Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:05

Халқаро янгиликлар

Грузия: Саакашвили Бош вазир ва ҳукумат билан сўзлашувга тайёрлигини айтди

Грузия Президенти Михаил Саакашвили.
Грузия Президенти Михаил Саакашвили Бош вазир Бидзина Иванишвили ва ҳукумат билан “конституциявий ўзгаришлар ва мамлакатга таллуқли бошқа масалалар бўйича” зудлик билан музокаралар бошлашга тайёр эканини айтди.

Саакашвили Facebook даги ўз саҳифасида эълон қилган баёнотида 11 феврал куни музокаралар ўтказишни таклиф қилган.

Шанба куни Иванишвили “конституция ва қонун доирасида президент билан ҳамкоркка тайёр экани”ни маълум қилган эди.

Президентнинг парламент тасдиғисиз ҳукуматни тарқатиб юбориш салоҳияти борасида тортишувлар давом этаётгани боис ўтган ҳафта парламент Саакашвилининг халққа мурожаатини кечиктирган.

8 феврал куни намойишчилар Миллий кутубхонага киришига йўл қўймагани учун Саакашвили президент саройидан туриб мурожаат қилган.

Михаил Саакашвилининг иккинчи президентлик муддати жорий йил октябр ойида тугайди.

Арманистон президенти лавозимига номзод сайлов кечиктирилишини хоҳламоқда

Арманистон Миллий тикланиш партияси етакчиси Паруйр Ҳайрикян.
Арманистонда 18 феврал куни ўтказиладиган сайловда президентликка номзод Паруйр Ҳайрикян мамлакат Конституциявий судига сайловни икки ҳафтага кечиктиришни сўраб мурожаат қилди.

31 январ куни уюштирилган суиқасдда омон қолган Ҳайрикян ундан олдин сайлов муддати кечиктирилишини сўрамаслигини айтган эди.


63 ёшдаги Ҳайрикян суиқасд пайтида елкасидан яраланган.

Жиноят содир этганликда гумон қилинган икки шахс қўлга олинган. Бироқ ҳужум сабаблари ҳозирча маълум эмас.

Арманистон Миллий тикланиш партияси етакчиси Паруйр Ҳайрикян сайловда амалдаги президент Серж Саркисянга жиддий рақиб сифатида қаралмаслиги айтилади.

АҚШда тўққиз киши табиий офат қурбони бўлди

АҚШнинг шимоли-шарқий минтақаларида қалин қор ёққани ва бўрон рўй бергани оқибатида тўққиз киши нобуд бўлди.

Жума ва шанба кунлари Буюк кўллардан Атлантика океанигача бўлган ҳудудларга 90 сантиметр қалинликда қор ёғди.

Шу ҳудудда жойлашган тўққизта штатда яшовчи ярим миллион аҳоли электрсиз қолди.

Массачуссетс штатидаги атом электр станцияси ўз ишини тўхтатди. Олти мингдан ортиқ самолёт парвози бекор қилинди.

Хабарларга кўра, энг кўп қор Коннектикут, Род-Айленд ва Массачусетс штатларида ёққан.

Бешта штатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Президент Путин Россия дипломатларини табриклади

Россия Президенти Владимир Путин.
Россия Президенти Владимир Путин мамлакат дипломатларини профессионал байрамлари “Дипломатик хизмат куни” билан табриклади.

Путин Ташқи ишлар вазирлигига йўллаган табрик телеграммасида Россиянинг “салоҳияти ва таъсир доираси” кенгайиб бораётгани билдирилган.

Бош вазир Дмитрий Медведевнинг дипломатларга табригида “божхоналар Иттифоқи ва Умумий иқтисодий ҳудуд доирасида интеграциялашишда” Ташқи ишлар вазирлиги ролини алоҳида экани урғуланган.

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг вазирлик Интернет сайтида эълон қилинган баёнотида эса “вазирлик амалга ошираётган барча ишлар Россияни гуллаб яшнаган давлатга айлантиришга қаратилгани” билдирилган.

Эронда Исломий инқилобнинг 34 йиллиги нишонланди

Эрон бўйлаб 1979 йилда амалга оширилган Исломий инқилобнинг 34 йиллиги нишонланди.

Пойтахт Теҳронда ўтказилган намойиш қатнашчилари “Йўқолсин Америка!” ва “Исроилга ўлим!” деган шиорларни айтиб қичқирдилар.

Давлатга қарашли ИРНА ахборот агентлиги хабарига кўра, байрам муносабати билан мамлакат бўйлаб ўтказилган беш мингга яқин намойишда юз минглаб одам иштирок этган.

Теҳрондаги намойиш давлат телевидениеси орқали жонли тарзда кўрсатилган.

Афғонистон: Жозеф Данфорд халқаро кучлар қўмондонлигини қабул қилиб олди

АҚШ денгиз пиёда кучлари генерали Жозеф Данфорд.
АҚШ денгиз пиёда кучлари генерали Жозеф Данфорд Афғонистонга киритилган НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар қўмондони лавозимини қабул қилиб олди.

Данфорд Афғонистондаги халқаро кучларга 19 ой қўмондонлик қилган АҚШ денгиз пиёда кучлари генерали Жон Алленнинг ўрнини эгаллади.

НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар 2014 йил охиригача Афғонистондан олиб чиқилиши режалангани боис Данфорд халқаро кучларнинг охирги қўмондон бўлиши кутилмоқда.

Генерал Данфор халқаро кучлар олиб чиқилиши ва Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш вазифаси маҳаллий кучлари зиммасига ўтиш жараёнини назорат қилади.

Осиёликлар янги йилни кутиб олдилар

Хитойда янги йил дабдабали мушакбошлик билан кутиб олинди.

Тантанали маросимда дунё санъат юлдузлари, жумладан, Селин Дион ҳам иштирок этди.

Австралиядан Жанубий Кореягача бўлган минтақада яшовчи миллионлаб одам йилнинг энг муҳим байрамлардан бири ҳисобланган Ой тақвими бўйича янги йил байрамини нишонладилар.

Хитой пойтахти Пекин шаҳрида ҳаво хаддан зиёд ифлосланиб кетгани боис бу йил мушаклар савдоси аввалги йилларга нисбатан анча камайган.

Россияда ўзбекистонлик томонидан ўлдирилган қизча билан видолашилди

Василиса Галицина эндигина 8 ёшга кирганди.
Россиянинг Набережние Челни шаҳрида шанба куни минглаб одам феврал ойи бошида ўғирлаб кетилган ва ўлдирилган 8 яшар Василиса Галицина билан видолашди. Қизчани ўлдирганликда гумонланмиш ўзбекистонлик Фаррух Тошбоев ҳибсга олинган.

Иккинчи синфда ўқиган Галицина 2 феврал оқшомида мактабдан қайтаётган пайтда ғойиб бўлган ва қидирувга берилганди. Орадан бир кун ўтгач, шаҳарнинг бошқа бир мавзеида унга тегишли ашёлар топилган.

5 феврал куни полиция қизчани ўғирлаганликда гумонланмиш 30 ёшли Фаррух Тошбоевни қўлга олган. Набережние Челнида 2010 йилдан бери яшаб, реклама агентлигида ишлаган бу йигит орадан бир кун ўтгач, қилган жиноятига иқрор бўлган ва қизчанинг жасади кўмилган жойни кўрсатиб берган.

Россиялик мухолифатчи уй қамоғида сақланадиган бўлди

"Сўл жабҳа" лидери Сергей Удалцов.
Москванинг Басманний суди “Сўл жабҳа” лидери Сергей Удалцовни уй қамоғида сақлаш ҳақида ҳукм чиқарди. У ўтган йилнинг май ойида Болотная майдонида содир бўлган тартибсизликларга алоқадорликда айбланмоқда.

Удалцовнинг Твиттердаги ўз саҳифаси орқали маълум қилишича, уй қамоғи муддати шу йилнинг 6 апрелигача белгиланган.

Унга фақат қариндошлари ва адвокатлари билан мулоқот қилишга рухсат берилган, айни пайтда унинг бошқалар билан мактуб алмашиши ва алоқа воситаларидан фойдаланиши тақиқланган.

Ҳиндистонда кашмирлик жанггари қатл этилди

Муҳаммад Афзал Гуру.
Шанба куни Ҳиндистонда 2001 йилнинг декабр ойида мамлакат парламентига ҳужум уюштирганликда айбдор деб топилган кашмирлик жанггари Муҳаммад Афзал Гуру қатл этилди.

Ўшанда парламентнинг олти нафар қўриқчиси ва бир хизматчиси ўлдирилганди. Ҳужум қилган бешовлон ҳам ўша ерда ҳалок бўлганди.

Ҳиндистон Олий суди Гуруни осиб ўлдириш бўйича 2002 йилда ҳукм чиқарган. Авф тилаб, республика президенти номига юборилмиш мактубга рад жавоби берилган.

Кашмирдаги ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсий фаоллар Гуру устидан бўлиб ўтган маҳкама адолатли ва холис бўлмаганини даъво қилмоқда.

Қатл ҳақидаги хабар эълон қилиниши билан Кашмирда юзлаб намойишчи ва полициячилар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Норозиларни тарқатиш учун полиция тўқмоқ ва кўздан ёш оқизувчи газни ишга солди.

Плагиатда айбланган Германия маориф вазири истеъфо берди

Германия маориф вазири Аннет Шаван плагиат билан боғлиқ жанжал ортидан истеъфо берди.

Германия Канцлери Ангела Меркел шанба куни Шаван истеъфосини қабул қилганини билдирди.

1980 йилда ёзган диссертациясида плагиат аломатлари аниқланидан кейин у докторлик унвонидан маҳрум ҳам этилди.

Канцлер Ангела Меркелнинг яқин сафдоши ҳисобланган Шаван 2005 йилда маориф вазири этиб тайинланган эди.

Бу Канцлер Ангела Меркел ҳукуматидаги вазирлар атрофидаги плагиат билан боғлиқ биринчи жанжал эмас.

2011 йилнинг март ойида Германиянинг ўша пайтдаги Мудофаа вазири Карл-Теодор цу Гуттенберг диссертациясини кўчириб ёзгани ҳақидаги иддаолар ортидан истеъфо беришга мажбур бўлганди.

Канада ва АҚШда қор бўронидан тўрт одам нобуд бўлди

Канадада қор тўфони камида уч одам ҳаётини олиб кетди. Онтариода 200га яқин йўл транспорт ҳалокати рўй бергани, уч одам ўлгани ҳақида хабарлар бор.

Айни пайтда АҚШнинг шимол-шарқидаги бешта штат - Ню Йорк, Массачусетс, Коннектикут, Род Айленд ва Мэн штатларида "Немо" бўрони туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Ҳозирда мазкур штатларда ярим миллион одам электрсиз қолган. Бу штатларда яшовчи миллионлаб аҳолига уйларини тарк этмаслик тавсия этилди.

Ню Йоркда табиий офатдан бир одам нобуд бўлгани хабар қилинмоқда.

Катта Жорж Бушнинг электрон почта қутиси ҳаккер ҳужумига учради

Guccifer лақабли ҳакер катта Жорж Бушнинг электрон почтасини бузган ва у ердан собиқ АҚШ президентининг шахсий ёзишмалари ва фотосуратларини ўғирлаган. Бу ҳақда АҚШ матбуоти хабар қилди.

Ҳакер тарафидан ўғирланган фотосуратлардан бирида 88 ёшли сиёсатчининг касалхонада ётгани акс этган. Яқинда катта Жорж Буш касалхонада бронхитдан даволаниб чиққан эди.

АҚШ матбуоти хабарларига кўра, Буш оила аъзолари ҳақидаги айрим шахсий маълумотлар ҳам ҳаккер қўлига тушган.

Жорж Буш электрон почта қутиси ҳаккер ҳужумига учраганини унинг вакиллари тасдиқлашди.

Ҳозирда мазкур инцидент бўйича суриштирув бошланган.

ISAF: Афғонистонлик болалар ўлими ҳақидаги БМТ маълумоти мутлақо асоссиз

Афғонистондаги Халқаро коалиция ҳарбий кучлари қўмондонлиги ISAF сўнг тўрт йил ичида АҚШ ҳаво кучларининг ҳужумидан юзлаб афғонистонлик бола ҳалок бўлгани ҳақидаги БМТ маълумотларини рад этди.

Аввалроқ БМТнинг Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси сўнгги тўрт йил ичида юзлаб афғонистонлик бола АҚШ ҳаво ҳужумидан нобуд бўлгани ҳақда маълум қилганди.

Ҳарбий қўмондонлик вакилларига кўра, бу “мустақо асоссиз маълумот”дир.

ISAF расмийларига кўра, қайтанга 2012 йилда ҳаво ҳужумлари оқибатида афғон болаларининг ўлиши ёки яраланиши холатлари аввалги йилдагига қараганда 40 фоизга камайган.

АҚШ шимол-шарқий штатлари қалин қор остида қолди

АҚШ шимол-шарқий ҳудудларида қор бўралаб ёғиши натижасида 350 минг хонадон электрсиз қолди. Минглаб минглаб авиарейслар тўхтатилди, Ню Йорк аэропорти ёпилди.

Бостон шаҳрида қор қалинлиги 60 сантиметрни, Ню Йоркда 30 сантиметрни ташкил қилган.

Коннектикут ва Мэн штати аҳолиси қор кўчкиси офати ҳақида огоҳлантирилган.

Киев ҳукуматидан Абдулложоновни Душанбега топширмаслик талаб этилмоқда

Киевда қўлга олинган тожик мухолифатчисининг тарафдорлари Украина ҳукуматидан уни Душанбега экстрадиция этмасликни талаб этмоқда.

Тожикистон собиқ бош вазири, мухолифатчи Абдумалик Абдулложонов сешанба куни Киев аэропортида қўлга олинган эди.

Ҳозир у Лукьяновск муваққат изоляторда сақланмоқда. Украина давлат органлари уни Тожикистонга топшириш борасида ҳозирга қадар узил-кесил қарорга келганлари йўқ.

Украина маҳкамаси пайшанба куни Абдумалик Абдулложоновни 40 кун давомида ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарган.

Собиқ бош вазир ватанида давлат тузумига тажовуз қилиш ва бир қатор бошқа жиноятларда айбланмоқда.

Афғон уруши ветерани Қизил майдонда ўзига ўзи ўт қўйди

Жума куни Москванинг Қизил майдонида ўзига ўт қўйиб, жонига қасд қилимоқчи бўлган шахс афғон уруши ветеранлари муаммосига ҳукумат эътиборини қаратиш мақсадида бу амалга қўл урганини айтган.

Бу шахс Чебоксардаги уруш фаҳрийлари жамияти раҳбари экани айтилмоқда.

Жума куни у Қизил майдонда ўзига ўт қўйди, полиция дарҳол воқеа жойига етиб келиб ўтни ўчиришга улгурди.

Ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган шахс куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистонга газ етказиб беришни чеклаши мумкин

ЎзТрансГаз ва ҚазТрансГаз Қирғизистонга газ етказиб беришни чеклаб қўйиши мумкин. Бу ҳақда қирғиз матбуоти Қирғизгаз акциядорлик жамияти масъуллари сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг қўшни мамлакатлардан табиий газ бўйича қарзи 6 миллион доллардан ошиб кетган. Хусусан, “Қирғизгаз” бош директори ўринбосари Қуралбек Наскеевга кўра, Ўзбекистондан бўлган қарз 409 минг долларга, Қозоғистондан бўлган қарз миқдори эса 5 миллион 997 минг долларга етган.

Қирғизгаз масъулининг айтишича, қўшнилар газ учун пулни 12 февралгача тўлаб қўйиш, акс ҳолда, газ етказиб беришда чекловлар бўлиши мумкинлиги ҳақида телефонограмма юборганлар.

Ироқдаги портлаш қурбонлари сони 35 кишига етди

Бағдоднинг Қадимия мавзеида портлатилган автомомобил, 2013 йилнинг 8 феврали.
Ироқнинг шиалар истиқомат қилаётган ҳудудларида содир этилмиш террорчилик хуружларидан ўлганлар сони 35 кишига етди. Мазкур ҳужумлар чоғида, шунингдек, 95 киши тан жароҳати олган.

Кеча пойтахт Бағдод марказида иккита машина портлатилиши оқибатида 19 киши ҳалок бўлган, 42 киши яраланган.

Ҳилла шаҳрида содир этилмиш икки портлаш натижасида эса 13 киши ҳаётдан кўз юмган, 53 киши тан жароҳати олган.

Шунингдек, Карбалода портлаган бомба уч кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Бу портлашлар учун масъулият расмийлар томонидан исёнчи суннийларга юкланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ироқда бир неча ҳафтадан буён шиа мазҳабига мансуб бош вазир Нури ал-Маликий бошчилигидаги ҳукумат истеъфосини талаб қилган норозилик чиқишлари давом этмоқда. Бу каби тадбир ташкилотчилари иқтидордаги ҳукуматни маҳаллий суннийлар ҳақ-ҳуқуқларини топтаётганини иддао қилмоқда.

Мисрда аксилҳукумат намойишлари авж олмоқда

Жума куни Мисрнинг бир неча шаҳрида президент Муҳаммад Мурсий юритаётган сиёсатга қарши бўлган кишиларнинг минглаб кишилик намойишлари бўлиб ўтди.

Маълумотларга кўра, полиция ва намойишчилар ўртасидаги энг катта тўқнашувлар пойтахт Қоҳира ва Танта шаҳарларида бўлиб ўтган. У ерларда полициячилар ўзларига қарши ёнувчи модда тўлатилмиш шишалар улоқтирган ва ғилдираклар ёққан намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.

Иқтидордаги “Мусулмон биродарлиги” ҳаракати ва етакчи мухолифат коалицияси яқинда зўравонликдан воз кечиш ҳақида битим имзолаганди. Бироқ мухолифат тарафдорлари бу битимга ишончсизлик билдириб, президент Мурсийнинг ҳокимиятни узурпация қилиш уринишларига қарши норозилик чиқишларини давом эттирмоқдалар.

25 январдан бошланган полиция ва намойишчилар тўқнашувида шу кунгача Мисрда 59 киши ҳалок бўлган.

Арманистон президенти номзодига суиқасд қилганлар ушланди

63 ёшли Паруйр Ҳайрикян 31 январ куни Еревандаги уйи олдида уюштирилган суиқассда омон қолган.
Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати президентликка номзод Паруйр Ҳайрикянга қилинган суиқасдга алоқадорликда гумонланган икки киши ҳибсга олинганини маълум қилди.

Миллий хавфсизлик хизмати баёнотига кўра, ҳибсга олинганлар Арманистон фуқаролари 47 ёшли Качатур Погосян ва 41 ёшли Самвел Ҳарутюнянлардир. Улар ўзларининг суиқсадда иштирок этганларига иқрор бўлгани айтилмоқда.

Расмий хабарномада айтилишича, Погосян ўтмишда наркотиклар савдоси билан шуғулланган. Терговчиларга кўра, суиқасд мотивлари аниқланганича йўқ.

63 ёшли Ҳайрикян 31 январ куни Еревандаги уйи олдида отиб кетилган, лекин тирик қолган. Жарроҳлар унинг елкасидан ўқни олиб ташлаганидан кейин, президентликка номзоднинг аҳволи яхшиланаётгани айтилмоқда.

Сайловолди кампаниясини давом эттиришини билдирган Ҳайрикян 18 февралга белгиланган президент сайловидаги саккиз номзоддан биридир. У Миллий тикланиш партиясига етакчилик қилади.

Озарбайжон сунъий йўлдоши Ер орбитасига учирилди

Azerspace-1 сунъий йўлдоши Франция Гвианасидаги фазо марказидан учирилди.
Озарбайжоннинг илк сунъий йўлдоши фазога учирилди.

Озарбайжон Ахборот ва коммуникация технологиялари вазирлиги жума куни Azerspace-1 номли сунъий йўлдошни учириш штатсиз ҳодисларсиз амалга ошганини маълум қилиди. Озарбайжонга қарашли аппарат Франция Гвианасидаги фазо марказидан учирилди.

Озарбайжон ўз сунъий йўлдошининг бошқарилиши учун Малайзияга қарашли MEASAT Satellite Systems ширкатига пул тўлайди.

Сунъий йўлдош Шарқий Европа, Кавказ, Марказий Осиё ва Шимолий Африка минтақаларига телекоммуникацион хизматларни кўрсатади.

Azerspace-1 сателлити АҚШнинг Orbital Sciences Corporation ширкати томонидан қурилган бўлиб, дигитал алоқа, Интернет алоқаси, маълумотларни ўтказиш ва ҳукумат алоқа тизимлари учун мўлжалланган.

Озарбайжон иккинчи сунъий йўлдошни 2016 йилда учиришни режалаштираётганини айтмоқда.

Тунисда ўлдириб кетилган мухолифат етакчиси жанозасига минглаб одам тўпланди

Чокри Белайднинг ўлдрилиши Тунис пойтахти ва бошқа шаҳарларда норозилик ва зўравонликларни келтириб чиқарди.
Жума куни Тунисда минглаб одам ҳафта бошида ўлдирилган мухолифат етакчиси жанозасига тўпланди. Дунёвий қарашдаги сиёсатчи Чокри Белайд чоршанба куни пойтахт Тунисда отиб кетилган эди.

Жума куни Тунис бўйлаб эълон қилинган иш ташлаш мамлакатни фалаж ҳолатга келтирди. Белайднинг ўлдрилиши Тунис пойтахти ва бошқа шаҳарларда норозилик ва зўравонликларни келтириб чиқарди.

Пайшанба куни норозилар иқтидордаги Эннаҳда исломий партияси қароргоҳига ўт қўйди. Мўътадил исломчи партия ҳисобланган Эннаҳда вакили, бош вазир Ҳамди Жебалий юзага келган бўҳронни ҳал қилиш йўлида ҳукуматни тарқатиб юбориб, технократлардан иборат кабинет тузишни ваъда қилди. Бироқ партиянинг нуфузли аъзолари бунга қарши чиқди.

Европа етакчилари 7 йиллик бюджет лойиҳасини муҳокама қилмоқда

Брюсселда Европа Иттифоқи етакчилари 27 мамлакатни ўз ичига олувчи блокнинг 7 йиллик бюджети лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Таклиф қилинаётган бюджет лойиҳасига кўра, 2014-2020 йиллар давомида ЕИ харажатлари 960 миллиард евро (1,29 триллион АҚШ доллари)дант оширмасликни назарда тутади.

Бунга оид якуний келишувнинг жума куни кечгача қабул қилиниши кутилмоқда. Агар бюджет тасдиқланса, ЕИнинг кўп йиллик бюджетида илк бор харажатларнинг қисқартирилиши амалга оширилади.

Британия ва Ҳолландия каби мамлакатлар ЕИ бюджетини миллий бюджетлардаги қисқартиришларга мос равишда қисқартиришни талаб қилмоқда. Айни пайтда, Франция ва Польша каби давлатлар фермерлар учун субсидиялар ва инфратузилмани ривожлантириш мақсадларга кўпроқ сарф-харажат қилинишини исташмоқда.

Ноябр ойидаги саммитда ЕИ етакчилари 972 миллиард евро (1,31 АҚШ доллари)га тенг бюджет бўйича келиша олмаган эди.

Ироқдаги портлашларда 16 киши нобуд бўлди

Ҳужмлар суннийлар кўпчиликни ташкил қиладиган минтақаларда норозилик кучаяётгани ва сиёсий бўҳронга боғлиқ дейилмоқда.
Ироқнинг бир неча шаҳри, жумладан, пойтахт Бағдодда рўй берган портлашларда камида 16 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб одам жароҳатланган.

Бағдоднинг асосан шиалар яшайдиган Қадимия мавзесидаги бозорда рўй берган иккита портлашда 11 киши жароҳатланиб, 30га яқин одам жароҳатлангани айтилмоқда.

Бобил вилоятининг Шомали шаҳарчасида машинага ўрнатилган бомба портлаши оқибатида яна беш киши нобуд бўлган ва 20га яқин одам тан жароҳати олган.

Ироқда кейинги пайтларда зўравонлик яна авж олаётгани кузатилмоқда. Сўнгги ҳафталар давомида мамлакатнинг асосан шиалар истиқомат қиладиган минтақаларида машинага ўрнатилган бомба ва худкуш бомбачи ҳужумлари кўпайган.

Ҳужмлар суннийлар кўпчиликни ташкил қиладиган минтақаларда шиаларга доҳил бош вазири Нури ал-Маликийнинг истеъфоси талаби билан ўтказилаётган норозиликлар ва сиёсий бўҳронга боғлиқ экани айтлмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG