Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:52

Халқаро янгиликлар

Эронда мухолифат лидерининг икки қизи ҳибс қилинди

Эронда президентликка собиқ номзод ва мухолифат етакчиси Мир Ҳуссайн Мусавийнинг икки қизи ҳибсга олинди.

Мусавийнинг матбуот котиби Ардашир Амир Аржманд берган маълумотга кўра, Эрон хавфсизлик хизмати ходимлари мухолифат етакчисининг Теҳрондаги уйига душанба эрталаб бостириб кирган ва икки қиз - Наргис ҳамда Зуҳра Мусавийларни ҳибсга олган.

Аржманд ҳозирга қадар ҳибсга олинган қизлар қаерга олиб кетилгани ва уларнинг кейинги тақдири қандай кечгани номаълум қолаётганини айтмоқда.

Мир Ҳусайн Мусавий ва ислоҳотчи Меҳри Қаррубийлар 2009 йил ёзда бўлган президентлик сайловида иқтидорини сақлаб қолган президент Маҳмуд Аҳмадийнажотга рақиб бўлган эди.

Қирғизистонда оқланган ўзбекнинг иши Олий судда кўрилади

Қирғизистонда 2010 йил воқеаларида иштирок этганликда айбланиб суд залидан оқланиб озод этилган этник ўзбек Шамшиддин Ниёзалиевнинг иши Олий судда кўриб чиқилади. Бу ҳақда “Фарғона” интернет нашрига Ниёзалиевнинг адвокати Татяна Томина маълум қилди.

Маълумотда айтилишича, айбловчи тараф ҳам, оқловчи тараф ҳам Жалолобод вилоят судининг январ ойида Ниёзалиевга чиқарган ҳукмидан норозилик билидириб, Олий судга шикоят аризаси киритган.

Айблов Шамсиддин Ниёзалиевни Ўш қирғини кунлари Бишкек-Ўш йўлининг Санпа деб аталувчи қисмида қирғиз миллатига мансуб ўндан ортиқ одамнинг ўлдиришида иштирок этганликда айбдор деб топилишини ва бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинишини талаб этмоқда. Адвокат Татяна Томина эса Ниёзалиев Ўш қирғинидан олдинроқ Ўзбекистонга тижорат ишлари билан кетгани судда исботланганига қарамай, ўз ҳимоясидаги одамга 150 минг сўм жарима солинганига норозилик билдирган.

Шамсиддин Ниёзалиев Сузоқ туман суди томонидан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Бироқ 20 январ куни Жалолобод вилоят суди уни оқлаган ва суд залидан озорд қилган. Шамсиддин Ниёзалиевдан Санпа воқеасида одам ўлдириш айбловлари вилоят судида олиб ташланган. У фақат оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиб, унга нисбатан 150 минг сўм жарима тўлаш ҳукми чиқарилган.

Россияда АҚШдан келадиган мол гўштига тақиқ кучга кирди

Қўшимча озуқа воситалари, жумладан рактопамин моддаси билан боқилгани учун АҚШдан келтириладиган мол гўштига Россияда қўйилган тақиқ душанбадан кучга кирди.

Россиянинг Ветеренария ва фитосанитар назорат бўйича федерал хизмати шу ой аввалида АҚШдан келтириладиган мол, чўчқа ва курка гўштида рактопамин моддаси аниқлангани учун тақиқ қўйилганини маълум қилган эди.

Россия Бош санитар врачи Геннадий Онишенко бу тақиқ импорт қилинаётган мол ва чўчқа гўшти таркибида рактопамин моддаси йўқолмагунича кучда қолишини айтди.

Рактопамин моддаси тезроқ ўстириш ва семиртириш учун кўпроқ мол, чўчқага бериладиган қўшимча озуқа воситасидир.

БМТнинг Озиқ-овқат стандартларини назорат қилиш агентлиги рактопамин моддаси оз миқдорда инсон организми учун хавфли эмас, дея қарор берган.

Аммо, дунёнинг бир қатор давлатлари, жумладан Россия ва Хитойда бу модда озуқа воситаси сифатида тақиқланган.

Тақиқ тарафдорлари ҳайвон гўшти орқали инсон танасига кириб борадиган рактопамин моддаси юрак хасталиклари, жумладан тахикардия ҳамда қон босими билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқаради, деган хавотирни билдирадилар.

Бенедикт XVI истеъфо беришга қарор қилди

Ватикан раҳбарияти Рим папаси Бенедикт XVI 28 февралдан истеъфога кетишини маълум қилди.

Ҳозирча Ватикан маъмурияти истеъфонинг сабаблари ҳақида баёнот бермади.

Аммо ғарб ахборот воситалари бераётган хабарларга кўра, Бенедикт XVI Кардиналлар кенгашига "ёши кексайгани учун" истеъфо беришга қарор қилганини билдирган.

CNN канали бераётган хабарларда эса кейинги пайтларда 86 ёшли Бенедикт XVIнинг соғлиги анча оғирлашгани ва вазифасини бажаришга жуда қийналаётгани айтилмоқда.

Ҳозирча Бенедикт XVIнинг ўрнига ким тайинланиши ҳақида бирор маълумот йўқ.

Бенедикт XVI Ватиканнинг 600 йиллик тарихида истеъфо берган илк папа бўлмоқда.

Шунингдек, у бесоқолбозлик ҳамда бир жинсли никоҳ кескин қораланган баёнотлари ортидан катта шов-шув ва норозиликларга сабаб бўлган папа сифатида ҳам тарихда ном қолдирмоқда.

Миссисипида кучли торнадодан 10 киши жароҳатланди

АҚШнинг Миссисипи штатига торнадо ёпирилиши натижасида 10 киши жароҳатланди, юзлаб турар-жой ва корхона биноларига зарар етди.

Штатда энг кўп зарар етган шаҳар Ҳаттисбург шаҳри бўлди. Торнадо эпицентри Жанубий Миссисипи университети биноси ва ётоқхонасига тўғри келди.

Ҳозирча табиий офат натижасида университетда жароҳатланган ёки қурбонлар бўлгани ҳақида расмий маълумот берилмади.

Маҳаллий телевидениеда торнадонинг аввалгиларига нисбатан кучли бўлгани ва нисбатан кўп зарар етказгани акс этган видео тасвир намойиш қилинмоқда.

Тунис Бош вазири ўз таклифи қабул қилинмаса истеъфо бериши мумкин

Техник ҳукумат ташкил этиш таклифи парламент томонидан қабул қилинмаса, Тунис Бош вазири Ҳамди Жебалий истеъфо беради. Бу ҳақда Жебалий "Франс-24" телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Чоршанба куни мухолифат лидери Чокри Белайд отиб кетилганидан бери Тунисда норозиликлар тўлқини босилмаяпти. Пайшанба куни норозиликлар ортидан юзага келган тартибсизликлар пайти ҳукумрон “Эннаҳада” ислом партияси бош қароргоҳига ўт қўйилган эди.

Шундан сўнг ҳукумат тарафдорлари ҳам ўз намойишларини ўтказган эди. Бош вазир Ҳамди Жебалий Тунисдаги вазиятни янада кесинлаштирмаслик мақсадида амалдаги ҳукуматни такрқатиб, унинг ўрнига техник ҳукумат ташкил этиш таклифини киритган эди.

Ўшда катта концерт ўтказилди

Ўшда 2010 йил воқеаларидан сўнг биринчи марта ўзбек санъаткорлари иштирокида катта концерт ўтказилди.

Якшанба куни Бобур номидаги ўзбек академик театрида ўтган концерт дастури “Интимоқ” радиоси ва Ички ишлар вазирлиги 10-бош бошқармасининг жанубий ҳудуддаги бўлими томонидан уюштирилди. Концерт дастурида қирғизистонлик ўзбеклар орасида таниқли бўлган ўндан ортиқ хонандалар иштирок этган.

Ўшда 9 феврал куни Алишер Навоийнинг 572 йиллиги нишонланган эди. Жорий ҳафтада эса Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 530 йиллигини тантанали нишонлаш режалаштирилган.

АҚШда қотил полициячи ҳақидаги маълумот учун 1 миллион доллар ваъда қилинди

АҚШдаги Лос-Анжелес шаҳри ҳокимияти учта қотилликда айбланиб қидирилаётган собиқ полициячининг қўлга олинишига кўмаклашувчи маълумот берган одамга 1 миллион доллар миқдорида мукофот ваъда қилди.

Лос-Анжелес мэри Антонио Вилларайгос қотилликларда гумонланаётган Кристофер Дорнер албатта қўлга олинишини айтди. “Биз бундай террорга тоқат қила олмаймиз”, деди шаҳар мэри ўз чиқишида.

Маълумотларда айтилишича, 33 ёшли Дорнер ўзининг ишдан бўшатилишидан норози бўлиб, ўч олишга қарор қилган. У ўзининг ишдан бўшатилишида айбдор деб ҳисоблаган полициячиларни ва раҳбарини отиб ўлдирган.

Аллоҳободдаги тиқилинчда одамлар ҳалок бўлди

Ҳиндистондаги Аллоҳобод шаҳри темир йўл станциясида юзага келган тиқилинч оқибатида камида 10 одам ҳалок бўлди, ўн одам жароҳатланди.

Якшанба куни Аллоҳобод шаҳри атрофида миллионлаб хинд Сангам дарёсида ювиниш одатини бажариш учун йиғилди. Кечга яқин эса шаҳар темир йўл станциясида ўн минглаб одам тиқилинч пайдо қилган.

Сангам дарёсида чўмилиш 12 йилда бир марта нишонланадиган Кумбх-мела диний байрамининг шартларидан биридир.

Грузия: Саакашвили Бош вазир ва ҳукумат билан сўзлашувга тайёрлигини айтди

Грузия Президенти Михаил Саакашвили.
Грузия Президенти Михаил Саакашвили Бош вазир Бидзина Иванишвили ва ҳукумат билан “конституциявий ўзгаришлар ва мамлакатга таллуқли бошқа масалалар бўйича” зудлик билан музокаралар бошлашга тайёр эканини айтди.

Саакашвили Facebook даги ўз саҳифасида эълон қилган баёнотида 11 феврал куни музокаралар ўтказишни таклиф қилган.

Шанба куни Иванишвили “конституция ва қонун доирасида президент билан ҳамкоркка тайёр экани”ни маълум қилган эди.

Президентнинг парламент тасдиғисиз ҳукуматни тарқатиб юбориш салоҳияти борасида тортишувлар давом этаётгани боис ўтган ҳафта парламент Саакашвилининг халққа мурожаатини кечиктирган.

8 феврал куни намойишчилар Миллий кутубхонага киришига йўл қўймагани учун Саакашвили президент саройидан туриб мурожаат қилган.

Михаил Саакашвилининг иккинчи президентлик муддати жорий йил октябр ойида тугайди.

Арманистон президенти лавозимига номзод сайлов кечиктирилишини хоҳламоқда

Арманистон Миллий тикланиш партияси етакчиси Паруйр Ҳайрикян.
Арманистонда 18 феврал куни ўтказиладиган сайловда президентликка номзод Паруйр Ҳайрикян мамлакат Конституциявий судига сайловни икки ҳафтага кечиктиришни сўраб мурожаат қилди.

31 январ куни уюштирилган суиқасдда омон қолган Ҳайрикян ундан олдин сайлов муддати кечиктирилишини сўрамаслигини айтган эди.


63 ёшдаги Ҳайрикян суиқасд пайтида елкасидан яраланган.

Жиноят содир этганликда гумон қилинган икки шахс қўлга олинган. Бироқ ҳужум сабаблари ҳозирча маълум эмас.

Арманистон Миллий тикланиш партияси етакчиси Паруйр Ҳайрикян сайловда амалдаги президент Серж Саркисянга жиддий рақиб сифатида қаралмаслиги айтилади.

АҚШда тўққиз киши табиий офат қурбони бўлди

АҚШнинг шимоли-шарқий минтақаларида қалин қор ёққани ва бўрон рўй бергани оқибатида тўққиз киши нобуд бўлди.

Жума ва шанба кунлари Буюк кўллардан Атлантика океанигача бўлган ҳудудларга 90 сантиметр қалинликда қор ёғди.

Шу ҳудудда жойлашган тўққизта штатда яшовчи ярим миллион аҳоли электрсиз қолди.

Массачуссетс штатидаги атом электр станцияси ўз ишини тўхтатди. Олти мингдан ортиқ самолёт парвози бекор қилинди.

Хабарларга кўра, энг кўп қор Коннектикут, Род-Айленд ва Массачусетс штатларида ёққан.

Бешта штатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Президент Путин Россия дипломатларини табриклади

Россия Президенти Владимир Путин.
Россия Президенти Владимир Путин мамлакат дипломатларини профессионал байрамлари “Дипломатик хизмат куни” билан табриклади.

Путин Ташқи ишлар вазирлигига йўллаган табрик телеграммасида Россиянинг “салоҳияти ва таъсир доираси” кенгайиб бораётгани билдирилган.

Бош вазир Дмитрий Медведевнинг дипломатларга табригида “божхоналар Иттифоқи ва Умумий иқтисодий ҳудуд доирасида интеграциялашишда” Ташқи ишлар вазирлиги ролини алоҳида экани урғуланган.

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг вазирлик Интернет сайтида эълон қилинган баёнотида эса “вазирлик амалга ошираётган барча ишлар Россияни гуллаб яшнаган давлатга айлантиришга қаратилгани” билдирилган.

Эронда Исломий инқилобнинг 34 йиллиги нишонланди

Эрон бўйлаб 1979 йилда амалга оширилган Исломий инқилобнинг 34 йиллиги нишонланди.

Пойтахт Теҳронда ўтказилган намойиш қатнашчилари “Йўқолсин Америка!” ва “Исроилга ўлим!” деган шиорларни айтиб қичқирдилар.

Давлатга қарашли ИРНА ахборот агентлиги хабарига кўра, байрам муносабати билан мамлакат бўйлаб ўтказилган беш мингга яқин намойишда юз минглаб одам иштирок этган.

Теҳрондаги намойиш давлат телевидениеси орқали жонли тарзда кўрсатилган.

Афғонистон: Жозеф Данфорд халқаро кучлар қўмондонлигини қабул қилиб олди

АҚШ денгиз пиёда кучлари генерали Жозеф Данфорд.
АҚШ денгиз пиёда кучлари генерали Жозеф Данфорд Афғонистонга киритилган НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар қўмондони лавозимини қабул қилиб олди.

Данфорд Афғонистондаги халқаро кучларга 19 ой қўмондонлик қилган АҚШ денгиз пиёда кучлари генерали Жон Алленнинг ўрнини эгаллади.

НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар 2014 йил охиригача Афғонистондан олиб чиқилиши режалангани боис Данфорд халқаро кучларнинг охирги қўмондон бўлиши кутилмоқда.

Генерал Данфор халқаро кучлар олиб чиқилиши ва Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш вазифаси маҳаллий кучлари зиммасига ўтиш жараёнини назорат қилади.

Осиёликлар янги йилни кутиб олдилар

Хитойда янги йил дабдабали мушакбошлик билан кутиб олинди.

Тантанали маросимда дунё санъат юлдузлари, жумладан, Селин Дион ҳам иштирок этди.

Австралиядан Жанубий Кореягача бўлган минтақада яшовчи миллионлаб одам йилнинг энг муҳим байрамлардан бири ҳисобланган Ой тақвими бўйича янги йил байрамини нишонладилар.

Хитой пойтахти Пекин шаҳрида ҳаво хаддан зиёд ифлосланиб кетгани боис бу йил мушаклар савдоси аввалги йилларга нисбатан анча камайган.

Россияда ўзбекистонлик томонидан ўлдирилган қизча билан видолашилди

Василиса Галицина эндигина 8 ёшга кирганди.
Россиянинг Набережние Челни шаҳрида шанба куни минглаб одам феврал ойи бошида ўғирлаб кетилган ва ўлдирилган 8 яшар Василиса Галицина билан видолашди. Қизчани ўлдирганликда гумонланмиш ўзбекистонлик Фаррух Тошбоев ҳибсга олинган.

Иккинчи синфда ўқиган Галицина 2 феврал оқшомида мактабдан қайтаётган пайтда ғойиб бўлган ва қидирувга берилганди. Орадан бир кун ўтгач, шаҳарнинг бошқа бир мавзеида унга тегишли ашёлар топилган.

5 феврал куни полиция қизчани ўғирлаганликда гумонланмиш 30 ёшли Фаррух Тошбоевни қўлга олган. Набережние Челнида 2010 йилдан бери яшаб, реклама агентлигида ишлаган бу йигит орадан бир кун ўтгач, қилган жиноятига иқрор бўлган ва қизчанинг жасади кўмилган жойни кўрсатиб берган.

Россиялик мухолифатчи уй қамоғида сақланадиган бўлди

"Сўл жабҳа" лидери Сергей Удалцов.
Москванинг Басманний суди “Сўл жабҳа” лидери Сергей Удалцовни уй қамоғида сақлаш ҳақида ҳукм чиқарди. У ўтган йилнинг май ойида Болотная майдонида содир бўлган тартибсизликларга алоқадорликда айбланмоқда.

Удалцовнинг Твиттердаги ўз саҳифаси орқали маълум қилишича, уй қамоғи муддати шу йилнинг 6 апрелигача белгиланган.

Унга фақат қариндошлари ва адвокатлари билан мулоқот қилишга рухсат берилган, айни пайтда унинг бошқалар билан мактуб алмашиши ва алоқа воситаларидан фойдаланиши тақиқланган.

Ҳиндистонда кашмирлик жанггари қатл этилди

Муҳаммад Афзал Гуру.
Шанба куни Ҳиндистонда 2001 йилнинг декабр ойида мамлакат парламентига ҳужум уюштирганликда айбдор деб топилган кашмирлик жанггари Муҳаммад Афзал Гуру қатл этилди.

Ўшанда парламентнинг олти нафар қўриқчиси ва бир хизматчиси ўлдирилганди. Ҳужум қилган бешовлон ҳам ўша ерда ҳалок бўлганди.

Ҳиндистон Олий суди Гуруни осиб ўлдириш бўйича 2002 йилда ҳукм чиқарган. Авф тилаб, республика президенти номига юборилмиш мактубга рад жавоби берилган.

Кашмирдаги ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсий фаоллар Гуру устидан бўлиб ўтган маҳкама адолатли ва холис бўлмаганини даъво қилмоқда.

Қатл ҳақидаги хабар эълон қилиниши билан Кашмирда юзлаб намойишчи ва полициячилар ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди. Норозиларни тарқатиш учун полиция тўқмоқ ва кўздан ёш оқизувчи газни ишга солди.

Плагиатда айбланган Германия маориф вазири истеъфо берди

Германия маориф вазири Аннет Шаван плагиат билан боғлиқ жанжал ортидан истеъфо берди.

Германия Канцлери Ангела Меркел шанба куни Шаван истеъфосини қабул қилганини билдирди.

1980 йилда ёзган диссертациясида плагиат аломатлари аниқланидан кейин у докторлик унвонидан маҳрум ҳам этилди.

Канцлер Ангела Меркелнинг яқин сафдоши ҳисобланган Шаван 2005 йилда маориф вазири этиб тайинланган эди.

Бу Канцлер Ангела Меркел ҳукуматидаги вазирлар атрофидаги плагиат билан боғлиқ биринчи жанжал эмас.

2011 йилнинг март ойида Германиянинг ўша пайтдаги Мудофаа вазири Карл-Теодор цу Гуттенберг диссертациясини кўчириб ёзгани ҳақидаги иддаолар ортидан истеъфо беришга мажбур бўлганди.

Канада ва АҚШда қор бўронидан тўрт одам нобуд бўлди

Канадада қор тўфони камида уч одам ҳаётини олиб кетди. Онтариода 200га яқин йўл транспорт ҳалокати рўй бергани, уч одам ўлгани ҳақида хабарлар бор.

Айни пайтда АҚШнинг шимол-шарқидаги бешта штат - Ню Йорк, Массачусетс, Коннектикут, Род Айленд ва Мэн штатларида "Немо" бўрони туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Ҳозирда мазкур штатларда ярим миллион одам электрсиз қолган. Бу штатларда яшовчи миллионлаб аҳолига уйларини тарк этмаслик тавсия этилди.

Ню Йоркда табиий офатдан бир одам нобуд бўлгани хабар қилинмоқда.

Катта Жорж Бушнинг электрон почта қутиси ҳаккер ҳужумига учради

Guccifer лақабли ҳакер катта Жорж Бушнинг электрон почтасини бузган ва у ердан собиқ АҚШ президентининг шахсий ёзишмалари ва фотосуратларини ўғирлаган. Бу ҳақда АҚШ матбуоти хабар қилди.

Ҳакер тарафидан ўғирланган фотосуратлардан бирида 88 ёшли сиёсатчининг касалхонада ётгани акс этган. Яқинда катта Жорж Буш касалхонада бронхитдан даволаниб чиққан эди.

АҚШ матбуоти хабарларига кўра, Буш оила аъзолари ҳақидаги айрим шахсий маълумотлар ҳам ҳаккер қўлига тушган.

Жорж Буш электрон почта қутиси ҳаккер ҳужумига учраганини унинг вакиллари тасдиқлашди.

Ҳозирда мазкур инцидент бўйича суриштирув бошланган.

ISAF: Афғонистонлик болалар ўлими ҳақидаги БМТ маълумоти мутлақо асоссиз

Афғонистондаги Халқаро коалиция ҳарбий кучлари қўмондонлиги ISAF сўнг тўрт йил ичида АҚШ ҳаво кучларининг ҳужумидан юзлаб афғонистонлик бола ҳалок бўлгани ҳақидаги БМТ маълумотларини рад этди.

Аввалроқ БМТнинг Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси сўнгги тўрт йил ичида юзлаб афғонистонлик бола АҚШ ҳаво ҳужумидан нобуд бўлгани ҳақда маълум қилганди.

Ҳарбий қўмондонлик вакилларига кўра, бу “мустақо асоссиз маълумот”дир.

ISAF расмийларига кўра, қайтанга 2012 йилда ҳаво ҳужумлари оқибатида афғон болаларининг ўлиши ёки яраланиши холатлари аввалги йилдагига қараганда 40 фоизга камайган.

АҚШ шимол-шарқий штатлари қалин қор остида қолди

АҚШ шимол-шарқий ҳудудларида қор бўралаб ёғиши натижасида 350 минг хонадон электрсиз қолди. Минглаб минглаб авиарейслар тўхтатилди, Ню Йорк аэропорти ёпилди.

Бостон шаҳрида қор қалинлиги 60 сантиметрни, Ню Йоркда 30 сантиметрни ташкил қилган.

Коннектикут ва Мэн штати аҳолиси қор кўчкиси офати ҳақида огоҳлантирилган.

Киев ҳукуматидан Абдулложоновни Душанбега топширмаслик талаб этилмоқда

Киевда қўлга олинган тожик мухолифатчисининг тарафдорлари Украина ҳукуматидан уни Душанбега экстрадиция этмасликни талаб этмоқда.

Тожикистон собиқ бош вазири, мухолифатчи Абдумалик Абдулложонов сешанба куни Киев аэропортида қўлга олинган эди.

Ҳозир у Лукьяновск муваққат изоляторда сақланмоқда. Украина давлат органлари уни Тожикистонга топшириш борасида ҳозирга қадар узил-кесил қарорга келганлари йўқ.

Украина маҳкамаси пайшанба куни Абдумалик Абдулложоновни 40 кун давомида ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарган.

Собиқ бош вазир ватанида давлат тузумига тажовуз қилиш ва бир қатор бошқа жиноятларда айбланмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG