Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:40

Халқаро янгиликлар

Германияда яна бир вазир плагиат учун жазоланди

1980 йилда ёзган диссертациясида плагиат аломатлари аниқланиши ортидан Германия Маориф вазири Аннет Шаван докторлик унвонидан маҳрум этилди.

Аннет Шаван ҳозирча ўз лавзоимида қолмоқда. Унинг иш сафари билан Жанубий Африка Республикасида экани айтилмоқда.

Канцлер Ангела Меркелнинг яқин сафдоши ҳисобланган Шаван 2005 йилда маориф вазири этиб тайинланган эди.

Бу Канцлер Ангела Меркел ҳукуматидаги вазирлар атрофидаги плагиат билан боғлиқ биринчи жанжал эмас.

2011 йилнинг март ойида Германиянинг ўша пайтдаги Мудофаа вазири Карл-Теодор цу Гуттенберг диссертациясини кўчириб ёзгани ҳақидаги иддаолар ортидан истеъфо беришга мажбур бўлганди.

Ҳюман Райтс Уотч Россияда мухожирлар ҳуқуқлари топталаётгани ҳақда бонг урди

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Сочидаги олимпиада иншоотлари қурилишида меҳнат мухожирлари қаттиқ эксплуатация қилинаётгани ҳақда бонг урди.

Ташкилотнинг бу юзадан чиқарган махсус ҳисоботида иш берувчилар меҳнат мухожирларини кунига 12 соатлаб ишлатиши, ойликларини вақтида бермаслиги, берганда ҳам ваъда қилинганидан кам бериши, ишчиларни эксплуатация қилиш учун уларнинг паспортлари олиб қўйлиши фактлари тилга олинган.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Россиядаги эксперти Юлия Горбунованинг Озодлик радиосига айтишича, мазкур ҳисобот Марказий Осиё ҳамда Кавказ минтақасидан келган ўнлаб меҳнат мухожирлари билан ўтказилган суҳбатлар асосида тузилган.

Ҳюман Райтс Уотч Россия ҳукумати ва Халқаро Олимпия қўмитаси раҳбариятини мухожирлар ҳуқуқларининг топталишига чек қўйишга чақирди.

Сочидаги олимпиада иншоотлари қурилишига жалб этилган меҳнат мухожирлари орасида ўзбекистонликларнинг ҳам борлиги айтилади.

Тожикистон собиқ бош вазири Киевда қўлга олинди

Тожикистон собиқ бош вазири Абдумалик Абдуллажонов кеча Украина пойтахти Киевнинг Бориспол аэропортида ҳибсга олинди.

Интерполнинг Украинадаги бўлинмаси расмийлари Озодлик радиоси тожик ҳизмати мухбири билан суҳбатда АҚШдан Киевга учиб келган Абдуллажоновнинг қўлга олинганини тасдиқлашди.

1994 йилги президентлик сайловида Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг асосий рақиби бўлган Абдумалик Абдуллажоновни расмий Душанбе 1996 йилда Раҳмонга уюштирилган суиқасдда айблаб келади.

Тожикистоннинг сўровига кўра Интерпол Абдуллажоновни қидирилаётган шахслар рўйхатига ҳам киритган.

Собиқ бош вазир қайриб ўн беш йилдан буён АҚШда яшаб келаётганди.

Обама Яқин Шарққа сафар қилади

АҚШ президенти Барак Обама баҳор ойларида Яқин Шарққа сафар қилади. Оқ уй матбуот вакили Жэй Карни сешанба куни бу ҳақда журналистларга маълум қилди.

Жаноб Карнига кўра, АҚШ президенти ўз сафари давомида Исроил, Ғарбий соҳил ва Иорданияда бўлади.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху билан музокараларда Обама Яқин Шарқ ҳамда Эрон ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилади.

Ташриф санаси яқин ҳафталарда эълон қилиниши кутилмоқда.

Барак Обама сўнгги бор Исроил ва Иорданияга 2008 йил, илк президентликка сайланганидан сал вақт ўтиб сафар қилганди.

Тинч океанида 8 баллик зилзила рўй берди

Тинч океанининг Сулаймон ороллари ҳудидида 8 баллик ер ости силкиниши рўй берди.

Ҳудуддаги об-ҳаво кузатиш марказлари зилзила оқибатида пайдо бўлиши мумкин бўлган цунами хавфидан огоҳлантирмоқда.

Ер ости силкиниши маркази Соломон оролларидан 340 километр узоқликда жойлашгани айтилмоқда.

Ҳавайи оролидаги Тинч океанида цунамидан огоҳлантириш маркази берган маълумотга кўра, цунами таҳдид солиши мумкин бўлган ҳудудга Вануату, Сулаймон ороллари, Науру, Папуа Янги Гвинея, Тували, Янги Каледония, Фижи, Кирибати ва бошқа ороллар киради.

Ҳозирча зилзила оқибатида цунами пайдо бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Афғонистондаги портлашда 3 киши ҳалок бўлди

Афғонистон шимолида жойлашган Файроб вилоятида рўй берган портлаш камида уч кишининг ўлимига сабаб бўлди.

Вилоят губернатори ўринбосари Абдул Саттор Барез сешанба кунги портлаш маҳаллий ресторанлардан бирида амалга оширилганини маълум қилди.

Расмийга кўра, портлашда камида 9 киши жароҳат олган.

Ҳозирча портлаш учун масъулиятни ҳеч қайси тараф ўз зиммасига олгани йўқ.

Абдул Саттор Барезга кўра, кўп ҳолларда бундай ҳужумларга одамлар ўртасидаги шахсий адоват сабаб бўлади.

Ушбу ҳудудда Толибон ва унга алоқадор экстремист гуруҳлар тез-тез ҳужумлар уюштириб туради.

Арманистон: Айрикян сайловни ортга жилдиришни сўрамайди

Ереванда қуролли ҳужумга учраган Арманистон презиндентлигига номзод Паруйр Айрикян мамлакат Конституцион судидан 18 февралга белгиланган сайловларни кечиктиришни сўрамаслигини билдирди.

Сешанба куни журналистлар билан мулоқот қилган Айрикян ҳукумат таъсири остида бундай қарорни қабул қилгани ҳақидаги гаплар асоссиз эканини айтди.

Ўтган ҳафта Озодлик радиосининг арман хизматига берган интервюсида Айрикян соғлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли конституцияга биноан сайловларни икки ҳафтага ортга суришни сўраши мумкинлигини айтган эди.

Паруйр Айрикян амалдаги президент Серж Саркисян қўли баланд келиши таҳмин қилинаётган Арманистон презинденти сайловларидаги саккиз номзоддан биридир.

У 31 январ куни номаълум шахс тарафидан ўққа тутилиб, елкасидан яраланган эди.

Сербия ва Косово президентлари илк бор учрашади

Сербия ва Косово ўртасидаги чегара пункти.
Сербия ва Косово президентлари 2008 йили Косово Сербиядан мустақиллигини эълон қилганидан бери илк бор учрашади.

Косово президенти Атифете Яҳяга ва унинг сербиялик ҳамкасби Томислав Николич ўртасидаги учрашув чоршанба куни Брюсселда, Европа Иттифоқи воситачилигида ўтади.

Яҳяга Озодлик радиосига берган интервюсида учрашув серблар ва косоварлар ўртасидаги алоқани яхшилашда ўз ҳиссасини қўшишига умид билдирди.

Сербия Косово мустақиллигини тан олмай келади. Шунга қарамай расмий Белград Европа Иттифоқи воситачилигида Косово билан диалог ўрнатишга рози бўлган.

Сербиянинг бундай қарори мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш имкониятларини ошириш учун қилингани айтилмоқда.

Европа Иттифоқига аъзо аксар давлатлар Косово мустақиллигини тан олган.

Болгария Бургасдаги ҳужум учун Ҳизбуллоҳни айблади

Болгариянинг Бургас шаҳрида портлатилган автобус, 2012 йил 19 июл.
Болгария Ички ишлар вазири Цветан Цветанов Ливандаги Ҳизбуллоҳ гуруҳини беш нафар Исроил фуқароси ўлимида айблади.

Ўтган йил июлида Болгариянинг Бургас курорт шаҳрида автобусда бомба портлагани оқибатида беш исроилкик ва ҳайдовчи ҳалок бўлган эди.

Цветановга кўра, ҳужумга алоқадорликда гумон қилинган уч шахсдан бирида Канада, яна бирида Австрия паспорти бўлган.

Цветанов иккала шахс Ҳизбуллоҳнинг жанггари гуруҳи аъзо бўлгани аниқланганини айтган.

Вазир гумон қилинаётган шахслар билан Ҳизбуллоҳ ўртасида молиявий алоқа бўлганини тасдиқловчи далиллар борлигини қўшимча қилган.

Исроил Бургасдаги ҳужум учун Ҳизбуллоҳ гуруҳи ва Эронни айблаган.

Эрон бу айбловларни инкор қилган. Бироқ Ҳизбуллоҳ гуруҳи айбловларни изоҳлаганича йўқ.

Деҳлида зўрланганидан кейин вафот этган қизнинг ўртоғи судда гувоҳлик бера бошлади

Деҳли шаҳрида автобусда зўрлангани натижасида нобуд бўлган қизнинг йигит ўртоғи сешанба куни судда жиноятни содир этганликда айбланган беш эркакка қарши гувоҳлик бера бошлади.

Ўтган йилнинг 16 декабр куни зўрланган 23 ёшли тиббиёт институти талабаси 29 декабр куни Сингапурдаги касалхонада вафот этган.

Воқеа қурбонининг исми келтирилмаётган 28 ёшли йигит ўртоғи автобусда қаттиқ калтаклангани оқибатида ҳамон яхши юра олмаяпти.

Хавфсизлик ва суд тергови сабабаларидан имси сир тутилаётган йигит сешанба куни судга ғилдиракли аравачада олиб келинди.

3 феврал кунги маҳкамада беш нафар судланувчи ўз айбини тан олишдан бош тортган.

Агар айбдор деб топилса, улар ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Яна бир айбланувчи оммавий жинсий тажовуз пайтида балоғат ёшида бўлмагани важидан, унинг иши вояга етмаганлар иши бўйича судда кўриб чиқилади.

Бу воқеа бутун Ҳиндистон бўйлаб оммавий норозилик намойишлари ўтказилишига сабаб бўлган эди.

Эрон президенти сўнгги 30 йил ичида илк бор Мисрга борди

Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод.
Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод Қоҳира шаҳрига борди.

Бу Эрон раҳбарининг 30 йилдан ортиқ вақтдан бери Мисрга илк ташрифидир.

Шиа мазҳабидаги Эрон президентининг Ал-Азҳар университетида сунний мазҳабидаги уламо шайх Аҳмад Ал-Тайиб билан учрашиши мумкинлиги айтилмоқда.

Аҳмадийнажод бошчилигидаги Эрон делегацияси Ислом ҳамкорлик ташкилотининг чоршанба куни Қоҳирада бошланадиган анжуманида қатнашади.

Мисрда 2011 йилда инқилоб амалга оширилганидан бери Эрон Миср билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилиб келмоқда.

Қозоғистонда яна бир чегара хизмати офицери ўз жонига қасд қилди

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси душанба куни Шонжа чегара пости бригадаси командири ўринбосари капитан Мурат Қадиралинов ўз жонига қасд қилганини маълум қилди.

Қадиралинов навбатдаги наряддан чегара заставасига қайтаётганда ўзини-ўзи ўлдиргани айтилмоқда.

Айни дамда воқеа юзасидан текширув ишлари бошланган.

Бир ҳафта олдин, 31 январ куни Қозоғистон Чегара қўриқлаш хизмати раҳбари Талгат Есетов иш кабинетида ўз жонига қасд қилган эди.

2012 йилнинг декабр ойида рўй берган авиаҳалокатда эса Козоғистон чегара хизматининг 20 офицери, жумладан, беш полковник ва тўққиз подполковник ҳалок бўлганди.

Қирғизистонда 39 аскар ҳарбий қисмдан қочиб кетди

Кеча Қирғизистон пойтахти Бишкекда жойлашган ҳарбий қисмдан 39 нафар аскар қочиб кетди.

Мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Озодлик радиосининг қирғиз хизматига душанба куни кечки пайт пойтахтдаги 702 рақамли ҳарбий қисмдан муддатли хизмат ўтаётган 39 нафар аскар ўз бошимча кетиб қолганини тасдиқлади.

Вазирлик матбуот хизматининг билдиришича, дезертир аскарлар баҳор ойларида хизматини якунлаши керак эди.

Сўнгги малумотларга кўра, қочиб кетган аскарларнинг 32 нафари сешанба куни эрталаб ҳарбий қисмга қайтиб келган.

Қолган аскарларнинг қаердалиги ва улар нима сабабдан ҳарбий қисмни тарк этгани аниқланмоқда.

Қирғизистон армиясида аскарларнинг оммавий ёки якка бўлиб қочишлари тез-тез учраб туради. Бунга асосан ҳарбий қисмларда кенг тарқалган зўравонлик сабаб бўлиши айтилади.

Сурияда мухолифат Ассад ҳукуматини музокараларга чақирмоқда

Сурия Миллий Коалицияси етакчси Аҳмад Моаз ал-Хатиб.
Сурия мухолифати етакчиси Аҳмад Моаз ал-Хатиб мамлакат президенти Башар Ассад режимини мухолифатнинг музокаралар столига ўтириш таклифларига жавоб беришга чақриди.

Сурия Миллий Коалицияси етакчси ал-Хатиб душанба Ал-Жазира телеканалига берган интервюсида бундай таклиф Сурияда давом этаётган қон тўкилишларини тўхтатиш ҳамда “режимни тинчликда кетишига ёрдам беришга” қаратилганини таъкидлади.

Аҳмад Моаз ал-Хатиб ҳукумат билан музокарлар ўтказишни илк бор ўтган ҳафта таклиф этган эди.

Сўзлашувлар ўтказишдан олдин мухолифат етакчиси президент Ассад ҳукуматидан қарийб 160 минг маҳбусни озод этишни талаб этган.

Ўтган ойда Башар Ассад мухолифат гуруҳлари билан учрашишга тайёр эканини, бироқ қуролланган исёнчиларга хайриҳоҳ бўлган Сурия Миллий Коалицияси вакиллари билан музокаралар олиб бормаслигини билдирган эди.

Мисрда полиция зўравонлиги маданият вазири истеъфосига сабаб бўлди

Миср маданият вазири мамлакат полициясининг намойишчиларга қарши қўллаётган зўравонлигини исботловчи видео чоп этилганидан сўнг ўз лавозимини тарк этди.

Видеода полициячилар президент саройи яқинида яланғоч эркакни дўппослаётгани тасвирга туширилган.

Давлатга қарашли “Ал-Аҳрам” нашри мамлакат вазирлар маҳкамаси матбуот котибига таяниб, вазир истеъфосини тасдиқлади.

АҚШ Давлат департаменти Мисрни куч ишлатар тизими вакиллари тарафидан амалга оширилаётгани айтилаётган ноқонуний ҳаракатларни тўлиқ текшириб чиқишга чақирди.

Давлат департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд бундай қонунга зид ҳаракатларни олдини олишнинг энг яхши усули улар ортида турганларни жазога тортиш эканини таъкидлади.

Мисрда полиция ва намойишчиларнинг 10 кундан буён давом этаётган тўқнашувида ҳалок бўлганлар сони 60 га яқинлаб қолди.

Мухолифат вакиллари бундай қонли тўқнашувлар мамлакатда куч ишлатар тизимнинг ҳалигача ислоҳ этилмаганига далил эканини таъкидламоқда.

Мисрдаги ғалаёнлар 24 январ куни, яъни собиқ президент Ҳусни Муборак режими ағдарилишига сабаб бўлган исённинг икки йиллиги арафасида бошланган эди.

Малала Юсуфзай ҳужумга учраганидан бери илк бор телевидениеда чиқиш қилди

Малала Юсуфзай Британиянинг Бирмингем шаҳридаги касалхонада иккита жарроҳлик операциясини бошдан кечирди.
Покистонлик Малала Юсуфзай Толибон жанггарилари ҳужумига учраганидан бери илк бор телевидениеда чиқиш қилди. Бошидан яраланиб, Британияда даволанаётган 15 ёшли Юсуфзай душанба кунги видео мурожаатида аҳволи “кундан кунга яхшиланаётганини” айтди.

Малала ўтган шанба кунги жарроҳлик операциясидан бир неча кун аввал тасвирга олинган мурожаатида ўзини қўллаб-қувватлаганларга миннатдорчилик билдирди.

“Кўриб турганингиздек, мен тирикман. Бу инсонларнинг дуоси туфайли бўлди”, деди у.

Британиянинг Бирмингем шаҳридаги касалхонада Малала иккита жарроҳлик операциясини бошдан кечирди. Шифокорлар муваффақиятли ўтганини айтаётган жарроҳлик амалиёти унинг бош чаноғини тузатиш ва эшитиш қоибилиятини тиклашга қаратилган.

Аёллар ва қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган 15 ёшли фаол қиз ўтган йилнинг октябрида Покистоннинг Сват водийсида Толибон ҳужумига учраган эди.

Техасда "Иблис" лақаби билан танилган энг моҳир мерган ўлдирилди

38 яшар Кайл ҳам Ироқда хизмат қилган ва 2012 йилда ўзи ҳақида ёзган “Америкалик мерган” номли китоби қўлма-қўл бўлган.
АҚШнинг Техас штатида Ироқ уруши ветерани Америка тарихида энг моҳир мерган деб тан олинган собиқ дессантчи Крис Кайлни ўлдирганликда айбланмоқда. 25 яшар гумонланувчи Эдди Рэй Раут Ироқда хизмат қилган мерган ва яна бир одамни Техасдаги тирлардан бирида отиб ўлдирганидан кейин ҳибсга олинган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги собиқ денгиз пиёдаси Раут 2007 йилда Ироқда ва 2010 йилда Ҳаитида хизмат қилганини тасдиқлади. Қотиллик мотивлари аниқланганича йўқ.

38 яшар Кайл ҳам Ироқда хизмат қилган ва 2012 йилда ўзи ҳақида ёзган “Америкалик мерган” номли китоби қўлма-қўл бўлган. Кайл мерганлик фаолиятида 150 дан ортиқ одамни ўлдиргани билан танилган.

Ироқлик жанггарилар Кайлга “Иблис” дея лақаб қўйиб, унинг боши учун 20 минг доллар миқдорида мукофот эълон қилган.

Эрон Марказий банки собиқ раиси ёнидан 70 миллион доллар топилди

Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари Эрон Марказий банкининг собиқ раиси ёнидан 70 миллион АҚШ долларига ёзиб берилган банк чекини топгани хабар қилинмоқда.

Германия божхоначилари эълон қилган баёнотга кўра, 59 яшар йўловчи Дюсселдорф аэропортида текширувдан ўтаётган пайтда, унинг ёнидан Венесуэла Банки томонидан 300 миллион боливарга ёзиб берилган чек топилган.

Германияда чиқадиган “Bild am Sonntag” газетаси йўловчи шахсини аниқлаб, унинг 2008 йилгача Эрон Маркзий банкига раислик қилган Таҳмасб Мазаҳерий эканини эълон қилди.

Маълум бўлишича, кўп миллионлик чек Мазаҳерий юкида, у 21 январ куни Туркиядан Германияга учиб келган пайтда топилган.

Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари эҳтимолий пул ювиш амалиёти юзасидан тергов бошлагани айтилмоқда.

Эрон мулозими Исроилни огоҳлантирди

Эрон ҳукумати мулозими Исроил Сурияга қилган “сўнгги агрессияси” учун қаттиқ пушаймон бўлади, дея огоҳлантирди. Эрон Миллий хавфсизлик кенгашининг раиси Саид Жалилий бу баёнотни душанба куни Дамашқда қилди.

Эрон расмийсининг баёноти Исроил Мудофаа вазири Эҳуд Барак яҳудий жанговар учқичлари ўтган ҳафта Сурияда ҳаво ҳужумини амалга оширганини тасдиқлаши ортидан янгради. Барак ҳужумни изоҳлай туриб, “бу биз бир нарсани айтар эканмиз, буни бажаришимиз муқаррар эканининг яна бир далилидир”, дея таъкидлади.

АҚШ расмийлари ўтган чоршанба кунги ҳужумда Сурия-Ливан чегараси яқинида қурол олиб кетаётган машиналар карвони нишонга олинган, дея билдирди.

Сурия расмийлари ҳужумда пойтахт яқинидаги ҳарбий тадқиқот маркази нишонга олинганини айтмоқда.

Эрон расмийси Жалилий билан якшанба кунги учрашувда президенти Башар ал-Ассад Исроилни Суриядагни вазиятни изидан чиқаришга уринаётганликда айблади. Эрон Суриянинг энг яқин иттифоқчисидир.

Тожикистон қомоғида яна бир маҳбус ўлик ҳолда топилди

Тожикистон қамоқхонасида яна бир маҳбус ўлик ҳолатда топилди. Марҳум Муҳаммадшариф Насриддиновнинг яқинлари Озодликка қамоқхонадаги манбага таяниб, маҳбус ўтган шанба куни қамоқхона нозирлари тарафидан қатиқ калтакланганини гапириб беришди.

Насриддинов ўша куни кечқурун ўз камерасида дорга осилган ҳолда топилган. Қамоқхона вакиллари Насриддиновнинг руҳий муаммолари бўлганини айтмоқда. Лекин унинг қариндошлари, маҳбус билан яқинда кўришганларида у ўзини яхши ҳис қилганини айтишмоқда.

Тожикистон Жазони ижро этиш тизими бошқармаси матубот вакили Одинашо Муродов ҳодисага оид маълумотга эга эмаслигини айтиб, изоҳ беришдан бош тортди.

Кейинги пайтларда Тожикистон қамоқхоналарида бир неча маҳбус ўлик ҳолда топилган. Уларнинг қариндошлари маҳбуслар ўлимига олиб келган сабаблар борасида шубҳаларни илгари сурмоқда.

Октябр ойида Amnesty International халқаро ташкилоти Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонни мамлакат қамоқхоналаридаги қийноқлар ва бошқа кўринишдаги ноинсоний муносабатга қарши чора кўришга чақирди.

Аҳмадийнажод парламент раиси Ларижоний оиласини коррупцияда айблади

Аҳмадийнажод парламент спикери Али Ларижонийга қарши айбловларни якшанба куни парламентда қилган чиқишида илгари сурди.
Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод мамлакат парламенти раисининг оиласини коррупцияга аралашганликда айблади. Аҳмадийнажод парламент спикери Али Ларижонийга қарши айбловларни якшанба куни парламентда қилган чиқишида илгари сурди.

Шу йилнинг июнида ўтказилиши кутилаётган президент сайловида Ларижоний асосий даъвогарлардан бири деб кўрилмоқда.

Аҳмадийнажод ўз вазирларидан бирини ишдан олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётган пайтда парламентга келди. Мажлис пайтида Эрон президенти парламент раисининг укаси Фозил Ларижонийнинг овози ёзилган аудиони эшиттириб, бу Ларижоний оиласи коррупцияга аралашганига ишора қилади, дея баён қилди.

Ларижоний бунга жавобан Аҳмадийнажодни ўз иттиофқчиларини суд терговидан ҳимоя қилиб келганликда айблади. Даҳанаки жанг парламент сессиясида тўс-тўполон келтириб чиқарди, залда депутатлар шовқин-сурон кўтарди.

Икки муддат президент бўлган Аҳмадийнажод июн ойидаги сайловда иштирок эта олмайди, лекин кузатувчилар у иқтидордан кетганидан кейин ҳам сиёсий таъсирини сақлаб қолишга уринади, демоқда.

Жанубий Корея ва АҚШ денгизда машқ бошлади

Жанубий Корея душанба куни бошланган машқлар бўҳрон юзага келишидан аввал режаланганини баён қилди.
Жанубий Корея ва АҚШ ҳарбийлари Корея яримороли яқинида уч кунлик денгиз машқларини бошлади.

Ҳарбий ўйинлар ўтган ойда Шимолий Корея БМТ санкцияларига жавобан ядровий синовларни давом эттириш билан таҳдид қилиши ортидан ўтказилмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгаши ўтган йилнинг декабрида узоқ масофали ракетани учирган Пхеньянга нисбатан жазо санкцияларини кучайтирди. Кўпчилик буни яширин тарзда амалга оширилган баллистик ракета синови дея талқин қилди.

Пхеньян ракета Ер орбитасига сунъий йўлдошни олиб чиқиш учун учирилганини иддао қилмоқда.

Жанубий Корея душанба куни старт берилган денгиз машқлари сўнгги бўҳрон юзага келишидан аввал режаланган қўшма машқларнинг бир қисми эканини баён қилди.

Шимолий Корея ҳарбий машқларни “урушга гиж-гижловчи”, дея қоралади. Шимолий Корея бунда аввалги ядровий синовларни 2006 ва 2009 йилларда ўтказган.

Кэмерон, Карзай ва Зардорий Лондонда учрашмоқда

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон Афғонистон ва Покистон президентлари Ҳамид Карзай ва Осиф Али Задорийлар билан.
Бугун Лондонда Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон Афғонистон ва Покистон президентлари Ҳамид Карзай ва Осиф Али Задорийлар билан учрашади.

Афғонистонда тинчилик ва барқарорлик ўрнатиш йўллари масаласининг уч томонлама музокаралар марказида бўлиши кутилмоқда. Сўзлашувлар 2014 йилда халқаро қўшинлар Афғонистондан олиб чиқилгунга қадар, Толибон ҳаракати билан тинчлик келишувига эришиш борасида Кобулга нисбатан босим кучаяётган пайтга тўғри келмоқда.

Британия расмийларига кўра, душанба кунги учрашувда Афғонистон ва Покистон разведка хизматлари бошлиқлари ҳам қатнашади.

Афғонистонда Британиянинг 9 мингдан ошиқ қўшини бор, уларнинг аксари НАТО етакчилигидаги ҳарбий контингент сафида Ҳилманд вилоятига ташланган. Инглиз ҳарбий контингенти катталиги бўйича, 60 минг кишилик қўшинга эга АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради.

Мали: француз ҳарбийларининг амалиёти давом этмоқда

Мали шимолида якшанбага ўтар кечаси Франция ҳарбий учқичлари Ал-Қоидага алоқадор исёнчилар позицияларига зарба берди.

Франция армияси вакили Терри Бюркар авиазарбалар Кидал шаҳри шимолидаги исёнчилар базалари ва машқ лагерларига берилганини билдирди. Жазоир чегараси яқинидаги бу жойлар ҳали-ҳамон исёнчи туареглар назорати остида қолмоқда.

Мали шимолини эгаллаб олган исёнчиларга қарши французлар амалиёти 3 ҳафтадан буён давом этмоқда. Ҳозир Малида Франциянинг 3,5 минг нафар ҳарбийси, қирувчи учқичлари ва зирҳли техникаси дислокация қилинган.

Мексикадаги портлаш қурбонлари сони 34 кишига етди

Мехикодаги давлатга қарашли Pemex нефт концерни штаб-квартирасида содир бўлган портлаш оқибатида қурбон бўлганлар сони 34 кишига етди.

Шанба куни вайроналар остидан яна бир кишининг жасади чиқариб олинган. Бу ҳақда воқеа жойига борган Мексика президенти Энрике Пеня Твиттердаги саҳифасида ёзган.

31 январ куни содир бўлган портлаш оқибатида 121 киши тан жароҳати олган. Портлаш сабаби ҳалигача аниқлангани йўқ.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG