Линклар

Шошилинч хабар
23 август 2019, Тошкент вақти: 01:43

Халқаро янгиликлар

Мюнхенда хавфсизлик бўйича йиллик анжуман бошланди

Германия Мудофаа вазири Томас де Майзер Мюнхен анжумани очилиши маросимида нутқ сўзламоқда.
Германиянинг Мюнхен шаҳрида хавфсизлик бўйича уч кунлик йиллик халқаро анжуман бошланди.

Йиғилишда Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия ва бошқа давлатлар дипломатлари ва мудофаа вазирликлари расмийлари иштирок этмоқда.

Мюнхен анжуманида Сурия ва Малида давом этаётган можароларнинг халқаро хавфсизликка таҳдиди, шунингдек, Эроннинг ядровий дастурига оид бўҳроннинг муҳокама этилиши режаланган.

Учрашувда қатнашаётган АҚШ Вице-президенти Жо Байден ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг шанба куни нутқ сўзлашлари кутилмоқда.

Хавфсизлик анжуманида БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича вакили Лахдар Браҳимий, Сурия мухолифати лидери Муаз Ал-Ҳатиб ҳам иштирок этмоқда.

Анжуман иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашга Германия полициясининг 3400 ходими жалб қилинган.

Мисрда норозилик намойишлари давом этмоқда

Миср шаҳарларида минглаб фуқаро президент Муҳаммад Мурсийга қарши норозилик юришлари ўтказди.

Жума куни пойтахт Қоҳиранинг Таҳрир майдони ва президент саройи олдига йиғилган одамлар “Озодлик!”, “Мурсий ноқонуний!” деган шиорларни айтиб қичқирдилар.

1 феврал куни Искандария ва Порт Саид шаҳарларида ҳам норозилик намойишлари ўтказилди.

Миср мухолифати президент Муҳаммад Мурсийдан миллий бирлик ҳукумати тузиш ва исломчилар ишлаб чиққан конституцияга тузатишлар киритишни талаб қилди.

Туркиядаги АҚШ элчихонасига "террор ҳужуми" уюштирилди

Худкуш шахс Анқара шаҳридаги АҚШ элчихонаси олдида ўзи ва туркиялик қўриқчини ўлдирди.

Туркия ва АҚШ буни “террор ҳужуми” деб атади. Худукуш ҳужумда бир неча одам яраланди.

1 феврал куни телевидениеси орқали воқеага муносабат билдирган Туркия Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон “террорчи унсурлар”га қарши глобал миқёсда курашишга чақирди.

АҚШнинг Туркиядаги элчиси Францис Ричардон журналистларга ҳужум оқибатида қўриқчи ҳалок бўлганидан элчихона ходимлари қайғуга ботганини айтди.

АҚШ Давлат Департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд жума кунги портлаш элчихона биноси олдида, текширув пунктида рўй берганини айтди.

Арманистон: Президентликка номзоднинг елкасидаги ўқ олиб ташланди

Жарроҳлар Арманистон президенти лавозимига номзод бўлган Паруйр Айрикянга уюштирилган суиқасд пайтида унинг елкасига тиқилиб қолган ўқни олиб ташлади.

63 яшар Айрикян 31 январ куни кечқурун Ереванда ўз уйи олдида отиб кетилди. Ҳозирда полиция ҳужум қилган шахсларни қидирмоқда.

Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Анаит Аитаян жума куни журналистларга жароҳат Айрикяннинг ҳаётига таҳдид солмаётганини айтди.

18 феврал куни Арманистонда ўтказиладиган президентлик сайловида Айрикян асосий даъвогар бўлмаган.

Саккиз номзод иштирок этадиган президентлик сайловида иқтидордаги президент Серж Саркисяннинг ғолиб чиқиши кутилмоқда.

Паруйр Айрикянни касалхонага бориб кўрган Арманистон Бош вазири Тигран Саркисян сиёсатчига қилинган ҳужумни қоралаб, уни ҳукуматга берилган зарба дея бахолади.

Арманистон конституциясига кўра, агар президентликка номзод сайловда қатнаша олмаса, сайлов икки ҳафтага кечиктирилади.

Покистондаги ҳужумда камида 15 киши қурбон бўлди

Покистоннинг Ҳайдар Пахтунхва вилоятида амалга оширилган ҳужумда камида 15 киши нобуд бўлди, ўнлаб одам яраланди.

Полиция маълумотига кўра, портлаш жума куни Хангу туманидаги масжид яқинида жойлашган бозорнинг тор ва одамлар билан гавжум кўчасида содир этилган.

Қурбон бўлганларнинг аксари жума намозини ўқиш учун масжидга борган одамлар бўлган.

Хангу туманида сунний ва шиалар ўртасида мазҳаблараро зўравонликлар анча вақтдан бери давом этиб келаётгани айтилади.

АҚШ вице-президенти Германия канцлери билан учрашади

АҚШ вице-президенти Жо Байден.
АҚШ Вице-президенти Жо Байден 1 феврал куни Берлинда Германия Канцлери Ангела Меркел билан учрашади.

Учрашув арафасида Германияда чиқадиган Sueddeutsche Zeitung газетасига берган интервюсида Байден Эронни ўзининг ядровий дастури бўйича музокаралар столига қайтишга чақирди.

Бевосита сўзлашувлар ўтказиш ҳақидаги АҚШ таклифини яна бир марта такрорланган Жо Байден Теҳронни дипломатик музокаралар чексиз давом этмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

АҚШ вице-президентининг Мюнхен шаҳрида хавфсизлик масалаларига бағишланган йиллик халқаро анжуманда иштирок этиши режаланган.

Йиғилишда асосан Сурия масаласининг муҳокама этилиши кутилмоқда.

Анжуманда Жо Байденнинг Сурия мухолифати лидери Муаз Ал-Ҳатиб, БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича вакили Лахдар Браҳимий ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билван учрашиши кутилмоқда.

Мехикодаги портлашда 14 киши ҳалок бўлди

Мексика пойтахти Мехикодаги Pemex нефт ширкати бош қароргоҳида юз берган портлашда 14 киши ҳалок бўлди, 80 киши жарохат олди.

Бундан ташқари, 31 январ куни рўй берган портлаш натижасида 30 га яқин киши қўшни бино ертўласида қамалиб қолган.

Айни дамда портлаш сабаблари ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Портлаш юз берган кўп қаватли бинодан Pemex нефт ширкатининг минглаган ишчилари экавуация қилинган.

Ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганларни касалхонага олиб бориш учун полиция тўрт вертолёт жалб қилгани айтилмоқда.

Мексика давлатига қарашли Pemex ширкати нефт қазиб олиш ҳажми бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради. Ширкат кунига 2,5 миллион баррел нефт қазийди.

Арманистонда президентликка номзод қуролли ҳужумга учради

Ереванда 31 январ куни кечки пайт Арманистон президентлигига номзод Паруйр Айрикянга нисбатан суиқасд уюштирилди.

Айрикян шаҳар марказий кўчаларидан бирида номаълум шахс тарафидан отилган ва елкасидан яраланган.

Сиёсатчи олган жароҳат унинг ҳаётига жиддий хавф солмаслиги айтилмоқда.

Арманистон полицияси ҳужум бўйича жиноий иш қўзгади.

Касалхонага ётқизилган Айрикян билан мамлакатнинг қатор сиёсий етакчилари, жумладан, Бош вазир Тигран Саркисян учрашди.

63 ёшли Айрикян Совет даврида диссидентлик фаолияти ва махфий сиёсий ташкилотга аъзо бўлгани учун 11 йил қамоқда ва 3 йил сургунда бўлган.

Паруйр Айрикян 18 феврал куни ўтадиган Арманистон презинденти сайловларидаги саккиз номзоддан биридир.

Клинтон: АҚШ сўнгги тўрт йил ичида дунёда кўпроқ ҳурмат қозонди

Давлат котиби сифатида келтирган сўнгги нутқида Ҳиллари Клитон АҚШ оҳирги тўрт йил давомида олдингига қараганда “уйида кучлироқ ва дунёда кўпроқ ҳурматга эга” мамлакатга айланганини билдирди.

Пайшанба куни Вашингтон шаҳрида Ташқи Алоқалар Кенгашида қилган чиқишида Клинтон АҚШ дунёдаги “жуда муҳим куч” сифатида қолиши ва дипломатиянинг “21 аср воситаларидан”, жумладан, янги технологиялардан фойдаланишда давом этиши кераклигини таъкидлади.

Клинтон мамлакат ташқи сиёсатининг келгуси йиллардаги асосий йўналишлари Осиёда АҚШ позитсиясини мустаҳкамлаш, Афғонистондаги ҳарбий амалиётларни якунлаш, Яяқн Шарқ минтақасида ўзгаришларга кўмаклашиш ва кенг иқтисодий ҳамкорликни давом эттириш эканлигини айтди.

Сешанба куни АҚШ Сенати тарафидан янги Давлат котиби этиб тайинланган Жон Керри 4 февралдан лавозимига киришади.

БМТ Исроилни Фаластин ҳудудларидан яҳудий кўчкиндиларни олиб чиқишга чақирди

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассислари Исроилни Фаластиннинг эгаллаб олинган ҳудудларида яҳудий маҳаллаларини қуришни тўхтатиш ва у ердан яҳудий кўчкиндиларни олиб чиқишга чақирди.

Пайшанба куни эълон қилинган ҳисоботда мазкур масала юзасидан текширув ўтказган БМТ мутахассислари Исроилни инсонпарварлик қонунларини “жиддий тарзда бузганлик”да айблади.

Исроил БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан ўтган йилнинг март ойида ташкил қилинган текширув гуруҳи билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиб келади.

Бу хусусда пайшанба куни муносабат билдирган Исроил расмийлари ҳисоботни “нохолис” дея атаб, тинчлик ўрнатиш уринишларига путур етказади дея таъкидлади.

Ҳисоботда айтилишича, фаластинликлар келгусида қурмоқчи бўлган давлатнинг бир қисми деб кўарадиган ҳудудлар, жумладан Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусда ташкил қилинган 250ка яқин маҳаллада 520 мингга яқин яҳудий кўчкиндиси яшайди.

Мазкур ҳужжат эълон қилинишидан икки кун аввал Исрил тарихда биринчи бўлиб БМТ тарафидан ўзидаги инсон ҳуқуқлари вазиятига баҳо беришини бойкот қилишини эълон қилди.

Жалолободда Ата-Журт партиясининг юзлаб тарафдори намойишга чиқди

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳрида ҳибсда қолаётган Ата Журт партияси етакчиларининг 700га яқин тарафдори норозилик намойиши ўтказди.

Пайшанба кунги намойиш иштирокчилари мухолифатчилар устидан суд одил бўлиши, ҳибсдан уй қамоғига ўтказилиши ва парламентнинг дарҳол тарқатиб юборилишини талаб қилишди.

Намойишчиларнинг камида 50 нафари от миниб келди. Норозилар ўз талаблари қондирилмайдиган тақдирда яна кўплаб намойиш уюштириш тўғрисида резолюция қабул қилди.

Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитовлар тартибсизликларни келтириб чиқарганлик ва ҳукуматни ағдаришга уринганликда айбланмоқда. Уалрнинг уччаласи октябр ойида зўравонликка айланиб кетган аксил ҳукумат намойишини уюштирганидан кейин ҳибсга олинган эди. Улар устидан ўтаётган суд пайшанба куни давом этди.

Бишкек марказида бир аёл ўзига ўт қўйди

31 январ куни Қирғизистон парламенти биноси олдида Жипарқан Ўмурова исмли аёл ўғлининг ноҳақ қамалганига норозилик билдириб, ўзига-ўзи ўт қўйди.

Бахтли тасадиф туфайли олов милиция ходимлари тарафидан тезда ўчирилди ва аёл тез тиббий ёрдам хизмати машинасида касалхонага олиб кетилди.

Ўзига бензин ёрдамида ўт қўйишидан олдин 51 ёшли Жипарқан Ўмурова Озодлик радиосининг қирғиз хизмати мухбирлари билан суҳбатлашиб, Бишкекка Норин вилоятидан келгани, қамалган ўғлининг иши бўйича адолат излаётганини гапирди.

Ўмурованинг ўғли бировни гуруҳ бўлиб дўппослашда қатнашганликда айбланган. Унинг иддао қилишича, Норин шаҳар суди уни далиллар йўқлиги туфайли оқлаганига қарамасдан, вилоят суди 13 йилга қамаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзига ўт қўйган аёл 2-3 даражадаги кўйиш билан Бишкек шаҳридаги Травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот марказига ётқизилганини маълум қилди.

Тожикистон вояга етмаган меҳнат муҳожирларини Россиядан қайтармоқчи

Тожикистон Миграция хизмати бошлиғи Сайфулло Девонаев Россияда 74 минг нафар 18 ёшдан кичик бўлган тожикистонлик меҳнат қилаётганини билдирди.

Девонаев Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида тожик болаларининг Россияга меҳнат муҳожирлигига кетиб қолиши олдини олиш учун ҳукумат комиссияси тузилганини маълум қилди.

Матбуот анжуманида қатнашган ички ишлар вазирлиги ўсмирлар масалалари бўйича бошқармаси бошлиғи Латиф Зокиров ҳукумат 2012 йилда ўнлаб ўсмирни Россиядан Тожикистонга қайтарганини таъкидлади.

Ҳар йили Россияга Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистондан миллионлаб меҳнат муҳожирлари тирикчилик қидириб кетади.

Расмий маълумотларга кўра, биргина Ўзбекситондан 2,4 миллинга яқин одам Россияда меҳнат қилади. Норасмий манбаларда бу рақам 5 миллиондан 8 миллионгачани ташкил қилиши айтилади.

Марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги Россияда нолегал тарзда ишлаши айтилади.

Эрон уранни бойитиш ишларини жадаллаштирмоқчи

Эрон Натанздаги ядровий заводда қўшимча мингта центрифуга ўрнатиш режаларидан АЭХАни хабардор қилди.
Ғраб дипломатлари Эрон уранни бойитиш дастурини сезиларли тарзда тезлаштириш ниятида эканини айтмоқда.

Дипломатларнинг пайшанба куни Associated Press ва Reuters агентликларига маълум қилишича, расмий Теҳрон Атом энергияси халқаро агентлигини Натанздаги ядровий заводда қўшимча мингта центрифуга ўрнатиш режаларидан хабардор қилган.

Бу эса Эронга уранни ҳозиргидан 2-3 баробар тезроқ бойита олиш имкониятини бериши мумкин. Бу режалар Эроннинг халқаро ҳамжамиятнинг уранни бойитиш ишларини тўхтатиш талабларини рад қилишини ҳам англатади.

Шахслари ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган дипломатларга кўра, Эрон бу ҳақдаги расмий билдиришномани атом агентлигига 23 январ куни юборган.

Ғарб давлатлари Эрон ўз ядровий дастури ёрдамида атом қуролини яратишга уринаётганликда айблайди. Теҳрон бу айбловларни рад этиб, ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашини айтиб келади.

Вашингтон Москва "ўзини ўзи мағлуб" қилганидан таассуф билдирди

Қўшма Штатлар Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолияти ва наркотикларни назорат қилиш масаласида ҳамкорлик тўғрисидаги икки томонлама келишувни бекор қилганидан таассуф билдирди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Виктория Нуланд Москванинг мазкур қарорини “ўзини ўзи мағлуб қилиш”, дея атади.

Россия ҳукумати расмий сайтида чоршанба куни эълон қилган баёнотда бу келишув “бугунги воқеликка мос келмаслиги ва ўз потенциалини йўқотгани” таъкидланади. 2002 йилда имзоланган келишувга кўра, Вашингтон Москвага наркотрафик ва бошқа жиноятлар, жумаладан одам савдоси, Интернет технологиялари билан боғлиқ жиноятлар, пул ювиш, коррупция ва террорчиликка қарши кураш ҳаракатлари учун молиявий ёрдам кўрсатиб келган.

Москванинг чоршанба кунги қарори АҚШ-Россия муносабатлари совуқлашиб бораётган пайтга тўғри келди. Россия Давлат думасининг халқаро масалалар бўйича қўмитаси раиси Алексей Пушков, чоршанба куни қилган чиқишида Москва Вашингтондан “тобеълик билан хайрлашув жараёнини бошдан кечирмоқда”, дея баён қилди.

Сурия Исроил ҳаво кучлари ҳужумига учраганини билдирди

Сурия армияси Исроил учқичлари тарафидан чоршанба куни саҳар уюштирилган ҳаво ҳужумида Жамрая шаҳридаги ҳарбий тадқиқот маркази нишонга олинганини маълум қилди.

Сурия армиясига кўра, ҳужум оқибатида тадқиқот марказида икки киши ҳалок бўлган ва беш киши жароҳатланган.

Баёнотда Исроил ҳарбийларининг Суриянинг Ливан билан чегарадош ҳудудида Ҳизбуллоҳ жанггари гуруҳига қурол олиб кетаётган карвонни нишонга олганига оид хабарлар инкор қилинади.

Исроил расмийлари ва Ҳизбуллоҳ вакиллари бу хусусда изоҳ беришдан бош тортди. Сурия қурол-аслаха ортилган карвон бўлмаганини баён қилди.

Исроил Сурияда давом этаётган уруш оқибатида бу мамлакатдаги кимёвий қуроллар арсенали Ҳизбуллоҳ гуруҳи ёки Ал-Қойда каби террорчи ташкилотлар қўлига тушиб қолиши эҳтимолидан хавотир билдириб келади.

Аризона штатидаги отишмада уч киши жароҳат олди

АҚШнинг Аризона штатида номаълум шахс тарафидан уюштирилган қуролли ҳужумда уч киши жароҳат олди.

Ҳужум чоршанба куни Феникс шаҳрида жойлашган офис мажмуасида юз берган. Жароҳат олганларнинг бири оғир аҳволда экани айтилмоқда.

Қуролли ҳужум сабаблари ва ким тарафидан уюштирилгани ҳозирча аниқ эмас.

АҚШда сўнгги ойларда оддий фуқаролар тарафидан уюштирилаётган қуролли ҳужумлар сони кўпайгани сабаб қурол устидан назоратни кучайтириш бўйича қизғин баҳслар олиб борилмоқда.

Эслатамиз, ўтган йилниг 14 декабр куни Коннектикут шатидаги бошланғич мактаблардан бирида уюштирилган ҳужумда 26 киши отиб ўлдирилган эди. Ҳалок бўлганларнинг 20 нафари 6-7 ёшли ўқувчилар бўлган.

Карачидаги портлашда икки киши ҳалок бўлди

Покистоннинг порт шаҳри Карачида юз берган бомба портлашида икки киши ҳалок бўлди.

Маҳаллий полиция чоршанба куни Карачининг Суҳроб Гос мавзесида рўй берган портлаш сабаблари ва унинг ортида ким турганини ўрганмоқда.

Карачи Покистоннинг энг катта шаҳри ва иқтисодий маркази ҳисобланади. Шаҳардаги сиёсий ва миллий танглик туфайли портлашлар ва тўқнашувлар тез-тез юз бериб туради.

2012 йилда Карачида уюштирилган ҳужумлар ва тўқнашувларда 2000 дан кўпроқ киши ҳалок бўлган эди.

Toyota миллиондан ортиқ енгил автомобилни қайтариб олади

Япониянинг Toyota автомобилсозлик корпорацияси ўзида ишлаб чиқарилган бир миллиондан ортиқ енгил автомобилни қайтариб олишга қарор қилган.

Автомобил ишлаб чиқарувчи гигантнинг мазкур қарорни олишига бу сафар машиналар деразаларини ювадиган мосламаси ҳамда ҳимоя ёстиқлари механизмида нуқсонларнинг топилгани сабаб бўлган.

Ҳаммаси бўлиб Corolla ва Corolla Matrix русумидаги 900 мингта ҳамда Lexus IS русумидаги 400 мингта машина қайтариб олинади.

Бу автомобилларнинг катта қисми АҚШда экани айтилмоқда. Ўтган йил ҳам Toyota дунё бозорларидан ўзи ишлаб чиқарган Yaris, Corolla ва Camry моделли 7 миллиондан зиёд автомобилларини қайтариб олганди.

Ўшанда машиналар ён деразаларини очиб-ёпувчи мосламаларидаги нуқсонларнинг топилгани бунга сабаб бўлган.

Toyota дунёдаги автомобил ишлаб чиқарувчи йирик ширкатлардан бири ҳисобланади. Ширкат ўтган йили дунё бозорида 9,75 миллион машина сотган. Бу 2011 йилдагига қараганда 22 фоизга кўпдир.

Пан Ги Мун: Суриядаги зўравонликларга чек қўйиш керак

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Суриядаги зўравонликларга чек қўйиш кераклигини таъкидлади.

Чоршанба куни Қувайтда суриялик қочқинларни қабул қилган мамлакатларга молиявий ёрдам кўрсатишга бағишланган конференцияда нутқ сўзлаган Пан Ги Мун Суриядаги аҳвол ўта аянчли нуқтага етганини қайд этди.

Тадбир давомида 700 минг суриялик қочқинни қабул қилган Сурияга қўшни мамлакатлар учун 1 миллиард АҚШ доллари йиғиш ваъда қилинди.

БМТ ва Араб Лигаси тинчлик элчиси Лахдар Браҳимий Суриядаги нотинчликлар “мисли кўрилмаган даражадаги даҳшат”га айлангани ва унда ҳар икки тараф – ҳукумат кучлари ва исёнчилар тарафидан жиноятлар содир этилаётганини билдирди.

Сешанба куни Сурия мухолифати Алеппо шаҳрида қўллари боғланган ҳолда қатл қилинган 65 нафар эркак ва бола жасадларини топган эди. Исёнчилар қотиллик учун Сурия ҳукуматини айблади.

Бироқ ҳозирча оммавий қатл ортида қайси тараф турганини аниқлаш имкони йўқ.

Жон Аллен: Афғон кучларини тайёргаликдан ўтказиш жадал кечмоқда

Афғонистонда маҳаллий хавфсизлик кучларини тайёргаликдан ўтказиш жараёни кутилганидан жадалроқ кечмоқда.

Афғонистондаги АҚШ ҳарбий кучлари бош қўмондони Жон Аллен бу ҳақда чоршанба куни таъкидлади.

Генерал Алленга кўра, ҳозирда Афғонистонда Толибон жанггариларига қарши олиб борилаётган ҳарбий амалиётларнинг саксон фоизи маҳаллий афғон кучлари амалга оширмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама ва Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзай шу ой бошида Вашингтонда ўтказган музокаралари пайти Афғонистондаги хорижий кучлар ҳарбий амалиётларини шу йил баҳор ойларидаёқ тўхтатишлари ва барча ҳарбий амалиётлар устидан қўмондонлик қилиш афғон армияси зиммасига топширилиши борасида келишгандилар.

Ҳозир Афғонистонда АҚШнинг 68.000 сонли қўшини бор. Афғонистондаги жаъми НАТО кучларининг сони эса, 102.000 ҳарбийни ташкил этади. Келаси йил якунига бориб, АҚШ ва НАТО кучларининг аксарияти бу мамлакатни тарк этиши лозим.

Москва суди Екатерина Самуцевич даъвосини кўриб чиқишдан бош тортди

Бугун Москва шаҳар суди Pussy Riot панк гуруҳи аъзоси Екатерина Самуцевичнинг гуруҳ видеороликлари экстремистик руҳда деб топилган Замоскворецкий маҳкамаси қарори юзасидан киритган даъвосини кўриб чиқишдан бош тортди.

Аввалроқ Москванинг Замоскворецкий туман суди Pussy Riot гуруҳининг "Ҳудойим Путинни ҳайда" деб номланган қўшиғига ишланган клипи ва гуруҳнинг бошқа роликлари бузғунчилик руҳига эгалигини таъкидлаб, видеоёзувларига тўсиқ қўйилишини тўғри деб топганди.

Pussy Riot панк-гуруҳининг ўтган йил озодликка чиқарилган аъзоси Екатерина Самуцевич эса "Биз маҳкама чиқарган айбловдан рози эмасмиз, роликларимизда ҳеч қандай экстремистик маъно йўқ", деб айтган ва маҳкама қарори бўйича шикоят киритганди.

Pussy Riot панк-рок гуруҳи ўзининг Исо Масиҳ эҳромида қилган чиқишидан кейин машҳур бўлиб кетган.

Гуруҳнинг уч аъзоси маҳкамага тортилган эди. Ҳозирда Pussy Riot гуруҳининг икки аъзоси Надежда Толоконникова и Мария Алехина қамоқда икки йиллик жазони ўтамоқда.

Қозоғистон учқич ҳалокати қурбонларига мотам тутмоқда

Бугун Қозоғистоннинг Олма ота шаҳрида сешанба кунги авиаҳалокатда ҳалок бўлганларнинг жасадлари аниқланмоқда.

31 январ мамлакатда мотам куни деб эълон қилинган.

Маҳаллий “Скат” авиаширкатига тегишли бўлган Bombardier Canadair Regional Jet - Challenger 200 бизнесс классдаги учоғи сешанба куни ҳалокатга учраши оқибатида 16 киши ҳалок бўлган эди.

Кўкчатаувдан Олма отага учиб келаётган учоқ Қизил ту поселкасида қулаб тушди.

Қозоғистонда бундан бир ой муқаддам 25 декабр куни Чимкент яқинида ҳарбий АН-72 учоғи ҳалокатга учраганди.


Учоқ бортида бўлган 27 кишининг ҳаммаси ҳалок бўлган.

АҚШ Сенати Жон Керрини давлат котиби этиб тайинлади

АҚШ Сенати Давлат котиби лавозимига кўрсатилган Жон Керри номзодини маъқуллади.

Сешанба куни ўтказилган овоз бериш тадбирида Керрини 94 сенатор қўллаган, уч сенатор унинг номзодига қарши чиққан.

Қасамёд келтирганидан сўнг Жон Керри сўнгги тўрт йил давомида Давлат котиби лавозимида ишлаб келган Хиллари Клинтон ўрнини эгаллайди.

Массачусетс штатидан сенатор этиб сайланган Керри сўнгги йилларда АҚШ Сенатининг Ташқи ишлар қўмитасига раҳбарлик қилиб келган.

69 ёшли Жон Керри бир неча бор мукофотланган Ветнам уруши ветеранидир. У 2004 йилги президентлик сайловларида Демократлар партиясидан номзод бўлган эди.

БМТ суриялик қочқинларни қабул қилган мамлакатлар учун молиявия ёрдам йиғади

БМТ чоршанба куни Қувайтда суриялик қочқинларни қабул қилган мамлакатларга молиявий ёрдам кўрсатишга бағишланган конференция ташкил этишни режалаштирган.

Тадбир давомида 700 минг суриялик қочқинни қабул қилган Сурияга қўшни мамлакатлар учун 1 миллиард АҚШ доллари йиғиш масаласи муҳокама этилиши айтилмоқда.

БМТ ва Араб Лигаси тинчлик элчиси Лахдар Браҳимий Суриядаги нотинчликлар “мисли кўрилмаган даражадаги даҳшат”га айлангани ва унда ҳар икки тараф – ҳукумат кучлари ва исёнчилар тарафидан жиноятлар содир этилаётганини билдирди.

Сешанба куни Сурия мухолифати Алеппо шаҳрида қўллари боғланган ҳолда қатл қилинган 65 нафар эркак ва бола жасадларини топган эди.

Исёнчилар қотиллик учун Сурия ҳукуматини айблади. Бироқ ҳозирча оммавий қатл ортида қайси тараф турганини аниқлаш имкони йўқ.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG