Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:03

Халқаро янгиликлар

Малала Юсуфзай ҳужумга учраганидан бери илк бор телевидениеда чиқиш қилди

Малала Юсуфзай Британиянинг Бирмингем шаҳридаги касалхонада иккита жарроҳлик операциясини бошдан кечирди.
Покистонлик Малала Юсуфзай Толибон жанггарилари ҳужумига учраганидан бери илк бор телевидениеда чиқиш қилди. Бошидан яраланиб, Британияда даволанаётган 15 ёшли Юсуфзай душанба кунги видео мурожаатида аҳволи “кундан кунга яхшиланаётганини” айтди.

Малала ўтган шанба кунги жарроҳлик операциясидан бир неча кун аввал тасвирга олинган мурожаатида ўзини қўллаб-қувватлаганларга миннатдорчилик билдирди.

“Кўриб турганингиздек, мен тирикман. Бу инсонларнинг дуоси туфайли бўлди”, деди у.

Британиянинг Бирмингем шаҳридаги касалхонада Малала иккита жарроҳлик операциясини бошдан кечирди. Шифокорлар муваффақиятли ўтганини айтаётган жарроҳлик амалиёти унинг бош чаноғини тузатиш ва эшитиш қоибилиятини тиклашга қаратилган.

Аёллар ва қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган 15 ёшли фаол қиз ўтган йилнинг октябрида Покистоннинг Сват водийсида Толибон ҳужумига учраган эди.

Техасда "Иблис" лақаби билан танилган энг моҳир мерган ўлдирилди

38 яшар Кайл ҳам Ироқда хизмат қилган ва 2012 йилда ўзи ҳақида ёзган “Америкалик мерган” номли китоби қўлма-қўл бўлган.
АҚШнинг Техас штатида Ироқ уруши ветерани Америка тарихида энг моҳир мерган деб тан олинган собиқ дессантчи Крис Кайлни ўлдирганликда айбланмоқда. 25 яшар гумонланувчи Эдди Рэй Раут Ироқда хизмат қилган мерган ва яна бир одамни Техасдаги тирлардан бирида отиб ўлдирганидан кейин ҳибсга олинган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги собиқ денгиз пиёдаси Раут 2007 йилда Ироқда ва 2010 йилда Ҳаитида хизмат қилганини тасдиқлади. Қотиллик мотивлари аниқланганича йўқ.

38 яшар Кайл ҳам Ироқда хизмат қилган ва 2012 йилда ўзи ҳақида ёзган “Америкалик мерган” номли китоби қўлма-қўл бўлган. Кайл мерганлик фаолиятида 150 дан ортиқ одамни ўлдиргани билан танилган.

Ироқлик жанггарилар Кайлга “Иблис” дея лақаб қўйиб, унинг боши учун 20 минг доллар миқдорида мукофот эълон қилган.

Эрон Марказий банки собиқ раиси ёнидан 70 миллион доллар топилди

Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари Эрон Марказий банкининг собиқ раиси ёнидан 70 миллион АҚШ долларига ёзиб берилган банк чекини топгани хабар қилинмоқда.

Германия божхоначилари эълон қилган баёнотга кўра, 59 яшар йўловчи Дюсселдорф аэропортида текширувдан ўтаётган пайтда, унинг ёнидан Венесуэла Банки томонидан 300 миллион боливарга ёзиб берилган чек топилган.

Германияда чиқадиган “Bild am Sonntag” газетаси йўловчи шахсини аниқлаб, унинг 2008 йилгача Эрон Маркзий банкига раислик қилган Таҳмасб Мазаҳерий эканини эълон қилди.

Маълум бўлишича, кўп миллионлик чек Мазаҳерий юкида, у 21 январ куни Туркиядан Германияга учиб келган пайтда топилган.

Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари эҳтимолий пул ювиш амалиёти юзасидан тергов бошлагани айтилмоқда.

Эрон мулозими Исроилни огоҳлантирди

Эрон ҳукумати мулозими Исроил Сурияга қилган “сўнгги агрессияси” учун қаттиқ пушаймон бўлади, дея огоҳлантирди. Эрон Миллий хавфсизлик кенгашининг раиси Саид Жалилий бу баёнотни душанба куни Дамашқда қилди.

Эрон расмийсининг баёноти Исроил Мудофаа вазири Эҳуд Барак яҳудий жанговар учқичлари ўтган ҳафта Сурияда ҳаво ҳужумини амалга оширганини тасдиқлаши ортидан янгради. Барак ҳужумни изоҳлай туриб, “бу биз бир нарсани айтар эканмиз, буни бажаришимиз муқаррар эканининг яна бир далилидир”, дея таъкидлади.

АҚШ расмийлари ўтган чоршанба кунги ҳужумда Сурия-Ливан чегараси яқинида қурол олиб кетаётган машиналар карвони нишонга олинган, дея билдирди.

Сурия расмийлари ҳужумда пойтахт яқинидаги ҳарбий тадқиқот маркази нишонга олинганини айтмоқда.

Эрон расмийси Жалилий билан якшанба кунги учрашувда президенти Башар ал-Ассад Исроилни Суриядагни вазиятни изидан чиқаришга уринаётганликда айблади. Эрон Суриянинг энг яқин иттифоқчисидир.

Тожикистон қомоғида яна бир маҳбус ўлик ҳолда топилди

Тожикистон қамоқхонасида яна бир маҳбус ўлик ҳолатда топилди. Марҳум Муҳаммадшариф Насриддиновнинг яқинлари Озодликка қамоқхонадаги манбага таяниб, маҳбус ўтган шанба куни қамоқхона нозирлари тарафидан қатиқ калтакланганини гапириб беришди.

Насриддинов ўша куни кечқурун ўз камерасида дорга осилган ҳолда топилган. Қамоқхона вакиллари Насриддиновнинг руҳий муаммолари бўлганини айтмоқда. Лекин унинг қариндошлари, маҳбус билан яқинда кўришганларида у ўзини яхши ҳис қилганини айтишмоқда.

Тожикистон Жазони ижро этиш тизими бошқармаси матубот вакили Одинашо Муродов ҳодисага оид маълумотга эга эмаслигини айтиб, изоҳ беришдан бош тортди.

Кейинги пайтларда Тожикистон қамоқхоналарида бир неча маҳбус ўлик ҳолда топилган. Уларнинг қариндошлари маҳбуслар ўлимига олиб келган сабаблар борасида шубҳаларни илгари сурмоқда.

Октябр ойида Amnesty International халқаро ташкилоти Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонни мамлакат қамоқхоналаридаги қийноқлар ва бошқа кўринишдаги ноинсоний муносабатга қарши чора кўришга чақирди.

Аҳмадийнажод парламент раиси Ларижоний оиласини коррупцияда айблади

Аҳмадийнажод парламент спикери Али Ларижонийга қарши айбловларни якшанба куни парламентда қилган чиқишида илгари сурди.
Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод мамлакат парламенти раисининг оиласини коррупцияга аралашганликда айблади. Аҳмадийнажод парламент спикери Али Ларижонийга қарши айбловларни якшанба куни парламентда қилган чиқишида илгари сурди.

Шу йилнинг июнида ўтказилиши кутилаётган президент сайловида Ларижоний асосий даъвогарлардан бири деб кўрилмоқда.

Аҳмадийнажод ўз вазирларидан бирини ишдан олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётган пайтда парламентга келди. Мажлис пайтида Эрон президенти парламент раисининг укаси Фозил Ларижонийнинг овози ёзилган аудиони эшиттириб, бу Ларижоний оиласи коррупцияга аралашганига ишора қилади, дея баён қилди.

Ларижоний бунга жавобан Аҳмадийнажодни ўз иттиофқчиларини суд терговидан ҳимоя қилиб келганликда айблади. Даҳанаки жанг парламент сессиясида тўс-тўполон келтириб чиқарди, залда депутатлар шовқин-сурон кўтарди.

Икки муддат президент бўлган Аҳмадийнажод июн ойидаги сайловда иштирок эта олмайди, лекин кузатувчилар у иқтидордан кетганидан кейин ҳам сиёсий таъсирини сақлаб қолишга уринади, демоқда.

Жанубий Корея ва АҚШ денгизда машқ бошлади

Жанубий Корея душанба куни бошланган машқлар бўҳрон юзага келишидан аввал режаланганини баён қилди.
Жанубий Корея ва АҚШ ҳарбийлари Корея яримороли яқинида уч кунлик денгиз машқларини бошлади.

Ҳарбий ўйинлар ўтган ойда Шимолий Корея БМТ санкцияларига жавобан ядровий синовларни давом эттириш билан таҳдид қилиши ортидан ўтказилмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгаши ўтган йилнинг декабрида узоқ масофали ракетани учирган Пхеньянга нисбатан жазо санкцияларини кучайтирди. Кўпчилик буни яширин тарзда амалга оширилган баллистик ракета синови дея талқин қилди.

Пхеньян ракета Ер орбитасига сунъий йўлдошни олиб чиқиш учун учирилганини иддао қилмоқда.

Жанубий Корея душанба куни старт берилган денгиз машқлари сўнгги бўҳрон юзага келишидан аввал режаланган қўшма машқларнинг бир қисми эканини баён қилди.

Шимолий Корея ҳарбий машқларни “урушга гиж-гижловчи”, дея қоралади. Шимолий Корея бунда аввалги ядровий синовларни 2006 ва 2009 йилларда ўтказган.

Кэмерон, Карзай ва Зардорий Лондонда учрашмоқда

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон Афғонистон ва Покистон президентлари Ҳамид Карзай ва Осиф Али Задорийлар билан.
Бугун Лондонда Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон Афғонистон ва Покистон президентлари Ҳамид Карзай ва Осиф Али Задорийлар билан учрашади.

Афғонистонда тинчилик ва барқарорлик ўрнатиш йўллари масаласининг уч томонлама музокаралар марказида бўлиши кутилмоқда. Сўзлашувлар 2014 йилда халқаро қўшинлар Афғонистондан олиб чиқилгунга қадар, Толибон ҳаракати билан тинчлик келишувига эришиш борасида Кобулга нисбатан босим кучаяётган пайтга тўғри келмоқда.

Британия расмийларига кўра, душанба кунги учрашувда Афғонистон ва Покистон разведка хизматлари бошлиқлари ҳам қатнашади.

Афғонистонда Британиянинг 9 мингдан ошиқ қўшини бор, уларнинг аксари НАТО етакчилигидаги ҳарбий контингент сафида Ҳилманд вилоятига ташланган. Инглиз ҳарбий контингенти катталиги бўйича, 60 минг кишилик қўшинга эга АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради.

Мали: француз ҳарбийларининг амалиёти давом этмоқда

Мали шимолида якшанбага ўтар кечаси Франция ҳарбий учқичлари Ал-Қоидага алоқадор исёнчилар позицияларига зарба берди.

Франция армияси вакили Терри Бюркар авиазарбалар Кидал шаҳри шимолидаги исёнчилар базалари ва машқ лагерларига берилганини билдирди. Жазоир чегараси яқинидаги бу жойлар ҳали-ҳамон исёнчи туареглар назорати остида қолмоқда.

Мали шимолини эгаллаб олган исёнчиларга қарши французлар амалиёти 3 ҳафтадан буён давом этмоқда. Ҳозир Малида Франциянинг 3,5 минг нафар ҳарбийси, қирувчи учқичлари ва зирҳли техникаси дислокация қилинган.

Мексикадаги портлаш қурбонлари сони 34 кишига етди

Мехикодаги давлатга қарашли Pemex нефт концерни штаб-квартирасида содир бўлган портлаш оқибатида қурбон бўлганлар сони 34 кишига етди.

Шанба куни вайроналар остидан яна бир кишининг жасади чиқариб олинган. Бу ҳақда воқеа жойига борган Мексика президенти Энрике Пеня Твиттердаги саҳифасида ёзган.

31 январ куни содир бўлган портлаш оқибатида 121 киши тан жароҳати олган. Портлаш сабаби ҳалигача аниқлангани йўқ.

Парагвайда президентликка номзод ҳалок бўлди

Парагвай президенти лавозимига номзод Лино Овьедо ва яна уч киши вертолёт қулаши оқибатида нобуд бўлди.

69 ёшли Овьедонинг шу йил апрелига мўлжалланган президентлик сайловига номзоди қўйилганди.

Авиаҳалокат Парагвай шимолида шанба оқшомида содир бўлган. Ўша пайтда президентликка номзод Консепсьон шаҳри ўтказилган сайловолди митингидан пойтахтга қайтаётганди.

Вертолёт ичида Овьедодан ташқари унинг икки тан соқчиси ва учувчи бўлган. Улардан ҳеч қайсиси тирик қолмаган.

Лино Овьедо Парагвайда 24 йил аввал амалга оширилган давлат тўнтариши ташкилотчиларидан бири эди. Бу тўнтариш натижасида диктатор Альфредо Стресснер ҳокимияти қулатилганди.

Мисрда тўқнашув қурбонлари сони 57 нафарга етди

Қоҳирада ўтказилаётган аксилҳукумат намойишларидан бири.
Мисрда полиция ва намойишчиларнинг 10 кундан буён давом этаётган тўқнашувида ҳалок бўлганлар сони 57 нафарга етди.

Қоҳирада содир бўлган жума кунги тўқнашув чоғида ўқотар қуролдан яраланган 26 ёшли намойишчи кеча касалхонада жон берди.

Мисрдаги ғалаёнлар 24 январ куни, яъни собиқ президент Ҳусни Муборак режими ағдарилишига сабаб бўлган исённинг икки йиллиги арафасида бошланган.

Футбол: Анжи клуби Виллиан билан 35 миллион евролик шартнома имзолади

Россиянинг Анжи (Махачкала) футбол клуби бразилиялик 24 ёшли Виллиан билан 35 миллион евролик шартнома имзолади.

Беш ярим йилдан бери Донецкнинг Шахтёр клубида тўп суриб келган Виллиан Анжи жамоасида 10 рақамда ўйнайди.

Гус Ҳиддинк Бош мураббий бўлган Анжи клубида камерунлик ҳужумчи Самюэл Это’О ҳам бор.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Одил Аҳмедов Анжида бир неча йилдан бери ярим ҳимоячи сифатида тўп сурмоқда.

Россия чемпионатида Анжи клуби 19та ўйиндан кейин 41 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Биринчи ўринни 43 очко билан ЦСКА клуби эгаллаб турибди.

Солиҳий: Эрон Вашингтон билан шартлар асосида музокара олиб боришга тайёр

Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий.
Эрон ўз ядровий дастури борасида Вашингтон билан шартлар асосида икки томонлама музокара олиб боришга тайёр эканини билдирди.

Германиянинг Мюнхен шаҳрида ўтаётган хавфсизлик масалаларига бағишланган халқаро анжуманда сўзлаган Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий биз Вашингтон билан бевосита музокараларга қарши эмасмиз, аммо Қўшма Штатлар сўзлашувга “адолатли ва реал” мақсадларда келиши керак, деди.

Бир кун олдин айни анжуманда сўзлаган АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Эроннинг ядровий дастурини муҳокама қилиш учун Вашингтон Эрон расмийлари билан икки томонлама учрашув ўтказиш истагида эканини яна бир бор қайтарган эди.

Солеҳий Эрон билан сўзлашув олиб борган дунёнинг олти етакчи давлати музокараларнинг янги даврасини 25 феврал куни Қозоғистонда ўтказишни таклиф қилганини ҳам айтди.

Туркия БМТни Сурия бўйича резолюция қабул қилишга чақирди

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли.
Туркия БМТ Хавфсизлик кенгашини Сурия шаҳарларига гуманитар ёрдам олиб боришга рухсат берилишини Дамашқдан талаб қилишга чақирди.

Германиянинг Мюнхен шаҳрида хавфсизлик масалаларига бағишланган йиллик халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.

3 феврал куни анжуманда сўзлаган Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли БМТ Сурия ҳукуматидан Алеппо, Хомс, Ҳама ва бошқа шаҳарлар аҳолисига инсонпарварлик ёрдамлари олиб боришга рухсат беришини талаб қиладиган резолюция қабул қилиши кераклигини айтди.

Довутўғли БМТ резолюцияси Сурия ҳукуматидан шаҳарларни бомбардимон қилишни дарҳол тўхтатиши кераклигини ҳам талаб қилиши лозим эканини қўшимча қилди.

Ироқда ўнлаб одам худкуш ҳужум қурбони бўлди

Ироқнинг Киркук шаҳридаги полиция бош қароргоҳи дарвозаси олдида худкуш шахс машинага ўрнатилган бомба портлатгани ва камида икки жанггари бинога ҳужум қилгани оқибатида ўнлаб одам нобуд бўлди.

Полиция расмийларига кўра, якшанба кунги ҳужумда камида 30 киши ўлган, 70 дан ортиқ одам яраланган.

Гувоҳларга кўра, ҳужум қилганлар Ироқ полицияси кийимида бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олмади.

Бу сўнгги бир неча ҳафта ичида Киркукда амалга оширлган учинчи ҳужумдир.

Ироқ шимолида жойлашган Киркук шаҳрида асосан араблар, курдлар ва туркманлар яшайди.

Афғонистон, Британия ва Покистон раҳбарлари Лондонда учрашади

Британия Бош вазири Д. Камерон (ч) ва Афғонистон Президенти Ҳ.Карзай, Кобул ш., 2012 йил 19 июл.
Афғонистон, Британия ва Покистон раҳбарлари Лондонда музокара олиб боради.

Ҳамид Карзай, Дэвид Камерон ва Осиф Али Зардорий ўртасидаги сўзлашувда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.

Лондон учрашуви Ғарб қўшинлари 2014 йил охирига қадар Афғонистондан олиб чиқилгунига қадар толиблар билан келишувга эришиш ҳақида Кобул ҳукуматига босим кучайиб бораётган бир пайтда ўтказилмоқда.

Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятида Британиянинг тўққиз мингдан ортиқ аскари Халқаро кучлар таркибида хизмат қилмоқда.

Британия АҚШдан кейин Афғонистонга энг кўп қўшин киритган иккинчи давлат ҳисобланади.

Ҳозир Афғонистонда Американинг 60 мингдан ортиқ ҳарбийси бор.

Расмуссен: НАТО ракета ҳужумидан мудофаа тизимини яратишдан воз кечмайди

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен .
НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен НАТО Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш режасидан воз кечмаслигини айтди.

Москва бу Россиянинг ядровий қудратига путур етказиши мумкинлигини айтиб НАТО режасига қарши чиққан.

Германиянинг Мюнхен шаҳрида бўлиб ўтаётган хавфсизлик масалаларига бағишланган халқаро анжуманда шанба куни чиқиш қилган Фог Расмуссен бу масала НАТО-Россия ҳамкорлигига тўсиқ бўлиб қолаётганини урғулади.

НАТО расмийлари радар ва ракеталарни ўз ичига олган мудофаа тизими Эроннинг эҳтимолий ракета ҳужумига қарши қаратилганини таъкидлаб келмоқда.

Киркукдаги ҳужумда ўнлаб одам нобуд бўлди

Ироқ шимолида жойлашган Киркук шаҳрида полиция идорасида камида бир худкуш ўзини портлатди.

Якшанба кунги ҳужумда қанча талафот кўрилгани ҳозирча маълум эмас. Бироқ полиция генерали Натаҳ Муҳаммад Сабр ҳужумда ўттиздан ортиқ одам ҳалок бўлгани, қарийб 70 киши жароҳат олган бўлиши мумкинлигини айтди.

Генерал Сабр ҳужумчилар полиция идораси бош қароргоҳини ўз назоратига олишга урингани аммо уддасидан чиқа олмаганини қўшимча қилди.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олмади.

Киркук шаҳрида асосан араблар, курдлар ва туркманлар яшайди.

Деҳлида толибани зўрлаганлар айбларини бўйинларига олмади

Ҳиндистонлик толибанинг зўрланиш ортидан ҳаётдан кўз юмиши мамлакат бўйлаб оммавий норозиликларга сабаб бўлганди.
Деҳлида ёш аёлни кўплашиб зўрлаганликда айбланаётган беш киши ўз айбини тан олишдан бош тортди. Шанба куни уларга 5 модда бўйича айблов билдирилганди.

Бу шов-шувли воқеа бўйича маҳкама сешанба куни айбланувлар кўрсатмаларини тинглашни бошлайди.

Олтинчи айбланувчининг иши махсус судда кўриб чиқилади, чунки жиноят содир этилган пайтда у балоғат ёшига етмаган бўлган.

Тиббиёт институтининг 23 ёшли толибаси ва унинг дўсти ўтган йилнинг 16 декабр куни Деҳли жанубидаги мавзелардан бирида автобусда ҳужумга учраганди. Қиз орадан икки ҳафта ўтгач, Сингапурдаги касалхонада оламдан ўтган.

Бу воқеа бутун Ҳиндистон бўйлаб ғазабланган оломоннинг оммавий норозилик намойишлари ўтказилишига сабаб бўлганди.

Қирғизистонда ўзбек тилидаги умумреспублика тести бекор қилинди

Қирғизистондаги ўзбек мактаблари битирувчилари бундан буён она тилида умумреспублика тестини топшира олмайди. Бу ҳақда Қирғизистон ахборот агентликлари Таълим ва фан вазирлиги матбуот котиби Керез Жукеева сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

2002 йилда жорий этилмиш умумреспублика тест синови Қирғизистонда 10 йилдан буён қирғиз, рус ва ўзбек тилларида ўтказиб келинган.

Ўтган йили айрим қирғиз сиёсатчилари ва фаоллари Қирғизистонда ўзбек тилидаги тестни бекор қилиш талаби билан чиққандилар. Бироқ ўшанда Қирғизистон Таълим ва фан вазири Қанат Садиқов бунинг фуқаролар ҳуқуқини бузиш эканини айтиб, ўзбек тилидаги тестни бекор қилиш талабини рад этганди.

Расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистонда 780 минг ўзбек яшайди. Мамлакатда 226 та ўзбек тилида ўқитиладиган мактаб фаолият юритиб, улардан 91 таси ўқиш соф ўзбек тилида олиб бориладиган, 135 таси эса аралаш олиб бориладиган мактаблардир. Бу мактабларда 150 минг чоғли ўқувчи таълим олади.

Қирғизистон Таълим ва фан вазирлиги ўзбек тилидаги тестнинг бекор қилинишини ота-оналар хоҳиши ва тест учун кетажак харажатларни қисқартириш истаги билан изоҳлаган.

Анқарадаги портлаш масъулиятини марксистик партия ўз зиммасига олди

АҚШнинг Анқарадаги элчихонаси биноси олдида содир бўлган портлаш учун масъулиятни Туркиядаги “Халқ озодлиги инқилобий жабҳаси” деб номланган сўл радикал партия ўз зиммасига олди.

Партиянинг Интернет тармоғи орқали тарқатилган баёнотида ташкилот вакили Алижан Жанли АҚШ элчихонаси остонасида ўзини портлатгани айтилган.

Портлаш натижасида худкуш шахсдан ташқари элчихона қўриқчиси ҳам ҳалок бўлган, шунингдек, бир неча киши тан жароҳати олган.

Туркия ва АҚШ расмийлари содир бўлган воқеани террорчилик хуружи дея баҳолаб, бу ҳужумни қоралаб чиққан.

Туркияда “Халқ озодлиги инқилобий жабҳаси” фаолияти тақиқланган. АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари уни террорчилик ташкилоти, деб ҳисоблайдилар.

Францияда бир жинсли никоҳ легаллашиши мумкин

Франция парламентининг қуйи палатаси бир жинсли никоҳ тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжат бир жинсга мансуб кишилар қурган оилаларнинг бола асраб олишига ҳам рухсат беради.

Франция президенти Франсуа Олланд ва унинг тарафдорлари томонидан қўллаб-қувватланган қонун лойиҳаси мамлакат аҳли орасида катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Сўнгги бир неча ҳафта мобайнида Францияда бу ташаббус тарафдорлари ва унга қарши бўлган фуқароларнинг кўп минг кишилик намойишлари бўлиб ўтган.

Байден: АҚШ Эрон билан музокара олиб боришга тайёр

АҚШ вице-президенти Жозеф Байден.
АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Эроннинг ядровий дастурини муҳокама қилиш учун Қўшма Штатлар Эрон расмийлари билан икки томонлама учрашув ўтказиш истагида эканини айтди.

Германиянинг Мюнхен шаҳрида ўтаётган хавфсизлик масаласига бағишланган халқаро анжуманда сўзлаган Жозеф Байден АҚШ маъмурияти мақсади Эроннинг ядровий қуролларни қўлга киритишини тўхтатиш эмас, унинг олдини олиш эканини урғулади.

Якшанба куни тугайдиган Мюнзен анжуманида 400дан ортиқ юқори лавозимли дипломатлар ва мудофаа вазирликлари расмийлари қатнашмоқда.

Улар орасида Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия ва бошқа давлатлар расмийлари ҳам бор.

Миср президенти саройи яқинига полиция кучлари жойлаштирилди

Миср пойтахтидаги президент саройи яқинига полиция кучлари жойлаштирилди.

Бунга шанбага ўтар кечаси президент саройи олдида полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар рўй бергани сабаб бўлди.

Шанба куни Миср Бош вазири Ҳишам Қандил бир неча минг киши намойиш ўтказаётган Таҳрир майдонига киришга уринган пайтда намойишчилар унинг машинасига тошлар отган.

Мисрда сўнгги ҳафтада ўтказилган намойишларда қарийб 60 киши нобуд бўлгани айтилмоқда.

Намойишчилар президент Муҳаммад Мурсийни миллий бирлик ҳукумати тузишга чақириб, конституцияга ўзгартишлар киритишни талаб қилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG