Линклар

Шошилинч хабар
24 август 2019, Тошкент вақти: 00:57

Халқаро янгиликлар

Жон Керри Ражаб Тоййиб Эрдўғонга эътироз билдирмоқчи

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.
Исми келтирилмаган АҚШ мулозимига кўра, давлат котиби Жон Керри Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг сионизм “инсониятга қарши жиноят” деган фикрлари юзасидан хавотир билдириш ниятида.

Керрини Римдан Анқарага олиб кетаётган самолёт бортидан гапирган мулозим Эрдўғоннинг баёнотини “ўта ҳақоратли”, дея атаган.

Эрдўғон чоршанба куни Венада БМТ томонидан ўтказилган халқаро анжуманда чиқиш қилиб, исломофобия “худди сионизм, антисемитизм ва фашизм каби” инсониятга қарши жиноят, деб кўрилиши лозим, дея таъкидлади.

Пайшанба куни бунга муносабат билдирган Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяҳу Эрдўғоннинг баёнотини “жоҳил ва ёлғон”, дея атади.

Оқ уй Эрдўғоннинг сўзларини қоралаб, баёнот эълон қилди.

Туркия бир пайтлар мусулмон давлатлар орасида Исроилнинг ягоан иттифоқчиси саналган, лекин кейинги йилларда муносабатлар совуқлашган.

АҚШ жиддий молиявий муаммога юзма-юз келди

Бугун Қўшма Шталар давлат бюджети 85 миллиард долларга қисқартирилишини кўзда тутадиган қонун кучга кириши мумкин. Лекин президент Барака Обама мазкур қонунни имзолаш олдини олиш учун сўнгги дақиқагача кутишга қарор қилди.

Оқ уй маъмурияти ва Конгрессдаги Республикачилар партияси вакиллари ўртасида АҚШнинг 11,7 триллион долларга тенг қарзи юзасидан муросага эришилмагани боис, секвестр деб аталадиган жараён ҳаракатга келтирилиши эҳтимоли юқори бўлиб қолмоқда.

Бюджет қисқартируви икки йил аввал қабул қилинган қонун шартларидан биридир ва демократлар ва республикачилар бу масалада муросага эриша олмаса, жиддий оқибатлари бўлиши мумкин.

Секвестр 1 март билан 1 октябр оралиғида мамлакатдаги идоралар бюджети 5 фоиз АҚШ Мудофаа вазирлиги бюджети 8 фоизга қисқартирилишини назарда тутади.

Оқ уй матбуот вакили Жэй Карни президент Барак Обама бу қонунни сўнгги дақиқагача, яъни Вашингтон вақти билан соат 23:59 дақиқа 59 сониягача имзоламасликка қарор қилганини маълум қилди.

Мадуро: Уго Чавес ҳаёти учун курашмоқда

Кубада бир неча ой давомида саратон хасталигидан даволанган президент Уго Чавес ўтган ойда Венесуэлага қайтариб олиб келинди.
Венесуэла Президенти Уго Чавес "ҳаёти учун курашмоқда". Бу ҳақда мамлакат вице-президенти Николас Мадуро маълум қилди.

Пайшанба куни давлат телевидениесида чиқиш қилган Жаноб Мадурога кўра, Чавеснинг аҳволи "ниҳоятда оғир". Кубада бир неча ой давомида саратон хасталигидан даволанган президент Уго Чавес ўтган ойда Венесуэлага қайтариб олиб келинди.

У декабр ойидан буён жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ. Янги йилдан сўнг жаноб Чавес саломатлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганди.

Венесуэла расмийларига кўра, жарроҳлик амалиётидан кейин Уго Чавес аҳволи оғирлашишига ўткир ўпка инфекцияси сабаб бўлган.

Чавес ўтган йилнинг октябрида президент иккинчи муддатга президент этиб сайланган эди. Уни қасамёдга келтириш маросими январ ойига белгиланган, лекин соғлиғи туфайли қолдирилган эди.

Халқаро трибунал собиқ генерални оқлади

Ҳаага халқаро трибунали пайшанба куни Югаславия армияси бош штабининг собиқ бошлиғи генерал Момчило Перишични оқлади.

2011 йилда 68 ёшли Перишич Хорватия ва Боснияда 1993-1995 йилларда ҳарбий жиноятлар содир этганликда айбланиб, 27 йилга қамалган эди.

Трибуналнинг апелляция тузилмаси Перишич оғир жиноятлар содир этган Босния ва Хорватия серблари армиясига шахсан кўмак кўрсатгани ҳақида далиллар етарли эмаслигини эълон қилди. Перишич ҳам ўз айбига иқрор бўлган эмас.

Суд Момчило Перишични дарҳол қамоқдан озод қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Бағдоддаги портлашларда камида 22 одам ўлди

Бағдодда 28 феврал куни содир этилган портлашлар оқибатида камида 22 одам ўлгани ва ўнлаб одамлар яралангани айтилмоқда. Портлашлар асосан шиалар яшайдиган мавзеларда содир этилган.

Бағдод шимоли-ғарбида бўлган портлаш энг фожиали бўлгани айтилмоқда. Футбол майдонига яқин ердаги ресторан олдида иккита бомба портлаши оқибатида 15 одам ҳалок бўлган.

Портлашлар учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Қирғизистонда олтин кони юзасидан жиноят иши очилди

Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакатдаги энг йирик «Қумтор» олтин конида коррупция билан боғлиқ иш очди.

"Тазабек" ахборот агентлигининг билдиришича, мазкур конда 1992-2009 йиллари ишлаган ширкатлар билан шартнома имзолаган амалдорлар коррупцияда гумон қилинмоқда. Тахминий айбдорлар рўйхатида собиқ президентлар Аскар Акаев ва Қурманбек Бакиев ҳам бор.

Reuters маълумотида айтилишича, “Қумтор” Қирғизистон ялпи ички маҳсулотининг 12 фоизи ва экспортининг 50 фоизини таъминлайди.

Миллионер Тито Марсга учадиган сайёҳлар учун пул тўламоқчи

Америкалик мулти-миллионер Денис Тито Марсга учириладиган илк сайёҳлар жуфтлиги учун пул тўлашга розилигини билдирди.

72 яшар миллионернинг ўзи 2001 йилда 20 миллион АҚШ доллари тўлаб, фазога учган ҳамда ер юзидаги биринчи фазогир сайёҳ бўлган эди.

Эндиликда у келажак авлодларни фазо сайёҳлигига ундаш учун Марсга илк сайёҳлар парвозига кетадиган ҳаражатни зиммасига олганини айтмоқда.

Унинг режасига кўра, 2018 йилга бориб Марсга йўлланадиган кемада бир аёл ва эркак сайёҳ 501 кунлик саёҳатга йўл олади. Миллионер бунда бир-бири билан яхши яшаган оилавий жуфтлик танланишини афзал кўрмоқда.

Сайёҳлар Марсга учиб боради, аммо қизил сайёрага қўнмасдан яна ортга қайтади.

Ҳозирча Тито бу парвоз учун қанча маблағ сарфланишини айтгани йўқ. Аммо экспертлар тахминича, бу ерда гап 1 ярим миллиарддан 2 миллиард АҚШ долларигача бўлган ҳаражат ҳақида бормоқда.

Жон Керри: АҚШ Сурия мухолифатига ноҳарбий ёрдам беради

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Вашингтон Сурия мухолифатига ноҳарбий ёрдам, шу жумладан озиқ-овқат ва дори-дармон беришини маълум қилди.

Римда бўлган "Сурия дўстлари" учрашувидан сўнг матбуотга сўзлаган Жон Керри Сурияда иқтидордаги президент Башар Ассад режимига қарши курашаётган мухолиф кучлар коалициясига 60 миллион АҚШ доллари ҳам берилишини айтди.

- АҚШ ва учрашувга вакилларини юборган барча давлатлар Сурия мухолифатининг ҳокимиятни тинч йўл билан алмаштиришга эришиш йўлидан муваффақиятли бора олишига ишонади. Лекин, улар ёлғиз ҳолда бунинг уддасидан чиқа олмайди. Уларга бизнинг ёрдамимиз зарур. Шу орқали Башар Ассаднинг қарорини ўзгартиришга эришиш зарурдир, деди АҚШ Давлат котиби.

Римдаги учрашувда АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда Сурия мухолифати коалицияси етакчилари қатнашди.

Бенедикт XVI сўнгсўзида кардиналларни иттифоқликка чақирди

Рим Папаси Бенедикт XVI Католик черковига ундан кейин етакчилик қиладиган издошига сўзсиз итоат этишни ваъда қилди.

Пайшанба куни Ватиканда кардиналлар билан хайрлашган Бенедикт черков етакчиларини кейинги папани "иттифоқлик билан" сайлашга чақирди.

Бенедикт пайшанба куни маҳаллий вақт билан кечки соат 8 да истеъфо берди ва черковнинг 600 йиллик тарихида ўз ихтиёри билан папаликдан воз кечган илк руҳоний бўлди.

У истеъфо сабабини соғлиги оғирлашгани билан изоҳлаган. Аммо, матбуотда черков раҳбарлари орасида "бесоқолбозлик"ни қувватловчи гуруҳ борлигига оид иддаолар унинг папаликдан кетишига сабаб бўлгани айтилмоқда.

Истеъфодан кейин 85 яшар Бенедикт "фахрий папа" мақомини олади ва Рим ташқарисидаги ёзги резиденцияда қолади.

Ватикан кардиналларининг кейинги папани март ойи охирида сайлаши кутилмоқда. Кардиналлар сайлови яширин тарзда бўлиб ўтади.

Римда "Сурия дўстлари" гуруҳининг учрашуви бошланади

Римда АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳукуматлари вакилларидан иборат "Сурия дўстлари" гуруҳининг учрашуви бошланмоқда.

Тадбир олдидан АҚШ Давлат котиби Жон Керри Сурия мухолифати етакчиси Моаз ал-Ҳатиб билан учрашди.

Рим учрашуви жараёнида "Сурия дўстлари" гуруҳининг президент Башар Ассад қўшинларига қарши курашаётган мухолифатчиларга қўшимча ноҳарбий ёрдамни таклиф қилиши кутилмоқда.

Ал-Ҳатиб етакчилигидаги Сурия мухолифати коалицияси, дастлаб бу учрашувда иштирок этиш таклифини рад этган эди. Аммо, АҚШ Давлат котиби Жон Керри аралашувидан сўнг улар тадбирда иштирок этишга рози бўлдилар.

Уларни рози бўлишга ундаган жиҳатлар Рим музокаралари чоғида янада ойдинлашиши кутилмоқда.

Блейк: Айни дамда Марказий Осиёда исломчи жангарилар таҳдид хавфи йўқ

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк чоршанба куни Конгресс қўмитасида чиқиш қилди.

Унда Блейк Марказий Осиё мамлакатларида айни дамда исломчи жанггарилар таҳдид хавфи йўқлиги, бироқ Ўзбекистон Исломий Ҳаракати минтақада ўз таъсирини кенгайтириш ва кенг ёйилиш учун қулай имкониятлар излаётганини билдирди.

Намоёндалар палатаси қошидаги Ташқи ишлар қўмитасида чиқиш қилган Роберт Блейк минтақа мамлакатлари радикализмга олиб келиши ва ҳудуддаги АҚШ манфаатларига дахл солиши мумкин бўлган муаммолар олдида турганини айтди.

Марказий Осиё давлатлари билан терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилиб келинаётганини айтган Блейк АҚШ ҳукумати минтақа раҳбарларини демократик ва инсон ҳуқуқларига оид ислоҳотларни амалга оширишга ундашда давом этишини билдирди.

Керри: АҚШ Суриядаги сиёсий ўтишни тезлатиш йўлларини изламоқда

АҚШ Давлат котиби Жон Керри АҚШ ва Франция Суриядаги сиёсий ўтиш жараёнини имкон қадар тезлаштириш йўлларини излаётганини билдирди.

Париждан туриб чиқиш қилган Керри Францияда президент Франсуа Олланд ва Ташқи ишлар вазири Лорен Фабиус билан учрашди.

Чоршанба куни уюштирилган матбуот йиғинида АҚШ Давлат котиби бу масала пайшанба куни Римда ўтадиган “Сурия дўстлари” гуруҳи конференциясида муҳокама қилинишини айтди.

Халқаро конференцияда қатор мамлакатлар вакиллари Суриянинг йирик мухолиф гуруҳи - Сурия Миллий Коалицияси раҳбарлари билан мамлакатда икки йилдан бери давом этаётган тўқнашувларга нуқта қўйиш истиқболларини муҳокама этади.

Чеченистон раҳбари чанғи курорти қуришни бошлади

Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров мамлакатдаги илк чанғи курорти қурилишини бошлаб берди.

Иншоотнинг қурлишини "йирик иқтисодий ва сиёсий воқеа", деб атаган Чеченистон раҳбари унинг 3 йил ичида барпо этилажагини айтди.

"Вердучи" деб аталадиган курортда 19 та чанғи учиш йўлаги, бир неча халқаро стандартлардаги йирик меҳмонхона ва замонавий типдаги ёғоч уйларни қуриш режалаштирилган.

Курорт учун денгиз сатҳидан 3 ярим минг километр баландликдаги қори эримайдиган тоғли ҳудуддан 46 километр квадрат майдон ажратилган.

Унинг қурлиши учун 500 миллион АҚШ доллари қийматида маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Франция президенти Франсуа Олланд Россияга сафар қилмоқда

Франция президенти Франсуа Олланд Россияга илк сафарини амалга оширмоқда.

Кремл матбуот хизматидан олинган хабарга кўра, чоршанба куни Олланд президент Владимир Путин билан учрашади.

Учрашувда икки томонлама алоқалар, савдо, энергетика ва сармояга оид масалалар билан бирга инновацион технологиялар масаласидаги ҳамкорлик ҳам муҳокама этилиши айтилди.

Ушбу учрашувда, шунингдек француз ҳарбийларининг Малида исломий жанггари гуруҳларга қарши олиб бораётган амалиётлари ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Франсуа Олланднинг Москва сафари пайшанба куни ҳам давом этади.

Бенедикт XVI Ватиканда мухлислари билан хайрлашди

27 феврал куни Рим папаси Бенедикт XVI билан сўнгги бор кўришиш учун Ватикан марказидаги Муқаддас Пётр майдонига 50 мингга яқин одам йиғилди.

Рутбасини тарк этаётган Рим папаси оқ либосда майдонга келди ва оломон орасидан popemobile - кичик очиқ автомобилда ўтаркан, мухлисларига яқиндан кўриниш берди. Унинг қўлига берилган ёш болалар, чақалоқларни пешонасидан ўпиб, дуо қилди.

Ватикан шаҳар маъмурияти кун давомида папа билан хайрлашиш учун 200 мингга яқин одам келиши кутилганини айтган.

Пайшанба куни Бенедикт XVI расман папаликдан истеъфо беради ва католик черковининг кейинги 600 йиллик тарихида рутбадан ўз ихтиёри билан воз кечган илк папа бўлади.

85 ёшга кирган папа истеъфо сабабларини соғлиги оғирлашгани билан изоҳлаган.

Аммо, халқаро ахборот воситаларида Ватикан руҳонийлари орасида "бесоқолбозлик"ни қўллаган ички лоббичилар гуруҳи борлигига оид иддаолар Бенедикт XVIнинг кетишига асл сабаб экани ҳақидаги мақолалар чоп этилмоқда.

Теҳрон: Бу галги таклифлар нисбатан амалий бўлди

Эрон ядровий дастурига оид дунёнинг олти йирик давлати ва Теҳрон расмийлари ўртасида бўлган Олмота музокаралари яна мавҳум натижа билан якунланди.

Чоршанба кунги икки соатлик сўзлашувлар бўйича берилган брифингда томонлар ўртага ташланган таклифлар юзасидан музокараларни шу йилнинг апрел ойида давом эттиришга келишгани маълум қилинди.

Навбатдаги музокаралар ҳам Олмота шаҳрида бўлиб ўтади.

Эрон музокарачиси Саид Жалилий ғарб давлатлари - АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Буюк Британия, Франция ҳукуматлари томонидан таклиф қилинган имтиёзлар бу гал "нисбатан амалий" бўлганини айтди.

Аммо, имтиёзлар нимадан иборат экани ҳақида матбуотга ҳозирча аниқ маълумот берилмади.

Ғарб давлатлари номидан музокараларга бошчилик қилган Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича комиссари Кэтрин Эштон апрел музокараларида Эрон томонидан ижобий жавоб бўлишига умид билдирди.

Эл-Класико: "Реал" Испания кубоги финалида

Мадриднинг “Реал” футбол клуби сешанба куни Испания кубоги ярим финали жавоб учрашувида “Барселона” клуби устидан меҳмонда 1:3 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шундай қилиб, “Реал” мусобақа финалига йўлланмани қўлга киритди.

Учрашувдаги ҳисобни 13-дақиқада пеналтидан Криштиану Роналду очиб берди. 57-дақиқада Роналду ўйиндаги иккинчи голни киритди.

“Барселона” дарвозасига киритилган учинчи голни 68-дақиқада “Реал” ҳимоячиси Рафаэл Варан ўз ҳисобига ёзиб қўйди.

“Барселона”нинг "престиж голи"га 89-дақиқада Хорди Алба муаллифлик қилди.

Мадридда ўтган ярим финал дастлабки учрашувида 1:1 ҳисоби қайд этилган эди.

Испания кубоги ярим финалининг иккинчи жуфтлигида беллашаётган “Атлетико” ва “Севиля” жамоалари бугун, 27 феврал куни беллашади.

Чак Ҳейгел АҚШ Мудофаа вазири этиб тайинланди

АҚШ Сенати мамлакат Мудофаа вазири лавозимига кўрсатилган Чак Ҳейгел номзодини маъқуллади.

Сешанба куни ўтказилган овоз бериш тадбирида Ҳейгелни 57 сенатор қўллаган, 41 сенатор унинг номзодига қарши чиққан.

Аввалроқ республикачи сенаторларнинг баъзилари Ҳейгелни Эронга ён босишликда ва Исроил тарафдорларини танқид қилишда айблаб, унинг номзодига қарши чиқишган эди.

66 ёшли Чак Ҳейгел Мудофаа вазири лавозимида сўнгги тўрт йил фаолият кўрсатган Леон Панетта ўрнини эгаллайди.

Ҳейгел Небраска штатидан собиқ республикачи сенатор ва Ветнам уруши фахрийсидир.

Эрон ядровий дастури юзасидан учрашувлар давом этади

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Эрон ядровий дастури юзасидан ўтказилаётган учрашувлар чоршанба куни давом этади.

Сешанба кунги музокаларда аниқ натижага эришилмагани айтилмоқда.

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсати бўйича мулозими Кэтрин Эштон матбуот котиби Майкл Манн учрашувларни “фойдали” эканини, бироқ уларда жиддий келишувга эришилишини кутмаётганини айтди.

Эрон билан келишувга эришишга уринаётган 6 йирик давлат — АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия, Хитой ва Германия расмийлари ҳозир Олмаотада музокаралар олиб бормоқда.

Бунга қадар Эрон ядровий тадқиқотларини тўхтатишга эришиш ниятида ўтказилган оҳирги музокаралар 9 ой муқаддам Москвада бўлган ва натижасиз якунланган эди.

Ғарб ҳукуматлари Эроннинг ядровий дастури атом қуроли яратишга йўналтирилгани борасида ҳавотир билдириб, Ислом Республикасига нисбатан қатор санкцияларни жорий этган.

Эрон ўз атомий дастурининг ҳарбий томони йўқлигини ва фақат тинч мақсадларни кўзлашини урғулаб келади.

Адвокат: Шаттолар оиласи асранди бола ўлимида айбдор эмас

АҚШнинг Техас штатида ҳалок бўлган россиялик асранди бола ота-онасининг адвокати унинг мижозлари болакай ўлимида айбдор эмаслигини билдирди.

Маҳаллий “Odessa American” нашрига интервю берган адвокат Майкл Браун Шаттолар оиласи болани ўлдирганига ишора этувчи ҳеч қандай далил йўқлигини айтди.

Адвокатга кўра, унинг мижозларига номаълум шахслар телефон қилишиб, уларни “бола қотили” дея аташмоқда.

21 январ куни АҚШнинг Техас штатидаги Гардендейл шаҳрида Россиядан асраб олинган уч яшар Макс Шатто (туғилганидаги исми Максим Кузмин) номаълум сабабларга кўра оламдан ўтганди.

Россиялик айрим расмийлар болакайнинг америкалик онаси Лора Шаттони “қотиллик”да айблашмоқда.

АҚШ Давлат департаменти расмийлари эса ҳулоса ясашга эрта эканини айтишмоқда.

Ўтган йилнинг декабр ойида Россия ҳукумати россиялик болаларнинг АҚШ фуқаролари томонидан асраб олинишини тақиқловчи қонун қабул қилган эди.

Қозоғистонда "Таблиғи жамоат" ҳаракати тақиқланди

Остона суди Қозоғистон ҳудудида "Таблиғи жамоат" халқаро исломий гуруҳи фаолиятини тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди.

Қозоғистон Бош прокуратурасининг сешанба куни маълум қилишича, экстремистик ташкилот, деб топилган бу гуруҳнинг бундан буён мамлакатдаги ҳар қандай ҳаракати ноқонуний ҳисобланади.

Аммо, прокуратура мулозимлари гуруҳнинг айнан қайси ғоялари экстремистик, деб топилгани ҳақида бирор маълумот бермади.

"Таблиғи жамоат" ҳаракати 1926 йилда Ҳиндистонда пайдо бўлган ва унинг асл ғояси "эътиқодни ёйиш"дир.

Бу гуруҳ ҳаракатлари Россия, Тожикистон, Ўзбекистонда тақиқланган. Хусусан, ўтган йили Тожикистонда бу ҳаракатга аъзоликда айбланган бир неча фуқаро 3 йилдан 5 йилга қадар озодликдан маҳрум этилган.

ЕИ: Олмота учрашувидан жиддий натижа кутилаётгани йўқ

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича мулозими Катрин Эштон дунёнинг йирик давлатлари Эрон ядровий дастури бўйича Олмотада бораётган учрашувда жиддий келишувга эришилишини кутмаётганини айтди.

Сешанба куни бошланган учрашувлар оралиғида бўлган илк матбуот анжуманида ЕИ мулозими Майкл Манн шу мазмунда баёнот берди.

Эрон билан келишувга эришишга уринаётган 6 йирик давлат — АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия, Хитой ва Германия расмийлари ҳозир Олмотада музокаралар олиб бормоқда.

Бунга қадар Эрон ядровий тадқиқотларини тўхтатишга эришиш ниятида ўтказилган охирги музокаралар 9 ой муқаддам Москвада бўлган ва натижасиз якунланган эди.

Олмота учрашувлари чоршанба куни ҳам давом этади.

Литвиненко ўлимига оид далилларни сир сақлаш бўйича текширув бўлади

Александр Литвиненко.
Британиялик терговчилар россиялик диссидент Александр Литвиненко ўлими бўйича айрим даллилларни сир сақлашга оид ҳукумат томонидан киритилган сўровни кўриб чиқадилар.

Собиқ рус диссиденти ва жосуси Литвиненко 2006 йилда полониумдан заҳарланиб, Лондонда ўлган эди.

Унинг ўлимига оид айрим деталларни сир сақлаш ҳақидаги ҳукумат сўрови қатор ахборот воситалари, жумладан BBC, The Independent ва The Guardian нашрлари томонидан танқид қилинди.

The Independent тахминига кўра, Буюк Британия ҳукумати сир сақланишини истаётган далиллар орасида Литвиненконинг Британия разведкаси билан ҳамкорлигига оид тафсилотлар ҳам бўлиши мумкин.

Ҳукумат талаби бўйича терговчилар суриштируви шу йилнинг май ойида бошланади ва унда шунингдек, Литвиненко ўлимига алоқадорликда гумон қилинган Россия фуқаролари — Андрей Луговой ва Дмитрий Ковтунларга нисбатан илгари сурилган айбловлар ҳам текширилади.

Россия бу икки шахсни Буюк Британияга экстардиция қилиш талабини рад этган.

Мирсда ҳаво шарида учаётган 19 киши нобуд бўлди

Мисрнинг қадимий Луксор шаҳрида осмонга кўтарилган ҳаво шари ёрилиб кетиб, 19 киши нобуд бўлди.

Миср расмийларига кўра, ҳаво шари бошқарувчиси ва бир йўловчи омон қолган, аммо уларнинг аҳволи қандай экани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Ҳаво шаридаги парвозларни уюштирувчи ширкат ва хавфсизлик хизмати ходимлари йўловчилар 300 метр баландликда парвоз қилаётган вақтда ҳаво шарига ўрнатилган газ балони портлаб кетганини айтмоқда.

Хабарларга кўра, саёҳатчилар орасида Япония, Франция ва Буюк Британиядан борган сайёҳлар бўлган.

Луксорда ҳаво шарида саёҳат қилиш жуда урф бўлган ва саёҳатчилар саҳро бағридаги яшил водийда жойлашган "Қироллар водийси" каби тарихий обидаларни 300 метргача бўлган баландликдан томоша қилишни хуш кўрадилар.

Покистондаги портлашда икки киши ҳалок бўлди

Покистон жанубидаги Синдх вилоятида юз берган портлашда икки киши ҳалок бўлди, камида 10 киши жароҳат олди.

Душнаба куни рўй берган портлаш Шикарпур шаҳридаги зиёратчилар тўпланган Шох Лахи Ғулом сўфий мақбараси ёнида рўй бергани айтилмоқда.

Ҳозирча портлаш масъулиятини ҳеч қайси тараф ўз зиммасига олгани йўқ.

Кузатувчилар ҳудудда сўфийларга нисбатан ҳужумлар кўпайганини айтишмоқда.

Ўтган ҳафта ҳудуддаги таниқли сўфий олимга уюштирилган бомба ҳужумида олимнинг набираси ҳалок бўлган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG