Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:06

Халқаро янгиликлар

Арманистонда президент сайловидан норозилар чиқиши давом этмоқда

Арманистон мухолифатининг президентлик сайлови натижаларидан норози бўлган юзлаб тарафдори Ереван шаҳри марказидаги намойишларини икки кундирки давом эттирмоқда.

Душанба куни ўтган президентлик сайловида Арманистоннинг амалдаги президенти Серж Саркисян ғолиб, деб эълон қилинган эди.

Унинг асосий рақиби, собиқ ташқи ишлар вазири Раффи Ованнисян ўз мағлубиятини тан олмаган.

Марказий сайлов комиссияси эълон қилган натижаларга кўра, Саркисянга сайловчиларнинг 58,64 фоизи, Ованнисянга эса 36,75 фоизи овоз берган.

Раффи Ованнисян ва унинг тарафдорлар сайлов натижаларининг бекор қилинишини талаб қилмоқда.

АҚШнинг учувчисиз учқичлари ҳужумида 4700 одам ўлдирилган

Сенатор Линдсей Греҳэм.
АҚШ Сенатори Линдсей Греҳэм Америка ҳарбийларининг учувчисиз учқичлар ёрдамида шу кунгача уюштирган ҳужумларида жами 4 минг 700 одам, шу жумладан тинч аҳоли вакиллари ҳам ўлдирилгани ҳақидаги маълумотни эълон қилди.

Бу АҚШ қонунчиси ёки ҳукумат мулозими томонидан Покистон, Яман ва бошқа ҳудудларда террорга қарши кураш доирасида уюштирилаётган шундай ҳужумлардаги қурбонлар сонига оид илк баёнотдир.

Террорчиларга қарши курашда учувчисиз учқичлардан фойдаланишни қувватлаб келаётган сенатор сўзларидан иқтибос Жанубий Каролинадаги Easley Patch сайтида берилди.

Асли шу штатдан бўлган сенаторнинг идорасидан бу хабарга ҳозирча бирор муносабат билдирилгани йўқ.

Дамашқ марказида йирик портлаш содир бўлди

Сурия расмий телевидениеси берган хабарга кўра, пойтахтнинг марказида бомба ўрнатилган автомобил портлаган.

Иқтидордаги Баас партияси қароргоҳи ва Россия элчихонаси яқинида бўлган портлаш, расмий хабарга кўра, жуда кучли бўлган ва қурбонлар сони ҳам каттадир.

Аммо, расмий хабарда "террорчилик амалиёти", деб баҳоланаётган бу портлашда қанча одам қурбон бўлгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот берилгани йўқ.

Расмий телевидение кўрсатган видеолавҳада эса портлаш вақтида ён-атрофда бўлган ўнга яқин автобилга зарар етгани ва бир неча кишининг ерда ётган жасади акс этган.

Россия элчихонаси портлаш натижасида бинонинг бир неча деразаларидаги ойнаклар сингани, аммо бошқа зарар етмаганини маълум қилди.

Россия прокуратураси Максим Кузмин иши бўйича маълумот талаб қилмоқда

Россия Бош прокуратураси АҚШ Адлия вазирлигидан америкалик оила асраб олган 3 яшар Максим Кузмин-Макс Шатто ўлимига оид тафсилотларни сўрамоқда.

Бош прокурор матбуот котиби 21 феврал кунги баёнотида ўз идораси Техаснинг Эктор округида бир ой олдин вафот этган рус болакайининг ўлимига оид сабаблар ва сўнгги тафсилотлар, хусусан суд-тиббий экспертиза натижаларини кутаётганини айтди.

Айни пайтда Озод Европа/Озодлик радиосига сўзлаган Эктор округи шерифи Марк Доналдсон Россия расмийларининг терговда иштирок этишига изн берилмаслигини айтди.

Пайшанба куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими Максим Кузмин-Макс Шаттонинг "шафқатсиз ҳамда ноинсоний муносабат" туфайли вафот этганига ишониш учун асослар борлиги ҳақида гапирди.

Бироқ, америкалик терговчилар болакайнинг танасида жароҳат излари борлиги аниқ бўлсада, бу унинг қийноқдан вафот этганини таъкидлаш учун етарли асос эмаслигини айтмоқда.

Бразилия ЖЧ-2014 хавфсизлигини таъминлашда Россия қуролидан фойдаланади

Бразилия 2014 йилда ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати ва 2016 йилда ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида ҳаво хавфсизлигини таъминлаш учун Россиянинг зенит-ракета мажмуаларини сотиб олишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда чоршанба куни Бразилияга ташриф буюрган Россия Бош вазири Дмитрий Медведев билан ўтказилган музокараларда ҳам муҳокама қилингани айтилмоқда.

Бразилия мудофаа вазирига кўра, Бразилия Россиянинг ўрта масофага мўлжалланган Панцырь С1 ер-осмон ракетаси, артилерия батареялари ва Игла-С елкадан отиладиган ракеталарига қизиқиш билдирмоқда.

Қурол сотиб олиш бўйича музокаралар март ойида бошланади.

Расмийларга кўра, Бразилия ҳукумати Россиядан қурол ишлаб чиқиш технологиясини сотиб олишни ҳам режалаштирган. Агар технология сотиб олинса, Бразилиядаги маҳаллий корхоналар Россия қуролларини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.

Дамашқдаги ҳаво ҳужумида камида 20 киши ҳалок бўлди

Суриялик фаолларнинг маълум қилишича, мамлакат пойтахти Дамашқ яқинида уюштирилган ҳаво ҳужумида камида 20 киши ҳалок бўлди.

Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси чоршанба куни Ҳамурияҳ мавзесида уюштирилган ҳужум оқибатида яна кўплаб кишилар вайроналар остида кўмилиб қолганини таҳмин қилмоқда.

Бошқа бир фаоллар гуруҳи – Маҳаллий Мувофиқлаштириш Қўмиталари эса ҳалок бўлганлар сони 35 га етганини маълум қилди.

Ҳукуматга қарашли оммавий ахборот воситалари чоршанба куни Дамашқдаги стадионга уюштирилган миномёт ҳужумида бир футболчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

БМТ таҳминига кўра, 2011 йил март ойида президент Башар Ассад режимига қарши оммавий исёнлар бошланганидан бери Сурияда 70 мингдан ортиқ одам нобуд бўлган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмий сайти ҳак қилинди

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмий сайти ҳакерлар ҳужумига учради.

Дастлаб сайтнинг бош саҳифасида "CLONE-SECURITY томонидан ҳужум қилинди, "Биз ирқчиликка қаршимиз", деган ёзув пайдо бўлди. Кейин сайт техник сабабларга кўра, вақтинча ёпиб қўйилгани эълон қилинди.

Сайтга ҳужум учун масъулиятни зиммасига олган CLONE-SECURITY ҳакерлар гуруҳи қирғиз ҳукуматининг ирқчилик сиёсатига қарши норозилик тариқасида бу амалга қўл урганини маълум қилди.

Ўзларини CLONE-SECURITY, деб атайдиган ҳакерлар гуруҳи аввал Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Давлат телерадиокомпанияси сайтларини ҳам ҳак қилганини иддао қилган.

CLONE-SECURITY гуруҳи сайтларга қилинаётган ушбу ҳужумларни Ўзбекистон ичкарисида туриб амалга ошираётганини таъкидлаб келмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари ҳакерлик ҳужумлари юзасидан ҳозирча изоҳ бермади.

Қозоғистонда "Аллоҳ" калимаси билан ароқ чиқарилган заводни портлатмоқчи бўлганлар жазоланди

Қозоғистоннинг Ақтўба шаҳридаги маҳкама Аллоҳ номи ёзилган шишада ароқ чиқарган заводни портлатмоқчи бўлган уч шахсни уч йилдан беш йилгача муддатларга озодликдан маҳрум қилди.

Озодлик мухбирига кўра, 17, 18 ва 19 ёшда бўлган учавлон судда айбларини бўйнига олмаганлар.

Ўтган йил Ақтўбадаги спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчи завод ароқ шишасида Аллоҳ калимаси ёзилиб қолгани учун мусулмонлардан узр сўраган ва дўконлардан ушбу ароқларни қайтариб олганини билдирганди.

Завод маъмурияти дизайнердан ёрлиқ шарқона бўлишини сўраган ва ундаги сўзларга эътибор бермаган.

Аллоҳ ҳаром қилиб тақиқлаган маҳсулотга "Қуръон"дан калималар ёзилишини мусулмонлар ҳақорат сифатида қабул қилган ва бу уларнинг ғазабини келтирган.

Оскар Писториус ўз қаллиғини ўлдирмаганини айтмоқда

Ўз қаллиғини ўлдирганликда гумонланаётган олти карра паралимпиада чемпиони Оскар Писториус бугун Претория шаҳри маҳкамасида ҳозир бўлди.

У 29 ёшли модел Рива Стинкамп ўлимида айбланмоқда. Стинкамп 14 феврал кечаси жанубий африкалик спортчининг уйида отиб ўлдирилган эди.

Писториус ўз қаллиғига қарата ўқ отмаганини айтмоқда. Оскар Писториус ҳимоячилари ўз мижозини гаров эвазига озодликка чиқариш талабини илгари суришмоқда.

Болгарияда Бойко Борисов бошлиқ ҳукумат истеъфо берди

Болгариядаги давомли норозилик намойишлари ортидан бош вазир Бойко Борисов бошлиқ ҳукумат истеъфо берди.

Бугун парламентда чиқиш қилган Борисов ҳокимиятни бошқара олмаслигини айтди.

Бир неча кун аввал Болгарияда электр нархлари ошиши норозиликларни келтириб чиқарди.

Пойтахт Софияда полиция ва норозилар ўртасида келиб чиққан тўқнашувда бир қанча одам жабр кўрди.

Ҳозирги норозиликлар Болгариядаги сўнгги 15 йил ичидаги энг йириги экани айтилмоқда.

Тунис ҳукумати раҳбари Ҳамад Жаболий истеъфо берди

Тунис бош вазири Ҳамад Жаболий иқтидордаги “Ан Наҳда” исломий партияси ўтиш даври ҳукуматини тузиш бўйича унинг таклифларини рад этиши ортидан лавозимидан истеъфо берди.

6 феврал куни Тунис мухолифати етакчиси, дунёвий сиёсатчи Шокри Белаиданинг ўлдирилиши ортидан мамлакатда вазият кескинлашди.

Бутун Тунис бўйлаб норозилик тўлқини ва зўравонлик кучайди. Жаболий 2011 йил декабр ойида ҳукумат тепасига келган эди.

Россияда 2012 йилда икки мингдан зиёд бола зўравонлик қурбони бўлган

Россияда ўтган йил 2139 нафар бола зўравонлик қурбони бўлган. Россия президентининг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакили Павел Астахов бу ҳақда баёнот берди.

Жаноб Астаховга кўра, ўтган йили зўравонликдан ўлган болалар сони ундан аввалги йилдагига қараганда 21.5 фоизга ошган.

Шунингдек, Россияда жинсий зўрланганлар сони ҳам ортган. Павел Астахов Россияда жинсий зўрланган ҳар беш жабрдийданинг бири балоғат ёшига етмаганлар эканини қайд этди.

Алепподаги портлашда камида 30 киши ҳалок бўлди

Сурия мухолифати фаоллари Алеппо шаҳрининг шимолий қисмида ракета портлаши оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлганини билдирди.

Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ҳалок бўлганлар орасида 14 нафар ёш бола ва 5 нафар аёл борлигини айтмоқда.

Обсерваторияга кўра, Алеппода портлаган бомба "ер-ер", яъни ердаги нишонга ердан отилувчи ракета бўлган.

Интернетда пайдо бўлган видео ва суратларда Алеппонинг ракета ҳужумига учраган Жабал Бадро мавзесидаги вайроналар кўрсатилган.

Сурия ҳукуматига қарашли SANA ахоборт агентлиги эса мамлакат президенти Башар Асад саройи олдида иккита миномёт снаряди портлагани ҳақида хабар берди.

Ҳужумга Озод Сурия Армияси масъул экани айтилмоқда.

Косово ва Сербия бош вазирлари яна бир бор учрашди

Косово ва Сербия бош вазирлари сешанба куни Брюсселда Европа Иттифоқи воситачилигида учрашди.

Бош вазирлар Ҳошим Тачи ва Иван Дачич иштирокидаги учрашув чоршанба куни ҳам давом этиши кутилмоқда.

Расмийлар бундан олдин ҳам бир неча бор ЕИ воситачилигида икки давлат ўртасидаги алоқаларни яхшилаш бўйича учрашувлар ўтказишган.

Косово 2008 йилнинг февралида Сербиядан мустақиллигини эълон қилган. Косово мустақиллигини юзга яқин давлат тан олган.

Сербия эса ҳамон Косово мустақиллигини тан олмай келади. Шунга қарамай расмий Белград ЕИ воситачилигида Косово билан диалог ўрнатишга рози бўлган.

Сербиянинг бундай қарори мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш имкониятларини ошириш учун қилингани айтилмоқда.

6 феврал куни Сербия ва Косово президентлари Томислав Николич ва Атифете Яҳяга Косово Сербиядан мустақиллигини эълон қилганидан бери илк бор учрашганди.

Apple ҳакерлар ҳужумига учради

Apple ширкати ҳакерлар ҳужумига учраганини эълон қилди.

Ширкатга кўра, номаълум ҳакерлар ширкат ходимлари тарафидан ишлатилган Макинтош компютерларига вирус дастурларини ўрнатишга муваффақ бўлишган.

Бош қароргоҳи АҚШда жойлашган Apple компаниясига бўлган ҳужум ўтган ҳафта Facebook ижтимоий тармоғига қилинган ҳужумга ўхшаб кетиши айтилмоқда.

Apple ширкати вируслар фақат бир нечта компютерларни заҳарлагани ва мижозлар ҳақида ҳеч қандаы маълумот шикаст емагани ёки ўғирланмаганини билдирди.

Айни дамда ҳакерлик ҳужуми ортида кимлар тургани номаълум.

Бироқ АҚШ оммавий ахборот воситалари сўнгги вақтда АҚШ компанияларига уюштираётган кибер-жосуслик ҳужумларида Хитой ҳарбийларини айблаб келмоқда.

АҚШ ҳукумати бу масалани Хитой ҳукумати ва ҳарбий кучлари расмийлари билан ўтган учрашувларда бир неча бор кўтарган эди.

АҚШ: Генерал Жон Аллен истеъфога чиқди

АҚШ президенти Барак Обама сешанба куни генерал Жон Алленнинг истеъфога чиқаётгани ва шу сабаб НАТО кучлари олий қўмондони лавозимини эгалламаслигини эълон қилди.

Президентнинг ёзма равишга тарқатилган баёнотида генерал Аллен 19 ой давом этган Афғонистон сафаридан сўнг ўз оиласи ёнида бўлишни исташи айтилган.

Сўнгги вақтда генерал Жон Аллен НАТОнинг Европадаги бирлашган кучлари қўмондонлиги лавозимини эгаллаш таклифини рад этиши ҳақидаги баҳслар кучайган эди. Бу лавозимга унинг номзодини президент Барак Обама тавсия қилган.

Афғонистондаги АҚШ ва халқаро коалиция кучларига қўмондонлик қилган генерал Аллен президент Обама таклифи устида ўйлаб кўриш учун вақт сўраган эди.

Аллен ўтган йили Жилл Келли исмли аёл билан "номақбул алоқа"да бўлгани ҳақидаги айбловлар бўйича текширилган эди. Жорий йилнинг январ ойида Пентагон айбловлар асоссиз эканини эълон қилган.

НАТО баёнотида шимолий алянс генерал Жон Аллен қарорини “тўлиқ” ҳурмат қилиши айтилган.

Брюссел аэропортидан 50 миллион долларлик олмос ўғирланди

Қуролланган 8 киши Брюссел аэропортидан 50 миллион долларга баҳоланаётган олмосни ўғирлади.

Аэропорт матбуот вакилининг айтишича, душанба оқшом ўғрилар аэропорт биносининг хавфсизлик деворидан туйнук очиб, иккита автомобилда ичкарига кирган ҳамда олмослар солинган контейнерлар ортилаётган самолётга ҳужум қилган.

Сўнгги хабарларга кўра, полиция кийимида бўлган 8 жиноятчи бир неча дақиқа ичида тарихдаги энг йирик ўғирликни содир этган ва ғойиб бўлган.

Брюссел прокурори матбуот котиби Аня Бийненсга кўра, полиция кейинроқ аэропорт тўсиқлари ёнида ёндириб юборилган автомобилни топган.

Antwerp World Diamond Center матбуот вакилининг AFP агентлигига айтишича, бу инсоният тарихидаги энг катта олмос ўғирлигидир.

Муҳими, жиноят содир этилаётган чоғда бирорта ўқ узилмаган ва ҳеч ким жароҳатланмаган.

Америкаликлар асраб олган яна бир рус боласи ўлди

Макс Шатто (Максим Кузмин).
АҚШ прокурорлари америкалик оила томонидан Россиядан асраб олинган 3 ёшли Макс Шатто-Максим Кузминнинг ўлими юзасидан тергов олиб бормоқда.

Прокурорлар бу боланинг 21 январ куни боқиб олган техаслик онаси томонидан ўлдирилганини гумон қилмоқда.

Бу воқеа ортидан жиддий баёнот берган Россиянинг Болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсмени Павел Астахов АҚШ прокурорларига таяниб, Макс-Максимнинг ўгай онаси томонидан муттасил калтаклангани ва психотроп моддалар билан боқилганини даъво қилмоқда.

Аммо, Техас Болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш хизмати матбуот вакили россиялик боалакайни асраб олган онага қўйилган айблар ҳали тасдиғини топмаганини айтди.

Болани асраб олган ота эса ҳодисага изоҳ беришдан бош тортган.

Айни пайтда Россия Давлат думаси депутатлари америкалик оилада вафот этган Макс Шатто-Максим Кузминнинг ўлимини кескин қораламоқдалар.

Ўтган йилнинг декабр ойида Россияда мамлакат болаларнинг АҚШ фуқаролари томонидан асраб олинишини тақиқловчи қонун қабул қилинган.

Женевада инсон ҳуқуқлари фаолларининг саммити бошланди

Женевада Қозоғистон, Россия, Шимолий Корея, Покистон, Судан, Сурия ва Тибетдан борган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларнинг Инсон ҳуқуқлари ва демократик жамият масалаларига бағишланган саммити бошланди.

Саммит кейинги ҳафтада БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари бўйича кенгашида ўтадиган йиллик анжуман олдидан ўтказилмоқда.

Анжуман олдидан Женевада йиғилган фаоллар дунё жамоатчилиги эътиборини қаратиш зарур бўлган муҳим масалалар бўйича маслаҳатлашиб олиш ниятида.

Хусусан, жиноятчи гуруҳлар зўрловига учраган покистонлик аёл ҳуқуқлари ҳимоячиси Мухтор Май, Эроннинг Эвин қамоқхонасида сақланган ва қийноқларга тутилган ёзувчи Марина Неъмат, Россияда қамоққа ташланган Pussy Riot гуруҳи аъзоси Надежда Толоконникованинг турмуш ўртоғи, инсон ҳуқуқлари фаоли Пётр Верзилов ҳамда қозоғистонлик журналист Лукпан Ахмедяровларнинг масаласи алоҳида муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Ушбу учрашув дунё давлатларидаги 20 та инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилотининг ҳомийлигида ўтказилмоқда.

Арманистондаги президентлик сайлови танқид қилинмоқда

Халқаро кузатувчилар Арманистонда бу галги президентлик сайлови аввалгисига нисбатан муваффақиятли кечган бўлсада, унда ҳалол рақобат муҳити етишмаганини айтмоқдалар.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти кузатувчиларнинг хулосасига кўра, президент Серж Саркисян 58 фоиз овоз олиб, ғалаба қозонган сайлов умумиятла тинч ва яхши ўтган.

Аммо, сайловга аҳолини жалб қилиш ва уларнинг талабларини тўлиқ инобатга олиш бобида камчиликларга йўл қўйилгани, демократик тамойиллар тўла ўрнатилиши учун мамлакат раҳбарлари янада кўпроқ ҳаракат қилиши кераклиги таъкидланди.

Президент Саркисяннинг аксар мухолифлари натижалар унинг фойдасига ҳал қилинишини гумон қилиб, сайловда иштирок этмаганини айтмоқдалар.

Марказий Сайлов комиссияси берган маълумотга кўра, сайлов натижаларини тан олмаган мухолифатдаги “Мерос” партияси лидери, собиқ ташқи ишлар вазири Раффи Ованнисян 36,7 фоиз овоз олган.

Ованисян Сарксяннинг ғалабасини тан олмади ва уни яна бир муддат ҳокимиятда қолиш учун сохтакорликка йўл қўйганликда айблади.

Шунингдек Арманистондаги манбаларнинг хабар қилишича, душанба куни прокуратура ва судларга сайлов қонунчилигининг бузилиши бўйича ўнлаб шикоят аризалари келиб тушган.

Остонада фоҳишалик қилган ўзбекистонлик аёллар Қозоғистондан бадарға қилинади

Остона шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланган ўзбекистонлик бир неча аёл Қозоғистондан бадарға қилинади.

Бу ҳақда маълум қилган Остона Ички ишлар департаментига кўра, Остона уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ходимлари шу кунларда ўтказилган тезкор-профилактик тадбир чоғида шаҳарда 53 нафар фоҳишани аниқлаган. Ёнида шахсини тасдиқловчи ҳеч қанақа ҳужжати бўлмаган 9 аёл қабул-тақсимот пунктида сақланмоқда.

Остона полициясининг маълум қилишича, Қозоғистон ҳудудида фоҳишалик билан шуғулланган 21 нафар ўзбекистонлик ва қирғизистонлик аёлга нисбатан мамлакат Жиноят-процессуал кодексининг 394-моддаси (чет эллик фуқаро томонидан Қозоғистонда юриш қонун-қоидаларини бузганлик) бўйича маъмурий баённома тузилиб, уларни ўз юртларига чиқариб юбориш қарори олинган.

Жалолободдаги маҳбуслар қийноқлардан шикоят қилмоқда

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳридаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида “Справедливость” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан ўтказилган сўров чоғида маҳбуслардан бири калтаклашларга қарши қўли ва томоғига тиғ тортишга мажбур бўлганидан шикоят қилган.

Бошқа бир маҳбус ўтган йилнинг 6 ноябр куни қийноққа тутилганини сўзлаб берган. Маҳбуслардан яна бири эса ўтган йили Ноокен туман милиция ходимлари томонидан дўппосланганини айтган.

Бунгача ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотига қийноқлардан шикоят акс этмиш 6 ариза келиб тушган. “Справедливость” ташкилоти бу борада ўз текширувини ўтказиб, куч ишлатар тузилмаларга чора кўриш учун мурожаат қилган.

Бироқ Жалолобод Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Таалайбек Сусунбаев мазкур уч кишининг айтганлари асоссиз эканини билдирган. Унга кўра, маҳбуслар қийноққа солинмаган, балки 6 феврал куни Ўзганга этап қилинаётган пайтда автозакда тан жароҳати олишган.

Арманистондаги сайловда амалдаги президент олдинда бормоқда

Арманистонда душанба куни ўтган президентлик сайловларида номзодлар учун берилмиш овозлар саналмоқда.

Экзит-поллнинг дастлабки натижаларига кўра, сайловчиларнинг қарийб 60 фоизи амалдаги президент Серж Саргсян учун овоз берган. Иккинчи ўринда мухолифатдаги “Мерос” партияси лидери Раффи Ованнисян бормоқда, у 32 фоиз овоз йиғолган.

Арманистондаги манбаларнинг хабар қилишларича, кеча прокуратура ва судларга сайлов қонунчилигининг бузилиши бўйича ўнлаб шикоят аризалари келиб тушган.

Маълумотларга кўра, кечаги президентлик сайловларида сайлаш ҳуқуқига эга бўлган арманистонликларнинг ярми иштирок этган. Арманистонда жами 2,5 миллион сайловчи бор.

Башар Ассад ўз армияси ғалабасига ишонади

Сурия президенти Башар Ассад.
Сурия президенти Башар Ассад ўз армияси қарийб икки йилдан буён давом этаётган ички низода ғалаба қозонишига ишонч билдирди.

Ассаднинг бу баёноти душанба куни Ливаннинг Ассад режимига хайрихоҳ бўлган “Ас-Сафир” газетасида ёйинланди.

Сурия президентига кўра, ғалабага ишонч мамлакатдаги барча муаммолар ҳал қилинганини англатмайди. Унинг фикрича, экстремизм ва террорчиликка қарши курашда ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий муваффақиятларга эришиш керак бўлади.

ВВС журналистлари 24 соатга иш ташлади

Британиянинг Лондон, Бирминҳем ва бошқа бир қанча шаҳарларида ВВС ходимлари 24 соатга иш ташладилар.

Улар ВВС Scotland, Five Live, Asian Network, Big Screens, Newsbeat ва Жаҳон хизматида кутилаётган ишдан бўшатишларга қарши норозилик билдирмоқдалар. Иш ташлаш туфайли радио ва теледастурлар формати ва тартиби бузилган.

Мазкур тадбир Журналистлар миллий уюшмаси томонидан ташкил этилган.

Хабарларга кўра, ВВС бош директори вазифасини бажарувчи Тим Дэйви раҳбарият ишдан бўшатилиши керак бўлган 30 нафар журналистни бошқа ишга ўтказишдан манфаатдор экани, бироқ бундай вариантни ишдан бўшатилажак ҳар бир ходимга таклиф қилолмаслигини билдирган.

Кейинги 5 йил мобайнида ВВСда 5 минг киши ишдан бўшатилажаги ҳақида аввалроқ хабар қилинганди. Шунингдек, 2017 йилгача ВВС бюджети 20 фоизгача қисқартирилиши кутилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG