Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:33

Халқаро янгиликлар

Михаил Горбачёв бугун 82 ёшга тўлди

Собиқ Совет Иттифоқининг биринчи ва оҳирги президенти, қайта қуриш ва ошкоралик меъмори Михаил Горбачёв бугун 82 ёшга тўлди.

Россия президенти Владимир Путин бугун Горбачёвни туғилган куни билан қутлар экан, замонавий рус жамиятини барпо этишда қўшган ҳиссаси учун унга миннатдорчилик билдирди.

Кузатувчилар, 20-асрнинг тарихий воқеалари - совуқ урушнинг тугаши, темир парданинг олиб ташланиши ҳамда Афғонистондан Совет қўшинларининг олиб чиқилишида Горбачёв хизмати борлигини урғулашади.

Москвада болалар ҳимоясига марш ўтказилди

Бугун Москвада болалар ҳимоясига ўтказилган маршда 12 минг одам қатнашди.

Марш қатнашчилари россиялик болаларнинг хорижликлар тарафидан асраб олинишига қарши эканликларини билдиришди.

Улар қўлларига “Кирил биз сен билан” деган ёзувли боғич боғлаб юриш қилдирлар. Кирил Шатто бир ой аввал Техасда вафот этган Макс Шаттонинг укасидир.

Феврал ойи оҳирларида АҚШнинг Техас штатидаги Гардендейл шаҳрида Россиядан асраб олинган уч яшар Макс Шатто ўлими сабабларини ўрганган америкалик терговчилар бола бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлган деган ҳулосага келганлар.

Россиялик айрим расмийлар эса асраб олинган бола “шавқатсизлик” қурбони бўлганини иддао этишмоқда ва уни асраб олган америкалик онаси Лора Шаттони “қотиллик”да айблашган.

Туғилганидаги исми Максим Кузмин бўлган Макс ва унинг икки яшар укаси Кирил Техаснинг Эктор округидаги Гардендейл шаҳрига уч ойча аввал келишган эди.

Улар ўтган йил кузида Россиянинг Псков вилоятидаги болалар уйидан америкалик Алан ва Лора Шаттолар тарафидан асраб олингандилар.

Ўтган йилнинг декабр ойида эса Россияда мамлакат болаларнинг АҚШ фуқаролари томонидан асраб олинишини тақиқловчи қонун қабул қилинди.

Макс Шатто бахтсиз ҳодиса натижасида ҳалок бўлган

Техасда россиялик асранди бола бахтсиз ҳодиса натижасида ҳалок бўлган.

Феврал ойи оҳирларида АҚШнинг Техас штатидаги Гардендейл шаҳрида Россиядан асраб олинган уч яшар Макс Шатто ўлими борасида америкалик терговчилар текширув ўтказиб шундай хулосага келганлар.

Россиялик айрим расмийлар асраб олинган бола “шавқатсизлик” қурбони бўлганини иддао этишган ва уни асраб олган америкалик онаси Лора Шаттони “қотиллик”да айблашганди.

Туғилганидаги исми Максим Кузмин бўлган Макс ва унинг икки яшар укаси Кирил Техаснинг Эктор округидаги Гардендейл шаҳрига уч ойча аввал келишган эди.

Улар ўтган йил кузида Россиянинг Псков вилоятидаги болалар уйидан америкалик Алан ва Лора Шаттолар тарафидан асраб олингандилар.

Ўтган йилнинг декабр ойида эса Россияда мамлакат болаларнинг АҚШ фуқаролари томонидан асраб олинишини тақиқловчи қонун қабул қилинди.

Чавесга кимёвий муолажа қилинмоқда

Венесуэла президенти оғир касал эканига қарамай ўзини анча тетик хис этмоқда. Бу ҳақда мамлакат вице-президенти Николас Мадуро маълум қилди.

Жаноб Мадуронинг таъкидича, ҳозир Чавесга кимёвий муолажа қилинмоқда.Ўз баёнотида Мадуро шунингдек, Чавеснинг аллақачон вафот этгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди.

У хориждаги венесуэлалик мухолифатчиларни бўхтон тарқатиб, мамлакатдаги вазиятни издан чиқаришга уринаётганликда айблади.

Россия Сурияга қурол сотиш шартномасини бажармоқда

Россия Сурия билан аввал келишилган қурол етказиб бериш тўғрисидаги шартномаларни бажармоқда. Бу ҳақда Россия ҳарбий техник ҳамкорлик хизмати раҳбари Александр Фомин маълум қилди.

Унга кўра, Сурия АҚШ ва Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари томонидан қамал қилинаётгани боис қуролларнинг асосий қисми манзилига етиб бормаяпти, йўлда россиялик ҳарбийлар ва денгизчилар ҳибс қилинмоқда.

Жума куни Россия Ташқи ишлар вазири расмийси Александр Лукашевич “Сурия дўстлари”нинг Рим йиғинида қабул қилинган қарорни Москва экстремистларни ҳамда Сурияда ҳокимиятни зўравонлик билан босиб олишни қўллаб қувватлаш сифатида баҳолашини билдирган эди.

Европа ва бир қатор араб давлатларидан иборат бўлган “Сурия дўстлари" Сурия мухолифатига бериладиган ноҳарбий ва ҳарбий ёрдам миқдорини кўпайтириш ҳақида қарор қабул қилган. Йиғинда, шунингдек, Сурия президенти Башар Асадга қурол етказиб бериш қораланган эди.

Обама тежамкорлик жараёни осон бўлмаслигидан огоҳлантирди

АҚШ президенти Барак Обама 1 мартдан кучга кирган федерал бюджет маблағларини тежаш дастури жуда оғриқли кечиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Обама жума куни Конгресс лидерлари билан тежамкорлик дастури оқибатларини муҳокама қилди. Дастурга биноан жорий йилнинг 1 октябригача 85 миллиард доллар тежаб қолиниши шарт. Бунинг учун эса барча давлат ташкилотлари бюджети 5 фоизга, Пентагон бюджети эса 8 фоизга қисқартирилиши керак бўлади.

Тежамкорлик дастури демократлар ҳукумати ва Конгрессдаги республикачи кўпчилик 11 триллион 700 миллард долларлик бюджет камомадини қисқартириш йўллари борасида келиша олмагани туфайли амалга киритилди.

Россия Қирғизистонга ҳарбий ёрдам рўйхатини ўрганмоқда

Россия Қирғизистонга ёрдам сифатида бериладиган ҳарбий-техника рўйхатини аниқламоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши маълумот берди.

Хабарда айтилишича, Қирғизистон томони ҳарбий ёрдам сўраб тузилган рўйхатни Россияга жўнатган.

Россиядаги “Новости” агентлигининг Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Бусурманкул Табалдиевга таяниб хабар беришича, расмий Бишкек Кремлдан артилерия, танк каби оғир ҳарбий техника берилишини илтимос қилган.

Россия Қирғизистонга ҳарбий ёрдам кўрсатиши ҳақида ўтган йилнинг сентябр ойида президент Владимир Путиннинг Бишкекка расмий сафари чоғида келишилган эди.

Тожикистон ХСТга аъзо бўлди

Тожикстон расман Халқаро Савдо ташкилоти аъзоси мақомига эга бўлди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 12 йиллик сўзлашувлардан сўнг Тожикистон ниҳоят кутилган натижага эришган ва ташкилот аъзолигага қабул қилинган.

Халқаро савдо ташкилоти Тожикистонни аъзоликка қабул қилиш ҳақида ўтган йилнинг декабр ойида қарор қабул қилган. Мазкур қарорда Тожикистоннинг Халқаро савдо ташкилотидаги расмий аъзолиги 2013 йилнинг 2 мартидан бошланиши белгиланган эди.

Тожикистон Халқаро савдо ташкилотига аъзо бўлган 159-давлат ҳисобланади.

Жон Керри Ражаб Тоййиб Эрдўғонга эътироз билдирмоқчи

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.
Исми келтирилмаган АҚШ мулозимига кўра, давлат котиби Жон Керри Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг сионизм “инсониятга қарши жиноят” деган фикрлари юзасидан хавотир билдириш ниятида.

Керрини Римдан Анқарага олиб кетаётган самолёт бортидан гапирган мулозим Эрдўғоннинг баёнотини “ўта ҳақоратли”, дея атаган.

Эрдўғон чоршанба куни Венада БМТ томонидан ўтказилган халқаро анжуманда чиқиш қилиб, исломофобия “худди сионизм, антисемитизм ва фашизм каби” инсониятга қарши жиноят, деб кўрилиши лозим, дея таъкидлади.

Пайшанба куни бунга муносабат билдирган Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяҳу Эрдўғоннинг баёнотини “жоҳил ва ёлғон”, дея атади.

Оқ уй Эрдўғоннинг сўзларини қоралаб, баёнот эълон қилди.

Туркия бир пайтлар мусулмон давлатлар орасида Исроилнинг ягоан иттифоқчиси саналган, лекин кейинги йилларда муносабатлар совуқлашган.

АҚШ жиддий молиявий муаммога юзма-юз келди

Бугун Қўшма Шталар давлат бюджети 85 миллиард долларга қисқартирилишини кўзда тутадиган қонун кучга кириши мумкин. Лекин президент Барака Обама мазкур қонунни имзолаш олдини олиш учун сўнгги дақиқагача кутишга қарор қилди.

Оқ уй маъмурияти ва Конгрессдаги Республикачилар партияси вакиллари ўртасида АҚШнинг 11,7 триллион долларга тенг қарзи юзасидан муросага эришилмагани боис, секвестр деб аталадиган жараён ҳаракатга келтирилиши эҳтимоли юқори бўлиб қолмоқда.

Бюджет қисқартируви икки йил аввал қабул қилинган қонун шартларидан биридир ва демократлар ва республикачилар бу масалада муросага эриша олмаса, жиддий оқибатлари бўлиши мумкин.

Секвестр 1 март билан 1 октябр оралиғида мамлакатдаги идоралар бюджети 5 фоиз АҚШ Мудофаа вазирлиги бюджети 8 фоизга қисқартирилишини назарда тутади.

Оқ уй матбуот вакили Жэй Карни президент Барак Обама бу қонунни сўнгги дақиқагача, яъни Вашингтон вақти билан соат 23:59 дақиқа 59 сониягача имзоламасликка қарор қилганини маълум қилди.

Мадуро: Уго Чавес ҳаёти учун курашмоқда

Кубада бир неча ой давомида саратон хасталигидан даволанган президент Уго Чавес ўтган ойда Венесуэлага қайтариб олиб келинди.
Венесуэла Президенти Уго Чавес "ҳаёти учун курашмоқда". Бу ҳақда мамлакат вице-президенти Николас Мадуро маълум қилди.

Пайшанба куни давлат телевидениесида чиқиш қилган Жаноб Мадурога кўра, Чавеснинг аҳволи "ниҳоятда оғир". Кубада бир неча ой давомида саратон хасталигидан даволанган президент Уго Чавес ўтган ойда Венесуэлага қайтариб олиб келинди.

У декабр ойидан буён жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ. Янги йилдан сўнг жаноб Чавес саломатлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганди.

Венесуэла расмийларига кўра, жарроҳлик амалиётидан кейин Уго Чавес аҳволи оғирлашишига ўткир ўпка инфекцияси сабаб бўлган.

Чавес ўтган йилнинг октябрида президент иккинчи муддатга президент этиб сайланган эди. Уни қасамёдга келтириш маросими январ ойига белгиланган, лекин соғлиғи туфайли қолдирилган эди.

Халқаро трибунал собиқ генерални оқлади

Ҳаага халқаро трибунали пайшанба куни Югаславия армияси бош штабининг собиқ бошлиғи генерал Момчило Перишични оқлади.

2011 йилда 68 ёшли Перишич Хорватия ва Боснияда 1993-1995 йилларда ҳарбий жиноятлар содир этганликда айбланиб, 27 йилга қамалган эди.

Трибуналнинг апелляция тузилмаси Перишич оғир жиноятлар содир этган Босния ва Хорватия серблари армиясига шахсан кўмак кўрсатгани ҳақида далиллар етарли эмаслигини эълон қилди. Перишич ҳам ўз айбига иқрор бўлган эмас.

Суд Момчило Перишични дарҳол қамоқдан озод қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Бағдоддаги портлашларда камида 22 одам ўлди

Бағдодда 28 феврал куни содир этилган портлашлар оқибатида камида 22 одам ўлгани ва ўнлаб одамлар яралангани айтилмоқда. Портлашлар асосан шиалар яшайдиган мавзеларда содир этилган.

Бағдод шимоли-ғарбида бўлган портлаш энг фожиали бўлгани айтилмоқда. Футбол майдонига яқин ердаги ресторан олдида иккита бомба портлаши оқибатида 15 одам ҳалок бўлган.

Портлашлар учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Қирғизистонда олтин кони юзасидан жиноят иши очилди

Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакатдаги энг йирик «Қумтор» олтин конида коррупция билан боғлиқ иш очди.

"Тазабек" ахборот агентлигининг билдиришича, мазкур конда 1992-2009 йиллари ишлаган ширкатлар билан шартнома имзолаган амалдорлар коррупцияда гумон қилинмоқда. Тахминий айбдорлар рўйхатида собиқ президентлар Аскар Акаев ва Қурманбек Бакиев ҳам бор.

Reuters маълумотида айтилишича, “Қумтор” Қирғизистон ялпи ички маҳсулотининг 12 фоизи ва экспортининг 50 фоизини таъминлайди.

Миллионер Тито Марсга учадиган сайёҳлар учун пул тўламоқчи

Америкалик мулти-миллионер Денис Тито Марсга учириладиган илк сайёҳлар жуфтлиги учун пул тўлашга розилигини билдирди.

72 яшар миллионернинг ўзи 2001 йилда 20 миллион АҚШ доллари тўлаб, фазога учган ҳамда ер юзидаги биринчи фазогир сайёҳ бўлган эди.

Эндиликда у келажак авлодларни фазо сайёҳлигига ундаш учун Марсга илк сайёҳлар парвозига кетадиган ҳаражатни зиммасига олганини айтмоқда.

Унинг режасига кўра, 2018 йилга бориб Марсга йўлланадиган кемада бир аёл ва эркак сайёҳ 501 кунлик саёҳатга йўл олади. Миллионер бунда бир-бири билан яхши яшаган оилавий жуфтлик танланишини афзал кўрмоқда.

Сайёҳлар Марсга учиб боради, аммо қизил сайёрага қўнмасдан яна ортга қайтади.

Ҳозирча Тито бу парвоз учун қанча маблағ сарфланишини айтгани йўқ. Аммо экспертлар тахминича, бу ерда гап 1 ярим миллиарддан 2 миллиард АҚШ долларигача бўлган ҳаражат ҳақида бормоқда.

Жон Керри: АҚШ Сурия мухолифатига ноҳарбий ёрдам беради

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Вашингтон Сурия мухолифатига ноҳарбий ёрдам, шу жумладан озиқ-овқат ва дори-дармон беришини маълум қилди.

Римда бўлган "Сурия дўстлари" учрашувидан сўнг матбуотга сўзлаган Жон Керри Сурияда иқтидордаги президент Башар Ассад режимига қарши курашаётган мухолиф кучлар коалициясига 60 миллион АҚШ доллари ҳам берилишини айтди.

- АҚШ ва учрашувга вакилларини юборган барча давлатлар Сурия мухолифатининг ҳокимиятни тинч йўл билан алмаштиришга эришиш йўлидан муваффақиятли бора олишига ишонади. Лекин, улар ёлғиз ҳолда бунинг уддасидан чиқа олмайди. Уларга бизнинг ёрдамимиз зарур. Шу орқали Башар Ассаднинг қарорини ўзгартиришга эришиш зарурдир, деди АҚШ Давлат котиби.

Римдаги учрашувда АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда Сурия мухолифати коалицияси етакчилари қатнашди.

Бенедикт XVI сўнгсўзида кардиналларни иттифоқликка чақирди

Рим Папаси Бенедикт XVI Католик черковига ундан кейин етакчилик қиладиган издошига сўзсиз итоат этишни ваъда қилди.

Пайшанба куни Ватиканда кардиналлар билан хайрлашган Бенедикт черков етакчиларини кейинги папани "иттифоқлик билан" сайлашга чақирди.

Бенедикт пайшанба куни маҳаллий вақт билан кечки соат 8 да истеъфо берди ва черковнинг 600 йиллик тарихида ўз ихтиёри билан папаликдан воз кечган илк руҳоний бўлди.

У истеъфо сабабини соғлиги оғирлашгани билан изоҳлаган. Аммо, матбуотда черков раҳбарлари орасида "бесоқолбозлик"ни қувватловчи гуруҳ борлигига оид иддаолар унинг папаликдан кетишига сабаб бўлгани айтилмоқда.

Истеъфодан кейин 85 яшар Бенедикт "фахрий папа" мақомини олади ва Рим ташқарисидаги ёзги резиденцияда қолади.

Ватикан кардиналларининг кейинги папани март ойи охирида сайлаши кутилмоқда. Кардиналлар сайлови яширин тарзда бўлиб ўтади.

Римда "Сурия дўстлари" гуруҳининг учрашуви бошланади

Римда АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳукуматлари вакилларидан иборат "Сурия дўстлари" гуруҳининг учрашуви бошланмоқда.

Тадбир олдидан АҚШ Давлат котиби Жон Керри Сурия мухолифати етакчиси Моаз ал-Ҳатиб билан учрашди.

Рим учрашуви жараёнида "Сурия дўстлари" гуруҳининг президент Башар Ассад қўшинларига қарши курашаётган мухолифатчиларга қўшимча ноҳарбий ёрдамни таклиф қилиши кутилмоқда.

Ал-Ҳатиб етакчилигидаги Сурия мухолифати коалицияси, дастлаб бу учрашувда иштирок этиш таклифини рад этган эди. Аммо, АҚШ Давлат котиби Жон Керри аралашувидан сўнг улар тадбирда иштирок этишга рози бўлдилар.

Уларни рози бўлишга ундаган жиҳатлар Рим музокаралари чоғида янада ойдинлашиши кутилмоқда.

Блейк: Айни дамда Марказий Осиёда исломчи жангарилар таҳдид хавфи йўқ

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк чоршанба куни Конгресс қўмитасида чиқиш қилди.

Унда Блейк Марказий Осиё мамлакатларида айни дамда исломчи жанггарилар таҳдид хавфи йўқлиги, бироқ Ўзбекистон Исломий Ҳаракати минтақада ўз таъсирини кенгайтириш ва кенг ёйилиш учун қулай имкониятлар излаётганини билдирди.

Намоёндалар палатаси қошидаги Ташқи ишлар қўмитасида чиқиш қилган Роберт Блейк минтақа мамлакатлари радикализмга олиб келиши ва ҳудуддаги АҚШ манфаатларига дахл солиши мумкин бўлган муаммолар олдида турганини айтди.

Марказий Осиё давлатлари билан терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилиб келинаётганини айтган Блейк АҚШ ҳукумати минтақа раҳбарларини демократик ва инсон ҳуқуқларига оид ислоҳотларни амалга оширишга ундашда давом этишини билдирди.

Керри: АҚШ Суриядаги сиёсий ўтишни тезлатиш йўлларини изламоқда

АҚШ Давлат котиби Жон Керри АҚШ ва Франция Суриядаги сиёсий ўтиш жараёнини имкон қадар тезлаштириш йўлларини излаётганини билдирди.

Париждан туриб чиқиш қилган Керри Францияда президент Франсуа Олланд ва Ташқи ишлар вазири Лорен Фабиус билан учрашди.

Чоршанба куни уюштирилган матбуот йиғинида АҚШ Давлат котиби бу масала пайшанба куни Римда ўтадиган “Сурия дўстлари” гуруҳи конференциясида муҳокама қилинишини айтди.

Халқаро конференцияда қатор мамлакатлар вакиллари Суриянинг йирик мухолиф гуруҳи - Сурия Миллий Коалицияси раҳбарлари билан мамлакатда икки йилдан бери давом этаётган тўқнашувларга нуқта қўйиш истиқболларини муҳокама этади.

Чеченистон раҳбари чанғи курорти қуришни бошлади

Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров мамлакатдаги илк чанғи курорти қурилишини бошлаб берди.

Иншоотнинг қурлишини "йирик иқтисодий ва сиёсий воқеа", деб атаган Чеченистон раҳбари унинг 3 йил ичида барпо этилажагини айтди.

"Вердучи" деб аталадиган курортда 19 та чанғи учиш йўлаги, бир неча халқаро стандартлардаги йирик меҳмонхона ва замонавий типдаги ёғоч уйларни қуриш режалаштирилган.

Курорт учун денгиз сатҳидан 3 ярим минг километр баландликдаги қори эримайдиган тоғли ҳудуддан 46 километр квадрат майдон ажратилган.

Унинг қурлиши учун 500 миллион АҚШ доллари қийматида маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Франция президенти Франсуа Олланд Россияга сафар қилмоқда

Франция президенти Франсуа Олланд Россияга илк сафарини амалга оширмоқда.

Кремл матбуот хизматидан олинган хабарга кўра, чоршанба куни Олланд президент Владимир Путин билан учрашади.

Учрашувда икки томонлама алоқалар, савдо, энергетика ва сармояга оид масалалар билан бирга инновацион технологиялар масаласидаги ҳамкорлик ҳам муҳокама этилиши айтилди.

Ушбу учрашувда, шунингдек француз ҳарбийларининг Малида исломий жанггари гуруҳларга қарши олиб бораётган амалиётлари ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Франсуа Олланднинг Москва сафари пайшанба куни ҳам давом этади.

Бенедикт XVI Ватиканда мухлислари билан хайрлашди

27 феврал куни Рим папаси Бенедикт XVI билан сўнгги бор кўришиш учун Ватикан марказидаги Муқаддас Пётр майдонига 50 мингга яқин одам йиғилди.

Рутбасини тарк этаётган Рим папаси оқ либосда майдонга келди ва оломон орасидан popemobile - кичик очиқ автомобилда ўтаркан, мухлисларига яқиндан кўриниш берди. Унинг қўлига берилган ёш болалар, чақалоқларни пешонасидан ўпиб, дуо қилди.

Ватикан шаҳар маъмурияти кун давомида папа билан хайрлашиш учун 200 мингга яқин одам келиши кутилганини айтган.

Пайшанба куни Бенедикт XVI расман папаликдан истеъфо беради ва католик черковининг кейинги 600 йиллик тарихида рутбадан ўз ихтиёри билан воз кечган илк папа бўлади.

85 ёшга кирган папа истеъфо сабабларини соғлиги оғирлашгани билан изоҳлаган.

Аммо, халқаро ахборот воситаларида Ватикан руҳонийлари орасида "бесоқолбозлик"ни қўллаган ички лоббичилар гуруҳи борлигига оид иддаолар Бенедикт XVIнинг кетишига асл сабаб экани ҳақидаги мақолалар чоп этилмоқда.

Теҳрон: Бу галги таклифлар нисбатан амалий бўлди

Эрон ядровий дастурига оид дунёнинг олти йирик давлати ва Теҳрон расмийлари ўртасида бўлган Олмота музокаралари яна мавҳум натижа билан якунланди.

Чоршанба кунги икки соатлик сўзлашувлар бўйича берилган брифингда томонлар ўртага ташланган таклифлар юзасидан музокараларни шу йилнинг апрел ойида давом эттиришга келишгани маълум қилинди.

Навбатдаги музокаралар ҳам Олмота шаҳрида бўлиб ўтади.

Эрон музокарачиси Саид Жалилий ғарб давлатлари - АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Буюк Британия, Франция ҳукуматлари томонидан таклиф қилинган имтиёзлар бу гал "нисбатан амалий" бўлганини айтди.

Аммо, имтиёзлар нимадан иборат экани ҳақида матбуотга ҳозирча аниқ маълумот берилмади.

Ғарб давлатлари номидан музокараларга бошчилик қилган Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича комиссари Кэтрин Эштон апрел музокараларида Эрон томонидан ижобий жавоб бўлишига умид билдирди.

Эл-Класико: "Реал" Испания кубоги финалида

Мадриднинг “Реал” футбол клуби сешанба куни Испания кубоги ярим финали жавоб учрашувида “Барселона” клуби устидан меҳмонда 1:3 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шундай қилиб, “Реал” мусобақа финалига йўлланмани қўлга киритди.

Учрашувдаги ҳисобни 13-дақиқада пеналтидан Криштиану Роналду очиб берди. 57-дақиқада Роналду ўйиндаги иккинчи голни киритди.

“Барселона” дарвозасига киритилган учинчи голни 68-дақиқада “Реал” ҳимоячиси Рафаэл Варан ўз ҳисобига ёзиб қўйди.

“Барселона”нинг "престиж голи"га 89-дақиқада Хорди Алба муаллифлик қилди.

Мадридда ўтган ярим финал дастлабки учрашувида 1:1 ҳисоби қайд этилган эди.

Испания кубоги ярим финалининг иккинчи жуфтлигида беллашаётган “Атлетико” ва “Севиля” жамоалари бугун, 27 феврал куни беллашади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG