Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:05

Халқаро янгиликлар

Тунисда намойишчилар полициячилар билан тўқнашди

Туниснинг Гафса шаҳрида ҳукумат биноси олдида аксил-исломчи намойишчилар полиция билан тўқнашди.

Намойишчилар полицияга қарата Молотов коктейлини ирғитди, бунга жавобан полиция кўз ёшини оқизувчи газ қўллади. Норозилар чоршанба куни пойтахт Тунисда ўлдириб кетилган мухолифат етакчиси Чокри Белайдни хотирлаш тадбирига чиқди.

Дунёвий сиёсатчи бўлган Белайд иқтидордаги Эннаҳда мўътадил исломчи партиясининг ашаддий танқидчиси эди. Унинг ўлдирилиши Тунис, Сиди Боузид ва бошқа шаҳарларда намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашувларга сабаб бўлди.

Сиди Боузид шаҳри 2011 йил бошида президент Зайн ул-Обидин Бен Алини ҳокимиятдан ағдарган Жасмин инқилобининг бешиги ҳисобланади.

Суиқасддан кейин Тунис Бош вазири Ҳамади Жебалий ҳукуматни тарқатиб юбориб, технократлардан иборат кабинет тузишини эълон қилди. Жабалийнинг бу баёноти унинг партияси вакиллари томонидан танқид қилинди.

Аҳмадийнажод Эрон билан Мисрни ўртасида стратегик иттифоқчилик тузишга чақирди

Миср Президенти Муҳаммад Мурсий сешанба куни Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажодни тантана билан кутиб олди.
Президент Маҳмуд Аҳмадийнажод Мисрни Эрон билан стратегик иттифоқчилик тузишга чақирди. Аҳмадийнажод ташқи кучларни икки мамлакатнинг бирлашишига тўсқинлик қилаётгналикда айблади.

Аҳмадийнажод бу ҳақда чоршанба куни Қоҳирида гапирди. У кейинги 30 йилдан ортиқроқ вақт ичида Мисрга сафар қилган Эроннинг илк раҳбари бўлди.

Икки давлат 1979 йилда Эронда Исломий инқилоб рўй берган пайтда ва Миср Исроил билан тинчлик келишувини имзолаши ортидан алоқаларни узган эди.

Шунингдек, Қоҳирга сафар қилаётган Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий Теҳрон мисрлик савдогар ва сайёҳлар учун визани бекор қилишини эълон қилди.

Мисрнинг давлатга қарашли MENA хабар агентлиги Солиҳийнинг икки мамлакат ўртасидаги алоқалар “кундан кунга” яхшиланмоқда, деган баёнотидан иқтибос келтирмоқда.

Миср Президенти Муҳаммад Мурсий сешанба куни Исломий давлатлар конференцияси саммитига келган Аҳмадийнажодни тантана билан кутиб олди.

Озарбайжон фазога сунъий йўлдош учирмоқчи

Жума куни Озарбайжоннинг илк сунъий йўлдоши Ер орбитасига учирилади.

Озарбайжон Ахборот ва коммуникация технологиялари вазирлигининг пайшанба куни маълум қилишича, Azerspace-1/Africasat-1a номли сунъий йўлдош Франция Гвианасидаги фазо марказидан учирилади.

Озарбайжон учирган сунъйи йўлдош Малайзияга қарашли MEASAT Satellite Systems ширкати бошқарадиган орбитал йўлакка жойлаштирилиши айтилмоқда.

Сунъий йўлдош Шарқий Европа, Кавказ, Марказий Осиё ва Шимолий Африка минтақаларига телекоммуникацион хизматларни кўрсатади.

Azerspace-/Africasat-1a сателлити АҚШнинг Orbital Sciences Corporation ширкати томонидан қурилган бўлиб, дигитал алоқа, Интернет алоқаси, маълумотларни ўтказиш ва ҳукумат алоқа тизимлари учун мўлжалланган.

Озарбайжон иккинчи сунъий йўлдошни 2016 йилда учиришни режалаштираётганини айтмоқда.

Дамашқдаги жангларда 60дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Суриялик фаолларнинг маълум қилишича, пойтахтда исёнчилар ва президент Башар ал-Ассад тарафдорлари ўртасида икки кундан бери давом этаётган жангларда ўнлаб одам ҳалок бўлган.

Чоршанба куни исёнчилар Дамашқ ва унинг атрофида ҳукумат кучларининг бир нечта позициясига ҳужум бошлади. Исёнчилар ўзлари қўлга киритган аксил-ҳаво ракеталари, гранатомётлар ва зирҳли машиналар билан қуролланган.

Бунга жавобан Дамашқ марказидаги тепаликка жойлашган ҳукумат кучлари пайшанба куни оғир артиллерия ва ракеталар билан исёнчилар истеҳкоми бўлган Жобар, Замалка ва Ҳожар ал-Асвад мавзеларини ўққа тутди.

Маркази Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилотига кўра, жанглар оқибатида чоршанба куни 60 дан ошиқ одам, жумладан 21 тинч фуқаро ва 32 исёнчи ҳалок бўлган.

Афғонистонликлар 2012 йилда жами 4 миллиард долларга яқин пора берган

БМТга кўра, ўтган йили афғонистонликларнинг ярми ҳукумат расмийларига пора берган. Пайшанба куни эълон қилинган ҳисоботга кўра, “айрим ўзгаришлар” кузатилганига қарамасдан, Афғонистонда коррупция кўлами 2009 йилдан бери 40 фоизга ошган ва жами 3,9 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган.

БМТ наркотиклар ва жиноятларга қарши кураш агентлиги ва Афғонистонинг коррупцияга қарши кураш идораси чиқарган хулосаларга кўра, афғонистонликлар 2012 йилда пора сифатида берган пул “Афғонистон ялпи ички маҳсулотидан икки баробарга кўпроқдир”.

Полиция, адлия тизими ва таълим вазирликлари Афғонистон ҳукуматининг энг коррупциялашган соҳалари, деб этироф этилди.

2001 йилда АҚШ етакчилигидаги истилодан бери Афғонистонга милллиардлаб доллар миқдорида хорижий ёрдам кўрсатилган. Келаси йили Афғонистона ўз қўшинларини олиб чиқишга тайёрланаётган Ғарб давлатлари келажакда ёрдамни давом эттириш учун коррупцияга қарши курашни шарт қилиб қўйган.

Оятуллоҳ Хоманаий АҚШнинг бевосита музокара қилиш таклифини рад қилди

Эрон Олий руҳоний етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий АҚШ Вице президенти Жо Байденнинг бевосита музокара қилиш таклифини рад қилди.

Пайшанба куни ҳаво қўшинлари қўмондонлари олдида қилган чиқишида бундай музокаралар “ҳеч нарсани ҳал қилмайди”, дея таъкидлади Хоманаий. Америкаликлар, “Эронга милтиқ ўқталиб туриб”, музокара қилмоқчи, дея қўшимча қилди у.

Байден ўтган ҳафта Мюнхенда ўтказилган хавфсизлик масаларига оид анжуманда қилган чиқишида Эрон ядровий дастури атрофидаги тортишувларни ҳал қилиш учун Теҳрон билан бевосита музокаралар ўтказиш таклифини илгари сурди.

Хоманаийнинг баёонтидан бир кун аввал Қўшма Штатлар Эрон нефт экспортидан оладиган даромадни қисқартишга қаратилган навбатдаги санкцияларни жорий қилди.

Ғарб давлатлари Эрон ўз ядровий дастури ёрдамида атом қуролини қўлга киритшга уринмоқда, деган гумонларни айтиб келади. Теҳрон бу айбловларни рад қилиб, ядровий дастури тинч мақсадларага қаратилганини айтади.

Косово ва Сербия прездентлари 2008 йилги мустақиллик декларацисидан бери илк бор учрашди

Косово ва Сербия президентлари Томислав Николич ва Атифете Яҳйага учрашувига ЕИ мулозими Кэтрин Эштон воситачилик қилди.
Косово 2008 йилда Сербиядан мустақиллигини эълон қилганидан бери икки давлат президентлари илк бор учрашди.

Косово Президенти Атифете Яҳйага ва Сербия Президенти Томислав Николич учрашуви чоршанба куни, Брюсселда Европа Иттифоқи воситачилигида ўтди.

Икки президент ЕИ Ташқи сиёсат бўйича олий ваикли Кэтрин Эштон билан алоҳида музокара ҳам ўтказдилар.

Учрашувдан кейин қилган чиқишида Николич Косоводан мустақиллик иддаоларидан воз кечишни талаб қилди.

Бунга жавобан Яҳйага Сербиянинг эскирган позициясига ёпишиб олганидан таассуф билдириб, Белград етакчиларини келажакка боқишга чақирди.

Сербия ва Косово бош вазирлари Ивича Дачич ва Ҳошим Тачи ҳам бир неча марта ЕИ воситачилигида учрашган.

Косово 2008 йилнинг февралида Сербиядан мустақиллигини эълон қилган. Косово мустақиллигини юзга яқин давлат тан олган.

Ўзбекистондаги келишувлар учун масъул кўрилган TeliaSonera мулозими бошқа лавозимга ўтказилди

TeliaSonera Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага 320 миллион доллар пора берганликда гумон қилинмоқда.
Швециянинг TeliaSonera телеком ширкати Евроосиёдаги операциялар бўлими бошлиғи лавозимига Вейсал Арални тайинлади. Шу пайтгача Қозоғистондаги Kcell ширкати бош директори ва TeliaSoneraнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий раҳбари лавозимида ишлаб келган Арал Теро Кивисаари ўрнини эгаллади.

Теро Кивисаари TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда бизнес бошлаш учун президент Ислом Каримов оиласига юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани билан боғлиқ жанжал Швеция жамоатчилиги диққат марказида қолаётган пайтда бошқа лавозимга ўтказилмоқда.

Кивисаари ўз вақтида TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги фаолиятини бошқарган ва бу мамлакатдаги келишувлар учун маъсул бўлган шахслардан бири деб кўрилади.

Ўтган ҳафта Швециядаги Mannheimer Swartling адвокатлик фирмаси TeliaSoneraнинг Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан ўтказган тафтиш хулосаларини эълон қилиши ширкат президенти Ларс Нюберг истеъфога кетишига сабаб бўлди.

Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун президент Ислом Каримовга яқин шахслар, хусусан унинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 320 миллион доллар пора берганликда гумон қилинмоқда.

Эрон Миср фуқаролари учун виза режимини бекор қилди

Эрон ҳукумати Мисрнинг бир нечта тоифадаги фуқаролари учун виза режимини бекор қилди.

Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий маълум қилди.

Энди Эронга туристик саёҳат ёки иш билан бормоқчи бўлган мисрликлардан виза талаб қилинмайди.

Вазир Солиҳийга кўра, Ислом ремпубликасининг Миср билан алоқалари "кундан кунга яхшиланмоқда".

Теҳроннинг Қоҳира билан дипломатик алоқалари Эронда 1979 йилда инқилоб амалга оширилганидан сўнг деярли тўхтатилган эди.

Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий айни дамда президент Маҳмуд Ахмадинажод бошчилигидаги Эрон делегацияси билан Миср сафаридадир.

Бу Эрон раҳбарининг 30 йилдан ортиқ вақтдан бери Мисрга илк ташрифидир.

Арманистонда президентликка даъвогар ўз номзодини қайтариб олмоқчи

Арманистонда мамлакат президентлигига даъвогарлардан бири 18 февралга белгиланган сайловлардан ўз номзодини қайтариб олишини эълон қилди.

“Миллий ҳамжиҳатлик” партияси лидери Арам Арутунян чоршанба куни журналистлар билан суҳбатда 7 феврал куни Марказий сайлов комиссияси биноси олдида бир кунлик очлик акцияси ўтказишини ва сайловлардан чиқишини маълум қилди.

Арутунян амалдаги президент Серж Саркисян қўли баланд келиши таҳмин қилинаётган Арманистон презинденти сайловларидаги саккиз номзоддан биридир.

“Миллий ҳамжиҳатлик” партияси лидери бошқа номзодларни ҳам сайлов пойгасидан чиқишга чақирди.

Сайловлардаги яна бир номзод Андриас Гукасян эса Марказий сайлов комиссиясидан Серж Саркисян номзодлигини бекор қилишни талаб қилиб, 17 кундан бери очлик акциясини давом эттирмоқда.

Гукасян номзодларни сайлов пойгасидан чиқишга ва Серж Саркисянни рақибларсиз қолдириб, 18 февралга белгиланган президент сайловларини бекор қилишга чақирмоқда.

АҚШ Эрон телерадиокомпаниясига санкциялар жорий этди

Эрон давлат телерадиокомпанияси логоси
АҚШ Эрон давлат телерадиокомпанияси ва унинг раҳбарига нисбатан молиявий санкцияларни жорий этди.

Молиявий санкциялар Эронда интернет тармоқларидаги оммавий ахборот воситаларни назорат қилиб борувчи Киберполицияни ҳам чеклаб ўтмади.

Вашингтон бу ташклилотларни Эронда цензура ўрнатиш, чет эл телеканалларига атайин тўсиқлар яратиш ҳамда интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали сиёсий фаолларни таъқиб этиш билан шуғулланишда айбламоқда.

Санкциялар АҚШнинг Молия вазирлиги тарафидан жорий этилган. Мамлакат қонунига кўра, Молия вазирлиги маълумот эркинлигига тўсқинлик қилаётган ташкилот ёки шахсларга нисбатан санкция қўйиш ҳуқуқига эга.

Вазирлик берган маълумотда айтилишича, 2009 йилги президент сайловларидан сўнг Эрон ҳукумати цензура ва маълумотни филтрлаш ишларини кучайтирган.

Германияда яна бир вазир плагиат учун жазоланди

1980 йилда ёзган диссертациясида плагиат аломатлари аниқланиши ортидан Германия Маориф вазири Аннет Шаван докторлик унвонидан маҳрум этилди.

Аннет Шаван ҳозирча ўз лавзоимида қолмоқда. Унинг иш сафари билан Жанубий Африка Республикасида экани айтилмоқда.

Канцлер Ангела Меркелнинг яқин сафдоши ҳисобланган Шаван 2005 йилда маориф вазири этиб тайинланган эди.

Бу Канцлер Ангела Меркел ҳукуматидаги вазирлар атрофидаги плагиат билан боғлиқ биринчи жанжал эмас.

2011 йилнинг март ойида Германиянинг ўша пайтдаги Мудофаа вазири Карл-Теодор цу Гуттенберг диссертациясини кўчириб ёзгани ҳақидаги иддаолар ортидан истеъфо беришга мажбур бўлганди.

Ҳюман Райтс Уотч Россияда мухожирлар ҳуқуқлари топталаётгани ҳақда бонг урди

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Сочидаги олимпиада иншоотлари қурилишида меҳнат мухожирлари қаттиқ эксплуатация қилинаётгани ҳақда бонг урди.

Ташкилотнинг бу юзадан чиқарган махсус ҳисоботида иш берувчилар меҳнат мухожирларини кунига 12 соатлаб ишлатиши, ойликларини вақтида бермаслиги, берганда ҳам ваъда қилинганидан кам бериши, ишчиларни эксплуатация қилиш учун уларнинг паспортлари олиб қўйлиши фактлари тилга олинган.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Россиядаги эксперти Юлия Горбунованинг Озодлик радиосига айтишича, мазкур ҳисобот Марказий Осиё ҳамда Кавказ минтақасидан келган ўнлаб меҳнат мухожирлари билан ўтказилган суҳбатлар асосида тузилган.

Ҳюман Райтс Уотч Россия ҳукумати ва Халқаро Олимпия қўмитаси раҳбариятини мухожирлар ҳуқуқларининг топталишига чек қўйишга чақирди.

Сочидаги олимпиада иншоотлари қурилишига жалб этилган меҳнат мухожирлари орасида ўзбекистонликларнинг ҳам борлиги айтилади.

Тожикистон собиқ бош вазири Киевда қўлга олинди

Тожикистон собиқ бош вазири Абдумалик Абдуллажонов кеча Украина пойтахти Киевнинг Бориспол аэропортида ҳибсга олинди.

Интерполнинг Украинадаги бўлинмаси расмийлари Озодлик радиоси тожик ҳизмати мухбири билан суҳбатда АҚШдан Киевга учиб келган Абдуллажоновнинг қўлга олинганини тасдиқлашди.

1994 йилги президентлик сайловида Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг асосий рақиби бўлган Абдумалик Абдуллажоновни расмий Душанбе 1996 йилда Раҳмонга уюштирилган суиқасдда айблаб келади.

Тожикистоннинг сўровига кўра Интерпол Абдуллажоновни қидирилаётган шахслар рўйхатига ҳам киритган.

Собиқ бош вазир қайриб ўн беш йилдан буён АҚШда яшаб келаётганди.

Обама Яқин Шарққа сафар қилади

АҚШ президенти Барак Обама баҳор ойларида Яқин Шарққа сафар қилади. Оқ уй матбуот вакили Жэй Карни сешанба куни бу ҳақда журналистларга маълум қилди.

Жаноб Карнига кўра, АҚШ президенти ўз сафари давомида Исроил, Ғарбий соҳил ва Иорданияда бўлади.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху билан музокараларда Обама Яқин Шарқ ҳамда Эрон ва Суриядаги вазиятни муҳокама қилади.

Ташриф санаси яқин ҳафталарда эълон қилиниши кутилмоқда.

Барак Обама сўнгги бор Исроил ва Иорданияга 2008 йил, илк президентликка сайланганидан сал вақт ўтиб сафар қилганди.

Тинч океанида 8 баллик зилзила рўй берди

Тинч океанининг Сулаймон ороллари ҳудидида 8 баллик ер ости силкиниши рўй берди.

Ҳудуддаги об-ҳаво кузатиш марказлари зилзила оқибатида пайдо бўлиши мумкин бўлган цунами хавфидан огоҳлантирмоқда.

Ер ости силкиниши маркази Соломон оролларидан 340 километр узоқликда жойлашгани айтилмоқда.

Ҳавайи оролидаги Тинч океанида цунамидан огоҳлантириш маркази берган маълумотга кўра, цунами таҳдид солиши мумкин бўлган ҳудудга Вануату, Сулаймон ороллари, Науру, Папуа Янги Гвинея, Тували, Янги Каледония, Фижи, Кирибати ва бошқа ороллар киради.

Ҳозирча зилзила оқибатида цунами пайдо бўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Афғонистондаги портлашда 3 киши ҳалок бўлди

Афғонистон шимолида жойлашган Файроб вилоятида рўй берган портлаш камида уч кишининг ўлимига сабаб бўлди.

Вилоят губернатори ўринбосари Абдул Саттор Барез сешанба кунги портлаш маҳаллий ресторанлардан бирида амалга оширилганини маълум қилди.

Расмийга кўра, портлашда камида 9 киши жароҳат олган.

Ҳозирча портлаш учун масъулиятни ҳеч қайси тараф ўз зиммасига олгани йўқ.

Абдул Саттор Барезга кўра, кўп ҳолларда бундай ҳужумларга одамлар ўртасидаги шахсий адоват сабаб бўлади.

Ушбу ҳудудда Толибон ва унга алоқадор экстремист гуруҳлар тез-тез ҳужумлар уюштириб туради.

Арманистон: Айрикян сайловни ортга жилдиришни сўрамайди

Ереванда қуролли ҳужумга учраган Арманистон презиндентлигига номзод Паруйр Айрикян мамлакат Конституцион судидан 18 февралга белгиланган сайловларни кечиктиришни сўрамаслигини билдирди.

Сешанба куни журналистлар билан мулоқот қилган Айрикян ҳукумат таъсири остида бундай қарорни қабул қилгани ҳақидаги гаплар асоссиз эканини айтди.

Ўтган ҳафта Озодлик радиосининг арман хизматига берган интервюсида Айрикян соғлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли конституцияга биноан сайловларни икки ҳафтага ортга суришни сўраши мумкинлигини айтган эди.

Паруйр Айрикян амалдаги президент Серж Саркисян қўли баланд келиши таҳмин қилинаётган Арманистон презинденти сайловларидаги саккиз номзоддан биридир.

У 31 январ куни номаълум шахс тарафидан ўққа тутилиб, елкасидан яраланган эди.

Сербия ва Косово президентлари илк бор учрашади

Сербия ва Косово ўртасидаги чегара пункти.
Сербия ва Косово президентлари 2008 йили Косово Сербиядан мустақиллигини эълон қилганидан бери илк бор учрашади.

Косово президенти Атифете Яҳяга ва унинг сербиялик ҳамкасби Томислав Николич ўртасидаги учрашув чоршанба куни Брюсселда, Европа Иттифоқи воситачилигида ўтади.

Яҳяга Озодлик радиосига берган интервюсида учрашув серблар ва косоварлар ўртасидаги алоқани яхшилашда ўз ҳиссасини қўшишига умид билдирди.

Сербия Косово мустақиллигини тан олмай келади. Шунга қарамай расмий Белград Европа Иттифоқи воситачилигида Косово билан диалог ўрнатишга рози бўлган.

Сербиянинг бундай қарори мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиш имкониятларини ошириш учун қилингани айтилмоқда.

Европа Иттифоқига аъзо аксар давлатлар Косово мустақиллигини тан олган.

Болгария Бургасдаги ҳужум учун Ҳизбуллоҳни айблади

Болгариянинг Бургас шаҳрида портлатилган автобус, 2012 йил 19 июл.
Болгария Ички ишлар вазири Цветан Цветанов Ливандаги Ҳизбуллоҳ гуруҳини беш нафар Исроил фуқароси ўлимида айблади.

Ўтган йил июлида Болгариянинг Бургас курорт шаҳрида автобусда бомба портлагани оқибатида беш исроилкик ва ҳайдовчи ҳалок бўлган эди.

Цветановга кўра, ҳужумга алоқадорликда гумон қилинган уч шахсдан бирида Канада, яна бирида Австрия паспорти бўлган.

Цветанов иккала шахс Ҳизбуллоҳнинг жанггари гуруҳи аъзо бўлгани аниқланганини айтган.

Вазир гумон қилинаётган шахслар билан Ҳизбуллоҳ ўртасида молиявий алоқа бўлганини тасдиқловчи далиллар борлигини қўшимча қилган.

Исроил Бургасдаги ҳужум учун Ҳизбуллоҳ гуруҳи ва Эронни айблаган.

Эрон бу айбловларни инкор қилган. Бироқ Ҳизбуллоҳ гуруҳи айбловларни изоҳлаганича йўқ.

Деҳлида зўрланганидан кейин вафот этган қизнинг ўртоғи судда гувоҳлик бера бошлади

Деҳли шаҳрида автобусда зўрлангани натижасида нобуд бўлган қизнинг йигит ўртоғи сешанба куни судда жиноятни содир этганликда айбланган беш эркакка қарши гувоҳлик бера бошлади.

Ўтган йилнинг 16 декабр куни зўрланган 23 ёшли тиббиёт институти талабаси 29 декабр куни Сингапурдаги касалхонада вафот этган.

Воқеа қурбонининг исми келтирилмаётган 28 ёшли йигит ўртоғи автобусда қаттиқ калтаклангани оқибатида ҳамон яхши юра олмаяпти.

Хавфсизлик ва суд тергови сабабаларидан имси сир тутилаётган йигит сешанба куни судга ғилдиракли аравачада олиб келинди.

3 феврал кунги маҳкамада беш нафар судланувчи ўз айбини тан олишдан бош тортган.

Агар айбдор деб топилса, улар ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Яна бир айбланувчи оммавий жинсий тажовуз пайтида балоғат ёшида бўлмагани важидан, унинг иши вояга етмаганлар иши бўйича судда кўриб чиқилади.

Бу воқеа бутун Ҳиндистон бўйлаб оммавий норозилик намойишлари ўтказилишига сабаб бўлган эди.

Эрон президенти сўнгги 30 йил ичида илк бор Мисрга борди

Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод.
Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод Қоҳира шаҳрига борди.

Бу Эрон раҳбарининг 30 йилдан ортиқ вақтдан бери Мисрга илк ташрифидир.

Шиа мазҳабидаги Эрон президентининг Ал-Азҳар университетида сунний мазҳабидаги уламо шайх Аҳмад Ал-Тайиб билан учрашиши мумкинлиги айтилмоқда.

Аҳмадийнажод бошчилигидаги Эрон делегацияси Ислом ҳамкорлик ташкилотининг чоршанба куни Қоҳирада бошланадиган анжуманида қатнашади.

Мисрда 2011 йилда инқилоб амалга оширилганидан бери Эрон Миср билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилиб келмоқда.

Қозоғистонда яна бир чегара хизмати офицери ўз жонига қасд қилди

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси душанба куни Шонжа чегара пости бригадаси командири ўринбосари капитан Мурат Қадиралинов ўз жонига қасд қилганини маълум қилди.

Қадиралинов навбатдаги наряддан чегара заставасига қайтаётганда ўзини-ўзи ўлдиргани айтилмоқда.

Айни дамда воқеа юзасидан текширув ишлари бошланган.

Бир ҳафта олдин, 31 январ куни Қозоғистон Чегара қўриқлаш хизмати раҳбари Талгат Есетов иш кабинетида ўз жонига қасд қилган эди.

2012 йилнинг декабр ойида рўй берган авиаҳалокатда эса Козоғистон чегара хизматининг 20 офицери, жумладан, беш полковник ва тўққиз подполковник ҳалок бўлганди.

Қирғизистонда 39 аскар ҳарбий қисмдан қочиб кетди

Кеча Қирғизистон пойтахти Бишкекда жойлашган ҳарбий қисмдан 39 нафар аскар қочиб кетди.

Мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Озодлик радиосининг қирғиз хизматига душанба куни кечки пайт пойтахтдаги 702 рақамли ҳарбий қисмдан муддатли хизмат ўтаётган 39 нафар аскар ўз бошимча кетиб қолганини тасдиқлади.

Вазирлик матбуот хизматининг билдиришича, дезертир аскарлар баҳор ойларида хизматини якунлаши керак эди.

Сўнгги малумотларга кўра, қочиб кетган аскарларнинг 32 нафари сешанба куни эрталаб ҳарбий қисмга қайтиб келган.

Қолган аскарларнинг қаердалиги ва улар нима сабабдан ҳарбий қисмни тарк этгани аниқланмоқда.

Қирғизистон армиясида аскарларнинг оммавий ёки якка бўлиб қочишлари тез-тез учраб туради. Бунга асосан ҳарбий қисмларда кенг тарқалган зўравонлик сабаб бўлиши айтилади.

Сурияда мухолифат Ассад ҳукуматини музокараларга чақирмоқда

Сурия Миллий Коалицияси етакчси Аҳмад Моаз ал-Хатиб.
Сурия мухолифати етакчиси Аҳмад Моаз ал-Хатиб мамлакат президенти Башар Ассад режимини мухолифатнинг музокаралар столига ўтириш таклифларига жавоб беришга чақриди.

Сурия Миллий Коалицияси етакчси ал-Хатиб душанба Ал-Жазира телеканалига берган интервюсида бундай таклиф Сурияда давом этаётган қон тўкилишларини тўхтатиш ҳамда “режимни тинчликда кетишига ёрдам беришга” қаратилганини таъкидлади.

Аҳмад Моаз ал-Хатиб ҳукумат билан музокарлар ўтказишни илк бор ўтган ҳафта таклиф этган эди.

Сўзлашувлар ўтказишдан олдин мухолифат етакчиси президент Ассад ҳукуматидан қарийб 160 минг маҳбусни озод этишни талаб этган.

Ўтган ойда Башар Ассад мухолифат гуруҳлари билан учрашишга тайёр эканини, бироқ қуролланган исёнчиларга хайриҳоҳ бўлган Сурия Миллий Коалицияси вакиллари билан музокаралар олиб бормаслигини билдирган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG