Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:06

Халқаро янгиликлар

Қозоғистонда "Таблиғи жамоат" ҳаракати тақиқланди

Остона суди Қозоғистон ҳудудида "Таблиғи жамоат" халқаро исломий гуруҳи фаолиятини тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди.

Қозоғистон Бош прокуратурасининг сешанба куни маълум қилишича, экстремистик ташкилот, деб топилган бу гуруҳнинг бундан буён мамлакатдаги ҳар қандай ҳаракати ноқонуний ҳисобланади.

Аммо, прокуратура мулозимлари гуруҳнинг айнан қайси ғоялари экстремистик, деб топилгани ҳақида бирор маълумот бермади.

"Таблиғи жамоат" ҳаракати 1926 йилда Ҳиндистонда пайдо бўлган ва унинг асл ғояси "эътиқодни ёйиш"дир.

Бу гуруҳ ҳаракатлари Россия, Тожикистон, Ўзбекистонда тақиқланган. Хусусан, ўтган йили Тожикистонда бу ҳаракатга аъзоликда айбланган бир неча фуқаро 3 йилдан 5 йилга қадар озодликдан маҳрум этилган.

ЕИ: Олмота учрашувидан жиддий натижа кутилаётгани йўқ

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича мулозими Катрин Эштон дунёнинг йирик давлатлари Эрон ядровий дастури бўйича Олмотада бораётган учрашувда жиддий келишувга эришилишини кутмаётганини айтди.

Сешанба куни бошланган учрашувлар оралиғида бўлган илк матбуот анжуманида ЕИ мулозими Майкл Манн шу мазмунда баёнот берди.

Эрон билан келишувга эришишга уринаётган 6 йирик давлат — АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия, Хитой ва Германия расмийлари ҳозир Олмотада музокаралар олиб бормоқда.

Бунга қадар Эрон ядровий тадқиқотларини тўхтатишга эришиш ниятида ўтказилган охирги музокаралар 9 ой муқаддам Москвада бўлган ва натижасиз якунланган эди.

Олмота учрашувлари чоршанба куни ҳам давом этади.

Литвиненко ўлимига оид далилларни сир сақлаш бўйича текширув бўлади

Александр Литвиненко.
Британиялик терговчилар россиялик диссидент Александр Литвиненко ўлими бўйича айрим даллилларни сир сақлашга оид ҳукумат томонидан киритилган сўровни кўриб чиқадилар.

Собиқ рус диссиденти ва жосуси Литвиненко 2006 йилда полониумдан заҳарланиб, Лондонда ўлган эди.

Унинг ўлимига оид айрим деталларни сир сақлаш ҳақидаги ҳукумат сўрови қатор ахборот воситалари, жумладан BBC, The Independent ва The Guardian нашрлари томонидан танқид қилинди.

The Independent тахминига кўра, Буюк Британия ҳукумати сир сақланишини истаётган далиллар орасида Литвиненконинг Британия разведкаси билан ҳамкорлигига оид тафсилотлар ҳам бўлиши мумкин.

Ҳукумат талаби бўйича терговчилар суриштируви шу йилнинг май ойида бошланади ва унда шунингдек, Литвиненко ўлимига алоқадорликда гумон қилинган Россия фуқаролари — Андрей Луговой ва Дмитрий Ковтунларга нисбатан илгари сурилган айбловлар ҳам текширилади.

Россия бу икки шахсни Буюк Британияга экстардиция қилиш талабини рад этган.

Мирсда ҳаво шарида учаётган 19 киши нобуд бўлди

Мисрнинг қадимий Луксор шаҳрида осмонга кўтарилган ҳаво шари ёрилиб кетиб, 19 киши нобуд бўлди.

Миср расмийларига кўра, ҳаво шари бошқарувчиси ва бир йўловчи омон қолган, аммо уларнинг аҳволи қандай экани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Ҳаво шаридаги парвозларни уюштирувчи ширкат ва хавфсизлик хизмати ходимлари йўловчилар 300 метр баландликда парвоз қилаётган вақтда ҳаво шарига ўрнатилган газ балони портлаб кетганини айтмоқда.

Хабарларга кўра, саёҳатчилар орасида Япония, Франция ва Буюк Британиядан борган сайёҳлар бўлган.

Луксорда ҳаво шарида саёҳат қилиш жуда урф бўлган ва саёҳатчилар саҳро бағридаги яшил водийда жойлашган "Қироллар водийси" каби тарихий обидаларни 300 метргача бўлган баландликдан томоша қилишни хуш кўрадилар.

Покистондаги портлашда икки киши ҳалок бўлди

Покистон жанубидаги Синдх вилоятида юз берган портлашда икки киши ҳалок бўлди, камида 10 киши жароҳат олди.

Душнаба куни рўй берган портлаш Шикарпур шаҳридаги зиёратчилар тўпланган Шох Лахи Ғулом сўфий мақбараси ёнида рўй бергани айтилмоқда.

Ҳозирча портлаш масъулиятини ҳеч қайси тараф ўз зиммасига олгани йўқ.

Кузатувчилар ҳудудда сўфийларга нисбатан ҳужумлар кўпайганини айтишмоқда.

Ўтган ҳафта ҳудуддаги таниқли сўфий олимга уюштирилган бомба ҳужумида олимнинг набираси ҳалок бўлган эди.

Эрон ҳукумати "Арго" филмини танқид қилди

Расмий Теҳрон Оскар мукофотига сазовор бўлган “Арго” филмини Эронга қарши уюштирилган пропаганда, дея танқид қилди.

Актёр ва режиссёр Бен Афлек тарафидан суратга олинган “Арго” филми якшанба куни Ҳолливудда ўтган Оскар ҳайкалчаларини топшириш маросимида йилнинг энг яхши филми, деб топилган эди.

Бу филмда 1979 йилда Эрондаги Исломий инқилобдан кейин гаровга олинган АҚШ элчихонасидан қочиб чиққан америкалик олти дипломат Канада элчиси қароргоҳида яшириниб олгани билан боғлиқ воқеалар ҳикоя қилинган.

Эроннинг Маданият ва Исломий йўналиш вазири Муҳаммад Ҳусейний "Арго" филмини Марказий Разведка Агентлигини "реклама” қилиш учун суратга олинганини айтди.

Сурия Миллий Коалицияси "Сурия дўстлари" конференциясида қатнашади

Сурия Миллий Коалицияси раҳбари Аҳмад Муаз ал-Хатиб.
Сурия Миллий Коалицияси раҳбари Аҳмад Муаз ал-Хатиб у етакчилик қилган мухолиф гуруҳ шу ҳафта дунёнинг етакчи давлатлари иштирокида ўтадиган "Сурия дўстлари" конференциясида қатнашишини билдирди.

Аввалроқ мухолиф гуруҳ оддий фуқароларга нисбатан уюштирилаётган ҳужумларга норозилик сифатида пайшанба куни Рим шаҳрида ўтиши режалаштирилган конференцияга бормаслигини эълон қилган эди.

Хатибнинг Facebook саҳифасида ёзилишича, АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Ҳаг сурияликларга ёрдам кўрсатиш ваъдасини берганидан сўнг Сурия Миллий Коалицияси Римдаги йиғинда қатнашишга рози бўлган.

Лондондан туриб қилган чиқишида Керри "Сурия дўстлари" гуруҳи Римда “қўйиладиган кейинги қадамлар” бўйича йиғилишини айтиб, Сурия мухолифатини конференцияда қатнашмаслик қарорини қайтатдан кўриб чиқишга чақирган эди.

Олмаотада Эрон ядровий дастури бўйича музокаралар ўтади

Бугун, 26 феврал куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Эрон ядровий дастури юзасидан навбатдаги музокаралар бўлиб ўтади.

Теҳроннинг баҳсларга сабаб бўлаётган ядровий дастури юзасидан музокараларда дунёнинг етакчи давлатлари - АҚШ, Россия, Хитой, Британия, Франция ва Германия вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Кузатувчилар 10 йил аввал бошланган музокараларнинг бу сафаргиси ҳам ижобий натижа беришдан йироқлигини таҳмин қилишмоқда.

Тарафлар сўнгги бор ўтган йилнинг июн ойида Москва шаҳрида аниқ натижасиз якунланган йиғинда учрашишган эди.

Ғарб ҳукуматлари Эроннинг ядровий дастури ядровий қурол яратишга йўналтирилгани борасида ҳавотир билдириб, Ислом Республикасига нисбатан қатор санкцияларни жорий этган.

Эрон ўз атомий дастурининг ҳарбий томони йўқлигини ва фақат тинч мақсадларни кўзлашини урғулаб келади.

Сурия ҳукумати мухолифат билан мулоқотга тайёрлигини билдирди

Сурия Ташқи ишлар вазири Валид ал-Муаллим.
Сурия Ташқи ишлар вазири Валид ал-Муаллим президент Башар ал-Ассад ҳукумати мухолифат, жумладан икки йилдан бери режимни ағдаришга уринаётган қуролли исёнчилар вакиллари билан мулоқотга тайёрлигини баён қилди.

Душанба куни Москвада Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашуви олдидан гапирган ал-Муаллим Сурия мухолифати тарафида 28 мамлакат, жумладан Россиянинг Шимолий Каваказ минтақасидан келган жанггарилар урушаётганини таъкидлади.

Матбуот брифингида сўз олган Лавров Москва бўҳронни сиёсий йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини таъкидлаб, хунрезлик давом этадиган бўлса, Сурия парокандаликка дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Россия Сурия мухолифат коалицисияси етакчиси Моваз ал-Хотибни ҳам Москвага музокаралар учун таклиф қилган.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Сурияда икки йилдан бери давом этаётган зўравонликларда 70 мингга яқин одам ҳалок бўлган.

НАТО Карзай ҳукумати илгари сурган иддаоларни тасдиқлай олмаслигини айтмоқда

Афғонистодаги НАТО халқаро қўшинлар маъмурияти АҚШ махсус кучлари Вардак вилоятида низомни бузганига оид Кобул расмийлари иддаоларини тасдиқлай оладиган далиллар ҳозирча топилмаганини эълон қилди.

НАТО қўшинлари матбуот вакили генерал Гунтер Кацнинг бу ҳақдаги баёноти президент Ҳамид Карзай АҚШ махсус кучлари Вардак вилоятидан икки ҳафта ичида чиқарилишини талаб қилиши ортидан эълон қилинди.

Карзайнинг бу талабига АҚШ махсус кучлари сафида хизмат қилаётган афғонларнинг ҳатти-ҳаракатлари сабаб бўлган.

Кобул ҳукумати АҚШ махсус кучлари ташкил қилган афғон гуруҳларини Вардак вилоятида “хавфсизлик ва барқарорликка путур етказаётганлик ва одамларга тазйиқ ўтказатганлик”да айбламоқда.

Карзай маъмурияти иддаосича, АҚШ махсус кучлари Вардак вилоятида амалга оширган операциядан кейин тўққиз киши бедарак йўқолган.

НАТО вакили Кац Халқаро хавфсизлик ёрдам кучлари ҳукумат билдирган хавотирлар юзасидан текширув ўтказишини билдирди. Лекин, дея қўшимча қилди у, мазкур масала Афғонистон ҳукумати ва НАТО ўртасида муҳокама қилинмагунига қадар, бошқа изоҳ берилмайди.

Вардак вилояти стратегик минтақа ҳисобланади ва кейинги пайтларда у ерда аксил-террор операциялари кўлами кенгайтирилган.

Жерар Депардье "дўсти" президент бўлган Чеченистонда филм олмоқчи

Жерар Депардье "дўсти" Рамзан Қодиров билан.
Россия фуқаролигини олган франциялик таниқли актёр Жерар Депардье Чеченистонда филм суратга олиш ниятида эканини билдирди.

Чеченистон пойтахти Грознийда ўтказилган матбуот анжуманида Депардье чечен етакчиси Рамзан Қодировни “дўстим”, дея атаб, “бир одам беш йил ичида Грозний шаҳрини қайта қура олганига” тан берганини таъкидлади.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қодировни қотилликлар, қийноқлар ва одам ўғирлаш ҳолатларига алоқадорликда айблаб келади.

Депардье Чеченистонга якшанба куни Россиянинг Мордовия Республикасида доимий пропискадан ўтказилгач, етиб келди. Депардье дабдабабозлик билан ўтказилган маросимда Саранск шаҳрининг Демократия кўчасида танишига тегишли квартирага прописка қилинди.

Президент Владимир Путин январ ойида Францияда солиқлар оширилишидан шикоят қилган Депрадьега Россия фуқаролигини берди.

Тожикистон амалдорининг ўғли судда мустақил газетани ютди

Тожикистон Темир йўллари давлат ширкати раҳбарининг ўғли “Имрузнюс” газетасига қарши судда ютиб чиқди. Душанбе шаҳар Исмоил Сомоний туман суди 25 феврал куни чиқарган ҳукмга кўра, хусусий газета Рустам Ҳукумов “шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлагани” учун унга 50 минг сомоний (8 минг АҚШ доллари) миқдорида товон тўлаши керак.

Суд шунингдек, газетада “Ҳукумов ва Бакиев оталари учун бошоғриқ бўлди” сарлавҳаси остида чоп қилинган мақола учун узр сўрашни талаб қилди.

Бу мақолада Ҳукумов ҳокимиятдан ағдарилган Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевнинг ўғлига қиёсланган. Ота-ўғил Бакиевлар коррупция билан боғлиқ жиноятларда айбланиб, қидирувга берилган.

“Имрузнюс” газетаси адвокати суд ҳукми юзасидан юқори инстанцияга шикоят билан мурожаат қилишини билдирди. Унинг айтишича, суднинг ёпиқ эшиклар ортида ўтказилгани жиноят-процессуал кодексига зид бўлган.

Ҳамид Карзай Вардак вилоятидан АҚШ махсус кучларини чиқаришни талаб қилди

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай.
Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай мамлакат мудофаа вазирлигига икки ҳафта ичида Вардак вилоятидан АҚШ махусус кучларини чиқаришни буюрди.

Президент матбуот котиби Аймал Файзийнинг баён қилишича, бу ҳақдаги қарор Афғонистон Миллий хавфсизлик кенгаши тарафидан якшанба куни қабул қилинган. Бу қарорга АҚШ махсус кучлари сафида хизмат қилаётган афғонларнинг ҳатти-ҳаракатлари сабаб бўлган.

Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида Файзий АҚШ махсус кучлари ташкил қилган афғон гуруҳларини вилоятда “хавфсизлик ва барқарорликка путур етказаётганлик ва одамларга тазйиқ ўтказатганлик”да айблади.

Файзийнинг иддао қилишича, АҚШ махсус кучлари Вардак вилоятида амалга оширган операциядан кейин тўққиз киши бедарак йўқолган.

АҚШ махсус кучлари сафидаги афғон гуруҳлари вилоятдаги университет талабаси бошини танасидан жуда қилганликда ҳам айбланмоқда.

Вардак вилояти стратегик минтақа ҳисобланади ва кейинги пайтларда у ерда аксил-террор операциялари кўлами кенгайтирилган.

Жон Керри АҚШ давлат котиби сифатида илк хорижий сафарини бошламоқда

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.
АҚШ Давлат котиби Жон Керри бу мақомда илк бор уюштираётган хорижий сафари доирасида душанба куни Лондонда музокаралар ўтказади. Керрининг Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон ва Ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг билан учрашиши режалаштирилган.

Музокаралар кун тартибида АҚШ-Европа муносабатлари ҳамда Сурия, Эрон ва Шимолий Корея билан боғлиқ муаммоларнинг ўрин олгани айтилмоқда.

Музокаралардан кейин Керри матбуот анжумани ўтказиб, сафарининг кейинги манзили бўлган Берлинга жўнаб кетади.

АҚШ Давлат котиби лавозимини яқинда эгаллаган Керри Европа ва Яқин Шарқ бўйлаб тўққиз мамлакатга қилаётган сафаридан асосий мақсад танишув эканини айтмоқда.

Сафари доирасида давлат котиби чоршанба куни Римда Сурия мухолифати вакиллари билан ҳам учрашади. Лекин Сурия мухолифатининг баъзи вакиллари халқаро ҳамжамият Суриядаги зўравонликларни тўхтатиш учун етарли ҳаракат қилмагани важидан учрашувни бойкот қилишини эълон қилган.

АҚШнинг Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларига ёрдами қисқаради

АҚШ Давлат департаменти Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларига кўрсатиладиган ёрдамни қисқартирмоқчи.

АҚШ Конгрессига киритилган таклиф маъқулланса, давлат департаменти орқали Марказий Осиёга кўрсатиладиган ёрдам жорий йилда 13 фоизга камайиб, 118,3 миллион АҚШ долларини ташкил қилади. Ўтган йили Марказий Осиё мамлакатларига жами 133,6 миллион долларлик ёрдам кўрсатилган. Бунда “Тинчлик ва хавфсизлик” дастури учун ажратиладиган ёрдамнинг ўтган йилги 30 миллион доллар кўрсаткичидан ўзгармаслиги кутилмоқда.

Ўзбекистон учун ажратилган ёрдам ҳам ўтган йилгидан деярли ўзгармаслиги кутилмоқда ва бу мамлакатга ажратилаётган 12,6 миллион долларлик ёрдамнинг 3,4 миллиони хавфсизлик дастурларига қаратилиши режалаштирилмоқда. Минтақа давлатлари орасида энг катта ёрдам Қирғизистонга кўрастилади. Бу республикага ўтган йилги 47 миллион долларлик ёрдам бу йил ҳам сақланиб қолади.

Кавказ минтақаси учун ёрдам миқдори 24 фоизга қисқартилиб, 121 миллион долларни ташкил этиши кўзланмоқда. Ёрдамнинг энг катта қисми, 85 миллион доллари Грузияга тегиши айтилмоқда.

Ҳолливудда Оскар мукофотлари топширилди

Энг яхши филм номинацияси бўйича Оскар "Арго" филми муаллифларига топширилди.
Ҳолливудда Америка киноакадемиясининг Оскар мукофоти совриндорлари эълон қилинди.

Йилнинг энг яхши филми номинациясида “Арго” филми ғалаба қилди. Бен Аффлек суратга олган бу филмда 1979 йилда Эрондаги АҚШ элчихонаси гаровга олиниши воқеалари тасвирланган.

Энг яхши актёр номинацияси бўйича Оскар ҳайкалчаси Стивен Спилбергнинг “Линколн” филмида бош қаҳрамон ролини ижро этган Дэниел Дэй-Люисга тегди. “Ийгитим савдойи” филмида бош ролни ижро этган Жениффер Лоуренс Америка киноакадемияси томонидан энг яхши актриса деб топилди.

Австриялик режиссёр Михаэл Ханеке суратга олган “Севги” филми хориж тилидаги энг яхши филм номинациясида ғалаба қилди.

Иккинчи пландаги энг яхши актёр номинацияси бўйича Оскар мукофоти Квентин Танантино суратга олган “Озод Жанго” филмида ёлланган қотил ролини ижро этган Кристоф Валцга тегди.

Виктор Ҳюго асари асосида суратга олинган “Хўрланганлар” мусиқавий филмидаги роли учун Энн Хэтэуэй иккинчи пландаги энг яхши актриса, деб топилди.

Оскар ҳайкалчаларини топшириш 85-чи маросими 24 феврал куни Hollywood & Highland Centre саройида ўтказилди.

Исроил қамоғида фаластинлик маҳбус вафот этди

Фаластин мухторияти ҳукумати Исроил қамоқхонасида фаластинлик маҳбус Арофат Жарафатнинг ўлими юзасидан халқаро текширув ўтказиш зарурлиги ҳақида баёнот тарқатди.

30 ёшли Жарафат шанба куни вафот этган. Қамоқхона раҳбарияти маҳбус юрак хуружи туфайли вафот этганини билдирмоқда. Исроил томони мазкур воқеа юзасидан расмий текширув ўтказишни бошлади.

Исроил қамоқларида сақланаётган уч мингга яқин фаластинлик маҳбуслар Жарафатнинг ўлими муносабати билан бир кунлик очлик эълон қилди. Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги Хеврон шаҳрида норозилик намойиши ўтказилди.

Мазкур воқеа ўтган ҳафта Исроил ҳарбийлари ҳамда Исроил қамоқларида очлик эълон қилган тўрт фаластинликни қўллаб –қувватлаётган Фаластин ўсмирлари ўртасида кескин тўқнашувлар содир этилганидан сўнг бўлиб ўтди.

Исроил ҳукумати Фаластин раҳбариятини кескинлашган вазиятни юмшатиш учун ёрдам беришга чақирди.

Раул Кастро 2018 йилда ҳокимиятдан кетишини билдирди

Куба раҳбари Раул Кастро ўзининг иккинчи президентлик муддати якунланганидан сўнг, яъни 2018 йилда ҳокимиятдан кетишини билдирди.

Кастро бу баёнотни якшанба куни Куба миллий телеканалида қилган чиқиши чоғида билдирди. Куба янги парламенти ўзининг биринчи йиғинида Раул Кастрони беш йиллик муддатга қайта президентлик лавозимига сайлаган эди.

Раул Кастронинг вориси сифатида Куба парламенти вице президент Мигел Диас Канелни кўрмоқда. Агар Кастро ўз президентлик муддатини охиригача давом эттира олмаса, унинг ўрнини ворис эгаллайди.

81 ёшли Раул Кастро 2008 йилда ўз акаси Фидел Кастронинг ўрнига расман президентликка сайланган эди. Раул кастро Кубадаги барча раҳбарларни ўз лавозимини ўн йилдан ортиқ эгалламасликни тавсия қилиб келади.

Испанияда намойишчилар қўлга олинди

S
Испания пойтахти Мадрид марказида дам олиш кунлари ўтган оммавий норозилик намойишида иштирок этган 45 одам, жумладан, балоғатга етмаган 9 бола қўлга олинди.

Ўн минглаб одамлар Мадриддаги парламент биноси олдида солиқларнинг кўпайтирилиши, ижтимоий тўловларнинг озайтирилиши ва ишсизлик даражасининг ўсишига қарши ўтказган намойиш тартибсизликларга айланиб кетган. Ўнлаб одамлар бунинг ортидан жароҳатланган.

Испанияда аксилҳукумат намойишлари мунтазам тарзда бир неча ойдан бери ўтказиб келинмоқда.

Карзай АҚШ махсус кучларини Вардакдан чиқариб юборишга кўрсатма берди

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай.
Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай мамлакат Мудофаа вазирига Вардак вилоятидаги АҚШ махсус кучларини икки ҳафта ичида чиқариб юбориш ҳақида кўрсатма берди.

Карзайнинг матбуот котиби Аймал Файзига кўра, АҚШ махсус кучларини Вардакдан чиқариб юбориш ҳақидаги қарор Афғонистон Хавфсизлик кенгашининг якшанба кунги йиғилишида қабул қилинган.

Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Файзи АҚШ махсус кучлари ва Афғонистон ҳарбийларини вилоятда “хавфсизликка путур етказаётганлик ва маҳаллий аҳолини таҳқирлаганлик”да айблади.

Файзи иддаосига кўра, АҚШ махсус кучлари Вардак вилоятида амалиёт ўтказганидан кейин тўққиз киши бедарак йўқолган.

Президент матбуот котиби Афғон ҳарбийларини вилоят университети талабасининг бошини танидан жудо қилганликда айблади.

Хабарларга кўра, сўнгги пайтларда Вардак вилоятида исёнчиларга қарши амалиётлар ўтказилган.

Арманистонда мухолифат намойишлари давом этмоқда

Арманистон собиқ Ташқи ишлар вазири, президентликка номзод Раффи Ованнисян тарафдорлари Ереванда уюштирган намойиш, 22 феврал, 2013 йил.
Арманистонда 18 феврал куни ўтказилган президентлик сайловида иккинчи ўринни эгаллаган собиқ Ташқи ишлар вазири Раффи Ованнисяннинг тўрт мингдан зиёд тарафдори пойтахт Ереванда рухсат этилмаган норозилик намойиши ўтказди.

22 феврал куни пойтахтда ўтказилган намойишда саккиз минг одам қатнашган.

Шанба куни Арманистоннинг турли шаҳарларида ҳам норозилик тадбирлари ўтказилган.

Ованнисяннинг "Меърос" номли партияси 26-28 феврал кунлари яна 21та шаҳарда, 28 февралда Ереванда йирик норозилик акциялари ўтказишга чақирмоқда.

Расмий маълумотига кўра, сайловда иқтидордаги президент Серж Саркисян 58,6 фоиз, Раффи Ованнисян салкам 37 фоиз овоз олган.

Бангладешда тўрт намойишчи нобуд бўлди

Бангладеш пойтахти Дакада полиция ва намойишчилар ўртасида учинчи кун содир бўлган тўқнашувда тўрт намойишчи нобуд бўлди.

Ғарб ахборот агентликлари хабарига кўра, асосан диний мактаб талабалари ва мухолифат тарафдорларидан иборат бўлган уч мингга яқин намойишчи катта йўлни тўсиб қўйиб, полиция ходимларига пичоқлар, таёқлар билан ҳужум қилган ва тошбўрон қилган.

Тўқнашувда 40 киши жумладан, полиция ходимлари жароҳат олган, 18 киши резина ўқлардан яраланган.

Намойишчилар Ислом дини ва Муҳаммад пайғамбарни ҳақорат қилгани иддао қилинган блоггерлар қатл этилишини талаб қилган.

22 феврал куни шу каби намойишда рўй берган зўравонликда тўрт киши ўлган, қарийб 200 кииш жароҳат олган эди.

Шифокор: Ироқ президенти тузалмоқда

Ироқ Президенти Жалол Талабонийни даволаётган шифокор Нажмалдин Карим президент гапира олаётгани ва бошқаларни тушунаётганини айтди.

Талабоний мияга қон қуйилиши оқибатида декабр ойида Германиядаги касалхонага ётқизилган эди.

Карим Ироқ президенти яқин фурсатда мамлакатга қайтишига умид билдирди.

Киркук шаҳри ҳокими бўлган Нажмалдин Карим Талабоний Ироқда бўлган пайтда унга тиббий ёрдам кўрсатилишини назорат қилган.

79 яшар Жалол Талабоний Ироқдаги турли диний ва этник гуруҳлар ўртасида тинчлик ўрнатувчи шахс сифатида кўрилади.

Бенедикт Рим Папаси сифатида сўнгги бор чиқиш қилди

Истеъфога чиқаётган Рим Папаси Бенедикт XVI.
Рим Папаси Бенедикт XVI якшанба куни Ватиканнинг Авлиё Пётр майдонига йиғилган 100 минг одам олдида сўнгги бор чиқиш қилди.

Рим-католик черкови раҳбари ўз лавозимидан истеъфога чиқиш орқали Худонинг хоҳишини бажараётганини айтди.

85 ёшдаги Бенедикт соғлиги сабабли истеъфога чиқаётганини қўшимча қилди.

Бенедикт Рим-католик черкови раҳбари сифатида охирги марта 27 феврал куни оммага кўринади.

28 февралда Бенедикт XVI кардиналлар билан охирги марта йиғилиш ўтказади ва маҳаллий вақт билан 20:00да истеъфога чиқади.

Бу сўнгги 600 йил ичида Рим Папасининг биринчи марта истеъфога чиқишидир.

Ватикан 31 мартда нишонланадиган пасха байрамига қадар янги Папа танланишига умид билдирган.

Теҳрон "душман" учқичи қўлга тушганини иддао қилди

Эроннинг Инқилоб Посбонлари мамлакат жанубида ўтказилган ҳарбий машқларда хорижий пилотсиз учқич қўлга туширилганини иддао қилди.

Ғарб ахборот агантликлари хабарига кўра, Инқилоб Посбонлари матбуот котиби Эрон ҳаво ҳудудида учаётгани аниқланган учқич ерга қўндирилганини айтган.

Бироқ у самолёт қайси давлатга тегилши эканини ошкор қилмаган.

Эрон АҚШнинг бир нечта разведка самолёти қўлга туширилганини иддао қилган.

Шу ой бошида Қўшма Штатлар Эроннинг Инқилоб Посбонлари Форс Кўрфазида Америкага тегишли пилотсиз учқични қўлга туширгани ҳақидаги иддаони инкор қилган.

2011 йил декабр ойида Эрон Афғонистоннинг ғарбий минтақасида разведка мақсадида парвоз қилган Америка учқичини қўлга туширган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG