Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:26

Халқаро янгиликлар

Карзай АҚШ махсус кучларини Вардакдан чиқариб юборишга кўрсатма берди

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай.
Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай мамлакат Мудофаа вазирига Вардак вилоятидаги АҚШ махсус кучларини икки ҳафта ичида чиқариб юбориш ҳақида кўрсатма берди.

Карзайнинг матбуот котиби Аймал Файзига кўра, АҚШ махсус кучларини Вардакдан чиқариб юбориш ҳақидаги қарор Афғонистон Хавфсизлик кенгашининг якшанба кунги йиғилишида қабул қилинган.

Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Файзи АҚШ махсус кучлари ва Афғонистон ҳарбийларини вилоятда “хавфсизликка путур етказаётганлик ва маҳаллий аҳолини таҳқирлаганлик”да айблади.

Файзи иддаосига кўра, АҚШ махсус кучлари Вардак вилоятида амалиёт ўтказганидан кейин тўққиз киши бедарак йўқолган.

Президент матбуот котиби Афғон ҳарбийларини вилоят университети талабасининг бошини танидан жудо қилганликда айблади.

Хабарларга кўра, сўнгги пайтларда Вардак вилоятида исёнчиларга қарши амалиётлар ўтказилган.

Арманистонда мухолифат намойишлари давом этмоқда

Арманистон собиқ Ташқи ишлар вазири, президентликка номзод Раффи Ованнисян тарафдорлари Ереванда уюштирган намойиш, 22 феврал, 2013 йил.
Арманистонда 18 феврал куни ўтказилган президентлик сайловида иккинчи ўринни эгаллаган собиқ Ташқи ишлар вазири Раффи Ованнисяннинг тўрт мингдан зиёд тарафдори пойтахт Ереванда рухсат этилмаган норозилик намойиши ўтказди.

22 феврал куни пойтахтда ўтказилган намойишда саккиз минг одам қатнашган.

Шанба куни Арманистоннинг турли шаҳарларида ҳам норозилик тадбирлари ўтказилган.

Ованнисяннинг "Меърос" номли партияси 26-28 феврал кунлари яна 21та шаҳарда, 28 февралда Ереванда йирик норозилик акциялари ўтказишга чақирмоқда.

Расмий маълумотига кўра, сайловда иқтидордаги президент Серж Саркисян 58,6 фоиз, Раффи Ованнисян салкам 37 фоиз овоз олган.

Бангладешда тўрт намойишчи нобуд бўлди

Бангладеш пойтахти Дакада полиция ва намойишчилар ўртасида учинчи кун содир бўлган тўқнашувда тўрт намойишчи нобуд бўлди.

Ғарб ахборот агентликлари хабарига кўра, асосан диний мактаб талабалари ва мухолифат тарафдорларидан иборат бўлган уч мингга яқин намойишчи катта йўлни тўсиб қўйиб, полиция ходимларига пичоқлар, таёқлар билан ҳужум қилган ва тошбўрон қилган.

Тўқнашувда 40 киши жумладан, полиция ходимлари жароҳат олган, 18 киши резина ўқлардан яраланган.

Намойишчилар Ислом дини ва Муҳаммад пайғамбарни ҳақорат қилгани иддао қилинган блоггерлар қатл этилишини талаб қилган.

22 феврал куни шу каби намойишда рўй берган зўравонликда тўрт киши ўлган, қарийб 200 кииш жароҳат олган эди.

Шифокор: Ироқ президенти тузалмоқда

Ироқ Президенти Жалол Талабонийни даволаётган шифокор Нажмалдин Карим президент гапира олаётгани ва бошқаларни тушунаётганини айтди.

Талабоний мияга қон қуйилиши оқибатида декабр ойида Германиядаги касалхонага ётқизилган эди.

Карим Ироқ президенти яқин фурсатда мамлакатга қайтишига умид билдирди.

Киркук шаҳри ҳокими бўлган Нажмалдин Карим Талабоний Ироқда бўлган пайтда унга тиббий ёрдам кўрсатилишини назорат қилган.

79 яшар Жалол Талабоний Ироқдаги турли диний ва этник гуруҳлар ўртасида тинчлик ўрнатувчи шахс сифатида кўрилади.

Бенедикт Рим Папаси сифатида сўнгги бор чиқиш қилди

Истеъфога чиқаётган Рим Папаси Бенедикт XVI.
Рим Папаси Бенедикт XVI якшанба куни Ватиканнинг Авлиё Пётр майдонига йиғилган 100 минг одам олдида сўнгги бор чиқиш қилди.

Рим-католик черкови раҳбари ўз лавозимидан истеъфога чиқиш орқали Худонинг хоҳишини бажараётганини айтди.

85 ёшдаги Бенедикт соғлиги сабабли истеъфога чиқаётганини қўшимча қилди.

Бенедикт Рим-католик черкови раҳбари сифатида охирги марта 27 феврал куни оммага кўринади.

28 февралда Бенедикт XVI кардиналлар билан охирги марта йиғилиш ўтказади ва маҳаллий вақт билан 20:00да истеъфога чиқади.

Бу сўнгги 600 йил ичида Рим Папасининг биринчи марта истеъфога чиқишидир.

Ватикан 31 мартда нишонланадиган пасха байрамига қадар янги Папа танланишига умид билдирган.

Теҳрон "душман" учқичи қўлга тушганини иддао қилди

Эроннинг Инқилоб Посбонлари мамлакат жанубида ўтказилган ҳарбий машқларда хорижий пилотсиз учқич қўлга туширилганини иддао қилди.

Ғарб ахборот агантликлари хабарига кўра, Инқилоб Посбонлари матбуот котиби Эрон ҳаво ҳудудида учаётгани аниқланган учқич ерга қўндирилганини айтган.

Бироқ у самолёт қайси давлатга тегилши эканини ошкор қилмаган.

Эрон АҚШнинг бир нечта разведка самолёти қўлга туширилганини иддао қилган.

Шу ой бошида Қўшма Штатлар Эроннинг Инқилоб Посбонлари Форс Кўрфазида Америкага тегишли пилотсиз учқични қўлга туширгани ҳақидаги иддаони инкор қилган.

2011 йил декабр ойида Эрон Афғонистоннинг ғарбий минтақасида разведка мақсадида парвоз қилган Америка учқичини қўлга туширган эди.

Италияда парламент сайлови ўтказилмоқда

Италияликлар парламент сайловида овоз бермоқда.

Сўров натижалари сайловда Пер Луижи Берсани бошчилигидаги сўл-марказ коалициясининг ғалаба қозониши мумкинлигини кўрсатган.

Бироқ таҳлилчилар фикрича, Италия учун зарур бўлган иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун Берсани парламентда барқарор кўпчиликни ташкил эта олмаслиги мумкин.

Тўрт марта Италия Бош вазир бўлиб ишлаган Силвио Берлускони сўл-марказ коалициясининг сайловдаги асосий рақиби экани айтилмоқда.

Солиқлар миқдорини камайтиришни ваъда қилган Берлускони сайловда яхши натижага эришиши тахмин қилинмоқда.

Италияда парламент сайлови якшанба ва душанба кунлари ўтказилади.

Дастлабки натижалар сешанба куни эрталаб эълон қилиниши кутилмоқда.

Афғонистон разведка хизматига ҳужум уюштирилди

Афғонистонда худкуш шахс автомобилга ўрнатилган бомбани портлатди.

Расмийлар портлаш Нангарҳор вилояти маркази Жалолобод шаҳридаги разведка хизмати жойлашган бино дарвозаси олдида содир этилганини билдирди.

Хабарларга кўра, портлаш оқибатида икки нафар қўриқчи ўлган, уч нафари яраланган.

Нангарҳор вилоят маъмурияти матбуот котиби Аҳмад Зай Абдулзай якшанба куни эрталаб амалга оширилган ҳужум оқибатида бинога зарар етганини маълум қилган.

Толиблар матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид ҳужумни толиблар уюштирганини иддао қилган.

Покистондаги автоҳалокатда 17 одам ўлди

Покистон шимоли ғарбида автобуснинг жарга қулаши оқибатида 17 одам ҳалок бўлди.

Полиция расмийси Осиф Шарифнинг билдиришича, автоҳалокат натижасида яна 11 одам бедарак йўқолган.

Ҳалок бўлганлар орасида тўққиз аёл ва беш бола бор. Автобус Пешовардан Мардан шаҳрига кетаётиб, жарга қулаган.

Эронда уран конлари топилгани маълум қилинди

Эроннинг жанубий ва шимолий денгизбўйи ҳудудларида жуда катта миқдорда уран бўлган конлар топилди.

Бу ҳақда Эрон вице президенти ва айни пайтда Эрон атом энергияси агентлиги раҳбари вазифасини бажарувчип Фаридун Аббосий-Давоний маълум қилди.

Эрон ҳукуматига қисман қарам бўлган ISNA ахборот агентлиги тарқатган ушбу маълумотни мустақил манбаалар ҳозирча тасдиқлагани йўқ.

Аббосий-Давоний эронлик мутахасислар атом электр станцияси қуриш мумкин бўлган 16 та ҳудудни аниқлаганларини айтиб ўтди. Эрон расмийсига кўра, Форс ва Усмонли кўрфази, Каспий денгизи, Хузистон вилояти атрофидаги ҳудудлар атом электр станциялари қурилиши учун мақбул ҳудудлар деб топилган.

Мисрда парламент сайловлари бошқа кунга кўчирилди

Мисрда парламент сайловлари бошқа кунга кўчирилди. Овоз беришнинг биринчи босқичи аввал режалаштирилганидай 27-28 апрелда эмас, 22-23 апрелда ўтказилади. Иккинчи босқич ҳам режаланганидан уч кун олдин, яъни 24 июн куни бўлиб ўтади.

Парламент сайловлари муддати насроний коптларнинг норозилиги туфайли ўзгартирилди. Насронийлар сайлов белгиланган кунлари пасха байрами нишонланишини билдириб, совоз бериш кунини ўзгартиришни талаб қилишган эди.

Айни пайтда Миср мухолифати лидерларидан бири Муҳаммад ал Барадей шанба куни фуқароларни парламент сайловларини байкот қилишга чақирган. Мухолифат етакчилари президент Мурсийни кўзбўямачликда айблаб, соҳта сайловлар ўтказиш йўли билан ҳокимиятни исломчилар қўлида ушлаб қолишга уринаётганликда айблашмоқда.

Муҳаммад ал Барадей Мисрдаги сайловни бойкот қилишга чақирди

Миср мухолифатининг кўзга кўринган арбобларидан бири, Миллий қутқарув жабҳаси етакчиси Муҳаммад ал Барадей мамлакатда бўлажак парламент сайловини бойкот қилишга чақирди.

Халқаро Нобел тинчлик мукофот лауреати Барадейга кўра, мамлакатда демократия номи билан қилинаётган кўзбўямачиликларга жамоатчилик эътиборини қаратмоқ керак.
Ушбу ҳафтада Миср президенти Муҳаммад Мурсий мамлакатдаги сиёсий бўхронга чек қўйиш учун парламент сайлови ўтказилишини эълон қилди.

Мухолифат етакчилари Мурсийни кўзбўямачликда айблаб, соҳта сайловлар ўтказиш йўли билан ҳокимиятни исломчилар қўлида ушлаб қолишга уринаётганликда айблашмоқда.

Жерар Депарде Саранскда доимий рўйхатга олинди

Яқинда Россия фуқаролигини олган таниқли француз актёри Жерар Депарде Мордовия пойтахтида доимий рўйхатга олинди.

РИА Новости хабарига кўра, Депарде Саранск марказидаги янги квартираларнинг бирига прописка қилинган.

Россия Президенти Владимир Путин ўз фармони билан франциялик актёр Жерар Депардега Россия фуқаролигини берган.

Жаноб Депарде ўз ватанидаги юқори солиқлар туфайли аввалроқ Бельгияга кўчиб ўтишни режалаётганини билдирганди.

Сурия мухолифати Москва ва Вашингтон музокараларида қатнашишдан бош тортмоқда

Сурия мухолиф кучлари миллий коалицияси Москва ва Вашингтоннинг Сурия можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш борасидаги музокараларга ўз вакилини юборишдан бош тортмоқда.

Жума куни эълон қилинган мурожаатда мухолиф коалиция "Сурия дўстлари"нинг халқаро анжуманида иштирокини тўхтатиши айтилган.

Бунга Сурияда тинч аҳолининг қирилаётганлигинига халқаро ҳамжамият чора кўрмаётганлиги сабаб қилиб келтирилган.

Халқаро анжуман март ойида Римда ўтказилиши мўлжаланган. Сурия мухолиф кучлари миллий коалицияси баёноти Алепподаги қонли ҳаво ҳужумларм ортидан эълон қилинди.
Суриялик фаолларга кўра, "Скад" ракеталарининг ҳужумидан камида 39 одам ҳалок бўлган, 150дан ортиқ киши яраланди.

Microsoft корпорацияси ҳам ҳакерлик ҳужумига учради

Microsoft корпорацияси ҳакерлик ҳужумига нишон бўлганини маълум қилмоқда. Жума куни ширкат ходимларига тегишли бир қанча компютерда шубҳали кодлар аниқланган.

Аввалроқ, АҚШдаги Apple ширкати ҳам ҳакерлар ҳужумига учраганини эълон қилганди.

Ширкатга кўра, номаълум ҳакерлар ширкат ходимлари тарафидан ишлатилган Макинтош компютерларига вирус дастурини ўрнатишга муваффақ бўлган.

Microsoft корпорацияси Apple ва Facebook тармоғига қилинган ҳужумларга ўхшаш ҳакерлик ҳуружига нишон бўлганини билдирди.

Аммо, ҳужум оқибатида Microsoft мижозлари маълумот базасига зиён етмаган.

Сешанба куни компютерлар хавфсизлигини таъминловчи Американинг Mandiant ширкати дунёдаги 140дан ошиқ ташкилот, жумладан ҳукумат идоралари ва мудофаа ширкатларига хакерлар томонидан қилинган давомли ҳужумлар ортида Шанхайдаги N61398-сонли Хитой ҳарбий бўлинмаси тургани ҳақидаги ҳисоботни эълон қилган эди.

Moody's Буюк Британия кредит рейтингини пасайтирди

Moody's Британиянинг кредит рейтингини “AAA”дан “AA1”га туширди.

Moody's халқаро кредит агентлиги ўзининг бу қарорини сўнгги йилларда Британия иқтисодининг заифлашгани ва мамлакат бюджетидаги камомад ошгани билан изоҳлаган.

2008 йилдан буён Буюк Британиянинг ташқи қарзи 86 фоизга ошган. Бош вазир Дэвид Кэмероннинг давлат ҳаражатларини камайтириш уринишларига қарамай бюджетдаги камомад йилига 7 фоизга ортмоқда.

Песков: Максим Кузминнинг қотиллик қурбони бўлди дейишга ҳали эрта

Россия президентининг матбуот вакили Дмитрий Песковга кўра, ўтган ой АҚШнинг Техас штатида ҳалок бўлган россиялик асранди боланинг қотиллик қурбони бўлгани ҳақида гапиришга эрта.

- Етарли исбот-далиллар келтирилмас экан Максим Кузминни қотиллик қурбони дея олмаймиз, - деди Песков.

Ўтган ой оҳирларида АҚШнинг Техас штатидаги Гардендейл шаҳрида Россиядан асраб олинган уч яшар Макс Шатто (туғилганидаги исми Максим Кузмин) оламдан ўтганди.

Гўёки болакай ҳовлида укаси билан ўйнаётиб йиқилиб тушган. Россиялик айрим расмийлар эса асраб олинган бола “шавқатсизлик” қурбони бўлганини иддао этишмоқда ва уни асраб олган америкалик онаси Лора Шаттони “қотиллик”да айблашмоқда.

АҚШ Давлат департаменти расмийлари эса хулоса ясашга эрта эканини айтишмоқда. Уларга кўра, бола ўлими юзасидан тергов ҳали давом этмоқда, тиббий экспертиза натижалари маълум эмас.

Чехия ҳукумати черковга товон пули тўлайди

Чехия ҳукумати 16 черков ва диний ташкилотлар вакиллари билан коммунистлар томонидан бошқарилган собиқ Чехословакияда йўқолган мулк учун товон тўлаш ҳақидаги шартномани имзолади.

Чехия Бош вазири Петр Нечас бу қарорни “Адолат тантанаси” деб атади. Имзоланган шартномага мувофиқ, кейинги ўттиз йил давомида ҳукумат черковларга уч миллиард юз миллион доллар товон пули тўлаб беради.

Шунингдек, шарномада айни пайтда давлат ҳисобида бўлган ва 3 миллиард 900 миллион долларга баҳоланган черков мулкининг 56 фоизини диний ташкилотларга қайтариш ҳам назарда тутилган.

Покистонда радикал гуруҳ раҳбари қўлга олинди

Покистонда полиция мамлакатда тақиқланган ”Лашкари жангави” радикал гуруҳи асосчиларидан бири қўлга олинганини маълум қилди.

Полицияга кўра, Малик Исҳоқ жума куни эрталаб Панжоб вилоятидаги Раҳимярхон шаҳрида қўлга олинган. Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, ҳозирча Малик Исҳоқни бир ой муддатга ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарилган.

”Лашкари жангави” гуруҳи Балужистон вилоятида яшовчи шиаларга қарши уюштирилган ҳужумлар учун масъйлиятни ўз зиммасига олган. Жумладан, ”Лашкари жангави”- ўтган ҳафта Кветта шаҳрида 89 одамнинг ўлимига сабаб бўлган террорчилик ҳаракатинги ҳам уюштирганини билдирган.

Қозоғистонда 7 миллиард тоннага яқин заҳарли чиқинди йиғилиб қолган

БМТнинг Қозоғистондаги Тараққиёт Дастури (БМТТД) маълумотига қараганда, ушбу мамлакатда 6,7 миллиард тонна токсик чиқиндилар йиғилиб қолган.

«Экспертларнинг баҳолашича, Қозоғистон ҳудудида 30 миллиард тоннадан зиёд кимёвий моддалар тўпланиб қолган ва шунинг 6,7 миллиард тоннаси токсик чиқиндилардир. Айни вақтда республикада ҳар йили 90 миллиард тоннага яқин кимёвий чиқиндилар чиқарилмоқда», – дейилади БМТТД маълумотида.

Экспертлар кимёвий моддаларнинг хавфсиз бошқаруви тизимини кучайтириш учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш керак деган фикрда.

Шу муносабат билан БМТТД Қозоғистон Атроф муҳит вазирлиги билан ҳамкорликда қўшма лойиҳани бошламоқда. Лойиҳа доирасида 22 феврал куни Остонада кимёвий чиқиндиларни йўқ қилиш муаммосига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Россияда қирғизистонлик 500 минг мигрант меҳнат қилмоқда

Россияда 500 мингдан ортиқ, Қозоғистонда эса 200 минг атрофида қирғизистонлик меҳнат муҳожири бор. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев парламентда қилган чиқиши чоғида маълум қилди.

Вазирнинг айтишича, бу тахминий рақамлар бўлиб, муҳожирлар сонининг аниқ ҳисоб-китоби мавжуд эмас.

Қирғизистон парламенти ҳукуматга алоҳида Миграция хизмати ташкил этишни таклиф қилмоқда. Қирғизистонда миграция масаласи билан 5 та ташкилот шуғулланаётганига қарамай, шу кунгача мигрантлар сонининг аниқланмагани парламент депутатлари таажубига сабаб бўлди.

Мамлакат Бош вазири Жантўрў Сатибалдиев ҳукумат бу борада таҳлил ўтказишини билдирди.

Бишкекда ўзбек қочқини йўқолгани айтилмоқда

Қирғизистон пойтахтида қочқинлик мандатига эга Ўзбекистон фуқароси Шуҳрат Мусин бедарак йўқолгани ҳақида “Жараён” интернет нашри хабар тарқатди.

Нашрнинг билдиришича, Шуҳрат Мусин 18 феврал куни бедарак йўқолган. Ҳуқуқ ҳимоячилари у Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирланган бўлишидан ташвиш билдирмоқдалар.

Андижонлик 29 ёшли Шуҳрат Мусин 2008 йилда конституциявий тузумга тажовуз ва Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзоликда айбланиб, махсус хизматлар томонидан таъқиб қилингач, Ўзбекистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлгани айтилади.

2009 йилнинг июл ойида БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги Қирғизистон ваколатхонаси Мусинни қочқин, деб эътироф этган

Эронга нисбатан босим кучаймоқда

Эрон мукаммалроқ центрифугаларни ишга тушираётганига оид ҳисоботлар ортида Теҳрон ҳукуматига нисбатан халқаро босимлар кучаймоқда. БМТ қошидаги Атом энергияси халқаро агентлиги пайшанба куни эълон қилган ҳисоботга кўра, центрифугалар Натанздаги ядровий заводга ўрнатилмоқда.

Қўшма Штатлар Эроннинг бу ҳаракати “провокацион қадам” бўлишини баён қилди. Британия эса, бу вазият “жиддий ташвиш” келтириб чиқаришини таъкидлади.

Эроннинг ашаддий рақиби Исроил Исломий Республика атом бомбасида ишлатилиши мумкин бўлган бойитилган уранни қўлга киритишга бевосита яқинлашди, дея баёнот берди.

АЭХАга кўра, Натанзда ўрнатилиши айтилаётган центрифугаларнинг ишга туширилиши Эронга уранни бойитиш жараёнини жиддий тарзда тезлатиш имконини беради, дея маълум қилди.

Ғарб давлатлари Эронни яширин тарзда ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринаётганликда айблаб келади. Теҳрон бу айбловларни рад этади.

Келаси ҳафта Қозоғистонда Эрон билан олти қудратли давлат ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтади.

Қирғизистон парламенти ГЭС қуришга оид келишувни ратификация қилди

Қирғиз парламенти Норин дарёси устида гидроэлектростанция қуришга оид Қирғизистон ва Россия ўртасида имзоланган келишувни ратификация қилди.

Парламент маъқуллаган ҳужжат кучга кириши учун уни Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев имзолаши керак.

Мазкур келишув ўтган йилнинг сентябрда Россия Президенти Владимир Путиннинг Бишкекка ташрифи давомида имзоланган эди. Унга кўра, Россия гидроиншоотни қуриш лойиҳасига 1,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя қилиши керак.

Шунингдек келишувда Россия сармоя қилган маблағ қатйрилгунига қадар Қирғизистондаги тўққизта гидроиншоотда 75 фоиз улушга эгалик қилиши кўзда тутилган. Россия сармояси қайтарилгач эса, иккала томон 50 фоиздан улушларни назорат қилади.

Қирғизистон парламентида келишув ратификациясига оид масала декабр ойидан бери қизғин муҳокама қилинди.

Ўзбекистон бу каби келишувлар имзоланишида минтақадаги барча мамлакат манфаатлари инобатга олиниши лозимлигини айтиб, қўшни республиканинг ГЭС қуриш лойиҳасини танқид қилиб келади.

Қотилликда айбланаётган машҳур паралимпиячи Писториусни гаровга қўйиб озод қилиш масаласи кўрилмоқда

Оскар Писториус ўз қаллиғини қасддан ўлдирганликда айбланмоқда.
Жанубий Африка суди югуриш бўйича паралимпия чемпиони, ўз қаллиғини қасддан ўлдирганликда айбланаётган Оскар Писториусни гаров эвазига қўйиб юбориш масаласини тўрт кундан бери кўриб чиқмоқда.

Жума куни судда чиқиш қилган прокурор Жерри Нел ногирон спортчи Писториус қилмиши учун “қамоққа тушиши муқаррар” эканини яхши тушуниши ва шу боис унинг қочиб кетиши эҳтимоли юқорилигини таъкидлаб, гаров эвазига қўйиб юборилмаслиги лозим, деди.

Ўз навбатида адвокатлар Пситориус жуда машҳур одам бўлгани важидан қочиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмоқдалар.

Қораловчилар Писториус 14 феврал кунги ҳодисада ўз қаллиғи 29 ёшли модел Рива Стинкампни, у ваннахонада қамалиб олган пайтда отиб ўлдирганликда айбламоқдалар.

26 ёшли Писториуснинг ўзи Стинкампни тасодифан, уйни тунагани кирган босқинчи, деб ўйлаб отиб қўйганини иддао қилмоқда.

Иккала оёғи йўқ спортчи углерод тўқимали махсус металлдан тайёрланган протезлар ёрдамида халқаро мусобақалардан иштирок этади ва Жанубий Африкада қаҳрамон ҳисобланади. 2012 йилги Лондон Олимпиадасида Писториус нафақат паралимпия ўйинлари, балки ёзги олимпиаданинг асосий қисмида етти мучали соғ спортчилар билан беллашди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG