Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:07

Халқаро янгиликлар

Чавес кутилмаганда Венесуэлага қайтди

Саратон касалига чаилнган Уго Чавес икки ой аввал Кубада жарроҳлик операциясини бошдан кечирди.
Венесуэла Президенти Уго Чавес кутилмаганда Кубадан ватанига қайтди. Саратон касалига чаилнган Чавес икки ой аввал Кубада жарроҳлик операциясини бошдан кечирганидан бери жамоатчиликка кўриниш бермай келаётган эди.

У душанба куни Twitter саҳифасида “Ватанимиз Венесулага қайтиб келдик. Худога шукр. Халқим сенга раҳмат. Даволанишни шу ерда давом эттирамиз”, деган ёзувни қолдирди.

58 ёшли президентга 2011 йилда саратон ташҳиси қўйилган эди. Учта жарроҳлик амалиёти ва бошқа муолажалардан кейин у саратондан тўла фориғ бўлганини эълон қилиб, ўтган октябрда яна бир муддатга президентликка сайланган эди.

Бироқ касаллик аломатлари пайдо бўлгач, Чавес тўртинчи марта операция қилинди. Сўнгги операциядан кейин Чавес танасига инфекция тушиши оқибатида соғлиғи ёмонлашди.

Чавеснинг 10 январга белгиланган инаугурацияси соғлиғи ёмонлашгани боис қолдирилди. Чавес Венесуэлани 14 йилдан бери бошқаради.

Жон Керри билан Сергей Лавров телефонда гаплашди

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Сурия ва Шимолий Корея билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди.

АҚШ Давлат департаментининг маълум қилишича, икки дипломат якшанба куни ярим соат давомида телефон орқали суҳбалашган.

Сурия бўҳрони бўйчиа Вашингтон ва Москва ўртасида кекскин қрама-қаршилик мавжуд. Россия Сурия Президенти Башар ал-Ассад режимини қўллаб-қувватлайди. Вашингтон эса, Ассад режимининг дарҳол иқтидордан кетишини талаб қилиб келади.

Душанаба куни БМТ комиссиясининг Суриядаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича навбатдаги ҳисоботни эълон қилиши кутилмоқда.

Бундан бир неча кун аввал Керри Сурияда қурбонлар сони 90 мингга етиши мумкинлигини баён қилган эди.

Давлат департаментига кўра, Шимолий Корея масаласида икки дипломат Пхеньян яқинда амалга оширган ядровий синовга “кескин жавоб” беришда яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олган.

Россия мулозимини ўлдирганликда гумонланганлар қўлга олинди

Липецк шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Михаил Пахомов бир неча кун аввал ғойиб бўлган эди.
Россия Тергов қўмитаси ҳукумат расмийсини ўғирлаб кетиб, ўлдирганликда гумонланган саккиз киши ҳибсга олинганини маълум қилди.

Гумонланувчилар душанба куни ҳибсга олингани айтилмоқда. Улар ўлдиргани гумон қилинаётган Липецк шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Михаил Пахомовнинг жасади якшанба куни, Москва вилоятида цемент солинган бочка ичида топилган эди.

Пахомов Москвадан 440 километр жануби-шарқда жойлашган Липецк шаҳрида бир неча кун аввал ғойиб бўлган эди.

Ҳибсга олинганлар орасида Москва вилояти ҳукуматининг собиқ мулозими ҳам бор.

Карла дел Понте Суриядаги уруш жиноятлари масаласини Ҳаага судига оширишга чақирди

Карла дел Понте душанба куни Женевада мабуот анжумани ўтказди.
БМТ терговчиси Карла дел Понте Халқаро жиноятлар суди Суриядаги уруш жиноятлари юзасидан суриштирув бошлаши “фурсати келди”, дея баён қилди.

БМТ собиқ прокурори ва Сурия можароси бўйича БМТ мандатига эга тергов комиссияси аъзоси дел Понте, душанба куни Женевда қилган чиқишида, комиссия халқаро ҳамжамиятни Суриядаги зўравонликлар масаласини Ҳаага судига оширишга чақиришини маълум қилди.

Дел Понтенинг баёноти тергов комиссияси Сурияда икки йилдан бери давом этаётган можаро хусусидаги ҳисоботни эълон қилиши ортидан янгради.

131 саҳифалик ҳисоботга кўра, Сурияда ҳам ҳукумат қўшинлари, ҳам исёнчи кучлар уруш жинояитлари, жумладан қотиллик ва қийноқларга қўл урган.

Келаси ойда комиссия БМТ Инсон ҳуқуқлари идорасига уруш жиноятларида гумонланганлар махфий рўйхатини топширишни режалаштирмоқда. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, икки йилдан бери давом этаётган жангу-жадалда 70 мингга яқин одам ҳалок бўлган.

Пешовардаги ҳужумда камида 5 киши ҳалок бўлди

Ҳужум Ҳайбар вилоят ҳокими Муттаҳирзеб Хон идорасига кираверишда рўй берди.
Покистонинг Пешовар шаҳрида полиция кийимидаги жанггарилар ҳукумат биносига ҳужум уюштирди. Ҳодисада камида беш киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Расмийларнинг маълум қилишича, Ҳайбар вилоят ҳокими Муттаҳирзеб Хон идорасига камида тўрт жанггари ҳамла қилган.

Ҳужум қилганлардан бири бинога кираверишда ўзини портлатиб юборгани айтилмоқда.

Ҳужум бошланган пайтда ҳукумат расмийлари билан қабилалар оқсоқоллари учрашаётган бўлган.

Лекин баъзи гувоҳларнинг айтишича, ҳужум ҳукумат биносида жойлашган ҳибсхонага маҳбусларни олиб кетаётган микроавтобус яқинлашган пайтда рўй берган.

Маҳаллий шифохона вакиллари Озодликка ҳужумда ҳалок бўлган беш кишидан тўрт нафари ҳарбийлар бўлганини маълум қилди. Ҳодисада яна камида етти киши жароҳатланган.

Туркманистонда икки сиёсий маҳбус озодликка чиқарилди

Ҳюман райтс уотч ташкилотининг маълум қилишича, сиёсий мотивлар билан қамоққа ташланган туркманистонлик икки фаол, жазо муддатини ўтиб, озодликка чиқарилган. 2006 йилда қамоққа ташланган Сапардурди Хожиев ва Аннақурбон Омонқиличев якшанба куни озодликка чиқарилгани айтилмоқда.

ҲРУга кўра, улар қамоқдалиги пайтида соғлиқлари жиддий тарзда ёмонлашган. Омонқиличев, Хожиев ва унинг опаси Ўғилсапар Муродова муҳожиратдаги Туркманистон Ҳелсинки жамғармаси билан ҳамкорлик қилган.

Фаоллар 2006 йилнинг июн ойида француз журналистларига Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақида ҳужжатли филм тайёрлашда кўмаклашгани учун қамоққа олинган эди.

2006 йилнинг августида ўтказилган ёпиқ судда уччала фаол ноқонуний қурол сақлаганликда айбдор, деб топилган эди. Муродова 2006 йилнинг сентябрида шубҳали вазиятда вафот этган, Омонқиличев ва Хожиев етти йилданга озодликда маҳрум қилинган эди.

Покистоннинг Пешоварида ҳукумат биноси ҳужумга учради

Покистоннинг Пешовар шаҳрида ҳукумат биноси олдида портлаш ва отишма овози эшитилди. Хавфсизлик кучлари Хайбар минтақаси ҳокими Муттаҳирзеб Хоннинг идорасини ўраб олди.

Ҳодиса гувоҳларининг Озодликка айтишича, ҳужум қабилалалр оқсоқоллари билан ҳукумат мулозимлари ўртасида учрашув кетаётган пайтда бошланган.

Ҳукумат биноси ичида ҳибсхона ҳам жойлашган ва баъзи гувоҳларга кўра, ҳужум бино олдига маҳбусларни олиб кетаётган микроавтобус яқинлашган пайтда бошланган.

Маҳаллий шифохона вакили тиббий муассасага жиддий жароҳатланган етти киши ҳамда уч аскар билан бир фуқаро жасади олиб келинганини маълум қилди.

Арманлар президент сайламоқда

Арманистон президентлигига 8 киши даъвогарлик қилмоқда.
Арманистонда душанба куни президент сайлови ўтказилмоқда. Арманистонликлар мустақилликка эришганларидан бери бешинчи марта президент сайламоқда.

Олти рақиб билан беллашаётганига қарамасдан, иқтидордаги президент Серж Саркисяннинг иккинчи муддатга сайланиши кутилмоқда. Сайловолди сўровлари Саркисянга 70 фоиз сайловчи овоз тўплашини башорат қилган.

Бу сафарги сайловолди кампанияси номзодлардан бирига суиқасд уюштирилгани ва яна бирининг очлик эълон қилгани билан ёдда қоладиган бўлди.

2008 йилдаги сайловда Саркисян ғолиб, деб эълон қилиниши ортидан ўтказилган намойишда норозилар билан полиция ўртасидаги тўқнашувда 10 киши ҳалок бўлган эди.

Қозоғистон автобозорида ўзбек автомобиллари улуши камайди

Nexia қозоғистонликлар орасида ҳали ҳам энг харидоргир автомобиллардан бири бўлиб қолмоқда.
2012 йилда Қозоғистон автомобил бозорида GM Uzbekistan ширкати автомобиллари улуши камайди. Бу ҳақда Қозоғистон автобизнес ассоциацияси ҳисоботида айтилади.

Ҳисоботга кўра, ўтган йили GM Uzbekistan автомобиллари Қозоғистонда сотилган автомашиналар умумий миқдорининг 8,96 фоизини ташкил қилган. 2011 йилда бу улуш 9,98 фоизни ташкил этганди.

Аслида сон нисбатида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар ўтган йили қўшни давлатда 2 баробар кўп сотилган. Дейлик, 2011 йилда GM Uzbekistan Қозоғистонда 3829 та машина сотган бўлса, 2012 йилда 7793 та автомобил сотишга муваффақ бўлган. Бироқ ўтган йили бошқа машиналар кўпроқ сотилгани учун қўшни мамлакат автобозорида ўзбек автомашиналари улуши қисқарган.

Ҳисоботга мувофиқ, 2012 йилда Қозоғистонда энг кўп LADA автомобиллари сотилган ва рус автомобилларининг улуши 40 фоиздан ортиқроқни ташкил қилган. Иккинчи ўринни эса 9,32 фоизлик улуш билан Toyota автомобиллари эгаллаган.

Ҳисоботда ўтган йили Қозоғистонда ўзбек автомобиллари орасида Nexia автомашиналари энг харидоргир бўлгани қайд этилади.

Барак анклавига гуманитар юк етказиб берилди

Қирғизистоннинг Ўзбекистон ичкарисида жойлашган Барак анклавига якшанба куни гуманитар ёрдам етказиб берилди.

Қирғизистон чегара хизмати раҳбари Тўқўн Мамитовнинг маълум қилишича, 4 тонналик ёрдам юки Ўзбекистон томони билан келишилган ҳолда ҳозиргача ёпиқ турган Оқтош назорат-ўтказиш пункти орқали олиб ўтилган.

Гуманитар юкни Қирғизистон ҳукуматининг Ўш вилоятидаги вакили Сўўрўнбай Жээнбеков бошчилигидаги мулозимлар олиб борган. Соғлиғидан шикоят қилган 17 нафар бараклик Қирғизистоннинг бошқа ерларида даволаниш учун Оқтош пункти орқали мулозимлар билан бирга қайтган.

Ироқдаги портлашларда 28 киши нобуд бўлди

Янги йил бошидан буён Ироқда суннийларнинг шиаларга ҳужуми сезиларли даражада кўпайган.
Бағдоднинг шиалар яшовчи мавзеларида содир этилган қатор портлашлар оқибатида якшанба куни, сўнгги маълумотларига кўра, камида 28 киши ҳалок бўлган, 100 киши тан жароҳати олган.

Портлаш мосламалари Бағдоднинг Садр-Сити, Ҳабибия ва Қоҳира мавзеларида портлаган.

Янги йил бошидан буён Ироқда суннийларнинг шиаларга ҳужуми сезиларли даражада кўпайган.

Айни пайтда мамлакатда суннийларнинг шиалар бошчилигидаги марказий ҳокимиятга қарши намойишлари ҳам тўхтамаяпти.

Кипрда президентлик сайловларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтади

Кипрда якшанба куни ўтказилган президентлик сайловларида мухолифатдаги «Демократик йиғин» консерватив партияси раҳбари Никос Анастасиадис олдинга чиқиб олди.

Дастлабки маълумотларга кўра, унга сайловчиларнинг 45,44 фоизи овоз берган.

Президентлик сайловининг иккинчи босқичи 24 феврал куни бўлиб ўтади.

Унда Анастасиадисдан ташқари 27 фоиз овоз жамғаролган иқтидордаги Коммунистлар партияси вакили Ставрос Малас ҳам иштирок этади.

Аввалроқ, экзит-полл натижаларига таянган ҳолда, Анастасиадис сайловнинг биринчи босқичидаёқ ғалаба қозонгани хабар қилинганди.

Кипрдаги сайловолди баҳсларида асосан мамлакатни иқтисодий бўҳрондан қандай олиб чиқиш масаласи муҳокама қилинган. Никос Анастасиадис ўз сайловчиларига Европа Иттифоқи ва Халқаро валюта жамғармаси билан Кипрга молиявий ёрдам тақдим этиш бўйича шартнома тузишни кечиктирмасликка ваъда берган.

БМТ-Араб Лигаси вакили Сурия мухолифати таклифини қўллади

БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Лаҳдар Брахимий.
БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича махсус вакили Лаҳдар Брахимий Сурия мухолифати раҳбарларининг бўҳронга чек қўйиш учун мулоқот ўтказиш ҳақидаги чақириғини қўллаб-қувватлашини айтди.

Брахимий мухолифат коалицияси президенти Муаз Ал-Ҳатиб томонидан илгари сурилган таклиф мулоқотга йўл очади ва Сурия ҳукуматининг можарони тинч йўл орқали ҳал этиш ҳақидаги ваъдасини бажаришга ундашини баён қилди.

Лаҳдар Брахимий буни якшанба куни Миср пойтахти Қоҳирада Араб Лигаси Бош котиби Набил Ал-Арабий билан учрашувдан кейин айтди.

Сурия миллий коалицияси жума куни эълон қилган баёнотда президент Башар Ал-Ассад ёки унинг хавфсизлик хизмати аъзолари музокараларда қатнашишига изн берилмаслиги билдирилган.

Дамашқ эса Суриядаги бўҳронга чек қўйиш учун президент Ал-Ассад истеъфога чиқиши кераклиги ҳақидаги мухолифат талабини инкор қилган.

Арманистонда душанба куни президент сайлови ўтказилади

Арманистонда 18 феврал куни президентлик сайлови ўтказилади.

Якшанба куни сайловолди тарғибот-ташвиқот кампанияси олиб бориш таъқиқланган.

Сайлов бюлетенига етти номзоднинг исм-шарфи киритилган.

Бироқ иқтидордаги президент Серж Саркисян президентликка асосий даъвогар экани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, мустақил Арманистоннинг биринчи Ташқи ишлар вазири, мухолифатдаги “Меърос” партияси етакчиси Раффи Овонесян сайловда Саркисянга асосий рақиб бўлиши мумкин.

Президентликка яна бир номзод, “Радио хай” хусусий радиостанцияси директори, сиёсатшунос Андреас Гукасян давлат раҳбарини сайловдан четлатиш талаби билан 21 январдан бери очлик акциясини давом эттириб келмоқда.

Косово мустақиллигининг беш йиллиги нишонланмоқда

Косово президенти Атифет Яхйага.
Косово Сербиядан ўз мустақиллигини эълон қилганининг 5 йиллиги нишонламоқда.

Сана муносабати билан телевидение орқали халққа мурожаатида Косово президенти Атифет Яхйага мустақилликни ортга қайтариш “имконсиз экани”ни таъкидлади.

2008 йил 17 февралида Косово мустақиллиги эълон қилинганидан бери БМТга аъзо 193 давлатнинг 98 таси Косовони мустақил давлат сифатида тан олган.

Белград ҳозиргача Косовога ўзининг исёнкор ўлкаси сифатида қарайди.

2011 йилда Европа Иттифоқи етакчилигида бошланган музокаралар натижасида Сербия ва Косово муносабатлари илиқлаша бошлади.

6 феврал куни Брюсселда Косово Президенти Атифет Яҳйага ва Сербия Президенти Томислав Николич илк бор учрашди.

Айни пайтда, Косово Европанинг энг камбағал давлати бўлиб қолмоқда.
Косоводаги 1,8 миллион аҳолининг учдан бир қисми кунига бир доллардан кам пулга яшамоқда.

Покистондаги ҳужумда ўлганлар сони 81 кишига етди

Покистон жануби-шарқида жойлашган Балучистон вилоятининг Кветта шаҳрида содир этилган портлашда, камида 81 киши ҳалок бўлди, 160 дан ортиқ одам яраланди.

Покистон полицияси қурбонларнинг аксари ҳазора шиалар эканини билдирди.

Шанба кунги ҳужум учун массъулиятни сунний мазҳабидаги Лашкари Жангви гуруҳи ўз зиммасига олди.

Жорий йил бошида айни шаҳарда шиаларга қарши амалга оширилган ҳужумда камида 86 одам нобуд бўлган эди.

Ҳужум маҳаллий ҳукуматнинг тарқатиб юборилишига сабаб бўлди.

Афғонистонда сўроқ хоналарига кузатув камералари ўрнатилади

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай қийноқлар қўлланилишининг олдини олиш учун маҳбуслар сўроқ қилинадиган хоналарга кузатув камералари ўрнатиш ҳақида фармон чиқарди.

Ҳужжатда сўроқ жараёнини видеотасмага ёзиб олиш учун разведка ва тергов идораларига замонавий ускуналарни етказиб бериш “тегишли ташкилотлар” зиммасига юклатилган.

Афғонистон президентининг мазкур фармонни имзолашига БМТ ҳисоботида Афғонистонда фуқаролар ҳибсга олинган пайтда ва сўроқ жараёнида уларга нисбатан қийноқ қўлланилиши маълум қилингани сабаб бўлди.

БМТ ҳисоботига кўра, Афғонистоннинг турли қамоқхоналарида сақланаётган 635 нафар маҳбус билан ўтказилган суҳбат чоғида 326 маҳбус, жумладан, 80 нафар вояга етмаганлар ўзларига нисбатан қийноқлар қўлланилганидан шикоят қилган.

Сурияда шиддатли жанглар давом этмоқда

Сурия шимолида ҳукумат кучлари ва исёнчи гуруҳлар ўртасидаги шиддатли жанглар давом этмоқда.

Фаолларга кўра, исёнчи гуруҳлар Алеппо (Ҳалаб) шаҳридаги халқаро аэропорт атрофи ва ўша ерга яқин жойлашган ҳарбий ҳаво базасидаги ҳукумат аскарларига ҳужум қилган.

Исёнчилар Алепподан шарқда жойлашган бошқа ҳарбий базага ҳам ҳужум уюштирган.

Ўз навбатида Сурия армияси учқичлари исёнчиларга ҳаводан зарбалар берган.

Фаоллар исёнчилар Исроил билан чегарадош бўлган Ғўлон тепаликлари яқинидаги полиция текширув пунктини босиб олганини билдирди.

Айни пайтда БМТнинг Инсон ҳукуқлари бўйича олий комиссари Нави Пиллай Сурия Президенти Башар Ал-Ассад устидан инсониятга қарши жиноятлар содир этганлик айблови бўйича текширув бошлаш кераклигини айтди.

Покистондаги портлаш қурбонлари сони 63 кишига етди

Покистон жануби-шарқида жойлашган Балужистон вилоятида содир этилган портлашда, сўнгги маълумотларга кўра, камида 63 киши ҳалок бўлган, 180 чоғли киши яраланган. Қурбонлар орасида аёллар ва болалар кўп бўлгани айтилмоқда.

Ҳужум Кветта шаҳри чеккасидаги шиалар истиқомат қилувчи мавзеда содир бўлган.

Портлаш учун масъулиятни суннийларнинг “Лашкари Жангвий” деб номланган радикал гуруҳи ўз зиммасига олган.

Маҳаллий полиция вакили Вазир Хон Носир ҳужум шиа жамоати вакилларига қарши қаратилганини маълум қилди. Унга кўра, бомба масофадан туриб ҳаракатга келтирилган. Айни пайтда қурбонлар сони бундан-да кўпайиши мумкинлиги эҳтимолдан соқит қилинмаяпти.

Украиналик миллатчилар Ленин ҳайкалини йиқитди

Украинанинг Ахтирка шаҳрида “Свобода” миллатчилар партиясининг ўндан ортиқ тарафдори парламент депутати Игор Мирошниченко бошчилигида Ленин ҳайкалини йиқитди.

Украина Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Мирошниченко ҳайкал устига чиқиб, унга трос боғлаган, шундан сўнг юк машинаси ёрдамида ҳайкал қулатилган.

Ҳайкални йиқитишда иштирок этган шахслар ушланган ва ҳодиса юзасидан безорилик моддаси бўйича жиноят иши очилган.

Тунисда “Ан-Наҳза” тарафдорлари намойишга чиқди

Тунисдаги сиёсий бўҳрон феврал ойи бошида мухолифатчи Чокри Белайд ўлдирилганидан кейин авж олган.
Тунисда шанба куни минглаб одам иқтидордаги “Ан-Наҳза” исломий партиясини қўллаб намойиш ўтказди. Тадбир иштирокчилари мамлакат раҳбариятининг технократик ҳукумат тузиш режасига қарши чиқдилар.

Аввалроқ бош вазир Ҳамди Жабалий ҳукуматни тарқатиб юбориш ва техник вазирлар тайинлаш режасини очиқлаган, буни мамлакатда юзага келган сиёсий бўҳронни бартараф қилиш йўлида амалга ошираётганини билдирганди.

Мухолифат Жабалийнинг ташаббусини қўллаган, бироқ иқтидордаги партиянинг эътиборли вакилларидан айримлари унинг режасига қарши чиққанди.

Кеча оқшом Жабалий янги ҳукуматни тузиш бўйича музокаралар душанба куни давом этажагини билдирган.

Ироқда разведка академияси раҳбари ҳудкушлик ҳужуми қурбони бўлди

Ироқда содир этилган ҳудкушлик ҳужумидан мамлакат ҳарбий разведка ҳизматининг мартабали мулозими Али Ауний ҳамда унинг уч нафар қўриқчиси ҳалок бўлди.

Номаълум кимса бугун Ироқ шимолидаги Мосул шаҳри яқинидаги Аунийнинг хонадони бўсағасида ўзини ўзи портлатиб юборган.

Ҳозирча мазкур ҳужумга ҳеч бир гуруҳ масъулиятни зиммасига олгани йўқ.

Али Ауний Ироқ Мудофаа вазирлиги қошидаги разведка академиясининг раҳбари эди.

Ҳиндистонда олти яшар қиз зўрланди

Ҳиндистон пойтахти Деҳлида олти яшар қиз ўғирланиб, зўрланган ва йўл четига ташлаб кетилган.

Ўтган ҳафта содир бўлган бу ҳодиса ҳақида ҳиндистонлик журналистлар кеча хабар топишди. Ҳозир зўрланган қизча касалхонада экани айтилмоқда.

Ёш қизчаларнинг зўрланиши Ҳиндистонда одатий холдир. Декабр ойида 23 ёшли талабанинг зўрланиши бутун Ҳиндистонда норозилик тўлқинини келтириб чиқарган эди.

Намойишчилар қиз ва аёллар ҳимоясини таъминлаш ва зўрлаганларга нисбатан ўлим жазосини тадбиқ этиш талаби билан чиқишганди.

Айни пайтда Ҳиндистон президенти норозилар талабини қондириб, қизларни зўрлаганларга нисбатан ўлим жазоси тайинланишини кўзда тутувчи қонунни парламент ҳукмига тақдим этди.

Қонун парламент тасдиғидан сўнг кучга кириши керак.

Сурияда гуманитар вазият ўта таҳликали нуқтага етган

Халқаро Қизил Ҳоч ташкилоти Сурияда гуманитар вазият ўта таҳликали нуқтага етгани ҳақда бонг урди.

Сурияда бўлиб қайтган Халқаро Қизил Ҳоч раҳбари Пьер Крэхенбюлга кўра, қарийб икки йилдан буён давом этаётган ҳукумат кучлари ва мухолифат тўқнашувлари одамлар ҳаётини мисли кўрилмаган даражада абгорлаштирган.

Кўпчилик ўзи ва яқинлари ҳаётини сақлаб қолиш учун мамлакатдан қочмоқда.

Шунингдек, Сурияда қуролли гуруҳлар сони ҳам сўнгги ойларда кўпайган. Ташкилотга кўра, ҳозирга қадар қарийб икки миллион суриялик ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлган. Шулардан 750 минг нафари ўзга юртларда қўним топган.

Сурияда президент Башар ал Ассад режимига қарши исён бошланганидан буён 70 мингдан зиёд одам ҳалок бўлгани таҳмин этилмоқда.

Мексикага яна парранда грипи таҳдид солмоқда

Мексика ҳукумати мамлакатда парранда грипининг янги тури тарқалгани ҳақида огоҳлантирди.

Мексиканинг марказий Гуанахуата штатида ярим миллион товуқни йўқ қилиш ҳақида буйруқ олинган.

Мазкур штатда H7N3 вируси уй паррандаларининг бирида аниқланган. Лекин, бу юзлаб одам ҳаётига нуқта қўйган H5N1 ируси эмас.

Парранда грипи 2003 йилдан бери Осиёдаги кўплаб парранда ва қушларда аниқланган ва шу пайтгача бу касаллик дунёда юзлаб инсоннинг ҳаётига нуқта қўйди.

Ўтган йили Мексиканинг Гуанахуата штатига яқин Халиско минтақасида ҳам парранда гриппи вируси қайд этилган ва ўшанда 22 миллион товуқни ўлдиришга туғри келганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG