Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:46

Халқаро янгиликлар

Ироқда разведка академияси раҳбари ҳудкушлик ҳужуми қурбони бўлди

Ироқда содир этилган ҳудкушлик ҳужумидан мамлакат ҳарбий разведка ҳизматининг мартабали мулозими Али Ауний ҳамда унинг уч нафар қўриқчиси ҳалок бўлди.

Номаълум кимса бугун Ироқ шимолидаги Мосул шаҳри яқинидаги Аунийнинг хонадони бўсағасида ўзини ўзи портлатиб юборган.

Ҳозирча мазкур ҳужумга ҳеч бир гуруҳ масъулиятни зиммасига олгани йўқ.

Али Ауний Ироқ Мудофаа вазирлиги қошидаги разведка академиясининг раҳбари эди.

Ҳиндистонда олти яшар қиз зўрланди

Ҳиндистон пойтахти Деҳлида олти яшар қиз ўғирланиб, зўрланган ва йўл четига ташлаб кетилган.

Ўтган ҳафта содир бўлган бу ҳодиса ҳақида ҳиндистонлик журналистлар кеча хабар топишди. Ҳозир зўрланган қизча касалхонада экани айтилмоқда.

Ёш қизчаларнинг зўрланиши Ҳиндистонда одатий холдир. Декабр ойида 23 ёшли талабанинг зўрланиши бутун Ҳиндистонда норозилик тўлқинини келтириб чиқарган эди.

Намойишчилар қиз ва аёллар ҳимоясини таъминлаш ва зўрлаганларга нисбатан ўлим жазосини тадбиқ этиш талаби билан чиқишганди.

Айни пайтда Ҳиндистон президенти норозилар талабини қондириб, қизларни зўрлаганларга нисбатан ўлим жазоси тайинланишини кўзда тутувчи қонунни парламент ҳукмига тақдим этди.

Қонун парламент тасдиғидан сўнг кучга кириши керак.

Сурияда гуманитар вазият ўта таҳликали нуқтага етган

Халқаро Қизил Ҳоч ташкилоти Сурияда гуманитар вазият ўта таҳликали нуқтага етгани ҳақда бонг урди.

Сурияда бўлиб қайтган Халқаро Қизил Ҳоч раҳбари Пьер Крэхенбюлга кўра, қарийб икки йилдан буён давом этаётган ҳукумат кучлари ва мухолифат тўқнашувлари одамлар ҳаётини мисли кўрилмаган даражада абгорлаштирган.

Кўпчилик ўзи ва яқинлари ҳаётини сақлаб қолиш учун мамлакатдан қочмоқда.

Шунингдек, Сурияда қуролли гуруҳлар сони ҳам сўнгги ойларда кўпайган. Ташкилотга кўра, ҳозирга қадар қарийб икки миллион суриялик ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлган. Шулардан 750 минг нафари ўзга юртларда қўним топган.

Сурияда президент Башар ал Ассад режимига қарши исён бошланганидан буён 70 мингдан зиёд одам ҳалок бўлгани таҳмин этилмоқда.

Мексикага яна парранда грипи таҳдид солмоқда

Мексика ҳукумати мамлакатда парранда грипининг янги тури тарқалгани ҳақида огоҳлантирди.

Мексиканинг марказий Гуанахуата штатида ярим миллион товуқни йўқ қилиш ҳақида буйруқ олинган.

Мазкур штатда H7N3 вируси уй паррандаларининг бирида аниқланган. Лекин, бу юзлаб одам ҳаётига нуқта қўйган H5N1 ируси эмас.

Парранда грипи 2003 йилдан бери Осиёдаги кўплаб парранда ва қушларда аниқланган ва шу пайтгача бу касаллик дунёда юзлаб инсоннинг ҳаётига нуқта қўйди.

Ўтган йили Мексиканинг Гуанахуата штатига яқин Халиско минтақасида ҳам парранда гриппи вируси қайд этилган ва ўшанда 22 миллион товуқни ўлдиришга туғри келганди.

Facebook ижтимоий тармоғи хакерлик ҳужумиларига нишон бўлган

Интернетдаги Facebook ижтимоий тармоғи ўтган ой бир қатор хакерлик ҳужумиларига учраган. Бу ҳақда тармоқ раҳбарияти шанба куни маълум қилди.

Аммо, ширкат вакиллари хакерлик ҳужумлари оқибатида Facebook фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари дахлсизлиги бузилмаганини айтишмоқда.

Facebook тармоғи аввал ҳам хакерлик ҳужумига учраган, тармоқдаги 250 мингта аккаунт ўғирланган эди.

Ўшанда АҚШдаги бир қатор етакчи нашрлар, жумладан The New York Times газетаси бу ҳужумдан жиддий зиён кўрганди.

Челябинскда метеоритдан камида 13 миллион доллар зарар кўрилди

Челябинскда метеорит қулаши оқибатида зарар кўрган бинолардан бири.
Россиянинг Урал минтақаси марказига тушган метеоритдан кўрилган зарар камида 13 миллион долларни ташкил этди. Фавқулодда ҳолатлар вазири Владимир Пучкога кўра, зарар миқдори янада кўпайиши мумкин.

Жума куни Челябинск вилояти ҳудудига тушган метеорит ёмғири оқибатида бинолар ҳам зарар кўрган. Сўнгги маълумотларга кўра метеоритдан 1200 одам жароҳатланган, улардан 200 дан ортиқроғи болалалардир.

Метеоритдан бири Чербакул кўли яқинига қулаган. Россия Фанлар академиясининг билдиришича, метеорит Ер атмосферасига кирганида, унинг энергияси бир неча килотоннага тенг бўлган. Бу эса кичикроқ атом бомба портлаши қувватига баробардир.

Ерга яқинлашган астероиднинг узунлиги 46 метр бўлган

16 февралга ўтар кечаси ерга яқинлашган 2012DA14 астероиди.
16 февралга ўтар кечаси катталиги футбол майдонининг ярмича келадиган астероид Ерга жуда яқин масофадан учиб ўтди.

46 метрли астероид Ер сайёрасидан тахминан 28 минг километр узоқликдан учиб ўтди, бу эса астероид айрим сунъий йўлдошлардан ҳам ерга яқинроқ келганини англатади. Шу пайтгача бу масофада бирорта ҳам астероид Ерга яқинлашмаган.

Астероидга олимлар 2012 DA14 деб ном қўйишди. Мазкур фазовий жисм ўтган йилнинг ёзида Испаниядаги обсерватория астрономлари томонидан аниқланган эди.

Тезлиги секундига 13 километрни ташкил қиладиган мазкур астероид Ҳинд океанининг шарқий қисми, Индонезия ороллари устидан учиб ўтиши тахмин қилинган эди

Олимларнинг фикрича, астероиднинг Ерга бирор бир хавфи бўлмайди.
Астероидни Осиё, Австралия ва Шарқий Европа аҳолиси кузатиш имконига эга бўлди.

Жалолободда ўзбекча телекўрсатувга қарши митинг ўтказилди

Жалолободда 15 феврал куни маҳаллий "7 канал"да ўзбек тилида янгилик дастури узатилишига қарши норозилик намойиши бўлиб ўтди.

Телеканал биноси олдига йиғилган элликкка яқин қирғиз миллатига мансуб фуқаролар ўзбекча дастур берилишини кескин қоралаб, вилоятда ўзбек тилида телеянгиликлар узатилишига қарши 8 мингта имзо тўпланганини билдирди.

"7 канал" раҳбари Алтинбек Жумаевнинг айтишича, ўзбек тилидаги янгиликлар дастури вилоятнинг ўзбекзабон аҳолиси илтимосига кўра тайёрланмоқда. Мазкур лойиҳани тўрт ой давомида АҚШнинг ЮСАИД ташкилоти қўллаб-қувватлашини билдирган. Айни пайтда ўзбек тилида кўрсатувлар тайёрлаш устида ишланяпти.

АҚШда 1 мартдан бошлаб тежамкорлик дастури амалга киритилади

АҚШда март ойидан бошлаб бюджет чиқимларининг озайтирилиши Вашингтоннинг бошқа давлатларга кўрсатадиган ёрдами миқдорини қисқартирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда жума куни АҚШ Давлат департаменти маълум қилди.

Давлат департаменти вакили Виктория Нуланднинг билдиришича, АҚШ ташқи сиёсат идорасидаги молиявий қисқартириш икки ярим миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади. Бошқа давлатларга ёрдам 1 миллиард 700 миллион долларга қисқартирилади.

Қисқартириш Исроил, Иордания ва Мисрга кўрсатиладиган ёрдам миқдорига таъсир кўрсатиши мумкин. Нуланд гуманитар ёрдам кўрсатиш дастури ҳам 200 миллион долларга камайтирилганини эълон қилди.

Конгресс томонидан ўтган йилнинг августида қабул қилинган тежамкорлик чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳужжатга асосан, 10 йил давомида АҚШда 1 триллион 200 миллиард доллар тежалиши режалаштирилган.

Паралимпиадачи чемпион Писториус қотилликда айбланмоқда

Бугун Претория суди олти марта параолимпиада чемпиони Оскар Писториусга нисбатан ўзининг хуштори Рива Стинкампни ўлдирганлик айбловини эълон қилди.

Судя бу қарорни эълон қилгач, 26 ёшли Писториус суд залида баланд овозда йиғлаб юборган.

Писториусни гаров эвазига озод қилиш маҳкамаси келаси сешанбага қолдирилди. Прокурорлар "қотиллик қасддан содир этилган"лиги учун Писториусни ҳибсда сақлашни таъкидлаяпти.

30 ёшли модел Рива Стинкамп 14 феврал кечаси Писториуснинг ҳашаматли уйида отиб ўлдирилган ҳолда топилган.

Челябинскда метеоритдан жароҳатланган сони 1000га етди

15 феврал куни Россиянинг Челябинск вилояти ҳудудига тушган метеоритдан жароҳатланганлар сони 1000 нафарга етди. Улардан 200 нафари болалардир.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазири Владимир Пучковга кўра, жароҳатланганлардан 112 нафари, жумладан, 80 бола шифохонага ётқизилган.

Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот марказининг маълумотига кўра, шифохонага ётқизилганлардан тўққиз нафарининг аҳволи оғир ва ўртача оғир даражада.

Расмий маълумотга кўра, метеорит қолдиқлари уйларнинг деразаларини синдирган, синган ойна парчаларидан эса аҳоли жароҳатланган.

Вазир Пучковга кўра, метеорит қулаши оқибатида 300 та уй, 12 мактаб, бир қатор ижтимоий объектлар ва ташкилотлар шикастланган.

Рус матбуотига кўра, Челябинск вилоятининг олтита туманидаги уйлар метеоритдан шикастланган.

Челябинскда мактаб ва болалар боқчаларида машғулотлар тўхтатилган.

Айни пайтда радиация нормаларининг ошиши ва хавфли радиактив-кимёвий моддаларнинг Ерга тушиши кузатилмаган.

Пулков обсерваторияси илмий ходими Сергей Смирнов "Россия-24" телеканалига берган интервьюсида метеорит бир неча тонна оғирликда бўлгани ҳақида гапирган.

Метеорит қулашини Россиянинг бошқа вилоятлари ва қўшни Қозоғистон аҳолиси ҳам кузатган.

Метеорит қолдиқлари Челябинск вилоятининг учта туманидан топилган. 16 феврал куни илмий экспедиция жўнатилади.

Метеорит қулаши ортидан Россиянинг бешта вилоятида - Челябинск, Курган, Свердлов, Самар ва Саратовда махсус шатаблар ташкил қилинди.

Бугун Ерга астероид яқинлашади

Бугун катталиги футбол майдонининг ярмича келадиган астероид Ерга жуда яқин масофадан учиб ўтади.

Америка фазовий тадқиқотлар агентлиги (НАСА) маълумотига кўра, мазкур астероид Ер планетасидан 27 минг 700 километр узоқликда учиб ўтиши кутилаяпти.

Тезлиги секундига 13 километрни ташкил қиладиган мазкур астероид Ҳинд океанининг шарқий қисми, Индонезия ороллари устидан учиб ўтади.

Шу пайтгача бу масофада бирорта ҳам астероид Ерга яқинлашмагани айтилаяпти.

Олимлар фикрича, астероиднинг Ерга бирор бир хавфи бўлмайди.

Астероидни Осиё, Австралия ва Шарқий Европа аҳолиси кузатиш имконига эга.

Москвада “Катта йигирмалик” учрашуви бошланди

Бугун Москва шаҳрида саноати тараққий этган давлатларни ўз ичига олувчи “Катта йигирмалик” (G20) давлатларининг Молия вазирлари ва Марказий банк раислари учрашуви бошланди.

Икки кунлик йиғилишда "валюталар уруши" мавзуси муҳокама қилиниши кутилаяпти. Жумладан, Япониянинг иқтисодий ўсишни барқарорлаштириш борасидаги ҳаракатлари муҳокамага қўйилиши мумкин.

“Катта йигирмалик”ка иқтисодлари энг йирик бўлган дунёдаги йигирмата давлат аъзо.

Челябинскда метеоритдан 150 одам яраланди

Бугун Россиянинг Челябинск вилояти ҳудудига метеорит тушди.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, метеорит қолдиқлари уйларнинг деразаларини синдирган, синган ойна парчаларидан эса тахминан 150 киши жароҳатланган.

Метеорит қулашини Россиянинг бошқа вилоятлари ва қўшни Қозоғистон аҳолиси ҳам кузатган.

Расмий маълумотларга кўра, метеорит қолдиқлари Екатеринбургдан ҳам топилган.

Метеорит қулаши ортидан Россиянинг бешта вилоятида - Челябинск, Курган, Свердлов, Самар ва Саратовда махсус шатаблар ташкил қилинди.

АҚШ миллиардери кетчуп ширкатини сотиб олди

Уоррен Баффет.
Америкалик миллиардер Уоррен Баффет Heinz озиқ –овқат ширкатини 28 миллиард долларга сотиб олганини билдирди. Бу Америка озиқ-овқат саноати тарихидаги энг йирик харид ҳисобланади.

Пайшанба куни имзоланган шартномага биноан ширкатни Баффетга қарашли Berkshire Hathaway холдингги ва 3 G Capital сармоя жамғармаси сотиб олади. Мазкур шартнома имзоланганидан сўнг Heinz акциялари баҳоси 20 фоизга қимматлаган.

Bloomberg агентлигининг хабар беришича, 82 ёшли Баффетнинг бойлиги 50 миллиард доллардан кўпроқдир. Heinz ширкати 1876 йилда ташкил қилинган ва ўзининг кетчуплари билан шуҳрат қозонган.

Тимошенко судга олиб келинади

Украина собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко қамоқхонада.
Украинанинг собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко 15 феврал куни депутат Евгений Шчербаннинг ўлдирилиши юзасидан ўтаётган маҳкама жараёнига гувоҳ сифатида олиб келинади. Бу ҳақда Украина пенитенциар хизмати маълум қилди.

14 феврал куни Киев суди Тимошенкога 16 йил аввал ўлдирилган украиналик депутат Евгений Шчербан иши қаралмиш маҳкамага боришдан бош тортгани учун 2000 АҚШ долларига тенг жарима солган эди.

Ўтган ой Украина Бош прокурори собиқ бош вазир Тимошенко Шчербан иши бўйича гумонланаётганини билдирганди.

Хизмат вазифасини суиистеъмол этганлик айби билан етти йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Юлия Тимошенко бу айбловни тан олишдан бош тортган. У ўзига қарши айбловлар сиёсий сабабга кўра уйдирилмоқда, деб ҳисоблайди.

Жон Керри Сурияда ўлганлар юзасидан янги рақамларни айтди

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.
Суриядаги тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сони 90 мингга етган бўлиши мумкин. Бу ҳақда пайшанба куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри баёнот берди.

Унга кўра, у бундай маълумотни Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Сауд Ал Файсал билан ўтказган учрашуви чоғида олган. Шу ҳафта бошида БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитаси раҳбари Нэви Пиллэй Сурияда икки йилдан бери давом этаётган ҳукумат кучлари ва мухолифат тўқнашувларида ҳалок бўлганлар сони 70 минг кишига етай деб қолганини билдирган эди.

Жон Керри БМТ раҳбари Бан Ги Мун билан учрашуви чоғида Суриядаги “фавқулодда гуманитар вазият”ни муҳокама қилишини айтди.

ЕИ Эрон ҳукуматини мухолифат лидерларини озод қилишга чақирди

ЕИнинг Ташқи сиёсат ва хавсизлик масалалари бўйича олий вакили Кэтрин Эштон.
Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат ва хавсизлик масалалари бўйича олий вакили Кэтрин Эштон Эрон ҳукуматини мухолифатнинг икки таниқли лидери Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳди Каррубийни уй қамоғидан озод қилишга чақирди.

14 феврал куни эълон қилинган баёнотда Эштон хоним Каррубий ва Мусавий ҳамда Мусавийнинг рафиқаси Заҳро Раҳнавани икки йилдан бери ҳибсда қолаётганидан “жуда хавотирда” эканини билдирган.

ЕИ расмийси Эрон Исломий Республикаси ҳукуматини яна бир карра мухолифат лидерларининг ҳаракат эркинлигини таъминлашга чақирди.

Мусавий ва Каррубий 2009 йилги сайловда президентликка номзод бўлган. Улар 2011 йил бошида ҳибсга олинган.

Афғонистон президенти халқаро кучларга норозилик билдирди

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай.
Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар қўмондони АҚШ генерали Жозеф Данфордни чақиртириб тинч аҳолидан 10 киши ўлган ҳаво ҳужумига изоҳ беришни талаб қилди.

Чоршанба куни Кунар вилоятида амалга оширилган ҳаво ҳужумида бир неча толиблар жанггариси ҳам ўлгани айтилмоқда.

Афғонистон президенти матбуот хизматига кўра, Ҳамид Карзай “келажакда бундай воқеалар қайтарилмаслиги шарт экани” таъкидлаган.

Генерал Данфорд эълон қилган баёнотда тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлганидан афсусланиш билдириб, НАТО кучлари “аҳоли яшайдиган минтақаларда амалиётлар ўтказиш ва бомбардимон қилишдан тийилиш”ни ваъда қилган.

Генерал Жозеф Данфорд НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар қўмондонлигини 10 феврал куни қабул қилиб олган.

Данфорд 2014 йил охиригача халқаро жанговор кучлар Афғонистондан олиб чиқилишини назорат қилади.

Поляк депутатлари қамоқдаги қозоқ мухолифатчиси билан учраша олмадилар

Қозоғистондаги рўйхатга олинмаган Олға партияси раҳбари Владимир Козлов.
Қозоғистон ҳукумати икки нафар полшалик сиёсатчининг қамоқдаги қозоғистонлик мухолифат лидери Владимир Козлов билан учрашишига рухсат бермади.

Қозоғистонда рўйхатга олинмаган Олға партияси раҳбари Козлов ҳозирда Петропавловск шаҳридаги меҳнат колониясида жазо муддатини ўтамоқда.

Полша парламенти аъзоси Томаш Маковски ва Малгорзата Маркинчиевиц Озодликка Козлов билан чоршанба куни учрашишга ҳаракат қилганларини айтди.

Козлов Қозоғистон ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида нефт заводи ишчиларининг оммавий иш ташлашини уюштирганлик айби билан 2012 йил октябр ойида етти ярим йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2011 йил декабр ойида Жанаўзенда намойишчилар билан милиция ходимлари ўртасида рўй берган тўқнашувда 17 одам нобуд бўлган.

Козлов ўзига нисбатан очилган жиноий ишнинг сиёсий асосга эга эканини айтган.

АЭХА ва Эрон музокаралар бўйича келишувга эриша олмади.

Атом энергияси халқаро агентлиги директори ўринбосари Ҳерман Накаертс.
Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) Теҳрон ядровий тадқиқотлар олиб бораётгани тахмин қилинган объектларда текширув ўтказиш борасида Эрон билан келишувга эриша олмади.

Буни 14 феврал куни Вена шаҳрида Атом энергияси халқаро агентлиги директори ўринбосари Ҳерман Накаертс журналистларга маълум қилди.

Накаертс томонлар навбатдаги учрашув қачон бўлиши ҳақида ҳам келишиб олмаганини қўшимча қилди.

Ундан олдин Эроннинг Атом энергияси халқаро агентлигидаги вакили Али Ашғар Султоний агентлик ва Эрон расмийларининг чоршанба куни Теҳронда бўлган учрашувида айрим масалаларда келишувга эришилганини айтган.

Бироқ Султоний қандай масалалар бўйича келишувга эришилганини айтмаган.

Атом энергияси халқаро агентлиги ядровий қуролларнинг бир қисми синовдан ўтказилгани иддао қилинган Эроннинг Парчин ҳарбий объектида инспекция ўтказишга рухсат берилишини хоҳламоқда.

26 феврал куни Қозоғистон пойтахтида дунёнинг олти қудратли давлати расмийлари ва Эрон вакилари ўртасида Эроннинг ядровий дастури бўйича навбатдаги музокара бўлиб ўтиши режаланган.

Покистонда сиёсий ва диний арбоблар тинчлик сўзлашувини муҳокама қилмоқда

Покистонда сиёсий ва диний партиялар вакиллари покистонлик толибларнинг тинчлик музокаралари олиб бориш таклифини муҳокама қилиш учун Исломобод шаҳрига йиғилди.

14 феврал куни очилган анжуманда 26 та сиёсий ва диний партия вакиллари иштирок этмоқда.

Бироқ толиблар тарафдори бўлган Жамоати Ислом ва Таҳрики Инсоф мазкур тадбирда қатнашишдан бош тортган.

Ҳайбар Пахтунхва вилоятининг Ахборот вазири Миан Ифтихор Озодликка анжуманда қабул қилинажак тавсиялар Покистон президенти ва ҳарбий қўмондонларга тақдим этилишини айтди.

Шу ой бошида покистонлик толиблар ҳукумат билан тинчлик музокаралари олиб боришни таклиф қилган эди.

Шундан сўнг Авоми миллий партияси бу масалани муҳокама этиш учун анжуман уюштиришни таклиф қилган.

Доғистонда тўрт полиция ходими ҳужум қурбони бўлди

Россиянинг Доғистон Республикасида амалга оширилган худкуш ҳужумда камида тўрт нафар полиция ходими ҳалок бўлди, олти нафари яраланди.

Полиция расмийларига кўра, пайшанба куни эрталаб Хасавюрт шаҳри ташқарисидаги текширув пунктида полиция ходимлари худкуш кетаётган машинани тўхтатган пайтда у ўзини портлатган.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, ҳужумдан сўнг полициянинг бир ходими бедарак йўқолган.

Ҳужум масъулияни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олмади.

Доғистон Россиянинг зўравонликлар энг кўп содир этиладиган минтақаси ҳисобланади.

Қирғизистонда “йўлтўсарлик” учун жарима солинади

Қирғизистонда қонунга хилоф равишда йўлларни тўсиб қўйган кишилар бундан буён жаримага тортилади. Мазкур қонун 13 февралдан бошлаб кучга кирди.

19 январ куни мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган ва кеча президент Атамбаев томонидан имзоланган қонун фуқароларнинг ҳаракат эркинлиги ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилгани айтилмоқда.

Қирғизистонда тез-тез бўлиб турадиган митинглар чоғида намойишчилар томонидан магистрал йўлларни ноқонуний равишда тўсиб қўйиш ҳамда йўловчилар ва машиналарни ўтказмай қўйиш ҳолатлари кўп кузатилади.

Россия Малига қурол етказиб бермоқда

"Рособоронэкспорт" раҳбари Анатолий Исайкин.
Россия Малига ўқотар қуроллар етказиб бермоқда. Бу ҳақда чоршанба куни «Рособоронэкспорт» ширкати раҳбари Анатолий Исайкин маълум қилди.

У бошқа турдаги қурол-аслаҳаларни етказиб бериш бўйича ҳам музокаралар олиб борилаётгани, бироқ улар миқдори унча кўп эмаслигини қўшимча қилди.

Исайкинга кўра, Россия Малидаги халқаро кучлар билан ҳамкорлик қилмоқда.

Сўнгги ҳафталарда Франция етакчилигидаги халқаро кучлар Ал-Қоидага алоқадор жанггариларни Мали шимолидаги кўп ҳудудлардан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлган.

БМТ масъуллари чоршанба куни Мали бўйича минтақавий стратегия ишлаб чиқилаётганини билдирдилар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG