тўхтатилиши билан боғлиқ”, деб билдирганини кўрсатди.

Чоршанба куни Башар Ассад БМТ ва Араб лигасининг Сурия бўйича вакили Лаҳдар Браҳимий билан Дамашқда учрашган эди. Браҳимий низолашаётган томонларни музокаралар столи атрофига йиғиш мақсадида Сурияга борган.

Бироқ Суриянинг қувғиндаги мухолифати ҳисобланган Сурия миллий кенгаши Башар Ассаднинг истеъфосини талаб қилмоқда ва президент вакиллари билан учрашувдан бош тортиб келмоқда.

Жорий йил охирида Женевада Суриядаги низони бартараф этиш юзасидан халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган. Бу анжуманда низолашаётган томонларнинг иштирок этиши шарт қилиб қўйилган.

Доғистондаги спиртли ичимликлар дўконларида портлашлар содир этилди

Портлаш содир этилган жой.
Россиянинг Доғистон республикаси пойтахти Махачқалада чоршанба куни содир этилган портлаш оқибатида яраланган 18 кишидан бири вафот этди.

Доғистон Тергов қўмитаси бу дастлабки маълумот эканини таъкидламоқда.

Аввалроқ Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги 15 киши яраланганини, уларнинг орасида ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари бор эканини билдирган эди.

Маҳачқаланинг Совет туманида бир неча дақиқа оралиғида иккита портлаш содир этилган. Расмий маълумотга қараганда, портловчи мосламалар спиртли ичимликлар сотилувчи иккита дўконга ўрнатилган.

Портлашни содир этган одамлар яширинишга муваффақ бўлган. Уларни қидириш ишлари давом этмоқда. Мазкур воқеа юзасидан жиноят иши очилган.

"Форбс”: Владимир Путин дунёнинг энг қудратли одами

"Форбс” журнали ўзининг бу йилги рейтингида Россия президенти Владимир Путинни дунёнинг энг қудратли одами деб эълон қилди.

Мазкур рўйҳатда устунликни ҳеч кимга бермай келаётган АҚШ президенти Барак Обама бу йилги рейтингда иккинчи ўринга тушди.

Журналнинг ёзишича, ўтган давр ичида президент Путин Россия устидан назоратини мустаҳкамлай олган. Путиннинг халқаро майдонда таъсири анча кучайган.Обама эса Конгрессдаги бюджет инқирози фонида заифроқ кўринади.

"Форбс” журнали рўйхатига ҳаммаси бўлиб 72 давлат раҳбарининг номи киритилган.

Рўйхатда Хитой раҳбари Си Цзиньпин учинчи ўринга тушиб қолган. Журнал рейтингида Рим Папаси Франциск тўртинчи, Германия канцлери Ангела Меркель бешинчи ўринда.

БМТ: Ҳар йили 7 миллион қиз эрта хомиладорлик сабаб ҳаётдан кўз юммоқда

БМТ маълумотларига кўра, эрта хомиладорлик ривожланаётган мамлакатларда катта муаммо бўлиб қолмоқда.

Ташкилот чоршанба куни эълон қилган ҳисоботда ҳар йили дунёда балоғот ёшига етмаган етти миллиондан кўпроқ қиз ҳаётдан кўз юмади. Уларнинг икки миллиони 14 ёшгача бўлган қизлардир.

Бунинг асосий сабаби эса аёлларнинг ўсмир ёшига етар-етмас ҳомиладор бўлаётганидир.

Афғонистон ва Покистон каби мамлакатларда 14-15 ёшли, баъзан эса 12-13 ёшли қизлар ҳам турмушга берилиши холлари кўп учрайди.

Ҳаётда ўз ҳақлари нималиги ва ҳуқуқи учун курашиш мумкинлигидан бехабар қизалоқ-келинчаклар оиладаги зўравонликка нишон бўлмоқдалар.

Европа Иттифоқи Беларусга қарши санкцияни узайтирди

Европа Иттифоқи Беларусга қарши жазо чораларини келаси йил октябр ойига қадар узайтирди. Лекин, ЕИ ўз “қора рўйхати”га киритилган Беларус амалдорлари ва ширкатлари рўйҳатини қисқартирди.

Европа мамлакатларига кириши тақиқланган ва банк ҳисоблари музлатилган 232 амалдор ва 24 та ширкат киритилган ушбу рўйҳатда президент Александр Лукашенко номи ҳам бор.

Европа Иттифоқи расмий Минск сиёсий махбусларни озод этмагани ва инсон ҳуқуқлари ҳамда демократия тамоилларига амал қилмаётгани учун жазо чораларини уйзатиришга қарор қилган.

Стив Жобс уйи тарихий аҳамиятга молик маскан, деб тан олинди.

Apple отаси Стив Жобснинг Лос-Альтос шаҳридаги уйи тарихий аҳамиятга молик маскан, деб тан олинди.

Ранчо услубида қурилган бу уй гаражида Стив Жобс илк Apple компютерини ихтироқ қилган эди.

Лос-Альтос шаҳридаги тарихий уй соҳибига айланган Жобснинг опаси уйнинг тарихий маскан, деб тан олинишига эътироз билдирмаган.

Стив Жобс 2011 йилда 56 ёшида вафот этган эди.

Тожик журналистлари ўз ҳамкасбларининг 11 йилга қамалишини қораламоқда

Аштлик журналист Маҳмадюсуф Исмоилов.
Тожикистон Журналистлар уюшмаси аштлик журналист Маҳмадюсуф Исмоиловнинг узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилганини қоралаб чиқди.

28 октябрь куни Тожикистон Олий суди журналист Исмоиловнинг таъмагирлик ва фирибгарлик бўйича айбдор, деб топилгани ва 11 йилга озодликдан маҳрум қилинганини эълон қилганди.

Аштлик журналист ўзига билдирилган айбловларни инкор этиб, буни ўзи танқид қилиб келган “маҳаллий расмийларнинг қасд олиш тадбири”, дея баҳолаган.

Исмоиловнинг адвокати Садриддин Саидов Озодликка суднинг мазкур қарори юзасидан шикоят аризаси ёзилажагини билдирган.

Рус мухолифатчиси Навальнийга янги айблов қўйилмоқда

Рус мухолифатчиси Алексей Навальний.
Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний ва унинг укаси Олегга фирибгарлик ва жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштириш бўйича айблов эълон қилинди.

Россия Тергов қўмитаси сайтида маълум қилинишича, улар Ив Роше (Yves Rocher) ширкатидан 26 миллион рубл ёки 816 минг доллар ўмарганликда айбланмоқдалар.

Агар мазкур иш бўйича ака-ука Навальнийларнинг айбдор экани исботлангудек бўлса, улар ўн йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

Навальний ўзига қарши билдирилаётган бу айбловни “бемаъни”, деб атади.

Аввалроқ рус суди “Кировлес” ширкатидан 16 миллион рубл ўмарганликда гумонланмиш Алексей Навальнийни шартли равишда беш йилга озодликдан маҳрум этганди.

Бу иш бўйича ҳам айбсиз эканини урғулаган мухолифатчи Навальний ўзига нисбатан ўтказилаётган босимларни Владимир Путин сиёсатини очиқ танқид қилаётгани билан изоҳлаганди.

Истанбулда Европани Осиё билан боғловчи туннель очилди

Истанбул шаҳрининг Осиё ва Европа қисмини боғловчи Marmaray йўли станцияларидан бири.
Туркияда Босфор бўғози ости орқали Истанбул шаҳрининг Осиё ва Европа қисмини боғловчи илк темир йўл туннели ишга туширилди.

Давлат раҳбарлари иштирокида кеча очилган мазкур йўлдан кунига тақрибан 1,5 миллион йўловчи фойдаланиши кутилмоқда.

Умумий узунлиги 13 километр 600 метр бўлган туннелнинг қарийб 1,5 километри Босфор бўғози остидан ўтади.

Мазкур туннелни барпо қилиш бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган энг йирик лойиҳалардан бири эди. Бундай туннель қуриш ғояси дастлаб бундан бир ярим аср муқаддам таклиф қилинган.

Янги туннель Пекинни Париж билан боғловчи йўлнинг муҳим ҳалқаси бўлгани билан ҳам аҳамиятли экани айтилмоқда.

Нигерда гаровда тутилган францияликлар озод бўлди

2010 йилнинг сентябрь ойида Нигер давлати шимолида ўғирлаб кетилган тўрт нафар франциялик озод қилинди. Бу ҳақда Франция президенти Франсуа Олланд ўзининг Словакияга қилган сафари чоғида маълум қилди.

Олландга кўра, уч йил аввал исломий экстремистлар қўлига тушиб қолган францияликлар тақдирига оид бу хабарни унга Нигер президенти етказган.

Гаровдаги тўртовлон атом энергетикаси учун асбоб-ускуна ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Areva (Франция) ширкати билан ҳамкорлик қилиб келганлар.

Олланднинг айтишича, Париж бу одамлар тез орада ватанга қайтишлари учун қўлдан келган барча ишларни амалга оширмоқда.

Тожикистонлик меҳнат муҳожирларига Россияда ишлаш учун енгиллик жорий қилинди

Тожикистон фуқаролари Россияда ишлаш учун уч йиллик рухсатнома олиш ҳуқуқига эга бўлди. Шу пайтгача тожикистонликлар бошқа меҳнат муҳожирлари каби кўпи билан бир йилга рухсатнома олишлари мумкин эди.

Тегишли ҳужжатга ўзгартиш киритиш келишувини сешанба куни Тожикистон Миграция хизмати раҳбари Сайфилло Девонаев ва Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский томонидан имзоланди.

Уч ҳафта аввал Россия Давлат думаси раиси Сергей Наришкин Душанбега қилган ташрифи чоғида тожикистонлик меҳнат муҳожирларига уч йиллик рухсатнома жорий қилишни ваъда қилган эди.

Наришкин Тожикистонни “Евроосиё интеграциялашуви жараёнига қўшилишга” чақирган эди.

Москва собиқ иттифоқ республикаларини Россия бошчилигидаги Божхона Иттифоқига қўшилишга ундамоқда. Мазкур иттифоққа ҳозирда Россия, Қозоғистон ва Беларус киради.

Россияда минглаб тожикистонлик ишлаб, тирикчилик қилади.

АҚШ сенатори Вашингтон иттифоқчилари ортидан кузатганини танқид қилди

АҚШ Сенатининг разведка масалалари бўйича қўмитаси раиси мамлакат миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) Американинг иттифоқдошлари ортидан кузатув олиб боришига “мутлақо қарши” эканини баён қилди.

Дайан Файнстайн бунга оид баёнотни душанба куни, МХА Германия канцлери Ангела Меркелнинг мобил телефони ҳамда бошқа жаҳон етакчилари мулоқотларини тинглаганига оид хабарлар пайдо бўлгани муносабати билан эълон қилди.

Шу билан бирга Файнстайн МХА собиқ ходими Эдвард Сноуден ошкор қилган агентлик дастурларидан баъзиларини ҳимоя қилиб, бу ҳаракатлар глобал террорчиликка қарши курашда муҳим роль ўйнашини таъкидлади.

Лекин, деди сенатор Файнстейн, хориж давлатлари раҳбарларининг ортидан кузатиш бошқа масаладир. Унинг айтишича, Оқ уй вакиллари иттифоқчиларга доир бундай маълумотларни тўплаш тўхтатилишини ваъда қилишган.

Демократлардан сайланган сенатор ўзи етакчилик қиладиган қўмита разведка маълумотларини тўплашга доир дастурлар қайта кўриб чиқишини билдирди.

Европада юз берган довулда 10 киши ўлди

Британия, Нидерландлар, Франция ва Германия шимолида юз берган довулда қурбон бўлганлар сони ошиб бормоқда. Хабарларга қараганда қурбон бўлганлар сони 10 нафарга етган. Швеция ва Данияда эса уйлар вайрон бўлган.

Расмий маълумотларга қараганда, соатига 160 километр тезлик билан юз берган довул оқибатида 270 минг уй электр таъминотсиз қолган. Британияда тўрт, Германияда уч, Франция, Нидерландлар ва Данияда бир нафардан одам ҳалок бўлган.

Довул оқибатида Лондоннинг Хитроу аэропортида 130 рейс, Амстердам аэропортида 55 рейс бекор қилинди. Роттердам портида кемалар ушлаб қолинди.

Гамбург аэропортида бир ярим мингга яқин йўловчи довул сусайишини самолётда кутиб ўтиришга мажбур бўлди. Учувчилар хавфсизлик нуқтаи назаридан йўловчиларни самолётдан туширмаслик ҳақида қарор қабул қилган.

Руминияда НАТО ҳарбий иншооти қурилиши бошланди

Руминияда 28 октябрда НАТО ракеталари ўрнатиладиган иншоотнинг қурилиши бошланди.

Собиқ ҳарбий база ўрнида бунёд этилаётган иншоот қурилишининг очилиш маросимида НАТО Бош котиби ўринбосари Александр Вершбоу бу воқеани тарихий дея баҳолади.

Тадбирда АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Жеймс Миллер, Руминия президенти Трайан Бэсеску иштирок этди.

НАТОнинг Европадаги ракетага қарши қалқон лойиҳаси 2010 йилда бошланган. Лойиҳа доирасида Шарқий Европа ва Туркияда кучли радарлар ва ракеталар ўрнатиладиган иншоотлар барпо этилади.

Эрон эҳтимолий ҳужумига қарши барпо этилаётгани айтилаётган мазкур иншоотлар қурилишига Россия норозилик билдириб келмоқда. Москва мазкур лойиҳани Россия хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳолаган.

Руминиядаги ракета иншооти қурилишига Вашингтон 134 миллион доллар ажратган.

Грузиянинг янги президенти Россия билан алоқаларни яхшилашга тайёр

Грузиядаги президентлик сайлови ғолиби бўлган Георгий Маргвелашвили Россия билан муносабатларни яхшилаш сиёсатини давом эттиришга тайёр эканини билдирди.

“Грузия орзуси” коалициясидан президентликка сайланган Георгий Маргвелашвилининг қасамёдга келтириш маросими 17 ноябрда ўтказилади.

“Грузия орзуси” коалицияси раҳбари, Грузия Бош вазири Бидзина Иванишвили янги президент қасамёдга келтирилганидан бир ҳафта кейин, яъни 24 ноябрда истеъфога чиқишини маълум қилди.

Маргвелашвили учун сайловчиларнинг 62 фоизидан ортиқроғи овоз бергани, президент Саакашвили мансуб бўлган Бирлашган миллий ҳаракатдан номзод Давид Бакрадзе 22 фоизга яқин овоз йиғолгани айтилмоқда.

Сурия қуролли мухолифати халқаро тинчлик музокараларида қатнашишдан бош тортмоқда

Суриядаги қуролли мухолифат гуруҳлари президент Башар Ассад вакиллари иштирокидаги халқаро тингчлик музокараларини ўтказиш таклифига қарши чиқмоқда.

20га яқин исломчи гуруҳ номидан эълон қилинган баёнотда режим билан музокара қилиш исёнчилар трибунали томонидан жазоланиши керак бўлган “ҳиёнат” акти бўлади, дейилади.

Баёнотда яна айтилишича, “Ассад иқтидорини унинг ҳарбий ва хавфсизлик идоралари билан биргаликда тугатиш ҳамда давлат террорида иштирок этганларнинг барчасини жавобгарликка тортишни кўзда тутмайдиган ҳар қандай таклиф мутлақо рад қилинади”.

Россия, Қўшма Штатлар ва БМТ ноябрь ойида Женевада ўтказилиши таклиф қилинаётган музокараларга Суриядаги фуқаролар урушида қатнашаётган барча томонлар вакилларини тўплаш ғоясини ёқламоқда. Лекин на сиёсий мухолифат, на қуролли исёнчилар бундай йиғинда иштирок қилиш ниятини билдирган.

Рус футбол ишқибозларининг ирқчилиги 2018 йилги чемпионат мезбони Россия учун муаммоларни яратиши мумкин

Халқаро футбол федерациялари уюшмаси – ФИФА Россия ҳукумати футбол ишқибозларининг ўйин пайтида ирқчилик намойиш қилишига оид ҳолатни бартараф қилиш чораларини кўраётганига ишонч ҳосил қилиш истагида эканини билдирди.

ФИФА президенти Зепп Блаттер Россия 2018 йилги жаҳон чемпионати финал босқичларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолиши, лекин бунинг учун футбол ўйинлари пайтида ирқчилик ҳолатларига чек қўйиши лозимлигини таъкидлади.

ФИФА Бош котиби Жером Валке жорий ҳафтада Москвада Россия футбол федерацияси расмийлари билан учрашув пайтида мазкур масалани муҳокама қилиши кутилмоқда.

Россияда ирқчилик муаммоси ўтган ҳафта Чемпионлар Лигаси биринчилиги доирасида Москвада ЦСКА билан Манчестер Юнайтед жамоалари ўртасидаги ўйин пайтида яна намоён бўлди. ЦСКА ишқибозлари меҳмонларнинг яримҳимоячиси Йайа Турга нисбатан ирқчилик руҳидаги хитобларни қилди. Хабарларга кўра, бу кейинги беш йил ичида россиялик футбол ишқибозларининг ирқчилик қилганига оид олтинчи ҳодисадир.

АҚШ разведкаси Испанияда ҳам телефонларни тинглаган бўлиши мумкин

Испанияда чиқадиган “El Mundo” газетаси АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги 2012 декабр ойидан 2013 йилнинг январигача испанияликларга доир 60 миллионта телефон суҳбатини тинглаганини кўрсатувчи ҳужжатни эълон қилди.

“El Mundo” газетасининг душанба куни ёзишича, бу ҳужжатни МХАнинг собиқ ходими Эдвар Сноуден тақдим қилган.

Бу хабар МХА Францияда миллионлаб телефон суҳбатларни тинглагани ҳамда Германияда Канцлери Ангела Меркелнинг телефонини кузатганига оид иддаолар ортидан пайдо бўлди.

АҚШда чиқадиган “Wall Street Journal” газетасининг душанба куни ёзишича, президент Барак Обама бу ҳақда август ойида хабар топганидан кейин Меркелнинг телефони эшитувдан олинган. Газетанинг маълум қилишича, август ойида Оқ уйда ўтказилган ёпиқ мажлисда МХА дунёнинг 35 етакчиси телефонларини тинглаганига оид маълумотлар ошкор бўлган. Ўшанда АҚШ тарихда биринчи марта жаҳон етакчилари телефонларини тинглагани очиқ тан олган эди.

Президент Барак Обаманинг Германия канцлери Ангела Меркел телефони гўё эшитувга қўйилганидан хабари бўлмаган

Немис матбуотида чиқаётган хабарларга кўра, канцлер Ангела Меркелнинг телефони 2002 йилдан бери эшитув остида бўлган.
Оқ уй вакиллари АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) раҳбари президент Барак Обама билан Германия Канцлери Ангела Меркелнинг телефони гўё шитувга қўйилгани тўғрисидаги масалани муҳокама қилгани тўғрисидаги хабарларни инкор қилмоқда.

МХА матбуот вакили Германияда чиқадиган “Bild am Sonntag” газетаси эълон қилган хабар “ҳақиқатга мос эмас”, дея таъкидлади. Агентлик матбуот вакили Вани Вайнснинг айтишича, МХА бошлиғи генерал Кит Александр гўё Меркел ортидан кузатув ўрнатилгани хусусидаги масалани ҳеч қачон президент билан муҳокама қилмаган.

Шу кунларда немис матбуоти АҚШга тегишли махфий ҳужжатларга таяниб, Меркелнинг телефони 2002 йилдан бери кузатилгани ва Обамага бу ҳақда 2010 йилда ахборот берилгани тўғрисидаги иддаоли хабарларни эълон қилмоқда.

Германия ва АҚШ разведкаси вакилларининг яқин ҳафталар ичида Вашингтонда учрашиб, НАТО бўйича иттифоқчи ҳисобланган икки мамлакат разведка хизматлари ўртасидаги муносабатларни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG