Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:47

Халқаро янгиликлар

Муҳаммад ал Барадей Мисрдаги сайловни бойкот қилишга чақирди

Миср мухолифатининг кўзга кўринган арбобларидан бири, Миллий қутқарув жабҳаси етакчиси Муҳаммад ал Барадей мамлакатда бўлажак парламент сайловини бойкот қилишга чақирди.

Халқаро Нобел тинчлик мукофот лауреати Барадейга кўра, мамлакатда демократия номи билан қилинаётган кўзбўямачиликларга жамоатчилик эътиборини қаратмоқ керак.
Ушбу ҳафтада Миср президенти Муҳаммад Мурсий мамлакатдаги сиёсий бўхронга чек қўйиш учун парламент сайлови ўтказилишини эълон қилди.

Мухолифат етакчилари Мурсийни кўзбўямачликда айблаб, соҳта сайловлар ўтказиш йўли билан ҳокимиятни исломчилар қўлида ушлаб қолишга уринаётганликда айблашмоқда.

Жерар Депарде Саранскда доимий рўйхатга олинди

Яқинда Россия фуқаролигини олган таниқли француз актёри Жерар Депарде Мордовия пойтахтида доимий рўйхатга олинди.

РИА Новости хабарига кўра, Депарде Саранск марказидаги янги квартираларнинг бирига прописка қилинган.

Россия Президенти Владимир Путин ўз фармони билан франциялик актёр Жерар Депардега Россия фуқаролигини берган.

Жаноб Депарде ўз ватанидаги юқори солиқлар туфайли аввалроқ Бельгияга кўчиб ўтишни режалаётганини билдирганди.

Сурия мухолифати Москва ва Вашингтон музокараларида қатнашишдан бош тортмоқда

Сурия мухолиф кучлари миллий коалицияси Москва ва Вашингтоннинг Сурия можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш борасидаги музокараларга ўз вакилини юборишдан бош тортмоқда.

Жума куни эълон қилинган мурожаатда мухолиф коалиция "Сурия дўстлари"нинг халқаро анжуманида иштирокини тўхтатиши айтилган.

Бунга Сурияда тинч аҳолининг қирилаётганлигинига халқаро ҳамжамият чора кўрмаётганлиги сабаб қилиб келтирилган.

Халқаро анжуман март ойида Римда ўтказилиши мўлжаланган. Сурия мухолиф кучлари миллий коалицияси баёноти Алепподаги қонли ҳаво ҳужумларм ортидан эълон қилинди.
Суриялик фаолларга кўра, "Скад" ракеталарининг ҳужумидан камида 39 одам ҳалок бўлган, 150дан ортиқ киши яраланди.

Microsoft корпорацияси ҳам ҳакерлик ҳужумига учради

Microsoft корпорацияси ҳакерлик ҳужумига нишон бўлганини маълум қилмоқда. Жума куни ширкат ходимларига тегишли бир қанча компютерда шубҳали кодлар аниқланган.

Аввалроқ, АҚШдаги Apple ширкати ҳам ҳакерлар ҳужумига учраганини эълон қилганди.

Ширкатга кўра, номаълум ҳакерлар ширкат ходимлари тарафидан ишлатилган Макинтош компютерларига вирус дастурини ўрнатишга муваффақ бўлган.

Microsoft корпорацияси Apple ва Facebook тармоғига қилинган ҳужумларга ўхшаш ҳакерлик ҳуружига нишон бўлганини билдирди.

Аммо, ҳужум оқибатида Microsoft мижозлари маълумот базасига зиён етмаган.

Сешанба куни компютерлар хавфсизлигини таъминловчи Американинг Mandiant ширкати дунёдаги 140дан ошиқ ташкилот, жумладан ҳукумат идоралари ва мудофаа ширкатларига хакерлар томонидан қилинган давомли ҳужумлар ортида Шанхайдаги N61398-сонли Хитой ҳарбий бўлинмаси тургани ҳақидаги ҳисоботни эълон қилган эди.

Moody's Буюк Британия кредит рейтингини пасайтирди

Moody's Британиянинг кредит рейтингини “AAA”дан “AA1”га туширди.

Moody's халқаро кредит агентлиги ўзининг бу қарорини сўнгги йилларда Британия иқтисодининг заифлашгани ва мамлакат бюджетидаги камомад ошгани билан изоҳлаган.

2008 йилдан буён Буюк Британиянинг ташқи қарзи 86 фоизга ошган. Бош вазир Дэвид Кэмероннинг давлат ҳаражатларини камайтириш уринишларига қарамай бюджетдаги камомад йилига 7 фоизга ортмоқда.

Песков: Максим Кузминнинг қотиллик қурбони бўлди дейишга ҳали эрта

Россия президентининг матбуот вакили Дмитрий Песковга кўра, ўтган ой АҚШнинг Техас штатида ҳалок бўлган россиялик асранди боланинг қотиллик қурбони бўлгани ҳақида гапиришга эрта.

- Етарли исбот-далиллар келтирилмас экан Максим Кузминни қотиллик қурбони дея олмаймиз, - деди Песков.

Ўтган ой оҳирларида АҚШнинг Техас штатидаги Гардендейл шаҳрида Россиядан асраб олинган уч яшар Макс Шатто (туғилганидаги исми Максим Кузмин) оламдан ўтганди.

Гўёки болакай ҳовлида укаси билан ўйнаётиб йиқилиб тушган. Россиялик айрим расмийлар эса асраб олинган бола “шавқатсизлик” қурбони бўлганини иддао этишмоқда ва уни асраб олган америкалик онаси Лора Шаттони “қотиллик”да айблашмоқда.

АҚШ Давлат департаменти расмийлари эса хулоса ясашга эрта эканини айтишмоқда. Уларга кўра, бола ўлими юзасидан тергов ҳали давом этмоқда, тиббий экспертиза натижалари маълум эмас.

Чехия ҳукумати черковга товон пули тўлайди

Чехия ҳукумати 16 черков ва диний ташкилотлар вакиллари билан коммунистлар томонидан бошқарилган собиқ Чехословакияда йўқолган мулк учун товон тўлаш ҳақидаги шартномани имзолади.

Чехия Бош вазири Петр Нечас бу қарорни “Адолат тантанаси” деб атади. Имзоланган шартномага мувофиқ, кейинги ўттиз йил давомида ҳукумат черковларга уч миллиард юз миллион доллар товон пули тўлаб беради.

Шунингдек, шарномада айни пайтда давлат ҳисобида бўлган ва 3 миллиард 900 миллион долларга баҳоланган черков мулкининг 56 фоизини диний ташкилотларга қайтариш ҳам назарда тутилган.

Покистонда радикал гуруҳ раҳбари қўлга олинди

Покистонда полиция мамлакатда тақиқланган ”Лашкари жангави” радикал гуруҳи асосчиларидан бири қўлга олинганини маълум қилди.

Полицияга кўра, Малик Исҳоқ жума куни эрталаб Панжоб вилоятидаги Раҳимярхон шаҳрида қўлга олинган. Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, ҳозирча Малик Исҳоқни бир ой муддатга ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарилган.

”Лашкари жангави” гуруҳи Балужистон вилоятида яшовчи шиаларга қарши уюштирилган ҳужумлар учун масъйлиятни ўз зиммасига олган. Жумладан, ”Лашкари жангави”- ўтган ҳафта Кветта шаҳрида 89 одамнинг ўлимига сабаб бўлган террорчилик ҳаракатинги ҳам уюштирганини билдирган.

Қозоғистонда 7 миллиард тоннага яқин заҳарли чиқинди йиғилиб қолган

БМТнинг Қозоғистондаги Тараққиёт Дастури (БМТТД) маълумотига қараганда, ушбу мамлакатда 6,7 миллиард тонна токсик чиқиндилар йиғилиб қолган.

«Экспертларнинг баҳолашича, Қозоғистон ҳудудида 30 миллиард тоннадан зиёд кимёвий моддалар тўпланиб қолган ва шунинг 6,7 миллиард тоннаси токсик чиқиндилардир. Айни вақтда республикада ҳар йили 90 миллиард тоннага яқин кимёвий чиқиндилар чиқарилмоқда», – дейилади БМТТД маълумотида.

Экспертлар кимёвий моддаларнинг хавфсиз бошқаруви тизимини кучайтириш учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш керак деган фикрда.

Шу муносабат билан БМТТД Қозоғистон Атроф муҳит вазирлиги билан ҳамкорликда қўшма лойиҳани бошламоқда. Лойиҳа доирасида 22 феврал куни Остонада кимёвий чиқиндиларни йўқ қилиш муаммосига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Россияда қирғизистонлик 500 минг мигрант меҳнат қилмоқда

Россияда 500 мингдан ортиқ, Қозоғистонда эса 200 минг атрофида қирғизистонлик меҳнат муҳожири бор. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев парламентда қилган чиқиши чоғида маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, бу тахминий рақамлар бўлиб, муҳожирлар сонининг аниқ ҳисоб-китоби мавжуд эмас.

Қирғизистон парламенти ҳукуматга алоҳида Миграция хизмати ташкил этишни таклиф қилмоқда. Қирғизистонда миграция масаласи билан 5 та ташкилот шуғулланаётганига қарамай, шу кунгача мигрантлар сонининг аниқланмагани парламент депутатлари таажубига сабаб бўлди.

Мамлакат Бош вазири Жантўрў Сатибалдиев ҳукумат бу борада таҳлил ўтказишини билдирди.

Бишкекда ўзбек қочқини йўқолгани айтилмоқда

Қирғизистон пойтахтида қочқинлик мандатига эга Ўзбекистон фуқароси Шуҳрат Мусин бедарак йўқолгани ҳақида “Жараён” интернет нашри хабар тарқатди.

Нашрнинг билдиришича, Шуҳрат Мусин 18 феврал куни бедарак йўқолган. Ҳуқуқ ҳимоячилари у Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирланган бўлишидан ташвиш билдирмоқдалар.

Андижонлик 29 ёшли Шуҳрат Мусин 2008 йилда конституциявий тузумга тажовуз ва Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда айбланиб, махсус хизматлар томонидан таъқиб қилингач, Ўзбекистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлгани айтилади.

2009 йилнинг июл ойида БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги Қирғизистон ваколатхонаси Мусинни қочқин, деб эътироф этган

Эронга нисбатан босим кучаймоқда

Эрон мукаммалроқ центрифугаларни ишга тушираётганига оид ҳисоботлар ортида Теҳрон ҳукуматига нисбатан халқаро босимлар кучаймоқда. БМТ қошидаги Атом энергияси халқаро агентлиги пайшанба куни эълон қилган ҳисоботга кўра, центрифугалар Натанздаги ядровий заводга ўрнатилмоқда.

Қўшма Штатлар Эроннинг бу ҳаракати “провокацион қадам” бўлишини баён қилди. Британия эса, бу вазият “жиддий ташвиш” келтириб чиқаришини таъкидлади.

Эроннинг ашаддий рақиби Исроил Исломий Республика атом бомбасида ишлатилиши мумкин бўлган бойитилган уранни қўлга киритишга бевосита яқинлашди, дея баёнот берди.

АЭХАга кўра, Натанзда ўрнатилиши айтилаётган центрифугаларнинг ишга туширилиши Эронга уранни бойитиш жараёнини жиддий тарзда тезлатиш имконини беради, дея маълум қилди.

Ғарб давлатлари Эронни яширин тарзда ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринаётганликда айблаб келади. Теҳрон бу айбловларни рад этади.

Келаси ҳафта Қозоғистонда Эрон билан олти қудратли давлат ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтади.

Қирғизистон парламенти ГЭС қуришга оид келишувни ратификация қилди

Қирғиз парламенти Норин дарёси устида гидроэлектростанция қуришга оид Қирғизистон ва Россия ўртасида имзоланган келишувни ратификация қилди.

Парламент маъқуллаган ҳужжат кучга кириши учун уни Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев имзолаши керак.

Мазкур келишув ўтган йилнинг сентябрда Россия Президенти Владимир Путиннинг Бишкекка ташрифи давомида имзоланган эди. Унга кўра, Россия гидроиншоотни қуриш лойиҳасига 1,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя қилиши керак.

Шунингдек келишувда Россия сармоя қилган маблағ қатйрилгунига қадар Қирғизистондаги тўққизта гидроиншоотда 75 фоиз улушга эгалик қилиши кўзда тутилган. Россия сармояси қайтарилгач эса, иккала томон 50 фоиздан улушларни назорат қилади.

Қирғизистон парламентида келишув ратификациясига оид масала декабр ойидан бери қизғин муҳокама қилинди.

Ўзбекистон бу каби келишувлар имзоланишида минтақадаги барча мамлакат манфаатлари инобатга олиниши лозимлигини айтиб, қўшни республиканинг ГЭС қуриш лойиҳасини танқид қилиб келади.

Қотилликда айбланаётган машҳур паралимпиячи Писториусни гаровга қўйиб озод қилиш масаласи кўрилмоқда

Оскар Писториус ўз қаллиғини қасддан ўлдирганликда айбланмоқда.
Жанубий Африка суди югуриш бўйича паралимпия чемпиони, ўз қаллиғини қасддан ўлдирганликда айбланаётган Оскар Писториусни гаров эвазига қўйиб юбориш масаласини тўрт кундан бери кўриб чиқмоқда.

Жума куни судда чиқиш қилган прокурор Жерри Нел ногирон спортчи Писториус қилмиши учун “қамоққа тушиши муқаррар” эканини яхши тушуниши ва шу боис унинг қочиб кетиши эҳтимоли юқорилигини таъкидлаб, гаров эвазига қўйиб юборилмаслиги лозим, деди.

Ўз навбатида адвокатлар Пситориус жуда машҳур одам бўлгани важидан қочиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмоқдалар.

Қораловчилар Писториус 14 феврал кунги ҳодисада ўз қаллиғи 29 ёшли модел Рива Стинкампни, у ваннахонада қамалиб олган пайтда отиб ўлдирганликда айбламоқдалар.

26 ёшли Писториуснинг ўзи Стинкампни тасодифан, уйни тунагани кирган босқинчи, деб ўйлаб отиб қўйганини иддао қилмоқда.

Иккала оёғи йўқ спортчи углерод тўқимали махсус металлдан тайёрланган протезлар ёрдамида халқаро мусобақалардан иштирок этади ва Жанубий Африкада қаҳрамон ҳисобланади. 2012 йилги Лондон Олимпиадасида Писториус нафақат паралимпия ўйинлари, балки ёзги олимпиаданинг асосий қисмида етти мучали соғ спортчилар билан беллашди.

НАТО вазирлари Афғонистон ва Украина билан ҳамкорликни муҳокама қилмоқда

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен.
НАТО мудофаа вазирлари Брюсселда икки кундан бери 2014 йилда қўшинлар Афғонистондан олиб чиқилганидан кейин Кобул ҳукуматига молиявий ёрдамни давом эттириш масаласини муҳокама қилмоқда. НАТО мудофаа вазирлари йиғинида Украина билан ҳамкорликни кучайтириш йўллари ҳам муҳокама этилмоқда.

Жума кунги мажлис бошланиши олдидан чиқиш қилган НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен, вазирлар Украина қуролли кучларини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш дастурини қўллаб-қувватлаш мақсадида “ҳамкорликни қандай йўлга қўйиш мумкинлиги”га оид масалаларни муҳокама қилади, дея таъкидлади.

Расмуссен мажлис давомида “Украина халқи манфаатида демократияни кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш” йўлларига оид масаланинг ҳам кўтарилишини маълум қилди.

НАТО мудофаа вазирларининг Афғонистонда 2018 йилгача 350 минглик ҳарбий контингентни қолидириш масаласини кўриб чиқиши ҳам айтилмоқда. Ўтган йилги йиғин пайтида вазирлар Афғонистонда 230 минг қўшиндан иборат кичикроқ контингентни молиялашга келишиб олган эди.

АҚШ элчиси Россия расмийларини фожеани "сенсация яратиш" учун ишлатмасликка чақирди

Россия расмийлари ва парламент вакиллари Техас штатида вафот этган 3 яшар Макс Шатто, уни боқиб олган она тарафидан ўлдирилганини иддао қилиб келмоқда.
АҚШнинг Россиядаги элчиси америкалик оила боқиб олган рус болакайининг ўлимини “сенсация яратиш” мақсадида ишлатишни тўхтатишга чақирмоқда.

Кейинги бир ҳафта давомида Россия расмийлари ва парламент вакиллари Техас штатида вафот этган 3 яшар Макс Шатто (асл рус исми Максим Кузмин), уни боқиб олган она тарафидан ўлдирилганини иддао қилиб келмоқда.

АҚШ элчиси Майкл МакФол Интернетда эълон қилган блогида, Россия матбуоти америкаликларни ёмон отлиқ қилаётганидан “ташвишда” эканини билдирди. АҚШ расмийлари, дея ёзди МакФол, болакайнинг ўлими сабабларини аниқлаганича йўқ ва бу хусусда “синчковлик билан терговни” давом эттирмоқда.

Келаси ҳафта Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Жон Керри учрашуви давомида мазкур ҳодисанинг ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Айни пайтда, америкалик оила боқиб олган Максим Кузмин ва укаси Киррилнинг биологик онаси Юлия Кузмина маст ҳолатда поезддан тушириб қолинди. Пайшанба куни Юлия Кузмина Россия телеканалида чиқиш қилиб, аввалги айш-ишратли ҳаёт тарзидан воз кечгани ва америкалик оилада тарбияланаётган ўғлини қайтариб берилиши талаб қилган эди. Маълум бўлишича, Россия федерал телеканлларидаги интервьюлардан кейин Кузмина Москвадан Псковга қайтаётиб, ўйнаши билан маст ҳолатда тўполон қилганидан кейин поезд маъмурияти уларни тушириб юборишга мажбур бўлган.

Суд Писториуснинг гаров эвазига озод этилиш сўровини кўриб чиқади

Бугун, 22 феврал куни Жанубий Африканинг Претория шаҳри суди ўз қаллиғини ўлдирганликда айбланаётган таниқли паралимпиячи Оскар Писториусни гаров пули эвазига озодликка чиқиш сўровини кўриб чиқади.

Прокурорлар олти карра паралимпиада чемпиони Писториусни 14 феврал куни ўз уйида 29 ёшли Рива Стинкампни қасддан отиб ўлдирганликда айбламоқда.

Ампутант спортчи Оскар Писториуснинг айтишича, у Стинкампни хатолик туфайли – уни уйга кирган ўғри деб ўйлаб отиб қўйган.

Спортчи адвокатлари уни ҳеч қаерга қочмаслигини айтиб, суддан уни гаров эвазига озод этишни сўрашган.

Миср президенти парламент сайловлари муддатини белгилади

Миср президенти Муҳаммад Мурсий парламент сайловларини 27 апрелда бошланиб, июн ойида тугаши ҳақида қарор чиқарди.

Қарорга кўра, сайловлар тўрт босқичда бўлиб ўтади ва Миср парламенти қуйи палатаси – Халқ ассамблеяси 6 июн куни ўз йиғинини ўтказади.

Пайшанба куни парламент юқори палатаси – Шўро кенгаши Конституциявий суд тарафидан ўзгартиришлар киритилган сайловларга оид қонунни қабул қилди.

Сайловолди кампаниясида партиялар икки гуруҳга – президент Муҳаммад Мурсийни қўлловчи исломчи партиялар ва 2011 йилги инқилобдан сўнг кутилган демократик ўзгаришлар юз бермаётганини иддао қилаётган дунёвий қарашларга эга партияларга бўлиниши кутилмоқда.

Миср парламенти қуйи палатаси ўтган йили сайловларни ноқонуний деб топган Конституциявий суд қарори билан тарқатилган эди.

Дамашқдаги йирик портлашда 60 дан ошиқ киши ҳалок бўлди

Сурия пойтахти Дамашқ шаҳри марказида бомба ўрнтатилган автомобил портлашида 60 дан ошиқ киши ҳалок бўлди.

Бомба портлаши пайшанба куни иқтидордаги Баас партияси қароргоҳи ва Россия элчихонаси яқинида юз берган.

Сурия расмий телевиденияси портлашда ҳалок бўлганлар сони 53 нафар бўлгани ҳақида хабар берди. Мухолифат фаоллари эса камида 59 киши ўлганини иддао қилмоқда.

Пайшанба кунги портлаш кучлилиги ва қурбонлар сони бўйича оммавий исёнлар бошланган 2011 йилдан бери Дамашқда юз берган энг катта портлаш экани айтилмоқда.

Россия элчихонаси портлаш натижасида бинонинг бир неча деразаларидаги ойналар сингани, аммо бошқа зарар етмаганини маълум қилди.

Сурия расмий хабарларида "террорчилик амалиёти", деб баҳоланаётган бу портлашга қайси тараф масъул экани ҳозирча аниқ эмас.

Арманистонда президент сайловидан норозилар чиқиши давом этмоқда

Арманистон мухолифатининг президентлик сайлови натижаларидан норози бўлган юзлаб тарафдори Ереван шаҳри марказидаги намойишларини икки кундирки давом эттирмоқда.

Душанба куни ўтган президентлик сайловида Арманистоннинг амалдаги президенти Серж Саркисян ғолиб, деб эълон қилинган эди.

Унинг асосий рақиби, собиқ ташқи ишлар вазири Раффи Ованнисян ўз мағлубиятини тан олмаган.

Марказий сайлов комиссияси эълон қилган натижаларга кўра, Саркисянга сайловчиларнинг 58,64 фоизи, Ованнисянга эса 36,75 фоизи овоз берган.

Раффи Ованнисян ва унинг тарафдорлар сайлов натижаларининг бекор қилинишини талаб қилмоқда.

АҚШнинг учувчисиз учқичлари ҳужумида 4700 одам ўлдирилган

Сенатор Линдсей Греҳэм.
АҚШ Сенатори Линдсей Греҳэм Америка ҳарбийларининг учувчисиз учқичлар ёрдамида шу кунгача уюштирган ҳужумларида жами 4 минг 700 одам, шу жумладан тинч аҳоли вакиллари ҳам ўлдирилгани ҳақидаги маълумотни эълон қилди.

Бу АҚШ қонунчиси ёки ҳукумат мулозими томонидан Покистон, Яман ва бошқа ҳудудларда террорга қарши кураш доирасида уюштирилаётган шундай ҳужумлардаги қурбонлар сонига оид илк баёнотдир.

Террорчиларга қарши курашда учувчисиз учқичлардан фойдаланишни қувватлаб келаётган сенатор сўзларидан иқтибос Жанубий Каролинадаги Easley Patch сайтида берилди.

Асли шу штатдан бўлган сенаторнинг идорасидан бу хабарга ҳозирча бирор муносабат билдирилгани йўқ.

Дамашқ марказида йирик портлаш содир бўлди

Сурия расмий телевидениеси берган хабарга кўра, пойтахтнинг марказида бомба ўрнатилган автомобил портлаган.

Иқтидордаги Баас партияси қароргоҳи ва Россия элчихонаси яқинида бўлган портлаш, расмий хабарга кўра, жуда кучли бўлган ва қурбонлар сони ҳам каттадир.

Аммо, расмий хабарда "террорчилик амалиёти", деб баҳоланаётган бу портлашда қанча одам қурбон бўлгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот берилгани йўқ.

Расмий телевидение кўрсатган видеолавҳада эса портлаш вақтида ён-атрофда бўлган ўнга яқин автобилга зарар етгани ва бир неча кишининг ерда ётган жасади акс этган.

Россия элчихонаси портлаш натижасида бинонинг бир неча деразаларидаги ойнаклар сингани, аммо бошқа зарар етмаганини маълум қилди.

Россия прокуратураси Максим Кузмин иши бўйича маълумот талаб қилмоқда

Россия Бош прокуратураси АҚШ Адлия вазирлигидан америкалик оила асраб олган 3 яшар Максим Кузмин-Макс Шатто ўлимига оид тафсилотларни сўрамоқда.

Бош прокурор матбуот котиби 21 феврал кунги баёнотида ўз идораси Техаснинг Эктор округида бир ой олдин вафот этган рус болакайининг ўлимига оид сабаблар ва сўнгги тафсилотлар, хусусан суд-тиббий экспертиза натижаларини кутаётганини айтди.

Айни пайтда Озод Европа/Озодлик радиосига сўзлаган Эктор округи шерифи Марк Доналдсон Россия расмийларининг терговда иштирок этишига изн берилмаслигини айтди.

Пайшанба куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими Максим Кузмин-Макс Шаттонинг "шафқатсиз ҳамда ноинсоний муносабат" туфайли вафот этганига ишониш учун асослар борлиги ҳақида гапирди.

Бироқ, америкалик терговчилар болакайнинг танасида жароҳат излари борлиги аниқ бўлсада, бу унинг қийноқдан вафот этганини таъкидлаш учун етарли асос эмаслигини айтмоқда.

Бразилия ЖЧ-2014 хавфсизлигини таъминлашда Россия қуролидан фойдаланади

Бразилия 2014 йилда ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати ва 2016 йилда ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида ҳаво хавфсизлигини таъминлаш учун Россиянинг зенит-ракета мажмуаларини сотиб олишни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда чоршанба куни Бразилияга ташриф буюрган Россия Бош вазири Дмитрий Медведев билан ўтказилган музокараларда ҳам муҳокама қилингани айтилмоқда.

Бразилия мудофаа вазирига кўра, Бразилия Россиянинг ўрта масофага мўлжалланган Панцырь С1 ер-осмон ракетаси, артилерия батареялари ва Игла-С елкадан отиладиган ракеталарига қизиқиш билдирмоқда.

Қурол сотиб олиш бўйича музокаралар март ойида бошланади.

Расмийларга кўра, Бразилия ҳукумати Россиядан қурол ишлаб чиқиш технологиясини сотиб олишни ҳам режалаштирган. Агар технология сотиб олинса, Бразилиядаги маҳаллий корхоналар Россия қуролларини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.

Дамашқдаги ҳаво ҳужумида камида 20 киши ҳалок бўлди

Суриялик фаолларнинг маълум қилишича, мамлакат пойтахти Дамашқ яқинида уюштирилган ҳаво ҳужумида камида 20 киши ҳалок бўлди.

Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси чоршанба куни Ҳамурияҳ мавзесида уюштирилган ҳужум оқибатида яна кўплаб кишилар вайроналар остида кўмилиб қолганини таҳмин қилмоқда.

Бошқа бир фаоллар гуруҳи – Маҳаллий Мувофиқлаштириш Қўмиталари эса ҳалок бўлганлар сони 35 га етганини маълум қилди.

Ҳукуматга қарашли оммавий ахборот воситалари чоршанба куни Дамашқдаги стадионга уюштирилган миномёт ҳужумида бир футболчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

БМТ таҳминига кўра, 2011 йил март ойида президент Башар Ассад режимига қарши оммавий исёнлар бошланганидан бери Сурияда 70 мингдан ортиқ одам нобуд бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG