Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2019, Тошкент вақти: 04:08

Халқаро янгиликлар

Футбол: Анжи клуби Виллиан билан 35 миллион евролик шартнома имзолади

Россиянинг Анжи (Махачкала) футбол клуби бразилиялик 24 ёшли Виллиан билан 35 миллион евролик шартнома имзолади.

Беш ярим йилдан бери Донецкнинг Шахтёр клубида тўп суриб келган Виллиан Анжи жамоасида 10 рақамда ўйнайди.

Гус Ҳиддинк Бош мураббий бўлган Анжи клубида камерунлик ҳужумчи Самюэл Это’О ҳам бор.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Одил Аҳмедов Анжида бир неча йилдан бери ярим ҳимоячи сифатида тўп сурмоқда.

Россия чемпионатида Анжи клуби 19та ўйиндан кейин 41 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Биринчи ўринни 43 очко билан ЦСКА клуби эгаллаб турибди.

Солиҳий: Эрон Вашингтон билан шартлар асосида музокара олиб боришга тайёр

Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий.
Эрон ўз ядровий дастури борасида Вашингтон билан шартлар асосида икки томонлама музокара олиб боришга тайёр эканини билдирди.

Германиянинг Мюнхен шаҳрида ўтаётган хавфсизлик масалаларига бағишланган халқаро анжуманда сўзлаган Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий биз Вашингтон билан бевосита музокараларга қарши эмасмиз, аммо Қўшма Штатлар сўзлашувга “адолатли ва реал” мақсадларда келиши керак, деди.

Бир кун олдин айни анжуманда сўзлаган АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Эроннинг ядровий дастурини муҳокама қилиш учун Вашингтон Эрон расмийлари билан икки томонлама учрашув ўтказиш истагида эканини яна бир бор қайтарган эди.

Солеҳий Эрон билан сўзлашув олиб борган дунёнинг олти етакчи давлати музокараларнинг янги даврасини 25 феврал куни Қозоғистонда ўтказишни таклиф қилганини ҳам айтди.

Туркия БМТни Сурия бўйича резолюция қабул қилишга чақирди

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли.
Туркия БМТ Хавфсизлик кенгашини Сурия шаҳарларига гуманитар ёрдам олиб боришга рухсат берилишини Дамашқдан талаб қилишга чақирди.

Германиянинг Мюнхен шаҳрида хавфсизлик масалаларига бағишланган йиллик халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.

3 феврал куни анжуманда сўзлаган Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли БМТ Сурия ҳукуматидан Алеппо, Хомс, Ҳама ва бошқа шаҳарлар аҳолисига инсонпарварлик ёрдамлари олиб боришга рухсат беришини талаб қиладиган резолюция қабул қилиши кераклигини айтди.

Довутўғли БМТ резолюцияси Сурия ҳукуматидан шаҳарларни бомбардимон қилишни дарҳол тўхтатиши кераклигини ҳам талаб қилиши лозим эканини қўшимча қилди.

Ироқда ўнлаб одам худкуш ҳужум қурбони бўлди

Ироқнинг Киркук шаҳридаги полиция бош қароргоҳи дарвозаси олдида худкуш шахс машинага ўрнатилган бомба портлатгани ва камида икки жанггари бинога ҳужум қилгани оқибатида ўнлаб одам нобуд бўлди.

Полиция расмийларига кўра, якшанба кунги ҳужумда камида 30 киши ўлган, 70 дан ортиқ одам яраланган.

Гувоҳларга кўра, ҳужум қилганлар Ироқ полицияси кийимида бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олмади.

Бу сўнгги бир неча ҳафта ичида Киркукда амалга оширлган учинчи ҳужумдир.

Ироқ шимолида жойлашган Киркук шаҳрида асосан араблар, курдлар ва туркманлар яшайди.

Афғонистон, Британия ва Покистон раҳбарлари Лондонда учрашади

Британия Бош вазири Д. Камерон (ч) ва Афғонистон Президенти Ҳ.Карзай, Кобул ш., 2012 йил 19 июл.
Афғонистон, Британия ва Покистон раҳбарлари Лондонда музокара олиб боради.

Ҳамид Карзай, Дэвид Камерон ва Осиф Али Зардорий ўртасидаги сўзлашувда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.

Лондон учрашуви Ғарб қўшинлари 2014 йил охирига қадар Афғонистондан олиб чиқилгунига қадар толиблар билан келишувга эришиш ҳақида Кобул ҳукуматига босим кучайиб бораётган бир пайтда ўтказилмоқда.

Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятида Британиянинг тўққиз мингдан ортиқ аскари Халқаро кучлар таркибида хизмат қилмоқда.

Британия АҚШдан кейин Афғонистонга энг кўп қўшин киритган иккинчи давлат ҳисобланади.

Ҳозир Афғонистонда Американинг 60 мингдан ортиқ ҳарбийси бор.

Расмуссен: НАТО ракета ҳужумидан мудофаа тизимини яратишдан воз кечмайди

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен .
НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен НАТО Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш режасидан воз кечмаслигини айтди.

Москва бу Россиянинг ядровий қудратига путур етказиши мумкинлигини айтиб НАТО режасига қарши чиққан.

Германиянинг Мюнхен шаҳрида бўлиб ўтаётган хавфсизлик масалаларига бағишланган халқаро анжуманда шанба куни чиқиш қилган Фог Расмуссен бу масала НАТО-Россия ҳамкорлигига тўсиқ бўлиб қолаётганини урғулади.

НАТО расмийлари радар ва ракеталарни ўз ичига олган мудофаа тизими Эроннинг эҳтимолий ракета ҳужумига қарши қаратилганини таъкидлаб келмоқда.

Киркукдаги ҳужумда ўнлаб одам нобуд бўлди

Ироқ шимолида жойлашган Киркук шаҳрида полиция идорасида камида бир худкуш ўзини портлатди.

Якшанба кунги ҳужумда қанча талафот кўрилгани ҳозирча маълум эмас. Бироқ полиция генерали Натаҳ Муҳаммад Сабр ҳужумда ўттиздан ортиқ одам ҳалок бўлгани, қарийб 70 киши жароҳат олган бўлиши мумкинлигини айтди.

Генерал Сабр ҳужумчилар полиция идораси бош қароргоҳини ўз назоратига олишга урингани аммо уддасидан чиқа олмаганини қўшимча қилди.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олмади.

Киркук шаҳрида асосан араблар, курдлар ва туркманлар яшайди.

Деҳлида толибани зўрлаганлар айбларини бўйинларига олмади

Ҳиндистонлик толибанинг зўрланиш ортидан ҳаётдан кўз юмиши мамлакат бўйлаб оммавий норозиликларга сабаб бўлганди.
Деҳлида ёш аёлни кўплашиб зўрлаганликда айбланаётган беш киши ўз айбини тан олишдан бош тортди. Шанба куни уларга 5 модда бўйича айблов билдирилганди.

Бу шов-шувли воқеа бўйича маҳкама сешанба куни айбланувлар кўрсатмаларини тинглашни бошлайди.

Олтинчи айбланувчининг иши махсус судда кўриб чиқилади, чунки жиноят содир этилган пайтда у балоғат ёшига етмаган бўлган.

Тиббиёт институтининг 23 ёшли толибаси ва унинг дўсти ўтган йилнинг 16 декабр куни Деҳли жанубидаги мавзелардан бирида автобусда ҳужумга учраганди. Қиз орадан икки ҳафта ўтгач, Сингапурдаги касалхонада оламдан ўтган.

Бу воқеа бутун Ҳиндистон бўйлаб ғазабланган оломоннинг оммавий норозилик намойишлари ўтказилишига сабаб бўлганди.

Қирғизистонда ўзбек тилидаги умумреспублика тести бекор қилинди

Қирғизистондаги ўзбек мактаблари битирувчилари бундан буён она тилида умумреспублика тестини топшира олмайди. Бу ҳақда Қирғизистон ахборот агентликлари Таълим ва фан вазирлиги матбуот котиби Керез Жукеева сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

2002 йилда жорий этилмиш умумреспублика тест синови Қирғизистонда 10 йилдан буён қирғиз, рус ва ўзбек тилларида ўтказиб келинган.

Ўтган йили айрим қирғиз сиёсатчилари ва фаоллари Қирғизистонда ўзбек тилидаги тестни бекор қилиш талаби билан чиққандилар. Бироқ ўшанда Қирғизистон Таълим ва фан вазири Қанат Садиқов бунинг фуқаролар ҳуқуқини бузиш эканини айтиб, ўзбек тилидаги тестни бекор қилиш талабини рад этганди.

Расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистонда 780 минг ўзбек яшайди. Мамлакатда 226 та ўзбек тилида ўқитиладиган мактаб фаолият юритиб, улардан 91 таси ўқиш соф ўзбек тилида олиб бориладиган, 135 таси эса аралаш олиб бориладиган мактаблардир. Бу мактабларда 150 минг чоғли ўқувчи таълим олади.

Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги ўзбек тилидаги тестнинг бекор қилинишини ота-оналар хоҳиши ва тест учун кетажак харажатларни қисқартириш истаги билан изоҳлаган.

Анқарадаги портлаш масъулиятини марксистик партия ўз зиммасига олди

АҚШнинг Анқарадаги элчихонаси биноси олдида содир бўлган портлаш учун масъулиятни Туркиядаги “Халқ озодлиги инқилобий жабҳаси” деб номланган сўл радикал партия ўз зиммасига олди.

Партиянинг Интернет тармоғи орқали тарқатилган баёнотида ташкилот вакили Алижан Жанли АҚШ элчихонаси остонасида ўзини портлатгани айтилган.

Портлаш натижасида худкуш шахсдан ташқари элчихона қўриқчиси ҳам ҳалок бўлган, шунингдек, бир неча киши тан жароҳати олган.

Туркия ва АҚШ расмийлари содир бўлган воқеани террорчилик хуружи дея баҳолаб, бу ҳужумни қоралаб чиққан.

Туркияда “Халқ озодлиги инқилобий жабҳаси” фаолияти тақиқланган. АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари уни террорчилик ташкилоти, деб ҳисоблайдилар.

Францияда бир жинсли никоҳ легаллашиши мумкин

Франция парламентининг қуйи палатаси бир жинсли никоҳ тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжат бир жинсга мансуб кишилар қурган оилаларнинг бола асраб олишига ҳам рухсат беради.

Франция президенти Франсуа Олланд ва унинг тарафдорлари томонидан қўллаб-қувватланган қонун лойиҳаси мамлакат аҳли орасида катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Сўнгги бир неча ҳафта мобайнида Францияда бу ташаббус тарафдорлари ва унга қарши бўлган фуқароларнинг кўп минг кишилик намойишлари бўлиб ўтган.

Байден: АҚШ Эрон билан музокара олиб боришга тайёр

АҚШ вице-президенти Жозеф Байден.
АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Эроннинг ядровий дастурини муҳокама қилиш учун Қўшма Штатлар Эрон расмийлари билан икки томонлама учрашув ўтказиш истагида эканини айтди.

Германиянинг Мюнхен шаҳрида ўтаётган хавфсизлик масаласига бағишланган халқаро анжуманда сўзлаган Жозеф Байден АҚШ маъмурияти мақсади Эроннинг ядровий қуролларни қўлга киритишини тўхтатиш эмас, унинг олдини олиш эканини урғулади.

Якшанба куни тугайдиган Мюнзен анжуманида 400дан ортиқ юқори лавозимли дипломатлар ва мудофаа вазирликлари расмийлари қатнашмоқда.

Улар орасида Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия ва бошқа давлатлар расмийлари ҳам бор.

Миср президенти саройи яқинига полиция кучлари жойлаштирилди

Миср пойтахтидаги президент саройи яқинига полиция кучлари жойлаштирилди.

Бунга шанбага ўтар кечаси президент саройи олдида полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар рўй бергани сабаб бўлди.

Шанба куни Миср Бош вазири Ҳишам Қандил бир неча минг киши намойиш ўтказаётган Таҳрир майдонига киришга уринган пайтда намойишчилар унинг машинасига тошлар отган.

Мисрда сўнгги ҳафтада ўтказилган намойишларда қарийб 60 киши нобуд бўлгани айтилмоқда.

Намойишчилар президент Муҳаммад Мурсийни миллий бирлик ҳукумати тузишга чақириб, конституцияга ўзгартишлар киритишни талаб қилмоқда.

АҚШ вице-президенти Сурия мухолифатини дастаклашни ваъда қилди

АҚШ вице-президенти Жозеф Байден.
АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Германиянинг Мюнхен шаҳрида ўтаётган Хавфсизлик анжуманидан ташқари Сурия мухолифати вакиллари билан шанба куни учрашишини маълум қилди.

Вашингтон Сурия мухолифатини қўллаб-қувватлашни давом эттиришини айтган Байден Қўшма Штатлар ҳозирда 50 миллион доллардан кўпроқ ноҳарбий ёрдам кўрсатаётганини қўшимча қилди.

Байден бу гапларни 400дан ортиқ дипломатлар ва мудофаа вазирликлари расмийлари иштирок этаётган Хавфсизлик масалаларига бағишланган анжуманида айтди.

Мюнхен анжуманида Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия ва бошқа давлатлар расмийлари иштирок этмоқда.

АҚШ Махфий хизмати бошлиғи истеъфо берди

АҚШ Махфий хизмати бошлиғи Марк Салливан.
АҚШ Махфий хизмати бошлиғи Марк Салливан 1 феврал куни истеъфо берди.

Сўнгги йилларда у бошқарган ташкилот жанжалларга сабаб бўлди.

Ўтган йил Махфий хизмат бошлиғи Колумбиядаги воқеа бўйича Конгресс аъзоларига ҳисобот беришга мажбур бўлди.

АҚШ президенти Барак Обаманинг Картаҳена шаҳридаги халқаро учрашувга келишини кутаётган Махфий хизматнинг бир неча аъзоси фоҳишалар билан кеча уюштирган.

Воқеа бўйича текширув ўтказилганидан кейин саккиз нафар ходим ишдан бўшатилган.

Ундан олдин, 2009 йилда Оқ Уйдаги расмий зиёфатга икки нафар бегона киши кириб қолган.

Махфий хизматнинг вазифаси АҚШ президенти ва оила аъзоларини, шунингдек, собиқ президентларни қўриқлашдан иборат.

Айни пайтда, Махфий хизмат қалбаки доллар ва қимматбаҳо қоғозларни аниқлаш билан ҳам шуғулланади.

Покистон хавфсизлик кучларининг 15 аъзоси ҳужум қурбони бўлди

Покистоннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Ҳайбер Пахтунхва вилоятида жанггарилар шанба куни тонгда ҳарбий базага ҳужум қилгани натижасида хавфсизлик кучларининг камида 15 аъзоси, тинч аҳолидан 11 киши нобуд бўлди.

Хавфсизлик хизмати расмийларига кўра, Лакки Марват туманининг Сарой Навранг минтақасидаги базага ҳужумда жанггарилар автоматлар ва гранатамётлардан фойдаланган.

Маҳаллий полиция бошлиғи Гул Ҳамид Хон Озодликка етти соат давом этган отишмада хавфсизлик кучлари беш нафар жанггарини ўлдирганини айтди.

Ҳужум учун масъулиятни покистонлик толиблар номи билан танилган Терики Толибон Покистон гуруҳи ўз зиммасига олди.

Франция президенти Малига борди

Франция Президенти Француа Олланд.
Франция Президенти Француа Олланд Малига қисқа муддатли ташриф билан борди.

Олланднинг Малига киритилган француз ҳарбийлари билан учрашиши ва хавфсизликни таъминлаш вазифасини Ғарбий Африка қўшинларига топшириш масаласини муҳокама этиши режаланган.

Малига ташрифи чоғида Франция президентига ташқи ишлар, мудофаа ва тараққиёт масалалари бўйича вазирлар ҳамроҳлик қилмоқда.

Франсуа Олланднинг ташрифи Мали шимолида радикал исломчиларни сиқиб чиқариш бўйича Франция қўшинлари етакчилигида олиб борилаётган ҳарбий амалиётлар ниҳоясига етаётган пайтга тўғри келди.

Франция қўшинлари Малидаги жанговор амалиётларни ўтган ой бошлаган эди.

Жон Керри Давлат котиби сифатида қасамёд қилди

Жон Керри АҚШнинг янги Давлат котиби сифатида расман қасамёд қилди.

Керри қасамёд қилишидан олдин Давлат котиби лавозимини тарк этаётган Ҳиллари Клинтон ҳайрлашув нутқини сўзлади.

Тантанали маросим жума куни АҚШ Олий суди биносида тор даврада бўлиб ўтди.

Жон Керрининг жамоатчилик олдида қасамёт қилиш маросими келаси ҳафтага белгиланган.

69 ёшли Жон Керри Ветнам уруши ветеранидир. У 28 йил давомида сенат аъзоси бўлган.

2004 йилги президентлик сайловида Демократик партиядан номзод бўлган Жон Керри 2008 йилдан бери Сенатнинг Ташқи алоқалар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Россия учирган ракета океанга қулади

Бортида алоқа мақсадларида қўлланиладиган АҚШга қарашли Intelsat-27 Ер сунъий йўлдоши бўлган Россиянинг ракетаси жума куни фазога учирилганидан 50 сония ўтиб Тинч океанига қулади.

Интерфакс ахборот агентлиги хабарига кўра, “Зенит” ракетасининг океанга қулашига ёнилғи тизимидаги муаммо сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Ракета Россия-АҚШ ўртасидаги Sea Launch лойиҳаси доирасида Тинч океанидаги сузувчи платформадан фазога учирилган.

НАТО АҚШнинг Анқарадаги элчихонасига ҳужумни қоралади

АҚШнинг Анқарадаги элчихонаси биноси.
НАТО АҚШнинг Туркиядаги элчихонасига ҳужумни қоралаб чиқди.

Жума куни Анқарада худкуш шахс АҚШ элчихонаси олдида ўзи ва туркиялик қўриқчини ўлдирганди.

Оқ уй мазкур ҳужумни террорчилик хуружи, деб атади. Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса террорга қарши курашни фаоллаштириш зарурлиги ҳақида баёнот берди.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ. Бироқ Туркия расмийлари теракт АҚШ ва НАТОга қарши бўлган сўл радикал экстремистик гуруҳлар томонидан амалга оширилганини тахмин қилмоқда.

Қоҳирадаги тўқнашувда яна бир киши ҳалок бўлди

Жума куни Қоҳирадаги президент саройи олдида полиция ва намойишчилар тўқнашуви бўлиб ўтди.

Хавфсизлик кучлари ўзларига қарата тош ва ичига ёнувчи модда қуйилган шишаларни улоқтирмиш намойишчиларни тарқатиш учун сувотар воситаларни ишга солган ва осмонга қарата ўқ узган.

Тўқнашув чоғида бир киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Президент Муҳаммад Мурсийга мухолиф бўлган кишиларнинг норозилик акциялари Мисрнинг Александрия ва Порт Саид шаҳарларида ҳам ўтказилган.

Намойишчилар Мурсийни миллий бирдамлик ҳукуматини тузишга чақириб, конституцияга ўзгартишлар киритишни талаб қилмоқда.

Сўнгги ҳафтада Мисрда ўтказилган намойишлар чоғида 60 чоғли одам ҳалок бўлган.

Мехикодаги портлаш қурбонлари сони 32 кишига етди

Мексика пойтахти Мехикодаги давлатга қарашли Pemex нефт ширкати биносида содир бўлган портлашда ҳалок бўлганлар сони 32 кишига етди. Аввалроқ мазкур портлашдан 25 киши нобуд бўлгани хабар қилинганди.

Портлаш чоғида 120 дан зиёд киши тан жароҳати олган.

Айни пайтда вайроналар остида қолган кишиларни қидириш ишлари давом этмоқда.

Портлаш сабаби ҳозирча аниқ эмас. Портлаш натижасида осмонўпар бинонинг пастки уч қаватига жиддий шикаст етган.

Ироқда ҳукуматга қарши намойишлар бўлиб ўтди

Ироқнинг пойтахт Бағдод ва бошқа бир қанча шаҳарларида жума куни суннийларнинг Ироқ ҳукумати томонидан амалга оширилаётган сиёсатига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Намойишчилар шиа мазҳабига мансуб Нури ал-Маликий бошчилигидаги ҳукумат суннийларни қатағон қилаётганини иддао қилдилар. Улар сунний мазҳабига мансуб маҳкумлар озод қилинишини ҳам талаб қилдилар.

Пайшанба куни Ироқда фаолият юритаётган ва Ал-Қоидага алоқадор экстремистик гуруҳлардан бири суннийларни қўлга қурол олиб, шиалар бошқарувидаги ҳукуматга қарши курашишга чақирилган аудиоёзувни ёйинлаганди.

Мюнхенда хавфсизлик бўйича йиллик анжуман бошланди

Германия Мудофаа вазири Томас де Майзер Мюнхен анжумани очилиши маросимида нутқ сўзламоқда.
Германиянинг Мюнхен шаҳрида хавфсизлик бўйича уч кунлик йиллик халқаро анжуман бошланди.

Йиғилишда Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия ва бошқа давлатлар дипломатлари ва мудофаа вазирликлари расмийлари иштирок этмоқда.

Мюнхен анжуманида Сурия ва Малида давом этаётган можароларнинг халқаро хавфсизликка таҳдиди, шунингдек, Эроннинг ядровий дастурига оид бўҳроннинг муҳокама этилиши режаланган.

Учрашувда қатнашаётган АҚШ Вице-президенти Жо Байден ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг шанба куни нутқ сўзлашлари кутилмоқда.

Хавфсизлик анжуманида БМТ-Араб Лигасининг Сурия бўйича вакили Лахдар Браҳимий, Сурия мухолифати лидери Муаз Ал-Ҳатиб ҳам иштирок этмоқда.

Анжуман иштирокчилари хавфсизлигини таъминлашга Германия полициясининг 3400 ходими жалб қилинган.

Мисрда норозилик намойишлари давом этмоқда

Миср шаҳарларида минглаб фуқаро президент Муҳаммад Мурсийга қарши норозилик юришлари ўтказди.

Жума куни пойтахт Қоҳиранинг Таҳрир майдони ва президент саройи олдига йиғилган одамлар “Озодлик!”, “Мурсий ноқонуний!” деган шиорларни айтиб қичқирдилар.

1 феврал куни Искандария ва Порт Саид шаҳарларида ҳам норозилик намойишлари ўтказилди.

Миср мухолифати президент Муҳаммад Мурсийдан миллий бирлик ҳукумати тузиш ва исломчилар ишлаб чиққан конституцияга тузатишлар киритишни талаб қилди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG