Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:53

Халқаро янгиликлар

Плагиатда айбланган Германия маориф вазири истеъфо берди

Германия маориф вазири Аннет Шаван плагиат билан боғлиқ жанжал ортидан истеъфо берди.

Германия Канцлери Ангела Меркел шанба куни Шаван истеъфосини қабул қилганини билдирди.

1980 йилда ёзган диссертациясида плагиат аломатлари аниқланидан кейин у докторлик унвонидан маҳрум ҳам этилди.

Канцлер Ангела Меркелнинг яқин сафдоши ҳисобланган Шаван 2005 йилда маориф вазири этиб тайинланган эди.

Бу Канцлер Ангела Меркел ҳукуматидаги вазирлар атрофидаги плагиат билан боғлиқ биринчи жанжал эмас.

2011 йилнинг март ойида Германиянинг ўша пайтдаги Мудофаа вазири Карл-Теодор цу Гуттенберг диссертациясини кўчириб ёзгани ҳақидаги иддаолар ортидан истеъфо беришга мажбур бўлганди.

Канада ва АҚШда қор бўронидан тўрт одам нобуд бўлди

Канадада қор тўфони камида уч одам ҳаётини олиб кетди. Онтариода 200га яқин йўл транспорт ҳалокати рўй бергани, уч одам ўлгани ҳақида хабарлар бор.

Айни пайтда АҚШнинг шимол-шарқидаги бешта штат - Ню Йорк, Массачусетс, Коннектикут, Род Айленд ва Мэн штатларида "Немо" бўрони туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Ҳозирда мазкур штатларда ярим миллион одам электрсиз қолган. Бу штатларда яшовчи миллионлаб аҳолига уйларини тарк этмаслик тавсия этилди.

Ню Йоркда табиий офатдан бир одам нобуд бўлгани хабар қилинмоқда.

Катта Жорж Бушнинг электрон почта қутиси ҳаккер ҳужумига учради

Guccifer лақабли ҳакер катта Жорж Бушнинг электрон почтасини бузган ва у ердан собиқ АҚШ президентининг шахсий ёзишмалари ва фотосуратларини ўғирлаган. Бу ҳақда АҚШ матбуоти хабар қилди.

Ҳакер тарафидан ўғирланган фотосуратлардан бирида 88 ёшли сиёсатчининг касалхонада ётгани акс этган. Яқинда катта Жорж Буш касалхонада бронхитдан даволаниб чиққан эди.

АҚШ матбуоти хабарларига кўра, Буш оила аъзолари ҳақидаги айрим шахсий маълумотлар ҳам ҳаккер қўлига тушган.

Жорж Буш электрон почта қутиси ҳаккер ҳужумига учраганини унинг вакиллари тасдиқлашди.

Ҳозирда мазкур инцидент бўйича суриштирув бошланган.

ISAF: Афғонистонлик болалар ўлими ҳақидаги БМТ маълумоти мутлақо асоссиз

Афғонистондаги Халқаро коалиция ҳарбий кучлари қўмондонлиги ISAF сўнг тўрт йил ичида АҚШ ҳаво кучларининг ҳужумидан юзлаб афғонистонлик бола ҳалок бўлгани ҳақидаги БМТ маълумотларини рад этди.

Аввалроқ БМТнинг Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси сўнгги тўрт йил ичида юзлаб афғонистонлик бола АҚШ ҳаво ҳужумидан нобуд бўлгани ҳақда маълум қилганди.

Ҳарбий қўмондонлик вакилларига кўра, бу “мустақо асоссиз маълумот”дир.

ISAF расмийларига кўра, қайтанга 2012 йилда ҳаво ҳужумлари оқибатида афғон болаларининг ўлиши ёки яраланиши холатлари аввалги йилдагига қараганда 40 фоизга камайган.

АҚШ шимол-шарқий штатлари қалин қор остида қолди

АҚШ шимол-шарқий ҳудудларида қор бўралаб ёғиши натижасида 350 минг хонадон электрсиз қолди. Минглаб минглаб авиарейслар тўхтатилди, Ню Йорк аэропорти ёпилди.

Бостон шаҳрида қор қалинлиги 60 сантиметрни, Ню Йоркда 30 сантиметрни ташкил қилган.

Коннектикут ва Мэн штати аҳолиси қор кўчкиси офати ҳақида огоҳлантирилган.

Киев ҳукуматидан Абдулложоновни Душанбега топширмаслик талаб этилмоқда

Киевда қўлга олинган тожик мухолифатчисининг тарафдорлари Украина ҳукуматидан уни Душанбега экстрадиция этмасликни талаб этмоқда.

Тожикистон собиқ бош вазири, мухолифатчи Абдумалик Абдулложонов сешанба куни Киев аэропортида қўлга олинган эди.

Ҳозир у Лукьяновск муваққат изоляторда сақланмоқда. Украина давлат органлари уни Тожикистонга топшириш борасида ҳозирга қадар узил-кесил қарорга келганлари йўқ.

Украина маҳкамаси пайшанба куни Абдумалик Абдулложоновни 40 кун давомида ушлаб туриш ҳақида қарор чиқарган.

Собиқ бош вазир ватанида давлат тузумига тажовуз қилиш ва бир қатор бошқа жиноятларда айбланмоқда.

Афғон уруши ветерани Қизил майдонда ўзига ўзи ўт қўйди

Жума куни Москванинг Қизил майдонида ўзига ўт қўйиб, жонига қасд қилимоқчи бўлган шахс афғон уруши ветеранлари муаммосига ҳукумат эътиборини қаратиш мақсадида бу амалга қўл урганини айтган.

Бу шахс Чебоксардаги уруш фаҳрийлари жамияти раҳбари экани айтилмоқда.

Жума куни у Қизил майдонда ўзига ўт қўйди, полиция дарҳол воқеа жойига етиб келиб ўтни ўчиришга улгурди.

Ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган шахс куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистонга газ етказиб беришни чеклаши мумкин

ЎзТрансГаз ва ҚазТрансГаз Қирғизистонга газ етказиб беришни чеклаб қўйиши мумкин. Бу ҳақда қирғиз матбуоти Қирғизгаз акциядорлик жамияти масъуллари сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг қўшни мамлакатлардан табиий газ бўйича қарзи 6 миллион доллардан ошиб кетган. Хусусан, “Қирғизгаз” бош директори ўринбосари Қуралбек Наскеевга кўра, Ўзбекистондан бўлган қарз 409 минг долларга, Қозоғистондан бўлган қарз миқдори эса 5 миллион 997 минг долларга етган.

Қирғизгаз масъулининг айтишича, қўшнилар газ учун пулни 12 февралгача тўлаб қўйиш, акс ҳолда, газ етказиб беришда чекловлар бўлиши мумкинлиги ҳақида телефонограмма юборганлар.

Ироқдаги портлаш қурбонлари сони 35 кишига етди

Бағдоднинг Қадимия мавзеида портлатилган автомомобил, 2013 йилнинг 8 феврали.
Ироқнинг шиалар истиқомат қилаётган ҳудудларида содир этилмиш террорчилик хуружларидан ўлганлар сони 35 кишига етди. Мазкур ҳужумлар чоғида, шунингдек, 95 киши тан жароҳати олган.

Кеча пойтахт Бағдод марказида иккита машина портлатилиши оқибатида 19 киши ҳалок бўлган, 42 киши яраланган.

Ҳилла шаҳрида содир этилмиш икки портлаш натижасида эса 13 киши ҳаётдан кўз юмган, 53 киши тан жароҳати олган.

Шунингдек, Карбалода портлаган бомба уч кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Бу портлашлар учун масъулият расмийлар томонидан исёнчи суннийларга юкланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ироқда бир неча ҳафтадан буён шиа мазҳабига мансуб бош вазир Нури ал-Маликий бошчилигидаги ҳукумат истеъфосини талаб қилган норозилик чиқишлари давом этмоқда. Бу каби тадбир ташкилотчилари иқтидордаги ҳукуматни маҳаллий суннийлар ҳақ-ҳуқуқларини топтаётганини иддао қилмоқда.

Мисрда аксилҳукумат намойишлари авж олмоқда

Жума куни Мисрнинг бир неча шаҳрида президент Муҳаммад Мурсий юритаётган сиёсатга қарши бўлган кишиларнинг минглаб кишилик намойишлари бўлиб ўтди.

Маълумотларга кўра, полиция ва намойишчилар ўртасидаги энг катта тўқнашувлар пойтахт Қоҳира ва Танта шаҳарларида бўлиб ўтган. У ерларда полициячилар ўзларига қарши ёнувчи модда тўлатилмиш шишалар улоқтирган ва ғилдираклар ёққан намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.

Иқтидордаги “Мусулмон биродарлиги” ҳаракати ва етакчи мухолифат коалицияси яқинда зўравонликдан воз кечиш ҳақида битим имзолаганди. Бироқ мухолифат тарафдорлари бу битимга ишончсизлик билдириб, президент Мурсийнинг ҳокимиятни узурпация қилиш уринишларига қарши норозилик чиқишларини давом эттирмоқдалар.

25 январдан бошланган полиция ва намойишчилар тўқнашувида шу кунгача Мисрда 59 киши ҳалок бўлган.

Арманистон президенти номзодига суиқасд қилганлар ушланди

63 ёшли Паруйр Ҳайрикян 31 январ куни Еревандаги уйи олдида уюштирилган суиқассда омон қолган.
Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати президентликка номзод Паруйр Ҳайрикянга қилинган суиқасдга алоқадорликда гумонланган икки киши ҳибсга олинганини маълум қилди.

Миллий хавфсизлик хизмати баёнотига кўра, ҳибсга олинганлар Арманистон фуқаролари 47 ёшли Качатур Погосян ва 41 ёшли Самвел Ҳарутюнянлардир. Улар ўзларининг суиқсадда иштирок этганларига иқрор бўлгани айтилмоқда.

Расмий хабарномада айтилишича, Погосян ўтмишда наркотиклар савдоси билан шуғулланган. Терговчиларга кўра, суиқасд мотивлари аниқланганича йўқ.

63 ёшли Ҳайрикян 31 январ куни Еревандаги уйи олдида отиб кетилган, лекин тирик қолган. Жарроҳлар унинг елкасидан ўқни олиб ташлаганидан кейин, президентликка номзоднинг аҳволи яхшиланаётгани айтилмоқда.

Сайловолди кампаниясини давом эттиришини билдирган Ҳайрикян 18 февралга белгиланган президент сайловидаги саккиз номзоддан биридир. У Миллий тикланиш партиясига етакчилик қилади.

Озарбайжон сунъий йўлдоши Ер орбитасига учирилди

Azerspace-1 сунъий йўлдоши Франция Гвианасидаги фазо марказидан учирилди.
Озарбайжоннинг илк сунъий йўлдоши фазога учирилди.

Озарбайжон Ахборот ва коммуникация технологиялари вазирлиги жума куни Azerspace-1 номли сунъий йўлдошни учириш штатсиз ҳодисларсиз амалга ошганини маълум қилиди. Озарбайжонга қарашли аппарат Франция Гвианасидаги фазо марказидан учирилди.

Озарбайжон ўз сунъий йўлдошининг бошқарилиши учун Малайзияга қарашли MEASAT Satellite Systems ширкатига пул тўлайди.

Сунъий йўлдош Шарқий Европа, Кавказ, Марказий Осиё ва Шимолий Африка минтақаларига телекоммуникацион хизматларни кўрсатади.

Azerspace-1 сателлити АҚШнинг Orbital Sciences Corporation ширкати томонидан қурилган бўлиб, дигитал алоқа, Интернет алоқаси, маълумотларни ўтказиш ва ҳукумат алоқа тизимлари учун мўлжалланган.

Озарбайжон иккинчи сунъий йўлдошни 2016 йилда учиришни режалаштираётганини айтмоқда.

Тунисда ўлдириб кетилган мухолифат етакчиси жанозасига минглаб одам тўпланди

Чокри Белайднинг ўлдрилиши Тунис пойтахти ва бошқа шаҳарларда норозилик ва зўравонликларни келтириб чиқарди.
Жума куни Тунисда минглаб одам ҳафта бошида ўлдирилган мухолифат етакчиси жанозасига тўпланди. Дунёвий қарашдаги сиёсатчи Чокри Белайд чоршанба куни пойтахт Тунисда отиб кетилган эди.

Жума куни Тунис бўйлаб эълон қилинган иш ташлаш мамлакатни фалаж ҳолатга келтирди. Белайднинг ўлдрилиши Тунис пойтахти ва бошқа шаҳарларда норозилик ва зўравонликларни келтириб чиқарди.

Пайшанба куни норозилар иқтидордаги Эннаҳда исломий партияси қароргоҳига ўт қўйди. Мўътадил исломчи партия ҳисобланган Эннаҳда вакили, бош вазир Ҳамди Жебалий юзага келган бўҳронни ҳал қилиш йўлида ҳукуматни тарқатиб юбориб, технократлардан иборат кабинет тузишни ваъда қилди. Бироқ партиянинг нуфузли аъзолари бунга қарши чиқди.

Европа етакчилари 7 йиллик бюджет лойиҳасини муҳокама қилмоқда

Брюсселда Европа Иттифоқи етакчилари 27 мамлакатни ўз ичига олувчи блокнинг 7 йиллик бюджети лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Таклиф қилинаётган бюджет лойиҳасига кўра, 2014-2020 йиллар давомида ЕИ харажатлари 960 миллиард евро (1,29 триллион АҚШ доллари)дант оширмасликни назарда тутади.

Бунга оид якуний келишувнинг жума куни кечгача қабул қилиниши кутилмоқда. Агар бюджет тасдиқланса, ЕИнинг кўп йиллик бюджетида илк бор харажатларнинг қисқартирилиши амалга оширилади.

Британия ва Ҳолландия каби мамлакатлар ЕИ бюджетини миллий бюджетлардаги қисқартиришларга мос равишда қисқартиришни талаб қилмоқда. Айни пайтда, Франция ва Польша каби давлатлар фермерлар учун субсидиялар ва инфратузилмани ривожлантириш мақсадларга кўпроқ сарф-харажат қилинишини исташмоқда.

Ноябр ойидаги саммитда ЕИ етакчилари 972 миллиард евро (1,31 АҚШ доллари)га тенг бюджет бўйича келиша олмаган эди.

Ироқдаги портлашларда 16 киши нобуд бўлди

Ҳужмлар суннийлар кўпчиликни ташкил қиладиган минтақаларда норозилик кучаяётгани ва сиёсий бўҳронга боғлиқ дейилмоқда.
Ироқнинг бир неча шаҳри, жумладан, пойтахт Бағдодда рўй берган портлашларда камида 16 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб одам жароҳатланган.

Бағдоднинг асосан шиалар яшайдиган Қадимия мавзесидаги бозорда рўй берган иккита портлашда 11 киши жароҳатланиб, 30га яқин одам жароҳатлангани айтилмоқда.

Бобил вилоятининг Шомали шаҳарчасида машинага ўрнатилган бомба портлаши оқибатида яна беш киши нобуд бўлган ва 20га яқин одам тан жароҳати олган.

Ироқда кейинги пайтларда зўравонлик яна авж олаётгани кузатилмоқда. Сўнгги ҳафталар давомида мамлакатнинг асосан шиалар истиқомат қиладиган минтақаларида машинага ўрнатилган бомба ва худкуш бомбачи ҳужумлари кўпайган.

Ҳужмлар суннийлар кўпчиликни ташкил қиладиган минтақаларда шиаларга доҳил бош вазири Нури ал-Маликийнинг истеъфоси талаби билан ўтказилаётган норозиликлар ва сиёсий бўҳронга боғлиқ экани айтлмоқда.

МРБ директорлигига номзод АҚШ Сенатида сўроқ қилинди

Жон Берннаннинг нутқи залдаги норозилар тарафидан бир неча марта бўлинди.
Президент Барак Обама АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори лавозимига номзод қилиб кўрсатган Жон Бреннан Сенат қўмитасида сўроқ қилинди. Оқ уйнинг террорчиликка қарши кураш бўйича маслаҳатчиси Бреннан ўз номзодини тасдиқлаш эшитувларида иқтидордаги маъмуриятнинг “аксил террор сиёсати” ҳақида “баҳслар давом этаётганини” қайд қилиб, Қўшма Штатлар “Ал-Қойда ва унинг ҳамкорлари билан урушни тугатгани йўқ”, дея таъкидлади.

Сенат вакиллари Бреннанга қатор долзарб масалалар, жумладан АҚШнинг террорчиларни топиб, йўқ қилишга қаратилган пилотсиз учқичлар дастури, шу пайтгача сир тутилиб келган Оқ уйнинг Ал-Қойдага алоқадор, деб кўрилган америкаликларни ўлдришни ёқловчи ҳуқуқий меъёри ва номзоднинг ўтмишда гумонланувчиларни босим остида сўроқ қилишни қўллаши ҳақидаги баёнотларига оид саволларни беришди.

Берннаннинг чиқиши залдаги норозилар тарафидан бир неча марта бўлинди. Залда ўтирган аёллардан пилотсиз учқич ҳужумларида ҳалок бўлганлар рўйхати экани айтилган ҳужжатни рўкач қилиб, тўполон қилди.

Сенат қўмитаси раиси Дайан Файнштейн эшитувларни тўхтатиб, зални бўшатиб қўйишни буюрди.

Украинада Тожикистон собиқ бош вазири ҳибсга олинди

Тожикистон собиқ бош вазири Абдумалик Абдулложонов.
Украинадаги Бориспол шаҳар суди Тожикистоннинг собиқ бош вазири Абдумалик Абдулложоновни 40 кун ҳибсда тутиш ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳибс муддати тугагунига қадар Душанбе Украина расмийларига уни экстрадиция қилиш ҳақида расмий талабнома жўнатиши лозим.

Бундан 16 йил муқаддам Тожикистон томонидан халқаро қидирувга берилган 64 ёшли Абдумалик Абдулложонов аввалроқ АҚШдан учиб келган пайтда Киевнинг «Бориспол» аэропортида Украина Ички ишлар вазирлиги Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бош бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

Тожикистон Абдулложоновни террорчилик, қуролли исён, суиқасд, уюшган жиноий гуруҳ тузганлик каби бир қатор оғир жиноятларда айблаб келади. Шу жумладан, у 1997 йилнинг 30 апрелида Хўжандда президент Имомали Раҳмонга суиқасд уюштирганликда айбланади. Шунингдек, собиқ бош вазирни 1998 йил ноябрида полковник Маҳмуд Худойбердиев томонидан уюштирилган исённи қўллаб-қувватлаганликда айблайдилар.

Абдулложонов Тожикистондаги беш йиллик фуқаролар урушининг бошларида, яъни 1992-1993 йилларда мамлакат бош вазири лавозимини эгаллаган, кейин эса икки йил Тожикистоннинг Россиядаги элчиси бўлиб ишлаган.

1994 йили у президентликка номзодини қўйган, бироқ мағлуб бўлгач, Тожикистонни тарк этган. 1997 йилда қидирувга берилганидан кейин у бир йил ўтгач, АҚШга кўчиб кетган.

Озодлик радиоси тожик хизмати маълумотига кўра, Абдулложонов АҚШнинг грин-картасига эга.

Москвада юздан зиёд фаррош қўлга олинди

Россия пойтахти Москвада ноқонуний фаолият юритаётган 100 дан зиёд фаррош ушланди.

Россия Федерал миграция хизмати вакили Залина Корниловага кўра, асосан марказий осиёликлардан иборат бўлган 107 кишидан 33 нафари миграция қонунларини бузгани учун ватанига депортация қилинади. Қолган 74 кишининг эса Россияда юриш муддати қисқартирилиши айтилмоқда.

Шу йилнинг январ ойида Россия президенти Владимир Путин Давлат думасига Москвада муҳожирларни рўйхатга олиш устидан назоратни кучайтириш тўғрисида қонун лойиҳасини таклиф қилганди.

Суриялик исёнчилар Карназ шаҳрини қўлдан бой берди

Сурия қўшинлари исёнчилар билан бўлган 16 кунлик жангдан сўнг пайшанба куни мамлакатнинг марказий қисмида жойлашган Карназ шаҳрида назоратни ўз қўлларига олдилар.

Англиянинг Ковентри шаҳрида ерлашган суриялик ҳуқуқ фаоллари маълумотига мувофиқ, исёнчилар Карназ шаҳрини ўтган йил декабридан буён назорат қилиб келаётгандилар.

Улар армия ва исёнчиларнинг қуролли тўқнашуви чоғида камида 90 киши ҳалок бўлгани, улардан 37 нафари тинч аҳоли вакили, 31 нафари ҳарбийлар ва 24 нафари исёнчилардан бўлганини маълум қилади.

Айни маълумотни Франс-пресс агентлиги ҳам келтирган. Бироқ бу хабарни бошқа мустақил манбалардан тасдиқлатишнинг имкони бўлмаяпти.

Брюсселда ЕИ бюджети муҳокама қилинмоқда

ЕИ саммити иштирокчилари.
Европа мамлакатлари лидерлари Европа Иттифоқи яқин етти йил ичидаги бюджетини муҳокама қилиш учун икки кунга Брюсселга йиғилди.

Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон Брюссел учрашуви ҳақида гапираркан, ўзаро келишувга эришиш бюджет қисқартирилиши маъқулланган тақдирдагина мумкин бўлишини айтди.

Германия канцлери Ангела Меркел турли мамлакатлар турлича позицияда қолишда давом этаётганини билдирди.

Пайшанба куни саммит очилиши ўзаро муроса йўлини қидираётган иштирокчиларнинг икки томонлама музокаралари туфайли бир неча соатга кечикди.

Еврокомиссия томонидан даставвал таклиф қилинган 1 триллион 200 миллиард евролик бюджет ҳозирнинг ўзида 943 миллиард еврога қисқарган.

Доғистонда полициячи отиб кетилди

Пайшанба оқшомида Доғистонда полиция капитани Ёқуб Алимирзуев ўлдириб кетилди. Мазкур воқеа Леваши туманига қарашли Ҳажалмахи қишлоғида содир бўлди.

Қотил участка нозири Алимирзуев ўз уйига кириб кетаётган пайтда унинг орқасидан ўқ узган. Полициячи касалхонага олиб кетилаётган пайтда жон берган.

Интерфакс агентлигининг Доғистон полицияси маълумотларига таянган ҳолда хабар қилишича, ҳодиса юзасидан тергов бошланган, жиноятчи қидирилмоқда.

Тунисда намойишчилар полициячилар билан тўқнашди

Туниснинг Гафса шаҳрида ҳукумат биноси олдида аксил-исломчи намойишчилар полиция билан тўқнашди.

Намойишчилар полицияга қарата Молотов коктейлини ирғитди, бунга жавобан полиция кўз ёшини оқизувчи газ қўллади. Норозилар чоршанба куни пойтахт Тунисда ўлдириб кетилган мухолифат етакчиси Чокри Белайдни хотирлаш тадбирига чиқди.

Дунёвий сиёсатчи бўлган Белайд иқтидордаги Эннаҳда мўътадил исломчи партиясининг ашаддий танқидчиси эди. Унинг ўлдирилиши Тунис, Сиди Боузид ва бошқа шаҳарларда намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашувларга сабаб бўлди.

Сиди Боузид шаҳри 2011 йил бошида президент Зайн ул-Обидин Бен Алини ҳокимиятдан ағдарган Жасмин инқилобининг бешиги ҳисобланади.

Суиқасддан кейин Тунис Бош вазири Ҳамади Жебалий ҳукуматни тарқатиб юбориб, технократлардан иборат кабинет тузишини эълон қилди. Жабалийнинг бу баёноти унинг партияси вакиллари томонидан танқид қилинди.

Аҳмадийнажод Эрон билан Мисрни ўртасида стратегик иттифоқчилик тузишга чақирди

Миср Президенти Муҳаммад Мурсий сешанба куни Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажодни тантана билан кутиб олди.
Президент Маҳмуд Аҳмадийнажод Мисрни Эрон билан стратегик иттифоқчилик тузишга чақирди. Аҳмадийнажод ташқи кучларни икки мамлакатнинг бирлашишига тўсқинлик қилаётгналикда айблади.

Аҳмадийнажод бу ҳақда чоршанба куни Қоҳирида гапирди. У кейинги 30 йилдан ортиқроқ вақт ичида Мисрга сафар қилган Эроннинг илк раҳбари бўлди.

Икки давлат 1979 йилда Эронда Исломий инқилоб рўй берган пайтда ва Миср Исроил билан тинчлик келишувини имзолаши ортидан алоқаларни узган эди.

Шунингдек, Қоҳирга сафар қилаётган Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий Теҳрон мисрлик савдогар ва сайёҳлар учун визани бекор қилишини эълон қилди.

Мисрнинг давлатга қарашли MENA хабар агентлиги Солиҳийнинг икки мамлакат ўртасидаги алоқалар “кундан кунга” яхшиланмоқда, деган баёнотидан иқтибос келтирмоқда.

Миср Президенти Муҳаммад Мурсий сешанба куни Исломий давлатлар конференцияси саммитига келган Аҳмадийнажодни тантана билан кутиб олди.

Озарбайжон фазога сунъий йўлдош учирмоқчи

Жума куни Озарбайжоннинг илк сунъий йўлдоши Ер орбитасига учирилади.

Озарбайжон Ахборот ва коммуникация технологиялари вазирлигининг пайшанба куни маълум қилишича, Azerspace-1/Africasat-1a номли сунъий йўлдош Франция Гвианасидаги фазо марказидан учирилади.

Озарбайжон учирган сунъйи йўлдош Малайзияга қарашли MEASAT Satellite Systems ширкати бошқарадиган орбитал йўлакка жойлаштирилиши айтилмоқда.

Сунъий йўлдош Шарқий Европа, Кавказ, Марказий Осиё ва Шимолий Африка минтақаларига телекоммуникацион хизматларни кўрсатади.

Azerspace-/Africasat-1a сателлити АҚШнинг Orbital Sciences Corporation ширкати томонидан қурилган бўлиб, дигитал алоқа, Интернет алоқаси, маълумотларни ўтказиш ва ҳукумат алоқа тизимлари учун мўлжалланган.

Озарбайжон иккинчи сунъий йўлдошни 2016 йилда учиришни режалаштираётганини айтмоқда.

Дамашқдаги жангларда 60дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Суриялик фаолларнинг маълум қилишича, пойтахтда исёнчилар ва президент Башар ал-Ассад тарафдорлари ўртасида икки кундан бери давом этаётган жангларда ўнлаб одам ҳалок бўлган.

Чоршанба куни исёнчилар Дамашқ ва унинг атрофида ҳукумат кучларининг бир нечта позициясига ҳужум бошлади. Исёнчилар ўзлари қўлга киритган аксил-ҳаво ракеталари, гранатомётлар ва зирҳли машиналар билан қуролланган.

Бунга жавобан Дамашқ марказидаги тепаликка жойлашган ҳукумат кучлари пайшанба куни оғир артиллерия ва ракеталар билан исёнчилар истеҳкоми бўлган Жобар, Замалка ва Ҳожар ал-Асвад мавзеларини ўққа тутди.

Маркази Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилотига кўра, жанглар оқибатида чоршанба куни 60 дан ошиқ одам, жумладан 21 тинч фуқаро ва 32 исёнчи ҳалок бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG