Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:23

Халқаро янгиликлар

БМТ-Араб Лигаси вакили Сурия мухолифати таклифини қўллади

БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Лаҳдар Брахимий.
БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Лаҳдар Брахимий Сурия мухолифати раҳбарларининг бўҳронга чек қўйиш учун мулоқот ўтказиш ҳақидаги чақириғини қўллаб-қувватлашини айтди.

Брахимий мухолифат коалицияси президенти Муаз Ал-Ҳатиб томонидан илгари сурилган таклиф мулоқотга йўл очади ва Сурия ҳукуматининг можарони тинч йўл орқали ҳал этиш ҳақидаги ваъдасини бажаришга ундашини баён қилди.

Лаҳдар Брахимий буни якшанба куни Миср пойтахти Қоҳирада Араб Лигаси Бош котиби Набил Ал-Арабий билан учрашувдан кейин айтди.

Сурия миллий коалицияси жума куни эълон қилган баёнотда президент Башар Ал-Ассад ёки унинг хавфсизлик хизмати аъзолари музокараларда қатнашишига изн берилмаслиги билдирилган.

Дамашқ эса Суриядаги бўҳронга чек қўйиш учун президент Ал-Ассад истеъфога чиқиши кераклиги ҳақидаги мухолифат талабини инкор қилган.

Арманистонда душанба куни президент сайлови ўтказилади

Арманистонда 18 феврал куни президентлик сайлови ўтказилади.

Якшанба куни сайловолди тарғибот-ташвиқот кампанияси олиб бориш таъқиқланган.

Сайлов бюлетенига етти номзоднинг исм-шарфи киритилган.

Бироқ иқтидордаги президент Серж Саркисян президентликка асосий даъвогар экани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, мустақил Арманистоннинг биринчи Ташқи ишлар вазири, мухолифатдаги “Меърос” партияси етакчиси Раффи Овонесян сайловда Саркисянга асосий рақиб бўлиши мумкин.

Президентликка яна бир номзод, “Радио хай” хусусий радиостанцияси директори, сиёсатшунос Андреас Гукасян давлат раҳбарини сайловдан четлатиш талаби билан 21 январдан бери очлик акциясини давом эттириб келмоқда.

Косово мустақиллигининг беш йиллиги нишонланмоқда

Косово президенти Атифет Яхйага.
Косово Сербиядан ўз мустақиллигини эълон қилганининг 5 йиллиги нишонламоқда.

Сана муносабати билан телевидение орқали халққа мурожаатида Косово президенти Атифет Яхйага мустақилликни ортга қайтариш “имконсиз экани”ни таъкидлади.

2008 йил 17 февралида Косово мустақиллиги эълон қилинганидан бери БМТга аъзо 193 давлатнинг 98 таси Косовони мустақил давлат сифатида тан олган.

Белград ҳозиргача Косовога ўзининг исёнкор ўлкаси сифатида қарайди.

2011 йилда Европа Иттифоқи етакчилигида бошланган музокаралар натижасида Сербия ва Косово муносабатлари илиқлаша бошлади.

6 феврал куни Брюсселда Косово Президенти Атифет Яҳйага ва Сербия Президенти Томислав Николич илк бор учрашди.

Айни пайтда, Косово Европанинг энг камбағал давлати бўлиб қолмоқда.
Косоводаги 1,8 миллион аҳолининг учдан бир қисми кунига бир доллардан кам пулга яшамоқда.

Покистондаги ҳужумда ўлганлар сони 81 кишига етди

Покистон жануби-шарқида жойлашган Балучистон вилоятининг Кветта шаҳрида содир этилган портлашда, камида 81 киши ҳалок бўлди, 160 дан ортиқ одам яраланди.

Покистон полицияси қурбонларнинг аксари ҳазора шиалар эканини билдирди.

Шанба кунги ҳужум учун массъулиятни сунний мазҳабидаги Лашкари Жангви гуруҳи ўз зиммасига олди.

Жорий йил бошида айни шаҳарда шиаларга қарши амалга оширилган ҳужумда камида 86 одам нобуд бўлган эди.

Ҳужум маҳаллий ҳукуматнинг тарқатиб юборилишига сабаб бўлди.

Афғонистонда сўроқ хоналарига кузатув камералари ўрнатилади

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай қийноқлар қўлланилишининг олдини олиш учун маҳбуслар сўроқ қилинадиган хоналарга кузатув камералари ўрнатиш ҳақида фармон чиқарди.

Ҳужжатда сўроқ жараёнини видеотасмага ёзиб олиш учун разведка ва тергов идораларига замонавий ускуналарни етказиб бериш “тегишли ташкилотлар” зиммасига юклатилган.

Афғонистон президентининг мазкур фармонни имзолашига БМТ ҳисоботида Афғонистонда фуқаролар ҳибсга олинган пайтда ва сўроқ жараёнида уларга нисбатан қийноқ қўлланилиши маълум қилингани сабаб бўлди.

БМТ ҳисоботига кўра, Афғонистоннинг турли қамоқхоналарида сақланаётган 635 нафар маҳбус билан ўтказилган суҳбат чоғида 326 маҳбус, жумладан, 80 нафар вояга етмаганлар ўзларига нисбатан қийноқлар қўлланилганидан шикоят қилган.

Сурияда шиддатли жанглар давом этмоқда

Сурия шимолида ҳукумат кучлари ва исёнчи гуруҳлар ўртасидаги шиддатли жанглар давом этмоқда.

Фаолларга кўра, исёнчи гуруҳлар Алеппо (Ҳалаб) шаҳридаги халқаро аэропорт атрофи ва ўша ерга яқин жойлашган ҳарбий ҳаво базасидаги ҳукумат аскарларига ҳужум қилган.

Исёнчилар Алепподан шарқда жойлашган бошқа ҳарбий базага ҳам ҳужум уюштирган.

Ўз навбатида Сурия армияси учқичлари исёнчиларга ҳаводан зарбалар берган.

Фаоллар исёнчилар Исроил билан чегарадош бўлган Ғўлон тепаликлари яқинидаги полиция текширув пунктини босиб олганини билдирди.

Айни пайтда БМТнинг Инсон ҳукуқлари бўйича олий комиссари Нави Пиллай Сурия Президенти Башар Ал-Ассад устидан инсониятга қарши жиноятлар содир этганлик айблови бўйича текширув бошлаш кераклигини айтди.

Покистондаги портлаш қурбонлари сони 63 кишига етди

Покистон жануби-шарқида жойлашган Балужистон вилоятида содир этилган портлашда, сўнгги маълумотларга кўра, камида 63 киши ҳалок бўлган, 180 чоғли киши яраланган. Қурбонлар орасида аёллар ва болалар кўп бўлгани айтилмоқда.

Ҳужум Кветта шаҳри чеккасидаги шиалар истиқомат қилувчи мавзеда содир бўлган.

Портлаш учун масъулиятни суннийларнинг “Лашкари Жангвий” деб номланган радикал гуруҳи ўз зиммасига олган.

Маҳаллий полиция вакили Вазир Хон Носир ҳужум шиа жамоати вакилларига қарши қаратилганини маълум қилди. Унга кўра, бомба масофадан туриб ҳаракатга келтирилган. Айни пайтда қурбонлар сони бундан-да кўпайиши мумкинлиги эҳтимолдан соқит қилинмаяпти.

Украиналик миллатчилар Ленин ҳайкалини йиқитди

Украинанинг Ахтирка шаҳрида “Свобода” миллатчилар партиясининг ўндан ортиқ тарафдори парламент депутати Игор Мирошниченко бошчилигида Ленин ҳайкалини йиқитди.

Украина Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Мирошниченко ҳайкал устига чиқиб, унга трос боғлаган, шундан сўнг юк машинаси ёрдамида ҳайкал қулатилган.

Ҳайкални йиқитишда иштирок этган шахслар ушланган ва ҳодиса юзасидан безорилик моддаси бўйича жиноят иши очилган.

Тунисда “Ан-Наҳза” тарафдорлари намойишга чиқди

Тунисдаги сиёсий бўҳрон феврал ойи бошида мухолифатчи Чокри Белайд ўлдирилганидан кейин авж олган.
Тунисда шанба куни минглаб одам иқтидордаги “Ан-Наҳза” исломий партиясини қўллаб намойиш ўтказди. Тадбир иштирокчилари мамлакат раҳбариятининг технократик ҳукумат тузиш режасига қарши чиқдилар.

Аввалроқ бош вазир Ҳамди Жабалий ҳукуматни тарқатиб юбориш ва техник вазирлар тайинлаш режасини очиқлаган, буни мамлакатда юзага келган сиёсий бўҳронни бартараф қилиш йўлида амалга ошираётганини билдирганди.

Мухолифат Жабалийнинг ташаббусини қўллаган, бироқ иқтидордаги партиянинг эътиборли вакилларидан айримлари унинг режасига қарши чиққанди.

Кеча оқшом Жабалий янги ҳукуматни тузиш бўйича музокаралар душанба куни давом этажагини билдирган.

Ироқда разведка академияси раҳбари ҳудкушлик ҳужуми қурбони бўлди

Ироқда содир этилган ҳудкушлик ҳужумидан мамлакат ҳарбий разведка ҳизматининг мартабали мулозими Али Ауний ҳамда унинг уч нафар қўриқчиси ҳалок бўлди.

Номаълум кимса бугун Ироқ шимолидаги Мосул шаҳри яқинидаги Аунийнинг хонадони бўсағасида ўзини ўзи портлатиб юборган.

Ҳозирча мазкур ҳужумга ҳеч бир гуруҳ масъулиятни зиммасига олгани йўқ.

Али Ауний Ироқ Мудофаа вазирлиги қошидаги разведка академиясининг раҳбари эди.

Ҳиндистонда олти яшар қиз зўрланди

Ҳиндистон пойтахти Деҳлида олти яшар қиз ўғирланиб, зўрланган ва йўл четига ташлаб кетилган.

Ўтган ҳафта содир бўлган бу ҳодиса ҳақида ҳиндистонлик журналистлар кеча хабар топишди. Ҳозир зўрланган қизча касалхонада экани айтилмоқда.

Ёш қизчаларнинг зўрланиши Ҳиндистонда одатий холдир. Декабр ойида 23 ёшли талабанинг зўрланиши бутун Ҳиндистонда норозилик тўлқинини келтириб чиқарган эди.

Намойишчилар қиз ва аёллар ҳимоясини таъминлаш ва зўрлаганларга нисбатан ўлим жазосини тадбиқ этиш талаби билан чиқишганди.

Айни пайтда Ҳиндистон президенти норозилар талабини қондириб, қизларни зўрлаганларга нисбатан ўлим жазоси тайинланишини кўзда тутувчи қонунни парламент ҳукмига тақдим этди.

Қонун парламент тасдиғидан сўнг кучга кириши керак.

Сурияда гуманитар вазият ўта таҳликали нуқтага етган

Халқаро Қизил Ҳоч ташкилоти Сурияда гуманитар вазият ўта таҳликали нуқтага етгани ҳақда бонг урди.

Сурияда бўлиб қайтган Халқаро Қизил Ҳоч раҳбари Пьер Крэхенбюлга кўра, қарийб икки йилдан буён давом этаётган ҳукумат кучлари ва мухолифат тўқнашувлари одамлар ҳаётини мисли кўрилмаган даражада абгорлаштирган.

Кўпчилик ўзи ва яқинлари ҳаётини сақлаб қолиш учун мамлакатдан қочмоқда.

Шунингдек, Сурияда қуролли гуруҳлар сони ҳам сўнгги ойларда кўпайган. Ташкилотга кўра, ҳозирга қадар қарийб икки миллион суриялик ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлган. Шулардан 750 минг нафари ўзга юртларда қўним топган.

Сурияда президент Башар ал Ассад режимига қарши исён бошланганидан буён 70 мингдан зиёд одам ҳалок бўлгани таҳмин этилмоқда.

Мексикага яна парранда грипи таҳдид солмоқда

Мексика ҳукумати мамлакатда парранда грипининг янги тури тарқалгани ҳақида огоҳлантирди.

Мексиканинг марказий Гуанахуата штатида ярим миллион товуқни йўқ қилиш ҳақида буйруқ олинган.

Мазкур штатда H7N3 вируси уй паррандаларининг бирида аниқланган. Лекин, бу юзлаб одам ҳаётига нуқта қўйган H5N1 ируси эмас.

Парранда грипи 2003 йилдан бери Осиёдаги кўплаб парранда ва қушларда аниқланган ва шу пайтгача бу касаллик дунёда юзлаб инсоннинг ҳаётига нуқта қўйди.

Ўтган йили Мексиканинг Гуанахуата штатига яқин Халиско минтақасида ҳам парранда гриппи вируси қайд этилган ва ўшанда 22 миллион товуқни ўлдиришга туғри келганди.

Facebook ижтимоий тармоғи хакерлик ҳужумиларига нишон бўлган

Интернетдаги Facebook ижтимоий тармоғи ўтган ой бир қатор хакерлик ҳужумиларига учраган. Бу ҳақда тармоқ раҳбарияти шанба куни маълум қилди.

Аммо, ширкат вакиллари хакерлик ҳужумлари оқибатида Facebook фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари дахлсизлиги бузилмаганини айтишмоқда.

Facebook тармоғи аввал ҳам хакерлик ҳужумига учраган, тармоқдаги 250 мингта аккаунт ўғирланган эди.

Ўшанда АҚШдаги бир қатор етакчи нашрлар, жумладан The New York Times газетаси бу ҳужумдан жиддий зиён кўрганди.

Челябинскда метеоритдан камида 13 миллион доллар зарар кўрилди

Челябинскда метеорит қулаши оқибатида зарар кўрган бинолардан бири.
Россиянинг Урал минтақаси марказига тушган метеоритдан кўрилган зарар камида 13 миллион долларни ташкил этди. Фавқулодда ҳолатлар вазири Владимир Пучкога кўра, зарар миқдори янада кўпайиши мумкин.

Жума куни Челябинск вилояти ҳудудига тушган метеорит ёмғири оқибатида бинолар ҳам зарар кўрган. Сўнгги маълумотларга кўра метеоритдан 1200 одам жароҳатланган, улардан 200 дан ортиқроғи болалалардир.

Метеоритдан бири Чербакул кўли яқинига қулаган. Россия Фанлар академиясининг билдиришича, метеорит Ер атмосферасига кирганида, унинг энергияси бир неча килотоннага тенг бўлган. Бу эса кичикроқ атом бомба портлаши қувватига баробардир.

Ерга яқинлашган астероиднинг узунлиги 46 метр бўлган

16 февралга ўтар кечаси ерга яқинлашган 2012DA14 астероиди.
16 февралга ўтар кечаси катталиги футбол майдонининг ярмича келадиган астероид Ерга жуда яқин масофадан учиб ўтди.

46 метрли астероид Ер сайёрасидан тахминан 28 минг километр узоқликдан учиб ўтди, бу эса астероид айрим сунъий йўлдошлардан ҳам ерга яқинроқ келганини англатади. Шу пайтгача бу масофада бирорта ҳам астероид Ерга яқинлашмаган.

Астероидга олимлар 2012 DA14 деб ном қўйишди. Мазкур фазовий жисм ўтган йилнинг ёзида Испаниядаги обсерватория астрономлари томонидан аниқланган эди.

Тезлиги секундига 13 километрни ташкил қиладиган мазкур астероид Ҳинд океанининг шарқий қисми, Индонезия ороллари устидан учиб ўтиши тахмин қилинган эди

Олимларнинг фикрича, астероиднинг Ерга бирор бир хавфи бўлмайди.
Астероидни Осиё, Австралия ва Шарқий Европа аҳолиси кузатиш имконига эга бўлди.

Жалолободда ўзбекча телекўрсатувга қарши митинг ўтказилди

Жалолободда 15 феврал куни маҳаллий "7 канал"да ўзбек тилида янгилик дастури узатилишига қарши норозилик намойиши бўлиб ўтди.

Телеканал биноси олдига йиғилган элликкка яқин қирғиз миллатига мансуб фуқаролар ўзбекча дастур берилишини кескин қоралаб, вилоятда ўзбек тилида телеянгиликлар узатилишига қарши 8 мингта имзо тўпланганини билдирди.

"7 канал" раҳбари Алтинбек Жумаевнинг айтишича, ўзбек тилидаги янгиликлар дастури вилоятнинг ўзбекзабон аҳолиси илтимосига кўра тайёрланмоқда. Мазкур лойиҳани тўрт ой давомида АҚШнинг ЮСАИД ташкилоти қўллаб-қувватлашини билдирган. Айни пайтда ўзбек тилида кўрсатувлар тайёрлаш устида ишланяпти.

АҚШда 1 мартдан бошлаб тежамкорлик дастури амалга киритилади

АҚШда март ойидан бошлаб бюджет чиқимларининг озайтирилиши Вашингтоннинг бошқа давлатларга кўрсатадиган ёрдами миқдорини қисқартирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда жума куни АҚШ Давлат департаменти маълум қилди.

Давлат департаменти вакили Виктория Нуланднинг билдиришича, АҚШ ташқи сиёсат идорасидаги молиявий қисқартириш икки ярим миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади. Бошқа давлатларга ёрдам 1 миллиард 700 миллион долларга қисқартирилади.

Қисқартириш Исроил, Иордания ва Мисрга кўрсатиладиган ёрдам миқдорига таъсир кўрсатиши мумкин. Нуланд гуманитар ёрдам кўрсатиш дастури ҳам 200 миллион долларга камайтирилганини эълон қилди.

Конгресс томонидан ўтган йилнинг августида қабул қилинган тежамкорлик чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳужжатга асосан, 10 йил давомида АҚШда 1 триллион 200 миллиард доллар тежалиши режалаштирилган.

Паралимпиадачи чемпион Писториус қотилликда айбланмоқда

Бугун Претория суди олти марта параолимпиада чемпиони Оскар Писториусга нисбатан ўзининг хуштори Рива Стинкампни ўлдирганлик айбловини эълон қилди.

Судя бу қарорни эълон қилгач, 26 ёшли Писториус суд залида баланд овозда йиғлаб юборган.

Писториусни гаров эвазига озод қилиш маҳкамаси келаси сешанбага қолдирилди. Прокурорлар "қотиллик қасддан содир этилган"лиги учун Писториусни ҳибсда сақлашни таъкидлаяпти.

30 ёшли модел Рива Стинкамп 14 феврал кечаси Писториуснинг ҳашаматли уйида отиб ўлдирилган ҳолда топилган.

Челябинскда метеоритдан жароҳатланган сони 1000га етди

15 феврал куни Россиянинг Челябинск вилояти ҳудудига тушган метеоритдан жароҳатланганлар сони 1000 нафарга етди. Улардан 200 нафари болалардир.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазири Владимир Пучковга кўра, жароҳатланганлардан 112 нафари, жумладан, 80 бола шифохонага ётқизилган.

Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот марказининг маълумотига кўра, шифохонага ётқизилганлардан тўққиз нафарининг аҳволи оғир ва ўртача оғир даражада.

Расмий маълумотга кўра, метеорит қолдиқлари уйларнинг деразаларини синдирган, синган ойна парчаларидан эса аҳоли жароҳатланган.

Вазир Пучковга кўра, метеорит қулаши оқибатида 300 та уй, 12 мактаб, бир қатор ижтимоий объектлар ва ташкилотлар шикастланган.

Рус матбуотига кўра, Челябинск вилоятининг олтита туманидаги уйлар метеоритдан шикастланган.

Челябинскда мактаб ва болалар боқчаларида машғулотлар тўхтатилган.

Айни пайтда радиация нормаларининг ошиши ва хавфли радиактив-кимёвий моддаларнинг Ерга тушиши кузатилмаган.

Пулков обсерваторияси илмий ходими Сергей Смирнов "Россия-24" телеканалига берган интервьюсида метеорит бир неча тонна оғирликда бўлгани ҳақида гапирган.

Метеорит қулашини Россиянинг бошқа вилоятлари ва қўшни Қозоғистон аҳолиси ҳам кузатган.

Метеорит қолдиқлари Челябинск вилоятининг учта туманидан топилган. 16 феврал куни илмий экспедиция жўнатилади.

Метеорит қулаши ортидан Россиянинг бешта вилоятида - Челябинск, Курган, Свердлов, Самар ва Саратовда махсус шатаблар ташкил қилинди.

Бугун Ерга астероид яқинлашади

Бугун катталиги футбол майдонининг ярмича келадиган астероид Ерга жуда яқин масофадан учиб ўтади.

Америка фазовий тадқиқотлар агентлиги (НАСА) маълумотига кўра, мазкур астероид Ер планетасидан 27 минг 700 километр узоқликда учиб ўтиши кутилаяпти.

Тезлиги секундига 13 километрни ташкил қиладиган мазкур астероид Ҳинд океанининг шарқий қисми, Индонезия ороллари устидан учиб ўтади.

Шу пайтгача бу масофада бирорта ҳам астероид Ерга яқинлашмагани айтилаяпти.

Олимлар фикрича, астероиднинг Ерга бирор бир хавфи бўлмайди.

Астероидни Осиё, Австралия ва Шарқий Европа аҳолиси кузатиш имконига эга.

Москвада “Катта йигирмалик” учрашуви бошланди

Бугун Москва шаҳрида саноати тараққий этган давлатларни ўз ичига олувчи “Катта йигирмалик” (G20) давлатларининг Молия вазирлари ва Марказий банк раислари учрашуви бошланди.

Икки кунлик йиғилишда "валюталар уруши" мавзуси муҳокама қилиниши кутилаяпти. Жумладан, Япониянинг иқтисодий ўсишни барқарорлаштириш борасидаги ҳаракатлари муҳокамага қўйилиши мумкин.

“Катта йигирмалик”ка иқтисодлари энг йирик бўлган дунёдаги йигирмата давлат аъзо.

Челябинскда метеоритдан 150 одам яраланди

Бугун Россиянинг Челябинск вилояти ҳудудига метеорит тушди.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, метеорит қолдиқлари уйларнинг деразаларини синдирган, синган ойна парчаларидан эса тахминан 150 киши жароҳатланган.

Метеорит қулашини Россиянинг бошқа вилоятлари ва қўшни Қозоғистон аҳолиси ҳам кузатган.

Расмий маълумотларга кўра, метеорит қолдиқлари Екатеринбургдан ҳам топилган.

Метеорит қулаши ортидан Россиянинг бешта вилоятида - Челябинск, Курган, Свердлов, Самар ва Саратовда махсус шатаблар ташкил қилинди.

АҚШ миллиардери кетчуп ширкатини сотиб олди

Уоррен Баффет.
Америкалик миллиардер Уоррен Баффет Heinz озиқ –овқат ширкатини 28 миллиард долларга сотиб олганини билдирди. Бу Америка озиқ-овқат саноати тарихидаги энг йирик харид ҳисобланади.

Пайшанба куни имзоланган шартномага биноан ширкатни Баффетга қарашли Berkshire Hathaway холдингги ва 3 G Capital сармоя жамғармаси сотиб олади. Мазкур шартнома имзоланганидан сўнг Heinz акциялари баҳоси 20 фоизга қимматлаган.

Bloomberg агентлигининг хабар беришича, 82 ёшли Баффетнинг бойлиги 50 миллиард доллардан кўпроқдир. Heinz ширкати 1876 йилда ташкил қилинган ва ўзининг кетчуплари билан шуҳрат қозонган.

Тимошенко судга олиб келинади

Украина собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко қамоқхонада.
Украинанинг собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко 15 феврал куни депутат Евгений Шчербаннинг ўлдирилиши юзасидан ўтаётган маҳкама жараёнига гувоҳ сифатида олиб келинади. Бу ҳақда Украина пенитенциар хизмати маълум қилди.

14 феврал куни Киев суди Тимошенкога 16 йил аввал ўлдирилган украиналик депутат Евгений Шчербан иши қаралмиш маҳкамага боришдан бош тортгани учун 2000 АҚШ долларига тенг жарима солган эди.

Ўтган ой Украина Бош прокурори собиқ бош вазир Тимошенко Шчербан иши бўйича гумонланаётганини билдирганди.

Хизмат вазифасини суиистеъмол этганлик айби билан етти йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Юлия Тимошенко бу айбловни тан олишдан бош тортган. У ўзига қарши айбловлар сиёсий сабабга кўра уйдирилмоқда, деб ҳисоблайди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG