Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:06

Халқаро янгиликлар

ЕИ Эрон ҳукуматини мухолифат лидерларини озод қилишга чақирди

ЕИнинг Ташқи сиёсат ва хавсизлик масалалари бўйича олий вакили Кэтрин Эштон.
Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат ва хавсизлик масалалари бўйича олий вакили Кэтрин Эштон Эрон ҳукуматини мухолифатнинг икки таниқли лидери Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳди Каррубийни уй қамоғидан озод қилишга чақирди.

14 феврал куни эълон қилинган баёнотда Эштон хоним Каррубий ва Мусавий ҳамда Мусавийнинг рафиқаси Заҳро Раҳнавани икки йилдан бери ҳибсда қолаётганидан “жуда хавотирда” эканини билдирган.

ЕИ расмийси Эрон Исломий Республикаси ҳукуматини яна бир карра мухолифат лидерларининг ҳаракат эркинлигини таъминлашга чақирди.

Мусавий ва Каррубий 2009 йилги сайловда президентликка номзод бўлган. Улар 2011 йил бошида ҳибсга олинган.

Афғонистон президенти халқаро кучларга норозилик билдирди

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай.
Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар қўмондони АҚШ генерали Жозеф Данфордни чақиртириб тинч аҳолидан 10 киши ўлган ҳаво ҳужумига изоҳ беришни талаб қилди.

Чоршанба куни Кунар вилоятида амалга оширилган ҳаво ҳужумида бир неча толиблар жанггариси ҳам ўлгани айтилмоқда.

Афғонистон президенти матбуот хизматига кўра, Ҳамид Карзай “келажакда бундай воқеалар қайтарилмаслиги шарт экани” таъкидлаган.

Генерал Данфорд эълон қилган баёнотда тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлганидан афсусланиш билдириб, НАТО кучлари “аҳоли яшайдиган минтақаларда амалиётлар ўтказиш ва бомбардимон қилишдан тийилиш”ни ваъда қилган.

Генерал Жозеф Данфорд НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар қўмондонлигини 10 феврал куни қабул қилиб олган.

Данфорд 2014 йил охиригача халқаро жанговор кучлар Афғонистондан олиб чиқилишини назорат қилади.

Поляк депутатлари қамоқдаги қозоқ мухолифатчиси билан учраша олмадилар

Қозоғистондаги рўйхатга олинмаган Олға партияси раҳбари Владимир Козлов.
Қозоғистон ҳукумати икки нафар полшалик сиёсатчининг қамоқдаги қозоғистонлик мухолифат лидери Владимир Козлов билан учрашишига рухсат бермади.

Қозоғистонда рўйхатга олинмаган Олға партияси раҳбари Козлов ҳозирда Петропавловск шаҳридаги меҳнат колониясида жазо муддатини ўтамоқда.

Полша парламенти аъзоси Томаш Маковски ва Малгорзата Маркинчиевиц Озодликка Козлов билан чоршанба куни учрашишга ҳаракат қилганларини айтди.

Козлов Қозоғистон ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида нефт заводи ишчиларининг оммавий иш ташлашини уюштирганлик айби билан 2012 йил октябр ойида етти ярим йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2011 йил декабр ойида Жанаўзенда намойишчилар билан милиция ходимлари ўртасида рўй берган тўқнашувда 17 одам нобуд бўлган.

Козлов ўзига нисбатан очилган жиноий ишнинг сиёсий асосга эга эканини айтган.

АЭХА ва Эрон музокаралар бўйича келишувга эриша олмади.

Атом энергияси халқаро агентлиги директори ўринбосари Ҳерман Накаертс.
Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) Теҳрон ядровий тадқиқотлар олиб бораётгани тахмин қилинган объектларда текширув ўтказиш борасида Эрон билан келишувга эриша олмади.

Буни 14 феврал куни Вена шаҳрида Атом энергияси халқаро агентлиги директори ўринбосари Ҳерман Накаертс журналистларга маълум қилди.

Накаертс томонлар навбатдаги учрашув қачон бўлиши ҳақида ҳам келишиб олмаганини қўшимча қилди.

Ундан олдин Эроннинг Атом энергияси халқаро агентлигидаги вакили Али Ашғар Султоний агентлик ва Эрон расмийларининг чоршанба куни Теҳронда бўлган учрашувида айрим масалаларда келишувга эришилганини айтган.

Бироқ Султоний қандай масалалар бўйича келишувга эришилганини айтмаган.

Атом энергияси халқаро агентлиги ядровий қуролларнинг бир қисми синовдан ўтказилгани иддао қилинган Эроннинг Парчин ҳарбий объектида инспекция ўтказишга рухсат берилишини хоҳламоқда.

26 феврал куни Қозоғистон пойтахтида дунёнинг олти қудратли давлати расмийлари ва Эрон вакилари ўртасида Эроннинг ядровий дастури бўйича навбатдаги музокара бўлиб ўтиши режаланган.

Покистонда сиёсий ва диний арбоблар тинчлик сўзлашувини муҳокама қилмоқда

Покистонда сиёсий ва диний партиялар вакиллари покистонлик толибларнинг тинчлик музокаралари олиб бориш таклифини муҳокама қилиш учун Исломобод шаҳрига йиғилди.

14 феврал куни очилган анжуманда 26 та сиёсий ва диний партия вакиллари иштирок этмоқда.

Бироқ толиблар тарафдори бўлган Жамоати Ислом ва Таҳрики Инсоф мазкур тадбирда қатнашишдан бош тортган.

Ҳайбар Пахтунхва вилоятининг Ахборот вазири Миан Ифтихор Озодликка анжуманда қабул қилинажак тавсиялар Покистон президенти ва ҳарбий қўмондонларга тақдим этилишини айтди.

Шу ой бошида покистонлик толиблар ҳукумат билан тинчлик музокаралари олиб боришни таклиф қилган эди.

Шундан сўнг Авоми миллий партияси бу масалани муҳокама этиш учун анжуман уюштиришни таклиф қилган.

Доғистонда тўрт полиция ходими ҳужум қурбони бўлди

Россиянинг Доғистон Республикасида амалга оширилган худкуш ҳужумда камида тўрт нафар полиция ходими ҳалок бўлди, олти нафари яраланди.

Полиция расмийларига кўра, пайшанба куни эрталаб Хасавюрт шаҳри ташқарисидаги текширув пунктида полиция ходимлари худкуш кетаётган машинани тўхтатган пайтда у ўзини портлатган.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, ҳужумдан сўнг полициянинг бир ходими бедарак йўқолган.

Ҳужум масъулияни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олмади.

Доғистон Россиянинг зўравонликлар энг кўп содир этиладиган минтақаси ҳисобланади.

Қирғизистонда “йўлтўсарлик” учун жарима солинади

Қирғизистонда қонунга хилоф равишда йўлларни тўсиб қўйган кишилар бундан буён жаримага тортилади. Мазкур қонун 13 февралдан бошлаб кучга кирди.

19 январ куни мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган ва кеча президент Атамбаев томонидан имзоланган қонун фуқароларнинг ҳаракат эркинлиги ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилгани айтилмоқда.

Қирғизистонда тез-тез бўлиб турадиган митинглар чоғида намойишчилар томонидан магистрал йўлларни ноқонуний равишда тўсиб қўйиш ҳамда йўловчилар ва машиналарни ўтказмай қўйиш ҳолатлари кўп кузатилади.

Россия Малига қурол етказиб бермоқда

"Рособоронэкспорт" раҳбари Анатолий Исайкин.
Россия Малига ўқотар қуроллар етказиб бермоқда. Бу ҳақда чоршанба куни «Рособоронэкспорт» ширкати раҳбари Анатолий Исайкин маълум қилди.

У бошқа турдаги қурол-аслаҳаларни етказиб бериш бўйича ҳам музокаралар олиб борилаётгани, бироқ улар миқдори унча кўп эмаслигини қўшимча қилди.

Исайкинга кўра, Россия Малидаги халқаро кучлар билан ҳамкорлик қилмоқда.

Сўнгги ҳафталарда Франция етакчилигидаги халқаро кучлар Ал-Қоидага алоқадор жанггариларни Мали шимолидаги кўп ҳудудлардан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлган.

БМТ масъуллари чоршанба куни Мали бўйича минтақавий стратегия ишлаб чиқилаётганини билдирдилар.

Тимошенкога 2 минг долларлик жарима солинди

Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенко.
Киев суди қамоқда қолаётган собиқ бош вазир Юлия Тимошенкога судга ҳурматсизлик кўрсатгани учун жарима солди.

2000 АҚШ долларига тенг жарима Тимошенкога 16 йил аввал ўлдирилган украиналик депутат Евгений Шчербан иши қаралмиш маҳкамага боришдан бош тортгани учун солинган.

Ўтган ой Украина бош прокурори собиқ бош вазир 1996 йилда ўлдирилган Шчербан иши бўйича гумонланаётганини билдирганди.

Хизмат вазифасини суиистеъмол этганлик айби билан етти йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Юлия Тимошенко бу айбловни тан олишдан бош тортган. У ўзига қарши айбловлар сиёсий сабабга кўра уйдирилмоқда, деб ҳисоблайди.

Германияда аксилфашистлар ва неофашистлар тўқнашди

Германиянинг аксилфашистик ташкилотлари кеча Дрезденда шу кунга мўлжалланган неофашистик юришга қарши оммавий намойиш ўтказдилар.

Неофашистлар Дрезден шаҳри иттифоқчилар авиацияси томонидан бўмбабўрон қилинганининг 68 йиллиги муносабати билан чоршанба куни юриш ўтказишлари аввалроқ маълум бўлганди.

Хабарларга кўра, аксилфашистик руҳдаги фаоллар неонацистлар юришига халал бериш учун шаҳарнинг тарихий марказида занжир ҳосил қилиб турганлар.

Гувоҳларнинг айтишларича, бу оммавий чиқишлар чоғида бир неча киши полиция томонидан ушлаб кетилган.

Доғистонда полициячининг болаларини ўлдирганликда гумон қилинган шахс қўлга олинди

Россиянинг Доғистон Республикасида маҳаллий полициячининг икки боласи ўлдириб кетилишига алоқадорликда гумонланаётган шахс қўлга олингани айтилмоқда. Россия Тергов қўмитаси расмийларига кўра, чоршанба куни қўлга олинган 21 ёшли йигит қотилликни содир этганига иқрор бўлган.

Душанба куни Доғистоннинг Бележи қишлоғида маҳаллий полиция зобитининг икки нафар ёш боласи уйида чавақлаб кетилган эди. Воқеа жойдан қимматбаҳо тақинчоқлар солинган қути билан 300 минг рубл (9900 АҚШ доллари) ўмариб кетилгани хабар қилинди.

Россиянинг беқарор Шимолий Кавказ минтақасида ишсизлик, коррупция ва полиция зўравонлиги кенг тарқалган. Зўравонликларга исломий жанггариларнинг ҳокимият вакилларига қарши деярли ҳар куни содир этадиган ҳужумлари ҳам ҳисса қўшади.

Бенедикт XVI тахтдан кетиши "черков манфаатида" эканини баён қилди

Рим Папаси Бенедикт XVI шй ой охирида истеъфога кетади.
Рим Папаси Бенедикт XVI истеъфога кетиш ниятини билдирганидан бери илк бор жамоатчилик олдида кўриниш берди. Бенедикт XVI ўзининг Рим-католик черкови тахтидан кетиши “черков манфаати учун” хизмати қилишини баён қилди.

Ватиканда чоршанба куни чиқиш қилган Папа ўз қарорининг нақадар жиддий эканини англашини, лекин шу билан биргаликда руҳий ва жисмоний аҳволи ёмонлашиб бораётганини ҳам яхши ҳис қилишини таъкидлади.

Куннинг иккинчи ярмида понтифик католик олами рўзаси бошланишини англатадиган Тазарру куни муносабати билан ўтказиладиган ибодатга бошчилик қилади.

85 ёшли Рим Папаси душанба куни шу ойнинг охирида истеъфога кетишини эълон қилиб, 1,2 миллиард нуфусга эга католик оламини саросимага солиб қўйди. Папа ўз қарорини лавозимини бажариши учун “лаёқатсиз” бўлиб қолганини тан олиши билан изоҳлади.

Рим-католик черковининг янги раҳбарининг март ойида сайланиши кутилмоқда.

Рим Папасининг истеъфо бериши кейинги 600 йил ичида илк бор рўй бермоқда.

Ата-Мекен етакчиларининг кафандузликда айблангани норозиликка сабаб бўлди

Қирғизистон мухолифатидаги Ата-Мекен партияси тарафдорлари парламент комиссияси мазкур партия етакчисини икки йил аввалги тартибсизликлар пайтида кафандузлик қилганликда айблаганига қарши норозилик намойиши уюштирди.

Чоршанба куни Қирғизистон парламенти биноси олдида уч мингга яқин одам тўпланиб, комиссия чиқарган резолюцияни бекор қилишни талаб қилди.

Ўтган ҳафта парламент махсус комиссияси 2010 йил апрел ойида президент Қурманбек Бакиевни ҳокимиятдан ағдарган намойишлар пайтида мародёрлик ҳоллари юзасидан ўтказилган текширув бўйича резолюция қабул қилди. Ўша пайтда кафандузлар асосан Бакиев ва унинг оиласига қарашли мол-мулкни талон-тарож қилган ва бир нечта уйга ўт қўйган эди.

Парламент олдида ўтказилган норозилик қатнашчилари Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаевдан вазиятга аралашишини талаб қилдилар.

Ата-Мекен партияси Ар-Намис ва Социал Демократик партияси билан бирга иқтидордаги коалицияга киради.

Афғонистондаги НАТО ҳужумида тинч фуқаролар ҳалок бўлди

Афғонистоннинг Кунар вилояти расмийлари НАТО ҳаво ҳужумида тинч фуқаролардан 10 киши, жумладан беш нафар бола ҳалок бўлганини айтмоқда. Кунар вилояти ҳокими Фазлулло Воҳидийнинг айтишича, НАТО етакчилигидаги Халқаро хавфсизлик ёрдами кучлари чоршанба куни вилоят расмийларини огоҳлантирмасдан ҳаво ҳужумини уюштирган.

Воҳидийга кўра, Човғам қишлоғида амалга оширилган ҳужумда яна камида тўрт нафар Толибон жанггариси ўлдирилган.

Халқаро кучлар матбуот вакили майор Адам Войак Кунар вилоятидан олинган хабарга таяниб, бундай ҳужум амалга оширилганини тасдиқлади. Бироқ НАТО вакили ўлдирилганлар ёки тинч фуқаролар орасидаги талафотлар ҳақидаги маълумотни тасдиқлай олмаслигини таъкидлади.

Войак “тинч фуқаролар орасидаги талафотларга оид барча иддаоларни жиддий қабул қиламиз ва ҳазирда ҳодисани ўрганмоқдамиз”, дея қўшмча қилди.

НАТО кучлари томонидан қилинадиган ҳужумларда тинч фуқароларнинг ҳалок бўлиши Афғонистонда ўта нозик масала бўлиб, одатда прездент Ҳамид Карзай томонидан қораланади.

Теҳронда АЭХА билан Эрон ўртасида музокара бошланади

Атом энергияси халқаро агентлиги вакиллари Теҳронда Эрон расмийлари билан музокара бошлайди. Бугун бошланиши кутилаётган музокаралар олдидан Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Теҳрон ва халқаро агентлик Эроннинг ядровий ҳуқуқларини тан оладиган “ҳар томонлама келишувга” эриша олса, халқаро инспекторлар Парчиндаги ҳарбий иншоотни бориб кўришлари мумкинлигини эълон қилди.

АЭХА Парчиндаги ҳарбий базада ядровий қурол ишлаб чиқришга оид фаолият олиб борилаётгани эҳтимоли борлигини айтиб келади. Эрон атом қуролини ишлаб чиқаришга ҳаракат қилмаётганини айтиб келди.

АЭХА бош инспектори Ҳерман Накаерц агентлик вакиллари Эрон билан “келишмовчиликларни” ҳал қилиш учун “қўлдан келганча” ҳаракат қилишини ваъда қилди. АЭХА вакилларининг Теҳронга сафари 26 феврал куни Қозоғистонда бўлиб ўтиши кутилаётган Эрон билан олти етакчи давлат ўртасидаги музокаралардан олдин амалга ошмоқда.

АҚШ президенти Афғонистондаги уруш келаси йил якунланишини ваъда қилди

АҚШ Президенти Барак Обама.
АҚШ Президенти Барак Обама Америка учун Афғонистондаги уруш 2014 йил охирига қадар якуналанишини эълон қилди.

Сешанба куни америкаликларга қилган йиллик мурожаатида Обама келаси бир йил давомида Афғонистондан 34 минг америкалик аскар уйга қайтарилишини баён қилди. Бу билан Афғонистондаги АҚШ қўшинлари сони икки баробардан кўпроққа камайтирилади. 2014 йилда қўшинлар сони янада қисқартирилиб, “Афғонистондаги урушимиз якунига етади”, деди АҚШ раҳбари.

Обама Ал-Қойда террорчи тармоғидан “сояси қолди холос”, дея қўшимча қилди.

АҚШ президенти шунингдек, Эрон етакчиларини ядровий бўҳронни дипломатик йўллар билан ҳал қилиш йўлларини қидиришга чақирди ва халқаро ҳамжамият Исломий Респубкликанинг ядровий қуролни қўлга киритишга йўл қўймайди, дея таъкидлади.

Обама Шимолий Корея сешанба куни амалга оширган ядровий синовни қоралади ҳамда АҚШ ва Россиянинг атом қуроллари арсеналини янада камайтириш ҳаракатларини давом эттиражагини ваъда қилди.

Нави Пиллай: Суриядаги тўқнашув қурбонлари сони 70 мингга етди

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раҳбари Нави Пиллай Хавфсизлик кенгаши аъзолари олдида чиқиш қилмоқда, 2013 йилнинг 12 феврали.
Сурияда президент Башар Ассад мухолифлари ва ҳукумат қўшинлари ўртасида 2011 йил баҳоридан буён давом этаётган қуролли тўқнашувларда тақрибан 70 минг киши қурбон бўлди. Бу маълумотни сешанба куни БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисида чиқиш қилган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раҳбари Нави Пиллай келтирди.

Бир ой муқаддам Пиллай хоним тўқнашув қурбонлар сони 60 минг кишини ташкил этганини айтганди.

БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси раҳбарига кўра, Суриядаги воқеаларни баҳолашда Хавфсизлик кенгаши аъзолари ўртасида бўлган тафовут ҳаракатсизликка олиб келган ва бу ҳаракатсизлик сурияликлар учун қимматга тушган.

Нави Пиллай Хавфсизлик кенгашидан яна бир бор Суриядаги зиддият тўғрисидаги ишни Халқаро жиноят судига топширишни сўради.

Россияда чекишни тақиқловчи қонун лойиҳаси қабул қилинди

Россияда жамоат жойларида чекишга тақиқ жорий этилади. Мазкур чекловга оид қонун лойиҳаси сешанба куни Давлат думасида кўрилиб, аксар депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган.

Энди Россия парламенти қуйи палатасининг қарори Сенат томонидан маъқулланиб, президент томонидан имзоланиши керак.

Кафе, ресторан, олий ўқув юртлари ва бошқа жамоат жойларида чекиш учун тақиқ шу йилнинг 1 июнидан кучга кириши кутилмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозир Россияда 44 миллион чоғли кашанда бор. Бу мамлакат аҳолисининг қарийб учдан бири демакдир.

Мисрда полициячилар намойишга чиқди

Мисрлик ҳуқуқ фаолларининг таъкидлашича, яқиндаги аксилҳукумат намойишларида хавфсизлик тизими ходимлари тинчлик ўрнатиш учун керагидан ортиқ куч қўллаган.
Мисрнинг кўплаб вилоятларида сешанба куни ғайриодатий намойишлар бўлиб ўтди. Бу тадбир иштирокчилари бўлган полициячилар ўзларидан сиёсий мухолифларга босим ўтказиш ва норозиларни тарқатишда фойдаланмасликни талаб қилишди.

Маълумотларга кўра, кеча маҳаллий полиция бошқармалари бинолари олдига чиққан ўнлаб полициячи қўлларида “Шаҳидлар қони учун биз масъул эмасмиз” деб ёзилган транспарантларни ушлаб олгандилар.

Мисрлик ҳуқуқ фаолларининг таъкидлашича, яқиндаги аксилҳукумат намойишларида хавфсизлик тизими ходимлари тинчлик ўрнатиш учун керагидан ортиқ куч ишлатганлар.

Сурия: исёнчилар Алепподаги авиабазани эгаллаб олди

Суриялик исёнчилар мамлакат шимолида жойлашган Аллепо вилоятидаги ҳукумат авиабазасини эгаллаб олди. Бу ҳақда президент Башар Ассад мухолифларига яқин манбалар маълумот тарқатди.

Англиянинг Ковентри шаҳрида ерлашган суриялик ҳуқуқ фаоллари Ал-Жарроҳ авиабазаси узоқ давом этган жанглардан сўнг сешанба куни эгаллаб олинганини маълум қилади.

Бир кун аввал суриялик исёнчилар Фирот дарёсидаги энг катта электр станцияси тўғони устидан назорат ўрнатганлари ҳақида хабар қилинганди.

Қурмонбек Бақиев сиртдан 24 йилга кесилди

Бишкек гарнизони Ҳарбий суди Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурмонбек Бақиев ва унинг укаси — Давлат Соқчилик хизматининг собиқ раҳбари Жениш Бақиев устидан чиқарилган ҳукмни маълум қилди.

Қурмонбек Бақиев 24 йиллик қамоқ жазоси ва мол-мулкининг мусодара қилиниши билан жазоланди. Унинг укасига эса умрбод қамоқ ва мул-мулкини мусодара қилиш жазоси белгиланди.

2010 йил апрелида Қирғизистонда содир бўлган воқеаларидан сўнг собиқ президент ва унинг яқинларига оммавий қотиллик ҳамда хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш билан боғлиқ айбловлар эълон қилинган эди.

Собиқ президент Қирғизистонни тарк этган ва Белорусдан бошпана топган. У ва унинг оила-аъзолари эса халқаро қидирувга берилган.

Шимолий Корея яна ядровий қуролни синовдан ўтказди

Шимолий Корея ҳукумати учинчи бор ўтказилган ядровий ракета синови муваффақиятли бўлганини эълон қилди.

Мамлакатдаги марказий расмий агентлик берган хабарга кўра, бу гал синовдан ўтказилган ядровий қурилма аввалгиларига нисбатан бир неча баробарга кучлидир.

Бу синов БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Шимолий Корея ҳукуматига нисбатан ядровий қуролларни ривожлантириш дастурини тўхтатишга қаратилган навбатдаги жиддий чақириқлари янграётган бир кезда ўтказилди.

Ҳозирга қадар АҚШ, Россия, Япония, Буюк Британия ва БМТ Бош котиби Шимолий Корея ҳукуматининг бу ҳаракатларини қоралаб баёнот берди.

Сешанба куни кечга яқин БМТ Хавфсизлик Кенгаши шошилинч мажлисда бу масалани муҳокама қилиши кутилмоқда.

Эрон Мусавийнинг қизлари ҳибсга олинганини инкор қилди

Мир Хуссайн Мусавий.
Эрон ҳукумати мухолифат лидери, президентликка собиқ номзод Мир Хуссайн Мусавийнинг икки қизи ҳибсга олингани тўғрисидаги маълумотни инкор қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, Мусавийнинг қизлари сўроққа чақирилган холос. Айни пайтда улар қайси масалада ва нима учун сўроққа чақиртирилганлари очиқ айтилмаган.

Душанба куни Эрон хавфсизлик хизмати ходимлари мухолифат етакчисининг Теҳрондаги уйига 11 феврал куни эрталаб бостириб кирган ва икки қиз - Наргис ҳамда Зуҳра Мусавийларни ҳибсга олгани тўғрисида хабарлар тарқатилган эди.

Мир Ҳусайн Мусавий ва ислоҳотчи Меҳри Қаррубийлар 2009 йил ёзда бўлган президентлик сайловида иқтидорини сақлаб қолган президент Маҳмуд Аҳмадийнажотга рақиб бўлган эди.

Озарбайжонда ёзувчининг қулоғи учун 12 минг доллар ваъда қилинди

Озарбайжон ёзувчиси Акром Айлисли.
Озарбайжонда ҳукуматга мойил “Муасир Мусоват” партияси “Тош уйқу” романининг муаллифи Акром Айлислининг қулоғини кесиб келган одамга 12 700 доллар мукофот беради. Бу маълумотни партия раиси Хафиз Хожиев якшанба куни эълон қилган.

Акром Айлислининг романида Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги мураккаб муносабатларнинг сабаблари, 1990 йилларда ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган Тоғли Қорабоғдаги қонли воқеалар таҳлил қилинган.

9 феврал куни Озарбайжон ёзувчилар иттифоқи Акром Айлислининг “Халқ ёзувчиси” унвонини бекор қилган эди. Айлислининг она қишлоғида эса юзлаб одамлар норозилик йиғинига тўпланиб, “Тош уйқу” романи муаллифини хоинликда айблашди.

Ўшда наркобарон қўлга олингани айтилмоқда

Қирғизистон наркотикларни назорат қилиш хизмати россиялик ҳамкасблари билан ҳамкорликда 2010 йилги Ўш қирғини иштирокчиси сифатида айбланаётган наркобаронлардан бирини қўлга олди.

Қўлга олинган Ўш шаҳрида яшовчи шахс Россияга катта миқдорда нароктик моддалар жўнатиб тургани айтилмоқда. Расмий маълумотга кўра, у 2009 йилда Россиянинг Иркутск вилоятига 133 кило афюн юборган.

Мазкур шахс 2010 йилги Ўш қирғинида фаол ишитрок этган деган айблов билан қидирувда бўлган. Ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг иддао қилишларича, қирғиндан сўнг унинг уйи тинтув қилинганида 40 кило гиёҳванд модда топилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG